Дебоча
Эркак киши бўлиб мен сизга сўнгги кунларда бошимга тушганларни айтсам ё ишонасиз, ё ишонмайсиз, аммо ҳар икки ҳолда ҳам устимдан мириқиб кулишингиз тайин. Майли, кулсангиз кула қолинг. Балки мендек бир бечоранинг бошига тушган кутилмаган саргузаштлардан умрингиз узаяр.
Аммо келиб-келиб булар хумкалла, ошқовоққорин, бадқовоқ Шерали ёхуд ғуппа семиз, устақўполдек ғўламисол Эрали қолиб, бемаврид менгина бечоранинг бошига тушганига ўлайми, қолайми? Билмайман, айбим нимада, бўз ерларга шўр улашган Худойим тақсимот бизнинг пешонага етганда жа ҳиммат кўрсатворган, шекилли. Ахир тепадан шундай амри фармон келиб тургач, мен бир бандаи ожиз нима ҳам қила олардим, кўргилик-да, берганингга шукр деб чидаймиз-да, шўримга тушган шилдир шўрвани алам билан сипқарганча.
Ҳаммасига бошдан-бош ўша “машъум кун” биргина ҳикоямни ўз газетасида босилганини айтган оғайнимнинг қўнғироғи сабаб бўлди. У ҳикоямга қалам ҳақи борлигини суюнчилади. Хушхабардан хаёлан қушдай осмонга кўтарилдим, паға-паға оппоқ булутлар қучоғида гўё чиройли қанотларимни силкитиб уча кетдим. Бундай ҳаволаниб учишлар дарёда балиқдек сузишдан минг чандон ҳузурли, ахир думалоқ ер пастда – қанотларингу нигоҳларинг остида қолади-да. Аслида-ку салга кучайиб, ҳаволанмай ерда юраверган яхши-ю, лекин бу ижод қурмағурнинг мана шунақа дилни қитиқлаб осмонга элтувчи васвасаси бор-да. Сирасини айтганда, ўша бевафо қалам ҳақини бирорта ижодкор ўзига дўст билмайди. “Гонорар” яъни қалам ҳақи, ўйнаш хотиндай бир гап, у ҳеч кимга, ҳатто ўзини аллома санаган мухбиру мухбирваччаларга ҳам, хом-хатала асар ёзиб, “Классикман, пишган қовунни бандидан уздим”, деб юрган чаламулло ёзғувчиларига ҳам “вафо” қилмаган. Ё вафо қилганини кўрганмисиз? Ёки бирорта ёзувчини қалам ҳақидан бойиб кетганини эшитганмисиз? Буни сиз билмасангиз, мана, биз – ёзувчи аҳли яхшигина биламиз. Бироқ билсак-да, ёзаверамиз-ёзаверамиз. Қалам ҳақидан ҳам воз кечолмаймиз. Ўзи-ку кўзни чирт юмиб унинг баҳридан ўтиб қўя қолган ҳам афзал, ахир у чўнтакка киргач, етим жўжадай ўзингникини ҳам эргаштириб кетади, ўн минг бўлса, ўнга ошириб…
Шундай куйиниб юрганларни кўпини кўрганман, йиғламсираганча зорланиб сўзлаганларини ўз қулоқларим билан эшитганман. Шуни билсам-да, барибир қалам ҳақининг дараги чиққан заҳоти ҳали уни олмасдан икки кун бурун улфат қидиришга тушиб кетаман. Бу шунчаки одат эмас, қисмат. Аслида қалам ҳақи пластик карточкадаги пулга ўхшайди, худди осмондан тушгандек тугагунча бош қотирмай ишлатаверасан, ишлатаверасан, тугагач, эҳ аттанг, дея қотган бошни чангаллаб қолаверасан. Менам шунақа: тўйса очарини ўйламайдиган ижодкорларданман. Асли ўша “бевафо”га яқинлашмасликни ўйлайман-у, лекин унинг тангасиниям баҳридан ўтолмайман… Ахир у – пешона тери-да…
Уф-ф, кечирасиз, гапни чўзиброқ юбордимми? (Буни қалам ҳақи илинжига йўйманг).
Хуллас, ўша куни уйдан чиқишда тишимнинг кавагида асраб юрган юз мингни ҳам олволдим. Барибир қалам ҳақида вафо йўқ, уйга келиши гумон. Уйдан олволганим дадиллик учун, ёнингда пул турса бел баққуват, тил бурро бўлади, тутилмай гапирасан, шаҳдам-шаҳдам қадам ташлайсан.
Юз минг сўм қалам ҳақини олиб, чўнтакка солиб, мирзатеракдай серрайиб, танамга сиғмай, газета ҳисобхонасидан чиқдим. Ҳар ҳолда бу пулга ҳозирги кунда осмондаги ойни олиб бўлмаса-да, ўз танамда яйрайман. Ўша газетада ишловчи ошнамнинг ҳам вақти келганда оғзини ёғлаб қўяман. Биз биров қилган унча-мунча яхшиликни унутиб кетадиганлардан эмасмиз… Фарғоналикман-а!
Ўзимча турли режалар гирдобида айланаман. Олган пулимни уй тўловларига ишлатсаммикан ёки бозорга тушиб хотинимнинг пичингларини тескарисини қилиб, уйга бир кило эмас, икки кило гўшт кўтариб, шаҳаншоҳдай гердайиб кириб борсаммикан? Чексиз ўйлардан чекли қарорга келолмайман. Азалдан одатим шунақа: сал ҳардамхаёлман! Шу пайт кўнглимда янги ўйлар ғивирлаб қолди. Ўзи асли ижодкор деганларнинг кўнгли дарвозаси йўқ ҳовлидай ҳамиша очиқки, тумтароқ ўйлар бесўроқ кириб чиқаверади. Аввалига шу сафар ҳам қалам ҳақи дарагини ҳеч кимга айтмайман деб ичимда минг қасам ичгандим, аммо аста кийиниб уйдан чиқаётганимни кўриб хотиним муғомбирона гап отиб қолганида беихтиёр мақтанчоғлигим тутиб, гуллаб қўйдим.
– Ҳмм, бир тийинини бузмай уйга опкелинг! Отам замондан бери совуткич ҳувуллаб ётибди, эшигини очсанг одамни ютвораман дейди. Қўшнилардан олган арзимас қарзни икки ойдан бери узолмайман. Уларни кўрсам, уятдан ер ёрилса-ю ерга кириб кетсам дейман. Уйда на шакар, на қанд, ҳатто биттаям кирсовун қолмабди. Сизам бундоқ эркак бўп…
Чув тушганимни дарҳол англадим. Эҳ, хомкалла, хомкалла, қачон пишасан, қачон?..
– Хўп, хўп, хотинжон. Сен нима десанг – шу. Ахир сендай доно хотиннинг гапига кирмай ўлибманми? Қарз ёмон нарса! Совиткичнинг бўшлиги ундан-да ёмон. Кирсовуннинг қолмагани – бутун бир фожиа! Ундай бўлмайди! Ойлигини икки қўллаб келтириб берадиган одам шу арзимас қалам ҳақини қаерга ҳам оборарди…
– Кўрамиз! – деди хотиним қошларини ёқимсиз ёйиб.
– Кўрасан! Албатта, кўрасан! – дедим-да, гапни чўзмай, кўчага чиқдим.
Аммо-лекин мана шу эр-хотин ўртасидаги бўлиб ўтган “диалог” барча кўргиликларнинг дебочаси эканлигини қаердан ҳам билиб ўтирибман. Авлиёмидим? Айтдим-ку, “хомкалла” деб! Сир тутмас аҳмоқ бош! Ўнг қўлимнинг ўрта бармоғи билан бошимга чертиб-чертиб қўяман. Хом ошқовоқдан қайтгандек бўғиқ “тақ-туқ” овози чиқади. Ошқовоқкалла! Хотинга сир айтган ўзим ғирт тентак! Негаям айтдим-а, ўлган илоннинг бошини қўзғаб. Ахир илон ўлса-да, заҳари ўлмайди-ку. Жуда кўнглим бўлмаса, “сюрприз” қила қолмайманми? “Сюрприз”миш – умримда қилмаган иш. Э, хотин зотига суюлиб, мақтанмай мен ўлай…
Энди хотиннинг айтганини қилмасам бўлмасов?..
Чўнтакдан чиққан ўтириш
Ўйлардан бошим ғовлаб, газета корпуси ёнидаги журналистлар йиғилиб гурунглашадиган қаҳвахонага умидвор қарай-қарай аста узоқлашаётгандим, кутилмаганда рўпарамдан “Муштум”да ишлайдиган укахоним шоири Даврон чиқиб қолса бўладими. Қўлида рангдор журналнинг янги сони.
– Э ака, бормисиз? Хизрни йўқласам бўларкан, – деди у тиржайиб ўттиз иккита тишини намойиш этди. – Ўзимди акам-эй. Қайларда юрибсиз? Ҳажвиялар ташаб кетасизу уларнинг тақдирини суриштирмайсиз. Шу одатингиз чатоқ-да. Билсангиз, сиз учун зўр оламшумил янгилик бор.
– Йўғ-э, қанақа янгилик?
– Мана шу қўлимдаги журналнинг янги сонида сизнинг аёлларга бағишлаб ёзган ҳажвиянгизни чиқардик. Хўп ажойиб ёзасиз-да. Қойилмақом қилиб… Қотириб… Муҳарриримизгаям роса ёқди. “Яна ёзганларидан опкесин”, деди. Манг, бу сизга, – у қувноқ кайфиятда журнални менга узатди.
Шошиб уни варақлай бошладим.
– 13-бетда. Бунисидан ўксиманг, совуқроқ рақам-у…
Топдим. “Шоир акажоним-ей, шоир акажон, ёхуд аёлларга бағишлов” деган сарлавҳаси узунгина ҳажвий ҳикоям нақд икки саҳифани эгаллаб, Худоёрхоннинг канизагидек ёйилиб ётиб олганини кўриб, шодликдан ҳушдан кетай дедим. Кўзларимдан қувонч ёшлари тўкилди. Меҳнатнинг, ижоднинг севинч ёшлари – бу. Ахир “Муштум”дек отахон журналда чиқиш ҳазилакам нарсамас. Қачонлардир унда Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Саъдулла Сиёев, Неъмат Аминлар қалам сурган, жавлон урган. Шуни эслаб, қувончдан намли кўзларим кулиб, оғзим қулоғимга етгудек бўлди ҳамки, тилимга бир гап келмайди. Унсиз шоири Давронни қучоқладим. Кейин гап ҳам келди.
– Раҳмат, ука, умрингдан барака топ! Боплабсан. Биз – қарз. Ўзи бугун менинг куним туққанга ўхшайди.
– Бахайр, ака, яна нима гап? – унинг кўзлари баттар кулиб, нимадандир умидвордек, менга қаттиқ тикилди. Маъносини уқдим. Боя олган қалам ҳақининг парвозга шайланган қушчага айланаётганини аниқ пайқадим. Омонат “қушча” гўё шоири Давронни кўриб осмону фалакни қўмсаяпти. Учирмасам-чи? Ўзимни босишга беҳуда уриндим. Қўлимдан келмади.
– Яқинда битта газетада ҳикоям чиққанди. Ҳозиргина қалам ҳақини олдим.
– Ў-ўў, боядан бери шуни айтмасдан нега жим турибсиз? Ўқигандим. Барибир зўрсиз, ака.
– Сенданамми?
– Менданам!
Мақтаниб – янглишганимни англадим. Аммо энди кеч эди. Қолаверса, ўзим ҳам битта улфат истаб турмаганмидим…
– Кетдик, – дедим шоири Давроннинг мақтови-ю тан беришидан ийиб кетиб, сал наридаги кафе томон имлаб, – ювамиз! Яхшиям учраб қолдинг, укагинам. Бир ўзимга… қандайдир ноқулай-да…
– Йўғ-э, ажойибсиз-да, акам, – деганча менга – ажойиб ҳажвиянинг зўр муаллифига астойдил эргашди. Эргашдигина эмас, олдимга тушиб ўзи йўл бошлади.
Улфатчилик роса қизиди. Даврамизга шоири Давроннинг олдин битта оғайниси, кейин бошқаси келиб қўшилди. Бундай давраларда ким ҳомий – мақтов эшитишда улоқ ўшаники.
– Акам, ўзимди акам, – шоири Даврон чиройли лутф қила кетди. – Биласизми, ҳикоя ёзадиганлар кўп. Тиқилиб ётибди. Ҳажвия битадиганлар ҳам. Аммо сиз иккаласиниям қотирасиз. Бунақа унверсал ижодкор ҳадеб учрайвермайди. Ўзи ёзганларингизга бир тақриз ёзиб мақтаб чиқишим керак, одамлар ижодингизни янаям яхшироқ тушуниши учун, янаям кўпроқ ўқишлари учун, қолаверса, келажак учун, келажакнинг буюк ижодкори учун. Худо хоҳласа, бунисиниям ўзим уюштираман. Ўғил бола гап! Мен ваъда бердимми, бажараман. Ахир бағдодликни бағдодлик қувватламаса, ким қувватлайди? Мен Лочиннинг олди боласи, сиз Бургутнинг ўғил боласи! Қишлоқларимиз отиям ўзимизга ўхшаб зўр-а?.. Тўғри, қувватламайдиганлари ҳам бор… Итти кетидек амалига учади. Лекин улар ўз қобиғига ўралиб қолишган, уларга эътибор берманг! Амал – абадиймас! Ижод абадий! Қолади. Тўғрими гапим? Яшанг, ўзимди акам! Ижодингиз ҳикоядаям, ҳажвиядаям гуллайверсин. Ҳали бориб-бориб Нобель мукофотини ҳам оласиз. Ўзимнинг акам, асли кимёгармидингиз?
– Ҳа.
– Нобель ҳам кимёгар бўлган-а?
– Бўлган-бўлган.
– Демак, сиз унинг ҳаётини яхши билассс…
– Билганда қандоқ. У ҳақида кўп материал ҳам йиғиб қўйганман, – шоири Давроннинг мақтовидан эриб кетдим. – Балки ростдан ҳам у ҳақида бирорта ҳаётий қисса ёзарман.
– Ёзинг, ўзимди акам. Кам бўлмайсиз!
– Тўғри! Шундай буюк одамни ёзсам…
– Нобель мукофотини беришади.
– Рост, – дедим қизарган кўзларимни ишқалаб. – Ўзимизникилар беришмагач…
– Мукофот берилмайди, олинади. Бунисига парво қилманг! Сиз беҳазил буюксиз. Буюкларни тушуниш осонмас. Ҳали вақти келиб бутун дунё ўқийди сиззи… Ҳажвияларингиз зўрлиги бўйича кимдан кейин туради?
– Азиз Несиндан!
– Яшанг, ўзимди акам! – у қизарган кўзларини менга ўтли тикиб: – Қўлни ташланг! – деди. Кафтларимизнинг уришган жаранги момақалдироқдек бутун қаҳвахонани тутди. Бармен: “Нима хизмат?” дея қошимизга қушдай учиб келди…
Шундан сўнг мени билса-билмасалар-да, шоири Давронга қўшилиб унинг жўралари ҳам мақташга тушди.
Мақтовлардан ҳиммат камарим бутунлай ечилиб, тантилигим жўш урди.
– Ҳей, официантка, бақа қара, – дея хизматдаги ёшроқ қизгинани бағдодчасига чақирдим. – Яна битта шишани очиб кел. Кетар жапо-сига.
– Қанақасидан?
– Ҳозир ичканимиз – “Аристократ” дан.
Ҳеч ким қаршилик билдирмади. Униям ичдик. Ҳамма маст-аласт эди.
Ҳисоб-китоб чоғида официантка қизгинанинг юзига ҳеч ким тик қарамади. Бунинг ўрнига менга киприкларини ниқтаб сездириб-сездирмай қийрихон қараб қўйишди. Айниқса, шоири Давроннинг суқланиб тикилиши бошқача. Ўтиришимиз 120 мингга тушганди. Қалам ҳақига қўшиб, уйдан олиб чиққан пулдан ҳам йигирма минг тўладим. Ҳикоянинг пули кетгани-ку садқаи сар, бунисига руҳан тайёр эдим, аммо уйникидан қўшилгани жону жигаримни тешиб ўтди. Ўнг биқинимни босиб кўрдим, ростданам жигар томонда оғриқ бор эди. Шунда, пул жигардан бўлади, деганларига гумоним йўқолди. Шоири Давронга эриганимга ачинмайман, лекин анави суллоҳ гўрсўхталар-чи… Индамай келиб сурбетларча даврага қўшилиб олишди-я. Ичишда – қўшботир, пул тўлашга келганда пилдир-пис. Жилла қурса, ўзимдан кетган йигирма мингни тўлашвормайдими? Бир айтай дедиму шоҳона ўтириш руҳини бузгим келмади. Барибир кетган пулларга ичим ачиди. Қачон қолади-я, мана шунақа ўйламасдан “тантибойваччалик” қилиб қўйиб, сўнг надомат чекишларим… Шоири Даврон иккимиз ўтирсак жа нари борса қирқ-эллик минг кетар деб ўйлабман. Э, хом-хатала ўйламай ҳар нарса бўлай… Асли шу ишни бошлаган ўзим аҳмоқ. Э, бўлгани бўлди. Энди ортиқча ғамбодалик бефойда. Оҳ-воҳ чеккан билан ёввойи қуш каби самога учиб кетган пуллар қайтиб келмайди. Қайтмаса, ундан нари – осмонга эмас, Ойша холасиникига бормайдими? Беилож беҳишт кетган пулларга қўл силтадим.
Тўртовлон довдираганча кўчага чиқдик. Иккала янги танишим чала-чулпа хайрлашиб, икки ёнга қараб кетишди. Шоири Даврон иккимиз қолдик. У мени билагимдан ушлаб елкасини елкамга тираб етаклаб олган, гоҳида икки метрга олтитадан қадам босамиз… Енгил шабада бошни шамоллатиш ўрнига гаранг қилади. Иссиқ жойдан чиққанимизгами, очиқ ҳавода кайфимиз кучайди. Оёқларимиз алишиб-чалишиб автобус бекатига келдик. Сархуш бўлсам-да, мия жойида – ўзимнинг фойдамга ишлаяпти, уйга сира-сира жонимматин оёғим тортмайди, шу чоғда хотиннинг дийдиёси ёқадими? Шу маҳал шоирдан ажойиб фикр чиқиб қолди. Қаранг, ажойиб фикрлар ундан ҳам чиқаркан-да. Чиқади-да, ахир у ҳам ўзимиздан-да!
– Уй-уйига капа тўйигами? Ёки мен билан юрасс-ми?
– Нимайди? – дедим нимадандир умидвор. – Юрсам-чи. Биз юришдан қочмайдиганлардан, билсанг.
– Биламан, ака. Ўзимди акам! – шоири Давроннинг кайфи меникидан ошдими дейман менга тупугини сачратиб нималарнидир бидирлаб қўйди.
– Унда нима гап?
– Гап… гап шуки, уйга меҳмон келадиган, боғдоддан! Туман мактаблари каттасининг ўринбосари Обабакир, ўртоғим. Борсангиз, юринг! Бағдодчасига бир ҳангомалашамиз.
Чалакайфга тозакайфнинг таклифи мойдек ёқиб тушди. Бундай ҳолда бунақа самимий таклифлар муҳокама этилмайди. Ахир хотиннинг ғалваси қаёқда-ю шоири Давронникида бағдодчасига ҳангомалашиш қаёқда? Насиб қилса, хурмачанинг камини шоирникида тўлдирамиз. Бу ёғига энди у эрир, ахир меҳмон уники-ку. Қолаверса, борсам, уникида мен ҳам меҳмон… Кайфнинг зўриданми билмайман, такси пулини ҳам, меҳмонни кутиш учун бир жуфт қулинг ўргилсин “ароқвачча”нинг пулини ҳам мен тўлавордим. Мастлигимда саҳийлигим тутмай ўлай. Нечун эсим оғиб тўлавордим, бунисини билмайман, бунисини “ўзимди акам” деб қўлтиғимга сув пуркаган ва шу пуркалган сув орқали мени эритган шоири замон билади… Ҳе, билмаям ўлсин, пуркамаям…
Обабакир ҳам ўзимиз қатори шинаванда экан. Ундан эшитган битта яхши гап эсимда қолди. Янги китобим чиқса, сотишда кўмаклашаркан. Ахир тумандаги олтмишта мактаб унинг иккала қўлида-ку! Оғзининг хаври – айтса бас!
Эрталаб турдик. Бош “вадаванг” – гаранг! Шоири Даврон минғирлаб хиргойи қилиб лўлаболишга ёнбош бериб ўтирибди, касал бошни даволашидан дарак йўқ. Ўраси очилмайди, сухан йўқ, кўзлари полда. Бу туришингдан кўра ҳар бало бўл, дедим ичимда ва кўпроқ уни эмас, ўзимнинг бошимни ўйлаб яна унинг қўлига пул тутдим. “Бориб, бош оғриғига биттани келтир! Кеча “Аристократ” ичган бўлак, бугун “Тошкент” ҳам тешиб чиқмайди!”
У пулни олди-ю, кўчага ўқдай отилди. Ваҳолангки, унинг бошиям бизникидан бешбаттар экан, чамамда. У қайтгач, эндигина бир рюмкадан уриб газакка қўл чўзгандим, қўл телефоним чиринглаб қолди. Хотиним.
– Қайларда тентираб юрибсиз? Телпонингиз ҳам ўчиқ. Эрталабгача илҳақ бўп ухламай чиқдим. Одам деганиям шунақа бўладими? Ҳе йўқ, бе йўқ… Боқибеғам…
– Бағдоддан меҳмон кеганакан…
– Шуни бир оғиз телепонда айтиб қўймайсизми?
– Қўймаппан-да, қўявер, – узр айтгандек нималардир деб ғулдираб қўйдим.
– Мастмисиз нима бало?
Телефонни шартта ўчирдим. Кўриб турибман: мен телефонда гаплашгунча улар яна бир рюмкадан уриб олишди. Ғашим қўзиди. Зўрға кейингисига илиндим. Шундаям ўзим айтиб. Бўш шишани стол устига тақ этказиб қўяркан, шоир Даврон ичкиликдан алвон-алвон ёнаётган кўзларини менга лўқ тикиб сўради:
– Устоз, пулдан чўзинг. Биласс… менда умуман йўқ. Обабакир эса меҳмон…
– Вой, “нахал-ей!” Мен-чи?
– Сиз… сиз… ўзимизди меҳмон! Ўзимди акам!
Яна ноилож чўнтак кавладим. Таксикирага ярашасини чамалаб ўзимда қолдирдим-да, аччиқ устида борини у томон отдим. У беандиша пулларни териб оларкан, мулозамат қилишни ҳам унутмади.
– Кўп-ку, ўзимди акам!
– Қўйлиқда нима кўп – карисларнинг ит гўшти. Газакка ўшандан обке!
– Рост айтяпсизми? – ажабланганини яширмади шоири Даврон кўзларини коса-коса очиб.
– Рост! Белда белангилик бор. Опкемасанг уйингдан кетмайман. Ит бўп остонангда ҳуриб ётиб оламан! Эшитганмисан қўшиқ бор-ку: “Остонангизда йиллаб ўлтирай…”
– Бўпти! – дея у қўл силтаганича яна шамолдай учди. Хиёл ўтмай иккита шиша билан бир кило гўшт кўтариб келди.
Гўштдан шўрва қилиб, биргалашиб бошларни даволадик. Ёғидан билмайман, пишганми ё хомми, белимга ҳам суркатиб олдим. Кечга томон хайрлашиб, кўчага чиққач, такси тўхтатдим.
Кеча чўнтагида юз минг пули бор эди. Устига яна юз минг қалам ҳақи олган одам – мен уйга икки қўлимни бурнимга тиқиб бир тийинсиз кириб бордим. Яхшиямки, ҳар галгидек такси пулини уйдагиларга тўлатмадим. Хотиним энди уйдан чиқиб ишга кетаётган экан. Йўлакда тўқнаш келдик. Аҳволимни кўриб одатдагидек қовоғидан қор ёғиб, бурнини жийирганча, ёнимдан индамай ўтиб кетди. Сумкасининг бир чети биқинимга қаттиқ урилиб тешворай деди. Индамагани, бу – сенга гапирдим нима-ю, қўшнининг итига гапирдим нима, дегани-да. Ит гўшти еб келганимни билганда-ку, шу жойнинг ўзида менинг гўштимни ерди-я! Устига-устак пулларни совурганимни эшитса, нақ теримни шилиб, туз сепиб, сомон тиқарди! Яхшиямки билмайди…
Бурундан чиққан ўтириш
Уйга кириб, таппа ташлаб, уйқуга кетибман. Эртасига тушга яқин уйғондим. Ҳайтовур хотин ишга кетиб, “марал эшитиш” сал орқага сурилибди. Ғовлаган бошга насиҳат ёқмайди шу топда, лекин бизнинг хотинга буни икки дунёда ҳам тушунтириш қийин.
Қорним ўлгудек оч, ичимни ит таталайди. Авваллари бунчалик бўлмасди. Очлигимни билдириш учун итдай вовиллагим келади. Қуриблар кетсин, ит гўштининг касофатимикан бу… билмадим. Балкон сўрисидаги қўш болишга ёнбошлаб, овозим ростдан ҳам итнинг овозидақа чиқмасмикан деган қўрқувда қизимдан секин гап ўғирладим.
– Шонона, овқат-повқат борми?
Қизим ялт этиб қаради. Овозим қандай чиқдийкан деб чўчиб кетдим. Ҳадигимни қизимнинг овози қочирди.
– Кеча гўшт-пўшт олиб келиб қоларсиз деб ойим қечқурун соат ўнгача кутдилар. Келавермадингиз. Телпонингиз ҳам ўчиқ… Кейин… – у негадир гапидан тўхтаб қолди.
– Кейин-чи? – минг гумонда шошиб сўрадим.
– Ширгуруч қилдик. Ўшандан бор.
– Обке!
– Иситайми?
– Йўқ, ширгуручни совуғича еса ҳам мазза.
Хотиним бўлганда-ку, кечаги қилиқларимни эслатиб, миямни қоқиб қўлимга берар, еган овқатимни ҳам заҳар-зуққумга айлантирарди. Яхшиям йўқ. Лекин бу узоқ чўзиладиган айрилиқ эмас. Тўқнашув муқаррар. Аввало ҳимояланишга, қолаверса, ҳужумга ўтишга тайёр туриш керак. Ушбу жангда кимнинг тили узунлик қилади, билмайман… Олдиндан фол очиш мушкул. Натижаси ҳам номаълум: дурангга эришиладими ёки ғалаба, ё мағлубият?..
* * *
Кутилган тўқнашув юз берди. Худди Япония ва Америкада цунамининг дараги чиққач, унинг юз беришини кутишаётгандек.
Хотиним ишдан қайтди. Ҳалиям кайфим тарқамай, аъзойи баданимга сингиб кетган ароқ ҳиди анқиб турганини юз чақиримдан сезадиган хотиним аввалига пича нафасига қўшиб дардини ҳам ичига ютди, нима қиларини билмай безовталанганча уйда у ёқдан-бу ёққа анча юрди. Сукунат юраккинамни эзади. Биламан, қудуқдаги сув тошмаслиги мумкин, аммо бизнинг хотиннинг сукути узоққа бормайди, жанжал чиқариши аниқ, солинган қовоқ-тумшуқ тутаб турган чўққа ўхшайди, сал шабададан лов этиб ёнади, унда қиш чилласида қолган қирқта одам бир ҳафта бемалол исинса бўлади.
Кутилганидек, хотиннинг сукути бу гал ҳам узоққа чўзилмади.
– Қани, залга юринг-чи! – у енгимдан енгилгина етаклаб, кенггина залга олиб кирди. Мени юмшоқ диванга ўтқазиб, ўзи креслога чўкди. Дастлаб гап бошлолмай асабийлашиб турди, эркаклардай муштлари тугилди, кейин сувга тушган бўлкадек бўкиб ўтиришимни кўриб, ўшқириб сўради.
– Кеча “гонорар” оламан дегандингиз. Қани у?! Қани, қаерда, ким билан, қайси ўйнашингиз билан ичдингиз? Ваъдавоз! Қачон ташлайсиз шу ароқ ўлгурни?
– Нима, нима? Қанақа ўйнаш?!.. Ичсам… сенга оғирлигим тушяптими?
– Вой, вой, гапини қаранглар. Ахир ўша ароқ зорманда текинга келмайди-ку! Болаларнинг ризқини қийиб, рўзғорнинг баракасини қочириб, маҳаллада ҳаммага масхара бўп… Маст келишларингиздан ўлар бўлсам ўлиб бўлдим. Кўчадаям, қўни-қўшнилар олдидаям бош кўтариб юргилигим қолмади. Битта мени эмас, болаларингизнинг ҳам боши хам уларнинг олдида. Эрта-индин ўғил уйлантираман, қиз чиқараман деган кап-катта одам… Келган совчилар эшитса нима деб ўйлайди? Отаси алкаш экан демайдими?.. Шугина болаларингизнинг ҳам бахтига зомин бўляпсиз. Бутун маҳаллага шармандангиз чиқиб… Уят, уят! Зиғирча уят борми ўзи сизда? Яна ёзувчимиш. Ҳайф сиздақага ёзувчига ҳам!
– Бўлди, кўп валдирайверма, кайфиятимни бузиб…
– Вой, бизники бузилса майли-ю сизники бузилмасин экан-да. Ҳали менинг тўғри гапим валдираш бўлдими? Мен сизга кўрсатиб қўяман валдираш қанақалигини. Шунча чидаб келдим. Етар! Бас! Ярамас! Алкаш! Пичоқ бориб суякка қадалди.
– Ўчир овозингни!
– Ўзинг ўчир! – деди хотиним сенлаганча, ўчакишиб.
– Сенсирама! – ғазабим қайнаб, ўрнимдан туриб кетдим.
– Сен – алкаш, сенлашга ҳам арзимайсан!
Олдинга бир қадам ташлаб, қулоқ чаккаси аралаш боплаб мушт солдим.
– Урмай қўлинг синсин! – хотиним икки панжасини юзларига босиб чинқириб йиғлаганча залдан чиқиб кетди. – Шу қилганингга сени ҳозир бир боплай.
Қўшни хонадан унинг қаергадир қўнғироқ қилаётгани эшитилиб турарди.
– Аъло, бу “102”ми? Эрим ичиб келиб, уйда жанжал кўтаряпти. Бунинг устига ҳақоратлаб урди ҳам. Ҳа-ҳа, тез етиб келинглар. – У шуларни айтиб, уй манзилимизни ҳам қўшиб қўйди.
Хотинимдан кечирим сўраб унинг кўнглини юмшатишга ғурурим йўл қўймади. Унинг ўзи ҳам юмшамади. Уйдан чиқиб кетай десам қўрқоқликка йўйиши мумкин. Қўрқоқмасман! Қўрқоқларни жиним суймайди. Залда ўтиравердим: нима бўлса бўлар, бошга тушганини кўз кўрар…
Эшик тақиллади. Эшикни очган хотиним кимларгадир, “Киринглар” деди. Остонада чамамда иккита милиционер пайдо бўлди.
– Қани ўша зўравон? – деди улардан бири.
– Ана, залда ўтирибди, – деб жавоб берди хотиним.
Милиционерларнинг биттаси залга кирди ва менинг тепамга келиб:
– Ака, туринг, биз билан кетасиз, – деди. Иккинчиси залнинг очиқ эшигидан кўриниб турибди, хотинимга савол бериб, гап ўргатиб нималарнидир ёздириб олаётган эди.
– Бормасам-чи! – дедим уларни уйимга бостириб кирганларини ҳушламай. – Босқинчилар.
– Туринг, туринг, борасиз, бошқа иложингиз йўқ. Акс ҳолда зўрлаб обкетишимизга тўғри келади.
– Нега?! Мен сенларга жиноятчимасман?
– Ака, биз тумандан эмас, шаҳардан келдик. Шунинг учун ҳар битта чақириққа биз бошимиз билан жавоб берамиз.
– Мелисада ҳам бош бўладими?
Бояги милиционернинг энди росмана жаҳли чиқди.
– Туринг! Туринг! Гапни кўпайтирмай. Барибир олиб кетамиз.
– Нега , барибир? Гуноҳим нима?
– Мастсиз. Олиб кетмасак, яна тўполон кўтарасиз. Аёлингиз бизга қайта қўнғироқ қилса, бошлиқларимиздан балога қоламиз.
– Жанжал қилмайман! Уйдан чиқиб кетишим ҳам мумкин.
Минг қилсам-да, улар кўнишмади. Охири икки билагимдан тутиб, креслодан кўтариб турғазишди. “Шошманглар”, дедим шошиб. Кейин кириб нариги уйдаги шкафдан ёзувчилик гувоҳномамни олволдим. Ҳар эҳтимолга қарши-да, ахир бу мелиса зотига ишонч йўқ-да.
Битта хотиннинг чақириғига мени мелисахонага элтишга икки мелиса бутун бошли эски бир “икарус” автобусида келибди. Қаранг-а, нима кераги бор экан битта мастни деб одам шунча оворагарчиликни… Мастниям обрўси ўз ўрнида баланд бўларкан.
Мелисахонада энди мени сўроққа тутиб анча-мунча қоғоз тўлдиришди. Бош гаранг, уни тузатишу хотиннинг бу совуқ қилиғини унутишга яна юзта қўйворсам дейман. Лекин иложи қанча, мелиса болаларга айтиб обкелтирай десам ёнимда ҳемири йўқ. Уларнинг дағдағасига алаҳсиб аламзада ҳолда, уй кийимида чиқаверган эканман, бўтта ҳам пасон кийиниш обрўлиги кимнинг хаёлига келибди дейсиз. Ахир аллакимларга ўхшаб ҳар куни мелисахонага тушиб юрган бўлмасам. Қарасам, ҳалиги оддий мелисалар ёзув-чизувни битиргач, мени қўйиб юборгилари йўқ, боз устига ҳар хил қаланғи-қасанғи безори-ю ҳақиқий алкашлар бақириб ётган хонага тиқиб қўйишмоқчи.
– Жавоб бермайсанларми энди? – дедим уларга қараб. – Хатбозлик қиб бўлдиларинг-ку!
– Э, ака, кетишни хаёлингизга келтирманг, – деди боя уйда хотинимни сўроққа тутган новчароғи. – Ҳозир сизни қўйиб юборсак, кайфингиз бор, уйга бориб яна жанжал чиқарасиз… Бизнинг танбеҳ олишгаям, ишдан кетишгаям ҳушимиз йўқ.
– Унда нима қилмоқчисизлар?
– Камерада анавиларга қўшилиб ётасиз.
– Ия, менинг кимлигимни билмасакансанлар? – чўнтагимдан гувоҳномани чиқариб уларга кўрсатдим.
– Ёзувчи экан, – деди секин бояги новчаси ўртабўй шеригига. Кейин иккаласи ўрнидан туриб, бир бурчакка бориб узоқ пичирлашди.
– Энди кетарман? Ахир биргина аёлнинг туҳмат гапини деб туним мелисахонада ўтмас? Сен мелисалар ўтмишда ҳам қанча-қанча ёзувчиларнинг бошига еткансанлар, – дея овозимни кўтариб ҳужумга ўтдим. Бошқа иложим ҳам йўқ эди. Иккала мелиса ҳам сергак тортди. Сўнг янаям нарироққа бориб, қайта пичирлашга тушишди. Охири ўртабўйи ёнимга келди.
– Ака, ярим соат анави кушеткада дам олиб туринг. Ярим соатдан сўнг навбат алмашади. Бошлиғимиз майор ҳам келади. Унга айтамиз, барини у ҳал қилади.
– Бошқа йўли йўқми?
– Йўқ, ака! Биз кичкина одам. Буйруқни бажарамиз, холос.
Кушеткага ёнбошлаб, нохуш хаёлларга бериламан. Шунча йил бирга яшаган, севиб, суюб олган хотиним, яхши кўрган хотинжоним мени, ўз эрини мелисага топшириб ўтирса-я. Бундай хотинни ким деб аташ мумкин? Бундай хотиннинг нима қилиш керак? Баҳридан ўтиш керак, вассалом! Қўйвориш керак! Уч талоқ қўйиш керак, токи қайта ярашишга йўл қолмасин… Бошқача йўл йўқ бу бедавога! Агарки, эр зотига “ҳурмати” шунақа бўладиган бўлса, хотинсиз ўтсам ўтаман…
Уйқу элитиб, кушеткада кўзим илинибди. Бир вақт кимдир мени туртди. Дабдурустдан аввалига қаердалигимни англай олмадим. Кейин темир панжара ортидаги кўзлари мўлтиллаб турган жабрдийдаларни, мелиса кийимидаги одамларни ва ниҳоят қаршимдаги узун бўйли, хушрўйгина қирқ ёшлардаги майорни кўриб, қаердалигимни англадим. Чамамда, ярим соат ўтибди…
– Нима, нима дейсиз? – дедим майорга қараб уни хушламаганимни ошкора намойиш этиб. Очиғи, ҳалиям кайфим тарқамаганди. – Агар осмон қўлингизда бўлса ташлаворинг! Ўлиб кетсам майли, шу бўлмағур хотину мелиса дастидан…
– Ия-ия, Йўлдош Қўлдош акамисиз? Вой, шоирим-ей, – майор мени ўтирган жойимда қучоқлаб олди. – Ёзганларингизни кўп ўқиб юраман, хўп ўқиб юраман. Буни қаранг, фалакнинг гардишини… бизнинг “кошонада” нималар қилиб юрибсиз?
– Аввало пора бериб “кошонангиздан” чиқиб кетмоқчиман, – дедим унинг асабига тегиш учун атайин.
– Кейин-чи?
– Кейин бу ҳақида китоб ёзмоқчиман. Тарих учун.
Аввалига майор ҳам, тепамизда томошабинлик завқини сураётган бояги икки милиционер ҳам яйраб кулишди. Сўнг гап тагидаги кинояни уқиб қолиб, бирдан сергакланиб, соқовга айланишди.
– Йўлдош ака, сираям ҳазилқароқлигингиз қолмабди-қолмабди-да, – майор кулганича ўзини таништирди. – Танимадингиз-а? Исажонман, Исажон! Бир вақтлар ички ишлар вазирлиги академиясига ўқишга кираман деб Тошкентга поездда бирга келгандик. Фурқат станциясидан чиққандик. Менам Бағдоддан, ака, шундоқ марказдан. Уй топгинумча ётоқхонангиздан икки-уч кунга жой бергансиз. Сиз канал бўйидаги қишлоқдансиз-а? Ҳикояларингизни газета-журналларда кўп ўқиганман. Уйда китобларингиз ҳам бор, ака. Ҳозир болларга айтаман, чой-пой дамлаб, бирор егулик олиб келишади. Бугун мен шу ерда навбатчиман. Фақат битта илтимосим бор, уйга кетаман деманг, кушеткага жой солдириб бераман, матрас, ёстиқ, адёл беришади. Дамни олинг, эрталаб кетасиз. Майлими?
– Майли, ўзиям чунонам уйқум келяпти. Рости, уйга боришга – ўша бемеҳр хотинни кўришга заррача ҳушим йўқ. Фақат мениям битта илтимосим бор. Бирорта банкадами, баклашкадами сув келтириб қўйишсин. Кечаси чанқайман… Одат.
Аста ҳушимни йиғиб эсладим: эндигина иш бошлаган кезларим Академиклар шаҳарчасидаги аспирантлар ётоғида турганидами у айтганча бўлувди. Мана энди орадан қанча йиллар ўтиб учрашганимизни қаранг! Яна қаерда денг?.. Яхшилик, охири қайтаркан, унинг таниш чиққанини қаранг. Йўқса, анави қаланғи-қасанғи алкаш-у безорилар ичига қўйишганда энамни Учқўрғонда кўрармидим.
Боя мени залдан мажбурлаб олиб чиққан мелиса баклашкада газ сув, чой, нон устига сидрилган тўртта иссиқ бурда кабоб келтириб, “Иссиғида еб олинг, ака”, деганича ёқимли сўзлаб, мулозамат қила-қила бир стулнинг устига қўйиб кетди. Бошлиғи мени қаттиқ ҳурматлаганини кўриб боя уйимда қилган қўполлиги учун, “Узр, ака, хизматчилик”, дея кечирим ҳам сўраб қўйди. Қорним ҳам очқаган экан баҳузур кабобни туширдим. Бундай илтифот кўрсатиб турилса, ўша бемеҳр хотиннинг бемаъни саволларини эшитиб ёш боладек қалтираб ўтирганимдан кўра, майорнинг ҳар навбатчилигида шу ерда тунашга ҳам рози эдим. Майорнинг таниш чиққанидан кўнглим таскин топди. Ҳар қайдаям таниш-билишнинг бори яхши-да.
Эрталаб турдим, миршабхонанинг чоғроқ ҳовлисидаги кранда юз-қўлимни ювдим. Новча мелиса югуриб келиб сочиқ тутди. Кейин гувоҳномам эсимга тушиб, кийимларимнинг чўнтакларини пайпаслаб кўрдим: у йўқ. Ҳали росмана тонг отмаган ғира-шира қоронғилик эди. Бориб навбатчиликда турган лейтенантга учрашиб:
– Энди кетаверайми? – деб сўрадим.
– Мен ҳозир, – у олдидаги стол ғаладонини тортиб гувоҳномамни топиб берди ва қандайдир дафтарни мен томон ўгириб: – Қўл қўйиб юборасиз, – деди.
– Кетаверасиз. Яхши боринг, ака. Кечирасиз, майор ухлаётганди. Ўзи кузатиб қўймоқчийди. Ёки уйғотайми?
– Йўқ, йўқ! Безовта қилманг!
– Унда яхши боринг, ака. Бошқа бунақа жойларда кўришмайлик…
Секин эшик томон юрдим.
– Тўхтанг, ака! – лайтенант чақириб қолди. “Яна нима гап?” дегандек ортимга ўгирилдим. – Фақат эртага эрталаб соат тўққизда туман суди идорасига келасиз – “13”-хона. Манави қоғозни олволинг. Суд ижрочисига учрашасиз…
Кўнглим навбатдаги нохушликни сезиб, ғашланди: намунча мен бечорага сўнгги вақтларда шу нохуш “13” рақами хира пашшадек илашиб қолди-я? Мен-ку, билмадим-а, балки сиз биларсиз?..
“Ит – вафо, хотин – жафо!”
Мелисахонадан ғамнок чиқдим. Ахир нимасига қувонай? Қувонадиган жойи бўлса қувонасан-да. Нима, шу аҳволимдан шодланайми? Мендек келажаги буюк бир қаламкашни хотинининг биргина гапи билан шу кўйга солишса-я. Маҳкамадагиларгаям қойилмасман: наҳотки улар тили узун, ақли калта хотин зотига ишонишади-ю бизга – мендек талантга ишончлари суст. Маст эдим, мабодо хотиним соғлигимда ҳам шундай туҳмат қилиб қолсаям менга эмас, унга ишонишлари тайин. Наҳотки, улар оддий ҳақиқатни – қарс икки қўлдан чиқишини билишмаса? Бу кетишда қаёққа қараб боряпмиз ўзи?! Хотин деганнинг айтгани-айтган, дегани-деган бўлаверса, ер юзида бора-бора эркак зотининг уруғи қуриб битмаса гўрга эди… Ҳа майли, бунақа муаммоларни ўйлаб, оғримаган бошимни оғритмай. Эҳ, ҳозирда мендек начор, такси кирага пули йўқ, мелисахонадан қутилган эрга бир кам дунёнинг бир қулоч муаммоларини ўйлашга бало борми?..
Ҳали росмана тонг отмаган – қоронғилик батомом тарқалмаган эди. Шаҳар автобусларининг юришига вақт бор. Уларни кутиш бефойда. Чўнтак қуп-қуруқ.
Қадримга ўкинганча мелисахона ёнидаги автобус бекатидан тўхтамай ўтиб кетдим. Тонг қоронғисида кўчада мен ғарибу бечорадан бошқа зоғ кўринмайди. Йўлда учраган ҳар битта дарахтнинг ўзи ҳам, олакўланкаси ҳам одамни чўчитадиган даражада қўрқинчли кўринади. Беш-олти чақирим олисдаги уйга пиёда кетяпман. Яна кимнинг олдига денг? Ўша ярамас хотиннинг олдига. Афсус! Хомкалламан-да, мелиса ўлгурнинг қистови-ю хотиннинг ғишавасидан тезроқ қутулай деб шошилишда уйда киядиган эски жинси шимда жўнавориппан-а. Эски шим ўлгурнинг чўнтаги бўм-бўш, ҳатто пулим боридаям унга сололмасдим, чунки икки томондаги чўнтагиям тешик… Қўл тиқсам бармоғим оёғимнинг товонигача боради. Ичишини хушламаган хотини унинг эски шимининг чўнтагини ямармиди?
Шуларни ўйлаб кайфиятим яна-да ёмонлашди, ўзимни чалғитай деб уйгача бўлган масофани хаёлан чамалайман: ростдан беш-олти чақирим чиқар-ов. Бораман-да энди пиёда – “11”-трамвайда, “Аҳмоққа Тўйтепа нима?” дегандек “пешком”, секин, ошиқмай. (Бизда – водийда бу мақолни бошқачароқ айтишади – “Тентакка – Қува бир тош” деб. Қува Фарғонанинг энг чекка, Андижон вилоятига туташ тумани. Биз турган Қўқон депараларидан олис. Шунга шунақа десалар керак-да). Жуда ошиқиб ҳам нима қилардим? Мени бу ёққа “тантанали кузатиб қўйган” хотинимнинг кўзи жа мени кўришга учиб тургани йўқдир.
Чўчибгина боряпман. Ҳайриятки, бахтимга катта кўчадаги чироқлар ёниқ, қоронғида йўлларга қўшиб менинг зимистон кўнглимга ҳам пича ёруғлик улашяпти.
Шу пайт кутилмаган ҳол юз берди: мелисахонадан ҳали унча олисламасимдан туриб мен кетаётган йўлнинг нарёғидаги йўлакда лайчадан каттароқ бир пуштиранг кучукча пайдо бўлди ва менга эргашиб юра бошлади, юрсам юради, тўхтасам у ҳам тўхтайди: ҳолинг қалай дегандек менга қарайди… У гўё мени қўриқлаб бориш учун Оллоҳ томонидан юборилгандек эди… Ахир тавба қилдим Худо, унинг юрсам юрганида, тўхтасам тўхтаганида қандайдир бир сир бор-ов. Ўзимча шу қарорга келдим, кейин ичимда кучукчага ном қўйиб олдим: “Пуштивой!”
Уйга етгунча Пуштивой менга мана шунақа ҳамроҳлик қилиб борди, бу сирнинг маъносига сира тушунолмадим. Бу – ростданам Яратганнинг менга раҳми келиб қилган марҳаматимикан? Худони кам эслаб, кайфи-сафога қаттиқ берилиб кетганимга ишорамикан? Камроқ ичиб, кўпроқ эслаб қўй деганимикан? Ёки, эй, йигит, қани, мана шу мен сенга рўпара этган жумбоқни ўзинг ечиб кўр-чи, деган синовимикан?.. Билмадим, билолмадим. Фақат хаёлимдан “Ит – вафо, хотин – жафо” деган мақол сира нари кетмасди. Пуштивой томон сезилар-сезилмас қараб-қараб қўярканман ушбу мақол қанчалик тўғрилигига ўксик кўнглим тобора кўпроқ ишонмоқда эди. Тағин мени шу кўйларга солган хотиним кўзимга тўнғиздан баттар ёмон кўриниб кетади, Пуштивойга эса негадир меҳрим ортарди. Минг қилса ҳам ит – вафо…
Уйга бораману хотинни боплаб “уч талоқ” қўяман. Қўйганим бўлсин! Ахир эрини мелисахонага тиқадиган хотиндан ёруғлик чиқармиди? Энди у мени хуфиёна заҳарлаб ўлдирса ўлдирадики, зинҳор яхшилик қилмайди. Шунга вақтида жавобини бериб, ундан биратўла қутулган афзал. Ўшанда, албатта, анави Пуштивойга ўхшаш одамсуяр битта кучукчани асраб оламан, у билан дўст тутинаман, ўз фарзандимдек кўриб эрта-кеч эркалайман, ваннада чўмилтираман, кўчаларга, хиёбонларга сайрга олиб чиқаман, ёлғиз қолганимизда унга сирларимни айтаман. Унинг ўз тилида акиллаб, вангиллаб айтган дардларини уқишга уринаман… Керак бўлса битиниям тераман… Эшакдек ишлаб шу хотинни боққандан кўра битта Пуштивойни боққан афзал эмасми? Э, сиз бу гапларнинг маъносини барибир тушунмайсиз. Ҳар ким ўз бошига тушганда билади. Бировдан ит афзалми, хотин, деб сўрасангиз устингиздан кулади. Мана шунақа телба-тескари ўйлар эзиғида ўз уйим рўпарасига келиб қолибман. Мундоқ кўчанинг у юзидаги йўлакка қарасам Пуштивой йўқ. Ҳайронликдан ёқа ушладим. Шунақаям ақлли, фаросатли ит эдими у? Ахир мен уйимга етиб келганимни у қаёқдан пайқади? Ё қудратингдан, Худо! Ҳеч нарсани уқолмай ҳайронман. Бу не каромат? Бу не аломат? Пуштивой кутилмаганда қаёқдан пайдо бўлди-ю кутилмаганда қаёққа йўқолди? Осмондан тушдими, ерга кирдими? Нега у мени то уйимгача кузатиб келди? Билмадим, билолмадим… Буниси ёлғиз Оллоҳга аён.
Сиру сеҳрларга бой дунёда яна биттасига учраб уни ечишга ожизлигимдан ажабланаман… Эҳ, Пуштивой, ўзинг тилга кириб менга шу сир-синоатни вовиллаб бўлсаям айтиб кетсанг нима қиларди? Шунда менинг кўнглим тинчланарди, жумбоқлардан ташвишланиб ўйлаб ўтирмасдим. Барибир минг ўйласам-да, уларнинг тагига етолмадим… сирини билолмадим. Ҳа майли, бу ёғини Тангрининг ўзига солдим!..
Ечиб бўлмас жумбоқларни менинг ҳаётимга тиқиштирибдики, гуноҳларим кўпайяпти чамаси. Ўзинг кечир мен ношуд бандангни, эй Худо! Энди ўзгаришга ҳаракат қиламан. Албатта яхши томонга.
* * *
Уйга етиб келдим. Эшикни ўғлим очди. Гўё қирқ йил кўришмагандек қучоқлашиб кўришдик. Уйга кириб, ювиндим, кийимларимни алмаштирдим, кейин залга ўтиб креслога ўтирганча ўйга толдим. Хотиним билан кўришишни истамасдим. Тағин аччиқ устида “тўртинчи жаҳон уриши” бошланиб қолмасин.
* * *
Эртасига айтилган вақтда сўраб-суриштириб туман суди идорасини топиб бордим. Бино бир қаватли пастаккина хоналардан иборат экан. Олдида чоғроқ мевазор ҳовлиси ҳам бор. 13-хонада чуваккина, шу чуваклигига яраша бўйлари узун, ўнг юзида каттагина холи бор Холдоржон деган йигит эски стол ортида ўтирарди. Унга ўзимни таништириб, қўлимдаги мелиса берган қоғозни тутқаздим.
– Ҳм, – деди у қоғозга кўз югуртираркан ўйчан. Кейин стол тортмасидан бир “дело” чиқариб уни очди. Билсам, менга очилган иш экан.
– Ака, қилган ишларингиз ҳуқуқбузарликнинг маъмурий жавобгарлик мажмуасининг полон моддасининг полон бандига тўғри келади. Суд қарорига кўра сизга маъмурий қонунбузарлик қилганингиз учун жарима тайинланган. Энг кам иш ҳақининг уч баробари миқдорида…
– Ия, бу қанақаси? – таажжубланганимни яшириб ўтирмадим. – Ахир мен судланганим йўқ-ку! Қачон суд бўлди? Нега мен судланган бўламан?
– Ия, ака, қизиқ экансиз-ку! Кеча уйда жанжал кўтардингизми? Кўтардингиз. Хотинингиз “102” га қўнғироқ қилдими? Қилди. Сизни олиб келишгач, мелисахонада тунадингизми? Тунадингиз. Ахир буларнинг сарф-ҳаражати бор, ака. Бундан ташқари, сиз давлат хазинасига тўлаётган ушбу жарима жазоси орқали ўз қилмишингизнинг моҳиятини англаб етишингиз керак!
Лом-лим деёлмай қолдим. Мен бефаросатларча мелисахонадаги мулойим муомаланинг барчасини текинга деб ўйлабман. Бекорга айтишмас экан, “Текинга мушук офтобга чиқмайди”, деб. Мен эса чучварани тағин хом санаб ўтирибман-а. Суд дегани ҳам менинг – судланувчининг иштирокисиз бўлавераркан-да. Кечаги навбатчи милиционер хотинимни сўроққа тутиб, бекорга куйиб-пишиб қоғоз тўлдирмаган экан! Ол-а!
Ҳозир яна миршабхонага қайтарилишимдан ҳадиксираб, чувак йигитга борини айтдим.
– Ҳозир ёнимда пулим йўқ.
– Ака, мен квитанция ёзиб бераман, бир ой ичида тўлаб қўйсангиз, бас.
Юзимга ёруғлик ўрмалади. Жарима қоғозини олиб, бу ерда ҳам битта дафтарга қўл қўйиб, 13-хонадан узоқлашдим. Дунёда ҳамма нарсанинг ҳисоб-китоби бор-а, барчаси муллажирингга келиб тақалади-я. Мана сенга ароқ ичиб, кайфини суриб, ялло қилиб юриш-у, уйга келиб, хотин зотини ранжитиш оқибати… Энг кам ойликнинг уч баравари-я. Қизиқ! Дунёнинг айрим ишлари қизиқ-да! Мендан сўраб ҳам ўтирмай ҳаммасини ҳал этиб қўйишганини… Янаги ҳафтага ойлигим чиқади. Унга қанча ишларни мўлжаллаб юргандим. Энди эса тўловнинг бошида жарима турибди. Э, ҳаммаси жонга тегди, бошга битган бало бўлди… Олган қалам ҳақиям, шоири Даврон билан ўтиришганимам, бошдан-бош буларга сабабчи ёзган ҳикоямам… Одамнинг ўз ижоди ўзига шунча зиён етказишини қайси ёзувчи ўйлабди дейсиз? Мана мен ўйлаяпман… Ўйлагандаям бошим ачиб, кўнглим чўкиб ўйлаяпман. Ахир юз берган ишларнинг барчаси ижодкорнинг нозик кўнглини чўктиради-да!
Билмайин босдим тиканни, тортадурман жабрини!
Билсайдим босмас эрдим, тортмас эрдим жабрини!
“Сўнгги пушмон – ўзингга душман!” Энди не кераги бор, бунақа ақлли гапларнинг? Бобом айтгандек, пул қўлди кири, барибир минг оҳ-воҳ чексанг-да, қўлди ювдинг ўша кирга қўшилиб ювилиб кетади, ёввойи каптардек учиб, намлик каби сўрилиб, қайноқ сувдай буғланиб битади. Энди унга беҳуда қайғуришдан не наф?..
Ойлик олган куним почтага бориб ўша машъум кунларни бошқа эсламай, ўзгалар ҳам эслатмасин деб жаримани иссиғида қуритдай қилиб тўлаб келдим. Бу ёруғ оламда аввало бандасидан қарз бўлма, сен истасанг-истамасанг у ўзи истаган вақтда пулинг борми-йўқми сўраб келиб асабингни бузади. Давлатдан қарз бўлсанг, кечиккан муддатига фоиз тўлайсан. Агар қарзмисан, ундан қутулиб, бу дунёнинг ёқимсиз можароларидан узоқроқда эмин-эркин юрганга нима етсин!
Жангдан кейинги сокинлик
Хотин билан узоқ гаплашмай юрдим. Гўё энди дока рўмолнинг қуришидан умид сўнгандек. Уйда олдингидек овқат танламасдим, нима пиширса шуни ердим. Бозорга боришни атайин тўхтатиб қўйдим. Гоҳида қаторасига гўштсиз ёвғон овқатлар қилинса ҳам чурқ этмадим. Секин кўчага чиқиб ошхоналардан кишибилмас овқатланиб келардим. Охири бир куни хотиним сукутга ортиқ чидолмай тилга кирди.
– Уйда бир тишлам гўшт қолмабди, ҳеч бўлмаса бирор кило олиб келинг.
– Гўшт! Қанақа гўшт? Гўшт егунча заҳар е! Гўштни кўнглинг тусамай ҳар нарса бўл! Менинг сенга гўшт олиб беришга пулим йўқ. Бор пулимни мелисанинг жаримасига тўлаганман, мана, кўриб қўй! – дея хотинимнинг башарасига суд берган тўлов қоғозини отдим…
Шу-шу хотиним бозор-ўчардан, уйдаги камчиликлардан, гўшту ёғдан гапирмай қўйди. Мен ҳам қасдма-қасдига уч ойгача на бозорга бордим, на уйга ярим кило гўшт кўтариб келдим. Ойлигимни ўзим билганча сарфлаб, ўзим хон, кўланкам майдон бўлиб, ўйнаб-кулиб юравердим. Фақат ичсам уйга келмайдиган одат чиқардим. Ишхонамда эски диван бор… Шунисиям маза. Ахир тўлиқ эркинликка эришишнинг, маошингни оғзи полвон хотинга бермай, ўз билганингча сарфлашнинг ҳам ўзгача гашти бор экан… Хотиним ўзи бозор қилиб, уйнинг тўловларини ўзи тўлаб роса тинкаси қуриди, чамамда. Аммо шундаям эгилишга, сал пастга тушиб кечирим сўрашга ҳамон тили келмайди… Бемаъни ғурури – меникиданам бемаъни… Дарди ичида… Менга эса шак-шуҳбасиз ва узил-кесил тўлақонли ғалаба учун айнан мана шуниси керак эди…
Бироқ… Ҳозирча…
Йўлдошбой Дўрмонда!
Уйда сичқон-мушукка ўхшаб бир-биримиздан писиб юришлар ҳам жонга тегди. Жа ўзимнинг топганим ўзимникига айланганидан қувониб, “кўчахандон, уй зиндон” бўлиб юрсам-да, ҳечам кўнгил ўлгур бутунлай ёришиб кетмасди, ишларим ҳам олдингидек юришавермасди. Жўраларимга қўшилиб, бирор жойда ўтиришсак, салга уларнинг бирортаси билан жанжаллашиб қолардим. Айниқса, улар хотинларидан, аёллардан гапирса, жиним қўзиб жеркиб берардим.
– Сенга нима бўляпти ўзи? – бу саволни улардан тез-тез эшитардим.– Илгари сира бунақа жиззаки эмасдинг-ку?
– Билмадим, – бўшашганча тўғрисини айтардим уларга. – Ростдан ҳам менга нима бўляпти, ўзи?!
– Бир ўзингни руҳшуносга кўрсатасанми? – деди биттаси жиддий туриб.
– Азайимхонга ўқитворсангам бўлаверади, – деди бошқаси.
– Биратўла жиннихонага ётақол! – деди бетгачопарроқ яна бири.
Бунақа таъналардан ичим зил кетади, ўзимдан чўчиб ўзимни ўйлайман. Жиннилик аломатлари ҳам мана шунақадан бошланмасмикан, ишқилиб? Охири бахайр бўлсин-да. Ҳали қош қўяман деб, кўз чиқариб олмасам гўрга эди. Хотин билан “халқаро алоқалар”ни тикласаммикан? Йўқ, йўқ, шу индамасойим бўп юрган муғомбир хотин билан-а? Унда бор ғурур мендаям бор. Мен… мен Қўлдош дангалнинг набираси Йўлдошман-а. Бобом бировнинг олдида сира паст кетмаган. Энди мен келиб-келиб мана хотин зотига эгилиб паст кетайми? Ундан кўра тоғ чўққисидан ўзимни ташлаганим яхши. Ҳеч қачон ўттиз битта тишининг оқини кўрсатиб устимдан кулишига йўл қўймайман. Бир марта мени мелисахонага бергани етар! Энди мен ҳам ундан баттар индамасдан куйдираман, ёндираман, кул қиламан…
Мана шундай эр-хотин оғиздан аза тутиб юрган кунларимизнинг бирида ишдан келсам, қизим суюнчилади:
– Дадажон, кеча Ёзувчилар уюшмасидан бир опа қўнғироқ қилганди. Эртага Дўрмонда тушликда Наврўзга атаб ош берилаётган экан.
– Ўзи нуқул пул йўқлигида мана шунақа тадбирлар чиқади. Чўнтагимда ҳатто йўлкирага пул йўқ, – дедим чўнтак қуруқлигидан нолиб. – Энди битта ошни деб Дўрмонда санқишим қолувди.
– Аям эрталаб эллик минг ташлаб кетди. Борадиган бўлса, ўша ерда уч-тўрт кун туриб, дам олиб келсин деди.
Бу хотинимни меҳрибонлиги эмас, балки уйдан кетсин, дадангни оз бўлса-да шунча кун афт-башарасини кўрмай дея худди оқпошшо ўз меҳрибонлиги билан Пушкинни “Царское село”га сургун қилинишига тенг эканлигини билиб турсам ҳам қизимнинг гапидан танамга жон кирди. Ортиқча гап айтиб ўтирмадим. Бугун шанба, ҳозироқ кетсам-чи. Ош баҳонасида ростдан ҳам уч-тўрт кун туриб, бирор нарса ёзиб келарман. Душанба кунига ишхонамга қандайдир баҳона топарман…
Қўнғироқлашсам, “Дўрмон ижодкорлар уйи”да жой бор экан. Дарҳол қанот боғлаб, йўлга отландим.
– Пулни опчиқ! – дедим қизимга овозимни кўтариб.
– Ош эртага-ку?..
– Ҳозироқ кетаман.
Апил-тапил керакли нарсаларимни, озроқ оқ қоғоз ва ручкаларни олиб, йўл сумкамга солдим. Жўнаш олдидан тантилигим тутди.
– Қизим, аянг ишдан келса, пул учун раҳмат деб қўйгин!
Бу гап хотин билан халқаро алоқаларни тикланишига мен томондан қўйилган дастлабки қадам эди…
– Хўп, айтаман, – қизим мийиғида кулиб қўйди.
Йўлда ул-бул харид қилиб, Дўрмонга етиб келдим ва уч кун туришга пул тўладим. Ёнимда қайтишимга яраша пул қолди холос. Қайтага шуниси дуруст, ортиқча мўллажиринг бўлмаса, кўнгил ҳам ҳар ёққа сочилавермайди, ходадай ғўдайиб юрасан. Ахир энам бир маҳал, “Болагинам, шаҳарда юрасан, пулинг борми-йўқми ораста кийиниб юр, иложи бўлса оқ кўйлагинг устидан ҳамиша бўйинбоғингни тақиб ол ва ерга қараб эмас осмонга қараб кеккайиб қадам ташла, одамларнинг кўпи мана шу юришингга қараб, туришингга қараб сенга баҳо беришади, муомала қилишади”, деб бекорга айтмаган…
Кетар куним нонуштадан кейин оёқнинг чигили ёзилсин деб ёзувчилар боғини айланиб юрсам, ўзим унчалик жиним суймайдиган шоир Моҳир Тўрани учратиб қолдим. Бирда Юнусободнинг катта бозори ёнидаги автобус бекатида кўрганимда кайфим борлигини сезиб, менга ўлиб кетган отам қилмаган насиҳатларни қилганди. Шу-шу уни жиним суймайди. Ўзини жа осмондаги ой санайди, ёзган маза-матрасиз шеърларини ҳам шу ойнинг ёнига қўяди. Мен эса ўша кўрганимдан буён уни тамоман ўқимай қўйганман. Ой нурида иситиладиган шеърият кимга керак? Иккаламиз бир-биримизни суймасдик. Ёқтирмаса-ёқтирмас, нима мен сенга ёқаман деган кўча жанониманми?
У билан совуқ сўрашиб ўтиб кетаётгандим.
– Отяпсизми? – деди у гўё ҳол сўраш баробарида устимдан кулмоқчи бўлиб.
– Соғлиқ кўтарган-да.
– Кўтаряптими?
– Ҳозирча, – дедим ундан узоқлашарканман.
Ажаблантирган томони шунда эдики, менга ичкиликдан дакки берадиган бу шоирвачча ўзиям ўлгудек отаркан. “Ўзинг отасан-у, нега бировга насиҳат қиласан? Олдин ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ! Наҳотки унга биров буларни ўргатмаган… Э, ўргилдим насиҳатингдан. Жа ақлли бўлсанг, ана уйингда болаларинг бор – уларга кун-у тун дийдиёнгни айтавер, ҳеч кимга малол келмайди. Кўчада “достон айтишга” бало борми, бировнинг дилини оғритиб…”
Моҳир Тўрани кўргач, илк бор Дўрмонга қисқа муддатга – уч кунгагина келганимга шукр қилдим.
Боғни айланиб, оёқнинг чигалини ёзиб қайтсам, ётоқ биноси рўпарасидаги ўриндиқда эрталаб ошхонада кўрганим ва мен билан бош ирғиб саломлашган латофатли, машҳурликда оламжаҳон ўттиз беш ёшлардаги шоира аёл ёлғиз ўтирибди. Узоқдан уни кўриб ёнига борсаммикан деб қўйдим. Гўзал шоиранинг гўзал гаплари ҳам кўнгилни кўтаради-да. Айниқса, анави Моҳир Тўрани учратгандан кейинги чўккан руҳиятни тиклаш керак. Ўзиям шоира шеърни чертиб-чертиб, дўмбира оҳангларидек юракларни думалатиб, кишининг ич-ичига кириб ўқийди-да. У шеър ўқиганда сеҳри элтиб, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг ярим соат ўрнингиздан туролмай қоласиз! Шундай хом хаёллар суриб бораётгандим, ўйлаганларимга фаришталар “омин” дедими, шоира мени имлаб чақириб қолди. Ҳаяжонланиб, довдираганча унинг қаршисида пайдо бўлдим.
– Келинг, биродари азиз, бироз дам олинг, менам зерикиб ўтирибман.
Дарҳол унинг ёнига – узун ўриндиққа чўкдим. Юзларим лов-лов қизариб боряпти: бу гўзал шоира нима дейдию мен нима дейман? Ахир ҳамиша ҳам ҳаётда бунақасига дуч келавермайсиз. Мен ҳаяжонланмай, сиз ҳаяжонланасизми? Водариғ!
– Кеча “Муштум”нинг янги сонини варақлаб ўтириб ҳажвиянгизга кўзим тушиб, берилиб ўқиб чиқдим. Боплабсиз! Хўп топиб ёзасиз-да, Йўлдошбой. Ўзи фарғоналикларнинг қалами зўр-да. Сизники эса ҳаммасидан зўр.
– Йўғ-э, жа оширивормадингизми? – дедим ҳар томондан тошиб келаётган ҳаяжонимни базўр босиб. Очиғи, бу бир чиройли, унча-мунча одамни менсимайдиган виқорли шоира аёлнинг мақтовидан оғзимнинг таноби қочди. Шартта туриб, уни қучоқлаб, миннатдорчилик билдириб қўйгим келди-ю иймандим. Уятчанлигимам қурсин! Аммо ҳалигача бирорта аёл менинг арзир-арзимас битикларим ҳақида афтимга тик қараб, юракни сим-сим эритиб юборадиган бунақа мақтовни айтмаганди. У эса айтди! Офарин! Тасанно!
– Опа, сизнинг жаҳоншумул шеърларингиз олдида бизники нима бўпти. Сизники росмана мушук бўлса, бизники сичқонча. Икковини қўйиб юборсак сичқончани мушук еб қўяди, – дедим бошқа дурустроқ гап тополмай.
Ўхшатишим опахонга ёқмади, шекилли, қайрилма қаро қошларини ёқимсиз чимириб қўйди. Ростдан нотўғри гапириб қўйдимми, а? Мушук кичкина ҳайвон-ку! Уникини росмана шер ёки арслон десам ўламанми? Лекин ҳартугул оғзимдан чиққан гапимга товон тўламайман-ку! Унда сичқончанинг ўрнига қайси ҳайвонни қўярдим? Бунисини шу топда ўйлаб тополмадим…
Ўртага тушган ноқулайликни яна шоиранинг ўзи қувди.
– Ёшлигингизда сичқон-мушук ўйинини кўп ўйнаганмисиз дейман, – дея шоира беғубор кулди. Унинг кулгиси менга ҳам юқди.
– Укажон, юзларингиз ажойиб, тиниқ, ёноқларингиз қип-қизил, нигоҳларингиз ўтли. Демак, соғломсиз, гўё комиссар Катани, комиссар Жук! Ичмасангиз керак? – сўради у бирдан.
– Йўғ-е, нега энди? Ҳамма ичганда… Оз-моз ичиб тураман.
– Мен ичмайсиз деб ўйлабман….
– Жа қувиштирвормаймизу ўтиришларда, тўй-тўйчиқларда, сал-пал… Хурсандчиликка…
– Бунисиям дуруст, – деди у ва гапини улади. – Хотинингиз ҳам ажойиб аёл бўлса керак?
– Жудаям ажойиб! Дунёда тенги йўқ. Мана шу ерга ҳам Наврўз оши баҳонасида қўлимга мўмай пул тутқазиб, биратўла дам олиб келинг, деб меҳрибонлик қилиб у юборди, – дедим (ёлғонни Худонинг ўзи кечирсин, мавриди келиб қолди-да). Шу ўринда хотинимнинг “Алкаш башарангни кўрмайин” деб кўп айтган қишдан совуқ гапларини нохуш эслаб. Буларни эсларканман, сулув шоиранинг менга ёқимли гапларни айтиб ижодимга ижобий баҳо бераётганидан, ўзи ҳали билмайдиган хотинимни “ажойиб” деганидан унга энди негадир шубҳаланиб қараб қўйдим. Ўзи сўнгги пайтларда аёлларнинг барига ишончим сўна бошлаганди… Бу ерда қандайдир сир бор-ов. Бекорга мақтамаяпти. ..
– Сизни зериктириб қўймаяпманми, укажон? Бир нарса айтмоқчийдим…
– Сираям. Сиздай гўзал аёл оғзидан ҳар қандай достонни ҳам чурқ этмай, охиригача бўлмай эшитишга тайёрман.
– Бунақа уялтирманг! – шоира нозланганча оҳиста тўлғаниб қўйди.
– Рости-да.
– Қўйинг-е! Биласиз, аёллар журналида ишлайман. Бош муҳарриримизни ҳам танийсиз – машҳур шоира. Тунов куни олдига кирсам, хона бурчагида сариқ қоғозга ўралган тахлам-тахлам нарсалар турибди. Қизиғим қистаб, сўрадим:
– Опа, булар нима?
У менга синчков қарай-қарай, дабдурустдан:
– Ёнингизда пулингиз борми? – деса бўладими. Ҳайрон қолдим. Шу куни маош олган эдик. Буни у яхши биларди.
– Бор, – дедим. – Ахир боя маош олдик-ку!
– Унда айтай: булар менинг охирги чиқарган китобларим. Шеърлар тўпламим. Оласизми?
– Албатта, бажону дил, дастхат ёзиб берарсиз…
Опахон битта китобга менга ажойибу ғаройиб тилаклар тилаб дастхат битиб, жимжимадор қўл қўйиб берди. Сўнг:
– Қариндош-уруғларингиз ҳам ўзингиздек ўқимишли одамлар чиқар. Яна маҳаллангизда ҳам сизни ҳурмат қиладиган қўни-қўшниларингиз бордир? Ахир сиз ҳам таниқли шоирасиз, – дедилар.
– Ҳа, – дедим бўшашиб, кўнглим олдиндан ниманидир сезиб.
– Унда ушбу китобдан икки почкасини сизга бераман: йигирма тўртта. Машинам уйингизга элтиб қўяди.
Ёнимдан нақд икки юз қирқ минг сўмни опага чиқариб бердим. Китобнинг донаси ўн мингдан экан.
– Сотгандан кейин берардингиз…
– Насиянинг номи ўчсин, опа!
– Шуни денг! – деди у кўзлари кулганича.
Гўзал шоира гапидан тўхтади. Илк бор унинг пешонасида тириш кўрдим. Мен унинг гапларининг ҳали маъносини чақиб улгурмасимдан у мени лол қолдириб дангалига кўчди.
– Ёнингизда пул борми?
Ғалат бўлиб кетдим. Тўғриси, ўнғайсиз аҳволга тушиб қолдим. Ростини, шаҳарга қайтишимга яраша пулим бор холос, деб қандай айтаман?
– Бор, – дедим уят кучли. Уят– ўлимдан қаттиқ!
Опахоннинг боя пешонасида сезилар-сезилмас ўрмалаб ўтган тириши тарқалди.
– Бўлмаса, мен ҳозир хонамга кириб сизга ўзимнинг сўнгги ажойиб китобимдан – очерк ва лавҳалардан иборат тўпламимдан олиб чиқаман. Ўзимга олти мингга тушганди. Орадан икки йил ўтди: пул қадрсизланиб нарх-наво ҳам неча марта ошди, ҳозир ўн мингдан сотяпман. Оқ қоғозга босилган, муқоваси силлиқ, рангдор, чиройли. Ҳа, айтмоқчи, рафиқангизнинг исми шаърифлари нимайди?
– Шоирахон Шомаликова!
– Шоира Шомалик! Шоира бўлганда тахаллуси жуда жарангдор чиқаркан. Нима иш қилади?
– Шифокор.
– Ул мўътабар зотга ҳам битта олиб чиқаман. Мириқиб ўқиб чиқсин. Очеркларим орасида шифокорлар ҳақидагиси ҳам бор…
Шоира енгил ҳаракатланиб ўрнидан турди-да, чиройли қоматини кўз-кўз этгандек виқор-ла юриб кетди. Енгил ҳаракат! “Бизнеси” юриб тургач, шунақа ҳаракат қилади-да. Мендақа шўрпешоналарда эса ҳамиша оғир-вазмин ҳаракат…
Мени ўй босди. Тушдан кейин кетмоқчи эдим. Энди бу гўзал шоирага йигирма мингни қаердан топиб бераман? Бир имлаб чақириғига қушдай учиб келиб ёнига ўтирган ўзим аҳмоқ. Қолаверса, менинг “классик ҳажвиям”ни чиқарган шоири Даврон ҳам ҳар нарса бўлсин!
Шоира қайтиб чиқиб, жойига ўтирди. Соқовдек ҳеч гапга тилим келмайди. Кўрсатди. Менга олиб чиққан китоб муқовасида булутлардан-да баландда – қуёшга тегай-тегай деб учиб кетаётган турналарнинг расми бор эди. Нақадар рамзийлик.
– Намунча хомушсиз? – шоиранинг сўровидан чўчиб тушдим. – Аввал кимга ёзай? Шоирахонгами?
– Ҳа-да!
– Ростдан ажойиб аёл бўлса карак-а? Дидингиз чаккимас.
– Боя ҳам айтдим-ку! Маликайи Дилором! Дунёда тенги йўқ ҳурлиқо!
– Роса омадингиз чопган экан, – деганича шоира ёза бошлади. Ёзиб бўлиб, эринмасдан ўқиб берди:
“Шоирахон синглим! Мен сизни кўрмаган бўлсам-да, сиз тўғрингизда ёзувчи укам Йўлдошалидан кўп ва хўп яхши гапларни эшитдим. Шундан англадимки, сиз менинг тасаввуримда дунёдаги энг гўзал, барноларнинг барноси, дилбарларнинг дилбари, оқила аёлсиз! Қўли енгил шифокорсиз. Шундай бағрикенг, ажойиб ёзувчи укамнинг суянган тоғисиз, мевазор боғисиз, илҳом улашувчи чаманзор гулзорисиз! Фарзандларингизнинг меҳрибон, доно онасисиз.
Сизга узундан-узоқ умр, оилавий хотиржамлик, фарзандлар ва набираларингизнинг камолини кўриб ажойиб ёзувчи укам билан қўша қариб, соғ-саломат юришингизни Оллоҳдан тилаб, ушбу асар муаллифи Оппоғойи опангиз!”
21 март 20… йил
Дўрмон
– Бундайин дилдан чиқариб айтилган самимий сўзлар учун, ғаройиб тилакларингиз учун аввало сизга ташаккур! Сизнинг ушбу китобингизни йигирма минг сўмга эмас, йигирма долларга олса арзийди.
– Қўйинг-е, уялтирманг, бизга ўзимизнинг сўмимиз ҳам бўлаверади, – деди опа чеҳраси гулдай очилиб. Кейин нимадир эсига тушди чамаси тортинмай сўради. – Айтмоқчи, ҳозир қўлда долларнинг нархи қанча?
– Кечирасиз, аниғини билмайман. Кўпам ишим тушавермайди.
– Ҳа майли, керагида билиб оламиз, – деди у дастхат ёзилган китобни менга бериб, иккинчисини қўлга оларкан. – Бунисини Йўлдошали укам шахсан ўзингизга ёзиб бераман.
– Оппағойи опа, бизга биттаси етади. Иккинчисига ёзмай бераверинг. Уни мен ҳам сизнинг номингиздан ёзиб бирорта дўстимга совға қиларман. Мухлисингиз яна биттага кўпаяди.
– Яхши фикр!
Шоира китобларни қолдириб, хонасига кириб дори ичишини айтиб қўзғалди.
– Тушликда ошхонада кўришганда берарман, – дедим ноилож.
Мен ҳам хонамга қайтдим. Ёзолмадим: ижод музлади-қолди. Хаёлимда йигирма минг топишдан бўлак ўй йўқ. Аксига олиб бу ердаги одамлар билан офтобда қатиқ ялашмаганман. Э воҳ, Оппоғойим опа учун йигирма мингни кимдан топаман энди?.. Бировдан, айниқса, танимаган одамдан томдан тараша тушгандек пул сўраш уят! Яхшиси тушликка ҳам кирмасдан автобусда жўнаворсаммикан? Йўл-йўлакай маза қилиб опахоннинг китобини ўқиб кетаман. Йўқ, бундай йўл тутиш – турган-битгани номардчилик-ку! Ёзувчи шаънимга доғ! Раз, айтилдими топиш керак…
Аммо шу иш менга катта ўгит бўлди: энди уқдим – бундан кейин гўзалликда тенгсиз осмондаги ойга ҳам, сойнинг сеҳрли шивирига ҳам, қоши қалам, кўзи ҳумор шоираларнинг имосига ҳам сира-сира учмайман. Тентакка салом бердим, минг танга товон бердим, деганлари шумикан-а? Во дариғ, ғавғосиз бош – бошми, дейишарди. Шу баҳаво, табиат қўйнида ҳам ёқимсиз муаммога тўқнашиб ўтирсам-а?..
Лекин чиқмаган жондан умид. Ҳали тушликкача ҳам анча бор. Худойимнинг ўзи кўмак берар… Бир-икки кунда икки юз минг сўмимни йўқотишимни кўрган Худо унинг ўн фоизини ғойибданми, Сойибданми етказар! Яхши ният – ярим мол! Ўзи кўргувчидир, ўзи билгувчидир…
* * *
Шу куни бошқа ёзолмадим. Хаёлимда фақат опахонга берадиган пул!.. Хонамга ҳам сиғмай қолдим. Яна ташқарига чиқдим, аммо бояги ўриндиққа бориб ўтирмадим, унга нохуш қараганча нарироқдан ўтиб, аста кўча томон юрдим. Эндигина дарвозадан ўтгандим, қарасам узоқдан бир йигит қўлида сумка кўтариб, ижод уйи томон илдам келаяпти. Ким бўлди экан? Зора битта-яримта таниш чиқиб қолса. У яқинлашгач… ё, бапармони Худо, девонанинг ишини ўзи ўнглабди дегандек… Шодлигимдан ёш боладай қичқириб юборай дедим. У йигит ўзимизнинг Бағдоддан – дурустгина ҳажвиялар ёзиб, туман газетасини гуллатиб юрадиган маҳаллий ёзувчи Юрсин Турсин-ку! Уям менга кўзи тушди-ю, оғзининг таноби қочиб, сумкасини дуп этиб ерга отиб, қучоқ очганча мен томон ошиқди.
– Ия, ия, устоз! Ҳеч ўйламовдим, Тошкентда – Дўрмон боғларида сизни учратаман деб. Икки кунга пойтахтга келувдим, оғайниларга айтиб шўттан жой буюртириб қўйувдим . Уни қаранг-а, сизниям кўрадиган кун бор экан-ку.
– Э, ўзинг бормисан, укам, – мен ҳам қучоқ очиб уни бағримга босдим. – Хизрни йўқласам бўларкан. Ҳозиргина ўзимизнинг Бағдодни, у ердаги “ижод бўстонида” сенга ўхшаб жавлон уриб юрган зўр ижодкорларни эслаб тургандим.
– Жа гаппиям олас-да, устоз.
Дарвоза рўпарасидаги баҳайбат чинорга тиркаб қилинган қўлбола тахта ўриндиқда пича суҳбатлашиб ўтирдик. Ҳозирча бояги муаммо ечимининг бошқа йўли кўринмаётгани учун юзимдан андишани сидириб ташлаб, шартта сўрадим:
– Пулинг борми?
– Э, устоз, пойтахтга қуруқ қўл билан келиб бўладими?
– Унда йигирма минг сўм қарз бериб тур. Вазият шуни тақозо этиб қолди.
– Бажону дил, ака! Сиздай улуғ одам сўрайсизу, – у сумкасини апил-тапил титкилаб бир тахлам беш мингталикни чиқарди-да, тўрттасини ажратиб менга узатди. – Етадими?
– Етади. Раҳмат! Албатта, қайтараман.
– Қўйсангиз-чи, устоз, бегонамасмиз-у… Мен кириб жойлашай. Кейин шаҳарга тушиб чиқаман. Битта нашриётда биринчи китобимни тайёрлашяпти. Хабарлашиб келай-чи. Илоё, бу ёғига Худо сизнинг йўлингизни берсин, бизам қатор-қатор китоблар чиқарайлик.
– Бу борада сенга омад, укам Юрсин Турсин! Оммолейкин отинг ҳам, фамилиянг ҳам жуда кетворган-да, жарангдор. Тоза ижодкорбоп. Бунақаси бировда йўқ, – олган пулим ҳисобидан мақтовга зўр бердим. – Ҳажвияларинг ҳам зўр, меникиданам ўтади.
– Устоз, бизам боғдодлик-да, – у камтарликни йиғиштириб, оғзини борича очиб иржайди. Шу жойида мени мана шунақа тилёғламачиликка ундаган шоира опамизни ичимда сўкиб қўйдим.
– Оқшом ўтирамиз-да. Шўттамисиз? – дея у сумкасига қўл чўзди.
– Ҳа, – дедим бугун тушдан кейин кетиш фикримдан астойдил кечиб. Эрталаб кетарман. Бораман-да, ўша тўрт томони бетон ғурбатхонага…
* * *
Лекин опанинг китоб сотиш усулига гап йўқ. Ўрганса арзийди. Мен эса бирор нашриётда китоб чиқарсам, қалам ҳақи ўрнига берилган китобларни сотишга уялиб, текинга тарқатаман. Мана, одамлар нималар қиляпти. Қаёқдаги очерку лавҳалар тўпламининг биратўла иккитасини менга боплаб пуллади-я. Майли, ўзининг пешона тери билан ёзган нарсаларидан тўплаб китоб чиқарибдики, қандини урсин, зеро уни сотишнинг ҳам уят жойи йўқ. Ахир нашриётлар ҳозир бекорга китоб босмайди. Қаерга қўлёзма кўтариб борсанг, қўлёзмага эмас, қўлингга – пулинг, ҳомийинг бор-йўқлигига қарайди. Булар бўлмаса, гапни чўзишмайди… Опахон билгани-билган. Китоб чиқариш қийинлиги етмаганидек, сотиш ундан-да мушкул. Аммо опахон бу ишни ҳадисини олиб, уни санъат даражасига кўтарибди. Чиқаришниям, сотишниям боплаб эплаяпти. Омадини берсин!
Қайси бир йили “Чимён” санаториясида дам олгандим. Шунда Тошкентдан келган жиккаккина ёш шоира аёл санатория клубида дам олаётганларни тўплаб икки марта учрашув ўтказиб, ўзининг аллақанча шеърий тўпламини сотганди. Уддабурон экан…
Э, эсимга тушди, “Навоий” кутубхонасида ишловчи танишим Ғайбулло шоирни ҳам биламан. Қачон қарасанг, сумка тўла китоб олиб юради. Қаерга борса, бирор ташкилотми, корхонами, ўқув даргоҳими дарҳол бошлиғини топиб эски қадрдонлардек тил топишади, ҳаш-паш дегунча ўзига ўхшаш икки-учта шоир дўстларини, ҳатто бирорта қўшиқчини ҳам топади-да, шу куннинг ўзида “адабий учрашув” уюштиради, тадбир баҳона кўплаб китобларини пуллашга эришади…
Мен эса ҳозиргидек сира пулга ёлчимайману бепул тарқатаман. Жиндай юздаги уятдан кечиб, улар тутган йўлни тутишим керакка ўхшайди. Китоб ёздингми, чиқардингми, уни сотишни ҳам уддалаш керак. Ахир бунисиям бизнес! Тадбиркорлик!.. Олма пиш, оғзимга туш, дейдиган замон эмас. Ҳаракат қилиш керак!.. Ҳаракат!..
Синамаган отнинг сиртидан ўтма ёхуд Дўрмон сабоғи…
Кечка томон Юрсин Турсин шаҳардан тўлиб-тошиб қайтди. Мени хонасига чорлаб роса меҳмон қилди. Мириқиб суҳбатлашиб ўтирдик. Мен Тошкентдаги ўз ютуқларимдан, омад ва омадсизликларимдан гапираман, у эса ўз интилишларидан, муаммоларидан сўзлайди. Унинг китоб чиқариш илинжидаги юришларини кўриб ёшлигимни эслайман. Ҳа, ҳар битта ижодкор шу мактабни ўтайди. Биринчи китоб биринчи фарзанддай гап. Кутиб-кутиб эришасан. Ҳеч ким сени чақириб, “Кел китобингни чиқариб берай”, демайди. Аскардай югурасан, шамолдай еласан, бўридай олишасан, газета-журналлар, нашриётларда ишловчи баъзи бир “догма”лар билан курашасан, бу эшикдан ҳайдашса, унисидан кираверасан. Охири худди йиртқич ҳайвон боласидек улар ичида яшашга мослашасан, курашларга ўрганасан… Ва ниҳоят узоқ кутилган ғалабага эришасан – биринчи китобинг чиқади. Бу – сени тан олишгани. Ахир тан олишмаганига ўзинг қўймадинг-ку!..
Аммо шугина ғалабага эришгунча қанча умринг кетади, баъзи бир нозик туйғуларинг лат еб поёнига етади.
Сархушликда дангал бўлиб қолган навниҳол Юрсин Турсинга тикилиб шуларни ўйлайман. Қачонлардир ўзим ҳам у каби ўт-олов – ҳеч нарсадан қайтмайдиган, таф тортмайдиган эдим. Ёнасан, ёнмасанг, сўнасан! Сўнсанг, ўзи сени сўндираман деганларнинг шами ёнади. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди.
Кўпроқ Юрсин Турсиннинг гапларини қувватлаб ўтирдим. Чунки дастурхон уники, ичаётганимиз уники, қолаверса, хона ҳам уники… У ҳам камтар, фикри-ўйи бут, дунёқараши тиниқ бола, фақат мақтовга сал суяги йўқроқ. Илло-билло бунисиям ёшига ярашиқли. Унга гапнинг йўғида гап деб боя ундан олган йигирма минг тарихи – опахонга қандай қилиб чув тушганимни кула-кула айтиб бердим. У ҳам мендан баттар “хо-хо”лаб тоза кулди.
– Зўр ҳажвия қилса бўларкан, – деди кулгидан тўхтагач.
– Эй, қанақасан ўзи, дарров мавзуни ўғирлайсан-а, – унга ҳазиллашдим.
– Эй, устоз, бу ёғини қиздай қизғансангиз айтманг-да. Аёллардан топган битта мавзунгизни берсангиз берибсиз-да, устоз!
– Эй, сен қанақа шогирдсан ўзи, биз кўчадан топган мавзуни ҳали чўмилтирмасдан дарҳол оғзингга олиб, эга чиқасан-а?
Мана шу тариқа ўзимизнинг бағдодчасига аския айтишиб ўтирдик. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек силлиқ кетаётганди, лекин ҳар тўкисда бир айб дегандек охири чатоқ бўлди. Унинг хонасидан чиқиб ўзимникига яқинлашганимда шундоқ қўшни хонанинг қия очиқ эшигидан таниш ёзувчи Темирпўлатни кўриб қолдим. Отни қаранг: ҳам темир, ҳам пўлат. Шу пайт кайф аралаш дил тортиб уникига кирибман-да, денг… Уникида шоир Моҳир Тўра ўтирарди, беўхшов қирра бурнини қирдай тутиб, муғомбирона боқувчи кўзларини ўйнатиб, йўғон бўйнини пастга қимтиб, хумдай бошини столга эгиб. Ноилож мени ўз давраларига қўшишди, аммо аввалига энсалари қотиб гапдан тўхтаб анчайин жим қолишди. Темирпўлат стол устидаги ароқдан менга ҳам истамайгина бир пиёлага қуйиб, истамайгина узатди.
Қанча ўтирдик, нималарни гаплашдик, эсимда йўқ. Элас-элас эслаганим – Моҳир Тўра билан гап талашиб қолиб, столга қаттиқ муштлаб хонадан чиқиб кетганим… У нима деди, мен нима дедим, билмайман.
Эрталаб кетиш тадоригини кўриб нарсаларимни йиғиштираётсам, эшик секин чертилди. Остонада ижод уйи директори Абдужаббор ака турарди.
– Киринг, – дедим Абдужаббор акага қараб “Абжаббор – сенда бир гап бор” деган нақлни эслаб.
– Узр, бир оғиз гапим бор эди, шунга кирдим, – деди у ҳам менинг ўйларимга мос.
– Тортинмай гапираверинг, – унга мадад бердим.
– Хафа бўлмайсиз-да. Огоҳлантириб қўйиш менинг вазифам.
– Нима гап ўзи, сал тушунтириброқ айтинг.
– Кеча ичиб, Темирпўлатнинг хонасига чиқувдингизми?
– Ҳа.
– У ерда анави Моҳир Тўра ҳам бор эдими?
– Бор эди. Совуқ башарасини достон қилиб ўтирувди.
– Унинг кимлигини билмайсизми?
– Шоир.
– Тағин-чи? – Абдужаббор бу ёғини очиқ айтмай, чап қўли билан чап қулоғига маъноли уриб қўйди. Демак, “қулоқ”.
– Эрталаб устингиздан менга ариза ёзиб кирди. Маст-аласт юриб ижодкорларнинг тинчини бузаяпти деб. Агар чора кўрмасангиз, кўплашиб устидан уюшмага хат уюштираман, дейди…
– Вой ярамас-ей! Ҳали шунақами у?
– Ҳа-да! Йўлдош Қўлдош, сиз ҳали одамларни билмайсиз.
– Ҳаммани ўзимга ўхшатаман-да: содда, далиғули, кўнгли очиқ деб.
– Энг катта хатонгиз шунда. Ҳаммани ўзингизга ўхшатаверманг. Ахир бекорга синамаган отнинг сиртидан ўтма, дейишмайди. Уни базўр тинчитдим. Бу ёғига ҳушёр бўлинг! Сизга шуни айтиб қўяй дедим. Яхши ёзувчисиз, қатор-қатор китобларингиз чиқяпти, кўнгли қинғирлардан узоқроқ юринг. Шунақа талантли ёзувчиларни кўралмайдиганлар, оёғидан чаладиганлар ҳам борлигини билиб қўйинг!
– Раҳмат! Вақтида айтганингиз яхши бўлди. Ҳозир кетяпман.
– Кўнглингизга бошқа гап келмасин. Мен сизни кетказдим деб қўяман. Ва шу баробарида чора кўрган бўламан. Бу гапимдан хафа бўлманг. Акс ҳолда, у шилта тинчимайди. Гап чувалашиб уюшмага етиб бормасин. Биласиз, подада бир тиррақи бузоқ бўлса, ҳамма ёқни булғайди. У шунақа ифлоски, ёз-ёз қилиб, ҳатто ўзининг битта курсдош оғайнисини уюшмадан ҳайдатган…
* * *
Йўлда кетиб боряпману камбағални туянинг устида ит қопиб, шу ерда ҳам бошим турли ғавғоларга дуч келганидан гаранг. Гадонинг душмани гадо, деб бекорга айтишмаган. Кўнглим эриб, Темирпўлатни дуруст одам деб, унинг олдига киргандим-а. Агар уникида анави ифлос Моҳир Тўра борлигини билганимда, икки дунёда ҳам кирмасдим… Демак, уям унинг ҳамтовоғи экан-да. Қаерданам билиб ўтирибман уларнинг бунақалигини. Кеча уни кўриб тарашадек қотиб қолганидан, совуқ муомаласидан, аввалига тилсиз соқовдай индамай туришганидан маълум эди…
Ҳа, майли. Садқаи сар! Яхшиямки, Абдужаббор дуруст одам, орқаворатдан иш қилмай, бор гапни ўзига айтди. Йўқса, бу илоннинг кимлигини ҳам, пинҳона чаққанини ҳам билмай доғда қолиши мумкин эди. Аммо бунақа заҳарли илонни ўз вақтида пайқагани дуруст бўлди, ундан узоқроқ юрсам, ундан-да, дуруст.
Лекин, қизиқ! Замонлар минг ўзгарса-да, чақимчилар, гап ташувчилар, сотқинлар, хуфиялар, айғоқчилар топилаверади-я. Демак, улар ҳамиша кимгадир керак, шунга йўқолмас экан-да… Қачонлардир Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир сингари қанчадан-қанча ёзувчиларнинг бошига етганлар ҳам мана шунақа ўз ичимиздан чиққан хасадгўйлар эмасмиди?
“Мулла” дўстим муруввати
Эрталаб уйга етиб келдим. Эшикни хотиним очди. Ҳалиям шамол шахтидан қайтмаган кўринади, қовоғи солиқ. Мени кўриб, бурнини жийирганча индамай нари кетди. Бегона уйга киргандек секин остона ҳатладим. Кошки, мениям шу пайтда уни кўришга жуда кўзим учиб турган бўлса… Эсимга орада бўлиб ўтган кўп жанжаллар, улар туфайли кўнгилда туғилган кўнгилсизликлар, дилозорликлари-ю хираликлари тушди… Мелисахона… Ит… Уйга олис йўлни пиёда босиб саҳармардонда келганим. Шу ярамас хотинни қўймоққа қасд қилиб бунга жазм этолмаганим… Ижод боғидаги соддаликларим… Бари аламимни оширади. Аслида “қўйиш” фикридан бекорга воз кечдиммикан? Шу ўй яна миямда чарх ура бошлади…
Хотиннинг башарасини кўрмайин деганча апил-тапил кийимларимни ўзгартирдим-да, ишга жўнадим. Уйда эса менам аза тутган одамдек ҳўмрайиб, қора булут мисоли айланиб юравердим. Ахир эскилар бекорга айтишмаган: “Кеккайганга кеккайгин бошинг кўкка етгунча, эгилганга эгилгин бошинг ерга теккунча”, деб. Қани, аразлашиш баҳсида ким ютаркан: давлатнинг мелисасини ишга солган сенми ёки қалам-қоғоздан бошқа ҳақиқий дўсти йўқ менми?! Кўрамиз! Хўмрайиб юравер, гинахон. Аммо икки хонали торгина уйнинг торгина ётоқхонаси бор. Уни бўлиб бўлмайди. Иккита болам зални эгаллаб олишган, гоҳида залда телевизор кўриб тонг орттираман, бечора болаларим уйқуси келса, балконга чиқиб ётишади. Ҳаволар совиб кетгач, болалар ҳам балконни тусамай қўйишди. Уйқум келмаса-да, хотинни чаён ва заҳарли илонга қиёс қилсам-да, ноилож ётоққа кираман. Гапирмасликда артистдан баттар роль ўйнаб қўяман. Ярамас хотин ҳам ўз ролини мендан баттар уддалайди. Шундай пайтларда бу ёлғончи дунёдаги кўп гаплар ёлғон эканлигига амин бўламан. Ахир, “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” дейишарди, қани ўша дока рўмолнинг қуригани, қачондан бўён Сибирнинг ҳавосидек совуқ, ҳўл! Докаям шунақаям узоқ нам тортадими?
Кунларнинг бирида хотин арзимаган жанжални “жаҳон уруши”га айлантирди. У шунақа “жини қўзиган”да отасини аямайди. Бундай пайтларда мен ҳам ўзимни тутолмай қоламан. Ахир менинг ундан кам жойим борми?..
…Бу галгиси ёмон бўлди. Орадаги шамол тезда бўронга айланди. Иккаламиз ёғоч кўприк устида суяк талашаётган итларга ўхшаймиз, ҳеч ким ортга тисарилмайди.
– Аҳмоқ! – деди хотиним оғзига келганини қайтармай, кўзлари хунук ялтираганча. – Отангга ўхшамай ўл, алкаш!
Буниси энди ортиқча бўлди. Пичоқ бориб суякка тақалди. Сабр косам тўлиб, асабларим чок-чокидан сўкилди. Ортиқ ўзимни тутиб туролмадим.
– Отамга нима қипти?! Ўлиб кетган отамга тил тегизма, мараз! – дедиму кўзимга маймундай кўриниб кетган хотинимнинг бежиримгина башарасига беўхшов мушт туширдим. Зумда бурнидан қон сизиб чиқиб, ота-болани ҳақоратлаган оғзига оқиб туша бошлади.
– Онанг ҳам ўзингга ўхшаган тўпори, қишлоқи эди. Сўтак! – сассиқ ўра буруқсашини қўймасди.
Буниси энди ҳаммасидан ўтиб тушди.
– Ў, аблаҳ! Эшшак! Битта гапдан қолсанг, ўласанми?! – дедим мен ҳам овозим борича бақириб.
– Ўзинг эшак. Уруғ-аймоғинг – ҳамманг эшак!
Бундай ҳақоратга энди фил ҳам чидолмаса керак. Ғазабдан кўз олдим қоронғилашиб, хотиним кўзимга нақ балойи азимдек кўриниб кетди.
– Ҳали мен сен ярамасга уруғ-аймоғимни ҳақоратласин деб уйланганмидим! – дедим аъзойи баданим титраб-қақшаб. Кейин шартта “дом” йўлагига чиқдим-да, қўшни эр-хотинни бошлаб кирдим. Хотиним диванда ўтирган кўйи кафтларини юзига босганча ёлғондакам кўзёшини оқизиб, ҳамон дийдиё қиларди.
– Қўйдим! Уч талоқ қўйдим, сен ярамасни. Бошқа сен билан бир минут ҳам яшашни истамайман! Гўрингда тўнғиз қўпгир! Мана, гапларимга қўшнилар гувоҳ! – дедиму, аммо бундай ножўя гаплар оғзимдан қандай отилиб чиққанини ўзим ҳам билмай қолдим.
– Қўйинг, қўшни, бунақа тутуруқсиз гапни! Тавба қилдим денг, – деди эркак қўшним. – Эшитган қулоққа яхшимас.
– Шайтонга ҳай беринг! – деди хотини. – Ҳозироқ қайтиб олинг, бу ярамас гапни! Ёмон бўлади…
– Қайтиб олган номард! Гапим – гап! Хотинсиз ўтсам ўтаманки, у билан бошқа яшамайман. Ажрашаман! Ажрашмаган ҳам номард!
– Эркакмисан, шу гапингда тур! – Хотиним икки қўллаб ёқамга ёпишди. – Сендан чиқмаган ҳам номард!
…Хуллас, барчаси ўтди-кетди. Етимчадек балконда ётиб юрдим. Боғланган кучукка бергандек овқатни ҳам хотин болалардан шу ерга чиқариб юборади. Булар-ку, майли-я, чидаса бўлади. Аммо шу десангиз, пайпоқларимни ҳам ўзим бечора юваман… Янаям соддалигим бор экан, бу жанжални ҳам ҳар галгидек “дока рўмолнинг қуриши-да”, деб ўйлабман. Қаёқда! Ўрни келганда, дока ўлгурнинг қуриши ҳам қийин кечаркан. Қурийвермагач, сен ҳам ҳўл латтадек бўшашиб юраркансан.
Охири ёлғизлик жонимга тегдими ёки балконнинг совуғими билмайман, ётоққа ўтдим. Бироқ ҳамон урушнинг асорати – икки қутб икки томондан жим. Ғурур, бемаъни ғурур сабаб. Ҳеч ким олдин гапирай демайди.
Шундай афтодаҳол юрган кунларимнинг бирида туш кўрибман. Кимдир, “Бунақа қилиб узоқ аразлашиб юриш ярамайди, қани қўлингни чўз-чи, сенларни ўзим яраштириб қўяй”, деса, билиб-билмай қўлимни эркин тутиб узатиб юборибман. Қўлим бориб қоронғиликда бехосдан беозор пишиллаб уйқуни ураётган хотинни қўлига урилибди. “Уйқудаги пари” сергак ётган экан, ток ургандек ирғиб ўрнидан турди. Шунда э, Парвардигор ўзинг гувоҳ, хотиннинг бақириғидан чўчиб уйғониб кетдим, узатганим ростданам қўлим-у, кўрганим туш экан…
– Нима қиляпсиз?! – бор важоҳат-да ўшқирди хотиним. Кўзларимни ишқалайман, ширингина тушумни эслайману ҳушимда юз бераётган воқеаларни дабдурустдан англолмайман… – Тез йўқолинг бу ердан! Номаҳрам! Биз бошқа-бошқа одамлармиз энди, – деб айюҳаннос солиб қолди у.
– Э-э, бақирма, болалар уйғонади, – дедим секин. Сўнг овозимни янада пасайтириб пичирладим: – Қўй энди, хотин! Ўтган ишга салавот.
– Қўй?! Қўй эмиш. Сиз аллақачон қўйиб бўлгансиз.
– Ахир, бир уйда туриб…
– Ахир-пахири йўқ!
– Кечир дедим-ку! – илтижоли ёлвордим.
– Бандасимас, Худо кечирсин, сиздақа бетовфиқларни, агар кечириб бўлса!
Шу-шу, хотин мени бошқа ётоққа киргизмай қўйди. Яна гулдай умрим балконга кўчди. Нуқул ғамнокман: беўхшов ўйлар ич-этимни таталайди. “Оғзимга куч бермай – мен ўлай. Оғзимга куч келтирмай, сен ўл!” Ўйлаб-ўйлаб охири калаванинг учини топдим: ёнимиздаги даҳада турадиган курсдошим Абдураҳмон дурустгина мулла-ку! Талабаликдан эскичага ихлоси баланд эди. Ўзиям менга ўхшаб унча-мунча нарсалар ёзиб юради, баъзи ҳажвиялари газетда ҳам чиққан. Шунинг учун мен уни “Абдураҳмон ибн Аббос” деб ҳазил аралаш улуғлаб қўярдим. Адабиёт баҳона тез-тез гурунглашиб турардик.
Бир сетка бозорликни кўтариб, Абдураҳмонникига кириб бордим. Ҳайтовур уйда экан, эшикни ўзи очди. У билан астойдил қучоқлашиб кўришдим ва қўлига харидга тўла сувпакетни тутдим.
– Э, нималар қип юрибсан, овора бўп. Қани, киравер!
– Овораси борми, дўстим, – дедим унга синчков қараб. – Одам-одамга дўст, кўмакдош!
– Нима гап ўзи? Тинчликми? – деб сўради Абдураҳмон уйга кириб, пича гурунглашиб ўтирганимиздан сўнг. – Бу сафар жа-а, бошқачасан?
– Зийраксан, дўстим, зийраксан, – мақтаган бўлдим уни. – Айт десанг айтаман, дардим – куч! Битта ноқулай иш қип қўйдим.
– Ўзи сен ҳар доим қовун тушириб юрасан. Ишкалдан бошинг чиқмайди.
– Буниси… оддий қовун туширишмас…
– Гапир! Аччиқ ичакдай кўп чўзаверма.
Муддаога кўчдим. У гапларимни эшитгач, бошини узоқ ликиллатиб турди. Кейин қаердандир қўлида пайдо бўлган тасбеҳни ўгириб, чуқур уҳ тортди.
– Уч талоққа мутлақ йўл йўқ, – деди жиддий. – Иннайкейин, биласизми, – деди негадир “сиз”лаб, – шариат китобларида айнан шу тўғрида нималар ёзилгани-ю мусулмончиликда қандай амаллар қилинишини…
– Эшитгандайман, – дедим кўнглим ғашланиб.
– Эшитгандайман эмиш. Э, башаранг қурсин. Оғзим боракан деб ҳар нарсани гапираверасанми, хумпар! Энди шуни билиб қўй, шариат бўйича хотинингни хотин қиламан десанг, у аввал бошқага никоҳланиши керак. Ана ундан сўнг у одам талоқ қилса, агар истаса яна сенга тегиши мумкин… Лекин масалани яна бир нохуш томониям бор, ҳозирги замонда сену биз ўйлагандек ҳотамтой эркакни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиш қийин. Топилганиям катта пул сўрайди… Яна ким билсин, орада шайтон бор, ҳар лаҳзада лабзидан қайтиб қолиши ҳеч гапмас… Инчунин, хотининг ҳам кўзга яқин, суқсурдеккина…
– Ўчир овозингни! – дедим юрагим музлаб. – Ўқимишли мулланинг гапи ҳам шунчалик совуқ бўладими?
Абдураҳмон ибн Аббос аҳволимни пайқаб, ичида кулиб индамасдан мени зимдан кузатарди. Менга орадаги сукунат дақиқалари соатдек узун туюлиб, вужудимни гўё ит таталарди.
– Жон дўстим, бир иложини топ! Бошқа бундай номаъқулчиликка йўл қўймайман, – дедим базўр тилга кириб.
– Биринчи марта талоқ қўйишингми?
– Ҳа, рости жаҳл устида биринчи марта айтиб юборибман.
– Мастмидинг?
– Ҳа-да, – дедим шошиб, чўкаётган одам чўпга ёпишгандек, кўнглимда умид учқунлари милтиллаб. – Бўлмаса-чи… шундай гулдай хотинни…
– Унда битта йўли бор, – деди Абдураҳмон ибн Аббос сирли қилиб. Вужудим қулоққа айланди. У бир томоқ қириб олиб, давом этди: – Мусулмонлар диний идорасига борасан ва ростини айтиб, тавба қиласан. Агар-да кечиришса, тўрт юзми, беш юз мингми жарима тўлайсан.
Жариманинг кўплигидан капалагим учди. Наҳотки, бир оғиз бемаъни гап шунча қиммат турса? Э, оғзи полвонлик қилмай ҳар нарса бўлай. Нажот кутиб, домлага умидвор тикиламан. Нажот дарвозаси эса ҳадеганда очилавермайди. У эса, гўё ўйлаётганларимни уққандек сукут ила вужудимни эзади.
– Жуда кўп-ку! – дедим ниҳоят бўш қопдек шилвираб.
– Сендек тутуруқсизнинг гуноҳи эса ундан-да кўп! – домла қовоғини уйди. – Аслида, сен арақхўрга маслаҳат бериб, йўл кўрсатганнинг ўзи аҳмоқ! Сенинг сохта тавбаларингга ҳам ишониш қийин.
– Қўй энди “натация” ўқишингни. Ўзи бўларим бўп турибди. Бошқа бўлмайди дедим-ку. Чин сўзим!
– Охирги гапларингни қайтар!
– Ўлай агар, бошқа қайтарилмайди. Ичишни ҳам ташлайман!
– Буниси бошқа гап. – Домланинг чеҳраси пича ёришди.
– Пайшанба куни уйингга ўтаман. Яраш оши қиласан. Никоҳ қутбасини ўқиб, яраштириб қўяман.
Тилло топган гадойдек қувониб кетдим. Сўнг пича ҳушёр тортдим.
– Аввало, сенга раҳмат дўстим. Кейин…
– Яна қанақа “кейин”…
– Жа, фақат менигина уришмайсан-да. Ахир қарс икки қўлдан чиқади.
– Бўпти! Кўрамиз! Қилғиликни қилиб қўйиб, яна лўлиликка бало борми!
Айтилган кун залдаги хонтахтага чиройли дастурхон тузаб қўйдим. Хотин ош дамлади. Домла – Абдураҳмон ибн Аббос айтилган вақтда келди. Ош ейилиб, дастурхонга фотиҳа тортилгач, домла “чақир” деди. Сал ўтмай бошига узун дурра рўмол ташлаб олган хотиним келинчаклардай ийманибгина кириб келиб, кўзлари билан ер чизганча ёнимга ўтирди. Абдураҳмон гап бошлади. Нақд ярим соат “марал” ўқиди. Лекин у барча айбни менга тақаб, гапни мендан бошлаб менда тугатса бўладими? Хонтахта остидан узатилган оёғим билан оёғига шу туртаман, қани энди у парво қилса. У гапни чўзган сайин жиғибийроним чиқади. Урворгим келади. Аммо вазият қалтис, зиёни бизга бўлади, чидадим. Хуллас, домла мен фақирни қоралаб айтган гаплари тугагач, никоҳ ўқиб, қўша қаринглар деб ҳақимизга дуо қилди.
Турдик. Хотин битта қийиқчага тўртта нон ва ул-бул ширинликлар солиб тугиб қўйибди. “Домлага беринг!” деди. Абдураҳмон, “Олмайман”, деб шартта чиқиб кетди. Ортидан эргашдим. Охири олди, занғар. Чўнтагига пича пул солиб қўйдим. Қайсарлиги тутиб, униям аввалига “олмайман” деди.
– Олмасанг, кўнгил жойига тушмайди. Ирими шунақа-ку, – дедим. У охири олди. Шунда пича хафа бўлганимни яширмай ўпкаландим. – Аммо-лекин, жа ошириб юбординг-да! Гўё ҳаммасига фақат битта ўзим айбдордек…
– Э, хафа бўлма. Тамомили шунақа.
– Э, тамомилингдан ўргилдим, сендақа домлапоччани.
– Тентаквой. Хотининг ёнга қолганига суюнмайсанми?
У маънодор жилмайиб хайрлашганча, ёшига ярашмаган чаққонлик билан пилдираб юриб кетди. Уйга қайтиб залда ўтирарканман, ўтган ишларни эслаб гоҳ кулгим қистайди, гоҳ хўрлигим келади. Домланинг қилиғини эслаб энсам қотади… Шу пайт уч яшар қизим секин эшикни очди-да, кўзларини мўлтайтиб мўралаганча деди:
– Дадажон, Абдураҳмон амаким жинингизни кетказдими?
Қотиб қолдим. Майли, ўтгани ўтди! Ҳаммасига чидаса бўлади. Бироқ манови гўдаккина ҳам барча айбни менга тиркаб туришини қаранг! Бунисига қандай чидай?!
Тилим қурсин…
Ишга бордим. Вақт тушликка яқинлашяптики, негадир қўлим ишга бормайди. Иш столим устидаги қора телефон дафтарчасини секин қўлга олиб, истамайгина варақлайман. Ногаҳон бундан анча йиллар илгари менга қарз берган танишимнинг дафтарчанинг бир четига кичик ҳарфларда ёзилган телефон рақамига кўзим тушиб қолди. Рақам илмий-текшириш институтида ишлаб юрганимда менга яхшилик қилган профессор акамизники эди. Институтдан пахта теримига чиққанимизда у билан қалинлашиб кетгандик. У лаборатория мудири эди. Унинг қилган яхшилиги ҳозиргидек эсимда. Эндигина уч хонали уй олганман, институтда ҳали кичик илмий ходимман, ойлик ҳам шунга яраша, иккита болам бор, хотин ишламайди, ҳар уч ойда эса уйнинг тўлов бадали – қоғози келади, уям оз эмас, нақд битта маошимга тенг. Ахир қолган иккита ойликка катта шаҳарда уч ой тўрт жонни боқиш осонмас. Уй бадалини тўламай юравердим. Биров индамади. Аммо орадан беш йил ўтгач, “Билим” кооператив жамияти ҳокимият орқали мени судга берибди, қарзларим нақд йиллик маошимнинг пулига тенг бўлибди, тағин суд ҳаражатларини ҳам тўларканман. Бошимни қайга уришни билмайман. Қарзлар вақтида тўланмаса, фоиз туғавераркан. Ўйлаб сира ўйимнинг охирига етолмайман. Бу шаҳар ўлгурда бундоқ тузукроқ меҳрибоним йўқ, бойваччароқ танишим ҳам. Бир куни таваккал қилиб Қаҳрамон акага маслаҳат солдим. У дардимни эшитгач, олдинига мириқиб кулди. Кейин жиддий тортиб сўради.
– Яшшавор-а, нега шуни шунча вақтдан буён айтмадинг? Қанча экан?
– Нақд бир йиллик маошим миқдорида. Ойликка ишлайдиган мендақа одам энди уни умр бўйиям узолмасам керак. Ахир оғизни тикиб қўйиб бўлмаса… Тўрт жонмиз. Бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув дегандек…
– Э, бўпти-бўпти! Маталвозликни қўй, шундоқ ҳам ҳаммаси кундай равшан. Сен мени биласан-а, биринчи хотинимга алимент тўлайман, битта қизим бор. Улар қишлоқда қолган.
Унинг гапини дарровданга тушунмадим. У ўзининг аҳволидан шикоят қилаяптими ёки гапининг бошқа маъноси борми? Билолмадим…
– Демак, эртадан алиментчим иккита бўлибди-да. Эртага сенга ўша пулни бераман, – деди у дангал.
Хурсандлигимнинг чеки йўқ. Эртасига пулни олдим. Неча кундан буён тинмай ич-этимни кемириб миямни эговлаётган ўйлар зумда тарқаб, Қаҳрамон ака ўз отамдан ҳам улуғ кўриниб кетди.
Пулни олгач, чўчибгина сўрадим.
– Қачон қайтараман? Қарзгадир ахир? – овозим зўрға чиқди.
Қаҳрамон ака “хо-хо”лаб узоқ, мириқиб кулди.
– Ҳозирча еб кетарга! Аҳволингни кўру сенга қарзга бериб бўладими? Қачон Рокфеллер бўп кетсанг, ўшанда қайтарарсан.
– Албатта, қайтараман! – дедим мен ҳовлиқиб ўзимча ғурурим қўзғаб. У гапимга парво ҳам қилмай, беихтиёр қўл силтаб қўйди.
Телефон рақамига қараб унинг ўшанда менга қилган ҳимматини, мардлик ва мурруватини эслайман. Ундан пулни олгач тез орада газетага ишга ўтиб кетиб, кам кўришадиган бўлдик. Бу орада ишни ҳам икки-уч марта ўзгартирдим. Лекин кам кўришсак-да, учрашганимизда у сираям қарзимдан гапирмасди. Мен ҳам унинг яхшилиги эвазига икки-уч марта газетада суҳбатлар уюштириб, мақолалар чиқардим. Ўзи ҳақида очерк ёздим. Ҳатто бир марта таниқли журнал муқовасида рангли суратини чиқаришга ҳам эришдим. Ахир мулла билганини ўқийди-да!
Унинг телефон рақамларига қараб шуларни хаёлимдан ўтказарканман, қарздорлигимни маҳзун эслаб дафтарчамни ёпиб қўйдим. Бироқ қизиқишим қўймасди. Шундай ҳотамтой акахонимни ҳам қачонлардан буён йўқламайман-а? Одамгарчилик бунақа бўлмайди-да. Ҳозир бормикан? Бўлса қаерларда ишлаётганкин? Ҳижолатпазликни қувиб, бемаъни қизиқишимга енгилиб, қўнғироқ қилдим. Гўшакни унинг ўзи олди. Қўнғироқдай жарангдор овозидан дарҳол танидим, у ҳам мени овозимдан таниди.
– Ия! Бормисан, укам? Эски ишхонангдан тополмадим. Қаерларда юрибсан?
Таҳририятимиз манзили ва ўз хонам рақамини айтдим.
– Гап бундай, – деди у мулоқотимиз охирида. – Эртага ишдамисан? Унда олдингга ўтаман.
Гўшакни қўйдиму баданим совуқ тортиб зирқиради. Ана ғирт қўлга тушдим. Ғалвалар бошланади энди. Бекорга келаман демади. Таниқли профессор одам мени бекорга кўргиси келмаяпти. Эҳ, оч қорним – тинч қулоғим, жимгина юргандим-а… Тил югириги бошга деганлари шумикан?
Эртасига кўришганимизда акахоним гапнинг пўсткалласини айтди-қўйди.
– Сўрамасдим. Бироқ нафақага чиқиб пича қийналиб қолдим. Биласан, иккинчи хотиним ўрис эди. Ўғлим Толикни олиб, Россияга кетиб қолди. Мени ҳам кетишга роса қисташди, аммо Ватанни ташлаб кетолмадим. Кенггина ҳовлимни сотдим, ҳар ким ўз улушини олди. Ҳозир икки хонали “дом”да яшаяпман, тақдир экан…
Ҳаммаси аён. Лекин нима бўлгандаям у мен муҳтожлигимда ўйлаб ўтирмай, мени ўз туғишган инисидек кўриб пул берганди, ҳатто берган пулини қарзга ҳам демаганди, энди мен ҳам мардларча қайтаришим шарт! Ортиқча пулим йўғ-у, аммо топиб беришим керак! Ахир бекорга “Бу дунё – қайтар дунё”, дейилмаган. Орага қилча гап сиғмайди. Аммо бирваракайига… Шунча пулни қаердан топаман? Ўз мулоҳазаларимни ўзимдан қувиб ҳақ гапни айтдим.
– Ака, аввало, ўшанда қилган мардлигингиз учун сизга катта раҳмат! Пулингизни, албатта, қайтараман!
Унинг чиройи очилиб, елкамга шаппатлаб қўйди.
– Балли, ота ўғил! Яшшавор! Мардлигингни ўша пайтлардаёқ билардим. Мен орадаги пулнинг қадрсизланишларини ҳисобламайман, долларга ҳам бичмайман, шу ўзимизнинг сўмда берсанг ҳам майли.
– Фақат, – дедим бўшашиб, – бирданигамас, олти ойда. Ўзи яқинда қизим ўқишининг “контракт” пулидан зўрға қутулгандим.
– Гап йўқ, – деди у бу гал ҳам дангалига кўчиб. – Қўлни ташла! Демак, ҳар ойда бўлиб-бўлиб… Розиман. Фақат биринчисини индинга тушдан кейин келиб олсам. Пул жуда зарур эди.
– Бўпти! – дея унинг очиқ кафтига кафтимни “пақ” этказиб урдим. Аммо индинга унга берадиган пул ҳозирги ойлигимнинг ярмича келарди. У кетгач, яна мени ғам босди. Тағин ўтмишга қайтиб, қийналиб яшашимни ўйлайман… Столим устидаги қора телефонга, ундан-да қоп-қора телефон дафтарчамга нохуш тикиламан, шу топда бу дафтарчани ёқиб юборишга ҳам тайёр эдим… Намунча, ўзи мени кейинги пайтларда ишим ҳеч олдинга юришмайди-я. Бироқ Қаҳрамон акага қарзимни “бераман” деб яхши қилдим. Ахир, “Емоқнинг – қусмоғи бор”. Буни билардим-у, аммо бу кунни айнан шу бугун, ўз хоҳишим билан “қора телефон” орқали келишини етти ухлаб тушимда кўрибманми?.. Э, барибир унинг оиласининг кетиб қолгани ёмон бўлибди. Бу ҳам ўзи айтганидек, тақдир-да! Унда менинг бошимга тушганлари-чи? Кўргиликми? Ёки шумгина қисматми?
Алданиш
Қаҳрамон ака келадиган куни эрталаб ишга кетишда китоб орасида хотинга билдирмай сақлаб юрганим – эллик долларни ва пича пул олволдим. Эр кишининг ваъдаси-ваъда. Бугун қарзимнинг дастлабкисини беришим керак. Долларда берганим яхши-ю лекин у кун сайин тез-тез ўзгариб туради-да. Яхшиси, ўзимизнинг сўмда берсам, ҳисобда адашмайман, аниқ-тиниқ бўлади. Ўзиям шундай деган.
Иш орасида вақт топиб, банкка кирдим. Долларни алмаштириш кассасига одам тирбанд, чамаси ўттизга яқин. Менга эса навбатда туриш сира ёқмайди. Шу ўйда атрофга алангладим. Шунда дераза олдида турган йигирма ёшлардаги олифтанома йигитга кўзим тушди. Кўзларимиз тўқнашди. Негадир унинг кўзлари бажо эди. У гўё ниятимни сезгандек секин ёнимга келиб пичирлаб сўради:
– Майдаламоқчимисиз? Мен майдалаб беришим мумкин. Курсни билдингиз-а?
– Ҳа, билдим.
Йигит кириш эшиги олдида турган милиционерга зимдан қараб қўйди-да, боягидан ҳам паст овозда шивирлади:
– Юринг, унда ташқарига чиқайлик.
Кўчага чиқдик.
– Қанча? – деб сўради у.
– Эллик доллар.
– Бўлди, мен ҳозир, – у мендан долларни олгач, обдан силаб-сийпалаб текшириб кўрди, сўнг чўнтагидан икки пачка беш юз сўмликларни чиқариб менга узатди.
Эскиларнинг эсли гаплари эсимга тушди. “Кўчадан топиб олсанг ҳам – санаб ол!” Йигит кийинишидан, муомаласидан шубҳали кўринмасди. Шу пайт у кастюмининг ички чўнтагидан яна бир боғлам пул чиқариб, менга узатди. Беш мингталиклар. Мен уни олиб чўнтакка солдим ва иккинчи беш юзталикларни санашга тушдим. Шу маҳал боя эшик олдида турган милиционер кўчага чиқиб, биз томон синчков қаради.
– Ака, ҳушёр бўлинг, – деди у. Милиционер биз томон қадам ташлади. Бошимга ҳар балолар ёғилмасин деб нари юрдим. Шу орада бояги йигит ерга кирдими, осмонга учдими бирпастда йўқолиб қолди. Кўнглимга шубҳа оралади. Сал наридаги муюлишга бурилиб чоғроқ хиёбондаги ўриндиқларнинг бирига ўтирдим-да, сўнгги олганим – беш мингталик пул боғламини санай бошладим. Э воҳ, бешта беш мингталикдан кейин оддий қоғозлар тахлаб қўйилган эди, фақат охиридагина яна учта беш мингталик бор эди холос. Юрагим шув этиб орқага тортиб кетди, баданимни совуқ тер босди. Аферист! Ёлғончи! Қаллоб! Кўзлари ўйнаб турганди-я… Ифлос! Хорамхўр! Яшшамагур! Аламимдан йиғлаб юборай дедим. Нақд икки юз мингга алдаб кетибди-я.
Э, Худо! Олдингда нима гуноҳим бор эдики, шу ерда ҳам қандайдир ярамас мени алдаса. Пича сабр қилиб, эл қатори навбатда туриб кассадан майдалатганимда бу кўргиликлар йўқ эди. Озгина вақтдан тежайман деб шунча пулга алданиб ўтирибман-а. У қаллоб ҳам келиб-келиб мени танлагани-чи. Бунақа ифлос фирибгарлар ўзгаларнинг фикрини узоқдан уқиб, шунга қараб иш тутишга устаси фаранг бўлишаркан.
Энди тўлайдиган қарзимни қандай бутлайман?
Ишхонамга ёмон кайфиятда қайтдим. Дардимни бировга айтмадим, айтолмадим. Бир кўнглим банкка кириб бошлиқларига учрашиб, “Банкингизга аферист болалар ин қуриб олган экан, топиб берасизлар, акс ҳолда устиларингдан арз қиламан”, деб ариза ёзиб бергим келди. Лекин барибир алал-оқибат ўзим кулгига қолишим аниқ. Уларнинг берадиган жавоблари ҳам маълум: “Сизни ким мажбур қилди ноқонуний йўлни танлашга?” Бояги милиционерга айтсам-чи? Йўқ, йўқ! Балки у ўша товламачи маккор билан ҳамтовоқдир. Худди кино сценарийларида ёзилганидек, у кўчага чиққанда, йигит менга сўнгги почкани шошилинч тутқазиб, зумда йўқолиб қолди-ку! Кейин уни роса қидирдим, кўча ва муюлиш бўйлаб изладим, банкка ҳам қайта-қайта кириб чиқдим. Кўринмади. Гўё бояги товламачининг уруғи бу дунёда қуриб битгандек эди…
Ишимдан унум қочди. Туриб-туриб шу ёшга кириб ҳам ақл топмаганим, кимларгадир хўракка айланганимдан асабийлашардим. Шу пайт тағин бобомнинг ўгитини эсладим. “Қўлдан кетганига кўпам қайғураверма! Қўлдан кетгани – осмону фалакка учиб кетган қуш!”
Шартта барча ўтган ишларга аза очиб, уларни елкамдан ошириб улоқтирдим. Энди афсус чекиб, ғам босиб ўтирганимдан кимга фойда-ю кимга зиён… Бу ёғига Худо тўзимини берсин. Энди эртага Қаҳрамон акага берадиган пулни топишни ўйлашим керак! Бошқа ўйлар ортиқча. Қарзга бўлса-да, топишим керак! Лекин… Кимдан?! Наҳотки қарздан қутулиш учун яна бировдан қарз олсам?..
Шу чоғ эсимга ялт этиб ипподромдаги китоб дўконига уч-тўрт ой бурун сотишга бериб қўйган икки ўрам китобим тушиб қолди. Ҳар ўрамида ўн иккитадан – 24 та китоб. Донасини ўн мингдан бергандим. Нақд икки юз қирқ минг-а! Хаёлимдан кўтарилиб кетганини қаранг-а? Шунча вақт ўтди. Аллақачон сотилиб кетгандир… Тушдан кейин, “Мақола тайёрлаш учун бир жойга ўтаман”, деб ҳамхонамга тайинладим-да, ипподром қайдасан деб йўлга тушдим. Ҳар ҳолда, кўзларим мўлтиллаб бировдан қарз сўрагандан кўра, ўз пешона теринг билан ёзган китобинг пулини сўраш минг марта яхши-да!
Миямга келган ўйдан, ўз топилмамдан ўзимда йўқ шод эдим…
Билмайин босдим тиконни…
Китоб дўкони сотувчиси Мастурахон опа мени очиқ чеҳра билан кутиб олди.
– Бормисиз, шоирим, китобингиз тугагани қачонди, қўнғироқ қилай десам телефон рақамингизни йўқотиб қўйибман.
Мен ёзувчини сотувчи опа ўзига яқин олиб “шоирим” деганига аҳамият бериб ўтирмадим. У мени нима деб атаса ҳам, ҳозирда энг муҳими пул, сотилган китоблар пулини берса бўлгани…
– Мен ҳозир, – дея опахон қўлидаги катта умумий дафтарни синчков варақлай бошлади ва кўзлари қандайдир ёзувлар устида тўхтади. – Йигирма тўртта китоб берган экансиз. Икки юз қирқ минг сўм бўлади. – У касса аппаратидан пул олиб, санай-санай менга узатди.
– Раҳмат, опа, – дедим пулни оларканман.
– Сизга раҳмат! – деди чиройли жилмайганча Мастура опа. – Яна борми?
– Бор.
– Унда яна икки почка ташлаб кетарсиз.
Китоб дўконидан кўзларим қувончдан ёниб чиқдим. Зўр! Девонанинг ишини Худо ўнглабди, деганларидек иш енгил кўчди. Опа ҳам пачакилашиб ўтирмай бирданига ҳамма пулни берди. Энди Қаҳрамон аканинг олдида уялиб қолмайман, қирқ минг ортиғи ҳам бор.
Бозорнинг ур-йиқит тиқилишида хаёлчан ҳали унга, ҳали бунга уриниб-туртиниб борарканман рўпарамда бир тўп одам давра қуриб ниманидир томоша қилишаётганининг устидан чиқиб қолдим. Биламан, бирорта ўйин ўйналяпти. Ўзимнинг феълим ўзимга аён, бунақа ўйинларга ишқибозлигим бор, қўшилсам – дунёни унутаман. Аввалига кўнглимга ғулғула солаётган шайтонга ҳай бериб ўтиб кетмоққа уриндим. Лекин қаёқда! Шайтон ҳам анойи эмас. Секин-аста қизиқишим ортиб, беихтиёр даврага суқилдим. Ўртада чоғроқ столча, қорачагина лўлибашара бир йигит унинг устида тўнтарилиб турган уч дона ангишвонани, “Хеппи-хеппи”, қани ким топади?” деб чунонам тез айлантирар, улар остидаги нўхат донасидек қора думалоқ тошми ёки бошқа нарсаними у ҳали унисининг, ҳали бунисининг остига яшириб қўяётгани яққол кўриниб турарди. Ўйнаётган икки йигит ҳалда-ҳал топиб, ютиб олишаётганди. Совғага турли мукофотлар қўйилган: улар орасида рангли телевизору ҳатто компьютер тўпламларигача бор эди. Менга ютуқлар орасида айниқса мана шу компьютер тўпламининг борлиги жуда ёқиб тушди. Ўйин бадали бор-йўғи беш минг сўм эди. Кел, бир-икки қўл ўйнаб кўрай-чи, ортиқча қирқ минг сўмим бор-ку, дея ўйинга қўшилдим. Ўйинни ўртакаш “хеппи-чи” болага ўхшаш бояги иккита қорача бола ҳам давом эттирди. Бошида ўн минг, кейин эса йигирма минг ютиб олдим. Бояги икки йигит эса бошларини чангаллаб яна кетма-кет ўйинга аямай пул тикишарди. Мен энди борлиқни унутгандим. Худди уларга ўчакишиб, сенлардан кам жойим йўқ дегандек ўйнардим ва ютқизардим. Аммо ғолиб чиқиш илинжи, ҳеч бўлмаса, ютқазган пулларимни қайта ютиб олиш фикри-зикри мени тарк этмасди. Охири мундоқ қўлимни чўнтакка тиқсам пулдан асар қолмабди. Аламимдан қип-қизариб кетдим. Ўйнаётган йигитлардан бири буни сезгандек ҳамдард сўради.
– Ҳа, дўстим? Нима гап? Ўйнайсизми?
– Пулим қолмади.
– Ўйнасангиз мен қарз бериб тураман.
– Майли, – дедим қизиқ устида нима деяётганимни ҳам тузукроқ англамай.
Йигит менга бир боғлам пул узатди.
– Юз минг. Ютганда қайтарарсиз. Ахир оғайни бўп қолдик-а. Шунақамасми?
– Шунақа, – дедим уни қувватлаб. Кейин бошқа ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмай ўйинни давом эттирдим. Орадан ярим соат ўтар-ўтмай юз минг ҳам “хеппи-чи”га ўтди. Шундагина кўзларим катта очилди. Қилиб қўйган ишимдан минг пушаймон чекдим. Аммо эндиги ҳаммаси бефойда. Хўрлигимдан хўнграб юборай дердим. Мана сенга осмондан чалпак ёғиб, ютиб оладиганинг – компьютер. Ҳозир бу ерда менга раҳми келиб, ҳол сўрайдиган дардкашнинг ўзи йўқ. Шунда сездим: бояги у билан қўшилишиб ўйнаётган болалар “хеппичи”нинг шериклари. Секин даврадан суғурилиб чиққандим. Боя қарз берган йигит менга яқинлашди.
– Тўхтанг! Қарзингизни нима қиламиз? Кетсангиз ҳужжат ташлаб кетинг. Пулни келтиргач, оласиз.
Миямга ток ургандек бўлди. Аста олдинга юра бошлагандим, у ортимдан эргашди. Қандай хунук иш қилиб қўйганимни янада чуқурроқ англадим.
– Қиморнинг қарзи ёмон. Тўлайсиз энди. Кечикса, фоизи бор!
Юрагим бесаранжом ўйнади. Ундан қутулиш йўлини ўйлайман. Менга бу улкан бозорда биргина одам халоскор бўлиши мумкин. У – китоб сотувчи аёл Мастура опа. Бошқа кимнинг олдига бораман!
– Юринг! – дедим йигитга қараб. У ортимдан эргашди.
– Шу ерда туриб туринг, – дедим унга қараб китоб дўкони ёнига етгач.
Мастура опа менинг оқариб кетган рангимга қараб ниманидир пайқади, чамаси, биринчи бўлиб ўзи гап бошлади.
– Ҳа, сизга нима бўлди? – унинг дардкаш ҳол сўрашидан таъсирланиб йиғлаб юборай дедим. Худди бу гапни китоб сотувчи аёл эмас, қишлоқдаги онам айтаётгандек эди гўё.
– Қимор ўйнаб, ютқазиб қўйдим. Юз мингга қарзга ботдим.
– Вой ўлмасам, шунча пулни-я!
Гапиришга ҳам тилим келмай, секин бош ирғадим. Охири ўзимни қўлга олдим.
– Опа, шу юз мингни бериб турсангиз, эртага берадиган китобларим устидан. Китобни бугун десангиз бугун, эртага десангиз эртага келтириб бераман. Хоҳласангиз арзонроққа…
– Кассанинг пулидан беролмайман. Ҳализамон инкасаторлар келишади. Лекин ичкарида мудиримиз бор. Кириб маслаҳатлашай-чи.
Мастура опа ичкарида беш дақиқа қолиб кетди. Шу қисқа вақт менга йилдек узун туюлди. Ташқарида турган бояги йигит ҳалда-ҳал эшикдан мўралаб қўярди. Ниҳоят опа кўринди. Ҳайрият қўлида бир сиқим пул бор эди.
– Манг! Аммо бошқа қимор ўйнаманг! – деди у амирона.
Мен индамай пулни олдим ва раҳмат айтишни ҳам унутганча ташқарига отилдим ва пулни йигитга тутқаздим. У пулни оларкан чеҳраси ёришди.
– Хафа бўлмайсиз энди. Бу – ўйин, – деди-да, кейин менга раҳми келди чамаси чўнтагидан битта беш мингталикни чиқариб, костюмимнинг ён чўнтагига солиб қўйди.
– Йўлкирага!
У йигит узоқлашиб, қораси кўринмай кетди ҳамки, мен бир жойда миқ этмай турардим.
Хотима ўрнида
Нега бу калтаклар келиб-келиб менинг бошимда синади? Нима, меникиданда бошқа бош йўқми, бу дунёда? Билмайман, билолмайман, ҳеч калаванинг учини тополмайман, жавобсиз саволлар эса жанбушга келиб жигаримнинг жон жойини эзади: қалам ҳақи… хотин… мелисахона… жарима… шоира…
Очиғи, барига бошдан-бош хотиним билан ғижиллашганим сабабчимикан? Мундоқ чуқурроқ ўйлайман: аввало ҳаммасига асли ўзим айбдормасманми? Қалам ҳақини нишонлаб шоири Даврон билан ичган ким? Уйга икки кунда бир ичиб келиб гулдай хотинимнинг асабига тегиб, қаёқдаги бўлмағур гапларни гапириб ҳар гапдан хато топиб жанжал кўтарадиган ким? Сархушликда турли бўлмағур гапларни айтиб, эскиларини қўзғаб жаҳлини чиқараверсанг, хотин ҳам қараб турармиди… Ахир меникидек унинг тилиям суяксиз! Гоҳида ширакайфлигингдаги тўполонгингга хотин зоти базўр чидайди, аслида мана шунақа пайтларда у уйи бузилган арига ўхшайди, барибир шўринг қурғур эргинани бир чақиб олмаса иложи йўқ, унда ўз заҳри ўзига уриб кетади. Шунинг учун бундай кунларнинг эртасига сўзла уриладиган ўша заҳарли нишни пинҳона кутиб юрасан. Чақади, чақиши аниқ! Баъзан тезроқ чақа қолса-чи, қутулардим-қолардим деб ҳадиксираб ҳам юрасан. Лекин бу чақиш “ари”га боғлиқ, у сен истаганда эмас, ўзи истаганда сенинг хушкайфиятингни бузиб чақади. Олдинига беҳол узр сўрайсан. “Бу узр сўраш юзинчисими ёки мингинчисими?” деб дағдағасини ошириб ҳужумга ўтганида аввалига бироз ҳимояланасан, дардингни ичга ютиб арининг заҳарига чидайсан, кейинроқ эса у ғолиблик нашидасидан авжга чиқади, шунда сенинг ҳам ухлаб ётган ғуруринг қўзиб… Охири ҳақоратлар чўққига чиқади, даҳанаки жанг бошланади, қирғинбарот урушга айланади… Баҳорлар қишга, қиш қаҳратонга ўрин алмашади. Мана шунақа, минг босиқлик қиламан десанг ҳам узоқ чидаб туролмайсан…
Очиғи шундай кунларнинг бирида кўча айланиб юриб барча айбни ўзимда билиб, астойдил кечирим сўрашга аҳд қилдим. Эшикни хотинжон очди. Қовоғи уюлган, кўзларида нафрат жиқ-жиқ.
– Кечирасиз. Кирсам майлими? – дедим вазиятни юмшатиш учун.
– Ҳа, қачондан бошлаб ўз уйингизга ҳам сўраб кирадиган бўп қолдингиз?
– Майли-да, сўрадингиз айтай – аввало, бугундан, э, мана шунисига ҳам кечирасиз!
Бундай ҳар гапга “кечирасиз”ни қўшганимданми, унинг чиройи салгина бўлса-да очилди. Уйга киргач, залга ўтдим ва хотинимни чақирдим.
– Ўтиринг! – дедим сизлаб у киргач илтифот билан диванни кўрсатиб. Кейин борига кўчдим.
– Биласизми… – деганча гапимда тўхтаб қолдим.
– Нимани?
– Сўнгги пайтларда сира ишим юришмаяпти…
– Менга нима? – деди хотиним бепарво. – Билмайман! Билишниям истамайман!
– Шу десангиз, бир гап айтсам майлими? – У эшитаман дегандек унсиз тикилди. – Барига бошдан-бош сизни, сиздек олижаноб хотинни хафа қилганларим, ранжитганларим сабабчига ўхшайди. Мен аҳмоқ, мен “дурак” ҳаммасини энди тушундим. Сиз – авлиё аёлсиз. Қарғишларингиз тўппа-тўғри нишонга тегяпти, чамамда. Кечиринг!
Қуюқ туман қуёш бош кўтара бошлаганда секин-аста тарқалгандек унинг чеҳраси росмана очилди. Сезилар-сезилмас мийиғида жилмайиб ҳам қўйди. Охири кўнглимни кўтариб шу гапни айтди.
– Қаердан қуёш чиқди?
– Шарқдан, аввал Японияга, сўнгра Ўзбекистонга нур сочиб, – дедим гапимдан ҳузурланиб. Кейин давом этдим:
– Энди барча бемаъниликларга чек қўяман. Ичишни ҳам ташлайман! Кап-катта одамга кўчадан уйга тебраниб, чайқалиб келиш ярашмаскан. Ахир болалар катта бўп қолди. Маҳалла-кўйнинг, қўни-қўшниларнинг кўзи олдида ноқулай. Ҳадемай ўғил уйлантирадиган, қиз чиқарадиган одам. Тағин ёзувчи одам… Уят, энди… Кечирдингизми? – дедим у насиҳат қилганда айтадиган гапларни сал бошқачасига такрорлаб.
Хотиним ўтирган жойидан турди, индамай чиқиб кетишидан ховотирланиб, унга қўрқа-писа қарадим. У менга яқинлашиб ўнг қўлини пешонамга қўйди.
– Мабодо, касал-пасалмасмисиз? Иситмангиз йўқми?
– Йўқ, айтганларим чин эркакча сўзим. Валдираш эмас.
Хотиним оҳиста эгилиб, пешонамдан чўлп этиб ўпиб қўйди.
– Ичмасангиз қандай яхшисиз-а, Йўлдошбек ака! Ўзимнинг акам! Шоиргинам…
– Барча қилган гуноҳларим учун қўй сўйиб хатми-қуръон қилиб, ис чиқариб юборамиз. Дуойи фотиҳадан ота-оналаримизнинг арвоҳлари шодлансин!
– Вой, бунақа гапларни қаердан биласиз? Ўзимнинг алкашгина чолим-ей! Сизга бунақа юмшоқ супургилик қилиб кечирим сўраш ярашмаскан! Қўйинг-е!
Диллар яйраб, кўзларда қуёш ўйнади. Аммо шунда ҳам хотинимнинг оғзидан бир оғиз “кечирдим” деган сўз чиқмади. Менга мана шуниси яна жумбоқлигича қолаверди…
Лекин шуниям англадим: энди қалам ҳақи олсам ҳеч кимга ортиқча эримайман! Бировларга, ҳатто у чиройли шоира аёллардан бири бўлса-да, беҳудадан-беҳуда салом бермайман! Ўзимча бойишнинг кетидан қувиб отам ва бобом қилмаган ишларга заррача қўл урмайман! Бу ёғига Худо қаламимга, ижодимга баракасини берсин! Энди иложини топиб ҳар ишни хотинимдан сўраб, жа сўраб бўлмаса-да, мастлаҳатлашиб қиламан! Мана, кўрасиз!
Тамом
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 10-сон