Лапас армия хизматини ўтаб қайтди. Назарида худди кечагина чақириқ қоғозини олгандай, икки йил кўз очиб юмгунча ўтиб кетгандай. Поезд район марказида тўхтади.У ҳали бирга хизмат қилган, йўлда бирга келган сафдошлари билан аранг хайрлашиб улгурган, аммо туғилиб ўсган ерларига тўйиб-тўйиб боқолмаган, ҳавосидан симиролмаган ҳолда поезддан пастга эндигина тушган эди ҳамки, қандайдир одам келганча, уни маҳкам қучоқлаб олди.
– Ассалому алайкум солат укажоним! Қандай, эсон-омон етиб келдингми? Хизмат яхши ўтдими? Соғ-саломатмисан? Сенсирайвераман-да энди, ўзимнинг укамсан-ку, нима дединг? Хафа бўлмайсан-а!?
Лапас ҳайрон бўлди, лекин билдирмади. Ахир орадан икки йил ўтиб кетди. Танимаса ҳам уни танияпти-ку, Балки бирон қариндошидир, аммо ким экан? Қайси холасининг эри? Ҳеч эслай олмади.
– Оббо шоввоз-эй! Шундай қилиб аскарликни ўтаб қайтдим, дегин!? – Қариндошнинг қувончи чексиз эди. Кўзлари порларди. – Оббо аскар укажоним-эй! Шундай қилиб икки йил ҳам ўтиб кетибди-да, а? Айтгандай, исминг нимайди?
– Лапас.
– Ҳа,ҳа, Лапасжон, буни қара-я, ҳатто исмингни эсдан чиқарганман. Қаричилик-да, узр, Лапасжон!Хўш, хизматлар қаерда ўтди?
– Белоруссияда.
Қариндош ҳайратдан ёқа ушлади. – Э, яшшавор! Менам Белоруссияда хизмат қилганман. Зўр жой! Худди ўзимиздагидай, солдатларни жуда яхши кўришади. Қизлари-чи, қизлари! Келиб турармиди қисмларингга?
– Ҳа, энди… – Лапас ийманди.
– Қанақа бўлинмада хизмат қилдинг?
– Стройбатда.
– Ҳечқиси йўқ, ўзбек болаларининг барини стройбатга жўнатишади. Ҳечқиси йўқ, бел қотиб, тўрт-беш сўм пул топиб, бир ҳунарнинг эгаси бўлиб қайтасан. Бўпти, юр… ана бизнинг машина. Хўш, жомадонинг борми?
Лапас ерга қўйган жомадонини олмоқчи эди, қариндош рухсат бермади.
– Шошма-шошма, бу нима деган гап? Бугунча сен меҳмонсан. Тушуняпсанми? Бугунча! Ўзинг биласан, меҳмон отангдан улуғ, деган гап бор. Катта бир нима деганда кичик қулоқ солиши керак. Жомадонни бу ёққа бер.
– Йўқ, ака, сиз тушунмадингиз, сизга оғирлик қилмасин, демоқчи эдим.
– Бугунча оғирлик қилмайди, тез беравер, бошқаси илиб кетмасдан… – Қариндош шоша-пиша жомадонни тортқилаб олди-да, Лапасни ўз машинаси томон етаклади. – Қани энди, солдатчасига марш. Ўзи кўнглим сезганди-я, шу бугун келиб қолади-ёв, деб ҳозиргина вокзалга чиқиб тургандим. Қарасам, дўстларинг билан хайрлашиб, поезддан тушаяпсан. Етганча сени қучоғимга олдим. Йўқса, бу ерда пул ишлайман, деганлар кўп, ана-мана деганча илиб кетишади. Оббо укажоним-эй, шунақа қилиб Белоруссияда хизмат қилдим, дегин-а! Мана, сизлар бизни, бизнинг бола-чақаларимизни чет эл агрессорларидан мунтазам ҳимоя қиляпсизлар. Сизлар борки, биз тинч- омон, бехавотир бола-чақа ташвишида элга хизмат қиляпмиз…
Улар четроқдаги “Москвич”га ўтиришди.
– Тезда Ота-онанг билан кўришасан. Жуда соғингандирсан,а? Айтгандай, қаерда яшардиларинг?
– Барлосда, – деди Лапас ҳайрон бўлиб, аммо сир бермасликка уриниб.
– Яшшавор укам!! – Қариндош дўпписини осмонга отгудай қувониб кетди. – Буни қара-я, ҳатто шуниям эсдан чиқарипман! Қаричилик-да, қаричилик. Айтгандай, исминг нимайди?
– Лапас.
– Ҳа, Лапасжон, укажон! Йиллар ўтиб боряпти. Мана, биз ҳам қирқни уриб қўйдик. Бола-чақа кўпайди. Ўзинг биласан, бир товуққа ҳам дон, ҳам сув дегандай, барини едириш керак, ичириш керак, кийинтириш керак. Бари қўлингга қарайди. Менимча, уйларингга борсак, суюнчига ботиб қолсам кераг-ов, нима дединг? Ҳазилми, икки йил кўришмагансизлар ахир! Айтгандай, отангн оти нимайди?
– Отабой.
– Нима, Отабой аканинг ўғлимисан? Қўлни бер. Ишлар беш. Агар Отабой аканинг ўғли бўлсанг, суюнчига сўзсиз битта қўй оламан. Яқинда айтаётганди, ўғлим армиядан келишига суюнчисига битта қўчқорни боқаяпман, деб. Сўзсиз битта қўй оламиз, нима дединг? Ахир сенинг баҳоинг битта қўйдан арзон эмасдир, тўғрими? Сени олиб борганим учун ҳеч бўлмаса бензин пули беришлари керак-ку, тўғрими? Айтгандай, исминг нимайди?
– Лапас.
– Ҳа, Лапасжон, укажон, мен яхши биламан. Отанг сахий, мард одам. Сендан бор топган-тутганини аямайди. Айтгандай, отанг қаерда ишлайди?
– Отам армияга кетмасимдан икки йил бурун қазо қилган.
– А-а, шунақами? – Қариндош бир оз хўмрайиб жим қолди. Бир минутлик сукут сақлаб бўлгач, яна ўзини ўнглаб давом этди. – Жойи жаннатдан бўлган бўлсин Отабой аканинг, бечора яхши одам эди. Шуни дарров айта қолмайсанми? Сен қазо қилган Отабой аканинг ўғли экансан-да! Мен эса нариги, тирик Отабой акани назарда тутаётган эдим.
– Барлосда меним отамдан бошқа Отабой ака йўқ.
– Барлосда бўлмагани билан Барлосга қўшни қишлоқда бор. Сен ниманиям билардинг, икки йилдан бери Белоруссияда юрган бўлсанг. Оббо-о! Яна эсимдан чиқди, исминг нимайди?
– Лапас.
– Ҳа, Лапас, бу дунёда сен билан мен билмайдиган нарсалар кўп. Ҳайрон бўлаверма. Ўлим ҳақ. Ҳаммамиз ҳам бу беш кунлик дунёжа ўлиб-тирилиб, тирикчилик ғамида елиб югурамиз. Бошқа иложимиз ҳам йўқ. Мана, катта йигит бўлиб қопсан, йигитлик бурчини ўтаб қайтаяпсан. От ўрнини той босар деганлари шу-да! Акаларинг борми7
– Ҳа, иккита.
– Бў-ўлди! Отабой аканинг ўлмагани шу-да! Сизлар борсизлар, Отабо ака демак яшаяпти. Демак, суюнчининг зўрини энди акаларингдан оламиз. Ҳар биридан биттадан қўй, а!! – Қариндош рулни қўйиб юборганча , кафтларини бир-бирига ишқалади. – Иккови икки ёқдан икки қўйни олиб чиқиб турса, олинг ака, йўқса хафа бўламиз, деб туришса, илож қанча, акаларингни хафа қилиб бўлмайди. Бир илож қилиб, қўйларни багажга тиқамиз. Сени ҳурматинг учун-да, ука! Отинг нимайди?
– Лапас!
– Лапасжон, мана, Барлосгаям етиб келдик. Энди ўзинг бошқар, қаёққа ҳайдай.?..
Улар кўк дарвоза қаршисида тўхташди. Қариндош сигнални босди. Лапас машинадан тушаркан, юраги ҳаприқиб кетди. Ўша қишлоқ, ўша кўча, ўша дарвоза. Ҳеч нарса ўзгармаган. Поездда келаётганда гўё ҳамма ёқ ўзгариб кетгандай, у ўз ватанини танимай қоладигандай туюлган эди. Йўқ, ҳаммаси ўша-ўша. Армияга кетишидан сал олдин дарвоза қуришган эди. Бир томонига ғишт етмай очиб қолган, кейин шу очиқ жойга уч-тўртта шох-шабба ташлаб қўйишганди. Ўша шох-шабба ҳалиям турипти. Уйнинг орқаси ярми сувалган, ярми қолиб кетган эди. Икки йил ўтса ҳамки, ўшандай турипти.
Ҳеч нарса ўзгармаган. Мутлақо ҳеч нарса! Ҳатто ҳайрон қоласан.
– Сюрприз қиламиз, ука, сен яширин, – деди қариндош. Акангни исми нимайди?
– Қодир.
– Қодир! Ҳе-йй, Қодир!! – Қариндош дарвозани урди-да, орқасига ўгирилиб, ажабланди. – Ийе, ҳалиям турипсанми? Яширин, сюрприз қиламиз.
Ҳовлидан жавоб эшитилди. Дарвоза очилиб, онаси кўринди. Лапас беихтиёр машинага суянди. Нафас ростлади, кейин…
– Лапас! Болам!!
– Онажон!…