Устоз Неъмат Аминовнинг латифасидан илҳомландик.
– Отаси, тушликка нима қилай?
– И, и! – бир сесканиб тушиб, хотинига олайиб боқди Алирафиқ. – Кечаги маставони итялоққа тўквордингми? Ҳе, уволига қолгур!
– Ана, турибди маставонгиз… бир коса чиқиб-чиқмайдиган.
– Ичига қаттиқ нон бўктириб иситсанг, иккаламизгаям етади. Бор!
Хотин қошини зардали чимириб қўйиб, эшик сари юрди. Сўнг тўхтаб, яна ўгирилди:
– Катта танаффус бўлса, ҳадемай Музробингиз ҳам жаланглаб кепқолса-чи?
Алирафиқнинг лаб-лунжи асабий пирпираб, қисилган кўзларида ғазаб ялинланди:
– Дадасининг рўзғорини алоҳида қилганимга уч йилдан ошсаям, боласидан қутулмадим. Бизга ўхшамади шу неваранг, мечкай қудангга тортди. Мактабида давлат текин овқат бериб турибди, шунга қаноат қилмайди-я. Уни сен талтайтиргансан. Бир тўғрам нон билан беш-ол… уч-тўртта туршак берсанг, етиб ортади. Бола тўйганини билмайди. Ўзи-ку биттагина неваранг бор, шуниям бўктириб ўлдирмагин, нопорсо.
Қоқмоч нонга шимитилган маставонинг шифобахшлик хусусиятларини хотинига уқтириб-уқтириб овқатланиш Алирафиққа насиб этмади. Бозордаги паттачи ошнаси Қораболта етилган новвосни эслатувчи шопмўйлову кавушбурун кимсани эргаштириб келиб қолди. Салом-аликдан сўнг меҳмонни таништирди:
– Бу киши шаҳарлик келинимнинг тоғаси. Отлари Ўзганбой. Шаҳарга кираверишдаги болохонали чойхонани сотволиб, ёнбошига дўкон ҳам қуряптилар.
– Жуда яхши-да, жуда савоб иш бўпти-да, – дея меҳмон билан қайтадан қучоқлашиб кўришди Алирафиқ.– Бундан буён, ўтган-кетганда, ўзларини зиёрат қиптурарканмиз-да, а?
– Бемалол, – бағбақалари узра ёйилган мўйловини тартибга солатуриб жавоб қилди Ўзганбой. – Ҳозирча еримиз рўсларники, ошимиз дўстларники, деганакан Мадаминбек.
Алирафиқ махсус ҳужра калитини хотинининг чангалига қистиргач, дастурхон тансиқ таомлар кўргазмасига айланди. Меҳмон қўл чўзган нарса борки, мезбон шу заҳоти унинг таърифини келтира бошлар, «баҳузур» дея кўксига кафт босар, ора-сира ўзи ҳам у-бу неъматга шунчаки қўл урган бўлиб, «тавозе билан овқатланишда мендан ўрнак ол», дегандек, Қораболтага намунавор қараб қўярди.
Ўзганбой эса, охурнинг олдида турган бўрдоқининг ишини қилаверди. Дастурхоннинг меҳмон ўтирган тарафида пистаю бодом, олмаю анор пўчоқлари, ўригу шафтоли, гилосу ғайноли данаклари, узуму тарвуз уруғлари, беҳию нок қолдиқларидан янги «Олой тоғ тизмаси» пайдо бўла борди. Алирафиқнинг ичидан ичқиринди ўтаётганини ҳис этган Қораболта қондошига аста қочириқ қилди:
– Шу мева-чева қурғурни еган саринг егинг келади-ю, одамнинг совуғини ошириб юбориши чатоқ-да.
– Ҳа, кетидан чапламасини қилмасангиз, сўлакоғиз бўпқоласиз. Чапламада гап кўп, қуда. Мана, масалан, асал…
Меҳмон у ёғини айтиб ўтирмай, асалли пиёлани олиб, қошиқчада сура-сура симиришга тушди. Юқига чой қуйиб ичди.
– Баҳузур, баҳузур, – дея кафтини кўксига босди Алирафиқ. – Жиззахлик бир улфатимиз опкелувди. Нимай-чун туси оқ десам, янтоқнинг гулидан олингани шунақа бўлади, дейди.
Ўзганбой асални тинчитгач, қазига қўл чўзди. Тўртта парракни устма-уст тахлаб, бирваракай лунжига тиқди.
– Баҳузур, – деди Алирафиқ товуши қалтираб. – Ҳар йили шундан ўттиз-қирқини эринмасдан Жаллавотдан опкеламан. Ишончли танишлар бор.
– Тўғри қиласиз, – маъқуллаб бош ирғади меҳмон. – Биздагиларни ҳасибдан фарқи йўқ. Менам чимкентлик қадрдонлардан опкеламан, – кейин, мийиғида иржайганча киборланди. – Ҳа энди биз, бачканаланиб ўтирмай, бир олганда, юзта-юзталаб оламиз. Бир томони – чойхонамиздаги мижозлар, у томонини сўрасангиз – баланд курсиларни кўрган одаммиз. Хонадонимиздан ҳалиям казо-казоларнинг қадами аримайди.
Меҳмоннинг мижозиситар чапламаси ёнғоқ-майизлар захирасини ғорат қилиш ила ниҳоясига етгандек туюлган эди. Пиёладаги қаймоқнинг пок-покиза эплаштирилиши тушунарсиз ҳол бўлди.
Ниҳоят, Ўзганбой биқинига ёстиқ суриб, вишиллаганича ёнбошлади. Қайноқроқ чой сўради. Мезбоннинг таърифлашича, укаси Покистон сафаридан олиб келган «султончой»нинг иккинчи пиёласини ғўлқиллатаётган маҳалда қорнидан момагулдиракка ўхшаш товушлар тарала бошлади-ю, бесарамжонланиб ўрнидан турди.
– Хизмат бўлмаса, бизга обдаста ҳозирласалар, – деб қаттиқ кекирди у. – Баҳонада, томорқаниям бир томоша қилайлик.
Қудалар томорқа тарафга ўтиб, деворлар ёқалаб экилган мевали дарахтларнинг даромадини чамалаб улгурмасларидан, илиқ сув қуйилган обдастани кўтариб Алирафиқ кириб келди.
Ўзганбой обдастани олибоқ, жойидан қўзғалди. Нарироқда тўхтаб, олчадан чўп синдириб, дўппининг четига гулдек қистирди-да, йўлида давом этди. Бундан бир таажжубланган Алирафиқ меҳмон, ҳожатхона бу ёқда қолиб, қийғос думбуллаган маккапоянинг ичига кириб кетганини кўриб, икки таажжубланди.
– Қудангизни шаҳарлик десам, асли даштликлардан шекилли? – пичинг қилиб тиржайди у.
– Ийқ, ғи-ғи-ғий, – ўзига хос елка силкитиб кулди Қораболта. – Тилла тишларидан биттаси илкиллаброқ қолган экан, кеча шавлага қўшиб ютворибди…
Алирафиқ виқор билан сузилди:
– Шунга шунчами? Биз тилла тақинчоқлардан қанчасини ундақароқ бўтакўзларга сепиб келдик. Қудангизнинг гапи осмонда-ю, қилган ишини кўриб…
Қайсидир қўшни телевизўрининг овозини баландлатиб, уруш кино кўраётган бўлса керак, томорқа этаги тарафдан талатўп товушлар янграй кетди. Аввалига, ўзиюрар оғир замбараклар узуқ-юлуқ гумбирлади, кейин пулемёт ва автоматлар бири қўйиб, бири сайрашга тушди.
У ёқда уруш кино тугайверди, бу ёқдан меҳмон ҳам ҳолдан тойган жангчидек маккапоя ичидан чиқиб келди. Бўш обдастани тажангланган сиёқда четга отиб, артизонда совунлаб қўл ювди.
– Дараги чиқдими? – унга яқин бориб ғудранди Қораболта.
Ўзганбой Алирафиқ томонга олазарак қараб қўйиб, қудасига ўқрайди. Тополмадим деган маънода бош тебратиб, шивирлади:
– Ўчакишгандай, кўзойнагим меҳмонхонангизда қолиб кетибди.
Учаласи яна ичкарига киришди. Паловхўрлик чоғида меҳмон мақсадга ўтиб, Алирафиқнинг дилидаги хижилликни ёзди. Бундан бир ой олдин эллик қоп девзира гуручни кўтарасига олиб, мелисаларнинг гаражига босиб қўйганиди, шунга харидор бўлиб келганакан. Бир қайнашиб, икки чайнашиб, охири баҳосини келишиб олишди.
Алирафиқ меҳмонларни кузатибоқ, бир эмас, иккита обдастага сув тўлдириб, томорқа томонга ошиқди. Қўйларга хашак солаётган хотинда Алирафиқнинг бояги ҳолати такрорланди: қўшалоқ обдастадан бир таажжубланган бўлса, эри йўл-йўлакай олчадан чўп синдириб дўпписига қистирганидан икки, бора солиб макказорга шўнғиганидан уч таажжубланди.
Узоқ вақтгача Алирафиқдан дарак бўлмади. Қош қорая бошлаб, хотини кечки овқатга чорлагандан кейин ҳам, орадан бир соатча ўтиб, тумтайган алфозда ташқарига чиқди.
– Вой, мараз-ей! Вой, каламуш-ей! – дея ўзича бидирлади у. – Эринмасдан пухталаб кўмганини қаранг. На изини топасан, на исини.
– Маккаларни обдасталаб суғордингизми, отаси? – эридан гап олиш умидида эҳтиётлик билан сўзлади хотин.
– Э, бор, туппангга ўт қала!
Ўйлана-ўйлана, кўнгли кемтикланганича алламаҳалда зўрға кўзи илинган Алирафиқ, илк саҳарда дарвоза тақиллашидан эриниб уйғонди. Туриб бориб, дарвозани очди. Очди-ю, кўм-кўк «Нексия»нинг ёнида тиржаймаланиб турган Ўзганбойни кўриб, юраги ўпкасига чапланди.
– Яна дийдор кўришиш насиб этганини қаранг, – без бўлиб сўз қотди Ўзганбой. – Қораболтаникидан шошиб чиқиб келаверибмиз. Бир чақирим юрмасданоқ, шунақанги пишиқдимки… Бур Алирафиқ ошнамникига, дедим.
– Жа яхши бўпти-да, – қуллуқ қилди мезбон. – Баҳузур, меҳмон, баҳузур.
Бир қўлида тайёр чўп ва кўзойнак ушлаб олган Ўзганбойга яна сув илитиб берилди. У обдастани кўтариб томорқага ўтгач, ўзини тағин маккаларнинг орасига урди. Бирпасдан кейин «учир, учир, қушингни учир, бизга қараб қошингни учир» лапарини димоғида хиргойилаганича қайтиб чиқди. Қораболтага қия боқиб, ҳаммаси жойида дегандек кўз қисди. Артизоннинг олдига бориб, қўлини совунлаб юваркан, Алирафиққа юзланиб, лабининг бурчагида масхараомуз илжайди:
– Товуғингиз кўпми дейман, Алирафиқ?
– Товуқ боқмайман, – оқдуволдек гезарди Алирафиқ.– Нимайди?
– Айтаман-да, – Қораболтага сирли қараб қўйиб, мезбонга эговланди Ўзганбой. – Макказорнинг титкиланмаган жойи қолмабди. Ё қўшни-пўшнининг товуқлари ораладимикин? Лаббай?
Алирафиқнинг ранги энди бирдан кўкиш тус олди. Қораболта «Ийқ, ғи-ғи-ғий» қилиб кулишга тушди.
1997 йил.