Маҳаллада энг ўқимишли одам Мирҳобид. Ёлғони йўқ, бемалол ишонаверинг. Газета-журналсиз юрганини умрида биров кўрмаган. Ҳатто бузоқ суғорсаям бир қўлида пақир, бир қўлида газета.
Тунов куни Мирҳобид бир ўлимдан қолди. Мол-да, мол. Олдинга сув қўйгандан сўнг хўриллатиб ичавер, эгангнинг қўлидаги газета билан нима ишинг бор. Қайсар новвос маърифатни билармиди. Мирҳобид «ма, ич» деб, сув тутиб, газетага кўз югуртирса, моли қурғур қоғозни ямламоқчи бўлган. Бундан аччиқланган Мирҳобил газета билан наввоснинг тумшуғига бир туширди. Ҳай-ҳай-ҳай! Новвос чатоқ экан. Гўё нега урасан, дегандай ташланиб қолди. Бир сузувди, ўнг шохи пақирнинг балдоғига, чап шохи Мирҳобиднинг этагига илинди. Хайрият-э, туф-туф! Кўйлакдан айрилсаям омон қолди. Маънавият пирлари қўллади, шекилли.
Бурноғи куни Мирҳобид нархи туширилган журнал харид қилди. Бисотида иккита эчкиям бор. Эрталаб бир қўлида таёқ, бир қўлига журнал олволди. Кўчага чиққач марза четига қўниб, журнал ўқиган бўлди. Кўзи эса ўтган-кетган одамларда. Йўловчилар у билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашар, айримлари қочирим ила «муллакам янги нарса ўқияптилар-ку, оламда нима гаплар?» деб қўйишарди. Мирҳобид шу сонияда терисига сиғмай кетган, ўзини ўқимишли санашларидан оғзининг таноби қочганди.
Мирҳобиднинг билағонлиги тутиб гап бошлай турувди, атроф ола-тасир бўлиб кетди. Эчкилар уй томон тарақайлаб қочди. Бир бўлак сопол парчаси Мирҳобиднинг чаккасига қақшатиб тегди. Қаҳрамонимиз бошини чангаллаганча икки букилиб қолди. Билсак эчкилар, атрофида дов-дарахт баргини митқилаб бўлгач, қўшни деразадаги гулга ҳужум бошлабди. Гултуваклар ағанаб синиб, атрофни қий-чув босибди. Ғазабланган қўшни аёл қўлига илинган нарсани олиб эчкига отибди.
Минг қилсаям Мирҳобид ўқимишли одам-да, боши ёрилсаям ғинг демади. Фақат қўшни аёлга қарата димоғида тўнғиллади:
— Билимсиз авом. Ўқишнинг белига тепди-я, қурғур.