ХХ аср эллигинчи йилларнинг бошлари, ўспиринликдан ўтиб, ўсмирликка илк қадамлар қўйган кезларим эди. Йилнинг шундай пайти эдики, Қиш билан Кўклам тортишар, Қиш “Давом этавераман” деса, Кўклам “Ўринни бўшатиб қўй, энди менинг галим келди” дерди, яъни баъзан Қиш изғирини эсса, баъзан Кўклам ели келарди. Шундай кунларнинг бирида тушдан кейин мактабдан келдим-да, уйда ўтиролмай қолдим, кўнглим ниманидир, балки кимнидир истарди, лекин бу “ниманидир”, “кимнидир”ни билмасдим. Тушки овқатни ҳам қилмай боққа отландим. Онамнинг “Ўғлим, овқатланмайсанми?” деганларига қарамай йўлга чиқдим. Ҳастимомдан Зарқайнар кўчасию Эски Жўва майдони орқали Хадрага келиб, 8-трамвайга ўтирдим. Икки тийин тўлаб “Кўкча”га келдим.
Кўнгил безовта, ғаш, хира, нотинч, мажҳул пайтларда қабристонларга бориб, азиз-авлиёларнинг, ота-боболарнинг мозорлари зиёрат қилинса, кўнгил равшан тортади, деган тавсияни ўқиган эдим. Шу тавсия ёдимга тушиб, Шайх Зайниддин жоме масжиди томон юрдим. У пайтларда харсанг ётқизилган учта зинадан кўтарилиб, масжид дарвозаси остонасига чиқиларди. Шу сабабли туб аҳоли Пастбозордан бошланиб, Назарбекка олиб борувчи Тошкўчанинг бу қисмини “Мозортеги” деб атарди. От минган йўловчилар бу ерда отдан тушиб, пиёда ўтишарди.
Масжид ҳовлиси орқали ўтиб, Шайх Зайниддин бува қабристонига “Қиёмат яқин”, “Қиёмат яқин”, “Қиёмат яқин” дея қадам қўйдим. Аввало Шайх Зайниддин бува мақбарасига яқин бориб, ғиштин супачага қиблага қараб ўтириб (у пайтлари мақбара эшиги қулфлоқлик бўларди, ичкарига киритилмасди), Қуръони Каримнинг “Фотиҳа” ва “Ихлос” сураларини тиловат қилиб, савобини Шайх Зайниддин бува, у кишининг авлодлари ва қабристонда ётган барча мўмин-мусулмонлар, муслималар руҳига бахшида этдим. Руҳим анча равшан тортди.
Эллик метрча орқага қайтиб, бобом Иброҳимҳожи отанинг ғиштин сағаналари ёнига келдим. Бу ерда чўккалаб ўтириб тиловат қилиб, савобини бобом руҳларига, у кишининг вафот этган зурриёдлари руҳига, Иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган Мансурбой амаким, отам Абдусамад Иброҳимҳожи ўғли руҳи покларига бағишладим. Кўнглим янада равшанлашиб кетди.
Қабристондан чиқа бошлаганимда, кўзим ер бағирлаб ётган, ҳажми катта китобнинг муқовасидек оқ мармар тахтачага тушди. Синчиклаб қарасам, унда арабча сулс хатида “Абдураҳим қизи” деган ёзув бор, холос. Марҳуманинг на исми шарифаси, на туғилган ва вафот этган йили бор. Ҳайрон бўлдим. Шу пайтгача менинг кўзим тушган хотира лавҳаларда марҳум ёки марҳуманинг исми, отасининг исми, туғилган ва вафот этган йили ёзилган бўларди. Саволимга жавоб топиш умидида эшигига “Имом хатиб” деган лавҳа ўрнатилган ҳужрага яқин бордим. Ичкаридан Қуръон тиловати эшитиларди. Тиловат тугаб, фотиҳа ўқилгач, салом бериб остонадан ичкарига бир қадам босдим:
– Ассалому алайкум!
– Ваалайкум ассалом! Келинг, жиян, – дедилар хонанинг қуйироғида жойлашган танчага бағрини бериб ўтирган ўрта яшар, сийрак соқол киши. Мен бу хонани торгина бир ҳужра бўлса керак, деб ўйлардим, чунки ҳовли томонда бир тавақали эшик ва битта деразаси бор эди-да. Йўқ, хона ўн бир ёғочли, тўсин ораларига тоқи (васса) қўйилган росмана уй экан. Тўрида ўртаси токчали иккита тахмон, икки томон деворлари қатор токчалик эди. Танча устида думалоқ мис баркаш турарди, унда ушатилган каллақанд, новвот ва сочиққа ўралган ёпган нон.
Мен хона соҳибининг салобати босиб, тик турардим. У киши мулойимлик билан мени ўтиришга ундади.
– Ўтиринг, марҳамат, – дея танча ёнига таклиф этди. – Жиян, агар адашмасам, биз кўз танишлармиз. Сиз жума намозларида масжидимизга келиб турасиз, тўғрими?
– Ҳалимкўп маҳалласидан келиб кетаман, – дедим мен. – Нариги томондаги Оқилон маҳалласида туғилганман. Шаҳар ҳовлимиз катта бозорга яқин Бедабозор маҳалласида эди, ҳозир у давлатга ўтиб кетган, ертўламиз чойхона қилинган, 84-чойхона.
– Иброҳимҳожи отанинг набираларидан экансиз-да?
– Шундай.
– Бу масжидни, ёнимиздаги қабристонни обод қилишда Иброҳимҳожи отанинг катта ҳиссалари бор. Бу ҳужрани, ёнимиздаги ноиб имом ва мутавалли ўтирадиган худди шундай ҳужрани, чап томонимиздаги хонақоҳ олдидаги катта айвонни, қарши томонимиздаги гўрковхона, қоровулхона ва гувалахоналарни бобонгиз қурдирган, Шайх Зайниддин бува мақбарасининг пештоқини қайта бунёд этган. 1866 йилда Тошкентда қаттиқ зилзила бўлганда Тошкентдаги кўпгина бинолар, жумладан, Хўжа Носируддин Аҳрор валий жоме масжиди, Шайх Зайниддин мақбарасининг пештоқи қулаб тушган. Мақбара то 1922 йилгача пештоқсиз хароб бўлиб ётган. Ўша йили бобонгиз Кўкча Оқтепаси мавзеида махсус ғиштхумдон қурдириб, пишган ғиштларни масжидимиз дарвозасигача от араваларда ташитиб келтирган. Бутун Тошкент масжидларида умумхалқ ҳашари эълон қилинган. Ўша пайтда навқирон йигит эдим. Қориёғди маҳалласида яшардик. Савобталаб уч-тўрт жўраларим билан бирга мақбарани таъмирлашда қатнашганман. Масжид дарвозаси олдидан то мақбара олдигача ғиштларни қўлма-қўл қилиб келтирдик, ҳашарчилар кўп эди-да. Бобонгиз усталарга ҳақ тўлаган, лекин айримлари ҳақ олишмабди, у киши эрталаб нонушта, пешинда суюқ овқат, оқшом палов билан сийлаган, ошпазлар пул олишмабди, савоб учун ишладик, дейишибди. Пештоқ уч ойга борар-бормас тикланди. Бунинг шарафига масжид ҳовлисида маърака оши тортилди. Шаҳримизнинг катта домлалари, уламолар, юрт катталари келишди. Ҳаммага ош тарқатилди. Биз ёшлар ҳам ош ташидик, кейин тўйиб палов едик. Йиғин охирида бир олим одам Шайх Зайниддиннинг ким эканлиги ҳақида сўзлади, анча маълумотга эга бўлдик. Энг охири бобонгиз ҳақида сўз бўлди, хайрли ишлари мақталди. Шу тариқа Иброҳимҳожи отанинг обрў-эътиборлари шаҳримизда янада ошиб кетди. Айтишларича, асримиз бошларида ўзлари туғилиб ўсган Бедабозор маҳалласида ўз номларида жоме масжид ва мадраса қурдирганларида ҳам бунчалик юксак эътибор қозонмаган эканлар. Негаки, бу гал Шайх Зайниддин бободек улуғ авлиё аждодимизнинг руҳи поклари шод этилган эди… Мен ўзим хотираларни ҳикоя қилишни болалигимдан яхши кўраман. Аслида тарихчи бўлсам бўларкан, деб қўяман ўзимга-ўзим. Машҳур тарихчи, “Тарихи жадидаи Тошканд” деган каттакон тарих китобини ёзиб кетган Муҳаммад Солиҳ Қорахўжа ўғли аслида бизнинг “Қориёғди” маҳалламиздан-да. Маҳалламизда азалдан қорилар кўп бўлгани учун шундай аталган. Тарихчилар ўзи бироз эзмароқ бўлади, тингловчи топилса, ўтмишдан гапираверади… Энди муддаога ўтайлик, ҳализамон аср намозига азон айтилиб қолади.
– Бир саволимга жавоб истаб олдингизга кириб келдим, – дедим мен.
– Хўш?
– Бобом қабрлари яқинида сулс хатида битилган, ер бағирлаб ётган бир қабр тошини кўриб қолдим. Унда “Абдураҳим қизи” деган ёзувдан бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ. На марҳуманинг исми, на туғилган ва вафот этган саналари бор.
– Бобонгизнинг дафн этиш пайтида мен ҳам ўша қабртошни кўриб ҳайрон бўлгандим. Суриштириб билсам, бу аёл Эски Жўва майдони ёнида бир жоме масжид қурдирган экан. Халқ уни “Хотинмасжид” деб атабди. Ҳозир бу масжид йўқ. Ўрнини Хотин-қизлар клуби эгаллаган, жой номи эса Хотинмасжид бўлиб қолаверган. Бу борада билганим шу, жиян.
Шу пайт аср намозига азон айтила бошлади: “Оллоҳу акбар, Оллоҳу акбар, Оллоҳу акбар!..”
Кейин суриштириб билсам, суҳбатдошим масжид йигирмалик кенгашининг аъзоси Абдуҳакимқори ака экан. У киши аллақачон оламдан ўтган. Аждоддан авлодга қон ўтади, дейдилар. Абдуҳакимқори аканинг набираларидан бири Неъматулло Муҳамедов таниқли тарихчи олим, Тошкент давлат ислом университети доценти, “Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси” деб аталган монография ёзган.
Хотинмасжид борасида Абдуҳакимқори акадан эшитганимни тўлдириш ва аниқлаш мақсадида яна изланишда давом этдим.
* * *
Эски Жўва майдонининг шарқи шимолида, ҳозирги Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғининг шимоли ғарбида бир бадавлат бева аёл томонидан 1754 йили ишга туширилган масжид Тошкентнинг йирик ва қадимий масжидларидан, ноёб меъморий ёдгорлик бўлган. Аёл киши қурдиргани учун “Хотинмасжид” деб аталган. 1858–59-йилларда тошкентлик Ўрозалибой томонидан таъмирлангач, унинг номи билан ҳам атала бошланган. 1907 йили Ўрозалибойнинг ўғли, масжид мутаваллиси Мулла Нормуҳаммаднинг шахсий маблағи ҳисобига қайта таъмирланган. 1932 йилда Хотинмасжид Шайх Хованди Тоҳур мозори ёнига кўчириб борилган. 1953 йилда ушбу масжид биноси 240 квадрат метр майдонни эгаллаб турган. Хотинмасжиддан бир қанча вақт кутубхона сифатида фойдаланиб келинган. 1957 йили бирор сабабсиз Тошкентда ўнлаб масжидлар қаторида бузиб ташланган.
Хотинмасжиднинг асл ўрни топоним (жой номи) сифатида туб тошкентликлар ёдида ҳамон сақланиб келмоқда. Бу ерга 1932 йили қурилган Хотин-қизлар клуби шўроларнинг Эски шаҳардаги мафкуравий муассасаларидан бири бўлган. Клубнинг катта зали кейинчалик кинотеатрга айлантирилиб, унга “Октябрь” номи берилган. Мен ҳам ёшлигимда бу кинотеатрда ҳинд ва араб фильмларини кўрганман.
* * *
Халқ орасида Хотинмасжид қурилиши ҳақида кўп ривоятлар юради. Баъзилар ривоят эмас, ҳикоят дейишади. Бир ҳикоятда айтилишича, шу масжиднинг ўрнида жойлашган ташқи, ўрта ва ички қисмлардан иборат каттакон ҳовлида Неъматиллабой яшаб ўтган. Унинг вафотидан кейин ҳовли-жойлари, ер-сувлари, дўконлари, чорва моллари, яйловлари, йилқилари, хуллас, барча бойлиги унинг Исматилла бойвачча деган ёлғиз ўғлига мерос бўлиб қолган. Исматилланинг бойлиги отасининг бойлигидан ҳам ортиб кетган бўлса-да, халойиқ уни Исматиллабой деб эмас, Исматилла бойвачча деб аташда давом этаверган.
Исматилла бойвачча дастлаб, отаси тириклигида, ўн олти-ўн етти ёшида уйланган, хотини билан икки-уч йил яшаса-да, фарзанд кўрмаган. Яқинлари бошқага уйланишни маслаҳат қилишган: “Бошқасидан фарзанд кўриб қолсанг ажабмас”.
Исматилла бойвачча шу маслаҳат бўйича иш тутган: маҳрини тўлаб, биринчи хотинини рози қилиб, жавобини бериб юборган-у, бошқасига уйланган. Бу хотинидан ҳам фарзанд кўрмагач, яқинлари қозикўчалик (кейин Табибкўча деб аталган) табибга бориб учрашишни маслаҳат қилишган. Халойиқ бу табибни Эшон табиб деб атаган, сабаби, у машҳур, дами ўткир, муриди кўп эшонзодалардан бўлиб, ҳатто Тошкент теварак-атрофларида ҳам дами ўткир руҳоний, билимдон, қўли енгил табиб сифатида кенг танилган.
Исматилла бойвачча нонуштадан кейин Эшон табиб томон отлиқ йўлга чиқди. Эгнида поча-пўстин, бошида сувсар чақмоқ телпак, оёғида қўнжи калта ағдарма махси ва ковуш.
Қаҳратон қиш. Ер муз қотган. От ўқтин-ўқтин тойиб кетади. Эгаси ҳушёр ва чаққонлик қилмаса, отдан учиб кетиши турган гап. Лекин Исматилла бойвачча моҳир чавандоз, олти-етти ёшидан бошлаб от минган, ўспирин, ўсмирлигидан пойга, кўпкари ва улоқларда қатнашган.
Исматилла бойвачча Эшон табибнинг қўштабақали катта дарвозасига яқин бориб, отдан тушмасдан эгилиб, катталиги косанинг оғзидек келадиган мис ҳалқани бир-икки дарвозага урди. Дарвозанинг бир табақаси ярим очилиб, остонада бир ўсмир кўринди:
– Ассалому алайкум, – деди у мулойимлик билан, афтидан хизматкор эди.
– Ваалайкум ассалом, – деди Исматилла бойвачча. – Табиб жанобларига учрашмоқчи эдик.
– Марҳамат, табиб жаноблари уйдалар, – дея хизматкор дарвозанинг иккала табақасини ланг очиб юборди. Исматилла бойвачча чаққонлик билан отдан ерга сакраб тушди. Хизматкор йигит дарҳол жиловни қўлига олди. Чамаси, у Исматилла бойваччани кўриниши, кийиниши ва важоҳатидан ҳоким ўрдасидан келган катта амалдор деб ўйлаган эди.
Исматилла бойвачча кирган жой Эшон табибнинг ташқи ҳовлиси эди. Ҳовлининг тўрт томони иморатлар – хона ва айвонлардан иборат эди. Қарши томонидаги томига оқ тунука ёпилган иморат баландроқ бўлиб, тўрт пояли ғиштин зина орқали чиқиларди. Кунгай томондаги узун айвонда йигирма чоғли узоқ-яқиндан келган одамлар қўлларини манқалдаги оловга тоблаб, исиниб ўтиришарди. Афтидан, улар Эшон табибдан нажот топиш умидида келган беморлар эди. Улар Исматилла бойваччани ҳурматлаб, салом беришди. У алик олди.
Эшон табиб Исматилла бойваччани иссиқ кутиб олди, ҳурмати учун ўрнидан туриб, қўшқўллаб сўрашди, тўрдан жой кўрсатди:
– Марҳамат қилсинлар, хуш кўрдик, қани, юқорига марҳамат қилсинлар. Камина сизни орқаворатдан танийман. Курашларда елкаси ерга тегмаган полвон Исматилла бойвачча эканингизни ҳам биламан. Бир калла уриб отни қулатганингиздан ҳам хабарим бор.
– Энди… ўртоқлар билан баҳслашиб қолиб, шундай номаъқулчиликни ҳам қилиб қўйганмиз-да, – деди Исматилла бойвачча хижолат чеккандай бўлиб.
– Энди сира бундай қила кўрманг, бойвачча жаноблари, – деди танбеҳ йўсинида Эшон табиб. – Бўйин умуртқаси шикаст топса ёмон-а, Худо кўрсатмасин.
– Тўғри, лекин биз келиб чиқиши йўғонтепалик бўлган одамларда калла уриштириш қадимдан одат, – дея эътироз билдирди Исматилла бойвачча. – Мана, мени кўряпсизми, бошим билан елкам туташиб кетган, гўё бўйин умуртқам йўқдек.
– Оқтепа, Қизилтепа, Кўктепа, Қўштепа, Учтепа, Тўйтепа деган номларни эшитган эдим. Лекин Йўғонтепа деганини эшитмагандим. Йўғонтепа ўзи қайси томонда? – қизиқсиниб сўрайди Эшон табиб.
– Кунгай тарафларда, Сайрамдан ҳам, Чимкентдан ҳам нарида, Муюнқумда, Қўқон хонлигига қараган дейишади. Қишлоқда ҳеч қандай тепалик йўқ, одамларнинг бўйни йўғон бўлгани учун қишлоқ Йўғонтепа бўлиб кетган экан.
– Ҳа, шундай денг… Биз томонга қайси шамоллар етаклаб келди сизни, бойвачча жаноблари, – дея Эшон табиб муддаога ўтди.
– Манглайимда бор экан, икки бор уйландим-у, лекин фарзанд кўрмадим. Яқинларим то фарзанд кўрмагунимча хотинни алмаштира боришни маслаҳат беришмоқда. Бу йўл тўғрими, шуни билмоқ учун келдим, табиб жаноблари.
– Бундай ҳолатда энг тўғри йўл шуми, шу эмасми, бу саволингизга аниқ жавобни Оллоҳ таоло билади. Мен эса сизга ташхис қўйгач, ўз жавобимни айтаман. Сиз бошдан-оёқ ечиниб анави тўшакка чалқанча ётинг.
Исматилла бойвачча Эшон табиб айтганини қилди.
– Ҳой, Файзулла, бу ёққа қараб юбор, – деди Эшон табиб хонага кириш эшиги томонга қараб. Хизматкор йигит эшик орқасида шай бўлиб турган экан шекилли, дарҳол қўлида қумғон, елкасида оппоқ бўз сочиқ билан остонада пайдо бўлди.
– Лаббай, тақсир!
– Қўлга сув қуй. Мен беморни кўздан кечираман. Сен кузатиб тур. Шу тариқа кўзинг пиша боради, тажриба орттирасан.
Файзулла қумқувғонда сув қуйди, Эшон табиб енгини шимариб, ханик тепасида қўлини ювди, оқ бўз тоза сочиққа артди. Сўнгра Исматилла бойваччани бошдан-оёқ синчиклаб кўздан кечира бошлади:
– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ё Оллоҳим, ўзинг беморимнинг дардини аён қил, шифосини ўзинг бу ожиз бандангга билдир. Омин!
Эшон табиб Исматилла бойваччанинг билак томирини ушлаб юрак уришини ўлчади, кўзини катта очтириб, кўз соққаси, кўзининг оқини кузатди, ўмрови, кўкрак қафаси, елкаси, умуртқаси, хуллас, ҳар томонлама обдан текширди, қовуғига ҳам назар солди. Энг охирида ханик тепасига келиб, қўлини ювди-да, оппоқ бўз сочиққа яхшилаб артиб жойига келиб ўтирди. Исматилла бойвачча Эшон табиб айтажак гапини жон қулоғи билан тинглашга шай эди. Эшон табиб шошилмай гап бошлади:
– Сизда, аён бўлишича, эркаклик қуввати бор экан. Милтиқ ҳам бор. Милтиқ пистонида ўқ ҳам бор. Лекин шу ўқ пистондан куч билан отилиб чиқмас экан. Отилиб чиқмаган ўқ нишонга бориб тегмайди. Чунки қовуғингиздаги найчанинг бир қисми тор. Бор гап шу.
– Шундай денг, – Исматилла бойвачча маъюсланиб, умидсизланиб қолди. – Бундан бу ёғига мен нима қилишим керак?
– Биринчидан, холи жойда қорнингизни ичга тортиб, бироз ушлаб туриб, кейин куч билан қўйиб юбориб, яъни кучанишни машқ қила борасиз. Мана бундай (Табиб кучаниб, силтаниб қўяди). Фарзанд кўрсангиз, ажабмас. Фарзандни Оллоҳ таоло ато қилади. Унинг даргоҳи кенг, ҳиммати чексиз. Сира ноумид бўлманг. Албатта, ейиш-ичишга ҳам эътибор беринг. Биласиз, ем емаган от пойгага ярамайди. Албатта, овқатнинг миқдори, сифати ва турлича бўлишига эътибор беринг. Ётишдан аввал тўйиб овқатланманг. Ўта оч қоринда ҳам, ўта тўқ қоринда ҳам хотинингиз билан муомалага киришманг. Кун ора палов енг. Паловни қишда қора турп билан енг. Палов ёғсиз қўй гўштига, зиғир ёғига қилингани маъқул. Наҳорга беш-олтита бедана тухумини илитиб ютишни канда қилманг. Кунига беш-олтита туршак, беш-олтита оқ мағиз ёнғоқ, беш-олтита ғалвирак бодом, бир қисмдан сояки майиз ва хандон писта истеъмол қила боринг. Қишин-ёзин ҳўл мевани еб туришни эсдан чиқарманг. Эътибор қилган бўлсангиз, туршак юракка, бодом буйракка, ёнғоқ шаклан мияга ўхшайди. Бу дегани бу емишлар одамнинг шу аъзоларига қувват беради. Аччиқ бодом қайнатмаси буйракни қувватлантиради… Бойвачча жаноблари, энди мана бу маслаҳатимга қулоқ солинг. Одам доимо ҳаракатда бўлиши шарт. Ана шунда умрингизнинг охиригача соғлом бўла борасиз, ҳам узоқ яшайсиз, ортиқча семириб кетмайсиз ҳам. Ҳозир вазнингиз юз эллик қадоқ бўлса керак?
– Икки юз қадоқман, суягим йўғон-да.
– Ёшингиз нечада?
– Иккинчи мучалимга тўлдим.
– Ия, тенгдош эканмиз, ҳа-ху дегунча чорак асрни яшаб қўйибмиз-а. Бойвачча жаноблари, камина айтганларини қила борсангиз, умрингизнинг охиригача шу вазнда қоласиз, қорин қўйиб, семириб кетмайсиз. Билиб қўйингки, хотин зоти қорин қўйган эркакларни ёқтирмайди. Ўзи ортиқча юкнинг нима кераги бор… халақит беради. Ҳафтада бир марта ҳаммомга боринг, ходими қилдиринг. Қишда совуқ ҳаддан ошганда иссиқ уйда қора кишмишдан солинган тоза мусалласдан бир-икки пиёла ичишингиз мумкин. Ҳозирча шу билан бугунги суҳбатимизни тугатсак, нима дейсиз, Исматилла бойвачча жаноблари? Вақти-вақти билан келиб бизга учрашиб турасиз. Умид Оллоҳдан…
Аслида Эшон табибда Исматилла бойваччанинг қачонлардир фарзанд кўришига юздан тўқсон тўққиз фоиз ишонч йўқ эди. Лекин шундай бўлса-да, мижозини мутлақо умидсизлантириб қўймаслик мақсадида бу фикрини ундан яширди. Яхши табиблар ўлиши аниқ кўриниб турган ўсалга ҳам “Оллоҳ хоҳласа, тузалиб кетасиз” дейишади-да. Қолаверса, Эшон табиб Исматилла бойваччадек бадавлат мижозини дарҳол қўлдан чиқариб юборишни истамасди.
Исматилла бойвачча Эшон табиб йўриғи бўйича иш тута бошлади, бир неча марта уйланди. Жавобини берган хотинларини ранжитмай, маҳрини ортиғи билан бериб, рози қилиб юборади. Улар идда муддатини ўтказгач, турмушга чиқиб, бола-чақали бўлиб кетишади. Исматилла бойвачча тадбиркор, сахий, ўзгалар ҳолини тушунадиган ва ёрдам қўлини чўзадиган одам эди. Собиқ қайноталари, қайноға ва қайниларига ҳам ёрдам қўлини чўзарди. “Ахир улар не-не орзу-умидлар билан қизларини, опа-сингилларини менга хотинликка беришган эди-ку”. Сал қўлидан иш келадиган бўлсалар, бирига арқон корхонасини очиб берар, иккинчисига бўз тўқиш дастгоҳини ўрнатиб берар, учинчисига сармоя бериб, савдогар қилиб қўяр эди ва ҳоказо. Ҳатто афсонасифат шундай гап ҳам тарқалган экан: Исматилла бойвачча собиқ хотинларидан бири умрининг охирида ёлғизланиб, қаровсиз қолганида унинг аҳволидан хабар олдириб, моддий ёрдам кўрсатиб турган экан.
* * *
Исматилла бойвачча умрида биринчи марта тунда ўзи кутганидек ҳордиқ чиқара олмади. Бундан ўзи ҳам, чой қошиқдай ихчам хотини ҳам ҳайрон бўлишди. Сабаби – қаттиқроқ ҳаракат қилса, ҳарсиллаб, нафас етишмагандай бўларди. Эндиликда у саксонга яқинлашиб қолган эди, лекин бундай улуғ ёшларга борганини хаёлига ҳам келтирмасди, чунки ғайрати, ҳаётга бўлган шавқ-завқи, фарзанд кўриб, ўзидан зурриёд қолдиришга бўлган умиди аввалгидек кучли эди.
Исматилла бойвачча нонуштадан кейин Эшон табиб томон йўлга чиқди. Эгнида поча-пўстин, бошида сувсар чақмоқ телпак, оёғида қўнжи калта ағдарма махси ва пошнаси ва тагчармига нағал қоқилган ковуш. Қаҳратон қиш эди-да. Ер муз қотган. От ўқтин-ўқтин тойиб кетади. Лекин Исматилла бойвачча моҳир чавандоз ўтган, олти-етти ёшидан бошлабоқ от минган, ўспирин, ўсмирлигидан пойга, кўпкари, улоқларда қатнашган ва кўпинча ғолиб бўлган, отда юришнинг ҳадисини олган, ҳамон қаерга бормасин отлиқ қатнайди, жума кунлари Хўжа Аҳрор жоме масжидига отда бориб келади.
Эски Жўвадан то Эшон табиб яшайдиган “Олақарға” маҳалласигача бир ярим чақиримча эди. Эшон табибнинг қўш табақали катта дарвозаси олдигача ярим соатларда етиб борди. Отдан тушмасданоқ эгилиб, катталиги косанинг оғзидек келадиган ҳалқани бир-икки дарвозага урди. Дарвозанинг бир табақаси ярим очилиб, остонада эски танишимиз Файзулла кўринди. Энди у ёши етмишларга бориб қолган, озғин, новча сийрак соқол чол бўлиб қолган, лекин ҳамон ёшлардек чаққон, серҳаракат эди. Эшон табиб Файзулланинг садоқат билан қилган хизматини қадрлаб, унга озодлик бериб, ёши йигирмаларга боргач, уйлантириб, оқ фотиҳа бериб, шу маҳалладан кичик бир ҳовли сотиб олиб кўчириб қўйган эди. Лекин Файзулла “умрим охиригача шогирд бўлиб қоламан” деб Эшон табиб ҳузурида қолаверган. Эндиликда ували-жували бўлиб, ҳатто яқинда авара ҳам кўрган эди.
– Хуш келибсиз, бой ота, – деди у Исматиллага кўзи тушибоқ. – Марҳамат қилинг, табиб жаноблари уйдалар.
Файзулла ота дарвозанинг иккала табақасини ланг очиб юборди. Исматилла бойвачча кирган бу жой унга азалдан таниш, Эшон табибнинг ташқи ҳовлиси эди. Ҳовли бундан эллик беш йиллар бурун қандай кўринишда бўлса, ҳамон ўшандай эди. Ҳовлининг тўрт томони иморатлар – хона ва айвонлардан иборат, қарши томондаги томига оқ тунука ёпилган иморатга тўрт пояли ғиштин зина орқали чиқиларди, зинанинг икки тарафига эндиликда панжаралар ўрнатилган бўлиб, тепаси соявонли эди. Кунгай томондаги узун айвонда йигирма чоғли узоқ-яқиндан келган эркак ва аёллар қўлларини манқалдаги оловга тоблаб, исиниб ўтиришарди, улар Эшон табибдан шифо топиш умидида келган беморлар, шунча беморнинг навбат кутиб ўтириши Эшон табибнинг халқ олдида ҳамон эътиборли эканидан даракдир.
…Эшон табиб Исматилла бойваччанинг қизариб, таранглашиб кетган юзини кўрибоқ, салом-аликни ҳам қисқа қилиб, дарҳол муолажага киришиб кетди.
– Файзулла, мис жомни олиб кел.
Эшон табиб токчадаги қутичадан оқ сурпга ўралган наштарни олиб, Исматилла бойваччани хотиржам қилиш мақсадида деди:
– Сира қўрқманг, сал ачишади, холос.
Эшон табиб Исматилла бойваччанинг чаккасидаги йўғон томирларига навбатма-навбат наштар урди. Исматилла бойваччанинг қуюқ, қорамтир қони Файзулла ота тутиб турган жомга тўкилди. Эшон табиб Исматилла бойваччанинг иккала чаккасини манглайи айлана бойлаб қўйгач, деди:
– Бойвачча жаноблари, энди бир-икки соат шу ерда дам оласиз. Биз беморларни қўшни хонада қабул қила қоламиз.
Исматилла бойвачча кўрсатилган жойга бориб чўзилди, оёқ тарафига почапўстинини ташлаб олди. Файзулла ота олиб кириб берган шарбатни ичгач, уйқуга кетди.
Икки соатлар ўтгач, Эшон табиб хонага қайтиб кирди. Бу пайт Исматилла бойвачча уйқудан уйғониб, ўрин устида ўтирарди.
– Оллоҳнинг ўзи меҳрибон, сизни унинг Ўзи асраб қолди. Бир фалокатингиз ариди. Ўз вақтида бизга йўлиққансиз. Агарда бироз кечиксангиз… Худо кўрсатмасин.
– Сизга кўп ташаккур, табиб жаноблари, – деди Исматилла бойвачча. – Хизматингизни икки дунёда унутмаймиз.
– Биз табиб сифатида Оллоҳ таоло буюрганини адо этдик, холос, – деди камтарлик билан Эшон табиб. – Энди гап бундай. Бундан бу ёғига ҳар борада (таъкидлаб), ҳа, ҳар борада ҳаракатни камайтирасиз, қонингиз қуюқлашган, юрак уришингизнинг меъёри бузилган. Бу ҳолатларни тузатиш мумкин. Сиз каминанинг айтганларини бажарасиз. Биринчидан, парҳезни қаттиқ сақлайсиз. Қази-қарта, сур гўшт, тўш емайсиз. Шолғомли, сабзили қайнатма шўрва ичасиз. Ёғсиз мол гўшти ейсиз. Энди ҳар қандай совуқ кунларда ҳам мусаллас ичмайсиз. Камина берадиган ҳап дориларни, суюқ дориларни, дамламаларни ўз вақтида ича борасиз. Уч кун уйдан чиқмай дам оласиз, бир ҳафта давомида ўринни алоҳида солдириб ётасиз, энг муҳими ҳам шу. Эртага бомдоддан кейин сизга зулук солгани ҳузурингизга Файзулла билан бирга борамиз…
– Тушундик, ташаккур, табиб жаноблари, – дея Исматилла бойвачча ўрнидан қўзғалди.
– Бойвачча жаноблари, – деди Эшон табиб жиддий ҳолатда. – Айниқса шу кунларда сизга кескин ҳаракат қилиш мутлақо мумкин эмас. Отга сакраб миниб юрманг, уйингизга яёв, аста қадам ташлаб боринг. Отингизни Файзулла етаклаб боради.
Эшон табибнинг бу огоҳлантиришини Исматилла бойвачча ҳовлига чиқибоқ унутди-қўйди. Жиловни Файзулла ота қўлидан олиб, бир сакраб эгарга ўтирди. Унинг зарбидан отнинг бели қайишиб кетди. Анқайиб қараб турган Файзулла отага қарата:
– Хайр, хўш, – дея отга аста бир қамчи уриб, табиб ҳовлисидан кўчага чиқди. Энди совуқ анча юмшаб, қор сал-пал эриб, ер усти пилч-пилч бўлган эди.
Исматилла бойвачча ўтган-кетганларнинг саломига алик ола-ола, уйига қайтар экан, ўзи билан ўзи гаплашарди: “Маҳалламдаги тенгдош жўраларим, мактабдошларим, мадрасадаги сабоқдошларим бирин-кетин ўтиб кетишди. Бири қирққа бормай ўтди, бошқаси пайғамбар ёшида кетди. Охиргиси кеча гўрга кирди. Охиргиси?.. Йўғ-ей! Ўзим охиргиси бўлиб қолибман-ку. Навбат менга етиб келибди. Ҳа, туғилмоқ бор экан, ўлим муқаррар. Нафас олувчи ҳар бир жонзод ўлим шарбатини ичажак… Ўтганлардан ҳеч бўлмаса зурриёд қолди. Менинг эса ҳамон зурриёдим йўқ. Бу бўлиши шарт. Чекиниш йўқ. Ноумид шайтон. Куч-қувватим жойида, – муштумларини қаттиқ қисиб қўяди. – Кўзгуга қарамасанг, ёш улуғлашганини сезмайсан. Кўз соч оқарганини, манглайга ажин тушганини кўради. Қалб эса буларни кўрмайди, чунки қаримайди, у ҳамиша ёш. – Ҳа, бу хотиним туғиши керак. Хотиним орқамда ўғлим ёки қизим билан қолса, боламиз билан овуниб юравериши мумкин. Лекин фарзандсиз бўлса, ҳали йигирмага ҳам бормаган, албатта кимгадир эрга тегиши турган гап. Йўғ-ей, бундай бўлишига чидай олмайман, тирик эканман, бундай бўлишига йўл қўймайман, қўя олмайман ҳам. Ахир, бу суюкли хотинимнинг бировнинг қўйнида ётишига қандай чидаш мумкин?”
Исматилла бойвачча ўша куни табиб айтганини қилмади, ўзининг кучига ҳаддан ташқари ишониб юборди, ҳаётдан ягона илинжи ўзидан зурриёд қолдириш эди-да. “Агар зурриёдим қолса, ворисим бўлади, – деб ўйларди Исматилла бойвачча. – Бутун умрим бўйи йиққан-тикканим, мол-мулким соврилиб кетмайди, номим ҳам, ўз уйимдаги чироғим ҳам ўчмайди”.
Бойвачча ўша куни ўринда жон таслим қилди. Бутун мол-мулки, уй-жойлари, ер-сувлари сўнгги ёш хотинига мерос бўлиб қолди. Бошқа ворислар йўқ эди. Исматилла бойваччанинг ёшгина бевасига идда муддати тугар-тугамас маҳалладан, теварак-атрофдан харидорлар чиқа бошлади. Исми сира ошкор қилинмаган бу бева аёл доно экан, биладики, ғойибона бу “ошиқ”ларни унинг ҳусни жамоли эмас, балки мол-мулки қизиқтирарди. Бева ўйлаб-ўйлаб, бор давлатини масжид қурдиришга бағишлашга аҳд қилди. Ниятини маҳалладаги отинойи орқали маҳалла элликбошисига етказди. Бу қарорга ҳеч ким қарши турмайди – юрт мусулмонобод, эл – мусулмон, ислом дини тўлиқ жорий. Воқеанинг бундай тус олиши Исматилла бойваччанинг хаёлига ҳам келмаган. Умр бўйи йиққан мулки эзгуликка буюрди – масжид қурилишига бағишланди. Бундан Исматилла бойваччанинг руҳи шодланган бўлса керак.
Қурилиш поёнига етгани сайин бевага харидорлар ҳам камая борарди. Масжид битганида бойвучча бу аёл оддий бир бева хотинга айланган, данғиллама, ичкари-ташқарили ҳовли сотилиб, маблағи масжид қурилишига сарфланиб, ёлғиз чўриси билан бир хонаю бир айвондан иборат иморатли кичик ҳовлига кўчиб ўтган эди.
Масжид ишга тушгач, аёлга совчи чиқмай қўйди. Унинг ўйлагани тўғри чиқди – харидорларни унинг ўзи эмас, мол-мулки қизиқтирган экан.
Қорлар ёғиб излар босилиб кетгач, бир косиб йигитдан совчи келади. Маълум бўладики, бу йигит билан бева аёл илгари девор-дармиён қўшнилар бўлиб, йигит унга кўнгил қўйган, қизнинг ота-онаси фарзандларини бу камбағал косибга бермай, қари, бадавлат, лекин бефарзанд Исматилла бойваччага узатиб юборишган экан. Бева аёл оқилона иш тутибди. Агар у бева бўлиб қолгач, ўша йигитга турмушга чиқиш истагини билдирганда, юрт зўравонлари йўлини топиб, бевани бадном қилишлари, йигитни эса йўқ қилиб юборишлари мумкин эди. Энди эса уларни камбағал бева хотин қизиқтирмасди. Аёл тадбири орқали йигитнинг севгиси ҳақиқий, беғубор, ҳеч бир таъмасиз муҳаббат экани ўз тасдиғини топган. “Хотинмасжид” ҳикояти ана шундан иборат.
Албатта, бу аёлнинг гўзал исми бўлган, лекин унинг ота-онаси шунчалар тақводор бўлишганки, бирор номаҳрам қизимизнинг исмини ногаҳон эшитиб қолиб, кўнгли бузилмасин, дея исмини айтмай, “қизим” деб мурожаат қилишган, никоҳ хутбаси ўқилаётганда ҳам исми айтилмай, “Абдураҳим қизи” деб қўя қолинган.
* * *
Бу эссени ёзиб бўлиб, мушоҳада қилиб ўтирардим. Бир маҳал ҳовлимиздаги дов-дарахтларга кўзим тушиб қолди. Ҳаммаси ҳар хил мева беради, бўй-бастлари ҳам турли-туман, бирининг меваси кўкламдаёқ етилади, иккинчиси ёзги, учинчиси кузги. Бири ҳар йили ҳосил беради, иккинчиси йил оралаб. Бирининг меваси ширин, иккинчисининг меваси нордон, учинчиси эса бемаза. Баъзи дарахтларнинг мевалари бир неча ой давомида бирин-кетин пиша боради, уларни бир неча ой тановул қила бора оласиз. Баъзи бир мева, масалан, хурмо бир пайтда – ноябрнинг бошларида ялпи етилади, уларни ейишга, териб олишга ҳам шошилиб қоласиз. Ҳовлимизда фақат бир туп мева бермас дарахт бор. Уни манзарали дарахт дейишади. Лекин барча дарахтларнинг илдизи бирдек она тупроқда. Уларнинг барини, она боласини кўксига босиб тургандек, Ер кўтариб турмоқда.
Бир тафаккур қилинг-а! Табиат билан инсоният нақадар ўхшаш!
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 3-сон