Абдулатиф Абдуллаев. Овуллик (ҳикоя)

Баҳор осмони. На қуёшда ва на булутда тутуриқ бор. Бир қарашда улар нарса талашаётган болакайларга ўхшаб кетади. Барибир булут устунлик қилиб, кўкни қамраб олди. Момақалдироқ қаттиқ гумбурлаб, университет биносининг дераза ойналарини зириллатди. Шундай жала ёғдики, бешинчи қаватдаги файедан ташқарига термулиб хаёл сураётган йигитнинг дилига қўрқув инди. Аллақачон дарс бошланиб кетганини эслаб аудиторияга югурди…
Курсдош қизларининг кўзи билан қараганда унчалик кўримли бўлмаган, улар таъбири билан айтганда “қандайдир овулдан келган”, аслида бизнинг қўшни Ёрғунчи қишлоғидан, ўзининг Сарой уруғидан экани билан ўзгача фахр туйиб юрадиган бу дурдоқ дудоқли, қисиқкўз, қораширғай йигитнинг исми Талхат эди. Танишганимизда исмининг маъноси ҳақида сўраган, у елка қисиб қўя қолган, ўзимча бу Талъат исмининг бузиб ёзилган шакли бўлса керак, деган хулосага келгандим.
Унинг ўқишга кириш тарихи ҳам қизиқ бўлган. Буни ўзининг оғзидан бир эшитсангиз эди. Жайдари шевада, онда-сонда тупук сачратиб шундай ҳаяжон билан гапирадики: “Ошналарим минан келишиб қўйғандиқ. Лекин улар менга айтмай Ташкинтга кетиб қопти. Аламимдан жилаб жардим. Отамдан сўровдим, “пул жўқ”, деди. Пулди ўзим товаман, деб, табарди олдим-да, жинғилзорға кеттим. Томоғим қақрағанда “эй Худо, менам ўқишга кирай-да”, деб баклашкадаги сувдан ичиб-ичиб қўяман. Шуйтиб эки тилижка ўтин човиб соттим. Бир оқшом Ташкинтга жўнадим. Эрталаб кеб тушдик. Энди қаярга боришди билмайман. Бир аптовузға чиқиб кечгача жўриппан ўзиям…”
У амаллаб жўраларини топади. Лекин унга жой беришмайди. Бахтига бир кампирнинг юкини кўтаришиб бориб, уникига жойлашади. Немис тили йўналишига ҳужжат топшириш асносида бир ўқитувчи билан танишиб қолиб, ундан сабоқ ола бошлайди. Холис дуоси Худога етиб, биринчилардан бўлиб ўқишга киради. Энг қизиғи, ошналарининг биронтаси имтиҳонлардан ўтолмайди. Хуллас, шундай тўпори йигит эди Талхат деганлари.

* * *

Тенг-тўшлари “овуллик” деса негадир жаҳли чиқадиган бу йигитнинг Наргизани кўрганда анграйиб қолишидан пинҳона кулишаркан, бир тарафдан қиз ҳам унинг туйғулари билан ўйнашади. Киши билмас нимтабассуму турли ишвалар қилиб, умид учқунларини аланга олдиради. Баъзан дугоналари билан келишиб олиб, сирли жилмайганча унга тик қараб юриб келади-ю, ёнидан бир сўз демай ўтиб кетади. Йигитнинг эса бўлари бўлади. Бошидан товонига қадар қамраб олган титроқдан йиқилай дейди. Бирданига ўз-ўзига ярашмай кетаётганини ҳис қилиб, қизнинг кўнгли қолишидан қўрқиблар кетади. Балки шу сабабми, у адабий тилда сўзлашни-да тез ўзлаштирганди. Ҳамхоналари уни бир ой лақиллатиб, курсдошлари бир умрга кулиб эслаб юрадиган гап ҳам топила қолди. Соддалик қурсин, нима ҳам бўлиб, ботинида кечаётган тушуниксиз ҳаяжону энтикишлар ичига сиғмай кетди. Бир оқшом детектив китобга мукка тушган Ғанишер билан радио эшитаётган Равшанга бир-бир қараб олди:
–    Нима қилсам экан?! – деди дабдурустдан.
–    Нимани? – китобдан кўз узмай сўради Ғанишер.
–    Наргизани-да, – соддагина қилиб деди у.
Ғанишер ўқишдан тўхтади. Равшан радиопрёмнигини ўчирди. Иккиси кўз уриштириб олди. Равшан унинг елкасидан қўлини ошириб гап бошлади:
–    Бунинг чораси бор, дўстим. Уни бир ойда ўзингга оғдириб олсанг бўлади. Фақат бунинг учун бироз чиқим қилиш керак…
–    А, қандай қилиб?! – йигитнинг кўзлари порлади.
–     Бизнинг қишлоқда бир дами ўткир домла бор. Шунга пича пул билан энг қиммат шоколаддан бир килоча элтиб бериш керак. Шанба куни мен уйга кетаман. Шунгача тайёрлаб қўй, хўпми? Кейин шоколадни қизга едирсанг бўлди. Сени кўрса ёпишадиган бўлади.
Ғанишер хохолаб юбормаслик учун юзини бекитди. Лекин буни Талхат сезгани йўқ. У ҳозиргина Равшан айтган ҳолатни тасаввур қилиб, қизариб кетганди:
– Йўғ-ей, шарт эмас… Ўзи шандоғам уни кўрсам қўрқиб кетаман.
Улар баравар кулиб юборишди. Шундай қилиб, бироз пул жамғариш учун йигит дарсдан қолиб, яширинча мардикор ишлади. Айтилган вақтда пул ва шоколадга эга чиққан икки қитмир ҳамхона пивохўрлик қилишди. Шоколаддан Наргизага ҳам элтиб берган Равшан воқеани янада бўрттириб айтиб, қизни кулдирди. Наргиза кулишга кулди-ю, кейин жиддий ўйга толди. Равшан билан гапни қисқа қилиб, хонасига кириб кетди…
Бу ҳангома бутун курсга ёйилса-да, Талхат бехабар қолаверди. Ҳар сафар Равшан билан гаплашганида Наргизага умид билан, аммо пинҳона термулар, қиз ҳам энди ортиқча шўхлик қилмас, унга қандайдир ачиниш аралаш табассум билан қараб қўяр, бундан йигитнинг юраги қинига сиғмай кетарди. Дугоналари-ю уйидагилар эса Наргизадан ташвишда эди. Аслида унинг ўзи ҳам ботинида содир бўлаётган ҳолатга тушунолмаётганди. Ахир уни деб бир содда йигит ҳамма нарсага тайёр бўлса, бу унинг юз-кўзидан балқиб турса. Баъзан шундай самимий термуладики…
Университетни битирганларида Талхат юрак ютиб, Наргизанинг қўлини сўради. Қиз уни лолу ҳайрон қолдириб, розилик бераркан, ҳатто кулиб ҳам қўйди. Йигит ақлдан озай, деди. Гарчи Равшан ўзини боплаб лақиллатганини эшитган бўлса-да, бунга ишониб-ишонмаган, бу ҳақда гап очганида Равшан унга совуқ тикилиб: “Сени деб ўзимдан кечдим-ку…”, деб бақириб берган, у гапнинг маънисини англаб-англамаганди. Шунинг учун ҳам ҳозир Равшан ёнида бўлса, уни қучиб, раҳмат айтгиси келди. Равшан билан Наргизанинг негадир гаплашмай кетишганини ҳам ортиқ ўйламай қўйганди…

* * *

Наргизанинг ота-онаси қарши бўлгани учун тўйлари ширин хотираларга бой ўтмаса-да, яхши яшай бошлашди. Бир қанча вақт Наргиза гул-гул очилиб юрди. Талхат унинг ҳар қандай истагини ижобат қилишга уринар, аксарият ҳолларда уддаларди ҳам. Лекин ғалвири тешилган дунё экан. Фарзандли бўлиш улар учун орзуга айланиб бораверди. Шундай кунларнинг бирида Наргиза эрининг уйда йўқлигидан фойдаланиб, иккилана-иккилана шифокор қабулига борди. У ердан юзлари бир қадар мағруру қаҳрли тус олиб қайтди. Эри ишдан қайтганда улар илк бор гап талашиб қолди. Тўғрироғи, Наргиза ичини бўшатиб олди:
–    Насиҳат қилгунча ўзингизни бир текширтириб келинг, – деди эрига.
–    Нимаа? Сен… бориб келдингми?
–    Ҳа, соппа-соғ эканман, билсангиз… Қанчалар ўйландим-а?
Лекин Талхат кейинги гапларни эшитмади. Унинг юзлари янада қорайиб кетган, бир томони “мени нима қилиб қўйдинг?!”, дегандай ўзига важоҳат билан қараб турган хотинидан ранжиган, бошқа томондан шифокорга учраши-ю, эшитиши мумкин бўлган жавобдан ҳозирданоқ қайғуга ботганди: “Балки шунчаки даволаниш керакдир…”
Эртасига ишхонасига қўнғироқ қилиб қўйишни ҳам унутиб, шифохонага йўл олди. Гарчи ирим-сиримларга эътибор қилмаса-да, шу куни йўлини кесиб ўтган мушук дилига ваҳима солди. Бутун танаси оғирлашиб қолгандай, секин-секин юриб борди. Юраги безовта урар, ниманидир олдиндан сезгандай, дили хуфтон эди.
–    Болалигингизда тепки бўлганмисиз?
–    У қанақа касал?
–    Тепки-да, содда қилиб айтяпман-ку. Момолар калиш билан…
–    Ҳаа, бўлганман. Холам бўсағага ётқизиб, жағимга тепкан.
–    Аниқ бир нарса дейиш қийин.
–    Бу нима деганингиз, аниқроқ қилиб айтинг? – Талхатнинг ранги ўчди.
–    Балки мен адашаётгандирман… Сиз бошқа дўхтирга ҳам учрашинг.
Шифокорнинг гапига аввал тушунмади, сўнг эси оғди. Уни машина уриб кетишига сал қолди. Одамлар унга ажабланиб қарашарди. Тўсатдан жойида қотиб турди-да, таксига қўл кўтарди. Шу куни кечгача учта жойда ўзини текширтирди. Кечга бориб юзига қон югурди…
Уйига келганида ҳаяжонда эди. Кун бўйи туз тотмагани, қорни жуда очлиги эсига тушди. Аммо хотинининг егулик ҳам тайёрламай, ҳардамхаёл ўтирганини кўриб, бироз жаҳли чиқди.
–     Нима кераги бор, тўйдан олдин ноғора чалишнинг? – ўзини тутиб тура олмай ўшқириб юборди у. – Ахир кун бўйи қандай аҳволга тушганимни билмайсан-ку.
–     Нега менга бақирасиз. Аввал бир нарсани эплаб қўйинг-да, – хотини ҳам бобиллаб берди. – Сиз қаёқдан биласиз менинг кун бўйи қандай ҳолга тушиб, нималарни ўйлаганимни…
–    Хўшш, нимани ўйладинг? Гапирр!
Наргиза қизаринди. Жимиб қолди. Эрининг қорни очганда жаҳли тез чиқишини биларди. Шундай бўлса-да, унга аччиқ қилиб, ётоққа кириб кетди. Эрининг ошхонада бир нарсалар пиширгани, сўнг телевизорда нимадир кўраётганини илғади-ю, ухлаб қолди. Бу вақтда Талхат қайсидир шифокорнинг видеатасмага ёзилган даволаш дастурини берилиб томоша қилаётган эди…

* * *

Кунлар уларга гоҳ илимилиқ қувонч, гоҳ ғусса либосини кийдирар, Наргиза анча ўзгариб қолган, бўлар-бўлмасга шовқин солар, эрининг жимиб қолишидан ўзгача бир қониқиш туярди. Шундай кунларнинг бирида Талхат курсдоши Равшан билан учрашиб қолди. Емакхонадаги суҳбат асносида Равшанни ажаблантириб ароқ буюртма қилган Талхат аслида ҳам илк бор спиртли ичимлик ичаётганди. Тезда маст бўлиб қолди-ю, ичини кемириб ётган гапларни тўкиб солди:
–     Айй, ошна-а! – ҳиқичоқлаб гап бошлади у. – Бола бўмаяпти. Ушта дўхтирдан экитаси бўлади, деди. Лекин Наргиза ишонмай қўйди… Ахир мен унга билинтирмай даволандим. Сурпириз бўсин, девдим-да. Яна аввалгидай хурсанд бўп кетишини соғиндим-да. Ҳиққ.
–     Йўғ-ей… – Равшаннинг кўзлари ялтиради. У деярли ичмаётганди. – Умидсиз бўлма, дўстим. Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Хўш, Наргизанинг ўзи нима деяпти?…
–     Ээйй, ҳишнарса. Пақат қамалиб олиб йиғлайди…
–     Қани, яна биттадан олайлик-чи, сенинг соғлигинг учун…
–     Мен… биринчи марта… кўнглим айнаяпти, – Талхат қусиб юборди.
Уни иргана-иргана ювиб эпақага келтирган Равшан чўнтагини ковлаб қўл телефонини олди. Ундан “Наргиза” ёки “Уй” деб ёзилган рақамни қидирди. Аммо йирик ҳарфлар билан “ҲАЁТИМ” деб ёзилган рақамни топди. Ранги бир тус бўлди-ю, бироз титраб рақамни терди:
–    Алло, бу Наргизахонми?
–    Ҳа, Талхат ака, сизмисиз?
–    Йўқ, мен Равшанман. Курсдошингиз.
–    Равшан ака… Талхат акам ёнингиздами?
–    Ҳа, лекин ҳозир гаплашолмайди.
–    Вой шўрим, нима бўлди. Тезроқ айтсангиз-чи?!
–     Хавотирланманг. Маст бўп қолди. Манзилни айтсангиз…
Эрини бир аҳволда кўриб, тағин димоғига қўланса ҳид урилиб, ўзининг ҳам кўнгли айниб кетган Наргиза ювиниш хонасига югурди… Сўнг эрининг кийим-бошларини Равшан ёрдамида ечиб, ётоққа киргизди. Равшаннинг хаёли бузилиб, ҳансираб эрини судраётган Наргизанинг оппоқ бўйни аралаш сийналарига қараб олаётган бўлса-да, сабрли бўлишга аҳд қилди. Айни дамда унга раҳмат айтиб, кузатиб қўйган Наргизанинг димоғини талабаликларида ҳам Равшан сепиб юрадиган таниш атир иси қитиқлаб ўтган, уни, ҳов бир пайтларда бўлгани каби, ўзи учун ҳам тушуниксиз бир кайфият қамраб олаётган эди…

* * *

Наргизанинг ўша кундан бошлаб тез-тез кўнгли айнир, Талхатнинг қувончи ичига сиғмас, хотинининг кун сайин инжиқ бўлиб бораётганига ҳам кўз юмарди. Ҳаммаси Равшаннинг кейинги ташрифидан бошланди. Бу орада у Талхат билан яна аввалгидай яқин бўлиб олган, ҳатто тижорат фермасидан унга иш ва хизмат машинаси ҳам берган, бундан хурсанд бўлган Талхат дўстини яхшилаб бир меҳмон қилишга аҳд қилганди.
Дам олиш куни. Осмон тунд эди. Кечга бориб ёмғир томчилай бошлади. Меҳмон эрининг бошлиғи, яъни Равшан эканини эшитган Наргиза алланечук орзиқиш билан тайёргарлик кўрди. Деразадан ташқарига қараркан, “келмай қолса-я”, деб ўйлади… Ясатилган дастурхонни кўриб эрининг оғзи сувланди. Ичидан хотинига қойил қолиб, дўстини қаршилашга отланди. Даҳлизда димоғига бирам таниш, хотираларни уйғотувчи ифор илинди. Йил бўлган эди бу ҳидни туймаганига. Туфлисини ечди-ю, секин юриб ётоққа кирди. Наргиза ойна олдида ўтирганча ўзига оро берарди… Талхат қизаринди. Аммо сир бой бермади. Наргизанинг бўйнидан ўпмоқчи бўлиб энгашди. У эса танига илон теккандек сесканиб, афтини бужмайтирганча ўзидан нари сурди.
–    Боринг, меҳмон кутиб қолмасин…
–    Вой буу, намунча ноз-фироқ? Кутса кутар.
–    Фаросатиз йўғ-а. Ахир Равшан аканинг ортидан нон еяпсиз-ку…
Талхатнинг кайфияти бузилди. Хотинига илк марта шубҳаланиб қаради. Индамай ташқарилади. Меҳмон деганлари кўп қаватли уйнинг киришига келиб қолган экан. Бошлашиб иккинчи қаватга чиқишди. Эшикни очган Наргиза билинар-билинмас титрар, буни иккала эркак ҳам сезди. Иккисида икки хил ҳолат зуҳур этди. Буни бир-биридан яшириб, мулозаматга ўтишди.
–    Қани, ўртоқ бошлиқ, марҳамат қилсинлар.
–    Ўзларидан бўлсин.
–    Вой, нега ундай дейсиз, – Наргиза гапга аралашди. – Равшан Тошевич, десангиз-чи.
Ҳаммалари кулишган бўлди. Талхат хотинига зимдан ўқрайиб қўйди. Равшан ўтиришлари билан у бу тилакларни қўшиб дуо қилган бўлди. Наргиза ошхонадан ҳар келганида дастурхоннинг, таомларнинг таърифини келтириб мақтаб турди. Талхатнинг таъби хира бўлгани учун гаплари қовушавермади. Равшаннинг Наргизага суқланиб қараб қўйиши, Талхатни ароқдан қуйишга қисташи негадир унга шубҳали туюла бошлади.
Бир икки қўл ичишгач, Талхатнинг мияси қовоқари уясидай ғувиллай бошлади: “Наҳотки хотиним манави нусха билан пинҳона учрашиб юрган бўлса… Йўқ, йўқ! Бўлиши мумкин эмас. Нега бундай деб ўйлаяпман ўзи. Курсдош бўлгандан кейин ҳазил-ҳузул гаплар қилишади-да. Эя, ахир Наргиза менинг маҳрам хотиним-ку. Нима ҳаққи бор бунинг қичиқ гаплар қилишга. Наргизани нима жин урди. Ана, лабини ҳам бўяб чиқибди. Рўмоли қани? Сочини ҳам гажаклаб олибдими? Тағин бўлар-бўлмас гапларга хандон отиб кулишини-чи. Ўлдириб қўяман ҳозир уни. Балки анави…”.
– Ҳали шунақами?!..
Талхатнинг столни муштлашидан иккиси ҳам чўчиб тушди.
–    Яхшиси, мен кета қолай… – Равшан унга тез-тез қараб олаётганди.
–    Вой, Талхат ака, нега Равшан акамнинг олдида уялтирасиз?
–     Равшан акам?! Ҳе ўша меҳмонингниям… Билдингми?
–     Нима бало, маст бўлиб қолдингизми? Туринг бўлмаса, жойингизга…
–     Мени ухлатиб қўйиб… А, кейин-чи, деяпман?!! – у чойнакни олиб деворга урди. Ўрнидан чайқалиб туриб Равшанга қараб юра бошлади:
–     Балки ҳов ўшандаям… А, мени олиб келганингда…
–     Дўстим, Талхатжон, ўзингни қўлга ол. Ёмон хаёлга борма, – довдираб қолган Равшан уни аврамоқчи бўларди.
–     Йўқол уйимдан, чаён! – Талхат унга мушт туширди.
Равшан маст бўлмаганди. Йиқилмади-ю гандираклаб кетди. Кучи етмаслигини билди. Тезда кийимини олиб, эшикни ланг очди. Наргизанинг ортидан югурганига ҳам қарамай зиналарни жуфтлаб сакради. Уйга қайтиб кирган Наргизанинг кўзларига қон тўлгандай, лаблари гезариб кетганди. Шу тобда эрини янчиб ташлайдиган қудратли сўз қидирарди. Ниҳоят, ўтирган куйи унга чайқалиб, қандайдир илтижоли термулиб турган эрига нафрат билан бақириб юборди:
–     Тўпори, овуллик… Нафратланаман сендан. Сенга теккан кунимга минг лаънат. Нима кўрдим ўзи. Устига-устак ота-онамдан айрилдим. Севгимдан…
–     Нимаа?! Яна бир қайтар. Кимдан? Шумиди ҳали сенинг севганинг. Балки гумонанг ҳам ўшандандир…
Аммо Наргиза бу гапни кутмаганди. Телбага дўнди. Бир муддат гапиролмай қолди. Эрига шундай тикилдики, Талхатнинг шубҳалари чилпарчин бўлиб кетди. Сўнг жаҳл билан деди:
–    Кошки ўшандан…
–     Ўчир овозингни, бўлди, бўлди. Бас қилайлик энди. – Талхат энди тиз чўкди. Ялинганнамо термулганча тиззасида юриб кела бошлади. Наргизанинг оёғини қучмоқчи бўлди. Илкис тисарилмоқчи бўлган Наргизанинг тиззаси эрининг кўзи аралаш бурнига тегиб, қаттиқ оғритди. Лекин “оҳ” дейишга куч топмади. Кўзидан олов чиқиб кетган Талхат бурнидан қон томаётганини кўриб, ўзини йўқотди. Бир ҳамлада хотинини уриб йиқитди.
–     Ҳали сенми, ўшани деб мени тепадиган?!
Наргиза гапиришга улгурмади. Оғзини катта-катта очди, холос. Талхат унинг устига чиқиб олган, шундай бўғар эдики, кўзига гоҳ хотини, гоҳ Равшан бўлиб кўринаётган говда қимирламай қолганда ҳам бир муддат қўлини очолмади. Момақалдироқ балкон деразаларини зириллатарди…

2008