Анвар Обиджон. Даволаниш (ҳажвия)

Атроф зимистон. Юрагим ҳижил…
Тиш-ш! Қулоқ солинг-а, орқамдан писиб келаётган ажиналар шивир-шивир қилишяпти. Каминани бўғизламоқчимикин улар? Ана, эшитяпсизми?
Йўқ. Бақатеракнинг барглари шилдиряпти шекилли. Шабада эсиб турибди-да.
Атроф зимистон. Юрагим бежо!
Ё алҳазар! Буниси қанақа махлуқ энди? Ҳезалакларга ўхшаб куляпти. Тиши аррасимон бўлса-я…
Уф-ф, шундан қўрқиб ўтирибман-а. Бойўғли экан. Учиб кетди ярамас.
Атроф зимистон. Юрагим така-пука!!
– А-а-а!
Нега бақиряпман? Тўғри, бақириш керак. Сўқмоқнинг қоқ ўртасида бир кўзли одамютар турибди. Кўзларининг ёнишини қаранг.
– Ла илаҳа иллолло! Ла илаҳа…
Шошманг-чи. Булар тиллақўнғизларми дейман? Ҳа-я! Тўпланиб олишибди… Тфу!
Атроф зимистон. Юрагим пачава!!!
Эркакчасига тан оладиган бўлсам, қоронғиликни болаликдан жиним суймайди. Лекин, бошга тушгандан кейин…
Гап шундаки, раҳбарликка тайинландим-у, ғалвалардан асабим таранглашиб, юрагим ғижимлайдиган бўпқолди. Врачга борган эдим, у кечалари сокин жойларда сайр қилиб туришимни маслаҳат берди. Мана, даволанишни бошлаб юбордим.
1978 йил.