Август ойининг бошлари эди. Директоримиз мени ҳузурига чақириб, қўлимга қандайдир хатни тутқазди-да, шу ернинг ўзидаёқ танишиб чиқишимни илтимос қилди.
«Ҳурматли олимлар! – деб бошланган эди хат. – Сизларнинг илмий текшириш институтингизда асабий зарбанинг инсонга жисмоний таъсирини ўрганиш устида тажриба олиб борилаётганини газетадан ўқиган эдик. Бизга бир масалада ёрдам беришингизни ўтиниб сўрайдурмиз. Яъни, масалан, бир нобоп одамни ишдан ҳайдадик дейлик. Ана шу жазо жисмоний томондан унга неччи кило вазминликда таъсир қилиши мумкин?»
– Ҳатто қишлоқдагилар ишимиз билан қизиқишаётгани жуда қувонарли, – деди директоримиз, шишадан ясалган ўнг кўзида ҳам мамнунлик порпираб. – Бунақа хатлар бизни бенафликда айблаб келаётган айрим тақсирчаларнинг олдида юзимизни ёруғ қилади. Керакли тажрибаларни ўтказиб, бу хатга аниқ жавоб ёзиб жўнатишни шахсан сизга топшираман.
Бир ойлик изланишлардан сўнг, ниҳоят қатъий хулосага келиб, «Жанжалкапа» жамоа хўжалиги раиси номига мактуб юбордим: «Ўртоқ раис! Кишини ишдан ҳайдаш – унга ўрта ҳисобда етмиш беш килограмм юк кўтартириш билан баробардир. Лекин, шуни эслатиб ўтмоқ жоизки, юкнинг мазкур миқдори ўша шахснинг ёши, жисмоний аҳволи, асабининг бўш ёки қаттиқлигига қараб, кўпроқ ёинки озроқ томонга ўзгариши мумкин».
«Жанжалкапа» жамоа хўжалиги раисидан 16 сентябрда яна хат олдик: «Қирқ уч ёшгача ўлмасдан етиб келган, бўйи чорак кам икки метр, оғирлиги беш ярим пудлик сурбет одамга «Ҳайфсан» берсак, унга қанча юк босган бўламиз?»
Ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатдики, оддийгина «Ҳайфсан» юқорида тасвирлаб берилган нусхадаги кишиларни 30–35 килограмм оғирликда эзар экан. Жамоа хўжалигига шуни ёзиб жўнатдим.
Номи эндиликда идорамиздагиларнинг барчасига ёд бўлиб қолган «Жанжалкапа»дан 2 октябрь куни учинчи хат келди. Унда «Огоҳлантириш»нинг аҳвол-турхати олдинги сафар қайд этиб ўтилган шахсга нисбатан жисмоний таъсири борасида маълумот беришимиз сўралган эди.
Бошқатдан тажрибалар ўтказишга тўғри келди. Шунчаки «Огоҳлантириш» деган нарса кишини 15 килограмм юкни кўтариб юришга мажбурлаши маълум бўлди-ю, бундан ўзим ҳам ҳайратга тушдим. Ҳисоблаб кўрсам, ишга келганимга ҳали икки йил бўлмай туриб, олти марта «Огоҳлантириш» олибман. Бир ўзимга 165 килограмм жазо беришибди-я! Иккита эшакнинг юки-ку бу!
«Жанжалкапа»га навбатдаги мактубни жўнатиш билан бирга, берилаётган маълумотлар учун муассасамизга тўланадиган пулни банкдаги ҳисоб рақамимизга тезроқ ўтказиш лозимлигини ҳам эслатиб қўйдим.
Ноябрнинг бешинчи кунида хўжалик раиси шаҳарлараро телефон орқали менга қўнғироқ қилди. Аранг-маранг саломлашувдан сўнг, жадал мақсадга ўтди:
– Хўш, билволайлик-чи, акаси, – дея эшитқини зириллатди у. – Қирқ уч ёшли сурбет одамга мажлисда қаттиқ пўписа қилсам, гарданига қанча юк ортган бўламан?
– Аниқ айтиш учун, олдин тажриба ўтказиш керак,– дедим мен. – Агар, тахминан оладиган бўлсак, етти-саккиз килодан кам чиқмас-ов.
– Бу қанақаси! – пўнғиллаб зардаланди раис. – Бир бадбахт катта иш кўрсатиб турса-ю, сизларга қолса, унга пўписаям қилолмас эканман-да? Бунақада, хўжаликда тартиб ўрнатиб бўладими?!
– Тушунмадим…
– Нимасини тушунмайсан, акаси? Омборчимиз жамоа хўжалигимизга тегишли ғаллани «туя» қилмоқчи бўптурганда, қўлга тушди. Унга, лоақал тузукроқ дўқ уролмасак, бу ерда нима қилиб ўтирибмиз? Хўш?!
– Ғаллангизни кимдир ўмарса, менга нима? – дея мен ҳам овозимни баландлатдим.
Раис эшитқини баттардан зириллатди:
– Битта пўписани саккиз килога чиқариб қўйиб, тағин «менга нима» дейсан-а! Омборчимиз ёзда сариқ касали билан оғриган. Қоида бўйича, бунақа касаллар бир йилгача тўрт килодан ортиқ юк кўтармаслиги керак экан. У сурбет «шунга риоя қилинглар», деб турибди. Калланг зўр бўлса, айт-чи, тўрт килолик яримта дўқни унга қаёқдан топай энди? Ҳе, ўша сандақа пайласуфларни…
Эшитқидан «дут-дут» деган товуш тарала бошлади. Қишлоқ билан илғор фан ўртасида тикланаётган алоқа яна тўсатдан узилиб қолди…
1979 йил