– Ғат, ғат! Ғиттир-ғит! Ғат, ғат! Ғиттир-ғит!..
Ғилдираги ёғланмаган кўтакаравани эслатувчи бу сурункали нағма шоир Нашватийнинг жонини ҳиқилдоққа келтирди, қаламини хонтахтадаги қоғозга санчгудек уриб, оғзини қўшни хонага замбараклантирди:
– Бас! Йиғиштир! Тўхтат! Ҳе, ўша ўтмас аррангни…
– Ҳа?! Нима гап?!
Ошхона томондан силтовли товуш эшитилиб, сўнг қўлида капгири билан Машмашахоннинг ўзи чиқиб келди. Нашватийнинг эндигина булоқланишни бошлаган сўзлари кекирдагида туйқус кўлмакланиб тўхтади: «ар-р-рангни… ис-с-с…»
– Ҳей, инсон! – капгирни ҳавода селпитиб шанғиллади Машмашахон. – Мармарқўзига ёпишманг, деб сизга неччи марта айтдим, а? Боламнинг илҳомини бўғманг!
Қўшни хонадаги Мармарқўзи эса, илҳоми анча-мунчага бўғилмаслигини ойижонисига маълум қилиб қўймоқчидек, машқини бир маромда давом эттираверди:
– Ғат, ғат! Ғиттир-ғит!..
– Мен-чи? – ирғишланиб ўрнидан турди Нашватий. – Менинг илҳомим тепаланса, майлими?
– Илҳом? Вой, ўлақолай! Сиз ёзган нарсаларгаям илҳом керакми ҳали?
– Оғзингни пешлаб гапир, ҳўв! Шеърларимни «нарса» дейишга қандай тилинг борди?
Ҳа, «ит вафо, хотин жафо», деганлари тўғри экан. Шунча бирга яшаб, хотини унинг шеърларига, кўнгил учун бўлса-да, кўз қирини ташлаб қўйганини эслолмайди. Ваҳоланки, дунёнинг синоатларига учинчи қаватдан разм ташлаш иштиёқи ила кеча болконга чиқиб, қўлидаги дафтарни бехос тушириб юборганида, пастда ивирсиб юрган етти ёт бегона ит ўқдек учиб келиб, унинг шеърларини мислсиз қизиқиш билан узоқ искаб турди. Ўзи ит, лекин адабиётга бўлган иззатини қаранг!
Одам деган унвон ҳайф бу хотинга. Агар, тўлақонли банда бўлганида, аввал хонтахтадаги қоғозни олиб, ундаги битикни ўқиб кўрарди. Яп-янги шеър-а!
Баҳор келди, азиз ўртоқлар,
Ариқларни тозалайлик сал.
Бўлсин улар соқол қирдирган –
Ошнам Абрей кўсадек гўзал!
Алломабош эр шундай ноанъанавий сатрларни тарса-турс кашф этиб ташланса-ю, увадафаҳм хотин бундан бебаҳра юрса. Тағин, ўқитувчимиш. Тешигини кўрмаса, найни тешасопидан ажратолмайди, мусиқадан дарс берганига ўласанми. Жониворда қобилиятнинг «Қ» ҳарфиям йўқ, тоғаси мактаб директорлигидан урилсаёқ, буниям куни битади.
– «Нарса» бўлмай, нима? – масхараомуз лаб буриштирди Машмашахон. – Агар улар «шеър» бўлганида, лоақал бирортаси газета-пазетада босилмасмиди? Бу уйдан Ҳамза чиқмадими, энди ўғлимни ўзим Растрапович қиламан. Бизга халақит берманг!
Нашватий бу гапдан пишқириб кулди:
– Вой, каллаварам-ей! Бўйнига ҳуштак осган ҳар бир сўтак мелиса бўлавермаганидек, ёлтаёқ ушлашни ўрганган ҳамма махлуқданам Растрапович чиқавермайди.
– Бошқаларни ўзингизга ўхшатманг. Қирққа киргандаям на ишингизда тайин бор, на биров отингизни билади. Мана, ўн бир ёшидаёқ Мармарқўзининг истеъдодини тан олишди, шу боланинг орқасидан магнитафонли бўлдик, телевизўрли бўлдик.
Нашватий ўзини бу оламдаги энг чигал калаваларнинг учини ҳам бир зеҳн солишдаёқ топмоққа қодир шахслардан деб ҳисобласа-да, айнан ана шу магнитофон ва телевизор билан боғлиқ жумбоқни ҳали-ҳали ечолмай келаётганидан қаттиқ изтиробда эди.
Бундан тўрт ойлар олдин кимдир эшикнинг қўнғироғини чўзғилантириб жиринглатишга тушди. Уни чойхонапаловга чақирмай қўйган оқибатсиз улфатлари ҳақида «Бургут ва қораялоқлар» деган масал ёзиб ўтирган шоир жонини ижод жаннатидан маҳрум этишга куч топиб, оғринибгина ўрнидан қўзғалди. Бориб, эшикни очганини билади, картон қути қўлтиқлаган таппакбурун кимса чала-пула саломлашган куйи ичкарига суқилиб кириб: «Биз ашаддий мухлисларданмиз, шу хонадондаги истеъдодли зотни бир зиёратлаб қўйишга келувдик», деб, болаларнинг мис сурнайчасидек пинғиллади. Буни эшитиб, Нашватийнинг чеҳраси ёришди:
– Ортиқча мақтаб, одамни уялтирмасинлар. Тўғри, истеъдодимиз етарли, аммо-лекин довруғимиз ҳали-ҳозир етти иқлимга таралиб улгурганича йўқ.
– Ҳедемай таралади! – қатъий ишонч билан қош керди таппакбурун. – Зеро, вилончелнинг ишқибози жаҳонда битта менмас!
Бўридан гапирсанг, қулоғи кўринади, деганларидек, вилончелнинг номи тилга олиниши биланоқ, пойгакдаги хонадан унинг юрактаталар овози лаббайланди.
– Ғат, ғат! Ғиттир-ғит!..
Таппакбурун бир Нашватийга, бир оҳанг таралаётган ёққа қараб қўйиб, «ие, маэстро бу ёқда экан-ку», дея бесўнақай туфлисини попиллатганича хонага бостириб кирди. Йиғламсирагудек аҳволда машқ қилаётган Мармарқўзи ва унинг боши устида мушт ўйнатиб турган золим устози Машмашахон билан танишув маросими якунлангач, таппакбурун қўлидаги қутини «маэстро»га тутқазиб, тантанавор тарзда сўз қотди:
– Қадрли Мармарқўзи! Ижро этаётган куйларингиз жамоамизга ғо-о-ятда ва ниҳо-о-ятда манзур бўляпти. Шу боис, «Ойнақопқон» қўшма корхонаси раҳбарияти номидан сизга мана шу магнитофон совға қилинади. Табриклайман! Бундан буёғигаям, талабларга биноан, тўхтатмай чалаверасиз деган умиддамиз.
Таппакбурунга қўшилиб, эр-хотин ҳам анграйган асно чапак чалишди.
– Чет элларда истеъдодли юртдошларини қўллаб юрадиган бойлар кўплигини эшитгандим, – оғзи қулоғига етиб гижинглади Машмашахон. – Хайрият, ўзбекданам шунақалар чиқибди.
Орадан икки ойча ўтиб, таппакбурун ушбу хонадонга яна ташриф буюрди. Бу сафар Мармарқўзига «Ойнақопқон» қўшма корхонаси бошлиғининг номидан «Самсунг» телевизорини топшириб: «Жамоамизнинг сизга бир илтимоси бор, Мармарқўзи. Бундан кейин, талабларга биноан, ярим кечадаям машқ қиптурсангиз», деди-ю, Машмашахоннинг: «Ҳеч бўлмаса, бир пиёла чой ичиб кетинг», деган таклифини ерда қолдириб, зиппа ғойиб бўлди.
Шундан буён Нашватийнинг боши гаранг, кўнгли хижил. Инсоф минбаридан туриб айтиладиган бўлса, Мармарқўзида истеъдод бор-йўқлигини муҳокамалашнинг ўзи кулгили. Мана, бир йилдан ошяптики, ҳамон ўша-ўша нағма: «Ғат, ғат! Ғиттир-ғит! Ғат, ғат! Ғиттир-ғит!» Нашватий-ку ҳозирча тирик, бу куйни ҳатто ўликнинг ёнида чалсанг, кафанини йиртиб ташлаб, оғзингга шапалоқ тортвориши ҳеч гапмас. Паққос чидаб бўлмайдиган ҳол, агар, чидаш мумкин бўлса, Нашватийдек оғир-босиқ шоир ўз ўғлининг ишидан хитланиб, нишдор шеър ёзармиди?
«Ғат-ғут»лардан безди эл,
Босиб келар гўё сел.
Катта ғижжак, ваҳший ғижжак,
Гумдон бўлгур вилончел!
Шак-шубҳа йўқки, бу ғайритабиий воқеаларнинг ортида йирик бир сир яшириниб ётибди. Тахмин кўп, бироқ шулардан иккитагинасида ғира-шира мантиқ бордек: ё хотини унинг шоирлик ғурурини топташ мақсадида буларни атайлаб уюштиряпти, ё бўлмаса, ўша таппакбурун жиннихонадан қочган пулдор кимса.
– Шу магнитофон билан телевизорни ҳадеб тумшуғимга ниқтайвермагин, – хотинига зимдан эзгинланиб тикилди Нашватий.– Бу дунёда шеъриятга фаҳми илашадиганлар азалдан танқис бўлса, мен нима қилай?
Эшикнинг қўнғироғи жиринглаб, Машмашахоннинг жавоб нутқи оғзида қолди. Нашватий бурун жийирганича бориб, эшикни очди. Хонадоннинг эски қадрдонига айлана бошлаган таппакбурун ичкарига лип этиб кириб, Нашватий билан қўл сиқиб кўришаркан, пойгакдаги хонадан тинимсиз таралиб турган «ғат, ғат»га берилиб қулоқ тутган асно, маҳлиёланиб тебранди. Сўнг, шалвироқ костюмининг чўнтагидан аллақандай қоғозни суғуриб, боши узра ҳилпиратди:
– Хушхабар бор! Мени тезда Мармарқўзига рўпара қилинглар!
Таппакбурун хонага кирибоқ, Мармарқўзини қучоқлаб ўпишга тутинди:
– Табриклайман, маэстро! Мана, яна мукофот опкелдим сизга!
– Бу қанақа қоғоз? – қоғозга бир суқланиб олиб сўради Машмашахон.
– Ўрдер бу! – гавдасини селкиллатиб чимрилди таппакбурун. – Икки хонали тор квартира ёш созанданинг эркини бўғади. Шуни ҳисобга олиб, янги даҳадан сизларга тўрт хонали уй ажратишга қарор қилдик.
Нашватийнинг ақлдан озишига сал қолди. Тили танглайига ёпишиб, «а-а… ўр… ўр…» дея ғўлдираганича кўзини бақрайтирди. Машмашахон ўғлининг қўлидан ўрдерни оч сиртлондек юлқилаб олиб, ундаги ёзувларни қайта-қайта ўқишга киришди.
Одатдагидек шошиб ғойиб бўлишга шайланаётган таппакбурун, Мармарқўзининг елкасига оғайниларча қоқиб, пинғиллади:
– Жамоамизнинг яна бир илтимоси бор, Мармарқўзи. Янги уйга кўчгандан кейин, талабларга биноан, болконга чиқиб машқ қиладилар-да, а?
Масовсираши ҳануз босилмаган Нашватий таппакбурунни пастгача кузатиб тушди. Мақсади – у билан ниҳоят ёлғиз қолиб, асабини кўпдан бери юмдалаётган саволга жавоб топиш эди:
– Кечирасиз-у… Бир савол бориди-да…
Таппакбурун Нашватийга илтифотланиб юзланди:
– Қулоғим сизда, тақсир.
– Ҳм… «Ойнақопқон» корхонасидагиларнинг эс-ҳуши жойидалигига-ку шубҳам йўғ-а, – чайналди Нашватий.– Шунга қарамай… ҳм… бу ишларни тушунолмайроқ турибман-да…
– Майли, тушунтирамиз, – олимона гердайди таппакбурун. – Мана шу кўп қаватли уйда икки юз олтмишта хонадон бор. Мармарқўзи «ғат-ғут» қилишни бошлагандан бери атрофдаги икки юз эллик тўққизта қўшнингиз товуш ўтмайдиган эшик-деразалар қурдиришга мажбур бўлди. Бунақа эшик-деразаларни фақат биз ишлаб чиқарамиз.
Нашватийнинг сополланган кўзи олдида нимадир ярқ этиб чақнади. Тилла тишлар шекилли. Демак, таппакбурун илжайиб турибди.
2003 йил.