Абдулҳамид Исмоил. Аб Орт (ҳикоя)

АБ ОРТ
ё
СЕВГИЮ БАЙРАМ

Мен аям билан дадамнинг ёлғизу арзанда қизиман. Энам айтмиш: на иноғам, на эгачим бор. Ёлғизлигим ҳам майллария, раҳматли дадаму аям отимни на Ёдгору, на Умида, ҳатто на Севара, балки Севги деб қўйишган.
Ана ўша сўққабошлигим боис айтмоқчи бўлган гапларим ҳам тирик зот ҳақида эмас. Аямнинг хитой чиннисидан нозиккина қўғирчоғи бўларди. Чинни харирларга бурканиб ўтирган муштумдек Чин маликасининг бадани алоҳида, бармоқдек боши алоҳида эди. Ҳамон-ҳамон бу қўғирчоқни қўлимда тутиб, бошини баданидан айро кузатиб ўтиргандекман. Бояги ипак либосларининг рангоранглиги, уларнинг юз ҳийла ила бичилган бурмалар орасидан оққуш бошидек ялангланган қўлу, ундаги товус думидек елпиғич. Бошини айтмайсизми бу қўғирчоқнинг: кўз илғар-илғамас оғизчанинг қип-қизил нуқтаси, чакки томчисининг учидек қирра бурунчаси, икки сузук қийғоч кўз, шафтоли тукидек киприклар, чамбар соч тепасида эса олманинг данагичалик бир боғлиқ тутам… Мен бу митти қўғирчоқнинг инжу хати-холига соатлаб термулиб ўтирардим.
Устига устак айро бошининг хипча бўйнидан игначалик ўқ ўтқазилган бўлиб, бошни бадан устига қўйганингизда бош анави ўқча устида чайқалиб турарди. Бармоғингми, хонадаги елвизакми, бошнинг ўз оғирлигими баҳона – қилт этдими, Чин маликаси алламаҳалгача ўтирган еридан бошини чайқаганича сен томон боқиб ўз таажжубими, таассуфини изҳор этарди. Мана шу қўғирчоқ ҳақида сўзламоқчиман.

1

Қайдам, касалванд қизча бўлган эканманми, болалигимни эсласам нуқул ёлғиз уйда ёлғиз ўзим резанда бўлиб кўрпага бурканганимча ўз каравотчамда ётганимни кўраман. Каравотча ёнидаги деворга ипаксимон гиламча қоқилган, унда бир кийик бошини қимирлатмасдан менга қараб туради. Мен бу кийикнинг шохларини гоҳ дарахтга айлантириб боқаман, гоҳ нақшга ўгираман, гоҳида бошқа ўйинчоқларим учун арчага эврийман, ёввош кийик қимир этмасдан бузоқ кўзларини менга тикканича буларнинг барисига чидайверади.
Бошқа кунлари эса оқ чойшабимга пенницилиндан бўшаган бир ҳовуч шишачалар сочилади. Буларнинг ярмини – қалпоқчалари тагига икки тилим қоғоз қистириб, матросларга айлантираман, ярмининг қалпоқчалари остига пахта тиқиб – уларнинг дугоналарига. Ана энди буларнинг бир бири билан хавоий валсу, шақир-шуқур фокстротга тушганини кўрсангиз…
Бир кун эса байрам куни ўзимдану, ўз ўйинларимдан зерикиб кетибман чоғи, уч эшикли шифонеримиздан ўзимнинг сап-сариқ хитой кўйлагимни олиб ясандим-да – эшиклар устимдан қулфланган эмасми, деразамизнинг дарчасидан бир амаллаб кўчага ошиб тушдиму – байрамга қўшилдим. Аямнинг узоқроқ эгачиларидан бири Байрам отли опача мени кўриб қолиб: “Вой, қоқиндиқ, тек ўзинг бу ерда нима қиб юрипсан?” – дея, қайта уйимизга элтса бўладими. Эшикларимиз, айтганимдек, қулф. Хайриятки, тиниб-тинчимас Байрам-опача мени аямнинг қўлига эмас, дадамнинг ишхонасига етаклаб борди. Дадам ҳам менинг келганимга эмас, кўпроқ Байрам билан ҳиринг-ҳиринг қилгани ҳали-ҳали эсимда.
– Байрам келибдию кўчамизга, чинакам Байрам…
Мана шу тек ёлғизлигим айниқса аямнинг ўлимидан  аввалроқ янада яққоллашди, яланглади. Ўша пайт аям дадамдан аразлаб, биз икковимиз ўз шаҳарчамизда ижарага кўчган жойимиз. Аям одатда бирорта сирини бой бермасди, барини ичида ютарди, бу сафар эса икковимиз тахта пол устига тўшалган иккита кўрпага ўралиб ётарканмиз:
– Сен, қиз, ука ё сингилли бўлишни истармидинг?  – деб сўраб қолди. Тўсатдан жавоб бериш ўрнига мен аямнинг яноқларини сийпалай бошлабман. Аямнинг кўзидан дув этиб сўлғин бетларига бир қатор ёш оқса бўладими. Пут томонимиздаги токчада бояги чинни қўғирчоқ бошини чайқаганича бизга зимдан тикилиб ўтирарди…
Бирор ҳафтадан кейин типпа-тирик юриб турган аям бир кунда касалхонага тушиб оламдан ўтди…

2

Дадам ўшанда ича бошлаган пайт, маст-абгор ҳолатда бизнинг ижара хонамизга келиб гоҳ аям, гоҳ менга эланар, булар иш бермагач, жанжал кўтариб бизни қувларди, биз эсак уй эгасиникида беркиниб қутулардик. Шундай кунларнинг биридан кейин ижара хонамиздан анави чинни малика йўқолди. Аввалига аям мендан кўриб, тоза койиди:
– Сен, қиз, яхши чиқмадинг, чиннини ё бўйнини узгансан, ё ўртоғларингга элтгансан!
Менинг миқ-миқ йиғлайверганимни кўриб:
– Майли, бўлари бўпти. Анави йигит ўлгур хотинбоз бола олгандир-да! – дея мени тинч қўйди.
“Хотинбоз бола” дегани – дадам бўлиб чиқди. Аямни гўристонга қўйиб келганимизга бир ҳафта бўлар-бўлмас дадам қўлимга уч сўм тутқазиб, дўконга ароқ олиб келгани жўнатди-да, мен қўлимда жўнгина бир шиша ароқ билан қайтиб келгач, дастурхонга уч бурда қотган патир, маскаёғ, бир ҳовуч оққанд ташладию:
– Сенам ўтир! – деб буюрди.
Мен дадам ўнгига ўтирдим.
– Нонингни е, қара, рангинг ўсириқ рангига ўхшаб кетипти! Томоққи тузукроқ есанг бўмайдими! – деб бироз насиҳат қилгандек бўлдию, ўзи пиёлани ароққа лиммо-лим тўлатиб, газакисиз симирди.
– Сен менга қарама, мови пиёладек кўнглим тўлиб кетган, – деб яна бир пиёлани бир тишлам қотган патир билан бўшатди. Кейин бирданига узункиприк кўзларини юмиб ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади. Мен аввалига жуда қўрқиб кетдим. Ўпкамни ҳеч босолмадим. Дадам эса:
– Мен, ҳароми, барига бенавотман, қизим. Ўнаши куни анави касофат Байрамми туғилган куни экан, аянгни искати чинниси бормасмиди, мен ашинисини олиб, қанжиқ Байрамга элтиб берипман… Аянгни балнийсага эрчитишши ўрнига у дардисарникида қопман… Вой дод! Вой дод! Аянг ўлмасдан мен ўлсам бўмасмиди! Дод!
Дадам ўшанда маст-аласт ҳолатда гўристонга бориб, аямнинг гўрида ястаниб ётган. Қанча уни уйга чорламай, тўнғиздек ётволиб, мени уйга ҳайдаган…
– Мен, йигит ўлгур, ўғриман, мен қўш-қўш қотилман, сен, қиз, менга ўралашма, кет! – деб кетимдан кесак отган…

3

Аям ўлганидан кейин мен энам билан қолдим. Дадам эса анави Байрамини никоҳсиз хотин қилиб олди. Буларнинг ҳаёти ҳам ёлчимади. Бир йилга бормай дадамнинг қонида қанди кўтарилиб, жон бердию, мен тўлиқ етим бўлиб қолдим.
Ана ўшанда учу-эттиси эмасу, қирқими, ярим йили баҳона, энам икковимиз Байрам-опачаникига борганимизда, Дедиёю, Қиссасул анбиёлар кечасидан сўнг отинчалару-хотинчалар тарқалгач, Байрам мени айвондан ичкари хонасига етаклади-да:
– Сен қизга айтадиган гапим бор, – деди. Мени нимшаб хонада тўрдаги духоба кўрпачага ўтқизиб:
– Даданг яхши боламасти, – деб бошлади. Мен нима дейишимни билмай атрофга алангладим. Хона қоронғу бўлишига қарамай ўнгимдаги токчада чинни пиёлалар дастаси орасида анави хитой маликасини кўрдим. У бошини бу сафар хуфёна лиқиллатиб ўтирарди.
– Гўри нурга тўлгур аянгни дўхтирга элтадиган куни меникига келип қопкетган-та, биласанми, қиз? Нас бола экан ўзи. Ўша ой менинг ҳайзим кемай қоган-та, даданг минан бозордаги рестаранда учрашиб унга айтсам, тоштек қотип қолди. Кейин нима дейди дегин: мен ҳомила олдиртирадиғон жойди биламан, сени ўнаши ерга элтай, – дейди, ўлип ўлгур! Хотиним энди эла олдиртирган, – дейди, хунаса…
Ўшанда мен бу гапларга қулоқ тутиш эмас, нуқул анави чинни қўғирчоқни ўғирлаш пайида бўлдим. Ўз-ўзимдан уяламан: ўл, Севги, – дейман, – сен ҳам отангдек ўғри бўпсан, – дейман. Ўлиптими, мови қўғирчоқ аямми маҳрию, – деб ўзимга яна далда бераман. Жодугар Байрамнинг кўзлари ёмон бўлиб эплолмадим. Болишга суянгандек чўзилдим, сурат томоша қилгандек чўккаладим, ҳаддим барибир етмади. Чинни маликам ҳам – йўқ дегандек – бошини чайқаб тураверди…

4

Қизилюз Байрам-опачам ҳам юриб туриб ўлди. Отам баҳона – уни ҳам энам кўмди. Учи бўлди, еттиси бўлди, қирқи бўлди – орада бояги чинни қўғирчоқ токчадан йўқолди. Энамдан сўрасам:
– Сен, қиз, тилинг бўйингдек ўсмай ўлсин, бор, ташқарини шипир ҳар матоҳга мерос чиқмастан! – дея мен билан элашиб ўтиргани йўқ.
Ой ўтди, йил ўтди, мен қистайвердим.
– Сен мўйнингни ғоздай чўзиб устимга девалаб келаверма, қиз! – деб, энам сир бой бермади. Бир кун оғриб қолиб энам ўзи мени тўшагига чақирди-да, гилам тагидан сандиқ калитини чиқариб:
– Сен, қиз, катта бўп қолдинг. Энангни лаҳатка элтадиган пайтинг етти. Сенга тугуп қўйган бир бўҳча гапим бор, – дея, сандиғини очишни буюрди. Сандиқ очилмай туриб, билагимдан тутди-да:
– Сенга айтмай юргандим, юрагим ёрилай деяпти. Аянг ўлганида қорнида боласи бор экан… Норасида кеттия, шўрлик…
Мен нима дейишимни билмасдан, кўзим ёшга намиқиб, соқов бўлиб ўтирганимда, энам сандиғини очди-да:
– Мана, ўлимлигимам бир, сенинг сарполарингам шунда, – деди.
Сандиқнинг энг тагида сарполарим орасида боши қимир этмасдан шипга қараб ва негадир энамнинг ўзига менгзаб анави хитой маликаси ётарди…

5

Энамсиз бу дунёда шипшийдам бир ўзим қолдим. Қўни-қўшни, маҳалла-кўй бўлиб учиниям, еттисинию қирқиниям пийсабилло қилдик. Қаровсиз уйда энамнинг ўлимликлариям, менинг сарполарим ҳам  тарқаб битди. Ёлғиз аввалдан анави чинни қўғирчоқни рўмолимга ўраб, шипимиздаги тўсинлардан бирининг кетига беркитиб қўйдим. Маракалар битиб тек бошимга қолган куним яна резанда бўлибманми, шип остидан рўмолимга ўралган чинни қўғирчоқни олдим-да, кўрпачага ястаниб узоқ-узоқ болалигимдаги ҳис билан уни кўздан кечира бошладим. Чинни харирларга бурканиб ўтирган муштумдек Чин маликасининг бадани алоҳида, бармоқдек боши алоҳида. Ҳали-ҳали бу қўғирчоқни қўлимда тутиб, бошини баданидан айро кузатиб ўтиргандекман. Бояги ипак либосларининг рангоранглиги, уларнинг юз ҳийла ила бичилган бурмалар орасидан оққуш бошидек ялангланган қўлу, ундаги товус думидек елпиғич. Бошини айтмайсизми бу қўғирчоқнинг: кўз илғар-илғамас оғизчанинг қип-қизил нуқтаси, чакки томчисининг
учидек қирра бурунчаси, икки сузук қийғоч кўз, шафтоли тукидек киприклар, чамбар соч тепасида эса олманинг данагичалик бир боғлиқ тутам…
Бу хаёллар орасида қарасам иситмам кўтариляпти. Маликанинг пешонасига бармоғимни боссам – у ҳам иссиқ.
– Аямми ўлдирган сенмисан? – деб сўрадим шунда тўсатдан. У йўқ дейди.
– Дадамми ўлдирдингми? – десам, яна йўқ дейди. Бошини сийпалаб қўйдим.
– Байрам-қанжиққи ўлдиргандирсан? – десам ҳам  – бош чайқайди.
– Энамми-чи? – деб сўрасам, йўқ деяверади.
– Аямми қорнидаги иниммию сийнимми ўлдирган сенмисан? – десам, миқ этмай тош қотади.
– Тўхта, – дедим, – сен барини мендек билгансан, фақат ичингга ютгансан, шундайми?! – деб терговласам, у оғзига талқон солгандек жим.
– Билдим, – дедим ўшанда мен, – сен, қиз, мени бир умр алдагансан. Эндиям алдаяпсан… Сен умрингда рост гапирмагансан! Туф сенга!
У эса бошини ёндан ёнга чайқайди.
Шошиб қолдим шунда. Бу нима дегани: рост гапирмаганини инкор қилишими ё кўнишими?! Қарасам – мен билан ўчакишяпти бу тилуқмас маҳлуқ. Бор аламларим қўзғалди ўшанда ичимда. Янчаман сени! – дедим-да, бўйнини узиб, энамнинг ҳовончасига алоҳида бошини, алоҳида баданини ташладим.
Янчдим уни, янчдим! Аввалига ингради, сингради, янчавердим! Талқон қилдим, майда-майда қум қилдим. Қора терга ботдим, барибир қўймадим, ўсириқ рангидаги кукунга айлантирдим, кейин офтобада сув қайнатдим-да, кукунини чойнакка дамладим. Кукун қумдек сув билан аралашмади, ёлғиз мен уни аралаштиравериб, тузми, шакарми, заҳарми – дадам ароқ ичганидек ичдим, ичдим, ичдим. Қорним шишди, ичакларим оғирлашди, ўлардек тер босди. Қум босди… Ичим битди… Ўл, Севги, сенам ўлдинг, – дедим ўзимга ўзим.
Эртасига кўзимни очсам, аям ўлган балнисада ётибман. Қорнимни ёришибди. Кўричак бўлибман. Йўқ, дейман ташландиқ ҳомиладек ўзимга ўзим, ва бошимни ёндан ёнга чайқайман, – ҳомила ташладим, ҳомила…