Фарида эринибгина ташқарига чиқди-ю, қорни кўриб уйқуси қочди. Юзига муздек ҳаво урилган бўлса-да, жилмайди. Биринчи қор-да. Ёшлигида биринчи қор ёққан пайтда дугоналарига қорхат ёзгани, уларга тутқич бермай, анча-мунча совғасини олгани хаёлидан ўтди. Эҳ, нимасини айтсин, ростдан ҳам ажойиб дамлар эди. Энди-чи? Энди кимга ҳам ёзарди, ана яқинда набира кўриб буви ҳам бўлди. Шу тобда набирасининг тезроқ юриб кетишини, кейин уни иссиққина кийинтириб қорда ўйнатишини ўйлаб энтикиб кетди. Мазза бўларди-да. Гулнора жажжи қўлларига қўлқоп кийиб, бир сиқимгина қорни олганича қиқирлаб кулиб унинг ортидан югурган бўлардими. Ҳатто ногоҳ йиқилиб кетсаям йиғламасди, бир амаллаб турарди-да, яна бувисининг орқасидан чопарди. Отган қори тегса борми, ана болажоннинг хурсанд бўлишини кўринг. Фарида шуларни хаёлидан ўтказди, чоғи, юраги ҳапқирди. Оппоқ қорни қўлига олиб, юзига босмоқчи бўлди. Лекин шундай энгашганини билади, холос, оёғи тойиб, олдинга мункиб кетди. Баланд бўйли, тўладан келган аёл “вой!” деди-ю, ерга “гуупп!” этиб йиқилди. Сал ёнбошлаб тушгани учунми, ўнг қўли тагида қолди. Оғриқни дарров сезмагани боис “Қорга йиқилдим-ку ҳеч нима қилмагандир”, деб ўйлади. Бироқ энди қўлини ерга тираб ўрнидан турмоқчи бўлувди, бирдан оғриқдан бақириб юборди…
Палата эшиги оҳиста очилди. Ичкарига қадам қўйган Ҳошимжон хотинининг уйилган қовоғини кўриб бироз сергакланди.
– Келардингиз…
– Яна нима қилди? – сўради Ҳошимжон Фариданинг гипс қилинган қўлини авайлабгина ушлаб.
– Тегманг!
– Ие, чатоқ бўпти-ку. Фақат қўлингизми ёки…
– Битта қўлим бўлганда ётармидим чўзилиб. Бошим ҳам лат ебди, шекилли, лўқиллаб оғрияпти. Бунинг устига, оёғим ҳам синганми, дейман, қимирлатишга қўймаяпти.
– Рентген қилишдими?
– Эртага ишлар экан.
– Оббо… дарров шаҳарга оборинглар, демадийизми?
– Хаёлимга келибдими? Ўзи жоним чиқиб…
– Болалар қани? Эшитишмадими? Унда ким опкелди сизни?
– Нима саксанга кирган отангиз олиб келармиди? Скорий келгунча ётдим қимирламай. Сизгаям ҳайронман, ҳалаканинг итидай Бўзга қатнаш жонингизга тегмадими? Жа, индамаса, ётиб қолганингиз нимаси? Шу яқин ўртадан иш топинг! Етар, шунча қўйиб берганим.
Фарида тутоқиб кетди. Аламини эридан ола бошлади. Гўё бошқа туманга бориб ишламаса, бу бахтсиз ҳодиса рўй бермасди. Ишни баҳона қилиб тез-тез ўша туманда қоладиган одат чиқаргани-чи? Ким билади, кечалари нималар билан шуғулланиб юрибди? Қўйдай ювош кўрингани билан… “Палакати яна менга ураётган бўлмасин?”
Ҳошимжон энсаси қотиб қўлидаги елимхалтани тумбочка устига қўйди. Бир кўнгли ўзинг-ку “Узоқда ишлаганингиз яхши, бу ердагилар қандай пул топаётганингизни билишмайди. Обрўнгиз сақланиб тураверади. Фақат кўпроқ топсайиз бўлди”, деб айтган, энди яна нега бунақа гап қиляпсан, демоқчи бўлди. Бироқ ўйидан нарига ўтмади: жаҳл устида гапирди-қўйди, тузалиб чиққанидан кейин яна елкамни силаб “бораверинг”га тушиб қолади, деб ўзини босди.
– Узоқнинг донидан яқиннинг сомони яхши, демоқчимисиз?
– Бошимга иш тушганда ёнимда бўлмасайиз, нима керагийиз бор?
– Палакат-да, хотин.
– Мен сизга ўтган йили айтувдим, ўша ер юткур остонани бузиб ташланг деб. Ўшандаям шу қўлим синиб… бир ойдан кўпроқ азоб чекканман. Тани бошқа дард билмас, деб шуни айтсалар керак-да.
– Яна пичинг қилишни бошладийизми?
– Нимаси пичинг бу гапнинг? Агар сизниям бирор ерингиз синиб, менинг ўрнимда ётганингизда билардингиз, пичингмаслигини. Аввал бузмаган бўлсангиз, ана энди таг-туги билан қўпориб ташлайсиз. Энди менга ўша эски уйнинг ҳечам кераги йўқ, билдийизми? – деди тамоғи қуриб Фарида.
У гипс қилинган қўлини ниҳоятда авайлар, бошини ёстиқдан кўтара олмаса-да, тез-тез туришга чоғланиб қўярди. Қимирланган сари эса кўзлари қисилиб, пешонаси тиришиб кетарди.
– Остонани айтяпсизми ёки…
– Остонага қўшиб эски уйларниям бузиб ташлайсиз!
– Ахир этта яшаб турибмиз-ку, – ниҳоят тилга келиб сўради Ҳошимжон дераза рафига суяниб.
– Бўлди, энди бошқа яшамаймиз. Шу бугуноқ ҳамма нарсаларни янги уйга ўтказиб қўйинг. Баҳорни кутиб ўтирмаймиз. Бу ердан тўғри янги уйга бораман. Тушундингизми? – деди Фарида нигоҳи билан эрини қидириб. – Бошимда турмай, маметга келиб ўтирсайиз-чи!
– Дадам… кўнмайдилар.
– Дадангизни… энг четдаги, ошхона олдидаги хонага жойлаштиринг. Чолга ўша ер ҳам бўлаверади.
– Эсингиз борми, у ерни омбор қиламиз-ку?
– Бўлмаса, ётоқхонамизга олиб киринг, биз билан турсин! Шу гапни кутганмидийиз! Ким айтади, сизни кап-катта киши деб. Мундоқ бошингизни ишлатсангиз-чи! Дада, биз қурган янги уйда ҳам яшанг энди, ахир бу уйни сизни деб қурганман-а, деб аврайсиз-да. Нима, шуларниям мен ўргатишим керакми сизга. Шу калла билан қанақиб солиқда ишлаб юрганингизга ҳайронман.
Ҳошимжон ғижиниб қўйди. Бироқ унинг афти буришганини хотини кўрмади. Нима қилишни билмай, олиб келган нарсаларини елимхалтадан чиқара бошлади. Чунки тортишиш фойдасиз эди-да.
– Мана бу иссиқ шашликни ейсиз. Шетда турўрсинми ё олдийизга қўйиб берайми? – сўради Ҳошимжон, ноилож хотинига тиржайиб боқаркан.
– Нима, кетмоқчимисиз?
– Бошқа гапийиз бўлмаса…
Фарида юзини бурди. Ҳошимжон кетишга чоғланди. Энди эшик олдига етиб борганди, хотинининг дағдағаси яна миясини эговлади.
– Янги уйга кўчиб ўтишни пайсалга солманг, уч-тўрт кунда чиқиб қоламан. Эскиларни битта қўймай буздириб юборинг! Агар қимасайиз, ўзийиздан кўринг. Тўртта эркакни бошлаб келиб, хотин бошим билан текислатиб ташлайман. Отайизи дийдиёсига қараб ўтирмайман!
Ҳошимжон бир зум хотинига қараб турди-да, индамай эшикни ёпди. Фарида эрининг ортидан “Эшитдингизми?!” дея бақирганича қолди.
* * *
Уйга келган Ҳошимжоннинг мардлиги тутдими, қўлига эски болтани олди. Айвонга чиқиш учун қилинган ёғоч остонанинг олдига келди. Ўйланиб ўтирмади, бир уриб эски остонанинг қийшайтирди, иккинчи зарбда эса пачақлаб ташлади. Кўнгли жойига тушиб, қаддини ростлади.
Тарақ-туруқдан безовта бўлди, чоғи, нариги четдаги хонадан аввал дадасининг заиф овози эшитилди. Бироздан кейин эшик олдида ҳассага таянган Ҳамроқул ота кўринди.
– Сенмидинг? – деди Ҳамроқул ота хира тортган кўзларини ўғлига тикиб. Сўнг унинг қўлидаги болтага нигоҳи тушиб, бирдан ҳушёр тортиб сўради: – Нима қиляпсан, ўғлим?
Ҳошимжон дадасининг саросимага тушганини кўриб, болтани четга улоқтирди. Сўнг михидан яхши ажрамаган тахтани бир тепди. Нима гаплигини англаган Ҳамроқул ота айвондаги диванга амаллаб ўтирди, кейин ўғлига разм солганича деди:
– Остонада нима айб, болам?
– Бузиб ташламасам, палакатдан қутулмаймиз, шекилли. Шу билан иккинчи марта қўлини синдириб олди келинингиз. Яна тағин иккиласидаям шу лаънати остонадан йиқилганини кўрмайсизми?
– Худодан беамр бандасига тикан кирармиди, кўргилик-да, – деди Ҳамроқул ота бу сафар хотиржамлик билан.
Ҳошимжон ялт этиб дадасига қаради. Диванга ёнбошлаган чол негадир енгил хўрсиниб қўйди. Шу пайт Ҳошимжоннинг хаёлидан хотинининг “Танаси бошқа дард билмас” деган гапи ўтди. Фариданинг аҳволини сўраб-суриштирмагани етмагандай, бепарволиги-чи? Тавба, ота дегани ҳам шунақа бераҳм бўладими?
– Энди бу эски уйни ҳам бузаман, дада, – деди Ҳошимжон ерга “чирт” этиб тупираркан.
Ҳамроқул ота қулоқларига ишонмай қўли ҳассасига югурди. Бир амаллаб қаддини ростлаб, шу пайтгача яшаб келган уйга пешонасини тириштирганича тикилаёган ўғлига жиддий қараш қилди.
– Нима дединг?
– Шу баҳона анави янги солинган хоналарга кўчиб ўтамиз. Қаранг, бу чор девор уй шундай чиройли ҳовлининг хунугини чиқариб турибди. – Ҳошимжон шундай деб оёғи билан тахталарни жимғарган бўлди.
– Бу гапни бир гапирдинг…
– Қариганда янги уйда маза қилиб яшайсиз, – дея дадасининг гапини оғзидан олди Ҳошимжон. – Қўни-қўшнилар ҳам қачон кўчиб ўтасизлар, деб сўрашгани сўрашган. Эрта-индин кириб олсак, бирорта қўй сўйиб…
– Яна пича шошма, – Ҳамроқул ота ҳам ўғлининг гапини бўлди. – Ўлганимдан кейин нима қилсанг, қилаверасан. Аммо бу уйга тегмайсан, уқдингми? Жуда кўчгинг келса, ана хотининг билан истаган хонага кириб олавер.
– Ахир, ойим ҳам шу остонадан йиқилиб, қўлини, учта қовурғасини синдириб олганди. Ўшанда қанчалар азоб чекканини ўзингиз жуда яхши биласиз. Кейин ҳеч қанча ўтмай… раҳматли бўлиб кетдилар. Энди эса бу ёқда хотиним. Нима, қарғиш текканми бу ярамас остонага!
– Жаҳлинг ҳам бор эканми, ўғлим?
– Дада!
– Шу уйни бузишга аҳд қилган кўринади келин. Ҳа, майли, шу билан кўнгли тинчиса, нимаям дердим. Бу ёғини ўзинг биласан, яна балога қолиб юрмагин.
Ҳамроқул ота шундай деб зўрға ўрнидан турди. Бошини сарак-сарак қиларкан, томирлари бўртиб чиққан озғин қўллари билан ҳассани маҳкам сиқди. Совуқ ўтдими, бир-иккита калта йўталди, кейин аста юриб ичкарига кира бошлади.
Ҳошимжон қадди букилган дадасининг ортидан бир зум тикилиб қолди. У шу тобда иш осон битганидан хурсанд бўлишни ҳам, хурсанд бўлмасликни ҳам билолмади.
* * *
Баҳорнинг сўнгги ойи бошланди. Кунлар исиб, сал совуқни ҳам билдирадиган қўлдаги жароҳат деярли унутилди, киши бирор нарсадан қийналмаганидан кейин хотиржам бўлади-да. Осойишта, безовталик йўқ кўнгилга эса хурсандчилик ярашади. Янги уйга бир-биридан чиройли жиҳозлар олинди. Бу орада Ҳамроқул ота ҳам юмшоқ ёғоч каравотли бўлиб қолди. Кейин каттагина қилиб уй тўйини ўтказишди. Солиқчининг уйига қишлоқ аёлларининг келгани ҳам келди, келмагани ҳам келди. Энди-энди тўй-маъракаларга аралаша бошлаган Фарида яқинда тортган азоб-уқубатларини эсидан чиқарди. Кўнгил сўраганларга ҳам “Ўша кунларни эслатманглар”, деб танбеҳ берадиган бўлди. “Оғзи қийшиқ бўлсаям, бойнинг боласи гапирсин” деганларидай, баъзи қўшнилар хушомад қилишиб охирги бир-икки йиғинларда Фаридани “Бой хотин”га айлантирди-қўйди. Бу гапдан оғзининг таноби қочган, бўйи осмон қадар чўзилган Бой хотин эрим олтин балиқча тутиб олган, дея ҳазил-ҳузул қиладиган одат чиқарди. Мингтепаликларнинг юзига тик қаролмай қолганидан, ўтган йили Бўз шаҳрига ишга ўтиб кетган “Балиқчи чол”нинг ростдан ҳам омади чопган эди. Тагида янги “Нексия”. Саккиз хонали уйни данғиллатиб қуриб қўйди. Иккала ўғли институтда ўқийди. Биттаю битта эркатой қизи яқинда мактабни тамомлайди. Лекин кийинишда унча-мунча шаҳарлик қизларни доғда қолдиради.
Яқинда яна бир гап тарқалди. Эмишки, “Бой хотин” уйида шаҳарликларга ўхшаб хизматкор ишлатаётганмиш. Нариги қишлоқлик бир аёл кир-чирини юваркан, озиқ-овқатини тайёрлаб бераркан. Уйдагиларнинг бирортаси қўлини совуқ сувга урмас экан. Ҳатто келинига ҳам иш йўқмиш. Кўпчиликнинг оғзи очилди: ана ҳаёт-у, мана ҳаёт! Қишлоқда ҳам шоҳона яшаса бўларкан-да, а?
Ҳам ҳавас, ҳам ҳасад билан шундай ширин кунлар аста ўтиб борарди. Бугун эринибгина ўрнидан турган Фарида деразадан ташқарига тикилди. Негадир ҳавонинг авзойи бузуқ эди. Яхшилаб қараганди, майдалаб ёмғир ёғаётганга ўхшади. Деразани очди, дарҳақиқат, ёмғир шивалаб турарди.
Ишком тагидаги сўрига назар ташлади. Каттагина хонтахта устидаги дастурхон нозу неъматлар ила уй эгаларига мунтазир эди. “Балиқчи чол” эртароқ ишга кетган, шекилли, машинаси кўринмайди. Талабалар ўринларидан туришганга ўхшайди, тепадаги хонадан шовқин эшитила бошлади. Қизлар ноз уйқуда бўлишса керак, уларнинг хонасида жимлик.
Фарида юзларини ёмғир сувида ювишни ва болаларидан сал аввал сўрига бориб ўтиришни ўйлаб, бахмал халатини кийди-да, хонадан чиқа бошлади. Усти ёпиқ сўрида ёмғир пайтида ўтиришнинг гашти бошқача-да. Чор атрофидан муздек сув оқиб турибди. Ҳаво шундай тозаки, нафас олиб тўймайсан. Тагингда қалин кўрпача. Қўлингдаги пахта гулли пиёлада қайноқ чой. Салдан кейин ярим коса қилиб иссиқ мастава олиб келса, уни қатиқлаб мириқиб ичиб олсанг, оҳ, бунинг лаззатига нима етсин!
Иштаҳаси очилган Фарида шундай остонага қадам қўйганини билади, холос. Фалокат оёқ остида деганлари шуми, қандай қилиб тойиб кетганини англолмай қолди. Баландлиги бир метрлар келадиган зинапоя шундоқ айвоннинг остонасидан бошланарди. Мармар зина ҳўл эмасди, оёғи силлиқиб кетди, деса. Бунинг устига, зинага полос ташланган. Унда нима бўлди? Қандай қилиб оёғи қийшайиб олдинга мункиб кетди?
– Қўлингиз яна синибди. Гипслатмасангиз бўлмайди, – деди Фариданинг рентген қоғозини текшириб кўрган шифокор.
– Сизга нима бўлган ўзи, нуқул шу қўлингизни синдириб келасиз? – сўради бу гал ҳайронлигини яширолмай, гипс тайёрлашга киришган ҳамшира аёл, семизлигига қарамай, чаққон ҳаракат қиларкан.
Фариданинг юраги орқасига тортиб кетди. Ҳозир баланд бўйли, тўладан келган шифокор киради-да, синиб қийшайган қўлни тўғрилайди. Бақирганига қараб ўтирмайди. Ўҳ-ҳў, ўша пайтдаги азобни тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Худди бошқатдан синдирганга ўхшайди. Лекин Фарида ҳозир бўладиган оғриқни ҳис қилганидан эмас, балки ҳамшира аёлнинг ўринли саволи пешонасидан совуқ тер чиқазди. У ичидан зил кетди, хуноби ошди, кимдандир дарғазаб бўлди. Бироқ шу тобда унинг кўнглидан кечган нарсалар бир ўзигаю ёлғиз Худога аён эди, холос. Фарида қуруқшаган лабларини тишлади. Боғлов хонасига ўтган галги шафқат нималигини билмайдиган шифокор кириб келганда эса беихтиёр ҳушини йўқотди.
* * *
– Шаҳарга кўчамиз, дада, – деди Ҳошимжон кечки овқатдан сўнг дадасининг олдига кириб бироз ўтиргач.
Яқиндан бери ётиб қолган чол ўғлининг овози титраб чиқдими ёки ғазаб аралаш айтилдими, билолмай қолди. Балки шунданми бошини салгина кўтарган кўйи сўради:
– Қаерга?
– Шаҳарга. Уйни сотамиз. Мен гап остонадамикин десам, умуман бу ҳовлига қарғиш теккан, шекилли. Қариган пайтда менам хотиндан айрилиб…
– Задания қаттиқ бўлганга ўхшайди, а? – деди чол ўғлининг гапини шартта бўлиб.
– Кўрмаяпсизми, палакат аримай қолди уйимиздан.
– Ақлинг жойидами сен боланинг, ё хотининг миянгни айнитиб қўйганми? Қачон бундоқ бир мустақил фикрга эга бўласан, ўзи? – Ҳамроқул ота ётган жойидан туриб кетаёзди.
Ҳошимжон елкасига ҳасса тушиб қолишидан ҳадиксираб дераза олдига ўтди. Кейин бирдан ёдига нимадир тушиб ташқарига нигоҳ ташлади, гапларини ҳеч ким эшитмаётганига ишонч ҳосил қилгач, аста дадасига юзланди.
– Шаҳар яхши-ку, дада. Қаранг, ҳамма ишлагани шаҳарга кетяпти. Йўлини топиб, ўрнашиб қолаётганини айтмайсизми? Бизнинг улардан қайтимиз кам?!
– Лекин мен ҳеч қаерга кетмайман! Уқдингми? – Ҳамроқул ота бу сафар ҳам ғазабини яширолмади. Овози хириллаб чиқса-да, аниқ эшитилди.
Ҳошимжон дадаси қалтираган қўллари билан адёлни маҳкам сиққанда сал хавотирга тушди. Бошқа индамай қўяқолай, деган фикрга борди. Аммо бу иш ҳам ўтган сафаргидай силлиқ битиб қолармикин деган илинжда яна гап бошлади.
– Набираларингизга ҳам жуда қулай бўларди-да, дада. Қишларда ўқишга зўрға бориб келишяпти. Лекин эрта-индин қизлар ҳам ўқийман, деб қолишса…
– Сен бола, гапни айлантирма! – деди Ҳамроқул ота ўғлининг найранг қилаётганини фаҳмлаб. – Қизларинг ўқийман деса, дарров ётоқхона беришади. Элу халқнинг боласи нима бўлса, улар ҳам шу. Жа, хавотир олсанг, ижарага бирорта уй топиб берарсан.
– Шаҳарга нима етсин, дада.
– Қариган чоғимда шаҳарда нима бор менга? Э, йўқ, ўлигим шу ердан чиқади! Уқдингми?
– Ахир…
– Бўлди, чайналма!
– Ахир…
– Яна ахир дейсан-а?
– Ахир, ҳадеб остонадан йиқилиб тушаверса, мен нима қилай, дада? Бунақада майиб бўлиб, ётиб қолади-ку.
– Мен чидаяпман, сенам чидайсан.
– Ийе, бу нима деганингиз?
Ҳошимжон дадасидан бундай гапни сира кутмаган эди. Совуққина муносабатдан ғалати аҳволга тушиб қолди. Кейин бирдан асаблари таранг тортилиб, хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.
– Ахир, онам ўлганларида жуда куйингандийиз-у. Ҳатто касал бўлиб ётиб қолгандийиз. Нима, энди сизга барибирми? Биз билан ишийиз йўқми? Фарида остонадан йиқилиб ўлиб кетсаям майлига экан-да.
Чол ўғлига “Ўтирсанг-чи”, деганди, овози хириллаб чиқди, аммо бўш келмади: ёнига суяб қўйилган ҳассани олди-да “дўқ” этиб полга урди. Ҳошимжон юришдан тўхтади. Зўрға ютинган ота заиф товушда деди:
– Ҳўв, нодон бола. Сен бу ишларга ҳалиям остона сабаб деб ўйлаяпсанми? Ё энди ҳовлини айбдор қилишга ўтдингми?
– Унда, нима, дада? Шунча яшаб қишлоқдан бирортасининг остонадан йиқилиб тушганини эшитганмисиз? Масалан, мен эшитмаганман. Бироқ охирги икки йил ичида эшитиш у ёқда турсин, ўз кўзим билан кўряпман. Яна қаерда денг, шу уйимизда! Бир эмас, икки киши йиқилиб тушса, ҳатто биттаси шу азобдан ўлиб кетса, бу уйни яна нима деб ўйлаш керак? – ноилож дадасининг қаршисидан жой олган Ҳошимжон ўзини тўхтатолмай гапира кетди. – Нега индамайсиз, дада? Ахир, ўзингиз ҳам остонани янгиласаммикин, дегандийиз-у онамдан кейин. Ёки эсингиздан чиқдими?
– Демак, ҳеч нарсадан хабаринг йўқ.
– Тушунмадим, нимадан хабарим йўқ, дада?
– Хотининг сабабини айтмабди-да.
– Йиқилиб тушганиними?
– Ҳа.
– Йўқ.
– Айтолмайдиям.
Ҳамроқул ота бу гапни айтишга айтди-ю, кейин ўйланиб қолди: “Билганда нима ўзгарарди, бу лаллайганнинг қўлидан бирор нарса қилиш келармиди? Хотинини сўкиш, уриш тугул, қаттиқроқ гапиролмайди-ю. Билмадим, кимга ўхшади экан? Пулни сен топаётганингдан кейин тилинг ҳам шунга яраша бўлмайдими, даюс. Э, садқаи эркак кет!”
Чол ёнбошлаб олди. Хаёлида марҳума хотини жонланди. “Лекин кимга-қийин, менга қийин бўлди, онаси. Неча кундирки, бу лапшайган ўғлингга нима дейишни билмайман. Мана, ҳозир кўзини лўқ қилиб оғзимга термулиб ўтирибди. Эски остонага қўшиб сен билан шунча йил бирга яшаган уйимизни ҳам бузиб ташлади. Тишимни тишимга қўйдим. Агар сен тушимда қўлимдан етакламаганингда янги солган хоналарига асло кирмаган бўлардим. Эскирган бўлса-да, ўзимизнинг уйимиз яхши эди. Лекин буни қара, янги уйларида тинч яшаймиз деб ўйлашганди, бўлмади. Яна Худонинг қаҳрига учраб, баландгина қилиб қурилган зинадан йиқилиб тушди. Лат емаган жойи қолмаганмиш. Билишимча, энди бу ҳовлига келишга юраги бетламай турибди. Шунданми, буниям сотиб шаҳарга кўчишармиш. Бу ердан узоқроққа кетса, гўё уни ҳеч нарса таъқиб қилмайди. Худонинг назари тушмайдиган ер бор эканми бу ёруғ оламда. Наҳот, шуни фикр қилиб кўрмаётган бўлса? Нима дейсан? Мақсади бошқами? Маҳалла-кўйдан қочяптими? Йўғ-е?..”
– Дада!
– Ҳм.
– Ухлаб қолдингизми?
– Намунча шовқин солмасанг?
– Нима дейсиз?
– Нима дейишим керагийди? – чол кўзларини сал очиб ўғлига қараб қўйди.
Ҳошимжон хавотирга тушди.
– Доктор чақирайми, дада?
– Нимага доктор чақирасан?
– Яхшимисиз, ўзи?
– Тавба, сенларнинг дастингдан кўзимниям юмолмайманми? Ё дарров ўлдига чиқариб қўйдингми? – деди Ҳамроқул ота ажин босган пешонасини баттар тириштириб.
– Нега унақа дейсиз, дада? Гаплашиб туриб… ухлаб қолганингизга…, – ғудранди Ҳошимжон сал енгил тин олиб.
– Нима деётгандинг?
– Шаҳарга кўчишни маслаҳат қилаётгандим, – деди вазиятни юмшатишга уринган Ҳошимжон.
Ҳамроқул ота “йўғ-е” дегандай ўғлига бир зум разм солди. Ҳошимжон кўзларини яшириш мақсадида дадасининг устига ёпилган қизил гулли адёлнинг у ёғ-бу ёғини тўғрилаган бўлди. Аммо унинг ҳаракатлари табиий эмасди.
– Менимча, сен шаҳарга кўчамиз, дединг, шекилли? – чол ақли ҳали жойида эканлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлдими, дангал гапирди.
– Қишлоқда шунча чанг ютиб юрганимиз етар. Биз ҳам одамларга ўхшаб би-ир шаҳарда яшайлик-чи, нима бўларкин?
– Солган уйинг ҳам шаҳарникидан қолишмайди.
– Сизни орзу-ҳавасли киши, дерди онам раҳматли. Ҳатто бир пайтлар шаҳарда туғилмаганингизга афсус ҳам қилган экансиз? Тўғрими? – бу гап эсига тушиб кетганидан бироз дадилланди Ҳошимжон.
– Ёшликда гапирган бўлсам, гапиргандирман. Аммо ҳозир бу ердан ҳеч қаерга кетгим йўқ. Агар сенлар кетмоқчи бўсанг… бемалол. Менга деса, Тошкентга бориб яшамайсанми? Аммо бир нарса ёдингда турсин. Қаерга борсаларинг ҳам, остонасиз уй бўлмайди. Остона эса хотинингга баъзи нарсаларни ёдига солиб туради. У жонини қанчалар асрамасин…
– Тўғри айтасиз, у остоналардан шунчалар қўрқиб қоптики, ушлайдигани йўқ бўлса, тушмайман дейди. Бирортасини чақирмагунча тураверади. Шунинг учун остонаси пастроғидан топсак, бунчалик бўлмас.
“Эҳ, нодон бола, бунчалар шапкўр бўлмасанг. Энди бундоқ ўйлаб кўрсам, онанг раҳматли ҳам билдирмай тўғри қилган экан. Қўлингдан бир иш келмаслигини сезганда, бўлмаса, “Хотининг мени остонадан итариб юборди”, деб айтган бўларди. Ўзи индамагани қолиб, мениям оғзимни очирмади. Аслида унинг гапига қулоқ солган мен аҳмоқман. Шартта айтмайманми? Урсанг, урардинг, урмасанг, ҳеч йўқ хотинингнинг қилмишидан хабардор бўлардинг-ку. Болалари етим бўлиб қолмасин, деб қўрқибмиз-а. Жуда калта ўйлабмиз. Шундай топармон эрни ташлаб гўрга кетардими, бу маккор. Эҳ, хотин, хотин. Сенинг шу гапинггаям кирмасам бўларкин? Ўша пайтда жаҳлим чиқиб, одам боласини танимай турувдим, шарт айтардим-қўярдим. Мана, энди айтишниям, айтмасликниям билолмай хунобим ошиб ётибди. Бор таваккал қилиб, юзига айтсам-у, қўлидан ҳеч вақо келмаса, баттар сиқиламанми, дейман. Индамасам, хотиним яхши деб ўтиб кетаверадими деб яна юрагим эзилади. Аммо сен, онаси, Худога солиб бир ҳисобда тўғри қилган экансан. Билиб тургандирсан, қайта-қайта остонадан йиқилиб тушаётганини. Буни қара, додини бировга гапиролмайди, дегин. Менимча, Худогаям айтолмаётган бўлса керак? Ҳа, айтолмайди. Ёки уялмай дардини достон қилаётганмикин-а? Яна ким билади, дейсан?
Аммо бу дунё қайтар дунё эканлигига ақли етгандир? Бир эмас, икки эмас, уч марта қўли синиб, қилмишига минг афсус чекиб ўтиргандир? Ёки фаҳми етмадимикан? Тўғри айтасан, эртадан кечгача азоб чекиб ётади-ю, ўйламайдими?”.
Ўғлининг томоқ қириши чолнинг хаёлини бўлди.
– Мендан кейин бу уйнинг чироғини ёқиб ўтирасанми, десам… Барибир келиннинг гапини икки қилолмайдиган кўринасан. Ҳа майли, ишқилиб, омон бўл, ўғлим, омон бўл. Худо сенга тўзим берсин.
Ҳамроқул ота шундай деб юзини ўгириб ётди.
Ҳошимжон на кетишини, на кетмаслигини билолмай, анчагача жойидан қимирламади. Аммо яна озгина ўтирса, дадаси ухлаб қоладигандек, дарҳол ўрнидан турди. Аста юриб эшик олдига келди, яна тўхтади, бутун гавдаси билан ортига қаради. Озиб кетгани адёл остидан ҳам шундоқ билиниб турган дадасига ачингандай бўлди. Аммо “Чолни кўндиролмасангиз, ўзийиздан кўринг. Бўзда ўйнашингиз борлигини ҳаммага айтиб, шармандангизни чиқараман. Нима, бу гаплардан ҳеч кимнинг хабари йўқ деб ўйлаганмидийиз? Сиз ҳали шошманг, бу бевафолик учун жавоб берасиз. Индамай кетадиган аҳмоғингиз йўқ. Шунча яшаб билмадингизми кимлигимни? Мен ер тагида илон қимирласа биладиган аёлларданман! Юзимга оёқ қўйдингизми, энди шунга яраша жавоб оласиз. Шундоқ кўзингизнинг олдида менам биттасига тегиб оламан-да…” деган дағдаға унинг юрагини тилка-пора қилган эди. Қаердан билдийкин, кимдан эшитдийкин, деган саволлар хаёлидан кетмай қолди. Туриб-туриб ичидан қалтирарди. Шунча пул топиб келганда обрўси бир сиқим. Агар ишдан ҳайдалса борми, сариқ чақалик қадр-қиммати қолмаслиги уни чўчитаётган эди. Ҳошимжон шу ишни битирсам, балки хотиним тўполон қилмас, деган ўйга борди. Хонадан чиқиб кетмаётганининг сабаби ҳам шунда эди.
Бўзда қолиб ўтказган ширин кечалари энди уйқусиз тунларга ёхуд заҳар-заққумга айланиши мумкин. “Нима жин урди ўзи мени? Туппа-тузук ишлаб юрувдим-ку бошқа туманларда. Лекин охирги пайтларда асабниям тугатди-да, бу жағинг қурғур хотин. Уйга келсам, юрагим сиқиладиган бўлиб қолибди. Демак, айб ўзида. Эркак киши уйида ором топмагандан кейин…”
У шундай деб ўзини оқлаган бўлди. Бироқ бу гапларни Фаридага айтиш учун катта юрак керак эди. Агар амаллаб гапирганда ҳам унга қулоқ солиб ўтирмайди бу Фарида деганлари. Нима қилса экан-а?
Ҳошимжон “Э, бир гап бўлар-да, шаҳарга кўчадиган бўлсак, у ерда ким билиб ўтирибди”, деб қўлини силтади-да, аста ютинди. Дадаси “Ҳм, ҳалиям турибсанми?” деб сўраб қолармикин, деган умидда эди. Жавоб бўлавермагач, пешонасини силаган кўйи деди:
– Бир ўзингиз қийналиб қоласизми, дейман-да, дада?
Чолдан садо чиқмади.
– Лекин… бу уйни сотмасам, шаҳардан жой ололмайман.
Бу гапдан кейин Ҳамроқул ота салгина қимирлагандай бўлди. Ҳошимжон икки қадам олдингга юрди. Дадасининг бош томонига энгашаркан шошиб сўради:
– Бир нима дедингизми, дада?
Чол базўр ютиниб қўйди. Ҳошимжон саволини яна қайтарди. Кейин қаддини ростлар экан:
– Ахир, бир нима десангиз-чи? – деди бу жимликка норозилигини билдириб.
Ҳамроқул ота яна қимирлаганди, Ҳошимжон қулоқларини динг қилиб дадасининг қуруқшаган оғзига тикилди.
– Озроқ сув олиб келайми, дада?
– Сен… ҳаракатингни… қилавер.
– Ростданми, дада? Ростданми? Раҳмат, катта раҳмат. Сизни тушунган одам эканлигингизни билардим. Бўлди, дада, сизни ўзим елкамга кўтариб шаҳарга олиб кетаман. Керак бўлса, дўхтирларга кўрсатиб, даволатаман. Набираларингиз ҳам ҳафталаб ётоқхонада эмас, сизнинг олдингизда туришади. Уларни соғиниб кўчага кўз тикиб ўтирмайсиз. Ўқишидан чиқишади-ю, тўғри олдингизга келишади. Мана, кўрасиз, шаҳарга кўчиб борганингизга асло афсусланмайсиз!
Ҳамроқул ота индамади. Ўғлининг гаплари элас-элас қулоғига чалинди, ҳатто баъзиларини яхшигина англади ҳам, бироқ жавоб қайтаришга ожизлик қилди: тили айланмай, танглайига ёпишиб қолгандай туюлди. Кейин тобора оғирлашиб бораётган қовоқларини аранг кўтариб қўйди, холос.
Ҳошимжон кўчишга розилик олганини айтиш учун хотинининг олдига ошиқди. Агар сал пастроқ энгашганида ҳам дадасининг кўзидан сизиб оқаётган ёшни илғаган бўларди. Бироқ падари бузрукворининг сўнгги гапини ўзича тушунган ўғил “Бу ишни ҳам уддаладим, хотин” деган хаёлда шошиб хонани тарк этди.
* * *
Ярим кечада Ҳамроқул ота ётган хонадан йиғи овози эшитилди.
Қўл-оёғи гипсда эканидан уялган Фарида шифохонадан чиқмади. Чиқолмади. Лекин қачондир уйига қайтиши ва яна остонага қадам босиши лозимлигини ўйлаб юраги баттар сиқила бошлади…
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 5-сон