Пул алмаштирилаётган бонкани эслатувчи тиқин бекатда «Фрунзенинг ҳайкалини-ку мажақлашди, лекин тагидаги отда нима айб?» – деган мулоҳазани каллада эзғилаб турувдимки, елкамга «шап» этиб тушган қўл хаёлимни бўлди. Оғзида пиванинг қолдиғи кўпираётган айвонпешана банда мени ўзига ўгириб, кўзимга шўнғишга интилди:
– Калишимни нима қипқўйдинг, ука?
Учоқларни, ҳарбий кемаларни ўмаришга ўтган замонамиз чаккибосарлари шаънига иснод бўлиб ёғилувчи бу хархашадан довдираб қолдим. «Қанақа калиш?» – дея анқайиб савол бердим.
– Таши қора, ичи қизил… Патаги гулдор шолчадан…
– Калла жойидами? Менга калишингизнинг нима кераги бор?
Айвонпешананинг кўзи гилосдан ситилаётган данакдек бўртиб чиқди:
– Ҳа керакмас-а! Керак бўлмаса, осонгина дўппи турганида, атай оёғимдагини илиб кетармидинг? Калишимни нима қипқўйдинг, ука?
Бекатда улов кутавериб диққати ошганларга эрмак ўз оёғи билан келди, «чўқи-чўқи»га итқитилган хўрозлардек жонли доиранинг ичида қамалдик-қолдик. Бировнинг кулфатидан томоша ясовчилар бемаъниликдан маъни қидиришга уринишади.
– Ўлар жонга нимани талашяпти булар?
– Ким нимани шилибди ўзи?
– Анави манавининг калишини ёпиштирганга ўхшайди.
Айвонпешанани эса шу топда на атрофдагилар, на атрофдагиларнинг фикри қизиқтираётганди.
– Айбим анави супада сал кўзим илинганими? – дея хуружини давом эттирди у. – Кунинг менга қолганакан, пайпоқни уриб кетавермайсанми, жўлик. Ялангоёқдан кўра қўлантаёқ юрсам, элда бунчалик беобрў бўлмасидим. Ма, буниям ол энди!
Шундай деди-ю, қўлидаги сахтиён пайпоқни юзимга отди. Тўқсон биринчи йилнинг ўн тўққизинчи августида бир пиёниста уйимга туйқус кириб келиб, ГКЧПнинг мазкур маҳалла бўйича фавқулодда вакили экани, унга олий маълумотлилар хонадонидаги арақларни мусодара қилиш топширилганини айтганида, бисотимда лоақал бирор қултум мусаллас йўқлигидан ўта ноқулай аҳволда қолган эдим. Шу чоғдаги хижолатпазлик ундан ҳам ўтиб тушди.
– Менга қаранг, ака… жон ака, – дедим, айвонпешанага ялинчоқланиб, – дўконни қўйиб турайлик, энг зўр калиш чайқовда қанча?
– Кавланма! – дея чўнтагимга суқилаётган қўлимни шапатилади у. – Сабзипўчоқ рўбилингни эчкингга сол. Бир ётиб тургунингча гугурт уч миллиён бўпқоладиган замонда юрибсан. Менга молимни бер… Калишимни нима қипқўйдинг, ука?
Қарасам бўлмайдиган. Рақибдан баланд келиш учун бақириб кўриш услубини танладим:
– Ҳов, мирзағофил, мени ким деб ўйлаяпсиз? Таниқли зотларданман! Каттакон бир симфоник оркестрда гўсноғорачиман! Нима, калишингизни олиб бориб, ошнамнинг гармонига ямақ қиламанми?
Томоша ясовчилар энди мен томондаги паллага ўтишди.
– Тўғри-да, шу одам калишга зорми?
– Оёғидаги патинкани қара, мингталигингни тепиб ўтаман деб турибди.
– Ҳў, пешанаси ишган, қўйвор ноғорачини!
Бекатдаги ғала-ғовур бозордан чиқаётганларнинг ҳам эътиборини тортиб, теграмиздаги «хўрозбоз»лар кўпайганидан кўпайиб бораётганиди. Юрагимни ғулғула қоплади. Бирорта оғзи маймоқ: «Туй иккаласиниям!» – деворса борми!
Хайрият, даврада шу ўрамнинг назоратчи миршаби пайдо бўлди. «Нима гап? Бизга қандай шикоятлар бор?»– дея чимирилди у. Мен то сўзга оғиз жуфтлагунимча айвонпешана ташаббусни дангал қўлга олди:
– Пешанам қурсин, ука, калишни урдирвордим. Гумоним манавиндан!
Миршаб даъвогарнинг арзини чала-пула эшитибоқ, қўлимдаги дипломатга алоҳида шубҳа билан боқди. Қутичани очиб кўрсак бўладими, дея қўл чўзган эди, бу нарса меники эмаслигини айтиб, тихирланганимча ортга чекиндим.
Дипломат ростданам меники эмасди. Ҳар гал ишхонамга ҳол сўраб кирганида, гоҳ шамсиясини, гоҳ шляпасини, баъзан, ҳатто, сигаретини унутиб қолдирувчи дўстим доктор Паришоний бугун дипломатини эсдан чиқариб жилворгани, бировнинг буюмини титиш эса одоб қоидаларига томоман хилофлигини тушунтиришга уринаётганимда, айвонпешана жон-жаҳди билан яна ёқамга ёпишди:
– Намунча гапни айлантирасан, вей? Калишимни нима қипқўйдинг, ука?
Томоша ясовчилар қайтадан нариги паллага оғишди.
– Дипломатни очмаяпти. Бир гап бор.
– Шу эплаштирган-да. Кампазитирдан ўғри чиқмайди деган ҳадис йўқ, оғайнилар.
– Ҳў, мелиса, маҳкам ушла ноғорачини!
Оломондан оқ фотиҳа олган миршаб қатъий тарзда буюрди:
– Қутичани очинг деяпман! Очинг яхшиликча!
Беодоблик қилишга мажбурлик одобсизликка кирмайди. Дипломатни очишга жазм этдим. Аммо, очолмадим. Қулфи рақамли ғилдиракчалар билан тилсимланган экан. Миршаб ҳам ғилдиракчаларни айлантириб, ҳар хил сонларни териб кўрди. Билими етмади.
– Қулфини қасддан чалкаштирворибсан-ку, кунжара еган, – деб пишқирди айвонпешана. – Калишимни нима қипқўйдинг, ука?
Бу орада томоша ясовчиларнинг сафи кенгая бориб, оломон катта кўчанинг ярмигача ёйилиб улгурган эди.
Шу пайт, сарғимтил ойнали башанг машина «вапап-вапап» қилганича орага ёриб кириб, бекат яқинида тўхтади. Ундан тушган қора кўзойнакли кимса миршабни ёнига тортди, ниманидир суриштирди. Миршаб унинг қулоғига бош тиққудек бўлиб, узоқ шивирлади. Тим қора кўзойнакнинг ортидаги нигоҳ дам мени, дам айвонпешанани диққат билан кузатаётганини аниқ сезиб турардим. Миршаб бор сепини ёйиб бўлгач, қора кўзойнакли кимса салобат билан келиб, айвонпешанага биқин тиради:
– Чиқинг машинага. Калишни ўзимиз ташкил қиламиз.
– Вей, гадоймасман мен, – жиззакиланди айвонпешана.– Зўр бўлсанг, анавинга осил, ука. Очсин сандиқчасини.
Томоша ясовчиларнинг жовур-жувири авжига минди.
– Ҳақ гап! Очсин дипломатини. Кўрайлик.
– Ҳамманг битта ялангоёққа ёпишволасанми?
– Кампазитир қутисини очсин. Гап томом!
Оломонни тарқатишга кучи етмаслигини сезган миршаб кўзи жовдираганича қора кўзойнакли кимсага тикилди. Қора кўзойнакли кимса доктор Паришонийнинг қаерда яшашини мендан сўраб билгач, шофёрни уни олиб келишга жўнатди.
– Калиш қутичадан чиқмаса, ўзингиздан кўринг, – дея айвонпешанага ўдағайлади миршаб.
– Менга пўписа қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! – миршабга бўйин чўзди айвонпешана. – Уруш ветирониман мен!
Туришидан Гирмон уруши учун ёшроқ, Афғон уруши учун кексароқ кўринувчи бу нусханинг сўнгги сўзлари бир мендагина гумон уйғотиб қолмаган экан. «Масалан, қайси жангларда иштирок этгансиз, акахон?» – деб савол берди қора кўзойнакли кимса.
– Кўча жангларида қатнашганман! Нимайди?
– Сталинграддаги кўчадами, ёки…
Айвонпешананинг кўзлари саросимали ўйнаб: «Норозиман! Адолатсиз тергов бу!» –дея гап бошлаган эдики, оғзининг олдида сопи узун микрофон пайдо бўлганини кўриб, ҳалқумига чандир тиқилгандек «ҳиқ» этиб тўхтаб қолди. Сўнг, одамлар ортидан бўйлаган куйи микрофон тутиб турган тиржайма йигитга чақчайиб деди:
– Хўш? Сабаб?
– Чет эл радиосиданман, – чийиллади тиржайма йигит.– Нимадан норозисиз? Бу намойишнинг сабаби нима?
– Намойиш?! – терисидан чиққудек бўлиб бўкирди айвонпешана. – Ким нимасини намойиш қипқўйибди? Ҳеббивой одамларни тўплаб, бирор нарсасини кўрсатяптими? Ё сенга арз қилганимминан давлатингдан искабтопар келиб, калишимни топиб берадими? Ол нарёққа! Ҳе, никрапўнингга Ҳайёмни рубойиси!
Яна ўша «вапап-вапап»лар янграб, башанг машинада доктор Паришоний ҳам етиб келди. Машинадан тушаётиб мени кўрди-ю, негадир ранги бўзариб кетди. «Манави дипломат сизникими?» – деб сўради ундан қора кўзойнакли кимса. Паришоний тасдиқлагач, «очинг» деб фармон берди. Титроқ бармоқлар тилсимланган рақамларни теришга тутинди. Қулф шарақлаб чертилди. Миршаб дипломатни қўлига олиб, қопқоғини очди. Унинг ичида… не кўз билан кўрайки, шолча патакли бир жуфт эски калиш эгизак маймунчалардек ишшайиб турарди. Дамим ичимга тушиб, тарракланиб қолдим. Атрофдагилар тенгдан оҳ тортиб юборишди.
Доктор Паришонийнинг қораси кўрингандаёқ, бирдан қоши иланг-биланг бўлиб, ўзини миршабнинг панасига олишга уринган айвонпешана «ҳа эсим қурсин-а», дея бошига шапатилаб мунғайди.
– Ие, ўзлари шўттамидилар? – айвонпешанага кўзи тушиб, доктор Паришонийнинг юзига қон югурди. – Ҳе, Ҳебби полвон бўлмай, ҳар нарса бўлинг. Молдек ичволиб, транспортни чойхонада қолдириб кетибсиз-ку. Тожи-самовор эланиб ётиб, калишингизни қўлимга тутқазувди. Қачонгача буюмларингизни ортингиздан йиғиб юраман, қўшни?
…Уйга келиб ҳам кайфиятим очилмади. Юрагимда кимдир ҳануз хамир қорар, бутун бошли рок-гуруҳ миямни тепалаб рақс тушаётгандек эди: «Қандай шармандалик! Мухлисларимдан баъзилари ўша бекатдаги аҳволимни кўрган бўлишса…»
Ҳовуримни босиш учун айвондаги пақирдан муздек сув симирдим. Уй ичидан «чув-в, чув-в» қилиб таралаётган товуш ҳам бошимни чўқилаётгандек туюлди. Нодон кенжатойим ҳақиқатни яна хориж радиосидан қидиряпти, чоғи.
Ён-веримдаги хонадонлар билан алоқани яхшилаш мақсадида кейинги пайтлар уйда машқ қилмай қўйганидим. Шу топда бирон-бир латиф куй чалиб, ўзимни овутгим келди. Илҳом иситмасида ўрнимдан туриб, йигирма пудли хумни эслатувчи жонажон гўсно-ғорамга яқин бордим. Қайрағочдан ясалган урақни қозиқдан олиб, сопидаги қайишни билакка илаётганимда, ичкаридаги радионинг чувиллашлари тиниб, ниҳоят, одамзоднинг овози янгради: «…бозор олдидаги бекат майдони одамга лиқ тўлиб кетган. Мухбиримизнинг фикрича, бу каттакон намойишга калиш етишмаслиги сабаб бўлган».
Сухандон «Собиқ Шўро империёсининг бошқа ҳудудларида ҳам…» дея ахборотни давом эттираётганида, ўзимни сабрсиз оламнинг можаролари саҳнасидан четроққа олиб қочишга тиришиб, гўсноғорамда зўр бериб «Алиқамбар»ни чала бошладим:
– Гум-гум! Гумбира-гум! Гум-гум! Гумбира-гум!..
1993 йил.