Қурбонни тун сокинлигида хаёл дарёси олисларга оқизиб кетди. Кечани бедор ўтказди. Ҳар замон-ҳар замонда ёнгинасида пишиллаб ухлаб ётган ўғли Собир билан қизи Гулноранинг устини ёпиб қўяр, сўнг жой четида ўй сурганча ўтирарди. Нима қилсайикин? Манови икки болани боқиш керак. Овқат пишириш, кир-чирини ювиш, йиртиғини ямаш…
Қурбоннинг аёли дунёдан кўз юмгач ҳаётида шундай кунлар бошланди. Яхшиям қўшнилари бор экан, баъзан болаларининг иссиқ-совуғидан хабар олиб туришади. Томоқ йўлидан чиққан мошдеккина яра Боғдагулни бир ойда чўп-устихон қилди. Уч-тўрт кун бир қултум сув ҳам ютолмай, ахийри омонатини топширди. Қурбон шошиб қолди. Болаларни қандай эплайди. Яқин атрофда на ўзининг, на аёлининг қариндошлари бор. Маъракага келиб кетган хеш-ақрабо ҳам ўз калавасининг учини қидириб юрган бандалар-да. Кимга юкинади, кимга бош уради.
Ўйлай-ўйлай шаҳарча марказидаги нотариал идорадаги ишини йиғиштиришга мажбур бўлди. Йўли олис, гоҳо ётиб ҳам қолишга тўғри келади. Бу ёқда эркакнинг ҳаёти ўзгариб кетди. Болаларини боғчага ўзи элтиб, ўзи олиб келади. Уйдаги бор тирикчилик унинг гарданида. Аёлининг маъракаларини ўтказгач Қурбон ишдан воз кечмаса бўлмаслигини англаб етди. Ота қалдирғочга ўхшаб бозор билан уй ўртасида қатнайверди…
Эрталаб Қурбон қараса, ноннинг ҳам, ёғ-ёвғоннинг ҳам таги кўриниб қолибди. Ҳамён ҳам ўзига яраша. Яхшиям йўқни йўндирадиган раҳматли аёли жишлигидан боқиб ўстирган бир катак товуқлар бор. Буни эслаганда эркакнинг ҳасратли қалби бир ўртаниб қўйди. Хуллас, шу товуқлар кунига яради.
Бор тухумни жамлаб, бозорга жўнади. Ҳарна, тухумни сотиб уйга бирор нима кўтариб келади. Бугун ўтсин-чи, эртага худо — подшо.
Шу зайлда Қурбон кунда-кунора бозорга қатнайдиган бўлди. Тухумнинг ёнига оз-оз олмадан ёки беҳидан қўшади. Сотиш иши эса осонмас. Мўъжазгина бозорчада олармондан сотармон кўп. Қурбоннинг обборган ул-булини олса олмаса, харидор ерга ураётгандек туюлаверади. Жаҳли чиқади, аммо кимга жаҳл қилсин. Уйда болалар… Аввалига худди бировлар ундан кулаётгандек елка қисиброқ юрдию кейин кўникди. Жамики одамзод бехато бажарадиган қисмат вазифаси асли шу — кўникиш! Шу зайл икки чақиримдан зиёдроқ наридаги бозорчанинг одамига айланди-қўйди. Олди-сотди касби-корига айланди. Олиб борганини сота солиб уйга қайтади. Ҳамён ҳам бир нави, муҳими кўнгил тўқ.
У бозорга қатнай бошлагач, қўшнилардан бири озгина ёнғоғини, бошқа бирови ярим халта майизини сотиб беришини сўрайдиган бўлишди. Улар ўзларича нарх-навони чамалаб, “Ўзингиздан қолар гап йўқ, қўшни” дейдиган бўлишди. Қурбон ҳам чамалайди, ёнидаги деярли кўзтаниш бўлган сотувчилардан улгу олади. Бир сўм бўлса-да орттиргани ўзиники: она сутдан ҳалол! Бозор маъмури Ғиёс лаққи деган киши билан гапи чиқишиб қолди. У Қурбонга жой олиб берди. Бир-икки марта у Ғиёс ака билан улфатчилик ҳам қилди.
Қурбоннинг кузда азбаройи иложсизликдан бошлаган савдоси қишда уни чинакам бозорчига айлантирди. Қишда савдо жойини бекитиш учун бошпана қилиб олди. Эски панер, бўлак-бўртик шиферларни қоқиштириб, мўъжазгина, қулфланадиган раста бино қилди, иситкич ҳам ўрнатди.
Ҳаво совуб, қор учқунлаб турар эди. Қурбон кетишга чоғланаркан, ўзидан сал нарида аллақачонлардан бери тўхташ тақиқланган норасмий бекат бўлмиш бетон саҳнида сумка ушлаб турган аёлга кўзи тушди. Ёғаётган қор аллақачон унинг рўмолини оқартириб улгурган. Аёл қўлидаги сумкани ерга қўйди. Пешонасидаги қорнинг эриган томчиларини рўмолча билан артди-да, кафтларига «куҳ-куҳ»лади. Аёл қорга секин-аста ботиб бораётган калишига, рўпарадаги уйчага бир-бир қараб қўйди. Сал ўтиб у эгнидаги уриниброқ қолган палтоси елкаларини қоқди. Қоқдида, ичига бўйнидан қор кирдими ёқасини кўтариб қоқиб олди. Одамлар аёл турган жойдаги йўлакдан бамайлихотир ўтиб-қайтишар эди.
Қурбон эшикни бекита туриб, бирдан тўхтади. Бегона аёлнинг рафторидаги қандайдир маъсумликни Қурбон бир кўз ташлабоқ илғар экан, ҳайронлиги ошди. Бу ҳайронлик унинг қалбида шундай бир жўмард меҳрга айланди-ки, беихтиёр унинг ёнига борди:
— Бирон нарса сотасиз, шекилли?
Аёл бир Қурбонга, бир қор ташлаб турган осмонга қараб қўйдию индамади.
— Совқотибсиз. Манов жойга киринг… тортинманг.
— Совқотганим йўқ, керакмас.
— Шамоллаб қоласиз!
— Ўрганиб кетганман.
Аёл гарчи киришга унамаётган бўлса-да, уйчага бир-икки қараб қўйди. Мижжаларида ёш қалқигандек бўлди. Ёки Қурбонга шундай туюлдими, ҳарҳолда бошқа бозордаги аёллардан нимаси биландир ажралиб тургандек, бу аёлни шу дамда Қурбон ўзига яқин олди. Фақат у бегона эркак ёнида истиҳола қилаётир. Шуни ўйлаб, Қурбон бир қарорга келди.
— Мен кетаётгандим, калитни қолдирай. Сиз ўтираверинг бемалол. Эшик тепасига қўярсиз калитни, — Қурбон шундай дедида, калитни узатди. Аёл қимтина-қимтина уни олди. Занжирли совуқ калитни оларкан Қурбоннинг кафтига бир зум қуш қўнгандек бўлиб, аёлнинг бармоқлари беихтиёр тегиб кетди. Шу лаҳзада аёл кишини бу қадар яқинидан кўриб, не бир ҳисларни туюб, дил тубидан тотли бир туйғу кечганини беихтиёр чуқур англади. Шу кеча қалин қор ёғди. Қурбоннинг эса бозорга обборгудек айтарли нарсаси ҳам йўқ. Бир кун чиқмаса чиқмас. Лекин анови аёл нима бўлади? Шуни ўйлаб, боши қотди. Калитнинг жойи-ку аён. Лекин билмаган кишининг жойига кирармиди. Сираям. Тани музласаям кирмайди. Қурбон қайтаётганида ҳам калитни сиқимлаб паришон қолган эди. Оёғини зах сўради, устиям юпун. Палтосининг ҳам оҳори кетган. Музлаб қолса-я?! Э, йўқ-йўқ… Шу лаҳза бирдан Қурбоннинг кўзига аёздан ғужанак бўлиб, қўлларига «куҳ-куҳ»лаб турган аёл кўриниб кетди. Кейин телевизорга қараб-қараб нонушта қилаётган иккита мунчоқдек фарзандларига нигоҳи тушди. Уларнинг кўзлари тубидаги сокин тафтдан эти жимирлади. Совуқда қолган нотаниш аёл эмас, Қурбоннинг ўзидек титраб кетди. Бир муддатлик бу тушуниксиз кайфият Қурбонни элитиб қўйди.
— Дадажон, бозорга бормайсизми? — Қурбонни қизининг саволи ўзига келтирди.
— Бораман, она қизим, бораман, — Қурбон шундай деркан, ўзининг жавобидан ҳам ҳайрон бўлди. Ва кўниккан одатича, қўзғалиб кийина бошлади. Бир неча дақиқадан кейин у бозорга жўнади. Йўлда жадаллаб бораркан, қорни кураш, уйчани иситишни кўнглига тугди. Муваққат уйчага яқинлашгани сайин Қурбон ҳар кунги бозорчага эмас, нотаниш аёлга яқинлашаётганини ич-ичидан ҳис қилиб, вужуди қизиди. Ҳаллослаб юриб, уёқ-буёққа кўз ташлади. Атроф қарийб бўм-бўш. Бозорга ин қурган ўзи каби уч-тўрт сотувчидан бўлак зот йўқ. “Келмаслиги мумкин эмас, — дерди қандайин бир ички овоз Қурбонга. “У шу ерда. Қайсидир панароқ жойда қор тинишини, э, йўқ, сенинг… келишингни кутяпти”. Аммо аёл йўқ эди, тополмади. Қурбон негадир у барибир келади деб ўйларди. Лекин келмади. Шундаям Қурбон қараб туролмади. Совуқсираб келиб қолса, қўлларини иситар, пойафзалини қуритиболар дея иситгични қўшди.
Ўтиб қолса, кўрмай қолмай деб, дарича пардасини ҳам кўтариб қўйди. Кутди. Савдо ҳам бўлмади ҳисоби. Кутди… сўнг тушга яқин юз-кўзлари совуқдан увишиб уйга қайтди.
Кейинги куни ҳаво бироз юмшаб, офтоб кўриниш берди. Эрув бошланди. Қурбон бозорга келса, не кўз билан кўрсинки, аёл сумкасини билагига илганча ўйчан турибди. Қурбонни кўриб, эшитилар-эшитилмас паст товушда салом берди. Чеҳраси қизаргандай бўлди. Қурбон ҳам алик олди. Ўзи ичкарига кирса, аёл тағин тортиниб кириши даргумон. Ўз ҳолига қўйса, эриётган қор сувидан тургулик жойнинг ўзи йўқ.
Қурбон беихтиёр севиниб кетди. Худди кўҳна қадрдонлардек унга яқин бораётганидан ўзи ҳам ҳайрон бўлди. Аёл ҳам ўзини жуда бегона тутмаётгандек туюлди эркакка.
— Ассалом-алайкум, — деди аёл кўзини ерга олиб.
— Валайкум… сиз кеча кўринмадингиз?
— …
— Мен ўйлабман, сизни бошпанаси…— Қурбон тутилиб қолди. Аёлнинг унга адл боққан нигоҳлари унинг сўзини бўлиб қўйди. Шу топда кап-катта эркак ва аёл бир-бирига бегона бўлган ёш болакайларга жудаям ўхшардилар. Балки, дунёдаги аёл ва эркак бир-бирлари олдида доимо ёш боладир, эҳтимол.
— Келинг, бизнинг дўконни бир кўринг, — Қурбон иложи борича ўзини эркин тутишга уриниб, ўзининг муваққат уйчасини дўкон, дея атади. Аёл унинг гапларидан, чеҳрасидаги тортинишдан эркакнинг кўнглида не гаплар ўтаётганини англагандек бўлди. Улар дўконга киришди.
Банданинг боши — Оллонинг тоши. Аёл қуёш тафтида эриётган қордек қобоқлари милдираб, чиройли лабларига тиш босиб ўз қисматини сўзлай бошлади. Ҳар замонда келиб кетувчи Қурбоннинг харидорлари унинг сўзларини бўлиб қўяр эди. Исми Наима экан. Ота-онадан икки фарзанд бўлиб, укаси Қурбон яшайдиган шаҳарчага кўчиб кетгач, бефарзандлиги боис алал-оқибат тоқ ўтаётган Наима бугунга келиб ёлғиз жигарининг уйига ҳам сиғмай қолибди. Укаси Бердиёр дурадгор уста бўлиб, кун бўйи ўз иши билан юради, кечқурунлари гоҳо маст бўлиб келади. Шунда ҳам хотини билан валақлашиб ўтираверади. Опасига кўҳна уйга қарагандек бепарво қарайди. Лекин шу баҳорда ўттиз иккига кирадиган, ўн йилки, ўз уйида яшаб, болаларига онадек меҳрибон бўлган бу муштипарининг кўнгли билан сира иши йўқ. Хуллас, Наима келиннинг қош-қовоғига қараб яшаш жонига теккач таваккал қилиб бозорга йўл олган. Укаси бунга ҳам ҳеч бир муносабатини билдирмаганки, аёлнинг юрагидан кетмайдигани ҳам шу бўлди. Бозорни ҳам укасининг шу ерда савдо қиладиган қўшнисининг ундови билан бошлаб юборди. Ургутдан келадиган ҳар хил қақир-қуқурларни қўшни аёлнинг растасида сотишига кўмаклашади. Қўшнининг айтишича, ҳали Наиманинг ўзига ҳам алоҳида жой олиб беради. Бугун еттинчи кунки, Наима савдога келяпти.
— Гўё илон чиққандек, зада бўлдим ўша уйдан, — аёл шундай деркан бегона эркакка дардини достон қилаётганини шу чоғда сезгандек, бирдан жимиб қолди. Қурбон ҳам буни ўз вақтида англади шекилли нигоҳини ундан узди.
* * *
Қурбон эрталаб Ғиёс акани излаб топди. Салом аликдан сўнг аста гап бошлади.
— Ғиёс ака, уйимиз синган биласиз. Шунга бир маслаҳатингиз… ёрдамингиз керак…
— Эй, Қурбонбой. Кўзим уч кунлик меҳмоннинг кўзидай бўлиб қиш бўйи оғзингни пойладим, миқ этмадинг. Аввал-кейин таниш бўлмасак, бозорда нима кўп, ота безори кўп. Ўзим бўлса ботинолмадим. Ҳа, мўлжал борми…
— Энди ака…
— Чайналманг, ука… эркак одамни тушунаман. Бирорта кўзбости қилганинг борми?
— Бор…
— Бўлди!
* * *
Баҳорнинг илк эпкинлари дов-дарахтдан то одамларнинг кўнглигача кириб кела бошлаганда Наимани Қурбоннинг уйига олиб келишди. Ғиёс аканинг машинасида Наиманинг укаси хотини билан бирга келдилар. Ҳарҳолда, аёли вафот этгач бегона аёлнинг остонага қадам босиши ғалати бўлди. Қурбон худди бозорга илк чиққан кунидагидек елка қисиб қолди. Қолаверса, бирови икки, бирови уч яшар фарзандларининг “Дадам янги ая олиб келди” деган беғубор шовқини Қурбоннинг кўнглини титратиб ўтди. Болаларга бу гапни уқтирган ҳам қўшни Ҳабиба хола бўлди. “Бошга тушганни кўз кўрар, ука. Болалар ҳали ёш. Уларга она керак”. Холанинг шундай дея Қурбоннинг хатти-ҳаракатини қувватлаб айтган сўзи ҳам эркакка далда бўлди.
Наима Қурбоннинг уйига келганидан сўнг бозорга чиқмади. Уйда, болалар билан андармон бўлиб вақтини хуш ўтказади.
Қурбон бозордан шомга яқин қайтаркан чироғи ёниб турган уйи деразасига яқинлаб тўхтади. Ичкаридан “ғунг-ғунг” товуш келар эди. “Собиржон, ўғил бола овқатни кўп-кўп емаса полвон бўлмайди. Ма, шуни е, сўнг ухлайсан. Ҳозир дадажон келади…”.
Қурбон беихтиёр елкасини деворга тираб суянди. Кўзига марҳум аёли кўрингандай, у ҳам унинг бу ишидан розидек туюлиб кетди. Кўнгли озиб ёноқлари жимирлаётганини ҳис қилди. “Ҳей, аёл. Аёлжон, бир пиёлани икки бўлиб, синиғида сув ичиб бўлмас экан. Сенсиз бут бўлмас эканман…”. Қурбон шу сўзларни ич-ичидан калимадек қайтараркан, унинг бу илтижоси кимга аталганини ўзи-да англаб етмасди. Кўзмунчоқдек икки гўдакни туғиб, бевақт кетган аёлигами ёки уйининг эмас, умидининг, кўнглининг чироғини ёқиб ўтирган манов муштипаргами — билиб бўлмас эди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 15-сон