Асад Асил. Тарғил олма (ҳикоя)

Тақдиримдан нолимайман. Диёримиз марказида чиқадиган, жамики ижодкорлар орзусидаги мўътабар даргоҳларда масъул вазифаларда меҳнат қилдим. Бахтимизга электр поезди бор экан, азонда жўнайман, кечга томон яна иккинчи вагонда қайтаман. Дилтортар одамлар уюшиб, давра ташкил этган эканлар, шуларга қўшилиб олганман. Файзулла ака даврабоши. Сафимизда Азимжон, Ўктамжон, Ҳабибулло сингари ўн чоғли сара йигитлар бор. Бешинчи бекатдан давра маликаси чиқадилар. Ул хонимга битта жойни банд қилиб борамиз-да, Файзулла ака ёнига ўтказиб юборамиз.
Даврабошимиз таъкидлашича, қаторда аёл бўлгани маъқул: “Эркаклар одоб сақлашади, ҳаддиларидан ошмайдилар, чегарадан чиқиб кетмайдилар…”
Умр шундай ўтаверди. Баъзан суҳбатлаша-суҳбатлаша манзилга етганимизни билмай қоламиз, баъзан гап-гапга қовушмайди. Шунда кимдир китоб ўқишга тутинади, бошқа бировни мудроқ босади. Мен кўпинча дераза оша атрофни кузатиб бораман…
Баҳор ўз ўрнини ёзга бўшатиб бераётган кунлар эди. Поездимиз сўнгги бекат – Солор сари илгарилаб борар экан, ўнг томондаги боғлар орасида ажойиб манзарага кўзим тушди. Шу заҳоти ёдимда жонланди: бултур айнан шундай кезларда бу ажойиботни кўрган эдим. Бироқ фикран иккиланиб, кўрганимни ҳеч кимга айтмагандим. “Ёз ҳали бошланмаган бу пайтда олма пишармиди, ўтган йилги хазон фаслидан қолган қуруқ барглар бўлса керак”. Энди эса, тикилиб қарасам, улар чинакам пишиб турган тарғил олмаларга ўхшарди…
Ёнимда ўтирган Файзулла аканинг қулоғига шивирладим:
– Тақсир, анови боғ орасидаги олма дарахти мевалари чинданам пишганми? Ёки!…
Даврабоши ҳушчақчақ, шу билан бирга бироз аскиябоз, ҳозиржавоб инсон эди. У бор бўйи билан мен томон ўгирилди-да, жилмайганча кўзимга тикилиб:
– Синов муддатини ўтамай туриб, бизнинг меваларга кўз олайтирганингиз нимаси? – деди. Сўнг мен кўрсатган томонга қараб, у ҳам ҳайрон қолди. – Тўғри пайқабсиз, мевалари шу қадар йирик ва бунчалар эртапишар олмани умрим бино бўлиб мен ҳам шу жойда кўрдим. Бу ҳақда гап очганингиз яхши бўлди: вақт топиб борасиз-да, ўша тарғил олмадан олиб келасиз. Сизга вагон жамоасининг топшириғи. Совғани иккита қоғоз халтага жойлаштирасиз: бири ҳаммамизга, яна бири вагонимиз маликасига!…
– Жуда тўғри! – дейишди даврадошлар бир овоздан. Вагон маликаси индамади-ю, чиройли ёноқлари лоларанг тусга кириб, кўзойнагининг гардишларини нафис рўмолчасига артиб-артиб ўтираверди. Чамаси, Файзулла аканинг кутилмаган топшириғи иффатли бу аёлни тадбиридан адаштириб қўйган эди…
Шу куннинг эртасигаёқ вазифани бажаришга киришдим. Ишимни барвақтроқ тугаллаб, поезд жўнашидан бир соатча олдин Солорга етиб бордим. Қўлимдаги юкларимни бекат навбатчисига омонат топширдим-да, чаққон бориб, боғ эгаси эшигини тақиллатдим. Остонада бўйчангина, гўзал бир қиз пайдо бўлди. Вагон жамоаси топшириғини ҳазил аралаш тушунтирган эдим:
– Марҳамат, истаганингизча териб олинг, – деди у жилмайиб.
Дарахтга чиқишнинг ҳожати қолмади, ерга тўкилганларидан сараларини ажратиб, қоғоз халталарни тўлдирдим. Пул узатган эдим, қиз рад этди.
– Унда, яна бир илтимосимиз бор, – дедим унга. Улаб кўпайтириш учун олма новдасидан баҳорда олсам майлими?
– Афсус, келгуси баҳорда бу ҳовлиниям, дарахтларниям, тарғил олмаларниям тополмассиз, деган хавотирдаман, – деди қиз маъюсгина.
– Нима учун? – ажабландим мен.
– Ана қаранг, – юқори томонга ишора қилди у. – Қўшниларимизнинг ҳовли-боғларини бир бошдан текислаб келишяпти. Бу жойларда қандайдир ишхонанинг бинолари қурилармиш. Бизга ҳам муддат белгилашган: шаҳарда янги қурилаётган кўпқаватли уйлардан бири битиши билан кўчиб ўтишимиз керак экан. Шундан кейин, бу жойларни текислаб ташлайдилар…
– Худо хоҳласа, тарғил олмани улаб кўпайтирамиз, уни албатта сақлаб қоламиз!
– Кошки эди! – деди қиз мен билан хайрлашар экан.
Поездда қатнаб ишлайвердик, кунлар ўтаверди. Даврадагилар ўз юмушлари билан банд, менинг хаёлимдан бир фикр аримайди: “Ишқилиб, баҳоргача тарғил олмани йўқ қилиб юбормасалар бўлгани…” Аксига олиб, қурувчилар жадал ҳаракат бошладилар: теварак-атрофни текислашиб, қиш давомида уйни ҳам бузиб ташладилар. Шундан сўнг боғни бир бошдан қийратишга тушдилар. Ниҳоят, навбат тарғил олмага келди. Мен ҳар куни қўрқа-писа олмага қараб ўтаман, “уни паноҳингда сақла”, деб Тангрига илтижо қиламан. Ё, қудратингдан, шу жойда иш бирданига таққа тўхтаб, қурувчилар анча вақт кўринмай кетдилар. Қувончим ичимга сиғмасди. Шаҳарга ҳам қалин қор тушган, шу туфайли иш тўхтатилгандир, балки. Баҳор ҳам мўралай бошлаган эди. Қор кетар-кетмас, қурувчилар яна пайдо бўлишди. Шу куни эрталаб сўнгги бекатдан сўнг ҳамма ўз юмушига тарқалди, мен тарғил олма сари шошилдим. Етиб келиб қарасам, шўрлик дарахтни қўпориб ташлашибди. Аммо бадани ҳали “иссиққина” эди. Шу заҳоти миямга бир фикр келди:
“Ҳозироқ дарахт навдаларидан кесиб олиб, ортимга қайтаман ва қишлоққа чиқиб пайванд қилдираман. Тарғил олмани сақлаб қолишим керак!..” Сурх навдалардан бир боғламини қўлтиқлаб қишлоққа жўнадим. Етиб келиб, дастлабки қилган ишим – энг яхши пайвандчини суриштириш бўлди. Кимдан сўрамайин, гўё ҳаммалари келишиб олгандай, Абдуманноп ака Мирғулом ўғли улаган пайвандлар бехато кўкариб кетишини айтишарди.
Ҳамма мақтаётганини айтиб кўндиришга уринар эканман, Абдуманноп аканинг соддадил ва беғубор юзида жилмайиш пайдо бўлди. У булут қуюқлашиб бораётган осмонга қараб-қараб қўяр экан:
– Ҳавонинг авзойи чатоқ, ёмғир қорга айланиши мумкин. Устига-устак пайвандлаш фурсати тўлиқ келгани йўқ, балки бирор ҳафтадан кейин бошқа новдалар олиб келарсан? – деди. Мен куйиб-пишиб воқеани тушунтирдим, бу сўнгги имконият эканлигини қайта-қайта таъкидладим.
– Майли, сазанг ўлмасин, аммо кўкариб кетишига кафолат беролмайман, таваккал қиламиз-да, – деди боғбон керакли асбоб-ускуналарини жамлаб.
Боққа етмасимизданоқ совуқ томчилар бошланди. “Айтмовдимми”, дегандай, Абдуманноп ака менга қараб қўйди. У новдаларни беш-олти туп олма дарахтига улаб улгурмай иккаламиз жиққа ҳўл бўлдик. Шунда ҳам мен уни қўярда-қўймай, қолган новдаларниям улаб беришга қистайвердим. “Бири бўлмаса бири шояд кўкариб кетса”, дердим қайта-қайта.
Совуқ ёмғир ҳўл қорга айланди. Бир аҳволда қайтар эканмиз, Абдуманноп ака ҳар доимгидай самимий хайрлашар экан: “Агар биронтаси кўкариб кетса ошиғинг олчи, мевага кирганда мениям чақирарсан, – деди. Буни қарангки, шунча пайванддан биттагинаси тутиб қолибди. Қувончим ичимга сиғмай, суюнчи олиш учун Абдуманноп аканинг уйига югурдим. Не кўз билан кўрайки, Абдуманноп аканинг эшигида бел боғлаган қатор одамлар бошларини қуйи эгиб туришарди. Шўрлик қўли гул боғбон! Катта кўчани кесиб ўтаётганда ғоят тезликда келаётган машина уриб кетибди!..
Булар анча йил олдинги воқеалар. Абдуманноп ака улаган олма ҳозир кўркам ва сершох дарахт. Ҳар йили ҳосил беради. Мевалари йирик, тарғил. Азим шаҳарда қачонлардир кўзларни қувонтириб, ҳаммани ҳайратга солиб турувчи меваларнинг ўзгинаси! Фақат, тоғ шароити туфайлими, улар май охирида эмас, июн ўрталарида пишади.
Тарғил олма сабаб энди бинойидек боғбонмиз. Боғ ишларига берилиб кетиб, томорқамизни сархил мевазорларга тўлдириб юборганмиз. Ўн гектардан зиёд тоғ терассаларида ҳам сўлим боғлар яратиб қўйдик. Булар бари бир тараф бўлса, тарғил олманинг таровату кўрки бир тараф. Унга меҳримиз чиндан бўлакча…
Электр поездининг иккинчи вагонида қатнаган серзавқ инсонлар ҳозир турли жойларда яшаб, ишлаб юришгандир. Давра маликаси, гўзал юзли тарғил олма эгаси ҳам омон-эсон бўлсалар керак. Мен уларни қўмсайман, соғинаман. Олма пишганда уларни ҳар йили боғимда кутаман. Абдуманноп ака ҳаққи-ҳурмати учун дуои фотиҳани ҳеч қачон унутмайман. Сиз ҳам шу тароватли дамларда азиз меҳмонимиз бўлинг, азизларим!…