Жамоада йиғилиш борарди. Аввал бошлиқ, кейин ўринбосарлар, сўнг бош ҳисобчи ва ҳоказо-ҳоказолар куйиб-пишиб сўзлашди. Нима ҳақда денг? Пул топиш керак. Даромаднинг чўғи паст.
Униси ундоқ деса, буниси бундоқ деди. Аммо ҳеч биридан жўяли гап чиқмади. Орага оғир сукунат чўкди. Ҳамма жим, хона дим. Одамлар тоқатсизлана бошлади. Оҳ қанийди, кимдир “Мажлис тамом!”, — деса-ю, ҳамма гурра ўзини эшикка урса.
Ҳо, нималар деяпсиз? Бошлиқ сиз айтгандай анойи эмас. Иссиқдан терлаб, ҳаллослаб ўтирганлар сув бўлиб оқиб кетмайдими. Арзи Мирзаевич барибир айтганини қилдирадиганлардан! Боринг-ей, Арзи Мирзаевич пулпараст одам демоқчисиз? Нима-нима? Қорни ун тиқилган қопдай тирсиллайди, дедингиз-а?!
Асло ундай деманг. Унинг баркашдай сип-силлиқ, лорсиллаган юзига, кенг-мўл бўйинбоғини кулчадай эгаллаб олган бақбақасига тил теккизманг. Ахир, унгаям қийин. Иш юришмаяпти. Ходимлар эртаю кеч минғирлашгани минғирлашган. Нега пичирлайсиз?… “Курсидан сирғалиб кетса…” Нафасингизни ел учирсин. Сизга ким айтди, унинг амал курсиси омонат деб.
Бошлиқ шашт билан ўрнидан турди-да, юзидаги терни артавериб, артавериб шалаббо қилиб юборган дастрўмолини алмаштириб, столга чунонам муштладики, пинакка кетганларнинг деярли барчаси чўчиб уйғонишди.
— Аҳвол чатоқ, даромаддан кўра буромад ошиб кетган, бунга энди тоқат қилиб бўлмайди, — деди у ўтирганларга алоҳида-алоҳида тикилар экан. — Қўшимча даромад топишимиз керак, акс ҳолда…
Ҳамма бирдан ҳушёр тортди.
— Акс ҳолда жиддий чоралар кўришимизга тўғри келади.
Арзи Мирзаевичнинг кўзи қоғозга алланималарни қоралаб ўтирган Довурбойга тушди.
— Қани, Довурбой, ўтган галги мажлисимизда “Пул топишни менга қўйиб беринг” деган сенмидинг? Қани гапир, пул топдингми?
— Арзи Мирзаевич! Топдим, топганда ҳам анча-мунча топдим, — деди Довурбой қўлидаги папкани титкилар экан.
— Мен сендан қоғоз эмас, пул топдингми, деб сўраяпман, галварс, — жаҳли чиқди бошлиқнинг.
— Гап бундай, Арзи Мирзаевич, — деди Довурбой юзига жиддий тус бериб. — Мен роса ўйладим. Ҳа, ишонаверинг. Ишхонани, ғалвир қивордим. Хуллас, бир қарорга келдим.
— Гапни чўзмай тезроқ гапирсангчи?! — тутақиб кетди бошлиқ. — Қани ўша пул?
Аччиғининг зўридан Арзи Мирзаевич бўғилиб, овози чиқмай қолди. Шунданми, бўйинбоғини ечиб, столга отди. Титроқ қўллари билан киссасидан сигарета олиб, бурқситиб тутатди. Креслога оғир чўкди-да, давом эт, дегандай Довурбойга имо қилди.
— Хўп, Сизга айтсам, — Довурбой бошлиқ томон энгашди, — гапнинг дангалидан бошлай. Энг аввал, ишдан ўзим кетаман. Нега дейсизми? Бекорчиликдан мудраб ўтириш жонимга тегди. Иннанкейин, сизга учта ўринбосарнинг нима ҳожати бор. Биттаси етади. Иккинчи котибангиз бор-ку, Гуля, уззукун қўғирчоқдай безаниб, писта чақиб ўтиради. Шуям ортиқча.
Бошлиқнинг ранги бўздай оқара бошлади. Довурбой бўлса, бунга эътибор бермай, сўзида давом этди.
— Арзи Мирзаевич, бир ўзингизга иккита хизмат машинаси кўплик қилади. Биттасини…
Шу жойга келганда Арзи Мирзаевичнинг сабри тугади. Ўрнидан даст турди-да, мажлисни ёпиқ деб эълон қилди.
Шу-шу кунда, кунора ўтказиладиган мажлислардан қутулдик. Довурбой бўлса, миш-мишларга қараганда, яна мажлисга тайёрланиб юрганмиш…