Учинчи сигнал бўлиб, чироқ ўчадиган пайтда залга ҳиқичоқ тутган бир маст кириб келди. У, бўш жой излаб, шомда қолган товуқдай бўйнини чўзиб, у ёқ-бу ёққа қаради, афтидан, ҳеч нарсани кўрмас эди. Контролёр унинг қўлидан билетини олиб кўрди-ю, бўш жойга йўллади. Маст дам-бадам ҳиқиллаб, қатор орасидан одамларга кетини ишқаб ўтиб борар экан, оёғи чалмашиб бир хотиининг тиззасига ўтириб қолди; хотиннинг дашноми қулоғига кирмай, шошмасдан ўрнидан турди, ниҳоят, бўш жойга ўтириб яна бир марта «ҳиқ» деди.
Чироқ ўчди. Парда очилди. Саҳнанинг ўртасида ғоз турган артист кўзига иккита кўринди шекилли, маст бир кўзини ҳовучи билан беркитиб қаради; артист ашула айтаётибди, деб ўйлади шекилли, тиззасига уриб:
— Дўст! — деди.
Унинг ёнида ўтирган кимдир туртди:
— Жим!..
Маст унга юзланди.
— Мен сизга дўст деятганим йўқ, ошна! Сиз нима қилибсизки… ҳиқ… дўст дейишлик керак!.. «Фиғонким гардиши даврон»ни биласизми? Ҳиқ… билмайсиз!..
— Саҳнага қаранг, пулингиз куяди!
— Менинг пулим куядиган пуллардан эмас… Лекин, қарасам қарайвераман, хоҳласам бир кўзим билан… ҳиқ… қарайман, хоҳласам иккала кўзим билан қарайман! Ўзимнинг кўзим, ўзимнинг билетим, ўзимнинг… ҳиқ… пулим!
Маст ёнидан папирос олди, энгашиб гугурт чаққан эди. Атрофда босинқи ғовур кўтарилди. Ўтиб бораётган контролёр мастга томон энгашиб, қаттиқ шивирлади:
— Чекманг, штраф қиламан!
— Ие, опажон, билет олганимизда штрафи… ҳиқ… ичида деган эди-ку! Кеч… кечирасиз, мен бу ерни кино дебман… Штраф эмиш, мен нима гуноҳ қилибман? Кучингиз фақат бизга етар экан-да! Буларга нега индамайсиз ё булар пора беришганми? Биз ҳам нақд пулга… ҳиқ… билет олганмиз! Мен бировни сўкмасам, бировни урмасам… Бировни урсам, эҳтимол, майда безориликка… ҳиқ… кирар эди. Мени ҳозир ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди! Қўлингиздан келса, биласизми… ҳиқ… ҳиқичоғимни тўхтатиб беринг!
Мастни ҳеч тийиб бўлмас эди. Унга на ёнидаги одамларнинг ёлвориши кор қилар эди, на контролёрнинг пўписаси. Контролёр пўписа қилган сайин маст авж қила бошлади, афтидан, шовқин соладиганга ўхшаб қолди. Шунда мастнинг орқасида ўтиртан бир йигит контролёрга «Сиз кетаверинг, ўзимиз эплаймиз» деган маънода ишора қилди-ю, энгашиб, мастнинг қулоғига шивирлади:
— Яшанг! Хотинингиз ҳам кайфи ошса, ҳиқичоқ тутиб, худди ўзингиздай жуда ширин бўлар экан!
Маст ирғиб ўрнидан турди.
— Қаерда кўрдингиз?
— Эшикнинг тагида ҳиқиллаб ўтирибди…
—Хотиним ичмас эди-ку! Қачон кўрдингиз? — деди маст ва йигитдан жавоб кутмай, жавраганича жўнаб қолди. — Ҳозир чиқиб саксон саккиз талоқ қўяман! Менга ичадиган хотин керакмас! Ичадиган бўлса ичадиган эрга… йўқ, ичмайдиган эрга тегсин!
— Чакки бунақа дедингиз,— деди йигитнинг ёнида ўтирган бир хотин, — ҳозир қайтиб келиб ёқангиздан ушласа, нима жавоб берасиз?
Йигит бепарво жавоб берди:
— Ҳали-вери келмайди: уйига боради, хотинини чироққа солиб кўради, оғзини искайди, қасам ичириб, сўроқ қилади… Унгача спектакль тамом бўлади.
Босинқи кулги қўтарилди.