Абдулла Қаҳҳор. Аяжонларим (пьеса)

АЯЖОНЛАРИМ

Икки парда, олти кўринишли пьеса

ҚАТНАШУВЧИЛАР

К а р и м ж о н — ёш врач.
У м и д а — ёш врач.
Б ў с т о н — Каримжоннинг онаси.
Ж а м о л — колхоз раиси.
Ш а к а р — Умиданинг онаси.
А ш у р а л и е в — Умиданинг отаси.
Т ў т и н и с о — қўшни хотин.
X а й р и — Тўтинисонинг қизи.
С о б и р ж о н — монтёр.

БИРИНЧИ ПАРДА

БИРИНЧИ КЎРИНИШ

Аэропорт паркида хилват бир гўша, Пастак стол, Учта курси. Ташқарида самолётлар ҳайқирмоқда. Диктор товуши: «672-маршрут бўйича 67-рейс билан учувчи самолётга йўловчилар чиқарилмоқда. Йўловчилар, самолётга чиқишларингизни сўраймиз!»

У м и д а (бир қўлида чамадонча, бир қўлида гулдаста, Шакарни бошлаб киради). Самолёт вақтида келар экан, аяжон, мана шу ерда ўтира турайлик.

Ш а к а р, Уфф!.. Насибанг Каримжоннинг насибасига қўшилган экан, мен нима дейман, бир муҳаббатинг ўн бўлсин, дейишдан бошқа сўзим йўқ!.. Лекин қишлоқ қизлари шаҳарга талпинётганда сенинг қишлоққа кетишингга ҳеч чидолмайман!

У м и д а. Аяжон, айтдим-ку: ҳукумат қаерга тайин қилса ўша ерда бир-икки йил ишлаб беришимиз керак! Келганимдан бери елиб-югуриб зўрға унатдим: икковимизни бир районга юборадиган бўлишди. Районга борсак бас, у ёғини Каримжон акам колхоз раиси билан қишдаёқ гаплашиб кетганлар… Бир-икки йил ишлаймиз, ундан кейин, бир гап бўлар… (Соатига қараб.) Ие, самолёт аллақачон қўнипти-ку! (Ташқарига қарай-ди.) Вой, ана Каримжон акам!

Умида югуриб чиқади ва Каримжон билан киради,

К а р и м ж о н. Салом, аяжон…

Ш а к а р (унинг пешанасидан ўпади). Қўша қаринглар!..

К а р и м ж о н. Дадам яхшиларми…

Ш а к а р. Яхши. Келадиган эди, лекторларнинг семинари бор экан, кутдик-кутдик, чиқавермаганидан кейин келавердик. Семинар тамом бўлгандир, ҳозир келиб қоладилар… Каримжон, уйга кирмас экансиз-да.

К а р и м ж о н. Умидахон айтгандилар-ку: иссиғида бориб қоғозларни топширайлик, ишимизга ўрнашайлик, ундан кейин келаверамиз-да!

Ш а к а р (ўпкаси тўлиб). Биттаю битта қизим… Бутун умрим, бугунги куним, келажагим ҳаммаси шу. Мен Умидани сутим билан боқдим, меҳрим билан ўстирдим, бунга тикилган тиканга кўз қорачиғимни тутдим. Гулдай қилиб ўстирдим. Мана, сизга насиб қилган экан, кўкрагингизга тақиб олдингиз. Минг марта розиман. Дадаси ҳам рози. Умидани сиз ҳам гулдай асранг, ҳеч қачон сўлмасин, ҳамиша яшнасин!.. Икковларинг подручка қилиб юрсаларинг шаҳар кўчаларига қандоқ ярашасизлар!..

К а р и м ж о н. Албатта…

Ш а к а р. Умидахон қиз бўлиб қўлига битта игна олган эмас, умрида битта пиёла ювган эмас, фақат, фақатгина ўқиган! Шунинг учун сочини тараса ҳам қўли қаваради!

У м и д а. Вой, ая, бу мени мақтаганингизми, ёмонлаганингизми? Ётоқхонада пол ювар эдим, дераза ювар эдим!

Ш а к а р. Биз вақтида ўқиёлмадик, шунинг учун яхши турмуш қилолмадик. Сизлар ўқидиларинг, яхши турмушни тўлиқ кўришларинг керак. Шаҳарда бўлсаларинг кир-чирингни ўзим чиннидай қилиб ювдириб, дазмоллатиб бераман!

К а р и м ж о н. Қўйсангиз-чи, ая! Ўзимиздан иш ортмайди.

Ш а к а р. Йў-йўқ, сиз ҳам докторсиз, бунақа ишларга сиз ҳам қўл урманг! Шунақа хотинлар ҳам бор! Эрига кир ювдиради, қошини тердиради… Буларга қолса болани ҳам эри туғиб берса!.. Даданг мунча ҳаялладилар?

У м и д а. Ҳайронман…

Ш а к а р. Даданг икковимиз тўйинг режасини чизиб қўйдик. Шаҳарда тўйлар аломат бўлаётибди.

К а р и м ж о н. Тўй тўғрисида изму ихтиёр сизларда…

Ш а к а р (сумкасидан сурат олади). Айтгандай, қизим, қанақа сурат юбординг менга, наҳот шу Каримжон бўлса!

Умида суратни олиб қотиб-қотиб кулади.

К а р и м ж о н (суратни олиб), Ие! ЗАГСдан ўтган кунимиз ўртоқларимизни чақирган эдик. Шунда Умидахон олган эди. Тоза боплабсиз-ку!.. Уй қоронғироқ эди. Ўзимдан галстугим яхши тушибди…

Ш а к а р. Сиз ҳам аянгизга Умиданинг шунақа суратини юборганмисиз?

К а р и м ж о н. Йўқ, мен… сурат юборганим йўқ.

У м и д а. Ая, ростини айтсам, Каримжон аяларига ҳали маълум қилмаган эканлар.

Ш а к а р (чўчиб). Ростданми?

К а р и м ж о н. Рост. Маълум қилмаганимни Умидахонга ҳам яқинда айтдим.

Ш а к а р (ташвишда). Нега маълум қилмадингиз, аянгизнинг кўзлаган қизлари борми?

К а р и м ж о н. Йўқ…

Ш а к а р. Вой, кўзлаган қизлари бўлмаса, нега маълум қилмадингиз?

К а р и м ж о н. Ҳар келганимда «сенга унақа қиз олиб бераман, бунақа қиз олиб бераман» деяверар эдилар.

Ш а к а р. Қанақа қиз ахир?

Каримжон. Ўзлари сал эскичароқ… у кишига хат қилмаганимнинг боиси шу: «олти ой олдин йиғлаб ўтирмасинлар», дедим.

Ш а к а р. Йўқ, аянгиз қанақа қизларни ёқтирадилар?

К а р и м ж о н. У кишининг ёқтирганларини қўяверасиз, нуқул сочдан гапирадилар!

Ш а к а р (хотиржам бўлиб). Бундоқ денг!.. Сочдан гапирсалар, худога шукур, Умиданинг сочи етарлик! Бир кило қўйнинг жунини сеткага солиб, бошига танғиб юрадиган қизлар ҳам бор!.. Лекин аянгизга маълум қилмаганингиз чакки бўлибди! Олти ой олдин йиғласалар бу чоққача тақдирга тан бериб юпаниб ўтирар эдилар. Энди тўсатдан рўпара бўлсаларинг… Хуш кўрсалар-ку, яхши, хуш кўрмай икковларингнн олдиларига солиб қувсалар нима бўлади?

Китобнинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг

Каримжон — ёш врач.

У м и д а — ёш врач.

Б ў с т о н — Каримжоннинг онаси.

Ж а м о л — колхоз раиси.

Ш а к а р — Умиданинг онаси.

А ш у р а л и е в — Умиданинг отаси.

Т ў т и н и с о — қўшни хотин.

X а й р и — Тўтинисонинг қизи.

С о б и р ж о н монтёр.