Абдулатиф Абдуллаев. Қўнғиз бекача (ҳикоя)

Оғилда маъраётган қўйларнинг овозини ўчирмасдан туриб оқшомги мултьфилмни кўриш йўқ. Бунга ака изн бермайди. Бир икки марта қилинган қайсарлик юзида «шовла» қайнаши билан якун топган. Шунинг учун бола кенг ҳовли адоғидаги бедапояда ошиғич йўнғичқа ўради. Ҳатто шошганидан чап оёғининг бош бармоғига ўроқнинг учини санчиб олади. Лекин бунга парво қилмайди. Ўтни этакка йиғиб энди кўтармоқчи бўлганида намланавериб увадаси чиққан боғич узилиб кетади. Боланинг хуноби ошади. Боғични улай туриб ўзича сўкинади. Шу дам қўлига қўниб, қанотларини қуритишга шайланаётган ялтироқ қўнғизчага кўзи тушади. Бола тек қотади. Зумда хаёлига энаси бот-бот айтиб берадиган қўнғиз бекача ҳақидаги эртак келади. Қўлида нажот истаб турган мана шу ҳашоротнинг айнан ўша эртакдаги тўйга етолмай, ариқдан чиқолмай лойга ботиб ўлиб қолган қўнғиз эканига астойдил ишонади.
— Вой бечорагина, — дейди қўллари титраб қўнғизни қуруқ кесак устига қўяр экан. — Тўйга бораман деб адашиб қолдингми, укаларинг ҳам оч қолиб кутиб ўтиргандир-а? Бора қол, уч энди, учсанг-чи?
Аммо қўнғиз шошилмайди. Гўё, у қишлоқ болалари айтадиган «тоққа бор, тошга бор..» қўшиғига ўрганиб қолгану шу қўшиқни маҳтал кутаётгандай… Бола билганича қўшиқ айта бошлайди:

Тоққа боор, тошга бор,
Отанг тоғдан тушииб кетди.
Онанг осмонга учииб кетди.
Боланг сувга оқииб кетди.
Ҳоййо-ҳуйт, Ҳоййо-ҳуйт…

Бола хиргойини икки уч қайтарганда учишга шай бўлган ҳашорот ҳавога кўтарилиб, оқшом қўйнига сингийди. Бундан унинг кўнгли чароғон бўлиб кетади. Наздида у эшитадиган ўша маталнинг мунгли жойлари энди айтилмайдиган, энаси ҳам бундан беҳад шодланадигандай бедани ҳам унутиб уйга қараб чопади. Аммо тандир айвон ортида ғазаб билан келаётган акасига дуч келади.
— Мен сенга нима иш буюрувдим? — дағдаға қилади ака ва бола сезадики, энди ё тепки ё шапалоқ билан «сийланади». — Сендан сўраяпман?!
— Ў-ўтни ўриб қўйганман, — қалтирайди у.
— Энанг кўтариб келадими бўлмаса, а, нима қилиб ҳаккаллаб юрибсан оп кемай, уйинг куйгур. Мана сенга…
— Ваайй, — боланинг юзи лов-лов ёнади. Йиғлай туриб бедапояга югуради. Акаси эшитмайдиган қилиб роса сўкинади. Ҳали отаси келганда айтиб беришни-да дилига тугаркан, оғиргина ўтни инқиллаганча орқалаб оғилга йўл олади.

* * *

Кайфиятсиз ҳолда телевизор қаршисида ўтирганида кичик акаси кириб келади. Унга қараб ҳиринглай бошлайди:
— Ҳа укагинам, юзингизга қалампир сурдингизми, их-хиих-хи. Ўзиям зўридан едингизда, а? Менинг айтганимни қилмагандан кейин шу-да.
— Эй, бор-ей.
Бу акаси ўзидан етти ёш катта бўлса-да, бола ундан қўрқмайди. Буйруқларини ҳам ҳушига келса ё алдансагина бажаради. Кўпинча бир сўм ярим сўм пулга учиб акасининг қайсидир ишига чираниб кўмаклашади-ю, охирида алданганини, пулни ололмаслигини билганида аламидан бақириб, қўлида таёқ ёки тош билан уни қувиб юради. Ҳали мактабга бормаса-да бир сўмликни яхши танийди. Қолганларини эса катта пул деб атайди. Ҳоов бир сафар ҳам мана шу акаси уни яхши гаплар билан чақирди.
— Бошимга сув қуйиб тур, укажон!
— Ўзинг қуйиб олавер, — деди у ҳар доимгидай.
Аммо акаси айёрона кулиб бир сўмликни кўрсатгач, иккиланиб қолди.
— Бермайсан-да.
— Хоҳласанг ҳозироқ олиб қўйишинг мумкин.
Бола пулни чўнтакка урди-ю, хотиржам бўлиб хизматга киришди. Иш поёнига етгач, акасининг «меҳри ийиб» уни қучоқлади:
— Раҳмат сенга укажон…
— Хўўп… — ёйилди у. Айни дамда акаси уни яхши кўришидан ғурурланди. Аммо шу тобда акасининг ўзини кулгидан зўрға тийиб турганини кўриб юраги увишди. Чўнтакда бояги пул йўқ. Энди уни яна қўлга киритиш учун бир икки соат таёқ кўтариб овора югуриш керак. Хуллас, кичик ака у билан шу зайл ўйинлар қиларди…
Бола ўша дамларда икки акаси ҳам уни қаттиқ яхши кўришини билмасди. Акалар ўзича уни пишитмоқчи бўларди. Чунки у табиатан жуда содда ва ишонувчан, хаёлпараст эди. Бола отасининг ишдан эртароқ қайтишини интизор кутар, унгача онаси уни ҳимоялаб, акаларига тез-тез дакки бериб турарди.

* * *

Овқатлангандан сўнг — эҳтимол акалари ухлашга кетганидан зериккани учундир — у қандайдир бўшлиқни ҳис этар, энасини қистовга олиб, унинг айтилавериб «қоқи» бўлиб кетган ярим-ёрти маталларини қайта тингларди.
— «Бир бор экан, бир йўқ экан,» — дея боласининг бошини силаганча маҳзун ҳикоясини бошларди онаси. — «Яқин ўтган замонда бизнинг қишлоқ томонда, бир капанинг ичида қўнғиз бекача ва унинг укалари яшар экан… Укалари ҳар куни «қорнимиз очди, бизга нон топиб бер, бизга сув олиб кел, ота-онамиз қаерга кетган?», дея сўрайвериб, қўнғиз бекачани йиғлатиб қўяр экан. У эса ҳали укалари кичкина бўлгани учун осмонга учиб кетган она қўнғиз ва бедарак йўқолган ота қўнғиз ҳақида нима дейишни билмас экан. Бир куни у ташвишлардан безор бўлиб, мен ҳам бир чигил ёзиб келай, деб янги қанотларини тақиб, бир тоғора пишириқ пишириб, узоқ бир қариндошиникига тўйга отланибди. Тўйга етай деганда йўлда бадбашара сассиқ қўнғизга тўқнашиб кетиб ботқоққа қулабди… Тўйхонадагиларни ҳарчанд ёрдамга чақирмасин, ҳеч ким унинг додини эшитмабди…»
Матал шу жойига келганда онаси маюс тортиб қолади. Баъзи пайтларда кўз ёши ҳам қилади. Бола ҳам ғамгин тортади ва бетоқат ўрнидан туриб ўтиради. Кўзларини деразадан ташқарига тикиб:
— Йўлдан катта одамлар ҳам ўтиб қолмабдими?! — деб сўрайди.
— Йўўққ…
— Ўшанда, кундузи бўлганда ўзим бориб уни қутқарардим.
— Бўйингдан ўргилай! — онаси уни қучоқлаб ўпади. Боланинг юзи намланади… У эса қоронғуликка тикилганча қотиб тураверади.
Гарчи эртакнинг ҳеч бир ерида қўнғиз бекачанинг қоронғуда йўлга чиққани айтилмаган бўлса-да, бола бу ҳодисани тунда содир бўлган деб ўйлайди. «Ахир қоронғу бўлмаса ўша қўнғизлар тўқнашиб кетармиди. Қолаверса, акамлар ҳам кўпинча қоронғу бўлганда тўйга кетишади. Эртасига ўртоқлари билан кимнидир лойга белаб ургани, кимдир ариққа тушиб кетгани ҳақида бир-бирига гал бермай гапиришади-ку», деб ўйини тасдиқларди у. Унинг бу «иложсиз»лиги энасининг бағрини эзади.
— Бўлди, ухла энди.
— Кейин нима бўпти? — давомини билса-да илинж билан сўрайди бола. Чунки ўтган сафар қўнғиз бекача ботқоқнинг четроғига чиқиб олганда ўлиб қолган эди. Зора бу сафар яна озгина ҳаракат қилиб, ўлмай қутулса…
— Кейин ўлибди! — зарда қилади энаси. — Бўлди, ухла деяпман сенга. Ҳадеб савол бераверасанми отангга ўхшаб…
Бола онасига тушунолмай ҳайратланади. «Нега бирданига жаҳл қилиб қолди. Майли, ёта қолай».
У бошини кўрпанинг ичига тиқиши билан онаси айвонга чиқиб кетади. Йиғи эшитилади. Бола онасини ҳафа қилиб қўйганидан афсусланади. Лекин қайси гапи учунлигини тополмай қийналади. Мужмал бир кайфиятда ухлаб қолади. Туши аралаш отаси келгани, унинг юзидан ўпгани, сўнг онаси билан гаплашиб ўтириб қаттиқ-қаттиқ гапиришганини элас-элас эслайди. Ҳатто отаси кўксига муштлаб йиғлаб юборгандай, онаси рўмолининг учини тишлаб ер чизиб ўтиргандай туюлади… Аммо уйқу зўрлик қилади. Кўзи чарақлаб очилганда қуёш аллақачон найза бўйи кўтарилган, отаси ишга кетган, акалари яна «устозлик мақоми»ни эгаллаётган бўлади.

* * *

Бола нонуштадан кейин қўйларини боқиб жўнарди. Дала унинг учун озодлик майдонидай бир гап. У ерда ҳатто ўзини амирлардай ҳис этиш имкони бор. Тенгқўр жўралари билан қўйларни ҳам унутиб қайсидир шартли ўйинда ютганида — бу камдан кам ҳолларда юз берарди — тепаликдан ковлаб ясалган «тахт»га чиқиб ўтирар, болаларга буйруқ бериб олам-олам завқланарди. Аммо қайсидир экинга оралаб кетган ушоқ моллар сабабидан «шоҳ» бошчилигида барча «вазиру соқчи»лар қоровул ёки пудрат эгасидан қаттиқ танбеҳ эшитар, баъзан яғринларига қамчин ҳам тушиб қоларди. Унинг ортидан ейилган нон ва пиёз нақадар тотли туюларди унга. Оқшомги кайфиятни қўйларнинг биқин чуқурчалари тўлган-тўлмагани белгиларди. Чунки катта ака неча бор қўйларни қайтариб олдига солиб берган, алламаҳалгача қоронғуда қўрқиб-дилдираб ўтлатиш «планини тўлдириб» ўтирган пайтлари бисёр эди.
Шундай қилиб яна тун бошланар, эртак эшитиш вақти етганда онасининг кўзлари илиниб кетаётган бўлар, бундан маталнинг «шираси» қочишини англаш мумкин эди.
— Энаа, — дея қўлидан тортқилар эди болакай депсиниб. — Ҳеч бўлмаса «мусича»ни айтиб беринг.
— Бир бор экан, бир йўқ экан, — кўзларини очмасдан эртакни бошлаб юборарди онаси. — Бир мусича бўлган экан. Уни бир ҳолвачи ҳолва бераман, деб алдаб…
Бола хавотирланиб онасига қарайди. Йўқ, йиғламаяпти. Ухлаб қоляпти, холос. Онанинг боши эгилиб, вужуди чайқалиб кетади.
— Кейин-чи? — бақириброқ сўрайди бола.
Она мункиб уйғонади. Уйқуга тўймаган, қизариб кетган кўзлари атрофга олазарак боқади. Минғирлаб кимнидир қарғайди. Сўнг яна боши эгила бошлайди:
— Кейин у лойга ботиб қолибди… Додини ҳеч ким эшитмабди…
— Бу «қўнғиз»-ку! Менга «мусича»ни айтиб бераётган эдингиз.
— Бўлди, ухла энди.
Бола музқаймоққа тўймагандай лабини ялайди. Энди онасини уйғотиш мушкуллигини билади. Чунки бу тун отаси отарда қолади. Шунинг учун ҳам онаси тўйиб ухлаб олиш пайидан…

* * *

Кунларнинг бирида пешин маҳали иссиқ нон олиб кетиш учун уйга келган бола жанжал устидан чиқди. Умри бино бўлиб отасини бундай важоҳатли ҳолда кўрмаган эди. У айвонда онасининг сочларидан тортиб судрар, дуч келган жойига тепар, «ғаарр, ўлдираман!!!», дея бақирарди. Ҳатто болани кўриб ҳам ўзига келмаган отани югуриб чиққан қўшни йигит опичлаб ажратиб олди.
— Шунча вақт алдаб келдингми. Ўшанда, бўғзингга пичоқ тираганимда нега рост гапириб ўлиб кетмадинг? Ахир одамларга шунча вақт кулги бўлиб юрдимми-я, илмоқли гапларни ҳам англамапман-а, аййй! ­ отанинг фиғони аянчли эди.
Бола онасига йиғлаб ёпишди. Унинг мурғак қалби нима содир бўлаётганини англай олмасди. Онасининг лабидан қон сизар, юзлари шишиб, кўзлари қизариб кетган, бир қўлининг синган суяги терисини туртиб чиқиб турар, аммо у энди йиғламас, бир нуқтага тикилган, мунғайиб ўтирганча пичирларди:
— Укаларим бўлмаганда ўшандаёқ ўзимни ўлдирган, азобу таъналардан қутулган, руҳим ўша ёвуз ҳаромини ҳар тунда таъқиб қилаётган бўларди… Чанг солган қўлларини акашак қилиб, ўлса руҳим мозорининг устида ўйнаётган бўларди…
Бола йиғлашдан тўхтади. Миясининг миллионлаб ҳужайралари аро бир совуқ шамол эсди. Титрай бошлади. Кўз олдидан онасининг ёшликда тушган, сулувлик балқиб турган сурати, кичкина бола кўринишидаги тоғалари, сўнг… бадбашара қўнғиз қиёфасидаги қандайдир маҳлуқ, ҳамон ер тирнаб, ариққа юмалаб ўкраб ётган отаси ўтди. Яна энди далада ҳеч қачон «шоҳ»лик қила олмаслигини ҳам ўйлади… Жимир, жимир, жимир… Энасининг чинқириб юборганини элас-элас эшитди…
Эртасига қўйлар қўтондан чиқмади…

2010