Абдулла Қаҳҳор. Каравот (ҳикоя)

Ғанижоннинг хотини туғмай юриб-юриб бирданига қўчқордай ўғил туғиб берди.
Ғанижон хотини ҳомиладор бўлганда ҳам, болани кўтариб юрганда ҳам, ой-куни яқинлашиб қолганда ҳам бунга қишлоқда ҳар куни, ҳар ерда бўлаётган ва бўладиган ҳодиса деб қараган эди. Бироқ боланинг ер юзига тушуви унинг учун ҳеч қачон, ҳеч ерда кўрилмаган ва кўрилмайдиган ҳодисадай туюлди; назарида бутун қишлоқ кўпдан бери шу кунга маҳтал бўлиб, ҳозир фақат шу тўғрида гапираётгандай, ҳар бир суюнчи олиб келган ва ҳар бир «қуллуқ бўлсин» деган киши шуни тасдиқ қилаётгандай бўлар эди. У «дадаси» деган сўзни биринчи марта эшитганида бу сўз қаеринидир қитиқлади, қаеригадир иссиққина тегаб, бутун вужуди яйраб кетди.
Мана шу Ғанижон ўғилчасига каравот олгани раён марказига борди, кўзига энг чиройли кўринган каравотчани олди ва отига ўнгариб қайтиб келмоқда эди.
Йўл бўйидаги ариқлар афти буришганича музлаб қолган, дарахтлар чўлтоқ суггургига ўхшайди. Ҳаво, куни бўйи зўр бериб лоақал тўрттагина қор ташламаганидан хуноб бўлгандай, қовоғи солиқ. Шунинг учун, ҳали кун ботмагани ҳолда, қош қорайган. Қисқаси, кишининг баҳрини очадиган ҳеч нарса йўқ. Шундай бўлса ҳам, Ғанижон гашт қилиб, отнинг оёқ ташлаши ва сувлуқнинг шиқиллаши мақомига ашула айтиб борар эди:

Ҳой-ҳой, менинг ёримсан,
Танимдаги жонимсан,
Қоронғу кечаларда
Ёндирган чироғимсан…

Пахтаобод қишлоғининг чиқаверишида йўл бўйида ўтирган кимдир қўлини кўтариб Ғанижонга бир нима деди. Шу онда орқадан гуриллаб автомобил келиб қолдию, Ғанижон унинг нима деганини эшитмади. От автомобилдан ҳуркиб, хийла ергача суриб кетди. Ғанижон қайтиб келгани эриндию, кета берди. Бирон километр йўл босганидан кейин, шу яқин ўртадан милтиқ товуши чиқди. Тепаликдаги бақатеракдан гурр этиб кўтарилган бир тўп қарға «қа-қуғ» деганича ҳар томонга учиб кетди. Қарғаларнинг қағиллаши Ғанижонга совуқни ва йўл бўйида ўтириб қўлини кўтарган ҳалиги кишини эслатди. Ким экан у, шу совуқда кўчада ўтирган? Нега қўлини кўтардию, нима деди? Бемаҳалда йўлга чиққан бирон йўловчи экану, «отингга мингаштириб ол» дедимикин? Ундай бўлса, нега ўрнидан турмади?
Ғанижон беихтиёр орқасига қарадию, яна йўлида давом этди; бирон ашула бошламоқчи бўлган эди, йўл бўйида ўтирган киши сира назаридан кетмай, ҳеч нарса эсига келмади.
Нега йўл бўйида ўтирибди? «Мингаштириб ол» демоқчи бўлса, нега ўрнидан турмади? Ё касалмикин? Агар шундай бўлса, яхши бўлмади. Ҳали ҳам қайтиш керак. Бордию, аскарликдан бўшаб келаётган бирон инвалид бўлса-чи?
Ғанижон дарҳол отининг бошини буриб орқага чопди; ўша одам ўтирган жойни тусмол билан топди. Бу ерда ҳеч ким йўқ эди. Товуш чиқарди. Ҳеч ким жавоб бермади. Шу атрофни кўп қидирди, тополмади. Негадир «ўша одам албатта инвалид» деган фикрга келди. Назарида, у оқсоқланиб, қишлоққа кириб бораётгандай бўлди. От қўйиб қишлоққа кирди. Бир неча кишини тўхтатиб сўради. Ҳеч ким «ўша одам мен» ёки «шундай одамни кўрдим» демади. Ғанижон «пиёда жўнаган экан, кўрмабман» деган гумон билан орқага қайтди; яқин икки километр ергача йўлнинг икки томонини синчиклаб кўздан кечириб от чопди; яна қайтди…
Шундай қилиб, Ғанижон уйига ярим кечаси кедди. Унинг авзойи шундай эдики, хотини қўлидаги чиройли каравотчага ҳам қарамай:
— Вой ўлай, нима бўлди? — деди.
— Ҳеч… чарчадим, — деди Ғанижон, лекин бўлган воқеани хотинига айтгани уялди.
Бир уйқуни олиб турган хотини яна уйқуга кетди ҳамки, Ғанижон киприк қоқмади. У кўзини юмиши билан шинел кийган оқсоқ киши кўз олдига келар, рўпарасида қўлтиқтаёққа таяниб туриб «ҳали шуми меҳри оқибат» деяётгандай бўлар эди. Ғанижон тамаки чеккани туриб, токчадаги патнисни тушириб юборди. Хотини уйғонди.
— Ҳа, нима қилиб юрибсиз? Чироғни кўтарсангиз-чи! — Тамаки қаерда?
— Нима қиласиз?
— Миниб бозорга бориб келаман! Тамакини нима қилади киши? Чекади-да! – деди Ғанижон бўғилиб.
— Ҳа, мунча… кечаси тамаки чекадиган одатингиз йўқ эди, шунга сўрадим.
Eрини ҳеч қачон бундай кайфиятда кўрмагани, ундан сира дағал сўз эшитмагани учун хотинининг кўнглига ғул-ғула тушди, ўрнидан туриб ёнбошлади.
— Бирон жойингиз оғрияптими?
— Йўқ.
Ғанижон тамаки чеқди ва келиб чўзилди. Хотини унинг бошини силади.
— Биров хафа қилдими?
— Йўқ.
Хотини бир оз туриб яна сўради:
— Нега бемаҳалга қолдингиз?
— Йўлда иш чиқиб қолди.
— Нима иш? Нима бўлди? Айтинг, ўргулиб кетай… Менга айтмасангиз кимга айтасиз…
Ғанижон, хотини жуда катта ташвишда қолганини пайқаб, гапнинг учини чиқарди.
— Келаётсам, йўл бўйида биров ўтирган экан, қўлини кўтариб «жон ака, мени мингаштириб олинт» дегандай бўлди.
— Ким экан у?
— Ўрнидан турмади. Шундан гумон қилдимки, аскарликдан бўшаб келаётган бирон инвалидми… Инвалид эканлиги аниқ!
— Дарров мингаштириб олмадингизми?
— От, ҳаром ўлгур, суриб кетиб қодди. Қайтиб бориб тополмадим. Чақирдим, у ёқ-бу ёқни қидирдим. Ўтирган жойини отдан тушиб қарамабман, шунга кўнглим ғаш бўлаётибди. Яраси ёмонроқ бўлса, кўнгли озиб, ўша ерда ётиб қолдими…
— Унчалик эмасдир… Аввали шуки, аскарликдан бўшаб келган киши йўл бўйида «ким ўтар экан» деб ўтирмайди, уларга от-арава, машина ҳаммавақт тайёр, ҳаммавақт топилади.
Хотини бу гапни Ғанижонга тасалли бериш учун бошлаган эди, бироқ унга тасалли беришдан бурунроқ ўзининг кўнглига ғашлик тушди. Унинг назарида, ўша одам ҳақиқатан инвалид бўлиб, яраси очилганлиги орқасида кўнгли озган, ҳозир ҳушига келиб, ариқ бўйида инқиллаб ётгандай бўлди.
— Ўтирган жойини қарамадингизми?
— Қарадим, лекин отдан тушиб қараганим йўқ. Қоронғи эди.
— Вой, одам ҳам шунчалик беғам бўладими? Отдан тушиб пайпаслаб қарамайсизми! Энди нима бўлди!
Ғанижон ирғиб ўрнидан турди.
— Бориб келсаммикин?
— Шу вақтгача ётармиди?
— У-ку ётмас, биров олиб кетар, лекин бу аҳволда биз ётолмаймиз-да!
Ғанижон дарров кийиниб чиқди ва бориб колхоз отбоқари Насибалини уйғотди. Насибали маст уйқуда ётган экан, малол келиб гаплашди.
— Қаёққа борасиз шу маҳалда?
Гапни чўзмаслик учун Ғанижон ёлғон гапирди:
— Амакимнинг ўғли аскарликдан бўшаб келибди, шуни кўриб келаман.
Насибали дарров отхонага кириб, битта отни етаклаб чиқди.
— От минганда одам орқа-олдига қараб юради, — деди қоринбоғини тортаётиб, — ҳали сал бўлмаса автомобил уриб кетаёзди.
— Қачон?
— Ҳали-чи, ҳали! Пахтаободдан чиқаверишда!
— Қўл кўтарган сизмидингиз! У ерда нима қилиб ўтирган эдингиз?
— Арпага борган эдим.
— Э, саломат бўлинг! Бўлди, от керак эмас!
Насибали ҳайрон бўлганича қолаверди. Ғанижон югурганича уйига келди ва эшикдан шовқин солиб кирди:
— Насибали экан! Насибали!
Бола эмизиб ўтирган хотин ўрнидан туриб беихтиёр:
— Вой, ўлсин? — деди.
Бирпасдан кейин эр-хотин можарони унутишди. Ғанижон каравотнинг бир томонини кўтариб:
— Бу каравотни кўрдингми? Каравот олиш мана бундоқ бўлади. Туғишни сенга-ю, каравот олишни менга чиқарган! — деди.
Эр-хотин хотиржам бўлиб уйқуга кетишди.

1945