Анвар Суюнов. Йўқчи (ҳикоя)

Ёмғирдан сўнг тоғу тошга тиғ урган қуёш нурлари илиқ ва бўшанг тупроқни кўпчита бошлади. Тизза бўйи ўтлоқлар устида тебранаётган буғ парлана-парлана кўм-кўк баҳор осмонига сингиб кетади. Пичанзорлар орасида бир маромда сайраётган муллатўрғайнинг чуғур-чуғури адирлар бўйлаб кезади. Ғўбдинтоғ этагидаги ёйилмаларда пода боқиб юрган болакайларнинг қий-чуви муллатўрғай чуғур-чуғурига эш бўлиб, олис-олисларга учади. Қибладан эсаётган намхуш шабада ёмғир аралаш тупроқ ҳидини узоқ-узоқларга олиб кетади.
Сел йўлида ҳосил бўлган ўнгирда бир қўнғир тулки шабада эсаётган томонга тумшуқ чўзиб, кўксини елга тоблаб турди. У шамол йўналиши бўйлаб ҳид олди. Кейин сарак-сарак қадам ташлаб сал илгарироққа юрди. Сой бошида эса, нам тортган шох-шаббанинг бурқсиётгандаги тутуни кўтарилди. Олов эгаси тутун тагидаги қўрадан иккита куйиб кетган картошкани ҳалачўп билан думалатиб олди. Картошкалар анчагина куйган ва ҳатто ёрилиб кетган эди. Ўша ёриқлар орасидан куюнки аралаш димоғёрар ҳид таралди. Қўнғир тулкини ана шу таъм безовта қилган эди. У қўнғирбошлар оралаб шу томонга йўл солди. Бироқ осмонда қандайдир ўлаксахўр қуш пайдо бўлди-ю, яна қўзиқулоқлар орасига уриб кетди.
Эгри-бугри сайҳонлик этагидан чиқиб келаётган отлиқ шу томонга ўрлади. Гоҳ пасайиб, гоҳ тезлашиб турган ел бир маромда тебраниб келаётган жийроннинг думи ва ёлини чилтор қилларидек ўйнайди. Офтоб унинг хурмо тусига оловранг жило беради. От бошини селкиллата-селкиллата сувлиғини ғижирлатиб қадам ташлайди; оғзидан чайналган ўт тутамлари тушади. У яна илкис энгашиб коврак ёки барра шувоқнинг бўлиқ жойидан узиб олади. Отлиқ шундай кезлари юганни силтаб тортади: “Чуҳ, касофати мол”,  деган товуши эшитилади унинг. Товоннинг кети билан тушган тепкидан йилқи тўрт-беш қадамга сергак тортиб, йўртиб кетади. Тулки қари бир жинғил остида уларни кузатиб туради.
–    Ҳорманг биродар, ош бўлсин, – деди отлиқ куймаланиб картошка тозалаётган кишига- Қўйлар қовзандими?
–    Саломалайкум, келинг қани, – деди у отлиққа қўл чўзиб – Туз тотинг.
–    Майли, раҳмат, яқин орада эллик чоғли сурувга кўзингиз тушмадими?
–    Йўқчимисиз?
–    Ҳа, шундай. Ҳафта бўлди, бир оқшом қўйлар ҳайигиб кетибди.
Икков  анча вақтгача нималарнидир гаплашиб турди. Қибла шамоли кучайиб ёмғирнинг муздай тафтини уфура бошлади. Отлиқ чопонига ўраниброқ жиловни чўққининг ўсма тошлар оқиб тушган томонига бурди. От ўрловга кўтарила бошлади; мушакдор сонлари таранглашиб, илдам оёқ олиши чўпоннинг ҳавасини келтирди: “Отмисан, от! Тиллога алмаштирсанг, ютқазмайсан, – деди ўзига-ўзи  – Ҳее, манов залли-замонда йўқчи билан касалга қийин, икковиям қидириб яшайди”.
–  Ҳой, ёдингиздан чиқмасин-а, орасида бешта олабел совлиғи бор! Шуниси эсингизда турсин…
Тасодиф хитобдан чўпон ўзига келди. Йўқчи чўққи бошида суюнчисини айтаётган эди. У отлиққа маъқул маъносида бош ирғади; телпагини қўлига олиб кўксига урди. Отлиқ ҳам шундай қила-қила чўққи ортига эниб кетди.

***

Мол одамнинг юрагининг мойидан деган гап тўғри экан. Оққиялик Берди чавандоз қўйларини йўқотди-ю, ўзгарди-қолди: бир қарасанг жиззаки; арзимаган нарсага учиб-қўнадиган, бир қарасанг паришонхотир; дунё бефарқ телбадай. Баъзан яқинларининг арзимас гапига ҳам ниш отиб, кейин узоқ вақт ўзини-ўзи койийдиган одат чиқарди.
Ана шундай телбахаёл кунларининг бирида акаси Сайфи махсум эшик қоқди:
– Саломалайкум, келинг ака, – деб махсумнинг истиқболига чиқди.
Акаси ҳеч сўз демади. Олдинма-кетин меҳмонхонага кирдилар. Полвоннинг хотини хонтахта устига дастурхон ёзиб, бир-икки ҳовуч қанд-қурс қўйди.
– Яхшимисан, келин ишларинг дурустми? – деди махсум гап оҳангини чўзиброқ .
– Раҳмат, бирнави. Чечамлар ҳам яхшими? – деди келин қисқагина қилиб.
– А, бу, бизнинг ука қўй йўқотган десам  ўзиниям йўқотиб қўйибди-ку, – махсум укасига қия қаради – Мол топилади, жон топилмайди, жон!
Келини индамади. Овқат баҳонасида ташқарилади. Ака-ука ёлғиз қолиб ундан-бундан гап суришди. Бу орада бировнинг машина олгани, кимнингдир тўй қилгани, яна кимнингдир ўғли чет элга кетиб, жарақ-жарақ пул жўнатаётгани-ю, отаси янги иморат кўтараётганлиги муҳокама бўлди.
– Энди-и, ука мен ҳам бир омади гапни айтгани келувдим, – махсум дастурхон попугини ўйнаб давом этди – Отамдан қолган “Волга”ни сотсак. Пулини учга бўлардик; тенг ярими сеники, қолганини Самандар иккимиз бўлишамиз. Мана, сенинг ҳам боланг ўқишга ўтиб калланг қотиб турибди, мушкулинг осонлашарди.
Берди полвон ўйланиб қолди. Меҳмонхона деразасига шох ташлаб турган ғужумнинг баргларига боқиб туриб отасини эслади. Ота-бола “Волга”ни олиб келган куни шу азамат ғужум кўчатини ўтқазган эди. Яна унинг хотиридан армиядаги акасига хат жўнатганлари ҳам ўтди:
– Билмасам, отамнинг ёдгорлиги. Таъмирлаб миниб юрсак, душманкўзи бўлармиди?
– Қанақа душманкўзи? Ким бизга душман кўзи билан қарарди ука, – Сайфи махсум ликопчадаги парварданинг майдароғини оғзига солди, – Қизиқ гапирасан-эй; сен ҳам минганим эшак бўлсаям узангим тиллодан, дегичлар хилидансан.
– Шу улов юриб турса, ҳар кимга тўю-таъзияга обориб кел, деб ялинмайсизда,– деди полвон акасига кўз ташлаб – Рўзғоримизнинг ободчилиги.
– Ҳей, сени жин чалганми дейман, бу Даққиюнусдан қолган арава қанақа ободчилик бўлади?. Бунинг – янгиси, зўри бўлса экан, ачинсанг. Чўнтагингда пулинг бўлса, кўча тўла машина!
– Замони келса, кўчадаги улов эгаси сизнинг пулингизгаям, юзингизгаям қайрилиб қарамайди.
– Ҳоов, Берди бери кел-чи, иситма-писитманг йўқми? – Сайфи махсумнинг ростмана жаҳли чиқди. Атай укасининг жиғига тегиш учун пешонасига қўл чўзди – Азалдан исминг чала эди, энди миянг ҳам катилибди. Ўзингни муллага кўрсатиб ол.
– Ҳали мулла кўрадиган бўлганим йўқ! – полвон базўр ўзини босиб давом этди – Мабодо, шундай бўлса ўзингиз ўқиб қўясиз. Ҳарҳолда, махсум деган номингиз бор.
Энди ака-ука ўртасидаги даҳанаки жанг товуши тобора баландлаб бораверди. Гоҳида аччиқ билан кўтарилган қўлнинг зарда билан хонтахтага тушгандаги шовқини эшитиларди. Улар бири олиб-бири қўйиб, ўзиникини маъқуллатишга уринарди. Мен – акаман! Айтганимни қил деса, яна бири акадан жўяли маслаҳат чиқса қиламан-да, дерди. Шу пайт дераза устидаги ғужум шохига уя қурган мусичалар потирлаб тепага кўтарилишди. Ва бир қанча вақт муаллақ учиб туришди. Сўнг ҳовли этагидаги бодом шохига қўнишди. Уяларида эса, икки полапоннинг боши гоҳ кўтарилиб-гоҳ тушиб турарди.
– Сотасан! Гап шу, – деди махсум лаби учиб – Керак бўлса отниям бўлишамиз, уям отамдан қолган.
– Билганингизни қилинг, – Берди полвоннинг гап оҳанги тушди – Хоҳласангиз икковиниям олиб кетинг, ҳеч қандай улуш керак эмас менга.
Ака-ука бир қанча вақт сўзсиз ўтирди. Берди полвон дераза пардаси устидаги қизил гардишли рамкага термулиб қолди. Унга уруш йилларида туширилган сарғиш сурат жойлаштирилган эди… Бурчакдаги тахмонга  тикилиб турган махсумнинг кўзи илкис укасига тушди. Кейин дастурхонни кўздан кечирган бўлди. Кейин ўтира олмади…  
Улар ҳовли этагидаги дарвозагача сўзсиз бордилар.
– Чечамларга салом денг, – деди полвон синиқ оҳангда.
Сайфи махсум гап-сўзсиз муюлишдаги буримга қараб лўккиллаб кетаверди.

***

Кимдир қайсидир маъракада Нақрачда эллик чоғли беэга қўй юрганмиш деган даракни тарқатди-ю, Берди чавандознинг ичига бурга тушди. Хабарни эшитибоқ, эртаси куни саҳарда от эгарлади. Эгар устига қайсидир кўпкаридан айирган гилам хуржунни ташлади. Унга иккита нон, бир-икки ҳовуч қанд-қурс ва целофан халтага ўралган жойнамоз солди. Очиғи, полвон бу хабар ростми-ёлғонми билмайди. Унга қўшниси Абдурасул чилангар етказди. Чилангарга ким айтганидан хабари йўқ. Чилангар ҳам бу гап кимнинг оғзидан тушганини эслолмайди. Чунки, у ўшанда қозонбошида бир-икки “қултум” олган эди. Аслида йўқчи халқи шундай бўлади: арзимас даракдан умид кутади, элма-эл оғиз пойлайди, маъракама-маърака хабар тарқатади, йўқотган молининг ўлик-тиригини билишни хоҳлайди. Илло, идорама-идора югуриб мелиса-ю, посбонни безовта қилмайди. Сабаби, уларга ишонмайди…
Ғира-шира тонг қоронғусида Ғўбдинтоғнинг пастқам адирларида бир отлиқ кетиб боради. Йилқи қулоқларини диккайтириб олган. Чигиртканинг шитирига ҳам сергак қараб қўяди. Ангарлар шахмат тахтасидек майда бўлакларга бўлинган, оралиғи саккиз қаторлик қайрағоч тизмаси билан иҳоталанган. От ана шу дарахтларга қулоқ диккайтириб, тикилиб-тикилиб боради. У ўша тарафларда хатар борлигини сезди. Бирпас ўтиб, от сезими рўёбини кўрсатди. Дарахтлар орасида санғиб юрган чўпон итлари довруғ кўтариб келаверди. Отлиқ эгарга мустаҳкамроқ ўтирди. Узанги арқонини бир-икки марта эшиб, оёқларини зинчлаб жойлади. Юганни тортаётиб, итлар қуршовга олиб, йилқининг асабига тега бошлади. У гоҳ йўртиб, гоҳ тисланиб йўлида давом этаверди. Улар шу кетишда дарахтзор ортидаги сурув устидан чиқишди. “Маҳ-маҳ Оқтирноқ, маҳ”, деган овоз келди сурувнинг у бошидан. Қўйлар “дурр” этиб ҳуркиб олди, кейин тинчиб қолишди. От қораси чўпоннинг ёнига етди.
– Ҳорманг! – деди отлиқ эгарқошни маҳкамроқ сиқиб – Кучукларингиз жуда қопқир экан. Сал бўлмаса отдан ағдараёзди.
– Э-э, сизмисиз полвон ака!
Чўпон полвонни овозидан таниди, яқин келиб қўл узатди. Улар эски танишлардек сўрашишди. Чўпон ўшандан буён бегона қўй кўрмаганлигини айтиб, гап оҳангидан ҳамдардлигини билдирди. Суҳбат охирида Нақрачга борадиган йўлни тушунтириб, хайрлашди. От йўлида давом этди.
– Ҳой, полвон ака тўхтанг, – деди чўпон ҳаллослаб югуриб келиб – Манови таёқни олинг, йўлда қопқир ити бор сурувлар кўп.
– Чўпон таёғини бировга бермайди, унда барака бўлади, – деди полвон унамайроқ.
Чўпон қистаб туриб олди. Берди полвон чўпонтаёқни олиб, қайта хўшлашиб, от бошини тоғ қуймичидаги қишлоққа бурди.
Бирпас ўтиб чўпон унинг қорасини кўрмай қолди.

***

Кун чошгоҳдан ўтганда сувлар кечиб, ангарлар кезиб келаётган Берди чавандоз Нақрачга етди. Аввал қишлоқ бошидаги жилғада отини сувлатди. Хуржундан нон билан қанд-қурс олиб, сув лабига белбоғ ташлади. У бир туюр нон ушатиб кумушдек товланиб оқаётган сувга ботирган ҳам эдики, орқадан кимнингдир томоқ қиргани эшитилди. Беихтиёр товуш келган томонга бурилди. Нишабликдан етмиш ёшлардаги оқсақол бир киши эниб келарди.
– Ассалому алайкум, – деди чавандоз ростланиб олиб.
– Ваалайкум, – чол эҳтиёткорлик билан қияликдан тушиб кела-кела қўл узатди – Бу дейман, ариқ бўйида тановвул қилаётганингизга қараганда меҳмонга ўхшайсиз. Қани, гапиринг-чи, қаерлардан сўраймиз сизни?.
Чол одмигина белбоғ-дастурхон бошида оёқ узатди. Полвонни илгаридан танийдигандек қалин сўрашди. Аввалига ийманиброқ турган Берди чавандоз сал ўнғайсизликдан сўнг очилиброқ гап бошлади:
– Аслимиз Ғўбдинтоғдан, отим Берди, отахон. Олти ойлар бурун, кўкламнинг бошида бир қўтон қўй йўқотиб қўйганман. Мол аччиғи – жон аччиғи экан, ҳеч тинчлик бермайди: кўча-куйда, тўю-маъракада дараклаб юраман. Биров ундай-биров бундай хабар етказади, аммо излови келмади шекиллли, тополмадим. Кеча бир қўшнимиз маъракадан Нақрачда эллик чоғли беэга қўй юрганмиш деган гапни топиб келувди, эрта билан шу томонга от солдим. Энди эса, сиздан қандай янгилик эшитаман экан, дея илҳақ ўтирибман.
– Йўқчиман, денг?! – чол бир ушатим ҳолва солди оғзига, кейин бир муддат уни эритиш учун шимиб турди  – Қўйларингиз ичида бешта олабел совлиғи бормиди?
Бу гап полвонга аканг армиядан келди ёки хотининг ўғил кўрди дегандагидек таъсир қилди. Рости, гангиб қолди. Сўнг, гап эгасига ҳайратланиб разм солди.  Шу он қаршисида ҳазрати Ҳизрни кўргандек бўлди. “Ҳа-ҳа, Ҳизр бобо шунақа бўлса керак!– деди ичида – Юзи китоблардаги нуронийларникига ўхшайди, уста – Худо!”. Кейин унинг оқ иштон-кўйлаги, пешонасидаги белбоғи-ю серсақол юзига қайта қараб чиқди.
– Қўйларингизни йўқотганингизда орасида қанақа қўчқорлари бор эди?
Чавандоз сўровни эшитиб ўзига келди.
– Учта қўчқорим борийди, – деди каловланиб – Каттаси кўк, иккови симоби, бировининг орқа туёқлари оқ.
Энди, полвон қаршисида ҳазрати Ҳизр эмас, етмиш ёшлардаги бир чол ўтиргани-ю, қўйлари тўғрисида қандайдир янгилик борлигига фаҳми етди.
– Молингиз пешона тери экан, – чол салмоқлаб гап бошлади  – Тўрт ойлардан ўтиб қолди, қишлоғимизга беэга сурув келиб ҳали унинг-ҳали бунинг экинига тушавериб безовта қила бошлади. Ҳамқишлоқлардан бир-иккиси гумдон қилишнинг ҳам пайига тушган. Шунда бизнинг махсарпояга оралаган сурувни невараларим ҳайдаб келиб қолишди. Бир бечоранинг ризқи қийилмасин, хабари чиқса ўзим етказиб бераман, дея эга чиқдим. Ўшандан буён қўйларингиз бизникида.
Ҳа, айтганча, чорвангизнинг узун сони нечта эди?
Полвон аввал ҳайратланган бўлса, бу ҳангомани эшитиб очиқчасига анграйиб қолди. Валломат одам, эътиқодли кайвони билан ўтирганлигига ишонмади.
– Бир кам олтмишта – деди беихтиёр.
– Демак, қўйлар сизники, – деди чол ишончи комил бўлиб – Фақат, ҳозир қўйларингиз бир кам олтмишта эмас, олтмиш учта бўлган.  Бу ерга келиб тўрттаси қўзилади.
Берди чавандоз ҳайратдан лол қотди. Нима деярини билмай қолди. Қарийиб ярим соатлик вақт қандай ўтганлигини сезиб улгурмади.
– Ҳай, турдик энди, – деди чол тиззасига суяниб – Сизни уйга бошласам. Ҳали замон невараларим сурувни сувлатгани туширади, шунда кўрасиз қўйларингизни.
Берди полвон “бир тиш туз тотинг” деб туриб олди. Чол нон ушатиб олди. Улар полвоннинг отини етаклаб, кунгайликдаги дов-даскаси келишган ҳовлига боравердилар.
– Шунча пайт гап олиб ўзимни танитмабман-ку, – деди чол кенг саҳнли айвоннинг эшигини торта туриб – Қарилик қурсин. Мени бу ерда Раҳмонали тегирмончи дейишади, мулла Бердибой. Олти ўғил, уч қиз, ўттиз икки неварам бор. Қани, ичкарига кирайлик, сурув келгунча бафуржа гурунг қиламиз.
Улар беҳашам меҳмонхонага кирдилар.
Хонанинг ҳовли тарафида кўзлари йирик-йирик, устига оқ бўздан парда тортилган дераза жойлашган. Ўнг томондаги бурчакка иккита ойнабезакли сандиқ қўйилиб, устига кўрпа-тўшак тахланган. Чапда эса, катталиги бир қучоқ, бўйи ярим бел келадиган тумба бўлиб, устида туваги пақирча келадиган йирик гул кўчати ўтқазилган. Унинг иккита очилиб турган пиёладай-пиёладай қирмизи ғунчаси кишининг ақлини олади. Полвон билан Раҳмонали тегирмончи чамаси бир ош пиширим вақти гурунглашиб ўтирди. Бу орада дастурхон тузалиб, аввал сергўшт қайнатма шўрва, орқасидан думба ёғига димланган қўзи эти тортилди. Овқатга фотиҳа қилингач, шўриллатиб чой симираётган тегирмончи аввалроқ бошлаган гапини давом эттирди:      
– Отадан учов етим қолдик. Онамизнинг чеҳрасини эса, яхши эслолмайман. Лекин иккисиниям худоям кўп кўрган экан; укам қовурчини қотмай бизларни ташлаб кетди. Акам уйланиб, бир болали бўлганда риҳлат қилди, – чолнинг кўзларида йиллар ҳасратидан қолган кўз ёшлар билинар-билинмас қалқиб чиқди – Манови, ёнимиздаги уй акамнинг ўғлиники. Ўзи шаҳарда, институтда дарс беради. Аввал уни ўқитдим, орқасидан ўзимнинг болаларимни. Барига тегирмончилик қилиб, қўй-мол сотиб шаҳардан ўй олиб бердим. Кейин қишлоғимдан иморат кўтардим, ҳар бирига атаб. Барибир, қайтадиган жойи шу ер-да! – Тегирмончининг мунг чўмган кўзларида аллақандай масрурлик зоҳир бўла бошлади – Кўзим очиқлигида ўринли қилай дейман-да. Ўзлари кулиб юришади, шаҳарда уйимиз бор-ку, деб. Бари бир-бири билан аҳил; интибоқчилигини кўриб яшагим келади. Тортган азобларимга ачинмайман. Аслида, ўзбекники шу – болаларининг ҳузурини кўриш! Мол-дунё топилади; мана, сиз ҳам олти ой бурун йўқотиб, бугун топиб турибсиз. Одам инсонгарчилик ва иймонга келганда йўқчи бўлмаслиги керак…
Шундай эмасми?
Раҳмонали тегирмончи полвоннинг жимиб қолганлигини кузатиб, суҳбатга тортмоқчи бўлди. Ҳамсуҳбати унамади: “Сиз гапиринг, сўзларингиз табаррук”, – деди. Бобо яна ўтган ва ҳозирги кунларини ҳикоя қилишда давом этди. Бу орада келиними ёки қизларидан бирими қўйлар сувлагани келганлигини айтиб кетди.
Улар олдинма-кетин жилға охиридаги кўлмакка йўл олишди. Ҳай-ҳайлаб полвоннинг қўйларини сурувдан айирдилар.
– Энди-и, Раҳмон ака шунинг ичидан хоҳлаган ўновини айиринг, – деди полвон отга мина туриб – Суюнчисига бештасини атаган эдим. Шунча пайт боқибсиз, ўнтасини бераман, деб ният қилдим.
Тегирмончи унамади. Полвон ҳарчанд қистаса ҳам олмайман, деб қатъий туриб олди.
– Менга атаганларингизни болаларни ўқитишга ҳарж қилинг, – деди Раҳмонали тегирмончи хайрлашаётган маҳали – Ўқимишли бўлганда эслаб юрасиз.
Берди чавандоз кутилмаган бир севинч ва аллақандай масрур туйғулар гирдобида жилға бошидаги қирдан ошиб кетди.

***

Сумбула кириб, сув тиниган кезларида полвон акаси Сайфи махсум ва укаси Самандарни уйига чақирди. Бир қўчқорни бўғизлатиб, қўни-қўшниларни йиғиб худойи ўтказди. Келганлар полвонни молу-жонинг омон бўлсин, деб дуо қилдилар. Узоқ қишлоқдан келган Зикрхон эшон Қуръондан хатм қилди. Ва, издиҳом охирида бир чақмоқ қўй гўшти, бир кийимлик сарпо олиб жўнади. Вақт хуфтондан ўтиб йиғилганлар ҳам тарқалишди.
– Сизлар қолингизлар,– деди полвон акаси билан укасига.
Учов ҳоли меҳмонхонага кирдилар. Полвон тахмондаги бўғчадан иккита белбоғ олиб хонтахта устига қўйди. Уларда вазни беш килони оладиган нимадир бор эди.
– От билан машинани нархлатдим, – чавандоз уларга назар солди – Икковининг қийматидан ҳар бирингизга ўнта совлиқнинг пулини атадим.
Самандар ҳайрон қолди. Нима гап деган маънода Сайфи махсумга нигоҳ ташлади. Махсум эътибор қилмасдан полвонга қарата деди:  
–Ўзинг розимисан? Ҳарҳолда, отадан олтов бўлсанг ҳам ватанингга ёлғизсан, деган мақол бор.
Гап нимадалигини тушуниб етган Самандар қизишиб кетди. Овозини баландлатиб суяктешар гаплар қилди. Бироқ…
– Ол, ука, отауйида ҳамма фарзанднинг ҳаққи бўлади, – деди полвон алланечук мунғайиб турган укасига қараб – Рўзғорингнинг бирор тешигини ямайсан.
Махсум белбоғни қўлтиқлаб қўзғолди. Ака-ука ортидан эргашди. Дарвозада суюққина хайрлашишди. Полвон қанчалик қистамасин, менга унақа мерос керак эмас, дея Самандар ҳам машинасига ўтириб жўнаб қолди.
Берди чавандоз негадир енгил тортди. Кузнинг этни жимирлатар ҳавосидан симириб-симириб нафас олди. Тоғ бошига қўниб турган милтироқ юлдузларга боқиб кўнгли алланечук бўлиб кетди. Қалбида баҳорнинг қизғалдоқлари каби дилбар туйғулар бўй кўрсатди. Дарвозадан айвон томонга кела-кела Раҳмонали тегирмончини эслади. Шу кез унинг юзидаги табассумга мойил дилгир ифодани ой ёруғида бемалол кўрса бўлар эди. Яна укасининг қилиқларидан масрурлик туйди: “Келаси йил Самандар болаларини суннат қилади, той қўшаман”, – деди ўзига-ўзи.
Ошхонани тамбалаб келаётган хотинига:
– Ўғлингга айт ўқишига бораверсин, – деди.  Яна орқасидан – Кечикмабдими, пулини тўлашга? – деб қўшиб қўйди.
Ташқарида, ғужум тагида ётган тўнғичи Бекбола суюниб кетди. Лекин кўрпадан бош чиқаргиси келмади. Тўшак орасидан уй томонга қия қараб қўйди. Сўнг ҳовли бурчагидаги қўтонга кўзи тушди. Кучур-кучур қилиб кавш қайтараётган қўйлар негадир унга яхши кўриниб кетди. Кейин ўқиш ҳақида ўй суриб ухлаб қолди.
Ҳовли бўйлаб уйқудаги оламнинг сукунати кеза бошлади.