СЎНГГИ НУСХАЛАР
(ТОБУТДАН ТОВУШ)
Уч парда, етти кўринишли комедия
ҚАТНАШУВЧИЛАР
Сухсуров Нусрат — порахўр.
Нетайхон — Сухсуровнинг хотини.
Обиджон — Нетайхоннинг ўгай укаси.
Қори — қўшни, мачит имоми.
Юсуф — Сухсуров бошлиқ муассаса ходими.
Ҳожар — Сухсуровларнинг асранди қизи.
Шобарот — қамалган кишининг укаси.
Наврўзов — милиция капитани.
Чол.
Биринчи гувоҳ.
Иккинчи гувоҳ.
Милиционерлар.
Воқеа бизнинг кунларда бўлиб ўтади.
БИРИНЧИ ПАРДА
БИРИНЧИ КЎРИНИШ
Мачитга девор қўшни Нусрат Сухсуровнинг ҳашаматли ҳовлисида меҳмонхона. Унинг бир эшиги ҳовлига, иккинчиси кўча эшигига томон очилади. Бурчакда каттакон қора печка. Печка меҳмонхонадан ёқилади. Диван. Қозиқда салла билан тўн. Бу ерда туни бўйи ичкилик бўлган. Хонтахтада коньякдан бўшаган шишалар, керагидан кўпроқ рюмка, қолган-қутган овқат. Ҳамма учиб ётибди: Нусрат Сухсуров диванга интилгану етолмаган; Юсуф Сухсуровнинг бир оёғини қучоқлаганича қолган; фартук тутиб олган Қори сичқон пойлаган мушукдай жағини хонтахтага қўйганича пишиллаб ётибди. Сухсуров баланд, Юсуф ундан пастроқ хуррак тортмоқда. Хўроз қичқиради. Ичкаридан сочлари тўзиган, елкасига наридан-бери бир нима ташлаб олган Нетайхон ич кўйлакда киради, ҳаммага, айниқса Сухсуровга диққат билан разм солади; ҳамма қаттиқ уйқуда эканига ишонганидан кейин келиб Қорини туртади.