ЯНГИ ЕР
(ШОҲИ СЎЗАНА)
Комедия
4 парда, эпилоги билан
ҚАТНАШУВЧИЛАР:
Д е ҳ қ о н б о й — комсомол, фронтовик.
Х о л н и с о — унинг онаси.
О м о н — Деҳқонбойнинг укаси.
Ҳ а ф и з а — комсомол, Деҳқонбойнинг қайлиғи.
Ҳ а м р о б у в и — Ҳафизанинг онаси.
М а в л о н — Ҳамробувининг укаси, бригадир.
Р а ҳ и м ж о н — колхоз раиси.
О д и л о в — колхоз партия ташкилотининг секретари
Қ ў з и е в — комсомол, фронтовик.
С а л т а н а т — колхоз правлениесининг секретари.
Э р м а т — самоварчи.
БИРИНЧИ ПАРДА
Пастаккина девор саҳнани иккига бўлган. Бир томонда Х о л н и с онинг, иккинчи томонда Ҳ а м р о б у в ининг ҳовлиси. Ўртада эшикча. Ҳ а ф и з а ўз уйи деразаси олдида хат ёзиб ўтирибди.
Т о в у ш (кўчадан). Ҳафиза! Деҳқонбой! Мажлисга.
Уйдан Ҳ а ф и з а югуриб чиқади.
Ҳ а ф и з а (девор оша кўчага томон). Ҳали эрта-ку!.. Ҳозир борамиз!..
Холнисонинг уйидан О м о н чиқади.
О м о н. Ҳафизахон опа, акам соқол олаётибдилар. Агар бемалол бўлса, бирпас кутар эмишсиз… Эрталаб соқол олган эдилар, ҳали ўсгани йўғ-у, яна қиртишлаб ётибдилар. Нега бунақа қиладилар-а, Ҳафизахон опа?
Ҳ а ф и з а. Соқолинг чиққанда биласан, ҳали гўдаксан.
О м о н. Мен-а? Мен гўдакми? Гўдак бўлсам нега комсомолга олдиларинг? Сизни қарангу! (Керилиб.) Комсомол мажлисига кетаётибман.
Ҳ а ф и з а. Омонхон! Ҳали мажлисга бир соат бор-ку!
О м о н (насиҳатомуз). Комсомол мажлисига кечикмайин деган одам олдин боради. (Велосипедини етаклаб чиқиб кетади.)
Деҳқонбой соқол олганидан кейин ювингани чиқади.
Ҳ а ф и з а. Деҳқонбой ака! (Қўлидаги қоғозини кўрсатиб.) Мана, мана шундоқ бошладим: «Биз комсомолларнинг Мирзачўлга юриши тўғрисида комсомол съездининг чақириғини маъқуллаб…» Мана, ўқинг!
Д е ҳ қ о н б о й (хатга кўз югуртириб). Жуда яхши. Биласизми, Ҳафизахон, Мавлон акага ҳавасим келадн. Хўб тоғангиз бор-да! Ажойиб пахтакор! Жияни ўзидан ҳам яхши!
Ҳ а ф и з а. Жияни тоғасига етгунча ҳали кўп қовун пишиғи бор. Қишлоғимиздан биринчи бўлиб Мирзачўлга кетган киши!..
Д е ҳ қ о н б о й. Ёши бир жойга бориб қолган бўлса ҳам юрагида ўти бор. Ёшларга ибрат бўлди. Мана энди биз ҳам тоғангиздан ибрат олиб Мирзачўлга борамиз…
Ҳ а ф и з а. Секин… Мажлис ўтгунча аям билмасинлар.
Д е ҳ қ о н б о й. Нима, Мирзачўлга боришингизга қарши бўлармикинлар? Борсангиз тоғангизнинг олдига борасиз-да. Лекин ҳали мен ҳам аямга айтганимча йўқ.
Ҳ а м р о б у в и айвонга чиқади,
Ҳ а ф и з а. Холнисо холамни-ку йўлга солиш жўн, лекин менинг аям… дод солиб мажлисга боришдан ҳам тоймайдилар.
Ҳ а м р о б у в и. Қизим, нима деяпсан, менинг тўғримда гапираётибсанми?
Ҳ а ф и з а (шошиб қолади, Деҳқонбойга). Ана…
Д е ҳ қ о н б о й. Салом, Ҳамробуви хола, яхшимисиз?
Ҳ а м р о б у в и. Шукур, болам, яхшиликка хўп яхшиман-ку, бемаврид қариганимга хафа бўламан-да! Қариганингдан кейин мана бунақа бўлар экан, ёшлар бир чеккага суриб қўйишар экан…
Д е ҳ қ о н б о й (хавотир олиб). Нега?.. Нима бўлди?
Ҳ а м р о б у в и. Майли, нима ҳам дейман, индамайман.
Ҳ а ф и з а (Деҳқонбойга). Аям эшитибдилар…
Ҳ а м р о б у в и. Қулоғим оғир. Қулоқ ўлгур оғир! Лекин ҳар нечук, кар эмасман. Эшитаман, эшитганимда ҳам, нима дер эдим, индамайман. Мажлис соат саккизда бўлса…
Ҳ а ф и з а (Деҳқонбойга). Айтмадимми…
Ҳ а м р о б у в и. Мажлисга етиб бораман деган киши уйдан эртароқ чиққани яхши дейман, холос.
Д е ҳ қ о н б о й (кўнгли жойига тушиб). Тўғри, хола.
Ҳ а ф и з а. Рост айтасиз, аяжон, тезроқ борайлик бўлмаса.
Д е ҳ қ о н б о й. Хўп, биз кетдик, хола.
Ҳ а м р о б у в и. Шошмагин, болам, Деҳқонбой, бир оғиз гапимбор.
Д е ҳ қ о н б о й. Жоним билан.
Ҳ а м р о б у в и. Ҳафиза ҳали ёш, звено бўлса ҳам, ҳар қалай ёш. Сиз ақллик, бу ерда ҳам, урушда ҳам ўқиган йигитсиз. Шундоқ бўлгандан кейин ўзингиз айтинг, тўйсиз, никоҳсиз икковларинг бир эшикдан чиқсаларинг қандоқ бўлади? Эл-юрт нима дейди? Майли, мен нима ҳам дейман, индамайман…
Д е ҳ қ о н б о й. Ҳа… бундоқ денг… Майли, майли, холажон, мен ўзимизнинг зшикдан чиқа қолай.
Ҳ а ф и з а. Хўп, хўп, аяжон.
Ҳ а ф и з а билан Д е ҳ қ о н б о й ҳар қайсиси ўз эшигидан чиқади ва кўчада кўришади.
Д е ҳ қ о н б о й. Салом, Ҳафизахон! Яхшимисиз?..
Ҳ а ф и з а. Ўзларидан сўрасак… Кўринмайсиз?..
Иккови кулиб, қўлтиқлашиб кетади.
Ҳ а м р о б у в и. Умрингдан барака топгурлар, кўп қобил болалар-да!
Х о л н и с о ўз айвонига чиқади.
Х о л н и с о. Ўртоқ, болалар кетишдими?
Ҳ а м р о б у в и. Ҳа, бир-бирига хўп муносиб-да!.. Икковининг ҳам умрини берсин!
Х о л н и с о. Зап қизингиз бор-да! Онасининг боласи-да, онасининг боласи!.. Толеимдан ўргилай, пешонамга шундай келин битибди!
Ҳ а м р о б у в и. Деҳқонбой-чи? Деҳқонбойдай йигит етти иқлимда топилармикин? Қани энди ҳар бандайи мўминга Деҳқонбойдай куёву сиздай қайнана насиб қилса!
X о л н и с о. Бу ёққа чиқсангиз-чи, қуда, бирпас чақчақлашайлик.
Ҳ а м р о б у в и. Жоним билан… Кўсагимни олиб чиқа қолай бўлмаса. Қимирлаган қир ошар…