Исматга алам қилди. Жудаям алам қилди. Ахир унга қўл кўтаришди. Яна кимлар? Қандайдир гўдаклар! Шефига айтса-ку, ҳаммасининг даб-даласини чиқаради. Ким бўлипти булар Тоштемир шеф қошида?! Керак бўлса, ҳар бирини бир-бир чинчалоғи билан учириб юборади. Ўшаларнинг бетига айтди: “Биттанг қимирламай тур, ҳозир Тоштемир шефни олиб келаман”. Тоштемир номини эшитгандан сўнг барининг ичи ўтиб кетди, аммо сир бергиси келмай, “бўпти, кутамиз”, деб қолишди. Шунақа кутсинки, кутганларига минг пушаймон есин,иккинчи кутмайдиган,Тоштемир номини эшитгандан шаталоқ отиб қочадиган бўлсин.
Асли воқеа бундай бўлди.
Исматни студент дўстларидан бири – Воҳид – Тоштемир шеф билан таништирмоқчи эди. Исмат қувониб кетди. Ахир жуда зўр имконият-да бу! Кўча-кўйда сени урадиган бўлишса, (билиб бўладими, шаҳар жой, ҳар хил одам учрайди), ҳимоя қиладиган таянчинг борлигини ҳис қилиб яшаш – кишига руҳ бағишлайди. Кўчаларда унча-мунча болани писанд қилмайсан, кўкрагингни кериб юрасан. Чиройли қизларга гап отасан. Атрофингдагиларга нисбатан зўрроқ эканингни ҳис этиб яшаш – роҳат! Сенга дуч келганда аксарият болалар чўчиб туришади, айримлари лаганбардорлик билан атрофингда айланиб, ўргулишини менсимаслик билан кузатасан. Студентлар шаҳарчасида кўчани тўлдириб юр. Атрофингда ўтган-кетганнинг бари сенга салом беряпти. Хоҳласанг алик ол, хоҳламасанг алик олма. Хоҳласанг, саломига жавобан ўқрайиб қара, худди қарзи бордай. Ўз йўлингда дуч келганни босиб-янчиб ўтавер. Биринчи курс студенти бўлса, ёки башарасидан сендан чўчиётгани аён бўлиб қолса, масхара қил:
– Хўш, – дейди вишиллаб, анавининг кўнглига ғулғула солиш учун, – нима қилиб юрибсан бу ерда?
– Мен… мен…ме-ен… ўз-ўз-зим, – дейди қалтанглаб.
– Сен, сен… ўз-зинг? Нима сен ўзинг? – дейди-ю, Исмат уни ёқасининг бир четидан тутиб, ўзига тортади. Студент пириллаб оёғи тагига келади. – Мени танияпсанми? – дейди Исмат кўзларини лўқ қилиб.
– Ҳа, сиз Исмат акасиз!
– Исмат акаман? Яхшилаб қара, балки адашаётгандирсан? А, қара-чи!
Анави қаролмайди. Қўрқади, ерга тикилади. Кўзингни баттар лўқ қиласан, овозингга овоз, кучингга куч қўшилиб кетади бунақа лаҳзаларда. Бир уриб ерга киргизиб юборгинг келади бунақаларни, лекин сўнгги дақиқада раҳм қиласан. Қўй Исмат, дейсан ўзингга ўзинг, яшасин шулар ҳам сенинг даврингда. Ишшайиб, анавининг иягидан тутиб, бошини кўтарасан.
– Мен ким эканман? – сўрайсан қайталаб.
– Исмат акасиз.
– Исмат аками? Балки Исмат шефдир?
– Ҳа, ҳа, Исмат шефсиз Исмат ака!
“Исмат шеф!” Жаранглайди-я!
– Ке, иккимиз жўра бўламиз, – дейди Исмат кулимсираб.
Студентча кутилмаган бахтдан гарангсиб қолади. Исматнинг ёнидаги жалпатаклардан бири анавининг қулоғига шипшитади: “Жўрачиликни ювиш керак, Исмат шеф хурсанд бўлади!”. У ҳушёр тортади, югуриб дўконга бориб келади. Кейин биргалашиб, янги дўстликни мустаҳкамлаш ниятида қадаҳ кўтаришади. Анави берадиганини бериб, тезроқ қутулиш учун типирчилайди. Исмат эса атайлаб уни ёнига ўтирғизиб олади. Кейин эса “энди менинг навбатим” деб шунчаки йўлига киссасидан пул чиқаради-да: “ким дўконга бориб келади?”, дейди. Табиийки, ўзи ҳам, жалпатаклари ҳам анавининг ўзи тушуниб, ўрнидан туришини кутишади. Турмаса, бири яна қулоғига керакли гапни шипшийди. Янги дўстликдан ҳам чўчиб, ҳам хурсанд бўлиб ўтирган студентча сапчиб ўрнидан турганча, Исмат шефнинг қўлидан пулни олмоқчи бўлади. Аммо жалпатаклардан бири унга пулни олдирмайди. У яна ўз пулига ароқ олиб келади. Борганча, қайтиб келганча ҳафталик пули кўкка совурилаётганидан ичи эзилади, аммо бошқа иложи йўқ. Исмат шефнинг райини қайтариш мумкин эмас.
Иккинчи шишани бўшатишгандан сўнг студентча унча-мунча боши қизиб, талтая бошлаши мумкин. Дейлик, . Исмат шефнинг ўзигамас, шунда айрм гаплари жалпатаклардан бирига ёқмай қолади-да, “сен ўзи нима деяпсан”, дея анавини бир-икки туйиб олади. Исмат шеф, – албатта сал кейин, – янги дўстни ажратиб олади. Икковини яраштиради. Кейин ярашганларини ювишади. Оғирлик яна…
– Пулим қолмади, – дейди анави йиғламсираб.
– Йигитмисан ўзи? – дейди Исмат шеф.
Студентча болалардан қарз оладими, ўғирлик қиладими, пул топиб ароқни келтириб ўртага қўяди.
– Мана бу йигитнинг иши, – дейди Исмат хурсанд бўлиб. – Энди бемалол юравер. Ким бир нима дейдиган бўлса, мен Исмат шефнинг укасиман, де.
– Яхши, – дейди йигитча, – энди менга рухсат, эртага семинарим бор, тайёрланишим керак.
– Семинар биздаям бор, ўтирипмиз-ку, – дейди бири.
– Ўтиришимиз сенга ёқмаяптими? – дейди иккинчиси хезланганнамо.
– Қўйинглар, майли борсин, ўқишига таёрлансин, – дея рухсат беради Исмат шеф. Кейин хаёл суради: “Бу бола ҳозир семинар ёзади. Семинар! Семинарларга ҳадеб қатнайвериш шарт эмас. Имтиҳон куни “мен ҳам шу гуруҳда ўқийман”, деб домланинг олдига кириб борса, курсбоши қўллаб юборади: “Ҳа, Исматбой озроқ касал бўлиб қолгани туфайли семинарларга яхши қатнашолмаган, аммо имтиҳонга яхши тайёрланди, ўзи яхши бола”, (Мақтов учун кейин яримта нақд.), дея қўлаб юборса, билет саволига жавоб бера оладими, йўқми, баҳо бор. Йигитнинг баҳоси “уч”. Кўпинча билетдаги саволга жавоб ёзаётган бўлиб (аслида жавобни мутлақо билмайди), оппоқ қоғозга домланинг суратини чизиб ўтирганда (албатта, агар рассомчилик қўлидан келса), партанинг устига шпаргалка келиб қолади. (Гуруҳда халқ ғамхўрлари кўп). Гап энди тайёр нарсани ифодали ўқиб беришда. Буни амалласанг, домла имтиҳонга яхши тайёрланганингга ишонади ва сенга йигитнинг баҳосини ҳадя қилади. Бўлди! Исматга бундан ортиғи керак эмас. Бу бола эса семинар деб юрипти”.
Хуллас, Тоштемир шеф билан танишишдан Исмат жуда манфаатдор эди. Шу мақсадда ўша студент дўсти, ғамқишлоғи Воҳидларнинг ётоқхонасига бораётиб, бир тўда йигитларга дуч келди. Биттта-яримтаси туртиб-пуртиб юбормасин деб (билиб бўладими!?), четлаб ўтаётганди , тўда ичидан кимдир уни чақирди. Юраги шувиллаб (ахир тўхтатиб, уришлари, бор пулини шилиб олишлари мумкин-ку), ўгирилди. Бахтига Воҳид шу тўдада экан. Ўртада Тоштемир шеф! Ўша, машҳур барлослик Тоштемир шеф! Исмат Воҳидни кўриб бўшашди, ўзига келди. (Бир неча лаҳза ичида терлаб-пишиб кетипти. Қўрққанидан! Жонини олармиди? Бунча қўрқди!?) Исмат йигитлар билан бирма-бир кўришиб чиқди. Тоштемир шефга дуч келганда юзига бахтиёрлик аломатларини ёйди, бир қадар эгилди ҳам. Биргалашиб ошхонага боришди. Овқатланишди. Ичишди. “Дўстим Воҳиднинг шарофати билан ҳақиқий ўғил болалар билан танишганимдан ғоятда хурсандман! Ўтириш харажати мендан”, деди у қадаҳ сўзи айтиб. Исматга пул гап эмас. Исматнинг онасини Банот дейдилар, уни Барлосда ҳамма танийди. Ўғлим ўқишда, қийналмасин, деб ҳамиша киссаларини тўлдириб жўнатади. Хуллас, Исматдай дилкаш, қўли очиқ йигитдан янги дўстлар рози бўлишди. Тоштемир шеф уни мақтади. Тоштемир шефнинг сигарети тамом бўлган экан, ўтирганларнинг биронтасидан топилмади. Шунда Исмат, гўё бунақа ишлар одат тусига кириб қолгандай, пул унинг учун оддий қоғоздай, ўртага уч сўмни беписанд отиб ташлади. Ёнида ўтирган кўримсизроқ болага ярим буйруқ, ярим илтимос оҳангида (тўлиқ буйруқ бераверишга ҳали эрта): “Илтимос, шу пулнинг ҳаммасига буфетдан “Опал” келтиринг”, деди. Кейин уч сўмга келган олти қути “Опал”ни янги дўстларнинг олдига отиб ташлади: “Истаганча чекаверинглар”.
Умуман, танишув кўнгилдагидай ўтди. Ошхонадан чиқишгандан сўнг йигитлар Исмат билан узоқ хайрлашишди. Тоштемир шеф унинг елкасига қоқиб қўйди.
Ётоғига қайтаётган Исматнинг кайфияти мутлақо бошқача эди. Энди у Тоштемир шефнинг паноҳида эди. Тоштемир шефни ахир Самарқанддаги барча студентлар тан олади, ҳазилми!? Эҳҳе!! Ўтган-кетганга паст назар билан, беписанд қарар, гўё буларнинг исталганини сал туртса, учиб кетадигандай туюларди. Йўлида учта қиз дуч келди. Исматнинг шўхлиги тутиб, учовининг ўртасидан юрди. Қизлар ночор ажралишга мажбур бўлишди. Шунда Исмат ёнидан ўтаётган қизнинг кўкрагига қўл чўзди. У қизларнинг чинқириб қочишини, қўрқишларини кутганди. Аксинча, юзига қаттиқ шапалоқ урилди.
– Ҳе, ўл, безори! – деди қиз, кейин бамайлихотир дугоналарига қўшилиб кетаверди.
Исмат ўсал бўлиб қолаверди. Бир пасдан сўнг жиғибийрон бўлди. Тоштемир шефнинг жўрасини қандайдир бир хашаки қиз тарсакилаб кетса-я! Адолатданми шу? Қани ҳақиқат? Ҳеч бўлмаса ўатиб сўколмадиям! Исматнинг алами тобора кучайиб борарди. Шу алам гирдобида “қора парк”ка кирди. Хилватроқ томонга ўтди. Бу ёқларда ошиқ-маъшуқлар кўпроқ ўтиради. Бояги қизлар балки шу ерга келишгандир? Исмат энг четдаги, қуюқ дарахтлар панасида ўтирган жуфтни танлади. Ўзи, йигити ҳам пачоққина экан. Бир дўқ билан ҳайдаб юбориш мумкин. Исмат йигитни имлаб ёнига чақирди. Ҳар қалай Исмат мард! Болани қизнинг олдида иснодга қолдиришни истамади.
– Нима дейсан? – дея у бола яқин келди.
– Жўра, қизинг менга ёқиб қолди, – деди Исмат дабдурустдан, боланинг елкасига акаларча қўл қўяркан. – Қизингни икки соатга менга қолдир. Икки соатдан кейин қайтариб бераман. Гап бор.
– Ҳазиллашмаяпсанми? – сўради йигит, Исматнинг бўй-бастига ўзини чоғлаб.
– Яхшиликча кет деяпман! Ёмон хафа қиламан лекин!
– Жўра, маст экансан, уйингга бор, дамингни ол, – деганча пачоқ йигит бамайлихотир қизининг олдига жўнади.
Йигит узоқлашгандан сўнггина Исматнинг ғазаби қўзиди: “Ким билан ўйнашяпти бу тирмизак?” Исмат муштларини тугиб, ҳалиги йигитнинг орқасидан икки қадам қўйган ҳам эдики, кимдир елкасидан тутди. Ўгирилиб, қўлтиқлашиб турган яна бир жуфтни кўрди. Йигит осойишта, қиз ҳазарбилан тикилишиб турарди.
– Дўстим, кўп ичибсиз, – деди у меҳрибонлик билан. – Йўлингизда тинчгина кетинг, ўзингизга яхши бўлади.
– Э, сен аралашма! – Исмат зарда билан биринчи жуфтлик томон интилди.
– Тўхтанг, эсингиз жойидами? – деди иккинчи йигит уни тутиб қолиб. – Йигитмисиз ўзи? Қиз бола билан юриб қўрганмисиз?
Тоштемир шефнинг жўраси ўзига нисбатан бунақа беписанд муомалага чидамаслиги тайин эди. Исмат мушт кўтарди, аммо йигит чап берди. Исматнинг мушти ҳавони кесиб ўтди-да, ўз зарбидан ўзи гандираклаб кетди.
– Ийе, боксчисиз шекилли! – йигит қизини қўйиб юборди. – Қани яна бир уриниб кўринг-чи!
Исмат яна муштини ҳаволатди ва шу кўйи жавоб зарбадан ўзи гурсиллаб ерга йиқилди. Исмат яна туриб, уриш ниятида югурди. Йигит қочди. Йўл-йўлакай, Исмат нимагадир қоқилиб, юзтубан учиб тушди.
– Дўстим, бўлдими энди? Кетасизми? – дея сўради ҳалиги йигит ҳамон хушмуомала билан. Ҳатто уни турғизишиб, кийимларини қоқишиб ҳам қўйди.
Шунда Исмат: “Биттанг қимирламай тур, ҳозир Тоштемир шефни олиб келаман, Разбор қиламиз”, деди. Бахтига Тоштемир шеф бош ўша йигитлар ўз ётоқхоналари олдида тарқалмай туришган экан.
– Менинг номимни эшитса ҳам кутиб туришиптими? – сўради Тоштемир шеф. – Қани, кўрайлик, юринглар-чи! Самарқандда шунақа болалар ҳам бор экан-да, а?
Ётоқхонадан “қора парк”кача уч минутлик йўл. Бир зумда етиб боришди. Тоштемир икки жуфтни кўриб ҳайрон бўлиб қолди, чунки унинг севишганлар тинчини бузадиган одати йўқ эди. Бу йигитчиликка тўғри келмайди, деб ҳисобларди. Тоштемир ниманидир англагандай, Исматга гумонсираб қаради, аммо Тоштемир шефни қўрқмай кутадиганлар билан гаплашиш истаги жуда кучли эди. Яқин бориб уларнинг бирини таниди: кураш тушиб юрадиган тирмизаклардан бири. Яқинда аллақаерга бориб, чемпион бўлиб келди, шекилли. Аммо…
– Тоштемир ака, – деди курашчи йигит хотиржам, – сизнинг феълингизни яхши билганим учун ҳам кетмай, сизни кутдим, – дея бўлган воқеани айтиб берди. – Шу гапдан кейин ҳам ноҳақсан, десангиз, розиман, туриб бераман, истаганча ураверинг. Ишонмасангиз, ана, ўзидан сўранг.
Тоштемир жим турар, шу сабабли атрофидагилар ҳам жанжални бошлашга журъат этмасди.
– Бунинг гаплари тўғрими?
Исмат ҳали ёлғон тўқиб улгурмаганди. Таҳдидли нигоҳлардан юраги орқасига тортиб, тисарилди…
(Бундан кейини нима бўлганини айтиш ниятим йўқ).