Анвар Обиджон. Ресторанда танишганлар (ҳажвия)

– Дунёнинг ишлари ғалати-да, ука. Тасодифан битта столда ўтириб қолиб, мана, тузуккина танишволдик.
– Ўзи қаерликсиз, ака?
– Эшонгузарда тураман.
– Ие! Балки поччамни танирсиз?
– Опанг эшонгузарга тушганми?
– Йўқ, синглим. Оти Холиниса.
– Холиниса дедингми? Тўхта, тўхта, ҳалиги ҳиндужамол келин сени синглинг бўлмасин тағин? Қошлари туташ. Ўртасида офатижон хол. Топдимми?
– Ҳмм…
– Юзлари лўппигина … Бодомқовоқ…
– Ҳа энди…
– Калтабақай. Сочлари тақимини ўпиб туради. Кўзлари шаҳло. Топдимми?
– Шу гапларни менга гапиришингизни қаранг…
– Мўдалар уйида ишлайдими ахир?
– Худди ўша! Биларкансиз-ку!
– Нега билмайин? У ҳар куни ишга келаётиб ҳам, қайтаётиб ҳам дўконимнинг ёнидан оққушдек сузиб ўтади. Мана бундай, мана бундай қилиб…
– Э, ўтиринг, ака. Ўтирсангиз-чи. Ҳаммага томоша бўляпсиз… Хуллас, поччамни учратиб қолсангиз, унга мендан салом айтиб қўйинг. Бўптими?
– Ҳей, қизиқ йигит экансан-ку. Поччангни умримда кўрмаган бўлсам, қанақасига унга салом айтаман?
1978 йил.