Ўринов жойида ўтиролмади. Гўёки оромкурсига типратикан ташлаб қўйилган-у, билмай орқасини қўйгандек эди. Салдан сўнг ана шу жонивор унинг ичига киргандек аъзои баданига ниш санчишга ўтди. Юрагида аллақандай талотўп бошланди.
– Аблаҳ, – деди у ўзига ўзи пичирлаб, – ким сотди экан-а. Аслида, айб ўзимда, тўғрикўнгиллигимга бориб ходимлар орасида ҳар қандай гапни айтавераман-да..
Эрталаб ишга яхши кайфиятда келганди. Кадрлар бўлими бошлиғининг хонасига кирди-да, ҳол-аҳвол сўрашгандан сўнг, эски одатига кўра, ҳамма ходимлар ҳаётини “варақлай” бошлади: “Эшмамат, машина олибди. Аслида-ку, маошига машина тугул эшак-арава ҳам бермайди. Бирор яширин даромади бор. Ойша ёлғиз боши билан данғиллама тўй қилди. Орқасида кимдир турибди-ёв”. Ўриновнинг “рўйхат”и тугашига анча бор эди-ю, аммо кадрлар бўлими бошлиғи Ғозиев унинг гапини бўлди:
– Ғулом ака, бўлди, шу ҳақда сўзлашмайлик. Бунақа гаплар “катта”га ҳам етиб борибди, – деди бошлиқнинг хонасига ишора қилиб. – Кеча мени чақириб, роса изза қилдилар. “Кап-катта одамлар уялмайсизларми, ғийбат, майда гап-сўзни кўтариб юришга”, дедилар. Ҳали бугун ўзингизга ҳам гапириб қолса керак.
Тамом, Ўриновнинг ичига қурт тушди. Тентак қўйдек у ёқдан-бу ёққа юра бошлади: “Ким сотди экан-а, ким сотди?!”
“Дарвоқе, – ўйлади у. – Ғозиев билан суҳбат чоғида кимлар бор эди? Ўша бўлимдаги “Опа” ҳамда янги ишга келган Толмасов деган йигит. Топдим! “Опа” сотган. Барибир аёл-да. Тили қулф-калитсиз. Энди “Катта” мен ҳақимда нима деб ўйлайди. Йўқ. Отни ўзим қамчилашим керак”.
Ана шу хаёллар оғушида Ўринов қўрқа-писа бошлиқнинг хонасига яқинлашди. Эшик олдида ҳам бироз каловланди-да, “таваккал” дея ичкарига кирди. Ўзини гўё саломлашгани киргандек кўрсатган ўринбосар бироздан сўнг муддаога кўчди:
– Жамоамизда ажойиб инсонлар бор-да, Музаффар Исҳоқович, – арқонни узун ташлади у. – Шу “Опа”ни айтяпман. Бутун ҳаётини шу ерда ўтказди. Ўзи яхши ходим-у, тилининг югуриклиги ёмон-да. Мана, кеча кўчада авария бўлибди. Шуни деразадан кўрибди-ю, ҳар бир хонага кириб, бирма-бир айтиб юрибди. Ҳай, дедим, халқнинг кўнглига ғулғула солиш яхши эмас, дедим. Ундан кейин тилингизга бир фильтр ҳам ўрнатиб олинг. Хаёлингизга келган ҳар қандай сўзнинг керагини, чиройлисини чиқаринг, дедим. Ҳа, энди, Музаффар Исҳоқович, барибир бесуяк тил-да, сизнинг қабулингизда ҳам мен ёки бошқа ходимлар ҳақида ҳар хил сўзларни айтиши мумкин. Шунга эътибор бериб, муборак асабларингизни уринтирманг, демоқчийдим.
“Хайрият, – елкасидан тоғ ағдарилгандек ҳис қилди ўзини Ўринов. – Режам шунчалик ўзини оқладики, бошлиқ кечаги гапдан сўз очишгаям ботинолмади. Шошма, агар бу гапни ҳалиги Толмасов етказган бўлса-чи? Ҳар ҳолда, ёш, “кўтарилиш” илинжида ўзини яхши кўрсатиш учун гап ташиган бўлиши мумкин-ку.
Ўринов дарҳол орқасига қайтди. Энди директор билан суҳбат Толмасовнинг аёлларга ўчлиги-ю, ўз бола-чақаси бўла туриб, тутуриқсизлик билан бошқаларга илакишгани ҳақида борди. Гап охирида ўринбосар тутуриқсиз кимсаларнинг оғзидан ҳар нарса чиқиши-ю, баъзан ўзи ҳақида туҳмат гап айтиб қўйганда эътибор бермасликни илтимос қилди.
Аммо барибир Ўриновнинг кўнгли тинчимади. Бошлиқнинг хотиржамлиги, сир бой бермаётгани уни хавотирга солди.
“Мабодо Ғозиевнинг ўзи сотдимикан, – яна ўз-ўзини сўроққа тутди ўринбосар. – Ҳа-ҳа, шундай. Ўзимам ўйловдим-а, нега бу охирги пайтларда бошлиқнинг хонасига серқатнов бўлиб қолди, деб”.
Ўринбосарнинг учинчи маротаба ҳам айб иш қилган боладай шалвираб кирганини кўрган Музаффар Исҳоқович охири ёрилди:
– Тинчликми, Ғулом Ўсарович. Нима киндигингизни йўқотдингизми?
– Тинчлик, Музаффар Исҳоқович, тинчлик, – деди ўринбосар каловланиб, – Шунчаки, анави Ғозиев масаласида келгандим. Ўзи тажрибали ходим-у, аммо ўлгудек ичи қора. Тағин, ўзи қилган баъзи ишларни бировларга тўнкашга ҳам устаси фаранг.
– Гапингизни тушунмадим, ўртоқ Ўринов?
– Ҳалиги, кечаги танбеҳингиз жуда ўринли эди. Асли ҳамма ишни қилган Ғозиев. Аммо йўғимда ўзи тўқиган ёлғон-яшиқни менга тўнкагани бироз хижил…
– Қанақа танбеҳ, қанақа Ғозиев? – деди асабийлашаётган бошлиқ энсаси қотиб.
– Кеча Ғозиевни чақирганингиз…
– Мен кеча Ғозиевни чақиртирмадим! Умуман, уч кундан буён у менинг қабулимга кирган эмас!
– Ҳа, ҳа, шундайми, кечирасиз, – рангига қизиллик югурди Ўриновнинг. Ғозиевнинг ўзига айтган сўзлари шунчаки “илмоқ” эканини билди. Лекин шундай бўлса-да, сув келмасдан бурун бандни боғламоқчи бўлди. – Ҳар ҳолда, жамоада ана шундай мулойимхунук, гап ташувчилар бор. Билдириб қўяй дедим-да.
– Раҳмат, – деди Музаффар Исҳоқович ўзини бироз босиб олиб. – Ҳар ҳолда, бугун бир мулойимхунукни таниб олдим.
Бошлиқнинг гапидаги шаъмани тушунмади чоғи, Ўринов қўлини кўксига қўяркан, илжайиб деди:
– Ҳа-ҳа, Музаффар Исҳоқович, кўрдингизми, мен сизга доимо яхши бўлишини истайман.
Директор хонасидан чиқаркан, ўринбосар хаёлини бошқа ташвиш чулғаб олди: “Бошлиқ айтган мулойимхунук ким экан? Опами? Ё Толмасовми? Эҳтимол, Ғозиевдир? Ёки бошқа биров бормикан? Тезда шуни аниқлашим керак! Кейин шунинг ёнида тилимни тий-йиб гапираман”.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 9-сон