Осмон йироқ, ер қаттиқ.
Мақол
Сотиболдининг хотини оғриб қолди. Сотиболди касални ўқитди — бўлмади, табибга кўрсатди. Табиб қон олди. Бетобнинг кўзи тиниб, боши айланадиган бўлиб қолди. Бахши ўқиди. Аллақандай бир хотин келиб толнинг хипчини билан савалади, товуқ сўйиб қонлади… Буларнинг ҳаммаси, албатта, пул билан бўлади. Бундай вақтларда йўғон чўзилади, ингичка узилади.
Шаҳарда битта докторхона бор. Бу докторхона тўғрисида Сотиболдининг билгани шу: салқин, тинч паркда, дарахтлар ичига кўмилган баланд ва чиройли оқ иморат; шиша қабзали кул ранг эшигида қўнғироқ тугмаси бор. Чигит пўчоқ ва кунжара билан савдо қиладиган хўжайини Абдуғанибой омборда қулаб кетган қоплар остида қолиб ўладиган бўлганида бу докторхонага бормай Симга* кетган эди. Докторхона деганда Сотиболдининг кўз олдига извош ва оқ подшонинг сурати солинган 25 сўмлик пул келар эди.
Бемор оғирлашди. Сотиболди хўжайинининг олдига арзга борди, аммо бу боришдан муддаоси нима эканини аниқ билмас эди. Абдуғанибой унинг сўзини эшитиб кўп афсусланди, қўлидан келса ҳозир унинг хотинини оёққа бостириб беришга тайёр эканини билдирди, кейин сўради:
— Девонаи Баҳоваддинга ҳеч нарса кўтардингми? Ғавсул-аъзамга-чи?
Сотиболди кетди. Беморнинг олдидан жилмаслик ва шу билан бирга тирикчилик учун хонаки бир касб қилишга мажбур бўлди — ҳар хил саватчалар тўқишни ўрганди. У эртадан-кечгача офтобшувоқда гавронлар ичига кўмилиб сават тўқийди.
Тўрт яшар қизчаси қўлига рўмолча олиб, онасининг юзини карахт, нимжон, хира пашшалардан қўрийди; баъзан, қўлида рўмолча, мукка тушиб ухлаб қолади. Ҳаммаёқ жим. Фақат пашша ғинғиллайди, бемор инқиллайди; ҳар замон яқин-йироқдан гадой товуши эшитилади: “Ҳей дўст, шайдулло баноми олло, садақа радди бало, бақавли расули худо…”
Бир кечаси бемор жуда азоб тортди. У ҳар инграганда Сотиболди чаккасига буров солинган кишидай талвасага тушар эди. Қўшниси бир кампирни чақирди. Кампир беморнинг тўзиган сочларини тузатди, у ёқ-бу ёғини силади, сўнгра… ўтириб йиғлади.
– Бегуноҳ гўдакнинг саҳарда қилган дуоси ижобат бўлади, уйғотинг қизингизни! – деди.
Бола анчагача уйқу ғашлиги билан йиғлади, кейин ота-сининг ғазабидан, онасининг аҳволидан қўрқиб, кампир ўргатганча дуо қилди:
– Худоё аямди дайдига даво бейгин…
Бемор кундан-кун баттар, охири ўсал бўлди. “Кўнгилга армон бўлмасин” деб “чилёсин” ҳам қилдиришга тўғри келди. Сотиболди тўқиган саватчаларини улгуржи оладиган баққолдан йигирма танга қарз кўтарди. “Чилёсин”дан бемор тетик чиққандай бўлди; шу кечаси ҳатто кўзини очиб, қизчасини ёнига тортди ва пичирлади:
– Худо қизимнинг саҳарлари қилган дуосини даргоҳига қабул қилди. Дадаси, энди тузукман, қизимни саҳарлари уйғотманг.
Яна кўзини юмди, шу юмганича қайтиб очмади—саҳарга бориб узилди. Сотиболди қизчасини ўлик ёнидан олиб, бошқа ёққа ётқизаётганда қизча уйғонди ва кўзини очмасдан одатдагича дуо қилди:
– Худоё аямди дайдига даво бейгин…
1936
*Сим — ҳозирги Фарғона шаҳри.