Бугун ҳам одатдагидай бошланди…
Аввалига қушларнинг чағир-чуғури бутун касалхонани бошга кўтарган бўлса, ҳаял ўтмай, улкан хум ичига тушиб қолганингдай жимлик ҳукмрон бўлади. Тепада лак-лак қушларнинг тинмай чарх уриб айланаётгани-ю улардан пастроқда етишиб олиш илинжида бошқаларининг баландлаётганини кўриб, беихтиёр ҳаяжонга тушасан. Албатта, пастдагиларнинг ортда қолмасликлари учун бўлса керак, тепадагилари уларга гўё таҳдид ҳам солаётганини кўрасан баъзан. Дарахт қўналғаларида қолган қушлар эса дам ўтмай, учиш тараддудига тушади. Уларнинг бу ҳолати чўл тўзонининг гирдоб ҳосил қилишига ўхшайди. Гўё улкан сим чамбарак ҳавода пайдо бўлади-да, охирги тортилмай қолган сим учларини ҳам қўшиб олиб кетади. Ёки уларнинг барчаси бир ип, бир ришта бўйлаб боғланиб қолгану ипнинг учини шундоқ тортсангиз охирги тутами олдингизга йиғилиб келадигандай туюлади.
* * *
Мен ётган палатанинг дераза орти ҳар гал эртаю кеч шундай “қуш бозор”га айланади. Бозор бўлганда ҳам чинакам “бозор”. Буни бир мавсум, деса ҳам бўлади. Уч қаватли корпус билан бўйлашай-бўйлашай деб қолган мирзатеракларда қуёш ботиши билан тўда-тўда қарғалар пайдо бўлади. Уларнинг учиб келиши бир майдон ваҳима билан бошланади-да, то дарахтларга ўрнашгунлари қадар бир муддат тинмайди. Назар солсангиз, дунёнинг бор ваҳимаси-ю, асъасаси шу ерда дейсиз. Шунақа ғала-ғовур, чағур-чуғурга айланадики, асти қўяверасиз. Бу ҳолат ҳар қандай хаёлпарастман, деганнинг ҳам хаёлини тўзғитиб, диққатини ўзига тортмасдан қолмайди. Агар айтиш жоиз, десангиз, осмон ўпар мирзатераклар, чинорлар-да бу ғала-ғовурдан безордек туюлади менга.
Дарахт учларига жойлашиб олмиш қанотлилар, бир қараганда, ажабтовур манзара касб этади. Касалхона ҳовлисидаги терак, қайрағоч, чинор ва бошқа дов-дарахт шохлари ёппасига қоп-қора бўёқлар билан чаплангандай, худди нўноқ мусаввирнинг илк асарлари кўргазмасига ўхшаб кетади. Аммо бу кўргазма ўзининг “жонлилиги”, табиийлиги ва яна нимаси биландир кишига завқ бағишлайди. Тирик кўргазма! Лекин ҳали дарахт шохларида омонатгина осилиб турган ва ёмғирлардан, кузак шамолларидан омон қолган яккам-дуккам муваққат барглар бу бўёқларга негадир, мос келмасди. Мен-ку рассом эмасман, мабодо рассом бўлганимда ҳам мана шу ажабтовур манзарани, барибир, мўйқалам ёрдамида тасвирлаган бўлардим. Билмадим, нима учун? Балки бундай манзарани ҳеч қаердан излаб ҳам, буюртма қилиб ҳам тополмасман…
Қарғаларнинг сўфи азон урмай, “гурр” этиб осмону фалакка ғойиб бўлиши-ю, оқшом чоғи қайтиб келиши, бутун бошли полкнинг эрталаб, тонг азондан қўшиқ айтиб казармадан чиқиб кетишию ва кеч арафаси тағин баралла куйлашган кўйи кириб келишига жуда-жуда ўхшайди. Яна ўхшашликни қарангки, тонг ғира-ширасида бирорта ҳам аскар казармада қолмай, тўлиқ машғулотларга чиқиб кетганидай, бу ерда қарғаларнинг ҳам бирортаси дарахт шохларида, яъни қўноқларида қолмасдан учиб кетиши – ҳайратомуз ўхшашлик! Аммо бир ўхшамайдиган томони борки, у ҳам бўлса, қарғалар қўналғаларида бирорта ҳам навбатчи қолдирмайди, қолдирса ҳам узоқ туриб қолмайди, одатдагидек, яна биродарларининг ортидан ғойиб бўлади. Табиийки, боя эслатиб ўтганимиз, битта яримта-ялқов, танбал ва ишёқмасларини ҳисобга олмаса, албатта. Яна бир гап, уларнинг “гурр” этиб кўтарилиши аскарларникидек бир саф бўлиб эмас, балки пала-партиш ва тўс-тўполон.
Бугун ҳам худди шундай кечди. Тонг ғира-ширасида касалхона ҳовлисини чорак соатча бошларига кўтаришди-ю, сўнг турли томонларга бош олиб кетдилар. Ҳовли саҳни ва дов-дарахт шохлари одатдагича, сув қуйгандек жим-жит бўлди-қолди. Ташқарида кузак шамоллари сарғайган барглар шитирлатиб кезинар, яп-яланғоч мирзатераклар, чинорлар сўппайиб туришарди.
Ташқаридан кўз узолмайман. Кузак шамоллари уйган ва уват кунжакларига тиқиб ташланган ўша сарғайган баргларга тикиламану, узоқ хаёлларга ботаман. Бир воқеа ёдимга тушди…
Ўша куни каллайи саҳарлаб қушлар қўноқларини тарк этар маҳал, яна улар бутун касалхонани бошларига кўтардилар-да, кейин одатдагидек, аллақаёқларга ғойиб бўлишди. Ҳаммаёқ бирдан тинчиди-қолди. Аммо бироздан сўнг, пастда ўн-ўн бештача қарғаларнинг фавқулодда тўс-тўполони бошланди. Улар ўз биродарларидан бирини ўртага олиб, роса чўқилаётган эдилар. Аввал кўзларимга ишонмадим. Наҳотки, ўз қавмдошини ўзлари ўлдираётган бўлсалар? Унинг гуноҳи нима? Ёки, бу зўрликнинг ожизлик устидан тантанасими? Йўқ, эшитганим бор. Айтишларича, бундай тўдани санитар қушлар, ҳам дейишади. Санитар қушлар ораларида касал бўлиб қолган ўз қавмларини ўзлари ўлдиради. Сабабки, бутун қавм ўртасида касаллик тарқаб кетмасин. Бу ақида қанчалик тўғри бўлмасин, барибир, у бир қавм аъзоси-ку, у ўз биродари-ку, у ожиздир, нотавондир, у ҳам яшашни истайди, деган ола-қуроқ ўйлар бошимда ғуж айланаверади, айланаверади.
Бечора ўртага олаётган қушлардан анча кичик кўринса ҳам, ўз жонини сақламоқ учун жонҳолатда қарши турар, гоҳ тўдадан чиқиб қочишга уринар, гоҳ майиб бўлиб қолган иккала қанотини зўрға ерга судраб учишга чоғланар, аммо шафқатсиз тўда уни ҳеч қаёққа қўйиб юбормас, аксинча, ўртага олиб, баттар патларини юлқиб-юлқиб тортишар, абгор қилар эдилар. У бўлса, атрофдаги хазонлар остига ўзини яширишга уринар, оломон тўда эса уюм-уюм хазонларни атрофга телбавор сочар ва ўша уюмлар остидан уни топиб олар, қолаверса, дарахт шохларида диққат билан, муттассил кузатиб турган қолган қарғалар вақт ўтказмай, бечоранинг устига мўру малахдай ёпирилиб, яна чўқилашни давом эттирар, у эса бошқа қочадиган жой тополмай, охир мажолсиз ва иложсиз ўзини уларга мутлоқ топшириб қўйишга мажбур бўларди. Қарангки, бироздан сўнг, қарғалар ҳар томонга тарқалишди. Кўпчилиги яна дарахтлар тепасида қўним топдилар. Жабрдийда эса, хазонларга қоришиб, қимир этмай ётарди. Аммо сал ўтмай, унга қайта жон киргандай, бир-икки силкинди-да, бедана юриш қилиб, иккала қанотини ҳам судраб, дуч келган томонга қоча бошлади. Тепадан бу ҳолатни кузатиб турган ўша қарғалар яна бало-қазодай ёпирилдилар. Бу дафъа узоқ жанг бўлди. У курашдан ҳам, қаршилик кўрсатишдан ҳам ва яшашдан ҳам бутунлай чарчаган, умид узган эди. Қутурган тўда ичида фақат унинг қонталаш ва лойга қоришган танасигина аҳён-аҳён кўриниб қолар, абгор танани яна тўданинг бирор аъзоси зарб билан тортиб кетар, аксар ҳолларда эса иложсиз тана қутурган тўданинг оёқлари остига тушиб қоларди.
Мен унинг олдига қандай етиб келдим, буни билмайман. Учинчи қаватдан то пастки зиналарга тушиб, улар олдига етиб келгунимга қадар бечоранинг жони узилиб бўлган эди. Қўлимга дуч келган нарсани олиб, жон аччиғида тўдани ҳайдаган, уни халос этган бўлдиму, лекин, барибир, кечиккан эдим. Унинг афт-ангорини кўриб ҳам, таниб ҳам бўлмасди. Боши, танасининг юлинмаган жойи қолмаган. Атрофда эса бечоранинг патлари тўзиб қолган, ер гўё отлар кўпкари чопгандай, қушларнинг темиртак панжалари остида роса шудгорланган. Мана шу шудгор ичида эса унинг жажжигина жасади тупроққа қоришиб ётарди. Кўзлари ўйилган, оёқлари синган, қанотлари ёзиқ бир ҳолатда…
Ҳаётда ҳали яшаши учун жон ҳолатда интилаётган, ҳамон ўзини у ёқдан бу ёққа уриб, азоблар қуршовида қолган танасини қутқазмоқ азмида бўлган қарға бугун ўз қавмдошлари орасида йўқ. Балки унинг чўқилган кўзлари дастлаб, атрофга сўнгги марта нажот истаб қараркан, фавқулодда менга кўзи тушган бўлса ҳам ажабмас. “Мени бу ёвузлар қўлидан қутқаз”, дея охирги марта илтижоси, умиди балки мен бўлгандирман?
Мен эса, уни тақдир ҳукмидан қутқазолмадим! Нима, ўшанда қўрққан эдимми? Нимадан? Кимдан? Йўқ, ундаймас, улгуролмадим, холос. Дастлаб, нима бўлаётганига ақлим етмай турди… кейин эса…кеч…
* * *
Эшик аста очилиб, енгил қадам товушлари хаёлимни бўлди.
– Ассалому алайкум, яхшимисиз? – деди навбатчи ҳамшира. Сўнг қўшиб қўйди: – Мана бу кечки дориларингиз, ичишингиз мумкин.
Мен дераза олдидан қайтганимда у аллақачон кетиб бўлган эди.
Қирралари емирилиб, эшик зулфи, ошиқ-мошиқларидан хиёл ажраб, бир ёнга оғиб қолган ва анча ранги унниқиб бўлган тумбочка устидаги кафтдеккина қоғоз парчасида икки дона дори ётарди: бири перецитам, иккинчиси эса ценнаризин. Ҳапдорилардан бирини, гарчи кўнглим тусамай, ичдим-да, қайтиб симлари деярли полга тегай-тегай, деб қолган каравотга чўкдим.
Айтганча, ҳозир қушлар қаерларда экан? Ажабо, улар ҳам одам боласидай эрталаб уйидан чиқиб кетадилар-да, яна кечқурун кун ботиш арафасида таниш қўноғига қайтиб келадилар. Боз устига, ўз йўлларидан адашмай келишади. Ахир бошқа қўноққа бориб қолишлари ҳам мумкин-ку? Уларнинг шовқин-сурони-ю, чуғур-чуғурларида ҳам қандайдир маъно мужассам.
Қизиқ, ана пастда беш-олтитача қарға бир қарғани илк бор учирма қилмоқ учун куймаланишмоқда чоғи. У қанотларини кенг ёзмоқ бўлади-да, уч-тўрт газ юқорига нари учиб кўради. Ёнидагилари у қўнган жойгача югургилаб боришади-да, гўё бир нималар деётгандай “қағ-қағ”, “қағ-қағ” дея бир-бирларига ёпирилиб, уни “гурра” ўртага олишади. Бу гал у анча жойгача учиб борди. Қавмдошлар эса уни изма-из таъқиб этмоқдан ўзларини тиймасдилар. Шу алфозда қушлар галаси кўздан ғойиб бўлишди. Энг қизиғи бумас, энг қизиғи, қушча ўз қавмлари томонидан нобуд қилинган ўша қушга жуда-жуда ўхшаб кетарди. Кўрсангиз, уни сиз ҳам иккиланмай, ўша қушча ўлмай қолган экан-да, дейишингиз тайин эди. Ранги ҳам, туси ҳам, қанотлари ҳам бир хил… Аммо жуссаси ўша қушга қараганда кичикроқ, холос! Чиндан ҳам у қайтиб келган бўлса-я? Негадир унинг ўлмай қолишини жуда-жуда истайман. Унинг ўлмаслиги учун қўлимдан нима келса, шуни қилардим!
Ўйлаб қоласан киши, наҳотки, инсоний хислатларга хос бўлган бундайин аъмол қушларга ҳам хос бўлса? Инсон боласи ҳали англаб етмаган ўзга бир хилқат ҳам бор эканки, мен тушунмаган нарсани қушлар тушунса? Қушларчалик ақлим етмаса? Эртадан кечгача вағир-вуғур қилишиб қўноқларидан чиқиб кетишлари, яна кечқурун вағир-вуғур билан қайтиб келишларининг маъноси нима? Тўғри, олам – мукаммал. Биз тушунган нарсани улар билмайдилар, улар тушунган нарсани биз билмаймиз. Ҳали биз билмаган ёки тўла англаб етмаган қанча-қанча сиру синоатлар бор эканки, уларнинг пою-поёнига етиб бўлса? Қушларнинг бир-бирларига нечоғлик биродар, бир қавм ёки биродаркушлиги орасидаги фарқ қанчалик яқин бўлмасин, биз одамлар орасидаги яхшилик ва ёмонлик, ҳавас ва ҳасад, меҳр-оқибат ва биродаркушлик орасидаги фарқ ҳам унчалик катта эмас. Нега шундай?
Оқшом сукунати яна бутун касалхона бўйлаб аста-секин ёйила бошлади. Энг баланд жойларда, қуёшни илк бора қарши оладиган азим теракларнинг учларида осилиб қолган сўнгги қизиллик ҳам тамом йўқолди. Сокин оқшом ҳаловатидан баҳра олишни истаган айрим беморлар бирин-кетин йўлаклар узра узун-қисқа бўлиб кўрина бошладилар. Улар бепарво қушлар қўноқлари остидан ўтиб йўлакка чиқадилар. Нари борса, қушларга бир қараб қўядилар, холос! Зотан, бу сукунат узоққа чўзилмади. Ҳар галгидай, осмону фалакдан қушлар галаси пайдо бўлади-да, яна бутун касалхона бўйлаб чағур-чуғур қўнади. Яна мен ётган касалхона корпусига бўйлашай-бўйлашай деб қолган дарахтлар, кўз олдимда нўноқ мусаввирнинг қоп-қора бўёқлар билан чапланган илк асари каби ажиб манзара касб эта бошлайди.
Дилим оқшом рутубати каби яна хуфтон тортади.
Мен дераза олдидан нари кетман…
Ўз қавмлари орасида омонлик ва атрофдан нажот истаб, қутурган тўдага қаршилик кўрсатаётган ҳамда сўнгги дамларда жон таслим қилаётган ўша қушча кўз олдимдан ҳеч нари кетмайди. У ҳаётга келиб нима кўрди? Наҳотки уни ўлдириш шунчалик керак бўлса? Ўзи, нега у қушлар қавми орасига сиғмади?
Ечими топилмас жумбоқлар асирига айланиб оҳиста ўрнимга чўзиламан…
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 10-сон.