1966 йилнинг 26 апрелга ўтар кечаси. Қоронғи осмонда юлдузлар ҳам, ой ҳам аранг кўзга ташланади. Атрофдан эса онда-сонда дайди итларнинг овози эшитилиб қолади. Бунга яқин ўртада жойлашган кўлмакдаги қурбақаларнинг қуриллашию чиргирткаларнинг тинимсиз чириллашлари жўр бўлади.
Пастак деворнинг ҳовли томонидан кимнингдир боши кўринди. Кўчада бегона шарпа ёки товуш йўқлигига амин бўлди чоғи, қўлидаги тугунни девордан оширди, сўнг ўзи ҳам апил-тапил ҳаракат қилиб ўтиб олди. Ортидан қуриган кесакларнинг тупроқлари тўкилди. Кўзлари жавдираб у ёқ-бу ёққа қаради. Қўлга тушиб қолса, уркалтак-суркалтак бўлишдан қўрқиб, зудлик билан сал наридаги тор кўчага ўзини турди.
* * *
Ҳовлига дарвозадан эмас, жўхорипоя билан беркитилган девор тешигидан кирди. Оёқ учида юриб келиб, четдаги хонага қулоқ тутди. Отасининг калта-калта йўтали қулоққа чалингач, уйғоқ эмаслигига ишонч ҳосил қилиб, ётоғига ошиқди. Даҳлизга кирди, шамни қаерга қўйгани эсида, топиб ёқишга қийналмади. Хона ичи ёришгач, аввал эшикнинг занжирига ёғоч қозиқни тиқди, сўнг ҳар эҳтимолга қарши деб деразанинг эски сарғиш пардасини ҳам тортиб қўйди. Бурчакка борди-да, шам ёруғида тугунни очди. Уч-тўрт бўлак оддий мато қўлга илинди, пешонаси тиришиб тагини кўтарганди, шамнинг липиллаган шуъласида кўзлари ялтириб кетди: тугуннинг тагида йигирманчи ипда эринмай бўлак-бўлак қилиб боғлаган пуллар бор эди. Шошиб бирини қўлга олди. Қараса, пулга бир парча қоғоз ҳам қистириб қўйилган экан. Қизиқиб шамнинг ёруғига тутди. “Гўрковга беш сўм”. Иккинчи боғламга кўз югуртирди: “Ювғич хотинга уч сўм”, яна бирида “Совунга”, кейингисида “Дуррага” деган ёзувлар бор эди. Ҳарфларнинг қинғир-қийшиқ, аммо диққат билан ёзилганига қараганда кампирнинг ўзи эринмай, битталаб тайёрлаганга ўхшайди. Ўғри йигит пулларни жамласа, анча кунга етадиган маблағ бўлишини хаёлидан ўтказаркан: “Овим бароридан келибди”, – деди кафтини бир-бирига ишқаб. Аммо шу пайт тугундаги яна бир бўлак қоғозга кўзи тушиб, ҳайрон бўлиб қолди. Негаки, катак дафтардан йиртиб олинган қоғозчага пул қистирилмаган эди. Бироқ унга: “Ўттизта рўмолчага пул йиғишим керак!” – деб ёзиб қўйилган эди. Ўйланиб қолди. Каттагина ундови бор ёзувга қайта нигоҳ ташларкан, кампир эчкисини астойдил қўриқлаб ётишининг боисини энди тушунгандай бўлди. Токчадаги сопол косаларда турган сутни эрталаб сотса керак. Тушган пулнинг бир қисмини еб-ичса, бир бўлагини… Ўйини давом эттиролмади. Саксонга кирган кампирки, ғимирлаб, ҳам бир кунини кўрса, ҳам ўлимликка пул йиғаётган бўлсаю у қайси виждон билан бировнинг пешона тери эвазига тўпланаётган маблағини “ғиқ” этмай ҳазм қилади. Биринчи марта ғалати ҳолатга тушди. Нариги хонада ётган касал отасини ўйлади. Унинг ҳам кунда сўрайдиган нарсаси битта: “Ўлимлигимга деб йиғиб қўйган пулимни ишлатиб қўювдинг, жойига қўйдингми?”
“Ҳа-а!” – дейди энсаси қотганини билдирмай. “Унда менга кўрсатиб, кўнглимни тинчлантирмайсанми!” “Ҳа, хўп”. “Менга қара, ҳов бола, бунақа нарсалар билан ҳазиллашма. Бошингга бир балони орттириб олмагин тағин. Ёлғиз ўғилсан-а. Ажалимдан бурун сен ўлиб кетсанг, мени ким кўмади? Орқамда қолишингни истайман, ахир”.
Бирор ишнинг бошини тутмай, кўча-кўйда, бозор-ўчарда киссавурлик қилиб юрган йигит шундан кейин отасининг пулини жойига қўйиш ҳаракатига тушиб қолганди. Ўйлаб-ўйлаб нариги маҳалладаги кампирнинг уйини танлади. Каттагина эчкиси бор. Оғзини боғлаб, бир амаллаб кўчага олиб чиқса бўлди. Тўғри бозорга олиб борадию кўтарганига пуллайди. Бироқ кампир шундоқ оғилхонанинг олдида ётаркан. Ундан ўтиб, оғилхона эшигини очиш мушкул. Ноилож, уй ичини титкилаб, эски кўрпа-тўшакларнинг орасидан тугун топиб олди. Бекорга бу ерга яширмагандир деб, қўйнига тиқди. Мана энди шу тугун олдида боши қотиб ўтирибди. Нима қилса экан? Эрталаб пулларни отасига кўрсатиб, кўнглини хотиржам қилсамикан? Ёки… қайтариб қўйиб келсамикин-а? Йўғ-е? Шунча пулни-я?
Бироқ отасининг таъкид билан айтган гапларини эслаб, яна тағин бирор балога гирифтор бўлишдан қўрқди. Пули йўқ қоғозчага қараб-қараб қўяркан, бирдан мардлиги тутиб кетди. Темир каравотининг бош томонидаги ялтироқ қисмини тагидан бир урганди, ажралиб чиқди. Ичи бўш трубага – каравотнинг ўнг оёғига худди бирор нарса кўринадигандай кўзини қисиб қаради. Кейин шуруп билан қотириладиган тешикчага диққат билан разм солди. Қирқталик ғалтак ип жойида турарди. Қора ипни аста тортганди, бир нечта обдон ўралган ва боғланган пуллар бирин-кетин чиқиб кела бошлади. Боғламларни битталаб санади: ўн иккита чиқди, демак, олтмиш сўм пули жойида турибди. Энг охиридаги боғламни ушлаб, ипни тиши билан узди, ўралган бир сўмлик пулларни санади, беш сўм, тўғри. Кейин ўттизта дастрўмолчанинг пули қанча бўлишини ҳисоблаб кўрди. Ўн олти тийиндан бўлса, тўрт сўму саксон тийин бўларкан, энди бу ёғига ўйланиб ўтирмади, шошмаса бўлмайди, тонг отиб қолиши мумкин. Беш сўмлик ўрамни кафти билан текислаган бўлди, унга қоғозчани қистирди-да, тугунга солди. Кетиш олдидан каравотини тўғрилаб қўйди.
* * *
Кампир ҳали уйғонмаган экан. Мушукдай писиб кириб, тугунни жойига қўйди. Яна девор ошиб кўчага чиқди. Воажаб, бирор ишидан бунчалар кўнгли тўлмаган эди. Тўғри, ўғирлик қилиб, уч-тўрт сўм топса, хурсанд бўларди, аммо кимнидир қақшатгани учун барибир юрагидан севинмасди. Бу сафар бутунлай бошқача ҳиссиётда эди. Яхши иш қилдимикан-а? Ўзи сезмаган ҳолда ёқимли ўйларга берилиб бораётган лаҳзада бирдан қаттиқ тебраниб кетди. Йиқилиб тушишига бир баҳя қолди. Нима бўлди ўзи? Яна тебранди ва у шундагина ер қимирлаётганини пайқаб қолди. Кўча ўртасига ётиб олмоқчи эди, аммо атрофдан қасир-қусур овозлар эшитилиб, эсини чиқариб юборди. Сал ўтмай одамларнинг ярим яланғоч ҳолатда бақир-чақир билан кўчага отилиб чиқаётганини кўрди. Ҳамма саросимада эди. Кимдир томи ўпирилиб тушган уйига қараб дод солади, кимдир бешикдаги боласини қучоқлаганича қаерга қочишни билмай атрофга аланглайди. Шу пайт оқ яктак-иштондаги чолнинг бир қаватли ёғоч дарвозаси остида қоқилиб тушганига, энди ўзини ўнглаб турмоқчи бўлганида устига эски девор ағдарилганига кўзи тушиб қолди. Ий-е! Ахир униям касал отаси бор эди-ку, унга нима бўлдийкин? Деворлари нураб ётган уйи босиб қолмадимикин? Йигит кўз ўнгида рўй бераётган ҳодисалардан даҳшатга тушиб, гандираклаб, йиғи-сиғи қилаётган, бир-бирини ахтараётган одамлар оралаб чопиб кетди. У қарсиллаб ағдарилаётган уйларнинг чанг-тўзонига чап беришга ҳаракат қилар, бироқ сал ўтмай кимгадир туртилиб кетар ёки оёқ остида ётган нимагадир қоқилиб забти билан ерга ағдариларди. Лекин дарҳол ўрнидан турар ва яна илдам қадам ташларди. Қанча югурмасин, йўли кўпаймаётганга ўхшарди. Қараса, оқсоқланиб қолибди. Демак, оёғи қаттиқ лат еган. Аммо бунга эътибор қилиб ўтирмади. Отаси тирикмикин, уйлари ағдарилиб тушмадимикан? Ва ниҳоят… қўшнининг уйи кўринди. Кўча девор қулаб тушгани учун устунлари қийшайиб ён томонга оғиб қолган айвони бир аҳволда кўзга ташланди. Юраги типирчилаб ўз уйига қаради. А-а! Уйи қани? Нега ер билан яксон бўлиб ётибди? Ий-е, ахир отаси бор эди-ку! Унга нима бўлдийкин? Қўрқинчдан юраги ёрилиб бандаликни бажо келтирдимикан ёки қулаб тушган уйлари босиб…
– Ота!
Отасидан айрилиб қолганига аниқ ишонган ўғри йигит айқаш-уйқаш бўлиб ётган тахталар, синчлар ва кесак гувалаларни босиб ўтиб олдинга интилди. Отаси ётган хонани тахмин қилиб, яқинроқ борди-да, овозини борича яна бақирди:
– Ота!
Ҳеч қандай жавоб эшитилмади. Қандай эшитилсин! У вайрона остини қарашга қарор қилди. Ёғочларни кўтариб нарига отмоқчи бўлди, аммо бир-бирини босиб қолган синчларнинг бирортасини ҳам жойидан қимирлата олмади. Ана энди тақдирга тан бериб ростмана йиғлаб юборди.
– Мени деб шу кўйга тушдингиз! Менинг касримга сиз қолдингиз! Бу балога мен гирифтор бўлишим керак эди, ота. Айтинг, қаердасиз? Қандай қутқарай, сизни?! – дея тиззаларига аёвсиз муштлай бошлади. Зирқираб оғриётган оёғини ҳам унутиб, устма-уст зарба туширди. – Ота, мени кечиринг, мен нодон ўғлингиздан рози бўлинг!
– Файзулла!
У донг қотиб қолди. Кимдир чақиргандай бўлдими? Овози танишми?
– Файзулламисан?
Йигитнинг юраги қўйиб юборди. Турган жойида шарт орқасига ўгирилди ва ҳожатхона томонда қўлига тунука човгум ушлаб олган отасига кўзи тушди.
– Тирикмисан, ўғлим?
– Тирикман, ота. Тирикман.
– Э, хайрият-ей… Мен сени… Буни қара-я, Худога айтган жойимиз бор экан-а?
Файзулла бунга жавобан ҳеч нима дея олмади. Фақат вайроналар орасидан бир амаллаб ўтиб борди-да, отасининг дир-дир титраётган гавдасини маҳкам қучиб, бағрига босди.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 10-сон