Миллий адабиётимизнинг чинакам жонкуяри,
камтарин акам Узоқ Жўрақуловга бағишлайман.
– Бўлди, бензин тугади, ўчдик! – деди Марди ака машинамиз силтаниб-силтаниб йўл четига тўхтагач.
Сайдамкўл йўлига чиққанимиздан бери асабийлашиб келарди у. Шунинг учунми эшикни қарс этиб ёпди-ю, кўчанинг нариги томонига ўтиб, сигарета тутатиб, босиб-босиб торта бошлади. Кутилмаган хабардан эсанкираб бирма-бир уловдан тушдик. Аброр билан Зоҳид масалани ҳал қиладигандай ўн қадам нарига борди-да, ўзаро суҳбатга киришиб кетди. Мен эса бепоён дашт саҳнидаги ҳут манзараларига маҳлиё бўлиб, теваракни кузата бошладим. Ҳали ер уйғонмаган, лекин муттасил ёққан ёмғир таъсириданми атрофда енгил ҳаво сузарди. Қори кетиб, қора-қўнғир тус олган кенгликларда бирор жонзотга кўзингиз тушмайди. Айни лаҳзаларда этакдаги ангарлар одам қадами етмаган овлоқ манзиллар каби ястаниб ётади. Узоқдаги тоғлар оқ чопонига бурканиб, қишнинг сўнгги кунларини дилгир қиёфада кузатаётгандек ўшшайиб туради. Йўлнинг у томонидаги улкан харсангга чиқиб, энишдаги сойга кўз солдим. Яқинда сел келган, шекилли, қияликда тарам-тарам майда ариқчалар ҳосил бўлган. Ариқлар сой тубидаги ваҳимали жарга етгач йўқолиб кетган. Қибладан шамол туриб, тамаки тутуни сузиб келди. Негадир сигаретанинг хумори тутди. Марди ака томон юрдим.
– Одамни сафар синайди-да, шаҳарда ваҳимаси бошқача эди буларнинг. Киссасидан бир сўм чиқса, қалтираб кетади, тарракдай туришини қара!? – аканинг жиғибийрони чиқар, ҳасратлашгисиям бор эди. – Чиқишда бакни тўлдириб олувдим. Тушликкаям сен тўладинг, еганигаям пул бергиси келмайди-я!
Ака тўғри айтаётганди. Улашнинг тўйига бориш фикри икковидан чиққан, сафарниям улар уюштирган эди. Аммо негадир йўлдаги сарф-харажатларга пул чиқармасди. Йўл-йўлакай ташаббусни кўтаришга кўтариб, сўнгги пайтда пул топа олмадимикан деб ўйлаб, овқатланишгаям, сигарета-сув деган нарсаларгаям ўзим харж қилаётувдим. Бир пайт Аброрнинг телефони жиринглаб сумкасини титкилаётганида беихтиёр икки боғлам пулга кўзим тушди-ю, кўнглим совиди. Шундан буён суҳбатга аралашмай хаёл суриб келаётувдим.
Марди акага айтсамми деб ўйладим. Аммо… Барисини биларкан у.
– Иккисинингам қўйни тўла пул! – деди асабийлашиб. – Лекин бир тийин чиқаргиси келмайди, номард-қурумсоқлар!
Ака овозини тобора баландлатиб гапирар, мен эса минг андиша билан Зоҳидлар тарафга қараб-қараб қўярдим. Улар суҳбатимизни эшитмаяпти, чоғи, ўзаро гурунгини тўхтатишмасди.
– Нима қиламиз!? – дедим маслаҳат оҳангида.
– Сизларни билмадим, мен ухлайман! – Марди ака аразлаганнамо машинасига чиқиб олди.
Бирпас ёлғиз қолгач:
– Менда озроқ пул бор! – дедим Аброрнинг ёнига бориб. – Бир-икки сўм қўшсанг, ҳў-ўв этакдаги қишлоққа тушиб, бензин топиб келардим.
– Менда сўм йўқ-да, оғайни, ўзинг амаллап тургин, шаҳарга борганда “кўк”ни майдаласам бераман, – Аброр шаҳарча талаффузда ялинганнамо сўзлади. – Боя йўл узо-о деп айтмапсан-да, шаҳардан майдалатип олардим.
– Аброр тўғри айтди, са-ал қийналаяпмиз-да, – Зоҳид унинг гапини қувватлади. – Бу ерларни ўзинг яхши билсан-ку, оғайни амаллап тур!
Вазият бу тахлит давом этадиган бўлса, ҳутнинг қора совуғида бийдай даштда қолиб кетишимизни кўз олдимга келтириб, олдимиздаги қишлоқ – Оболим тарафга юра бошладим. Нима қилиб бўлсаям бир-икки литр бензин топиб, Улашларнинг қишлоғи – Дувлга етиб олсак, у ёғига кўчада қолмаслигимизга кўзим етарди.
Биринчи қишлоқ – Оболим, кейин Чақа келади. Ундан сўнг – Солин. Марди аканинг беш литрлик идишини олиб, асфальт ёқалаб йўлга тушдим. Ғўбдинтоғ гирдидаги қўналғалар яқиндай туюлса-да, орадаги масофа анча. Машинамиз турган жойдан узоқлашиб, яйдоқ кенгликлар қўйнига кириб борарканман, олис болалигимда қолиб кетган мана бу воқеа кўз олдимда гавдалана бошлади.
II
Ўшанда қишнинг қичирлаган аёзли куни эди. Чошгоҳда қўйларни янтоққа чиқариб, қўтонни тозаламоқчи бўлиб турувдим. Этакдан беш-олти отлиқ ўрлади. Ҳовлимизда майда ишлар билан гумраниб юрган каттаотам – дадамнинг дадаси отлиқларга серсолиб: “Келаётган полвон бовангми дейман!?” дея молхона ёққа ўтиб кетди. Аввал қўтонни яхшилаб супурдим. Қийни ғалтакка солаётиб эдим, сирт тарафдан Қурбон чавандознинг:
– Шукурбой, ҳо-ов Шукурбой! – деган гулдираган овози эшитилди.
– Ассалому алайкум! – дедим отлиқларнинг олдига бориб.
Одамнинг кўкрагини бўйлайдиган деворимиз ортида телпагининг қулоғини тушириб олган Қурбон полвон, босмага ўраниб турган Бойбўл ака, уларнинг ортида қишлоғимизнинг ҳавасманд чавандозлари – Олиш ака, Сайфи ака, Ғўччоқ ака ва Ҳамид чапақай отларига тоб бериб турарди.
– Каттаотанг қани? – деди саломимга алик олган Қурбон чавандоз.
– Оҳ-ҳов! – деб товуш берди шу маҳал бобом.
Икков қуюқ сўрашди. Полвонлар ҳам қўл олиб кўришди. Бобом “Бир пиёла чойга!” деб уйга таклиф қилганди: “Дастурхон қочмас!” дея чавандозлар унамади.
– Қилқондида катта йиғин бўлаяпти, – гап бошлади Қурбон бобо каттаотамга қараб. – Бўтакўзни эгарлаб берсанг, би-ир черини ёзиб келардим. Соғлиғинг кўтарса, ўзингам юр, томоша қип келасан!
Дарвоқе, бир ой бурун иситмалаб дўхтирхонага тушган каттаотамга дўхтирлар: “Сариқ”қа ўхшаш дардингиз бор, ўзингизни авайланг!” дегач, отга минмай қўйганди. Қурбон чавандоз шунга ишора қилаётганди. Отимизни ўзидан бошқага ишонмайдиган бобом анча вақт инжилиб тургач, Қурбон чавандоз кутилмаганда:
– Ана, неварангни миндириб жўнат, ем-сувини ўзи беради! – деди.
Кутилмаган таклифдан севиниб кетдим. Шу топда Қурбон чавандоз кўзимга жуда яхши кўринди. “Тўғри айтасиз, бова. Отга зўр қарайман!” демоқчи бўлдим-у, каттаотамдан ийманиб, нафас ютиб турдим. Бирпас пайсалга солгач, чавандознинг қистови билан бобом рози бўлди. Фақат менга:
– Сувлашдан аввал терини ушат! – дея қатъий тайинлади.
– Ўзим кўз-қулоқ бўламан! – таъкидлади Қурбон бобо.
– Ҳарҳолда, ёш бола-да.
Бўтакўзга эгар урмасам, бобом ниятидан қайтиб қоладигандай ҳовлига олиб чиқдим. Жонивор анчадан буён айвонда турганиданми ўктам-ўктам кишнаб яккамихни айланди. Чавандозларнинг оти бирин-кетин товуш берди. Уйимиз атрофини айғирларнинг овози тутиб кетди. Супуриб терлик ураётганимда олд оёқларини букиб яккамихга суйкалаверди. Билдимки, елкаси қичияпти. Из тушмаган қорли жойга етаклаб бордим. Чунонам думаладики, беш-олти марта у ёқдан-бу ёққа ағдарилди. Тураётиб силкинганди, устида бирорта қор парчаси қолмади. Шундан сўнг терликни, кейин чиргини, устидан жаҳалдирикни, ундан кейин эгарни қўйиб айилни қисдим. Охирида пуштанни салқироқ қилиб қўйдим. Уст-бошимни алмаштириб, кирза этигимни кийиб чиққанимда, каттаотам тумшуғига юган солиб, ўрамажабдуқни ураётган экан. Эгарнинг устига хуржун ташлаб, жиловини калта қайириб миндим. Тизгинни бўшатганимда илкис силтаниб чопди. Тортқини таранг қилиб, эгарқошга айлантириб олдим. Тумшуғи пастга қайрилиб, бўйни гажак бўлди. Тандирхонамиз ёнида ойим билан каттаэнам кўринди. От бошини ғовга буриб, товоним билан нуқиган эдим югуришга тушди. Ўзимни ўнглаб, қошимдан пастга тушган телпагимни кўтараётиб қараганимда бобом омин айтаётган, каттаэнам ва ойим дуога қўл очиб турганди. Бўтакўзни гижинглатиб сафга қўшилганимда каттаотам: “Илоҳи, омин!” деб такбирини тугатди. Чавандозлар бирваракайига қўлларини юзига сийпади. Қамчимни хуржунга солиб, мен ҳам омин қилдим.
Ўша куни умримда илк бор узоқ сафарга чиқдим.
Тўққизинчи синфда ўқирдим, ёшим ўн бешда эди. Бўтакўз саккизни тўлдирган, айни кучга энган пайтлар эди. Ўмровлари бўртиб, бўйни йўғонлашган, қуймичи кенгайиб, қомати келишганди. Шунинг учунми ёки табиатан шунақамиди, ҳар доим қулоқларини диккайтириб тўданинг олдида юрарди. Бирорта йилқини ўтказиб юбормасди. Яқин атрофдаги кўпкариларга мен миниб борардим. Шу боис қадамидан хабардор эдим. Бу сафар ҳам жиловни салқи ташлаб, эркин қўйиб бердим. У эса қор кечиб, тумшуғини силкиб-силкиб кетаверди. Оёқларини дангал кўтариб босаётгани учун тиззаларимга қор учқунлари сачраб борарди. Ортимда Қурбон бобо, ундан кейин Бойбўл ака келаяпти. Қолганлар анча орқада. Турнақатор бўлиб Тумшуқ қишлоғининг усти билан Арпалининг ошувига юрдик. “Неварам у ёққа бур. Энди чапга ҳайда!” деб Қурбон бобо ортимда йўлни тушунтириб боряпти.
Арпалининг ошуви тик ва баланд эди. Шунинг учун йўлни қия солдик. Ҳаш-паш дегунча чўққининг устига чиқдик. Ана шунда ажиб бир манзарага гувоҳ бўлдим. Назаримда булутлар пастга тушиб, сойларга қамалиб олган, фақатгина чўққиларнинг тиғи кўзга ташланарди. Отлар пишқириб-пишқириб эна бошлади. Бўтакўз бир-бир қадам босар, қулоқларини диккайтириб қияламадаги жингил, коврак ва шунга ўхшаш қор босган ўсимликларга қараб-қараб қўярди. Тобора пастлайверганимиз сайин туман қуюқлаша бошлади. Сойга тушганимизда икки қадам нарини кўриб бўлмай қолди. Тор ва узун сайҳонликда қуюқ туман сузар, уст-бошимиз нам тортаётганди. Отларнинг киприклари оқариб, тук босган тумшуқларига қиров қўна бошлади. Сой ичида қор қалин экан. Шу боис йилқилар тиззасигача куртик кечиб борарди. Бир маҳал орқадан отнинг илкис кишнагани ва Ҳамид аканинг: “Чуҳ, ҳайда жонивор, ҳайда!” деган товуши эшитилди. Дарров жиловни тортиб, от бошини чапга бурдим. Бўтакўзнинг олд оёқлари тойиб, ургуннинг мўл жойига бориб қолди. Қурбон бобонинг: “Нима бўлди, Ҳомид? Неварам ўнгга бур, ўнгга!” – деган хитоби эшитилди.
Отим ўмровигача куртикка кириб, оппоқ қор саҳнида тумшуғи чўзилиб турарди. Жиловни ўнглаб, икки марта қамчи бердим. Жонивор куч билан силтаниб, ортга бурилди ва одамнинг кўкрагини бўйлайдиган ургундан чиқди. Ҳамид акаям ургунда қолган экан. Отининг тоби йўқми ёки емни кам еганми, ишқилиб, пича овора қилди. Дастлаб Қурбон бобо бирин-кетин бошқалар ҳам эгардан тушиб тизгинларини менга беришди. Отни ургундан чиқаришга киришишди. Олиш ака билан Ғўччоқ ака пуштанни бўшатиб, икки ёндан кўтарди. Сайфи ака жиловидан тортди. Ҳамид ака қуйруғидан олди. Қурбон бобо: “Ҳа, ҳа денг!” деб оғзаки қувватлаб турди. Иккинчи уринишда отни чиқаришди.
– Бунинг нохуно бўлган-ов! – деди Қурбон бобо эгарга жойлашиб ўтиргач, Ҳамид акага. – Бурни бежо пирқиллаяпти. Қўноққа тушганда эслат, кўриб қўяман.
Яна йўлга тушдик. Мендан кейин Ҳамид ака юрди. Қурбон бобо узоқдан йўлни айтиб борарди. Эгри-бугри сайҳонликнинг қуймичига юрдик. Сой тугагач, бир томони қия адирликдан чиқдик.
– Энди ўнгдан юр, неварам! – товуш берди Қурбон бобо.
Қуюқ туман тарқамаган эди. Ўнг билан чапнинг унчалик аҳамияти йўқдек эди менга. Лекин жиловни ўнгга олиб, товонимнинг кети билан Бўтакўзни нуқидим. Қияламада қор қалин эмасди. Отлар енгил қадам босишда давом этди. Каттаотам кўпинча: “Туман тушса, ҳаво илиқ бўлади. Ундан кейинги қора совуқ ёмон”, дегич эди. Туман сийраклашаётганда шу гапни эсладим. Тоғ ичида уст-бошимиз намиққан эмасми, қичирлаган аёзда аъзои баданим қайиға бошлади. Эгнимдаги босмам ошланмаган теридай қотиб қолди. Бир амаллаб, куҳ-куҳлаб қўлимни иситаман. Қамчим муздай касовга ўхшайди. Тери қопланган сопи тарракдай қотган. Менимча, ҳаммамизнинг аҳволимиз бир хил: чимиллаган шом аёзи суяк-суягимиздан ўтиб боряпти…
Секин-секин қош қорайиб, кеч тушди. Олис-олисларда дашт қишлоқларининг милт-милт чироқлари кўринади. Ҳамон йўлдамиз. Отларнинг қулоқлари шалпайиб, чарчоқ босиб бораётир. Аммо ички дадиллиги тарқамаган, шекилли, бир маромдаги тезликни туширмайди. Чавандозларнинг гангир-гунгири пасайиб, орани сўзсизлик эгаллай бошлади. Қурбон бобо: “Оҳ-ҳов, ҳайданг полвон, ҳайданг!” деб шерикларимизга тегишиб қўяди.
Орамизда бир муддат кўтаринкилик пайдо бўлади.
Яйдоқ кенгликда бораётганимизда Бўтакўз пирқ-пирқ қилди-ю, тақа-тақ тўхтади. Ортимда келаётган Ҳамид ака билан Бойбўл аканинг отлариям пирқиллашиб оёқ илди. Қулоқларини диккайтириб, тўлин ой ёруғида қаршимиздаги кенгликка тикилиб қолди. Ҳаммамиз тўхтадик.
– Не бўлди-ей? – деди қаторимизга қўшилган Ғўччоқ ака.
– Жондор! – деди Қурбон бобо. – Ҳў-ўв, этакдан ўрлаяпти. Илиғишганми дейман, уч-тўртта бор.
Қурбон бобо тўғри айтган экан. Биз томон келаётган қашқирлар бир муддат секинлашиб, кейин чапга бурилиб, қишлоқ томон йўл солди. Чилланинг ойдин тунида, эллик қадамлар наридан сакраб-ўйнашиб ўтди. Қўрқув эмас, қандайдир ҳаяжон бор эди менда. Аввалига ички савқи табиий билан жиловни тортиб, бармоқларим қайиғиб турса-да, эгарқошни маҳкам сиқдим. Оёқларимни узангига зинчлаб босдим. Бўтакўз ҳам мендайин ҳаяжонда эдими илкис дадилланди. Бошини адл кўтариб, бўйнини гажак қилди. Бўрилар тўдаси ортда қолгач, отларимиз чунонам тез юрдики, назаримда қайтадан куч энган эди уларга. Айниқса, Ғўччоқ аканинг дўнани Бўтакўз билан баравар қадам ташларди.
– Йилқиям ҳайиқар экан-ей қашқирдан! – дейди ака ҳайрати ошиб. – Кетишини қара бунинг.
Бўрилар нафақат отларимизни, чавандозларниям ҳуркитиб қўйди. Орадаги ҳорғинлик кўтарилиб, жондор ҳақида гурунг бошланди ўртамизда. Шу алпозда анча юргач, ангарнинг энишига келдик. Отлар орқага тисарилиб, бир-бир қадам ташлаб, қияликдан тушди. Сой ичи чуқур экан.
– Жорманинг юқорисига ҳайда, неварам! – Қурбон бобо ҳаргалгидек йўлни тушунтирди. – Менимча, адашдиг-ов, Солиннинг этагидаги жормага ўхшайди бу!
Жар бошланадиган қир устига чиқдик. Пастда чироқли кулба кўринди. Яқин атрофда шундан бўлак қўналға кўзга ташланмасди. Чавандозлар узоқ йўл босиб чарчаганиданми ёки туз тотмаганиданми Қурбон бобони шу ерда тунашга ундади.
– Ҳай, бир гап бўлар! – деди полвонлар ялинавергач. – Қани борайлик-чи, қўшхонага ўхшайди-ёв?
Ҳақиқатдан, қўшхона экан. Яқинлашаётиб чўпон итлари довруқ солиб келди.
– Маҳ, Олчор, Сиртлон, Кўгала, маҳ-маҳ! – деб итларини чорлади кимдир.
Қўшхона бир том-бир ошхоналик шинам уй экан. Олд томонида “П” ҳарфи шаклида қўтон жойлашган. Ўртаси кенгиш, саҳни футбол майдонича келади. Уч қатор узун-узун охур қўйилган. Қор қалин кунларда қўйларга ем берилса керак. Қўтоннинг ёнида янтоқми, сомонми, ишқилиб, қандайдир хашакнинг улкан ғарами бор.
– Ўтарчи – мусофирмиз, бир оқшомга жой сўраб турибмиз! – Қурбон бобо итларини ҳайдаб, салом-алик қилиб турган ўрта бўйли кишига кексаларга хос мулозамат қилди. – Қилқондига кўпкарилаб чиқувдик, кеч тушганда адашдик-да!
– Э-э, сал тескари юрибсизлар! – мезбон очиқ кўнгил билан ичкарига ундай бошлади. – Бир кеча қўноқ бўласизлар, кулбамиз тор бўлсаям, кўнглимиз кенг. Қани, отларни ичкарига олингизлар!
Чини билан совуқ ўтган экан, манзирати барчамизга ёқиб тушди. Қўтоннинг олд томонидаги устунларга отларимизни боғладик. Аввал Қурбон бобонинг Катта Кўки, кейин Бойбўл аканинг Самани жойлашди. Ундан кейин Ғўччоқ ака, Ҳамид ака, Олиш ака, Сайфи ака боғлади. Деворга яқин устунга Бўтакўзнинг арқонини қозиқбов қилдим. Айил-пуштанини салқи қўйиб юганини ечдим. Ўрамажабдуқнинг олдини тушириб тугмаларини ўтказдим. Ўмгани терлаб-кўпикланмаслиги учун орқага қайириб-боғлаб қўйгандим. Отларимизни жой қилгунимизча ҳалиги киши узоқламади. Менимча, итларининг ташланиб қолишидан хавотирланди. Отар давлатманд кишиники эди, шекилли, қўтонга сим тортилиб чироқ ўрнатилганди. Ёруғида симёғочдаги қатқалоқ қировни кўрса бўларди. Айниқса, шох-шаббалари тиғиз эрганак қордеворга ўхшарди. Аёзнинг кучлилигидан қор бети музлаганди. Қўшхона тарафдан:
– Облоқул, ҳо-ов Облоқул! – деган хитоб эшитилди. – Тим-тирс кетдинг, шу атрофдамисан?!
– Меҳмон келди. Жой солаверинг, Тилов ака!!!
– Қандай меҳмон?
– Туёқлининг чавандозлари. Қилқондига кетаётган экан, йўлдан адашибди.
– Ичкарига бошла, нега турибсан?!
– Ҳозир, отларини саранжомлаб олсин.
– Кўчимсойлик Тиловми? – Қурбон бобо мен ҳозиргина исмини билган Облоқул акадан сўради.
– Ҳа-ҳа, ўзимизнинг кўчимсойлик Тилов ака! – деди у.
– Э-э, Тиловнинг қўраси демайсанми!? – Қурбон бобо ҳар доимги ўктамлиги билан сўзлади. Бояги мулозамат ўрнини катталарнинг салобати эгаллади.
– Тилов ошнангизми? – таажжубланди юганини елкасига ташлаб олган Бойбўл ака.
– Ҳо-ов бирда, Ўртабулоқдан қайтаётиб уйида меҳмон бўлувдик, ўша аканг-да!
– Оғанинг бу ерларга қандай тобинлиги бўлса?! – суҳбатга аралашди Сайфи ака.
– Чўпон бўлгандан кейин тоғма-тоғ юраберади-да, – Қурбон бобо Катта Кўкнинг ўрамажабдуғини тартибга келтираётиб жавоб берди. – Би-ир дийдорлашадиган бўпмиз-да, қора бермай қўйганди.
Отларни жойлагач, турнақатор бўлиб, қўшхонага йўл олдик. Бўсағада Тилов бобо кутиб олди. Ошналар қуюқ сўрашди. Биз ҳам қўл узатдик. Юган ва хуржунимизни киришдаги хонага қўйдик. Бу ерда битта ўчоқ, ёнида кичик супа, бурчакда тахта қути бор экан. Супа билан тахта қути оралиғида иккита сувидиш ва эски сандиқ бор. Устида ҳар турли асбоб-анжомлар – болта, ўроқ, сопсиз курак, бир жуфт узанги, кўн қопланган эгар турарди. Ўчоқнинг бу ёнидаги тумба – коса-товоқларники. Деворқозиқларда кебанак, пўстин, ранги униққан телпак, увадаси чиққан иккита чопон ва кирза этик осиғлик. Болорлар орасидаги симга тузлиқ, човгум, помидорқоқи, эттўрва, мойчироқ, фонус, ипга тизилган қалампир ва аллақандай халталар илиб қўйилган.
Биз кирган хона аввалгисидан кенгиш бўлиб, ўртага хонтахта қўйилган, атрофида, назаримда, шаҳарлик бўлса керак, пўрим кийинган икки киши ўтирарди. Чўпонлардан бири чой дамлаётганди. Дастурхонга омин айтилгач, Тилов бобо:
– Энди-и, Қурбон ака, адашганларингиз зап иш бўлибди! – дея ички бир севинч ва мутойиба билан гап бошлади. – Биз томонларга шуйтиб келмасангиз, бошқа пайт қадам босмай қўювдингиз. Қани, Облоқул ўзимизнинг қўрадан битта чибич ушла. Бу кишилар Туёқлининг дўкай чавандозлари. Дурустроқ қўноқ қилмасак, гапнинг тагида қоламиз.
Хонада енгил кулги кўтарилди.
Қурдошлар наридан бери танишаётиб, Облоқул акага эргашиб чиқдим. Икков бир эчкини бўғизладик. Ҳаш-паш дегунча этини бўлакладик. Чибич дегани олти ойлик, болаламаган урғочи эчки бўларкан. Чўпонлар унинг этидан чўпчима деган хуштаъм егулик тайёрларкан. Ака қорнини ёраётиб иштиёқ билан гапириб берди. Азбаройи очиққанимдан қорним ғулдираб кетди. Сўнг ўчоққа ўтин қаладик. Қозон тобга келгунича чарвини майда-майда қилиб тўғрадик. Эт нимталангунча ичкимойни жизиқ қилдим. Қозон килкиллаб мой бўлди. Гўштни обдон тузлаб, қизиб турган ёғда қовурдик. Чўпчиманинг эти жуда майда тўғраларкан. Мойга тушиши билан бужмайиб, туюр-туюр бўлиб қолди. Облоқул ака бижиллаб турган қозонни ҳафсала билан қўзғай бошлади. Теваракни қоврилаётган эт ҳиди тутди. Айниқса, саксовулнинг тутуни ва чўпчиманинг таъми димоғимни ёргудек эди.
– Кўр қани, сирти қотдимикан? – деди бир тишлам эт узатиб.
Ичкаридан Қурбон бобонинг гулдирак овози эшитиларди. Қурдошлар кўпкари ва отлар хусусида гап сураётганди.
– Полвон ака, қиши билан элма-эл юрасизлар, – гап бошлади товоқларни кўтариб кирганимизда бояги шаҳарликлардан бири. – Ҳай, бир-икки жуфт ковушми ёки битта-ярим эчкига ташлайсизлар. Бундан кимга фойда – улоқ айирган сизгами ёки отни боққан одамгами? Кўпкарининг қандай даромади бор, ўзи?
Қурбон бобо қошларини чимириб, бир муддат сўзсиз турди. Гапни узоқдан бошлади:
– Отингизни не девдингиз, ука?
– Файруз! – савол эгаси таажжубланди.
Менимча, уларни Тилов бобо таништирган. Қайта сўровдан шаҳарликнинг зардаси қўзиганди. Қоши керилиб, лабининг учиши шундан дарак берарди. Қурбон бобо парво қилмади. Сўзида давом этди:
– Пайрузбой, даромад оламан деса, кўпкаридан бошқа тирикчилик кўп. Аввал-охир ота-боболаримиз бойиш учун улоқчи от сақламаган. Ўзини билган чавандозам пул учун узангига оёқ қўймайди. Ҳар элнинг ўз оти бўлади. Ўша отни миниб, зот айиргич полвони бўлади. Отсиз эл, полвонсиз эл – эл бўлдими! Бундай юрт давраларда эсланмайди. Фалон жойдан меҳмон тушди, отини ушлаб, қўноғини беринглар, демайди. Оти борнинг – оти бор-да, иним! Баковуллар бир ширриқ қўзига ташласангиз, оғзини тўлдириб: “Фалон элдан фалончибойнинг пистончи лақабли оти билан шу элнинг писмадончи чавандози каттакон қўчқорга ташлади!” деб айтади. Ўша пайт от эгасинингам, полвоннингам, қўйингки, ўша юртдан келганларнингам юраги ҳапқиради. “Оҳо-ов! Қўчқор бизда кетди!” деб кўкрак керади ишқибозлар.
Орада Тилов бобо, олинг-олинг, қилиб товоққа ундади. Даврадошлар гапни бўлгиси келмади-ёв, қўл узатмади. Қурбон бобо оҳиста, лекин михлаб гапираётганди:
– Бу йил уч кам етмишга чиқдим. Эллик йил элимизнинг не-не арғумоқларини миндим. Авжим келганида бир кўпкарида қўш той, қўш туягаям ташладим. Эсимдан чиқмайди, ўттиз ёшларимда лақайларнинг улоғида бир қўра молнинг зотини айирувдим. Ичида икки той, икки туя, беш тана, бир товус, қирқдан зиёд қўй-эчки бор эди. Ҳар кўпкари ўликмолни кўтариб юришга эриниб қайтадан солимга қўярдим. Ишонмасангиз, ука, манов йигитлардан сўранг, ҳозир бир том-бир ошхонали уйда тураман. Агар полвон зоти бойиб кетса, сердавлати мен бўлардим. Орттирган молу дунёмиз йўқ. Лекин битта-яримта полвон деб билади. Шуниси кўнгилни кўтаради.
Атрофдагилар оғзига қараб қолганини билиб, илкис эсига тушгандай:
– Қани, Облоқулбойнинг чўпчимаси совиб қопти-ку! – деб ҳаммани товоққа ундади. Бир-икки қўл олгач, – Ай, лекин этли овқатни қийиб қўйишда сизлардан ўтари йўқ! – дея чўпонларга самимий лутф қилди. – Тўшнинг қичирлаб пишганини қаранг!
Дастурхон йиғилгач, бир-икки пиёла чой ичилди. Чўпчимадан бўлдими ёки қайноқ чой қиздирдими, Қурбон бобонинг пешонаси ва бўйнидан тер қуйилаверди. От қашишга чиққанимиздаям қотмади. Катта Кўкни тўсгач, қўшхонага қайтди. Йилқиларни тўсиб, сўнг суғордик. Тумшуғига емтўрвасини илиб, емини еб бўлгунича терини ушатдик. Тун ярмидан ўтган, эрталабки аёз бошланаётганди. Тобга келтиргунимизча икки соат ўтди. Бу ерда йўнғичқа йўқ экан. Облоқул ака ғарамдан похол суғуриб берди. Қўшхонага келсак, Қурбон бобо лоҳас бўлиб, кўйлакчан ўтирган экан. Тилов бобонинг «наша»сидан бир кафт отиб, устидан аччиқ кўкчой ичди. Пичадан кейин чиройи очилиб, руҳи тетиклашди.
– Бирон жойингизда шамоллаш борми дейман! – гап қўшди Тилов бобо. – Эчкининг эти совуқлик-да, шунга ланж бўлдингиз, шекилли. Пайқаганимда тўқли бўғизлатардим.
– Би-илма-сам, етмишни қоралаган кишининг соғ жойи қоладими?! – гап абдавини ҳазилга бурди Қурбон бобо. – Ёш ўтавергандан кейин гўдакдай бўп қоларкан одам!
Гурунг ўзани бошқа томонга кетди. Мен пайдар-пай чой дамлаб турдим. Қарапчининг Қизбел лақабли оти ҳақида ҳангома бошланганида Олиш ака ва узангидошларимиз ташқарилади. Қизбел ўмрови кенг, туёғи япалоқ, бўйни йўғон, усти текис, бўйи баланд, буюри пуч от бўлган экан. Қарапчилик Бўта синчи ғунонлигида қирқ қўчқорга алмашиб олганида яқинлари совдойига чиқариб кулибди. Синчининг парвойига келмабди. Синчи барибир синчи-да, жонивор олти ёшарида майдонга чиқибди-ю, эгаси қазо қилгунича катта зотларга ташлабди. Ўша пайтлар қарапчи уруғи Бахмалтоғнинг орасида, кўпдан олисда яшаркан. Биров билиб, биров билмаскан уларни. Бир куни қарапчи элибойлардан бири Булунғурга кўп ушоқмол туширибди. Аксига олиб, олармон бўлмаганми, биттаям сота олмабди. Бозордан чиқаришда чекчиларга элини тушунтира олмай роса овора бўлибди.
– Чек пулига ҳисоблаб уч-тўртта қўй олинглар! – деса кўнишмасмиш.
– Ҳозир ушоқжонга ўлат келган. Молингиз келаси ҳафтагача яшайди деб ким кафиллик беради?! – деб оёқ тираган экан.
Хуллас, у дебди бўлмади, бу дебди бўлмабди. Охири “Ҳамқишлоғим Бўта синчи шу атрофга кўпкарига келган. Бирга чиқувдик. Шундан пул сўраб кўрай”, деса, бозорчилар: “И-е, бахмаллик Бўта ака – Қизбелнинг эгасини айтаяпсизми!?” дермиш.
Шунда ҳалиги чекчилар “Эпласангиз, жонивордан зот олиб берасиз. Эпламасангизам, хафагарчилик йўқ”, деб чекпулидан кечиб, яна бир кеча меҳмон қилган экан.
Қурбон бобо Қизбелнинг таърифини келтираётганида Бўтакўзга солиштирдим. Ўмровининг кенглиги, туёғи япалоқлиги, бўйни йўғонлиги, усти текислиги, бўйининг баландлиги бир хил эди. Фақат буюрида фарқ бор эди. Ич-ичимдан суюндим. Айниқса, отимнинг Қизбелдай бошини адл кўтариб, ёллари селкиллаб юришидан жуда қувондим. Гурунгни тинглаётиб мулгибман. Олиш аканинг турткисидан уйғондим. Тонг ёришаётган экан. Кўплашиб ташқарига чиқдик. Юз-қўлимизни ювиб, отларнинг қорини супурдик. Қурбон бобо Ҳамид аканинг отидан нохуно туширди. Нохуно дегани улоқчи отларда учрайдиган касаллик экан. Узоқ вақт бойловда турган йилқининг бадани юмшаб, бурнидаги тоғай ўсиб кетаркан. От тузук нафас ололмай, беэътибор қолса нобуд бўларкан. Жониворнинг тумшуғидан анча вақт қон келди. Лекин чуқур-чуқур нафас ютиб енгиллашгандай бўлди. Эгар уришдан аввал дарддан халос бўлганини билдириб, ҳафсала билан силкиниб-қоқинди. Бобойлар бомдодга тараддудланганида Катта Кўкниям шайладим. Чўпонлар ўйлаганимиздан-да меҳмондўст чиқди. Бизларга чибичнинг этидан шўрва, Қурбон бобога қўйникидан қовурдоқ қилибди. Этнинг юмшоқ жойини солган экан, маза қилиб едим. Яна Қурбон бобо: “Бугун майдонга тушасан!” деб икки бўлак қуйруқ ҳам берди. Кетиш олдидан ташаккур айтиб, йўлга отландик. Қўшхонанинг биқинида, бояги шаҳарликларники бўлса керак, қандайдир енгил машинани қор босиб турарди.
Маълум бўлишича, тоғдан тушаётганда бир сой наридан юриб, Қилқондининг ошувини айланиб ўтган эканмиз. Йўлни қия солиб ошувга юрдик. Тепага чиққанимизда сой бошига қур тикилиб, чавандозлар қувманинг такасини чопаётганини кўрдик.
– Эҳ-ҳе, катта сурдак бўлади-ёв! – Қурбон бобо қўлини соябон қилиб пастдаги манзарани кузатди. – Икки юзга яқин йилқи бор бу ерда. Бирданига нечта така ташласа?!
Энишнинг юқорисига ўрамажабдуқ ва хуржунларимизни қўйиб, отларни тайёрладик. Кийимларимизни алмаштириб, ўкчали этикларимизни кийдик. Қурбон бобони таниган чавандозлар бир-бир келиб кўришди. Атрофимизга элликка яқин йилқи йиғилди. Кўтал, Ғул, Оболим, Чўрош, Митаннинг полвонлари тўпланганди. Маслаҳат билан Бўтакўзни Ҳамид акага бериб, унинг оти билан шу ерда қоладиган бўлдим.
– Ҳо-ов, тақими зўр чавандозлар! – баковул солим қўйганларни номма-ном айтиб бўлгач хитоб қилди. – Катта такага – бир қўй-бир гилам, кичигига – бир эчки-бир палос тикдим. Чилвир солмайсан, билакип ўрамайсан, узангибов қилмайсан, меҳмон отнинг жиловини ушламайсан! Дангал ташлайсан! Мабодо ғирромингни билсам, мендан солим ололмайсан! Айтиб қўяй, ҳаром қилиб келсанг, полвон номингни ербитта қиламан! Отинг қушдан ўтса, ўзинг ҳалоллаб ютсанг – шу солимлар сеники!
Тўда сойнинг қуймичига қўзғолди. Томошаталабларнинг сон-саноғи йўқ эди. Ҳўв юқоридаги қатовга бир тўда хотин-қиз чиқиб олган. Ундан берида кабобчи ошпазлар чўғ елпиш билан овора. Одамларни оралаб карсон кўтарган сомсачилар юрибди. Пистафуруш, сувфуруш, носфуруш дегани ҳар икки қадамда топилади. Уюр келганда одамлар жипслашиб, тўда бўлиб туради. Йилқи одамни босмайди-да, ноилож тўдани айланиб ўтади. Ичиб олганлар ҳамқишлоқ полвонига ниманидир тушунтирмоқчи бўлади, шекилли, тўдадан ажраб уюр тарафга кўндаланг югуради. Орақада келаётган отлардан бири гурсиллатиб йиқитиб кетади. Шаллабоси чиқиб, жойига келади. Ёки гала узоқлаганда шериги суяб чиқади. Биринчи такани бўз отли ёш чавандоз айирди. Иккинчисини ғуллик Катта Мурод тақимлаб келди. Иккисиям сомонга дангал ташлади. Ғулда иккита Мурод чавандоз бўлиб, кексасини Катта Мурод, кейингисини Кичик Мурод дейишарди. Солимлар каттараверган сари кўпкари қизий бошлади. Қўш сарканинг улоғи чопилаётганида ғужумсойлик Жониқулни кўрдим. Така мендан сал нарида қайсидир отдан тушди. Ён томондан ўқдай учиб келган Жониқул асовини тўхтатмасдан бир энкайиб илиб кетди. Очиғи, ҳавас қилдим. Тақимга зўр ишлабди: кета-кета такани ўнг томонига олиб, чунонам тақимладики, бир-иккита чавандоз ёпишиб ололмади. Шу кетишда қулочини очиб, сомонга ташлаб ўтди. Ишқибозлар ҳуштак чалиб, қийқиришиб олқишлади. Саккизинчи марра айтилганида Бўтакўзга қамчи босиб Ҳамид ака чиқди. Юрагим ҳапқирди. Жонивор милтиқнинг ўқидай зувиллаб бораётганида така тушиб қолди. Ичимни урдим. Ўн тўртинчи марра эълон қилинганида Қурбон бобо бизникиларни бошлаб чиқди. Авзойи бузуқ эди. Терга пишган экан, Бўтакўзнинг айил-пуштанини бўшатиб, тўсдим. Тери қотгунича айлантирдим.
– Бу кунингдан ўл ҳамманг! – дўқ ураётганди келганимда. – Кечаги нашанинг кучини кўраяпсиларми? Тақиминг шалвираб, бўғинларинг ширтбўғин бўлдими? Шундай бўлади, кўкнар каплаб майдонга тушсанг, билагингдан мадор кетади, тақиминг айтганни қилмайди! Икки қадамга бормай улоғинг тушади! Мен-ку дориликка едим, сенинг барингни нима жин урди!
Билишимча, кеча шамоллашга чиққанида кўкноридан татиб кўрган улар. Бугун Қурбон бобо сезиб қўйган. Телпагини ечиб, тепага чиқди. Анча вақт аразлагандай тушмади. Кўпкари охирлаётганди. Бойбўл ака чақириш учун отига минганида ўзи тушиб келди. Уларга қарамай:
– Неварам айил-пуштанни маҳкам қис! – буйруқ берди менга. – Ҳо-ов, сен! – Бойбўл акага амирона оҳангда гапирди. – Бунинг ўнгида юр, энкайиб юрма! Барибир бир иш чиқаролмайсан. Қора бўп турасан!
Учовлон олдинма-кетин тўда томон юрдик. Етиб борганимизда қўш той билан туянинг улоғини тақимлаб чавандозлар ўтиб кетди. Баковул: “Катта такага – бир той, кичигига – бир тана қўйдим!” деб гулдиради. Уюрнинг ортидан от қўйдик. Катта таканинг улоғи чопилаётган экан. Чавандозлар бир-бирининг устига аямай от солаётганди. Хаял ўтмасдан қурдан: “Қўчотдан Шерқул полвон танага ташлади!” деган хитоб келди. Сурдак икки баравар кучайди. Қурбон бобо Бўтакўзнинг жиловидан тутиб, Катта Кўкни уюрда айлантираяпти, таканинг устига боришга ҳаракат қилаяпти. Сурилиб-сурилиб такага етдик.
– Энкай, неварам, энкай! – бақирди Қурбон бобо.
Отнинг ўнг сағрисидан энгашиб улоққа узандим. Орқа пойчасидан кўтара бошладим. Яна бақирди:
– Кетингни карсонга тўғирлаб, оғирлигингни орқага ол!
Эгарнинг карсонига сурилаётувдим, кимдир бўйнимга тарсиллатиб қамчи туширди. Мункиб кетдим, така тушиб қолди.
– Ҳей, марди майдон! Гўдакниям урасанми, мени қамчиласанг бўлмайдими! – Қурбон бобо буврил отнинг жиловидан тортди. – Ким айтади сени давра кўрган деб!
Буврил четга сибжирилиб яқинимизга йўламай турди. Яна энгашдим. Бу сафар така ўнғай келмади. Мен олд оёғидан, саман орқасидан кўтараётгандик, бир катта тўриқ ўртадан солди. Така шалп этиб ерга тушди. Учинчи маротаба олдинги оёғидан ушлаб кўтараётиб эдим, сонидан отлар босиб тураверди. Анча вақт қўймадим. Бояги тўриқ яна тўдага кирганди, узангиси қарс этиб қошимга тегди. Шовуллаб қон кетди. Қурбон бобо белбоғи билан боғлади:
– Бўлди, неварам! Бугун бизга зот насиб қилмаскан! – деди.
Кетаётганимизда гала олдимизни қийиб чиқди. Яна бояги шижоатда ораладик. Бу сафар: “Ўзингни эҳтиёт қил, болам!” дея етаклай бошлади. Полвонларга: “Гўдакнинг олдини бўшат! Кучинг шунга етадиган бўлдими?!” дерди. Икки марта такага бордик, сурдовнинг кучлилигидан энгашгунимча узоқлаб кетдик. Билмадим, ўша пайт Қурбон бобонинг жини қўзидими ё астойдил жаҳли чиқдими, мўйлови булкиллаб, қовоқлари учиб, жаҳд билан от ҳайдаётганди. Умримда илк бор шу ҳолатда кўришим эди, кейин ҳам бу қиёфада кўрмадим. “Энгаш, болам! Ё, жолтонг пирларим, деб энгаш!” дея хитоб қиларди менга. Катта Кўкни аёвсиз қамчилаганди, тўдани шердай сурди. Такага қулай бордим, ёнма-ён туриб қолдик. Такани икки силтаб кўкрагимгача олувдим, биқини шилқ этиб тақимимга тушди. Қурбон бобо шалвираган битта пойчасини эгаримнинг қувишидан ўтказиб: “Ҳайданг, полвон, ҳайданг!” деб тизгинимдан тутиб, қамчи босди. Қашқирлар галасини ёриб чиққан қўш арслондай отилиб чиқдик. Эллик қадамларга етаклаб боргач:
– Қани, ўзингни кўрсат! – дея уч-тўрт қадам орқада келди.
Бўтакўз ўқдай учар, хаёлим, сомонга тўғри ташлашим керак, деган ўйда эди: юз қадам қолди, эллик қадам қолди, ўн қадам қолди… Тақимимни бўшатдим. Арғумоғим сарлочин мисол қур ёнидан ўтиб кетди. Бироқ ҳеч ким индамади. Товуш бермади. “Бўтакўз” лақабли от сомонга келди, демади. Жиловни тортмадим, отимни тўхтатмадим. Ўзи тўхтади, ўзи сомонга қайрилди. Ана шунда қур тарафдан:
– Туёқлидан Шукур чавандознинг невараси каттаотасининг “Бўтакўз” лақабли оти билан тойга ташлади! – деган овоз келди.
Баданим бижирлади, кўзимдан ёш сизди. Кўкайим аллақандай ҳисларга чулғанди. Кўзим очиқ эди, лекин ҳеч кимни, ҳеч нарсани кўрмаётгандим. Шунда кимдир: “Бойиш полвон Туёқлининг зўрабор чавандози Қурбон қоранинг кенжа шогирди бўлади!” деди.
Кейин ўзимга келдим. Кўрганларим туш эмасди. Қаршимда Катта Кўкнинг ёлини сийпаб Қурбон бобо турарди.
– Баракалла! – деди оҳиста.
Бу гапни бошқа одам эшитмади.
Ўша кун ҳаётимда илк бор, бировнинг кўмаги билан бўлса-да, катта солим – тойга ташладим.
III
Ҳутнинг на қишга, на баҳорга ўхшайдиган ғўжала ҳавосига ҳайратланиб, Оболимга яқинлашарканман, ўша кунни батафсил хотирладим. Хайрият, кичик воқеалар ҳам эсимдан чиқмабди.
Қайтаётиб Қурбон бобо Бўтакўз билан йўл бошлади. Катта Кўкка миниб, солим – тойни етакладим. Йўл-йўлакай “Шукурнинг невараси катта чавандоз бўлди. Тойга ташлади!” деб бамисоли жар солиб келди. Уятдан бошимни қаерга қўйишни билмасдим. Табриклаганларга кулимсираб қўярдим. Назаримда, юзим чўғдай қизариб, той асли Қурбон бобоникилигини фош этаётганди. Рост-да, у киши бўлмаганида, мендай ишқибозга солим қаёқда эди. Катта сурдакда таканинг жунини ушлаш насиб этмасди. Уйга яқинлашаётиб ғов олдида каттаотамни кўрдим. Бўтакўз пайдар-пай уч марта кишнаганди. Товушини эшитиб чиққан.
– Жаловинг қуллуқ бўлсин! – деди Қурбон бобога.
– Ўзингга қуллуқ! – гулдираб кулгу аралаш сўзлади. – Бунга мен эмас, анов неваранг ташлади. Қанча бўлса, уни табрикла. Ай, лекин уруғингга қурт тушмаган экан! Избосаринг бор, Шукур!
Каттаотам аввалига ҳазилга йўйди. Полвонлар тасдиқлагач: “Баракалла, давкар улим!” деб елкамга қоқди. Кечқурун чавондозлар келди. Дадам қўй сўйди. Ярим тунгача издиҳом бўлди. Каттаотам Қурбон бобога чопон ёпиб, фотиҳа олиб берди. У киши, кенжа шогирдим, деб қамчисини тортиқ қилди. Икки кун ўтиб ҳовлисидан йиғи эшитилди. Мактабдан қайтгач билдим: қазо қилибди. Ичим идради. Ўша кечаси дастурхон устида айтган мана бу омини қулоғим остида жаранглагандай бўлди: “Ўғли уяда қолсин, қизи қияда қолсин. Ор учун этик кийган умри зиёда бўлсин!”. Қурбон бобо негадир тин олиб, каттаотам тарафга бурилган эди, такбирни бобом давом эттирди: “Ушлагани той-туянинг улоғи бўлсин, қасд қиганлар таканинг қулоғи бўлсин. Элни эмрантириб, даврани гуврантириб, Қурбон бобосидай каттакон чавандоз бўлсин!”.
Эшитишимча, бобонинг жигари титилиб кетганмиш. Хаста жигар билан ҳам уч ой яшабди. Бир йил бурун дўхтирлар отга минишни тақиқлаган экан. “Кетсам, эгарнинг устида кетай!” деб кўпкари чопиб юраверганмиш. Билмадим, балки бу гаплар тўқиб чиқарилгандир. Балким, бундай воқеа бўлмагандир. Аммо афсонага ўхшаш неки бўлса, Қурбон бобонинг табиатига тамомила мос эди. Кўп ўтмай “Қурбон чақириб қўймаяпти!” деб каттаотам ҳам кетди. Ўша кезлар қишлоғимиз ҳувиллаб қолгандай эди. Одамлар “Туёқлининг қўшустунидан ажрадик!” дея эслаб юрди.
Дадамнинг қистови билан шаҳарга – ўқишга кетдим.
Пучмоқлардаги қор бўлиб қорга ўхшамайдиган, қиров бўлиб қировга ўхшамайдиган аллақандай оқликка боқиб кўнглим бошқача бўлди. Беихтиёр қўлтелефонимда акамнинг рақамини тердим. Солин йўлида уловимизнинг бензини тугаганини айтдим. Юргизиб берадиган бўлди. Шаштим сўниб ортга қайтдим. Йўл-йўлакай ўйладим: Марди ака Тошлоқсаройдан бўлса, Аброр билан Зоҳид шаҳардан келган. Улар бу ерларни қайдан билсин. Кимсасиз бийдай даштни биладиган, бу жойларга энг яқин одам мен-ку, ахир! Аброрнинг отаси йўқ. Сумкасидаги пулларини рўзғорининг бирор тешигига мўлжаллагандир. Рости, аввалги қилиғимдан уялдим…
Яна Қурбон бобо билан каттаотамни эсладим. Эслаганим сари теран ва улуғвор сийрати қаршисида жуда заиф эканлигимни англадим. Қалбимнинг туб-тубидан бир ҳайқириқ отилиб чиқди:
– Ундай одамлар қаёқда энди?!
– Нима дединг, бензин топилмадими? – таажжубланди Марди ака.
Етиб келганимни сезмабман.
– Ҳозир, оп келишади.
Йўлнинг нариги томонига ўтиб, акамни кута бошладим. Аброр ва Зоҳид бирам хурсанд эдики, товушларини баланд-баланд қўйиб сўзлашарди.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 12-сон