Абдулла Қаҳҳор. Оқ ароқнинг қора иши (фельетон)

Ҳавонинг қовоғи солиқ. Битта-иккита ёмғир томчилаб турибди.
Кимсан Қорабоев қўғирчоқдеккина қизчаси Лолани етаклаб, хотини билан ажрашгани судга кетаётибди. Унинг сочлари тўзиган, ранги не аҳволда, кийим-боши ғижим, шимининг почалари лой…
Лола дадасининг қаёққа кетаётганидан бехабар, лекин шундай яхши дада ҳар куни қаёққадир бир ёмон жойга бориб, ароқ ичиб, ёмон дада бўлиб келишини билар эди, шунинг учун хавотирда: ўша ёмон жойга ҳар куни ўзи якка борар эди-ку, бугун нега мени олиб кетаётибди экан?..
Лола дадасидан кўзини олмай, туртиниб-суриниб, оёқ остидаги кўлмак сувларни сачратиб, қалдирғочдай тинмай чуғурлаб борар эди. Ким билади, гоҳ ранжиган, гоҳ ёлворған, гоҳ йиғламсираган товуш билан жавраётган бу гўдак нималар деяётибди!..
Кимсан муюлишда гастрономга бурилди, магазинга кириб Лоланинг қўлини қўйиб юборди-ю, ранг-баранг шишалар териб қўйилган томонга борди. Лола магазиннинг ўртасида туриб қолди; кўзлари жавдираб, дадасига бир шиша ароқ узатган «ёмон бир опа»га, харидорларга қаради. Лекин уни ҳеч ким пайқамади.
Магазиндан чиқилгандан кейин Лола гапирмай қўйди. Энди унинг хаёли бошқа нарса билан банд эди: дадаси шимининг чўнтагида дўппайиб турган ароқни қачон ва қаерда ичади-ю, яна «ёмон дада» бўлиб нималар қилади…
Суд залида эр-хотин Кимсан билан Инобатхоннинг яқин қариндошлари, баъзи бир таниш-билишлар. Инобатхон аслида яхши, лекин ичкилик тириклай тобутга тиққан эрига чиндан ҳам аза тутгандай бошдан-оёқ қора кийган; қовоқлари шишинқираган, киприкларида ёш зарралари йилғирайди, ҳўнграб юбормаслик учун рўмолчасини лабига қаттиқ босиб бир чеккада ўтирибди.
Лола онасини кўриш билан югуриб бориб унинг бўйнига осилди, яна қалдирғочдай чуғурлаб, бирпасда олам-жаҳон гап гапириб ташлади…
Суд мажлиси очилди. Савол-жавоб бошланди.
Ўн бир йиллик оила. Қимсан илгарилар «хонаси» келганда ичар эди, кейинчалик битта-иккита улфат орттириб «хонаси»ни ўзи келтирадиган бўлди. Тўрт йилдирки «хонаси» ҳар куни келади, тўрт йилдирки оилада ҳаловат йўқ: харҳаша, шовқин, кўз ёши… Кимсанни баъзан ечинтириб бўлади, баъзан бўлмайди. Бутун уйдан, кийимлардан, кўрпа-ёстиқдан, ҳатто Лоланинг бошидан ҳам ароқ ҳиди келади!
Кимсан стаканни қўлига олганида нима учун ичаётганини билмайди, биров гапирса малол келади, «доно одамларнинг насиҳатидан чиқиб қолибман» деб жеркиб ташлайди.
Ароқ унинг териси билан эти орасига жойлашиб олган, шунинг учун севгили хотинидан кўра ароққа кўпроқ ишонади.
Кўпинча ароқ унинг қулоғига шивирлайди:
— Биласанми, хотининг сенга куймайди, рўзғордан уриб пул орттираётибди. Кўрмайсанми, топганинг зўрға учма-уч келади…
Жанжал…
Инобат жонидан безор бўлиб, қаттиқ гапирса ароқ яна Кимсаннинг қулоғига шивирлайди:
— Хотининг ҳалол эмас, ширин сўзини бошқаларга тўкиб, сенга нуқул тахирини қолдиради…
Шовқин-сурон…
Инобатхон ширин сўз бўлса, яна балога қолади:
— Хотининг ҳозир ўйнашининг қучоғидан чиқиб келди, сенга доғулилик қилаётибди! Шунча зийраклигинг билан наҳот шуни пайқамасанг!
Инобатхон гоҳ зор-зор йиғлаб, гоҳ ёлвориб, гоҳ қаттиқ гапириб уни ичкиликдан тиймоқчи бўлган вақтларида ароқ Кимсанни қутуртиради:
— Хотининг сени қайириб олмоқчи, бир марта гапига кирсанг елкангга миниб олади. Бир стакан ичадиган бўлсанг хотинингни додлатиб туриб икки стакан, уч стакан ич!
Тўрт йилдан бери аҳвол шу. Фақат шугина эмас-да, хотин мастнинг қусиғи артилган латтадай қўланса шу одам билан бир кўрпада ётиб келаётибди!
Инобатхон тўрт йил давомида йиғлаган, жанжаллашган, бунақа оилавий турмушдан воз кечмоқчи эканини айтган вақтларда ҳам ароқ Кимсанга «парво қилма, ҳеч қаёққа кетмайди» деб тасалли берди; бундан икки ой бурун Инобатхон уйдан узил-кесил чиқиб кетаётганида ҳам «хотиржам бўл, барибир қайтиб келади» деди. Лекин, шундоқ бўлса ҳам, Кимсан кўнглига ғулғула тушиб, ҳар эҳтимолга қарши Лолани зўрлик билан олиб қолди. Бироқ ҳозир Инобатхон судьяларга қараб, қавм-қариндошлар олдида шунча гапни айтганидан кейин Кимсаннинг кўзи ярақ этиб очилди-ю, ичкилик ҳароратидан кечаси билан қаттиқ уриб ҳориган юраги алланечук бўлиб кетди, совуқ тер босди. Унинг аҳволини кўриб кимдир бир стакан совуқ сув келтириб берди. Лола бўлаётган гапларни яхши тушунмаса ҳам, ароқ туфайли ёмон бир иш рўй берганини сезиб бир чеккада мунғайиб ўтирар эди, дадасининг титраётган қўлидаги стаканга кўзи тушар экан, жон-жаҳди билан қичқириб унга томон отилди:
— Дадажон, ичманг! Ичманг!..
Стакан Кимсаннинг қўлидан тушиб чил-чил бўлди, Орқада ўтирган бир чол Лолани ўзига тортиб бағрига босди. Залда бир ғовур кўтарилди-ю, оғир жимлик чўкди, у ёқ-бу ёқдан пиқ-пиқ йиғи товуши эшитилди… Суд ҳукмга кирди. Ҳукм икки соатдан кейин эълон қилинди. Лола онага ҳукм қилинди. Инобатхон Лолани етаклади. Лола ҳайрон, гоҳ дадасига қарайди, гоҳ онасига…
Кимсан нима бўлганига тушунолмай гаранг бир аҳволда эшикка томон йўналди. Ким билади, шимининг чўнтагида сонига ботиб турган бир шиша ароқни эшикдан чиқиши биланоқ ичадими ё ерга кўтариб урадими! Агар ерга урса бунинг товушини Инобатхон эшитиб эҳтимол қайрилиб қараса, эҳтимол қайтса… Ахир, Инобат хурсанд бўлиб эмас, йиғлаб кетаётибди-ку!..