Абдужалол Тайпатов. Тазарру (қисса)

Ўқдек учиб бораётган мотоцикл йўл четидаги кўҳна дарахтнинг йўғон танасига зарб билан урилди. Мотор овози ўчди. «Тақ-қ» этган қаттиқ товуш тун оромини бузди.

Катта йўлнинг сўл томонидаги шийпон айвонида қурбақаларнинг қуриллашига жўр бўлиб хуррак отаётган кекса қаровул бир сесканиб, бошини кўтарди. Сўнг бир қўлида зўрға липпиллаётган фонус, бир қўлида узун калтакни маҳкам ушлаганича овоз келган томонга қараб юрди. Ариқ бўйидаги чинор ёнида нимадир дўппайиб кўринди. Фонусни баландроқ кўтариб, қорага яқинлашди. Мотоцикл экан, ёнбош ағдарилганча орқа ғилдираги айланиб ётибди. «Эҳ, бечора, эгаси қаердайкин?!» Чол хаёлига келган фикрдан ваҳимага тушиб, атрофни пайпаслай бошлади. Бирдан нимагадир суриниб кетди. Оёғи юмшоқ нарсага тегди. Энгашди. «Одам». Қалтирай бошлади. Ўзини сал босиб олгач, унинг кўкрагига қўлини қўйди. «Нафас оляпти!» Фонусни юзига тутди. Ёш йигит… Сочлари манглайини қоплаган. Бошини ушлаганди, қўли шилимшиқ, ёпишқоқ нарсадан ҳўл бўлди:«қон». Чол сесканди. Чинор ёнидаги ариқчадан қўлига ҳовучлаб сув олиб йигитнинг пешонасига сепди. У секин ингради. «Хайрият. Бечора кимнинг ули экан. Энди буни нима қилдим?». Машина овози қулоғига чалингандай бўлди. Атрофга нажот излаб олазарак боқди. Узоқдан қўш чироқ кўринди. У фонусни боши узра баланд кўтариб, йўлнинг ўртасига туриб олди. Машина чолнинг олдига келиб тўхтади. Ҳайдовчи чироқларни ўчирмай кабинадан бошини чиқарди:

– Ҳа-а, Ҳасан бува-а, бемаҳалда бундай…

Чол овоз эгасини таниди. «Бўлимнинг шопирига ўхшайди. Тўйчи кўсанинг кичиги. Бўлимни уйига ташлаб қайтяпти, чоғи ».

–Улим, бу ёққа туш, палакат… – Чолнинг товуши ҳирқираб чиқди.

* * *

Ёз туни. Бутун борлиқни сукунат ютиб юборгудек. Қишлоқ уйқуда. Лойсувоқ супада юлдузларга тикилиб ётган Ойсулувгина уйғоқ, бир қўли билан ёнидаги бешикни оҳиста ирғаяпти. Супанинг у четидаги ўрин эса бўш. Жувон эрини кутяпти. Ўн йилдирки, мана шу ҳол. Эри уйда пайтларда ҳеч маҳал уни кутмасдан ухлаб қолмаган. У киши бугун эрталаб Тошкентдан келди. Бир пиёла чой ичар-ичмас, ошна-оғайнилари бирин-кетин сўраб кела бошлашди. Бир пасда уй тўлиб кетди. Барибир, улар келишмаса-да, Муҳаммаднинг ўзи чиқиб борарди. Атиги икки-уч кунга қишлоққа келса-да, ошналаридан бўшамайди. Ҳали униси меҳмонга айтиб чиқади, ҳали буниси чойга таклиф қилади. Эри меҳмондорчиликлару гурунглардан тун ярмида ҳориб қайтиб, кўрпага кирганида Ойсулув гоҳо гина қилиб қўяди: «Сиз Тошкентдан ошналарингизни соғиниб келсангиз керак-да». Муҳаммад кулади: «Қўявер, хотин, Тошкентда ҳам оғайниларим кўп, лекин булар бошқача… Уларнинг орасида ўзимни эркин ҳис қиламан, бутун чарчоқларим, илмий иш деб сиқилганларим тарқаб кетади».

Бугун ҳам кун бўйи одам қадами узилмади. Кечга яқин қаергадир тўйга кетишди. Ойсулув эри келгандан буён тингани йўқ. Нон ёпди, овқат пиширди, меҳмонларга қаради. Кечқурун эри тўйга жўнаш арафасида бир зум холи қолишганда «Эртароқ қайтинг, кўп ичманг» деб тайинлайолди, холос. Эри «хўп» деди жилмайиб. Ойсулув шунга ҳам хурсанд бўлди. Чунки барибир ўзининг билганидан қолмайди.

Ойсулув болаларини овқатлантириб, ювинтириб ухлатди. Қайнона, қайинука, қайинсингилларига овқат сузиб берди. Идиш-товоқларни йиғиштиргач, кундузи нонни узганда тандирга қўйган бир сатил сувни ичкарига олиб ўтиб, ювинди. Тер ва сут иси уннаб қолган устини ечиб, майин ички кўйлагини кийди.

Ана осмонда юлдуз учди. Жувоннинг кўнглига хавотирлик урмалади. Қишлоқнинг нариги четида бўлаётган тўй ғала-ғовурининг тинганига ҳам анча бўлди. Боягина совхоз ерларини шудгорлашда қатнашаётган тракторчи қайнотаси тунги ишдан қайтди. Ҳозир ҳовлининг нариги буржидаги симкаравотдан унинг таниш хурраги эшитилаяпти.

Ойсулув Муҳаммад билан кечирган севгидан маст телба лаҳзаларини бир ширин туш каби хотирлайди. Ғалати дамлар экан-да. Бир гал Муҳаммад таътилга келганида сомонхонада учрашишган. Кейин икки-уч кун ҳар сочини тараганида сомон қилтиқлари тушиб юрди. Муҳаммадни кучуклар қувгани-чи? Эҳ-ҳе, у кунларнинг ҳар лаҳзаси бир ҳикоя. Ҳеч нарсани ўйламасдан унинг қучоғига ўзини отарди. Ёшлик экан-да. Ойсулув турмушидан рози. Фақат унга алам қиладиган томони – Муҳаммадни турмушга чиққанидан буён кутади. Олдин ўқишда деб кутди. Институтни битиргач, мактабда ишлашни хушламай, чўлга жўнади. Дам олиш кунларигина уйга келар, унда ҳам тўю маърака, ошна-оғайниларидан бўшамасди. Мана, икки йилдан буён Тошкентда, энди ўттизга кирганида олим бўлармиш. Ойсулув ҳамиша эрининг уйга меҳмондай келиб-кетишига кўниккани учунми, бирон ножўя гап билан дилига озор етказгиси келмайди, доим кўнглига қарайди, иззатини жойига қўяди. Шунинг учун ҳам ҳали эр-хотин ўртасида бирон маротаба гап қочмаган. Муҳаммад ҳамон ўзини ёш куёвдай, Ойсулув эса эндигина уйи тушган келинчакдай тутади. Гоҳо Ойсулув ўйланиб қолади. Охири нима бўларкин? Катта ўғли Жаҳонгир бу йил мактабга боради. Ҳали уни суннат қилишгани йўқ. Тенгқурлари данғиллама уйлар қуриб, элга тўй беришаяпти, машина миниб юришибди. Улар бўлса қайнотаси қуриб берган бир том, бир даҳлизли уйда ўтиришибди. Қайси куни дўконга чиқса, синфдоши Бахти мирқуруқ тилла тишларини ялтиратиб, киноя қилаяпти: «олим» илмий ишларини қачон тамом қиладилар?». Булар ҳақида у эрига айтмайди. Илмий иш қилаётган одамнинг бошини беҳуда гаплар билан қотирмайин, дейди. Гоҳо тўлиб кетган пайтлари секин гап очади: «Қишлоққа қайтсангиз, мактабдан дарс олардингиз, мен ишлардим, мол-ҳол қилардик, бир кунимиз ўтарди-да». Шундай дамларда эри бир оз ўйчан тортиб қолади, кейин хотинини бағрига босиб, ўпади: «Ўкинма, жоним, – дейди, – биздай бўлган бор, бўлмаган бор… Худога минг қатла шукр қил, тўрт мучамиз соғ. Кутилмаган фалокатдан ўзи асрасин. Пешонага нима ёзилган бўлса, кўраверамиз-да. Яқинда бир китобда ўқидим: «Эй одам, мансабга, бойликка кўп интилма, ҳар кимки, қанча уринмасин, ўз насибасидан бир тишлам ҳам зиёд нон ейолмайди», дейилибди. Эрининг айтганлари бир ҳисобдан тўғри. Бултур қўшни қишлоқлик бир ёш йигит машинаси авария бўлиб, жувонмарг кетди. Бечоранинг гулдай хотини, икки боласи зор қақшаб қолишди. Ё синфдошлари Қўлдошни ким ўлади, деб ўйларди. Доимо ҳирсдай бўлиб, икки бети қип-қизариб юрарди. Тагида янги машина, оғзи тўлла тилла тиш. Раҳматлининг юраги оғриркан. Унинг ранги заъфарон хотинини ҳар сафар кўрганида юраги эзилиб кетади.

–Туроб бува-а, ҳой-й, Туроб бува-а-а!

Ойсулув ҳушёр тортди. «Ким экан каллаи саҳарлаб қайнотасини чақираётган. Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да». У усти очилиб қолган Жаҳонгирнинг кўрпасини тортиб қўйди. Осмонга қаради, юлдузлар кўринмай қолган, тонг оқара бошлаганди.

–Туроб бува-а, о-о, Туроб бува-а-а-а! – Овоз яна баландлади.

* * *

Вилоят касалхонасининг торгина хонаси. Ўн кундирки, бу ерда Қораёнтоқ қишлоғидан келтирилган йигит беҳуш ётибди. Унинг ўриндиғи ёнидаги курсида миқти жуссали, қорамтир юзли аёл йигитга тикилганича тош қотган. Аёлнинг бутун қиёфасидан чуқур ҳасрат, қайғуга чўмганлиги сезилиб турибди. «У ғирт етим қиз эди. Отаси урушдан қайтиб келмаган. Онасини эса эслолмайди. На акаси, на укаси, на бирон опа-синглиси бор. Бировларнинг эшигида юриб катта бўлган. Энди ўн олтига тўлган йилнинг кўкламида раҳматли қайнотаси Раҳим чавандоз отга мингаштириб олиб келган ва аскарликдаги катта ўғлига унаштириб қўйганди. Кун кўриш оғир йиллар эди. Бечора аммаси бир “оғиз”дан қутилганига хурсанд бўлиб қолаверган. Худога минг қатла шукрки, бугун уйи болага тўла. Манави тўнғичи. Ҳамсояси Ойбуви момо “Келин, шу ўғлингизнинг юзида фариштаси борми-ей, одам ҳайиқади” дегувчи эди, кўз тегдимикин? Тузалиб чиқса, бир элга худойи берамиз-да. Э, худо, менинг ёшимдан олиб бўлса-да, унга умр бергин. Ҳали бу дунёниниг ҳузурини кўргани йўқ, болагинам».

Хонага ҳамшира кирди. У дераза рахидаги гулларга сув қуяркан:

– Опа, мен ўтириб тураман, сиз чой-пой ичиб олинг, – деди аёлга. Аёл индамади. Бир пасдан сўнг секин чиқиб кетди.

Қўшни хонада эса тепа сочлари тўкилган, эллик-эллик беш ёшлардаги тўладан келган, оқ-сариқ юзли дўхтир нималарнидир ёзар, унинг қаршисида ўтирган ўрта бўй, оқдан кўра сариққа мойилроқ, соқоли ўсган, устидаги пахта камзул-шимида, қўлларида мой доғлари бор киши дўхтирга қараб гапирарди:

–Дўхтир ака, майли, нима десангиз мен рози, ўғлимни тузатиб беринг. Илоё, болаларингизнинг ҳузурини кўринг.

Дўхтир ёзишдан тўхтаб, бошини кўтарди:

– Сизнинг аҳволингизни тушуниб турибман. Ўғлингизни сақлаб қолиш учун қўлимиздан келган ҳамма чорани кўрамиз. Ҳозирча бир нарса дейолмайман. Бош мияси қаттиқ шикастланган. Лекин менинг фикримча, у ҳушига келиши керак. Чунки бошқа барча анализлари ижобий чиқаяпти.
Шу пайт хона эшиги зарб билан очилиб, ҳамширанинг боши кўринди.

–У кўзини очди!

–Ким?

–Бемор Туропов Муҳаммад ҳушига келди!

–Ана айтмадимми, амаки, ўғлингиз энди яшайди! – Дўхтир севинганидан ўрнидан туриб кетди. Ҳамширага тайинлади: – Ёнидан жилмай туринг, мен ҳозир…

* * *

Муҳаммад дастлаб оппоқ шифтни кўрди. Бироз тикилиб тургач, яна кўзини юмди. “Қаердаман?” дея ўйлади у.

…Бир ҳафтадирки, Муҳаммаднинг кўнглига чироқ ёқса ёришмасди. Ҳаммасига бир ҳамкасбининг беихтиёр айтиб юборган гапи сабаб бўлди. Уч-тўрт тенгқур ўқитувчилар ўзаро гурунглашиб, озроқ “ғийбат” қилиб ўтиришганди.

–Ҳужжатларга қўл қўйдирай деб шундоқ кирсам, лаборант қиз “катта”нинг тиззасида….

Муҳаммад музлаб кетди. Гўё кимдир устидан бир челак совуқ сув қуйиб юборгандай бўлди. “Нима-а? Наҳотки? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас!”. У ўзига келгач, бутун нафратини кўзига жамлаб, ҳамкасбига ғазаб билан тикилди.
– Фариштадек бир беғубор қизнинг номини булғашга қандай тилингиз борди?
Ҳамкасби унинг кўзига тик қаролмай, нигоҳини олиб қочаркан:

– Мен ҳам уни қизларимизнинг ичида энг тозаси, деб юрардим. Нима қилай, кўрганимни айтдим-да, – деди.

Шу кундан буён Муҳаммаднинг ичини ит тирнайди. “Наҳотки, шайтон йўлдан оздирган бўлса?”. Эшитган гапини ақл тарозисида тортиб кўриб, сира қабул қилолмайди. “…Не-не ёш йигитлар бор-ку! Ё бир аёлнинг макри юз эшакка юк бўлади, деганлари ростмикин. Муҳаммаднинг олдида ўзини гулдай бокира тутиши маккорликмикин?”. Йигитнинг юрагини шубҳа азоблайди, ўртайди. Кечалари уйқуси қочиб тўлғонади. “Ёлғон! Меҳринисо билан яқинлигимни билгани учун атайлаб айтди у” деб ўйлайди. Барибир кўнгли ором топмайди.

Ўша маъшум гапни эшитган куннинг эртасига Муҳаммад лаборатория эшигини зарб билан очиб кириб борди. Қиз ёлғиз ўтирган экан. Одатдагидек мулойим жилмайиб:

–Келинг, Муҳаммад ака, – деди.

Йигит бўсағада қизга тикилганча карахт аҳволда турарди.

–Киринг. Сизга нима бўлди, бунча хомушсиз? – Қиз бир зум нигоҳини йигитга қадади. – Ўтиринг, чой қўйганман.

Унинг қоп-қора, чарос кўзлари, сутдек оппоқ, бироз маъюс, аммо тип-тиниқ чеҳраси йигитни бўшаштирди. Дарҳол ўзини қўлга олиб, қизга яқинлашди ва унинг кўзларига қаттиқ тикилиб қолди. Бу гал қиз нигоҳини олиб қочмади. Йигитнинг кўзидаги ўт қизни довдиратар, лекин у бу қараш замиридаги маънони уқиш мақсадида тикилиб тураверди. Ва ниҳоят, қиз йигитнинг кўзлари тубида йилтиллаган нарсани кўриб, нигоҳини четга олди. Шошиб сўради.

–Сизга нима бўлди, Муҳаммад ака?

–Меҳринисо… Сиздан бир нарсани сўрасам майлими? – Йигитнинг овози титраб чиқди.

–Майли, сўранг. – Қиз бутунлай жиддийлашди ва йигитнинг кўзларига синчков тикилди.

Бу гал йигит қизнинг жиддий ҳамда масъум нигоҳига бардош беролмади.
–Ҳай майли, бошқа сафар сўрарман, – деди мажбуран илжайиб. – Қани, чойингиз қайнагандир?

–Қизиқ одатларингиз бор-а? Нима бўлибди, дебман? – Қиз хотиржам тортди.
Шубҳа кўланкаси Муҳаммаднинг кўнглидан бир оз узоқлашган бўлса-да, барибир юрагининг ғашлиги кетмади. Ўша кайфиятда қишлоққа қайтди. Тўғриси, кўнглининг чигилини ёзиш, Меҳринисони хаёлидан узоқлаштириш ниятида шундай қилганди. Аммо тўйда келин-куёвни табрикларкан, яна Меҳринисо эсига тушди. Дўстлари унинг кўпроқ ичаётганини сезишди. Сезишди-ю, танбеҳ беришга журъат қилишолмади.

Тўй давраси тарқагач, “президиум”да ўтирганларни яна ичкарига олиб киришди. Муҳаммадни ҳам қўйишмади. Совхоз катталари, туманда, вилоятда ишлайдиган шу элнинг обрўли кишилари алоҳида тузалган меҳмонхонага ўтишди. Совхоз директори “Бу йигитлар келгусида қишлоғимизнинг фахри бўлади” деб биринчи сўзни Муҳаммадга берса бўладими?! У даврада ҳам сўз айтганди, ўша гапларни сал ўзгартириброқ такрорлади. “Энди гап исботи билан бўлсин” дейишиб, ароқ тўла пиёлага ишора қилишди. Унинг кайфи ошаётганди, бу энди ортиқчалик қиларди. Шундай бўлсада, кимсан, казо-казолар кўз тикиб турганда паст кетгиси келмади, пиёлани охирига қадар сипқорди. Гурунг қизиб, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолгач, секин ташқарига чиқди.

–Ошналарингиз сизни кута-кута кетишди, – деди хизмат қилиб юрган йигитлардан бири.

–Унда биз қандай кетамиз энди? – Муҳаммад йигитни таниб, унга синовчан тикилди.

–Домла, тўйчиликни ўзингиз биласиз, ҳозир ҳамма ичган, кимга айтсангиз ҳам малол келади. – У бир пас ўйланиб қолди. Кейин деди: – Яхшиси, бундай қилсак, домла. Мен сизга мотоциклимнинг калитини бераман. Ҳайдай оласизми?

–Албатта, бир вақтлар ҳайдаганмиз. – Муҳаммад обрўни қўлдан бергиси келмади.

–Унда яхши. Мен эртага вақт топиб, мотоциклни ўзим олиб қайтаман.

У Усмон магазинчининг уйи ёнидан бурилиб, катта йўлга тушганини яхши эслайди. Чунки ўша бурилишда итлар чопганди. Уларни ортда қолдириб кетиш учун газ берди. Кейин-чи? Кейин…

* * *

У шошиб кўзини очди. Очди-ю тепасида ўзига тикилиб турган бир неча кишини кўрди.

–Э, йигит, бормисиз, одамни роса қўрқитдингиз-ку?! – деди бошида турган оқ халат кийганлардан бири.

–Улим, эсонмисан, – пиқиллади аёл…

“Ким бўлди бу? Энам-ми?” У бошини кўтармоқчи бўлди. Лекин калласи зил-замбилдай оғир эди.

–Қимирламанг. Сизга қимирлаш мумкин эмас. – Бояги биринчи овоз яна гапирди.

–Бўлди, ҳамма ташқарига чиқсин. Амаки сиз ҳам, опа сиз ҳам. Кейин кирасизлар.

Муҳаммад боши лўқиллаб оғриётганини ҳис қилди. Оппоқ шифт, оқ халатли киши, ҳаммаси гир-гир айланиб, кўзи тиниб борарди. У яна киприкларини юмди.

–Мана шу уколларни олгач, – дўхтир қўлидаги қоғозни ҳамширага узатди, – эрталабгача ҳеч ким тинчини бузмасин. Олдига ҳеч кимни қўйманг.

Эрталаб Муҳаммад худди кеча кечқурун ўринга киргану ҳозир тураётгандек ўзини енгил ҳис қилиб уйғонди. Кўзини очиб, яна ўша оппоқ шифтни кўрди. Калласида ҳам оғриқ йўқолиб, анча енгиллашиб қолибди. У боши, қўллари, тиззалари қаттиқ қисиб боғланганини ҳис этди.

–Мен қаердаман, ўзи? – деди овозини чиқариб.

Ҳозиргина хонага кириб, деразадан ташқарига тикилиб турган хамшира шошиб ўгирилди.

– Тинчланинг, сиз касалхонадасиз.

– Сиз кимсиз?

– Мен ҳамшираман.

– Қачондан буён бу ердаман?

– Бугун ўн биринчи кун.

“Ўн биринчи кун”. Муҳаммаднинг юраги орқага тортиб кетди. “Демак, ўн кундан буён ҳушсиз эканман-да”.

– Ҳамшира, менга нима бўлган? – секин сўради у.

– Сизгами?.. – Ҳамшира тараддудланди. – Сиз енгил шикастлангансиз. Ҳозир анча тузук бўп қолдингиз.

– Кечирасиз, сизда ойна топиладими?

– Нимайди? Топилади. Мана. – Ҳамшира халатининг чўнтагидан думалоқ ойнача олди.

–Юзимни кўрмоқчийдим.

–Ҳа-я. Мен ўзим кўрсата қоламан. – Ҳамшира йигитнинг устига энгашиб, ойнани тутди. Хушбўй атир иси Муҳаммаднинг димоғига урилди. У ҳушёр тортиб, кўзгуга тикилди. Ҳеч нарса кўринмади. Ҳаммаёқ оппоқ эди. Ҳа, ана! У оқлик ичра милтиллаб турган бир жуфт кўзни кўрди. Юзи-чи? Кўзларини бир дақиқа юмиб очди. Ва равшан кўрдики, боши, юзи оппоқ дока билан чирмаб боғланган эди. Юрагини ваҳима босди. “Менга нима бўлган ўзи?” Боши лўқиллаб оғрий бошлади. Кўзига ёш келди. “Наҳот, ўлсам?”

Ҳамшира унинг аҳволини тушунди.

–Хафа бўлманг, – деди юмшоқлик билан таскин берувчи оҳангда, – оёқ-қўлларингиз бироз шилинган, юзларингиз ҳам, энг муҳими, энди сиз яшайсиз!

“Нима? Нима деди? Энди яшайсиз, дедими? Нимага мен яшамаслигим керак? Демак, ўлиб кетишим мумкин экан-да! Унда илмий ишим нима бўларди. Орзуларим-чи? Э, дарвоқе, энам, Ойсулув, болалар қаердайкин? Мен Тошкентга кетишим керак эди-ку!” У хаёлини жамлади: “… Ўша куни тўйдан чиққач, мотоциклдан йиқилганман ва мени бу ерга олиб келишган”.

Шу пайт хонага дўхтир кириб келди. У Муҳаммаднинг каравотига курсини яқинлаштираркан, беморнинг шифтга тикилиб ётганини кўрди.

– Саломалайкум, йигит.

Муҳаммад бошини бурди. Чакка сочлари оқариб кетган, нуроний қиёфали дўхтирнинг кўзларига кўзи тушиб “Ассалому алайкум” деди ва ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди.

– Қимирламанг, – деди дўхтир ва ўтирди. – Келинг, танишиб қўяйлик. Мен шу бўлимнинг бошлиғи Ҳамро Муродов бўламан. – У қўлидаги асбоби билан Муҳаммаднинг қон босимини ўлчаб, юрагини эшитиб кўрди.

–Қон босимингиз, юрак уришингиз яхши. Ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз?

–Билмадим, тузукка ўхшайди, – синиқ товушда жавоб берди Муҳаммад.

Ҳамро Муродов беморнинг кайфиятини ҳис қилди:

–Руҳингизни туширманг, ука. Аҳволингиз умуман олганда ёмон эмас. Хавфли босқич ўтди. Энди мана бу ташқи жароҳатларингиз битса бўлди. Кейин уйга жавоб берамиз. Қолгани ўзингизга боғлиқ. Фақат илтимос, кўп ўйламанг, сиқилманг. Яна ўн кунча қимирламай ётиб турасиз, сўнг туришингиз, ташқарига чиқишингиз мумкин. Яна такрорлайман, кўп ўйламанг, иложи борича кўпроқ ухлашга ҳаракат қилинг. Миянгиз дам олиши керак.

–Дўхтир, – Муҳаммаднинг овози титраб чиқди, – аҳволим жуда оғирмасми?

– Мен нималар дедим сизга, ука. Ҳали сиз кўп яшайсиз. У ўрнидан тураркан ҳамширага ўгирилди: – Кўз-қулоқ бўлиб туринг, ҳеч ким бу кишининг тинчини бузмасин.

Ҳамро Муродов чиқиб кетгач, Муҳаммад унинг гапларини мулоҳаза қила бошлади. “Қизиқ гапларни гапиради бу дўхтирлар ҳам. Ўйламанг, дейдими? Айниқса, шунақа пайтда. Мия бир механизм бўлса эканки, мурватини бураб, ўчириб қўйсанг. Ҳа, энди булар ҳам тасалли беради-да. Аҳволим оғирлиги аниқ. Наҳот, ўлиб кетсам-а? Ҳа, нима бўпти. Машҳур олим ё шоир бўлмасанг. Сенинг ўлиминг бу кўҳна дунёда бирор нарсани ўзгартирармиди? Не-не одамлар кетиб бораётибди-ку! Ойсулув билан болаларга, ота-онангга қийин бўлади-да. Энаси бечора, касалманд юраги билан буни кўтаролмайди. Отаси-чи? Муҳаммад ҳар гал қишлоққа борганида уст-бошига мой теккан, соқоллари ўсиқ, доимо ярим кечада ишдан қайтадиган, умрида меҳнатдан бошқа нарсани билмайдиган отасига раҳми келарди. Ўғлининг ўлими меҳнат адои тамом қилган бу одамни яна чўктириб қўяди. Ойсулув кейин турмуш қурармикин? Ҳали ёш-ку! Муҳаммад хотинини ўзга эркак қучоғида тасаввур этиб баданлари жунжикиб кетди. У оташин илк муҳаббатини бағишлаган бу аёлни яхши кўрарди. Хотини билан ўтказган энг ширин, такрорланмас онларни ҳамиша орзиқиб эслайди…

…Муҳаммад билан Ойсулув бир синфда ўқишди. Ҳалигача Муҳаммад бу қизни нима учун ёқтириб қолганини билмайди. Тўғри, Ойсулув кўзга яқин қизча эди. Ўзига ярашадиган кийимлар кийиб юрар, яхши ўқирди. Синфда уни кўп болалар ёқтиришарди. Улардан қизғанибми саккизинчига ўтишганда Муҳаммад қизга хат ёзди. Ўшанда дил изҳорига ўн икки варақли ўқувчилар дафтари тўлиб кетганди. Хатни катта танафусда ҳеч кимга билдирмай Ойсулувнинг сумкасига солиб қўйди. Кейин қўрқув ва ҳаяжон билан жавоб кутишлар, дуч келиб қолганда дув қизариб, гап тополмай қолишлар… Ўнинчи синфни битиргунга қадар ёзишмалар давом этди, сўнг пинҳона учрашувлар бошланди. Биринчи марта Ойсулувдан бўса олишга қандай журъат этганлиги Муҳаммаднинг сира эсидан чиқмайди. Ўша дақиқаларни эсласа, ҳамон баданлари жимирлаб кетади.

…Ўша куни математикадан оғзаки имтиҳон бўлиши керак эди. Ўқишлар тугаган, мактаб ҳувиллаб ётар, фақат битирувчи синф ўқувчилари давлат имтиҳонларини топширишарди. Севишганлар тонг оқариши билан мактабга ошиқишар, улар келганларида ҳали ҳеч ким бўлмасди. Муҳаммад бир неча учрашувдан буён Ойсулувдан ўпич олиш тўғрисида ўйлар, аммо ҳар гал қизариб-бўзариб гапини йўқотиб қўярди. Одатда уларнинг суҳбатлари жун гаплардан иборат бўларди. Кўпроқ имтиҳонлар, келажак орзулари ҳақида гаплашишади. Бу гал Муҳаммад қиздан бўса олишга қатъий аҳд қилди. У салом-аликдан сўнг қизни чеккадаги синфхоналардан бирига бошлади. Сал у ёқ-бу ёқдан гаплашган бўлишди. Бирдан Муҳаммад қалтираган қўллари билан қизнинг билагидан ушлади. Қизнинг қўллари ҳам ҳаяжондан титрарди. Оғзига келгани шу бўлди: “Ойсулув, мен сени яхши кўраман!” Қиз дув қизарди. Шунда йигит беихтиёр уни ўзига тортиб, қайноқ лабларини қизнинг ғунчадек олов дудоқларига босди. Кейин яноқлари, бўйниларидан ўпа бошлади. Нозиккина вужуди йигит қучоғида типирчиларкан, бир пайт ўзларига келиб қарашса, иккалаларининг ҳам юз-пешоналаридан тер қуйилар, иккаловининг ҳам кўйлаклари жиққа ҳўл бўлган, қизнинг яшил гулли нафис кўйлагининг ранги йигитнинг оқ нейлон кўйлагига уриб қолганди. Муҳаммад бу кунларни ҳар эслаганида қонлари гупуриб кетади.

Муҳаммад хотинини рўзғорбоплиги, оддийлиги, саранжом-саришталиги учун ҳурмат қиларди. У Муҳаммадга бир-биридан ширин тўрт фарзанд ато қилди. Бутун рўзғор ташвишлари унинг зиммасида. Шу ёшга кирибдики, Муҳаммад уйга меҳмондай келиб-кетади. Шунга қарамасдан Ойсулувнинг бирон маҳал қовоғи уйилганини кўрмаган. Кўпроқ ичадими, кеч борадими мудом очиқ чеҳра билан кутиб олган. Шунинг учун ҳам Муҳаммад хотинининг олдида ўзини қарздордай ҳис этади. Фақат кўнглига бир нарса таскин беради: кейинги йилларда ҳаётида юз берган баъзи воқеаларни ҳисобга олмаганда, у хотинига хиёнат қилмай яшади.

* * *

…Талабалик йилларида бўлиб ўтган бир воқеа унга жуда қаттиқ таъсир қилган. Ўшлик Соҳиба исмли қиз билан анча қалин эдилар. Ётоқхонада туришар, кутубхоналарга бирга боришар, дам олиш кунлари аҳён-аҳёнда кинога тушишар, хиёбонларда сайр қилишарди. Баъзида Муҳаммаднинг хонасида ярим тунга қадар суҳбатлашиб ўтиришарди. Бутун гуруҳ уларнинг қалинлигини билар, Муҳаммад қизга нисбатан ўзини дўстдай тутарди. Қиз йигит гоҳида қишлоқдош талабаларнинг олдига ёки бошқа бирон жойга кетиб ётоқхонага кеч қайтса, эшикбон ёнида соатлаб кутиб ўтирарди. Муҳаммад талабалик давриниг иккинчи йилиёқ уйланган бўлиб, Соҳибага Ойсулув ҳақида кўп гапирарди. Шундай пайтларда Соҳиба хомуш тортиб қолар, кейин бирдан чеҳраси ёришиб “Янгамни қачон Тошкентга олиб келасиз, қачон мени таништириб қўясиз” дерди кулиб.

Шундай кунларнинг бирида Муҳаммаднинг хонасида алламаҳалгача ўтириб қолдилар. Ётоқхонада деярли ҳамма ухлаган. Соҳиба икки бети лов-лов ёниб, тинмай гапирар, жуда хушчақчақ эди. Улар адабиёт, келажак орзулари, севги-муҳаббат ҳақида баҳслашишарди.

 – Ҳеч севганмисиз Соҳиба? – сўради дабдурустдан Муҳаммад.

– Йўқ. Қани энди, севиб қолсам? Севги йўқ, дейишади-ку! – кулиб жавоб берди қиз.

– Сиз ҳам шундай деб ўйлайсизми?

–Менимча, йигит-қиз бир-бирини ҳурмат қилса, тушунса, шунинг ўзи етади, ўлдим-куйдим деб юрган ошиқ-маъшуқларга кўпам ишонмайман.

 Муҳаммад шеър ўқиди:

Мен унга ачинаман,
Сенинг бўлажак қайлиғингга.
У сенинг мана шу қаро кўзларингга кирмоқчи бўлиб,
Ва бу кўзлар қаърида бир умрга мангу қолмоқчи бўлиб,
Термулган маҳал.
У сенинг мана шу сочларинг бўйига тўймоқчи бўлиб,
Ғунча лабларингга қонмоқчи бўлиб,
Талпинган маҳал.
У сенинг мана шу оппоқ кўксингга
Юрак уришингни тингламоқ бўлиб,
Бош қўйган маҳал.
Қайси виждон билан, қайси тил билан,
Мен бокираман, тозаман дейсан,
Ва айтилиб, айтилавериб сийқаси чиққан,
Ўша маъшум сўзни айтасан яна
“Севаман…”
Мен сенга ачинаман…

– Кимники бу?

– Бугун биттасига қараб туриб тўқидим.

– Яхши шеърларингиз бору, ҳеч кимга кўрсатмайсиз.

– Шоирлик даво қилиш… О, бизларга йўл бўлсин…

– Билмадим, шеърларингиз менга ёқади.

– Соҳиба, севиб қолсангизу, йигит узоқ вилоятдан бўлса, у билан кетармидингиз?

–Масалан, қаердан? – кулди Соҳиба.

– Масалан… Қашқадарёдан, – Муҳаммад ҳам муғомбирона жилмайди.

– Ҳалику, Қашқадарё экан, тупканнинг тагига бўлса ҳам кетардим. – Сочларини қўллари билан ўйнаб ўтираркан, қатъий жавоб берди қиз.

– Нега унда муҳаббат йўқ, дейсиз?

– Қачон йўқ дедим. Мен фақат бошқачароқ тушунаман, шекилли.

– Мана, энди бир битимга келдик. – Иккалалари ҳам кулиб юборишди.

Муҳаммад яна шеър ўқиди:

Наҳот йўқ оламда севги-муҳаббат?!
Ёниш-ўртанишлар ўткинчи, ёлғон?!
Навоий шеърлари сохтадир наҳот?!
Наҳот шу чоққача алданар инсон?!
Йўқ, буни тан олмас ошиқ юрагим,
Муқаддас туйғуга келтирамангиз шак.
Зулфия севгисин инкор этар ким?!
Гар Қайс муҳаббати афсона десак.
Ширин садоқати этмаса насиб,
Алдаган қалбингдир, гуноҳкор ўзинг.
Ишқингга бўлмаса ёринг муносиб,
Алданган севгимас, шу икки кўзинг.
Муҳаббат йўқ эрса бўлмасди кўклам,
Лоласиз баҳорга не ҳожат ахир?!
Ҳаёт ҳам бўлмасди бу қадар кўркам,
Бўлмасди гўзаллик, бўлмасди шоир.
Йўқ, буни тан олмас ошиқ юрагим,
Муҳаббат йўқ, дея қилманг дий-диё.
Муҳаббат қуёшим, ёритар йўлим,
Муҳаббатсиз умр зулмат зим-зиё.

Шу тариқа улар узоқ суҳбатлашиб ўтирдилар. Бир пайт Соҳиба шиддат билан ўрнидан турди. “Йигитмисиз ўзи?!” деди. Муҳаммад унга ялт этиб қаради. Қизнинг тим қора кўзларида ёш кўринди. У нима бўлганлигини англаб етмасдан, қиз чопиб чиқиб кетди.

Муҳаммад қизнинг сўзлари маъносига етгач, йигитлик орияти қўзғалиб, уятдан юзлари оловланди. Тун эди, хонада ёлғиз эди, аммо йигит қип-қизариб ёниб борарди. Туни билан тўлғониб, ўйлаб чиқди. У шу пайтга қадар Ойсулувдан бошқа бирор қизнинг қўлини ҳам ушламаган, бегона қизни ўпиш, қучоқлашни жуфти ҳалолига нисбатан мисли кўрилмаган хиёнат деб ҳисоблар ва шунинг учун ҳам бундай қилишни тасаввурига сиғдира олмасди. Орадан йиллар ўтиб, курсдошлар учрашувига борганида ресторандаги зиёфатдан чиқишгач, Соҳиба билан хилват йўлакда суҳбатлашиб боришаркан унга хушомад қилди:

– Соҳибахон, йиллар сизнинг ҳуснингизга яна ҳусн қўшибди, – дедию қизнинг қўлларидан ушлади.

– Қўйинг, Муҳаммад ака. Ўша пайтда сиз учун ҳамма нарсага тайёр эдим, энди қўйинг, – нозли табассум билан қўлини секин тортиб олди Соҳиба.

Шунга ўхшаш яна бир воқеа унинг хотирасида муҳрланиб қолган.

Учинчи курсда ўқирди, чоғи. Дам олиш кунларидан бирида Муҳаммад зерикди, ҳамқишлоқ болаларни кўриб келиш учун Юнусободга йўл олди. Кечқурун кириб борганида бир хонали ижара уйда турадиган уч-тўрт талаба йигит эндигина дастурхон атрофига жам бўлган, ош сузилган эди. Давранинг тўрида устидаги атлас кўйлаги ялт-ялт ёниб, бир семиз аёл ястаниб ўтирар, йигитлар унинг оппоқ сонларидан кўз узишолмасди. Ош ейилиб, чой ичилгач, аёл учун айвонга алоҳида жой солишди. Ажабланиб, ҳеч нарсага тушунмай турган Муҳаммад:

–Бу ким? – деб сўради ёнидаги Болта полвондан.

– Саттор ака билан поездда бирга келибди. Эртага қайсидир санаторияга олиб бориб қўярмиш. Ҳалигидақа хотинлардан бўлса керак-да, – бошини маъноли ирғади Болта полвон.

Саттор Муҳаммаддан тўрт-беш ёш катта бўлиб, заводда ишлаб, институтнинг кечки бўлимида ўқир, баланд бўйли, озғин йигит эди.

Ҳамма қаторасига ўрин солиб ётгач, Саттор айвонга – аёлнинг ёнига ўтиб кетди…

Бир пайт Саттор айвондан ичкари уйга ўтиб:

– Муҳаммад, опа сени сўраяпти, – деди.

–Нега? Мени нима қиларкин? – Унинг жавобидан ҳамма кулиб юборди.
–Билмасам, ёқиб қолибсан, шекилли, ўша йигит келсин, деяпти. Йигитмисан ўзи?

“Йўғ-е, – ўйлади Муҳаммад, – Ойсулувнинг олдида нима деган одам бўлади? Кейин унинг кўзларига қандай қарайди? Бутун умр виждони қийналиб яшайдими? Йўқ, Асло!”

Болалар эса уни бўшангликда айблар, аёлнинг ёнига боришга ундарди. Йигитнинг қонлари жунбушга келганидан чакка томирлари лўқиллаб урар, юраги “дук”иллар, “биров кўриб ўтирибдими? ” деб ўйларди. Лекин вафо-садоқат ҳақида китобларда ўқиган эзгу тушунчалари яна бир бор асқатди. У бутун иродасини йиғиб, ўзини зўрға ушлаб қолди. Эътиқодига, севимли Ойсулувига хиёнат қилмади.

Орадан йиллар ўтиб, талабалик йилларини хотирларкан, “Нима бўлгандаям ўша кунлар беғубор даврлар экан” деб ўйлайди. Инсон ёши улғайган сари гуноҳлари кўпайиб, эътиқоди ўзгариб, болалик мусаффолигидан узоқлашиб, таъбир жоиз бўлса, тубанлашиб, худбинлашиб боравераркан. Буни Муҳаммад ўз ҳаёти мисолида кўриб турибди. У ёлғиз қолган пайтлари ўзига ўзи холисона баҳо бериб, ўша талабалик даврларидаги беғубор, инсон зотига, дунёдаги барча нарсага умид ва ишонч билан боқувчи бокира йигит билан ҳозирги Муҳаммад ўртасида анча тафовут борлигини сезади. Сезади-ю, виждони азобланади. У болалик бокиралигини, эзгу туйғуларини асраб қололмади, худбинлашди, айрим гуноҳ ишлар қилишга улгурди. Ўз эътиқодидан чекинди.

* * *

– Сезиб юрибман, сўнгги вақтларда руҳингиз тушкун. Ҳамма нарсага эътиборсиз ва лоқайдсиз, – деди кейинги бор учрашганларида дўсти Озод.

– Чунки биз ишониб юрган нарсаларнинг ҳаммаси ёлғон экан. – Муҳаммад дўстига кўнглини ёргиси, ўзини қийнаб юрган масалаларда фикрини билгиси келди. – Сиз билан биз ҳаётни бўяб-бежаб, нотўғри акс эттирган китоблар таъсирида тарбияландик. Бизнинг онгимизга мурғакликдан коммунизм қурувчисининг ахлоқ кодексини сингдиришди. Бу жамиятда эса коммунистик ахлоқ нормаларига риоя этиб яшаб бўлмаскан. Оқибатда мана ёшимиз ўттизга кириб, сиз ишчилар умумий ётоғининг товуқ катагидек бир хонасига эга бўлдингиз, менда эса шул ҳам йўқ.

– Ҳар ҳолда ҳалол яшаяпмиз-ку! Кўнгилни чўктирманг дўстим. Ҳали ҳаммаси олдинда.

– Ҳавойи гапларни қўйсангиз-чи. Инсон умри ўлчоғлик. Ўттизга қадар ақалли ўз уйи бўлмаган кишининг эртаси туманли. Бизнинг тенгқурларимиз данғиллама уй-жойлар қуришаяпти, машина миниб юришибди, хотинларини эргаштириб сўлим жойларда дам олишаяпти, хорижга саёҳатга чиқишаяпти. Э, ўшалар тўғри қилади. Ўтадиган беш кунлик дунёда ҳаётнинг ҳузур-ҳаловатини тотиб, завқланиб яшаш ҳам керак-да. Биз-чи? Кўнглингизга оғир ботмасину, эртадан кечгача гўнг титган товуққа ўхшаб тиним билмаймиз. Кўрганимиз идораю ётоқхона. Ҳукумат берадиган маош овқатга етмайди. Энди болаларни ҳам ўйлашимиз керак, улар улғайишаяпти, эрта-индин ўқийман, уйланаман, дейишади. Ҳар гал мактабдаги адабиёт ўқитувчимиз Мурод Одиловнинг уйига борганимда кўнглим эзилиб кетади. Ўттиз йилдан буён бир том, бир даҳлизли, полсиз-паталоксиз пахса уйда яшайди, бечора. Ҳали элликка тўлмаган бўлса-да, касалманд, чолга ўхшайди. Олдида уйланмаган, турмушга чиқмаган фарзандлари қатор турибди. Бечора дунёга келиб нима ҳузур-ҳаловат кўрди. У ҳалол, тўғри бўлганлиги учун айбдорми? Хоҳлайсизми, йўқми, Мурод Одилов бизнинг эртамиз. Шу ёшга кириб ҳалол, тўғри яшаган одамнинг роҳат-фароғатда яшаганини кўрмадим.

–Хўш, нима қиламан, дейсиз?

–Билмадим, биз адашган, алданган авлоднинг вакилларимиз. Бизни бойликдан ҳазар қилиш руҳида тарбияладилар. Ҳолбуки, бойлик куч-қудрат, имкониятдир. Инсоният пайдо бўлгандан буён бойликка интилиб, шунинг учун курашиб яшайди.

–Нега кўзингизни олиб қочаяпсиз? Ё биронтасидан пора-сора олдингизми?

–Ҳа, шундай бўлиб қолди…

–Уни нима қилдингиз?

–Турибди. Идорадаги темир сандиқда. Бир неча марта рўзғорга ишлатмоқчи бўлиб қўлимга олдиму, кўнглим бўлмади. Худди ҳаром луқмани ютаётгандай туюлаверди. Шундан буён оромим йўқ. Виждоним азобда.

– Сиз билан бизга бундай пул сингмайди, юқмайди, дўстим. Гуноҳ иш қилибсиз.
–Унда йўл кўрсатинг…

–Бирон савоб иш қилиб, бу гуноҳингизни ювинг.

–Бу дунёда ҳеч кимга ишониб бўлмай қолди. Сизни қаттиқ ҳурмат қилсамда, гоҳида ишона олмайман.

–Нега? Асосингиз борми?

–Кечагина коммунистик партия аъзоси эдингиз. Унинг ғояларини амалга ошириш учун ғайрат билан курашдингиз. Эсингиздами, бир гал менга “Пора берсангиз ҳам партияга ўтинг, истиқболимиз ёмон бўлмайди” дегандингиз. Энди эса партиядан чиқиб, номоз ўқиб юрибсиз.

–Бу партияга ишонмай қўйдим ва ундан чиқдим. Номоз ўқишимнинг боиси эса, мен бирон нарсага эътиқод қўймасдан яшолмайман.

–Эътиқод деганингиз наҳотки шундай тез ўзгарса?

–Яхшиси, сиз ҳам номоз ўқинг. Руҳингиз шундай хотиржам бўлиб, ўзингизни қушдай енгил ҳис этасиз… Бизнинг алғов-далғов асримизда руҳий осойишталикка не етсин?!

–Мен эса эътиқоду эътиқодсизлик ўртасида карахт турибман. Олдин ишонганларим ҳаммаси ёлғон бўлиб чиқди. Янги ғояни эса кўрмаяпман.

* * *

Муҳаммад касалхона ҳаётига анча кўникиб қолди. Ёқимтой ҳамшира ҳар куни тонг отиши билан унинг хонасига кириб келади, “Нима керак бўлса тортинмай айтаверинг” дейди меҳрибонлик билан. Худди ўз яқин кишисини павариш қилгандай Муҳаммадга меҳр билан қарайди. Ҳамро Муродов эса очиққина одам экан. У Муҳаммад билан узоқ-узоқ суҳбатлашиб ўтиради. Тиббиётнинг муаммолари, она еримиз, сув ва ҳавомиз заҳарланиб, мусаффо табиатимиз бузилиб бораётганлига тўғрисида куйиниб гапиради. У касалликлар кўпайиб кетаётганлигининг бош сабаби шунда деб билади. Умуман, дўхтир Муҳаммадда яхши таассурот қолдирди. Тиббиёт илмини яхши биладиган, халқ табобатидан хабардор, куйинчак одам экан. Неча-неча оғир аҳволда келтирилган кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолибди. Муҳаммад ҳам бахти чопиб шу одамнинг шифобахш қўллари туфайли ҳаётга қайтди. Бирон чаламулла дўхтирнинг қўлига тушганда ким билади омон қолармиди?

Инсоннинг феъли қизиқ. Соғ-саломат юрганида, ишлари авж пайтда ўзини бу дунёда абадий яшайдигандек ҳис қилади. Бошига ғам тушганда, касалланганда, бирон фалокат юз берганда, умрнинг ҳар дақиқаси ғанимат, ота болага, дўст дўстга, ака укага, эр хотинга, қўйингки, бу фоний дунёда ҳамма нарса омонат эканлигини, инсон ҳаёти кўз очиб юмгунча ҳар сонияда ниҳоя топиши мумкинлигини тушунади. Муҳаммад ҳам ҳозир худди шундай ҳолатда эди. Унинг шу ёшга қадар ҳатто бирон туки оғримаган, ўзини катта олар, катта гапирар, дунёдаги ҳамма нарсага ишонч ва умид билан қарар, кўз ўнгида юз бераётган ноҳақликларни ҳечам қабул қилолмас, кўпроқ китоблар таъсирида пайдо бўлган ўз хаёллари оламида яшарди.

У болаликдан бадиий китоблар таъсирида улғайди. Нимагадир, албатта, мен буюк одам бўламан, деб ўйларди. Талабалик йиллари “буюк”ликка тайёрлана бошлади. Кутубхоналардан буюк шоир ва ёзувчилар, олимлар, давлат арбоблари ҳаёти ва фаолиятига оид китобларни топиб ўқир, буюклар ҳаёти билан ўзиникини таққосларди. Ўқишни битиргач, уни ўзи ўқиган мактабга оддий ўқитувчиликка ҳам олишмади, “ўрин йўқ” дейишди. Амакисининг ёрдами билан зўрға бош пионервожатийликка илашди. Иш жараёнида қўлтиғидаги “тарвуз”лар зўрлаб шиширилган пуфакдек ёрилди-кетди. Ҳақиқий ҳаёт уни гангитиб қўйди. Хаёлий орзулари, ўйлаб юрган нарсалари амалга ошмагач, руҳи тушиб, паришон бўлиб қолди. Кейин хаёлида яна китобларда ўқиган романтик ҳаёт гавдалана бошлади. Яхши турмуш учун курашиш керак, деб ўйлади. Бу ерда эса курашадиган “душман”нинг ўзи йўқ эди. Ҳамкасблари тирикчилик ташвишлври билан овора, кун бўйи мол семиртириш “сир”лари, томорқадан қандай қилиб кўп даромад олиш, бозор, нарх-наво, тўйлар ҳақида гурунг бўларди. У бунақа ҳаётдан зерикди. Ўқувчилар билан бўлган пайтлардагина ҳамма нарсани унутар, завқланарди. Янги йил арча байрамини шундай қизиқарли ташкил этишдики, бутун мактаб жамоаси, ота-оналар “бу ёш пионервожатийнинг иши” дейишди. Кун ўтган сайин у болаларга ўрганиб қола бошлади. Лекин Муҳаммад сира-сира оддий муаллим бўлиб қолишни истамас, ҳамон буюкликка даъвогар эди. Унинг руҳини туширган ва қаттиқ таъсир қилган нарса шу эдики, муаллимлар қишлоқда энг қадрсиз табақа ҳисобланарди. Муаллимни бригадир ҳақорат қилиши мумкин эди, магазинчи жеркиб ташларди. Айниқса, тўйларда кассир, омборчи ва яна аллақандай пулдорларга иззат-икром кўрсатилиб, давра тўрига ўтказилар, ўқитувчига эса биров бурилиб қарамасди.

Шундай кунларнинг бирида вилоят газетасида чўлда янги туман ташкил этилгани ҳақидаги хабарни ўқиб қолди ва курашиб яшаш учун чўлга отланди. Бориб кўрсаки, чўлда ишлашнинг ҳеч бир романтикаси йўқ, турган-битгани азоб, на овқатнинг тайини бор, на турар жойнинг. Бироқ Муҳаммад чўлда ўтказган уч йилга яқин умрига сира ачинмайди. Шу ерда одам таниди, кўзи очилди, “буюклик” даъвосидан воз кечди. Одамлар кун кечириш, ризқ топиш учун ўзларини не куйларга солаётганини кўрди. Қаллобни, ўғрини ҳам, порахўр, лаганбардор, бузуқни ҳам, ўзига ўхшаб “коммунизмнинг муҳташам биносига бир ғишт қўйиш” учун келган “бола”ларни ҳам бу ерда кўп учратди. Бу дунёда яшашнинг ўзи машаққат эканлигини илк бор ҳис этди. Лекин у энди буюк бўлолмаслигига кўзи етган бўлса-да, ҳаётида қандайдир мўъжиза юз бериши ва турмуши яхшиланиб кетишига ишониб яшарди. Йиллар ўтса ҳамки, у кутган мўъжиза содир бўлмас, кунлар бир-биридан фарқ қилмас, ўзини туманда адашиб қолган йўловчидек ҳис этар, яқин атрофда на бир шўъла, на йилт этган ёруғ кўринар, ҳаммаёқ – олдин ҳам, орқа ҳам – тўрт тараф туман, фақат тумандан иборат эди. Мана шунда фалокат содир бўлди – у мотоциклдан йиқилди. Муҳаммад билдики, у кутаётган мўъжиза ўлим кўринишида ҳам келиши мумкин экан. Агар у қазо қилганида нима бўларди?! Буни ўйласа даҳшатга тушиб кетади: “Эй худо, нима гуноҳларим эвазига менга бундай жазо юбординг?!”

Гуноҳ ва савоб. Муҳаммад бу ҳақда кўп бор ўйлайди. Дунёнинг қандайдир бир яширин қонунияти борлигини, бу ёруғ оламда ҳамма нарса ҳисоб-китобли эканини сезади. Кимки бирон гуноҳ қилса, эртами-кечми бунинг учун жазо олиши тайинлигини, эзгу ишга қўл урса, бировга фойдаси тегса, савоб бўлишини билади. Касалхонага тушгандан буён бу фикрлар уни кўпроқ безовта қила бошлади. “Мана, Ҳамро Муродовни олиб қарайлик, деб мушоҳада юритади у. Дўхтир ҳар куни қанча дардмандларни даволайди, уларга шифо бағишлайди. Умри давомида қанча-қанча хасталарни ўлим чангалидан асраб қолган. Демак, у ҳар лаҳза одамларга яхшилик қилади, бутун умри савоб билан ўтаяпти. Сен-чи? Ўттизга кириб кимга яхшилик қилдинг. Сен туфайли кимнинг оғири енгиллашди? Кимнинг ташвишига шерик бўлдинг, оғир кунида ярадинг?!” Бу саволлар унга азоб беради. Дунё шул экан, ўтган кун ўтаверсин-чи, яхши кунлар ҳам келиб қолар, деб юраверибди. Бугун ўйлаб қараса, на ўзига, оиласига ҳузур-ҳаловат бағишлабди, на ўзгага нафи тегибди. Аканг олим бўлмоқчи, аканг ҳали зўр одам бўлади, деб тонгни кеч, тунни тонг қилаверибди. Мабодо, худо кўрсатмасин, яна ўттиз йилни шундай ҳавойи орзулар йўлида ғафлатда ўтказиб юборганида нима бўларди. Умр ниҳоясида ниҳоят буни тушунар ва қалби тўла армон билан ўтарди. Ҳалиям бу ҳақда ўйлаб кўрмай, гуноҳ ва савобнинг фарқига бормай тараллабедод қилиб юрган дўстлари озми? Бугун у бундайларга қарата: “Ҳой оғайнилар, кўзларингизни очинг. Умр ўтиб кетяпти! ” дегиси келади. Дегиси келадию, ўзининг гуноҳлари эсига тушади.
 
* * *

…Ўтган йили ёзда институт қабул комиссиясида абитурентлардан ҳужжат қабул қилди. Кунлардан бир кун шовқин-сурондан боши оғриб, институт хиёбонида чекиб ўтирганди. Енги узун атлас кўйлак, атлас лозим кийган, нозиккина, ранглари оппоқ қиз олдига келиб ийманибгина салом берди.

–Сиз Муҳаммад акамисиз? – деди қиз кўзларини пирпиратиб.

–Ҳа, келинг, – таажжубланди Муҳаммад.

– Мен Кўктеракданман. Бугун келувдим.(Кўктерак Қораёнтоққа қўшни қишлоқ).

–Қишлоқлар тинчми? Кимнинг қизи бўласиз?

–Мирза буванинг.

–Қайси Мирза буванинг? – Муҳаммад қизнинг отасини эслолмади. – Акаларингиз борми?

–Акаларим йўқ. Мен каттасиман.

–Бу ерда нима қилиб юрибсиз?

–Ўқишга келувдим. Икки йилдан бери йиқилаяпман.

–Қайси бўлимга ҳужжат топширдинг?

–Ўзи бугун эрталаб поезддан тушдим. Ўтган йили турган квартирамизга боргандим, одам қўйибди. Яна бир-икки уйдан жой сўраб тополмадим, сизнинг ишлаётганингизни эшитувдим. Сўрасам, шу ёқни кўрсатишди.

–Энди нима қилмоқчисан? – Муҳаммад қизга бошдан оёқ яна бир сидра кўз югуртириб чиқди. Йигитнинг нигоҳидан қиз ўнғайсизлана бошлади.

–Билмадим. – У оёғи билан ер чизди. – Бу шаҳарда сиздан бошқа ҳеч кимни танимайман. Бир кечага жой топиб берсангиз… Эртага яна квартира қидириб кўрардим.

“Буни қаерга жойлаштирсам” ўйлади Муҳаммад. “Ўзи турадиган ётоқхонанинг эшикбони Зуля (Зулайҳо) опага айтсам бир кечага бирон бўш хонанинг калитини берар…”

–Хўп, – деди қизга қараб. – Сен шу ерда кутиб тур. Мен ҳозир ишларимни тамомлайин, кун ҳам кеч бўп қолди. Бир кечага бўлса, амаллармиз.

Бир пасдан сўнг Муҳаммад Муҳаррам (қизнинг исми шундай экан)ни етаклаб ётоқхонага борди. Эшикдан кираверишда кирган-чиққанни кузатиб ўтирган қора зулфинли, қошлари гажакдор, ёши қирқдан ошиб қолган бўлса-да, кўзлари ўйнаб турадиган аёл – Зуля опа Муҳаммадга ажабсиниб қаради.

–Зуля опа, мана бу синглимиз узоқдан келган экан, кўчада қолибди. Бир кечага жой топиб беринг, – илтимос қилди Муҳаммад.

Зуля опа қизга синчковлик билан тикилди. Оёғидан бошига қадар кўз югуртириб чиқди. Қизнинг кун иссиғига қарамай бошига рўмол ўраб олганлиги, лозими, оддий қишлоқи чеҳраси уни қаноатлантирди, шекили:

–Бу ўғил болалар ётоғи бўлса, қаерга қўяман, – деди елка қисиб.

–Бирон бўш хонанинг калитини беринг.

–Бир хона бўш турганди, ҳозир декан келиб иккита болани қўйиб кетди. Ўғил бола бўлганида бир иложини қилардим.

Муҳаммад ўйланиб қолди. Буни кўриб эшикбон:

–Ўзингизнинг хонангизга олиб чиқа қолинг, – деди. – Шеригингиз қишлоғига кетди, шекилли.

Муҳаммад самарқандлик бир ўқитувчи билан кичикроқ хонада турар, шериги меҳнат таътилига чиққанди.

– Ноқулай опа, – Муҳаммад аёлга бир иложини қилинг, дегандай қаради.

–Ҳозир бу қизни хонангизга олиб чиқаверинг. Кечроқ тушсангиз, ўзингизга бирон жой топармиз, – савол-жавобга якун ясади эшикбон.

Муҳаммад иккинчи қаватдаги ўзи турадиган хона эшигини очиши билан димиққан ҳаво димоғига урилди. Ичкари ивирсиб ётарди. Торгина хонага иккита диван-каравот қўйилган бўлиб, ўртада стол, иккита курси, дераза рахида атир, тиш чўткаси ва яна алламбало нарсалар кўринади.

–Энди айбга буярмайсиз, – деди Муҳаммад қизни курсилардан бирига таклиф қиларкан, – бўйдоқчилик деганларидай…

–Шу ерда турасизми? – Қиз ажабланганини яширолмади. “Ахир, кимсан қишлоқда ҳамма оғзидан бол томиб гапирадиган Туроб тракторчининг институтдаги домулла ўғли…” – Чечам қаердалар.

–Янгангиз қишлоқни яхши кўради. Уй-жой олайлик, кейинроқ келади-да. Хўш… –Муҳаммад бир зум тараддудланиб қолди. – Сиз бемалол ўтириб туринг, мен пастга қарай-чи.

Муҳаммад ётоқхона буфетидан нон, колбаса, қанд олиб чиқиб, чой қўйди. Чойгумни кўтариб келаётса, хизматчилар хонасида турадиган кутубхоначи қиз унга маъноли қараб, салом берди. Кейин:

–Меҳмон борми, дейман Муҳаммад ака, – дея мийиғида кулиб қўйди.

–Ҳа, қишлоқдан синглимиз келган экан, – ғудранди Муҳаммад ва ичида ўйлади: “Қиз тушмагурей, ҳеч ким кўрмаганди-ку?”

Хонага кириб, нимадир ўзгарганини сезди. Стол устида қатти-қутти нон бўлаклари билан турган дастурхон тозаланиб, ёзиб қўйилибди. Дераза рахидаги нарсалар ҳам кўринмай қолибди. Муҳаррам оёқ тагидаги ранги унниқиб кетган шолчани супиришга ҳам улгурибди.

Чой ичиб бўлишгач, Муҳаммад қизга:

–Сиз шу хонада ётасиз. Мен яна бир оздан сўнг болаларнинг олдига чиқаман, – деди ва ўзининг каравотига чўзилди. – Жуда чарчаганман. – Кейин қўшиб қўйди. – Бир ўзингиз қўрқмайсизми?

Қиз йигитни овора қилгиси келмади, чоғи, секингина “Сиз ҳам ётаверинг” деди.

–Менми? “Дарвоқе ётаверса нима бўпти. Синглиси қатори қиз бўлса. Алоҳида каравот. Ўртада стол ҳам бор”. –Қўрқмайсизми? –Лоп этиб яна оғзидан шу савол чиқди.

–Одам одамдан қўрқадими? Нима мени еб қўярмидингиз? – Муҳаррам кулди.
 
“Э, бу қанақаси бўлди!” Қизнинг жавобидан ажабланди Муҳаммад. “Қандай қиз ўзи бу?” Бошини кўтариб унга қаради. “Гўдак-ку ҳали”. Яна бошини ёстиққа қўйди.

Муҳаммад уззукун ҳужжатлар қабул қилиб, абитурентларнинг ғала-ғовури, иссиқ таъсирида қаттиқ чарчаган, уни уйқу босарди. У ўрнидан туриб чироқни ўчирди, калитни столнинг устига қўйди.

–Ётишдан олдин эшикни қулфлаб қўярсиз. Мен жуда чарчаганман. – Ечиниб, ўринга кирди.

–Сизга шеър ўқиб берайми? – дабдурустдан гап қотди қиз.

“Бу қиз соққа ўхшамайди”. Ўйлади йигит. – Майли, ўқинг, – деди эснаркан.

Муҳаррам муҳаббат ҳақида шеър ўқиди. Унинг овози ёқимли экан.

–Биронтасини севиб қолибсиз-да? – шунчаки гапирди Муҳаммад.

–Севган эдим, бошқаси билан кетиб қолди.

–Қаёққа кетиб қолди?

–Ўқишга.

–Сизнинг севишингизни билармиди?

–Йўқ, айтишга улгурмадим.

–Ўзингиз ҳам шеърлар ёзасизми?

–Ҳа, адабиётга жуда қизиқаман. Ўқишга киролмасам, отам турмушга бериб юборади. Шунинг учун бу йил нима бўлгандаям киришим керак.

–Яхши тайёрлансанг, кирасан. – Муҳаммад қизни гоҳ сенлар, гоҳ сизларди. Муҳаррам эса бунга сира эътибор қилмасди.

–Ҳамма шундай дейди. Аммо мен киролмаяпман-ку?! Мактабда яхши ўқиганман. Адабиётдан нуқул “беш” олардим.

“Э, содда қиз-а”, ўйлади Муҳаммад. “Бу ердаги ғавғоларни билсанг эди. Мен ҳам илгари билмасдим. Биз ўқиган пайтлар илмли болалар ўқишга кирарди, домлалар ҳам инсофлироқ, адолатлироқ эди, чоғи. Бўлмаса мендай оддий тракторчининг ўғли мактабни битирган йили ўқишга кирармиди? ”

–Муҳаммад ака, севиб уйланганмисиз?

Муҳаммаднинг энди кўзи илинган экан, чўчиб “А-а?” деди.

–Хотинингизни яхши кўрасизми, деяпман?

“Ўлай агар, бу қиз жинни-пинни бўлган”. Энсаси қотди йигитнинг. – Нима уйқунг келмаяптими?

–Зерикаяпсанми?

–Ҳа.

–Унда ёнингга ўтайми? – Муҳаммад илкис шундай деб юборди.
 
Қиз жим қолди. Йигитнинг бутунлай уйқуси қочиб кетди. Сукут ризоликдай туюлди. Эсига талабалик даврида курсдоши Соҳибанинг “Йигитмисиз ўзи?” дегани келди. “Балким, бу ўзи “анақа” қизлардан бўлса… Эртага устидан кулиб юрмасин. Ҳозир синаб кўрамиз-да”.

–Нега жимиб қолдинг. Бирга ётардик суҳбатлашиб. Боя кўрганимдаёқ ёқиб қолгандинг.

–Ана шунақа-да. Сиз ҳам бошқалардан фарқ қилмас экансиз. Бирдан нотўғри тушундингиз. – Қизнинг товушида на титроқ, на ҳаяжон сезилди.

Муҳаррамнинг гаплари Муҳаммадга ноздай туялди. “Кўпни кўрганга ўхшайди бу”. Шартта ўрнидан турди-ю, қизнинг ёнига ўтди. Уни қучоқлаб, бағрига босди. Лабидан, юзидан, бўйинларидан эҳтирос билан ўпа бошлади.

Қиз типирчилар, аммо йигитнинг бақувват қўллари, иссиқ қучоғидан чиқиб кетолмасди.
 
Тер ва пахта ҳиди йигитни сал совутди. “Шаҳарга келишдан олдин ювиниб келса ўларканми? Яна бунинг гапларини қаранг. Осмондан келади”. Қизнинг нозик ғадир-будир, ғўза шохлари тилиб ташлаган қадоқ қўллари тобора мажолсизланар, йигитнинг юмшоқ ва кучли бармоқлари гоҳ унинг кўкракларини, гоҳ қуйи, гоҳ юқорини сийпалар, бунга бардош беролмаган қиз йигитнинг қучоғига тобора сингиб борар, бутун бадани чўғдай қизиб, тер қуйиларди. Бир пайт у: “Муҳаммад ака, қўйворинг, кўнглим айнияпти” деди шивирлаб ялинган ва таслим бўлган овозда. Йигит қулоғига гап кирадиган ҳолатда эмасди.

Қиз бўшашиб, бутунлай ихтиёрини йигитга берди. Муҳаммад қизнинг титраб турган дуркун танаси қучоғида бўшашганини сезиб, унинг юзига қаради. Кўча чироғининг деразадан тушиб турган шўъласида аниқ кўрди: қизнинг ранги оқариб кетган, кўзлари юмуқ эди. “Нима қиляпсан, Муҳаммад! Бу бутунлай пок, бокира қиздир. Ўзингни қўлга ол. Болаларингни, обрўйингни ўйла!”.

Калласига келган фикрдан қўрқиб кетиб, қизни дарҳол қучоғидан бўшатди. Муҳаррамнинг боши шилқ этиб ёстиққа тушди. У ҳушсиз эди. Муҳаммад шошиб ўрнидан турди, чироқни ёқиб, қизнинг юзига сув сепди.

–Туринг, Муҳаррам, сизга нима бўлди?
 
Қиз кўзини очди. Ўрнидан туриб ўтирди.

–Нимагадир бошим айланиб кетди…

Муҳаммад жойига ўтиб ётди. Бир пасдан сўнг қиз пиқиллаб йиғлай бошлади. Йиғи аралаш гапирарди:

–Мен сизни ҳамқишлоғим деб орқа қилиб келгандим, сизга сингил бўламан девдим. Сиз бўлсангиз…

Муҳаммад ғалати туйғулар оғушида қолди. Виждони жунбушга келди. “Бир маъсума қиз сенга ишониб, ака ўрнида кўриб, умид билан ёрдамингга муҳтож бўлиб келса-ю, сен нафсингни қондирмоқни ўйладинг, номардлик қилдинг. Сенга ўхшаган ҳар бир зиёли, ўқимишли одам қишлоқдан шаҳарга эзгу ният билан отланган маъсума қизларга кўз олайтираверса, унда бу эл қачон камол топади, қачон хотин-қизлар ўртасидан яхши дўхтирлар, ўқитувчилар етишиб чиқади? Ахир, бутун қораёнтоқликлар сенга кўз тикиб ўтиришибди-ку! Туроб тракторчининг ўғли эрта бир кун олим бўлади, қишлоғимизнинг номини шон-шуҳратга буркайди деб”.

У алламаҳалгача ухлолмай, тўлғониб ётди. Тонгга яқин кўзи илинибди. Уйғонса, Муҳаррам йўқ, стол устида бир варақ қоғоз ётибди. Қоғозни олиб ундаги ёзувни ўқиди:

“Муҳаммад ака, эрталаб тонг ёруғида сизнинг кўзларингизга қарашга уялдим. Қишлоғимизнинг не-не йигитлари менинг ақалли қўлимдан ушлашга ҳам журъат қилишолмаганди. Сиз бўлсангиз… Кечаги тунни умр бўйи лаънат билан эслайман. Тўғри, бунда менинг ҳам айбим бор. Бу сизга ортиқ даражада ишонганим, сиз тоифа одамларни фаришта, деб ўйлаганимдан бўлса керак. Сиз менинг одамларга бўлган ишончимни, эзгу туйғуларимни қўлларингиз билан худди баданимни эзғилагандек эзғиладингиз. Энди мен одам зотига ишонмайман. Қораёнтоқда сиз ҳақингизга шундай ажойиб гаплар эшитгандимки… Агар сиздек тушунган, зукко кишилар шу қадар ифлос (мени кечиринг, бошқа сўз тополмадим) бўлса, ўқимаганим бўлсин. Ҳайф сиздек олимга!
Муҳаррам”.

Бу сўзлар Муҳаммаднинг кўксига ханжардек санчилди. Бир неча кун ўзидан кўнгли қолиб юрди. Ҳамонки, аҳён-аҳёнда Муҳаррамнинг маъсум чеҳраси ёдига тушса, қилмишидан уялиб кетади. Ўзига ўзи энг тубан, энг худбин кимса бўлиб кўринади. Бу гуноҳим учун, албатта, жазо юбор, худойим, деб бир неча бор кўкка илтижо қилган.

* * *

Муҳаммад ўрнидан туриб ўтирадиган, оз-моз юрадиган бўлиб қолди. Юзидаги яраларининг қўтирлари тушиб, одамбашара қиёфага кирди. Фақат боши ҳар замон қаттиқ лўқиллаб оғрирдики, шунда дунё кўзига қоронғу кўриниб кетарди. Дўхтирнинг айтишича, оғриқ аста-секинлик билан йўқоларкан. Уйдан кунора кимдир келиб турибди. Эрталаб онаси билан хотини келишди.

–Худонинг ўзи бир асрабди-да, болам, – дейди онаизор кўзига ёш олиб, – энди буёғига эҳтиёт бўлгин.

Муҳаммаднинг ҳам кўнгли эзилди:

– Қўйинг, йиғламанг эна, мана омонман-ку! Ҳаммаси ўтиб кетади.

Ойсулув эса ҳар галгидек камгап. “Жаҳонгир дадам қачон келади, деб кўп сўраяпти.” дейди. Муҳаммад тушунади. “Соғинибди”. Хотини ҳамиша кўнглидагини ўғлининг номидан гапиради. Узоқроқ вақт қишлоққа келмай қўйса, “Жаҳонгир кечалари сизни сўраб, ухлолмай чиқаяпти” дерди. Муҳаммад унинг сўзларини эшитиб, ичида севиниб қўярди: “Қандай одобли ва андишали хотини бор-а!”.

Ойсулув эрига бир-икки китоб-журналлар келтирибди. Олдинги келганида айтиб юборувди. Тушдан кейин хонага кирган дўхтир Ҳамро Муродовнинг кўзлари шу китоб-журналларга тушди.

–Э, мулла Муҳаммад, – деди одатдагидек мулойим кулиб, – ҳозир сизга ўқиш мумкин эмас.

–Ўқиш мумкин бўлмаса, ўйлаш мумкин бўлмаса, унда яшашнинг нима кераги бор? – хафа бўлиб кетди Муҳаммад.

–Жаҳлингиз чиқмасин, ука, – Жиддий тортди дўхтир, – Ҳали ёшсиз. Бу бош сизга кўп керар бўлади. Бирон асорат қолмасин, дейман-да.

–Ҳадеб ётавериб зерикиб кетдим-да, – Муроса оҳангида гапирди йигит.

–Зерикаётган бўлсангиз, демак тузалаяпсиз. Майли, ташқарига чиқишингизга рухсат бераман. Фақат кўп эмас, бир айланиб тоза ҳаво оласизу қайтасиз. Ўзингизни толиқтириб қўйманг. Ёш бола эмассиз.

–Раҳмат, дўхтир, тузалиб чиқсам сиз ҳақингизда бирон нарса ёзиб бераман газетага.

–Нима ёзасиз?

–Ўзингиз, иш фаолиятингиз ҳақида. Сиздек дўхтирлар кам, деб ўйлайман.

–Аксинча, яхши шифокорлар кўп. Сиз олдин касалхонага тушмаганингиз учун уларни билмайсиз.

–Мана шу фалокат юз бермаганда дунёда сиздак ажойиб одам, билимдон, энг муҳими, фидойи дўхтир борлигини билмасдим.

–Менга қолса, билмаганингиз маъқул эди.

–Ҳамро ака, сиздан бир нарса сўрасам майлими?

–Бемалол сўрайверинг. – Ҳамро Муродов ўрнидан турди.

– Сиз ҳеч пора олганмисиз?

– Нима-а? – Ҳамро Муродов бунақа саволни кутмаганди. Ўрнига қайтиб ўтирди. Қиёфаси жиддийлашди.

– Мен тушунтиролмадим, шекилли. Яъни бировдан, масалан, касалдан пул-мул, совға дегандек… – минғирлади Муҳаммад.

–Бу мақола учун керакми? – кулимсиради дўхтир.

– Йўқ, шунчаки, ўзим… Қайси куни нимагадир хаёлимга келувди.

– Сизга нима десам экан? – Ҳамро Муродов чап қўлини пешонасига қўйди. – Олмайман, десам ишонмайсиз. Сабаби ҳовлим, машинам бор. Бизнинг давлатда маош билан бу нарсаларга эришиб бўлмайди. Оламан, десам сизнинг назарингизда муттаҳамга ўхшаб кўринишим мумкин. Қисқаси, қийин савол бердингиз. Мен кимдан, қандай оламан? Мен пул қутуртириб ётган бойваччадан оламан. Шунда ҳам кўнгилдан чиқариб беришса… Лекин шу пайтга қадар бирон беморимдан таъма қилмаганман. Уларнинг ҳаммасига бирдек муносабатда бўламан. Камбағалми, бойваччами тузалиши учун қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан. Яқинда қизиқ воқеа рўй берди. Чўл районларининг биридан оёғи синган йигитни келтиришди. Нотўғри даволашгани туфайли суяклари жойига тушмаган ва йигитнинг оёғи йиринглаб, у ўрнидан қўзғалолмасди. Менинг отам Мурод бува синган-чиққанларни даволайдиган табиб ўтган. Мен отамдан мана шу ҳунарни озми-кўпми ўрганганман. Баъзи касалларимда қўллаб тураман. Хуллас, йигит бир ҳафтада ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Унинг бир отаси бор экан. Кабинетимга кириб, пул узатаётибди.

– Бува, нечта болангиз бор? – деб сўрадим.

–Ўн битта, – деди.

–Ўзингиз нима иш қиласиз?

– Пахтага сув тарайман.

– Қанча ойлик оласиз?

– Нон-сувга етиб турибди.

–Унда мен сиздан бу пулни олсам, менга, болаларимга татийдими? Сиз ўн бир болангизнинг ризқидан қийиб олиб келган пулингизни рўзғоримга ишлатсам кўр бўламан-ку! Бу эскичага ҳам, янгичага ҳам тўғри келмайди, отахон.

–Йўқ, мен кўнгилдан чиқариб бераяпман, дўхтиржон, олмасангиз хафа бўламан.

–Мен икки дунёда ҳам бунақа пулни ололмайман. Бозорга тушиб, шу пулга мева-чева олинг, болаларингиз бир хурсанд бўлади, – дедим. Шунда отахон кўзларига ёш олди. “Раҳмат ука. Умрингиздан барака топинг. Мендан қайтмаса, худодан қайтсин” дея районда қанчадан қанча дўхтирларга пул берганини, шундай бўлсада ўғли тузалмаганини гапириб берди. Энди ўзингиз ўйланг. Ноинсофлик ҳам эви билан-да. Афсуски, ҳатто ўлаётган бемордан ҳам таъма қиладиган ҳамкасбларимиз бор. Шуларнинг касрига ким ёмон – дўхтирлар ёмон. Халқимизда яхши гап бор: “Ўғрининг пулини олсанг ҳам ҳалоллаб ол!” Бу эгасини рози қил, олдин хизматингни кўрсат, деганидир.

Ҳамро Муродов жимиб қолди. Кейин асабий овозда давом этди:

–Агар маош билан кун ўтказиб, тирикчилик қилиб бўлганида эди, мен пора олмаган, қариган чоғимда виждоним қийналиб юрмаган бўлардим. Мана, сиз домла экансиз. Инсититутга кириш фалон пуллигини билсангиз керак. Лекин сиз ҳамон ётоқхонада яшайсиз. Нима, сиз жамиятга кераксиз ё иқтидорсиз одаммисиз. Бизда талантли одамлар, малакали мутахасислар кун кечириш илинжида ўзини минг куйга солишга мажбур, оқибатда уни турмуш ташвишлари эзиб ташлайди ёки бизга ўхшаб мослашишга, пора олиб, умр бўйи виждон азобида яшашга маҳкум.

–Ноўрин савол бериб, дардларингизни қўзғаб қўйдим, чоғи, – хижолатомуз гапирди Муҳаммад.

–Булар ҳаммамизнинг дардимиз, ука.

–Ҳамро ака, сиз яхши дўхтирсиз, – Муҳаммад унинг оппоқ оқариб кетган чакка сочларига, тобора мункайиб, чўкиб бораётган елкаларига қараб туриб, таскин бергиси келди. – Мен қўлингизда даволанаётган кишиларнинг миннатдорчиликларини ҳар дақиқада уларнинг нигоҳларида кўраман. Сизга шунинг ўзи етарли эмасми?! Бошқа гапларни қўйинг. Сиз бахтли одамсиз. Менинг сизга ҳавасим келаяпти!

–Дўхтирлик ҳавас қиладиган касб эмас. Сиз пенсияга чиқиб, қарилик гаштини суриб юрган бирон дўхтирни биласизми? Йўқ, дўхтирлар пенсиягача етмайди. Ҳозир вилоят дўхтирлари ичида тенгқурларим саноқли қолишган. Мен ҳам инфаркт бўлганман. Юрагим тез-тез оғриб туради. Қўлимда жон бераётган ҳар бир касал ўзи билан мени гўр томон етаклаётганини ҳис қиламан. Ахир, тепасида қараб туриб қўлингдан бирон ёрдам келмаса, эзилиб кетасан. Сиз ўлаётган одамнинг кўзларини кўрганмисиз? Мен эса кўп кўраман. Кишига шундай умид, илтижо билан тикиладики… Бу кўзлар кечалари тушларимга кириб чиқади, туну кун хаёлимдан кетмайди. Энди ўзингиз айтинг, мендек ҳар куни ўлим билан юзма-юз турган киши учун сизнинг пора ҳақидаги сўзларингиз майда гаплар эмасми? Хоҳлайсизми, йўқми, бизнинг ризқимиз эл устига сочилган. Қадимда ҳам ҳакимлар эл оралаб, дардмандларнинг дардига шифо бағишлаб, ризқ-насибасини териб юришган.

Муҳаммад дўхтирга савол берганига минг пушаймон еди. Бунча гап эшитаман, Ҳамро Муродовнинг қалб торларига тегиб кетаман, деб ўйламаганди.

–Сизни толиқтириб қўйдим, ука. – Ҳамрор Муродов эшикка йўналди. – Омон бўлсангиз, ҳаммасини кўраверасиз. Ҳаёт шунақа мураккаб. Яхши дам олинг.

Муҳаммад унинг орқасидан қараб қоларкан, бу фидойи ва хокисор одамнинг кўнгли эзилганини сезди. Эшикдан чиқаётганда елкалари олдингидан-да чўккан, гавдаси кичрайиб қолгандай туюлди. “Бечоранинг кўнгли озор топди. Қаерданам ўша савол эсимга келиб қолди. Бундай одамларни асраш керак” деб ўйлади.

Муҳаммад касалхонага тушгандан буён қизиқ ҳолатни бошидан кечираяпти. Бўлар-бўлмас нарсалар ҳақида ўйлайверади, бирон воқеа баҳона узоқ-узоқ хаёллар суради. Бунга балки бошидаги жароҳат сабабдир. Кеча Москвадан – дўсти Озоддан хат олди. У мактубида касалхонага тушганини эшитиб, жуда изтироб чеккани, афсуски, ниҳоятда бандлиги туфайли боролмаслигини айтиб, узр сўраган, Муҳаммадга сабр-бардош, ирода тилаган, тезроқ соғайиб кетишини ният қилганди. Хатнинг охирида шундай жумлалар бор эди: “Дўстим, Муҳаммад! Табиат менга сиздек ажойиб, бағрикенг, дилбар ва самимий дўст ато этганлиги учун ундан миннатдор яшайман. Тасаввуримдаги бу торгина дунё сизсиз анча ғариб ва рангсиз, кемтик бўлур эди. Ошналар бахтига ҳамиша омон бўлинг. Сизни соғиниб ва қучиб Озод”.

Озоднинг бу мактуби унинг хаёлини узоқларга олиб қочди. Озод билан бир синфда ўқишган. Мактабда Муҳаммад ўзини Озодга нисбатан билимлироқ ҳамда қобилиятлироқ чоғларди. Мактабни битиришган йили у институтга кирди. Озод эса биринчи синовдан қайтди. Кейин кечки бўлимга ҳужжат топширди. Бир йилдан сўнг ўқишини Москвага ўтказди. Озод серғайрат, тиниб-тинчимайдиган, қизиққон ва таваккалчи бўлса, Муҳаммад унинг акси – сермулоҳаза, эҳтиёткор, оғир “карвон” ва дангасароқ эди.
 
Муҳаммад дўстига ҳозир ҳавас қилади. Озод дорилфунунни тугатиб, Москвада қолди. Уч йилдаёқ фан номзоди бўлди. Москвадаги илмий муҳит, устозлари уни тез улғайтди. Шу кунларда унинг ҳар бир илмий мақоласи шов-шув билан кутиб олинаяпти, бу иқтидорли ёш олимнинг ёрқин келажаги ҳақида башорат қилишаяпти. Муҳаммад эса бир-икки йил муаллимлик, уч-тўрт йил мухбирлик қилди. Икки йилдан бери эса олимлик илинжида юрибди. Дўстлар учрашиб қолишганда Муҳаммад Озоднинг илм бобида ўзидан анча илгарилаб кетганини ҳис қилади. Фақат уларнинг моддий аҳволи бир-биридан унча фарқ қилмайди. Озод ишчилар ётоғининг бир хонасида болалари билан туради, Муҳаммаднинг эса оиласи қишлоқда, ўзи Тошкентда. Лекин бошқалар, ҳамқишлоқлари бу икки дўстга ҳавас қилишларини Муҳаммад сезади. Улар бир-бирларига нисбатан болалик чоғларидаги самимийлиги, садоқатини сақлаб қолишган. Муҳаммад неча бор Москвага йўли тушса, Озод кутиб олиб, кузатиб қўяди. Муҳим масалаларда улар, албатта, бир-бирининг маслаҳатини олади. Муҳаммаднинг газетачиликни ташлаб, илмий ишга қўл уришига ҳам Озод сабабчи бўлди.

–Бировни мақтаб, бировни танқид қилиш юмуши жонингизги тегиб кетмадими, дўстим, – деди бир борганида. – Бу дунё шундай норасо қурилган, уни мухбир қалами билан тузатиб бўлмайди. Бир колхоз раисини танқид қилиш ё илғор муаллимни мақташ билан дунё ўзгарармиди? Тарихда қоладиган ишлар билан шуғулланинг. Илмга ўтинг. Бу бебақо дунёда фақат илм-фан, адабиёт ва санъат абадийдир. Қолган ҳаммаси – тирикчилик деб ҳаёт сўқмоқларида елиб-югуришлару ёлғон-рост гапларимиз, ишқ оташида куйиб-ёнишлар – бари ўткинчи.

Муҳаммад ишидан кўнгли тўлмай, ўйланиб юрганди. Дўстининг бу гаплари унга журъат бағишлади.

* * *

– Муҳаммад ака, сизни бир чиройли қиз сўраяпти, – ҳамширанинг овози йигитнинг хаёлларини тумтарақай қилиб юборди. Кўзини очса, тепасида ҳамшира кулимсираб турибди. – Ташқарида, скамейкада кутаяпти.
 
«Ким экан? Синглиси келдимикан? Нега тўғри кириб келавермабди?» У ташқарига чиқди. Қуюқ дарахтлар соясидаги ўриндиқда оппоқ кўйлак кийган бир қиз тескари қараб ўтирарди. Муҳаммаднинг юраги «шиғ-ғ» этиб кетди. «Наҳотки, Меҳринисо бўлса?» Қайтиб ичкарига кирди. Касалхона йўлагидаги кўзгуга қаради. Кўзлари киртайган, пешонасида, яноғида яра ўринлари шундоқ кўриниб турибди. Юқори лабининг шиши ҳали қайтмаган. Сал-пал у ёқ-бу ёғини тартибга келтирган бўлди.

Йигит ўриндиққа яқинлашаркан, юраги тез-тез ура бошлади. Қиз йигитни кўриб чаққон ўрнидан турди.

– Салом Муҳаммад ака, тузук бўп қолдингизми? – Унинг ҳинд қизлариникига ўхшаган қоп-қора чарос кўзлари ўйнаб турарди. Қиз беқиёс даражада гўзал эди. Сутда чайилгандек оппоқ чўзинчоқ юз, тим қора соч, бурнининг устидаги нўхатдек қора ҳол. Ўрта бўй, озғин ҳам, тўла ҳам эмас.

–Салом, Меҳринисо! Яхши келдингизми? – Муҳаммад қизнинг юмшоқ, нозик бармоқларини кафтига оларкан, худди илк бор чимилдиққа кираётган куёвдек ҳаяжонланарди. Ҳар гал шундай бўлади. Ҳар гал Меҳринисо билан учрашганида исмсиз туйғулар оғушида қолади. Гапини йўқотиб қўяди.

Йигит билан қиз бир дақиқа бир-бирига тикилиб қолдилар.

–Вой-бў, мунча чиройли бўп кетибсиз, – жилмайди Меҳринисо йигитнинг юзидаги яраларга қараркан.

–Ҳалиям тузук бўп қолганим бу. Ўтиринг.

–Ишхонангизга телефон қилсам, «Кими бўласиз?» дейишди. «Курсдошиман» дедим. Касалхонага тушганингизни эшитиб, роса қўрқиб кетдим.

–Бир ўлимдан қолдим, Меҳринисо. Худонинг ўзи бир асради-да. Шунча йўлдан овора бўп келганингизни қаранг.

–Қанча кутганларингиз, кузатиб қўйганларингизни бир қайтарайин, дедим-да, – Меҳринисо кулди.

Улар узоқ суҳбатлашиб ўтирдилар. Муҳаммад Тошкентдан атайлаб уни кўриш учун келган бу қизга қандай миннатдорчилик билдиришни билмас, унинг нозик қўлларини кафтига олиб, қисиб-қисиб қўярди. Меҳринисо Муҳаммаднинг кайфиятини кўтариш учун атайин фақат қувноқ гаплардан гапирар, кайфияти жуда яхши эди.

–Қаршига борсангиз, хотиним билан таништириб қўяман, дегандингиз, – қув қараш қилди қиз.

–Бироз кутсангиз, кечга келади, – ҳазилга ҳазил билан жавоб берди Муҳаммад.

–Ростдан ҳозир кеп қолса-я, – жиддий тортди Меҳринисо.

–Бунча қўрқмасангиз…

–Қўрқмай бўларканми, бировнинг кишисини куппа кундуз куни… – Иккови ҳам кулиб юборди.

Муҳаммад Меҳринисони касалхона ҳовлиси дарвозасигача кузатиб қўйди. Хайрлашаркан: «Энди тезроқ тузалиб кетсам керак» деди. Қиз одатига кўра яна шўх кулди:

–Нима, касалхонада қизлар йўқмикин?

–Кўп экан-у, сизга ўхшаганлари учрамаяпти.

Қиз мамнун жилмайди.

* * *

Муҳаммад хонасига кирдию, каравотга ўзини отди. «О, Меҳринисо, нақадар яхши қиз-а?!» Қалбининг аллақаерида нимадир узилиб кетгандек бўлди: «Сенга етар кун ҳам бормикан?!» Шифтга тикилиб ўйчан ётаркан, ёстиғининг тагидан қалингина ён дафтарини олди. Овоз чиқариб, ўқий бошлади:

«Меҳринисо! Сиз кириб келганингизда гуё хонам ёришиб кетгандай бўлади. Ҳар гал мен сизни қанчалик интиқ бўлиб кутишимни билсангиз эди…

Биласизми, мен сизнинг тимсолингизда мусаффолик ва бокираликнинг бир намунасини кўргандай бўламан. Бир қиз бўлса, шунчалик бўлар-да, дейман. Ва ҳар гал сизнинг тоза лабларингизга кўзим тушаркан, бу лаблардан ҳеч ким ўпмаган, деб ўйлайман. (Менга шундай туюлади).

Меҳринисо! Мен ўзимни енгил тоифа йигитлар қаторига қўшмайман. Ва, аксинча, ўзимга гуноҳсиз дейиш фикридан ҳам йироқман. Лекин сизни кўрганим заҳоти бор дунёни унутаман. Сизнинг суҳбатларингиз менга шундай бир завқ бағишлайдики… Сизга тикилиб ўтиришнинг ўзи бир гаштли… Шундай пайтларда худодан фақат бир нарсани илтижо қиламан: севиб қолмайин! Мабодо, севиб қолсам-чи? Бу менинг ёшим ва ҳолатимда кўргилик-ку! Шундай ҳам умримнинг энг бебаҳо дамларини беҳуда ҳою ҳаваслар йўлида сарф қилдим.
 
Сиз эса бир ёниқ муҳаббатга муштоқсизки, мен буни нигоҳларингиздан сезаман. Сезаману қўлимдан ҳеч бир кўмак келмаслигини билиб, кичрайиб кетаман, инсоннинг кўп нарсага ожиз эканлигини англайман.

Меҳринисо! Ҳаётимда у ёки бу маънода қизлар билан дўст, таниш бўлганман. Бироқ сиз менинг қалбимни секинлик билан бўлса-да забт этаяпсиз, ҳадемай бу қўрғонда рақибнинг ўзи қолмайди. Сиз менинг ташқи қиёфамдаги хотиржамлик, осойишталикка, тундликка ишонманг. Одатда, сокин дарёларнинг тубидаги тўлқинлар хавфли бўлади. Худди шундай мен ҳам ички ҳолатим ва ўйларимни кўпинча яширишга, ниқоблашга, сездириб қўймасликка ҳаракат қиламан.

Севиш, ёқтириб қолиш ҳеч бир замонда гуноҳ ҳисобланмаган.

Меҳринисо! Дунёда шундай бир қизлар, аёллар борки, уларни ҳеч ким севмаган, улар ҳеч кимнинг назарига тушмаган, сиз эса бу жиҳатдан омадлисиз. Мен сизга ҳавас билан боққанларини кўп бор кўрганман.

Бу гаплар билан сизнинг кўнглингизни кўтармоқчи эмасман. Сиз чиройлисиз ва бошқа чиройли қизлардан устун томонингиз (ва мен қадрлайдигани) сиз поксиз. Бу поклик, бокиралик чеҳрангиздан шундоқ билиниб туради. Мен баъзида сизнинг тимсолингиздаги мана шу софлик, самимийлик ва маънавий гўзаллик қаршисида тиз чўкким келади. «Э, худо, мени кечир, ожиз бандангни кечир» десаму сизга ўзимни ташласам… Кейинчи? Хонамга ҳар куни ўз оёғи билан кириб турадиган гўзаллик ва покликдан бенасиб бўламанми? Сизнинг завқли суҳбатларингиз-чи? Йўқ. Асло. Бунга журъатим етмасов, деб ўйлайман.

Меҳринисо! Мен сизни кейинги пайтлар бот-бот ўйлайдиган бўлиб қолдим. Йўқ, атайлаб ўйламайман, эсимга тушиб кетаверасиз. Кўчада, уйда… Ажабланманг, уйда ҳам кўп бор эсимга тушасиз. Ҳозир Ойсулувнинг ўрнида Меҳринисо бўлганда қандай йўл тутарди, нима дерди, деб ўйлайман. (Ношукур банда-я).

Инсон дунёси мураккаб экан. Севимли хотининг, болаларинг, завқли ишинг бўлатуриб, кўнгил яна нималарнидир тусайди. Йўқ, мен кўнгил кўчасига кириб ҳаётини издан чиқарган одамларни доимо қоралаб келганман. Лекин бутун дунёни, атрофдаги бор ҳамма нарсани унутиб, севиб қолиш ҳам мумкин-ку! Бундай муҳаббат ҳар қанча завқли ва ширин бўлмасин, албатта, фожиа билан тугайди.

Меҳринисо! Мен сиздан фақат бир нарсани – ҳар куни хонамга кириб туришингизни ва рухсорингизга термулиб завқ олишимга имкон беришингизни истайман, холос. Фақир одамларга мана шу илтифотнинг ўзи ҳам кифоя.

Бу сатрларни ўқиб кулманг. Айтадиларки, дардманднинг ҳолини бошидан ўтган билади, деб.

Қолгани кейин… Омон бўлсак кўраверамизда…
199… йил 16 март “.

«Меҳринисо! Сиз ёзган «мактуб» неча кундирки, менга тинчлик бермайди. Ёлғон, бу бир ҳазил-да дейману, яна ишонгим келади. Ахир, ҳар қандай ҳазилнинг замирида зили, озгина рости ҳам бўлади-ку! Уни дугонангизгаки кўрсатишга уялибсизми, демак рост. Агар шундай бўлса, мен сизни бошимга кўтарардим.

Ўттиз ёшимда, бир неча фарзандга ота бўлганимда ақлдан озаман, севиб қоламан, деб сира ўйламагандим. Ростдан ҳам севиб қолдим-ми? Билмадим. Нима бўлаётганини ўзим ҳам идрок қилолмаяпман. Қалбим ақлимга бўйсунмай қўйганига анча бўлди. Бўлмаса, мендай ақлли, оғир-вазмин, одобли йигит сизга қўшилиб, бола-чақани ҳам унутиб, тоғларда тентирармиди. Ҳар кеч ишдан сўнг соатлаб кутганларим-чи? Бу юришлар одобга тўғри келмаслигини биламан. Лекин кўнглим менга, ўз эгасига бўйсунмаётган бўлса, не қилай? Баъзан ўзимни танимай қоляпман. Наҳотки, шу ишқида садоқатли, ёрига вафодор менман?
 
Сиз менинг осойишта, тинч ҳаётимни бузиб юбордингиз, бир маромда оқаётган қалб денгизимга тўлқин бўлиб кирдингиз. Анчадан буён хаёлларим жойида эмас. Тонгга яқин уйқум қочиб кетади. Ўйлайман, нима бўлаяпти ўзи? Бу ишлар менга бир дунё ташвиш олиб келишини, охири бахайр бўлмаслигини ҳам биламан. Аммо барибир сиз менга завқ бағишлайсиз. Энг гуллаган ёшлик йилларимни, биринчи муҳаббатимни эсга соласиз. Сиз ҳаётимга, хаёлимга кириб келганингиздан буён кайфиятим жуда яхши. Фақат қўлим ишга бормайди. Ишлайман, деб қаттиқ аҳд қиламану, хаёлимга яна сиз келаверасиз. Бу не кўргилик?!
 
Кейинги пайтларда дўстларим, ўртоқларим ҳам менга ажабланиб қарашаяпти, ўзгараётганимни айтишаяпти.

Сиз билан менинг ўй-фикрларимиз, дунёқарашларимизда катта тафовутлар бўлса-да, кейинги пайтларда суҳбатларимиз узоқ-узоқ чўзилаётганини, сизни интиқлик билан кутаётганимни сезаяпсизми? Биз бир-биримизга ўрганиб қолаяпмиз, чоғи. Энди танишган пайтларимизда эса гап тополмай қолардим, гурунгимиз қовушмасди. Шунинг учун ҳам дугонангиз бунча гапларинг адо бўлмайди, нималарни гаплашасизлар-а, деганида минг карра ҳақ эди.

Меҳринисо! Бу ўткинчи дунёда ҳамма меҳрга зор. Қанча обрў, пул топиб, меҳр топмаган, ақалли бир кишининг меҳрини қозона олмаган одамларни биламан. Бунақа умр азоб-ғурбатку! Нима бўлгандаям мен сиздан миннатдорман. Сизни кўрсам қувонаман, кайфиятим кўтарилади. Биласизми, айтишга ҳам уялади, киши. Кейинги пайтларда сизни рашк қила бошлаяпман. Гарчи бунга ҳаққим бўлмаса-да. Ахир, ўзингиз айтдингизку, сизга нима, мен сизга кимман, деб. Лекин тоғда бир нарсадан хурсанд бўлгандим: мен сизга қанча қаттиқ гапирмайин, танбеҳ бермайин, кулиб қўяқолган, ҳеч нарса демагансиз. Ваҳолангки, сиз ўта мағрур, бировнинг бир оғиз гапини кўтармайдиган қизлардан ҳисобланасиз. (Ўзиям, тоғда роса куйдиргансиз-да).

Биласизми, сизнинг ақллилигингиз, қувлигингиз, шўх-шаддодлигингиз учун яхши кўраман. Балки ҳамма гапларингиз муносабатингиз ёлғондир, маккорликдир. Майли, шу маккорлик қурбони бўлишни истайман.
199… 15 май “.

«Меҳринисо! Товуқ каталагидек тор хонамда ёлғиз ҳар кун сизни ўйлайман. Баъзан овозимни чиқариб сиз билан ғойибона суҳбатлашаман. Сизни суйиб-суйиб эркалайман, «жоним» дейман. Не қилай, кучим шунга етади, холос.

Меҳринисо! Сиз менинг ташқи қиёфамдаги хотиржамликка ишонманг. Ич-ичимдан тутаб, куйиб кетаяпман. Сабр-бардошимнинг сўнгги кучлари билан ўзимни зўрға сақлаб турибман. Хаёлимда яқин орада чидолмасдан ёниб кетадиганга ўхшайман.

 Сизнинг қоп-қора, тийрон кўзларингизга тикилганимдагина дардим бироз енгиллашади. Мен сизнинг кўзларингизда хайрихоҳликни, қандайдир, ҳали маъносига етиб улгурмаганим талпинишни, меҳрни кўраман. Сиз мени яхши кўришингизни мана шу кўзларингиз фош этиб қўяди баъзан. Тўғри, унда бироз қувлик ҳам бўлади. Лекин барибир гоҳо мен сизнинг кўзларингизда энг самимий, тил билан айтиб бўлмайдиган розларингизни англагандай бўламан. Мана шу нарса менга озгина бўлсада ором беради, қалбим қаноат ҳосил қилади.

Меҳринисо! Ўзингизни ҳам, мени ҳам қийнаб нима қиласиз. Мен сизни шунақа оташин муҳаббат билан севаманки, сиз бундай муҳаббатни кўрмагансиз, кўрмайсиз ҳам. Сиз менинг муҳаббатимнинг тўлиқ ҳароратини ҳали татиб кўрганингиз йўқ. Агар сиз менинг ишқимга ишқ билан жавоб берсангиз, мен сизни шундай меҳр билан ардоқлайинки, менинг муҳаббатим, соф туйғуларим олдида Фарҳод ва Мажнун севгиси оддий ошиқлик холос.

Сизга дугоналарингиз бироз ҳавас, бироз ҳасад билан қарашларини сезасизми? Чунки сиз уларнинг фикрича, дуппа-дуруст бир одобли йигитни ўтир деса ўтиртириб, тур деса турдириб, гапингизга кирдириб юрибсиз-да. Илгари уларнинг бу гапларини эшитсам, ўзимни бироз ноқулай сезардим. Энди эса бундай гаплар менга таъсир қилмай қўйди. Мен сиз учун ҳамма нарсага тайёрман.

 Энди танишган пайтларимизда, тўғриси, сизга кўпам ишонмасдим. Ҳазил-ҳазил билан сизга бу қадар ўрганиб қоламан, сизсиз туролмайдиган ҳолга келаман деб сира ўйламагандим. Бугун ҳам сафардан кейин тўғри уйга қайтсам бўларди, лекин бугуннинг ҳисобидан сизни бир бор кўрмасдан кўнглим тинчимаслиги, туним азоб билан ўтишини билиб, кеч бўлсада институтга бордим. Сиз ҳам менинг кўнглимни тушундингиз ва олдимга кирдингиз. Сизга бир бор тўйиб тикилдиму кўнглим жойига тушди. Ҳазил гап қилдимку: “Сизга бир бор тўйиб тикилсам, икки кун кўнглим тўқ юради”» деб.

Мен сизнинг софлигингизга ишонаман, Меҳринисо! Сизнинг ишқингиз мени тўғриликка, софликка ундайди. Санаториядаги йигирма тўрт кун ўзимга қойил қолдим. Кўз олдимдан институт йўлагидаги кулиб турган чеҳрангиз сира кетмади. Меҳринисо! Мен сизга ҳеч кимга айтмаган гапларни айтганман. Бу гапларни ҳеч бир қиз менинг оғзимдан эшитмаган. Ўйлайманки, ҳеч ким сизга мен каби куйиб-ёниб кўнгил изҳор этмаган. Ёдингиздадир, тиз чўкиб ёлворганим…

Биламан, мабодо бу ёзувларга кўзингиз тушиб қолса, сиз куласиз ва ўзингизни мендан олиб қоча бошлайсиз. Атайин куйдириш учун. Доим шунақа. Мен сизга талпинганим сайин сиз қочасиз. Ахир, беш кунлик ўтар дунёда нима қиласиз мени бунча қийнаб. Келинг, менинг энг азиз кишим, ҳаётимда йўлдошим, сирдошим бўлиб қолинг. Менинг сиздан ягона ўтинчим шу!
199…йил 7 август. “

“Меҳринисо! Кеча мен учун оғир кун бўлди. Ўзинг яхши кўрган одамни бировга тавсия этиш азоби кун бўйи мени қийнади. Меҳринисо, мен сизни нимагадир ҳеч кимга раво кўрмайман. Сиз шу ҳолингизча гўзалсиз. Бу гўзалликни кимнингдир қўли пайҳон қилишини тасаввур этиш азоб. Лекин яна табиат қонунида, барибир, кимгадир турмушга чиқиши керак-ку, деб ўзимга таскин бераман.

Меҳринисо! Кеча уззукун хаёлимдан сизнинг қиёфангиз кетмади. Худди биров сизни мендан тортиб олиб кетадигандек туюлаверди. Биласиз, мен сизнинг дугоналарингиз билан ҳам яхши муносабатдаман. Лекин улардан кўра сиз менга маънавий жиҳатдан яқинроқсиз. Сизни дўстларим қаторида қадрлайман.
 
Инсон руҳияти қизиқ. Гоҳида сизни олиб узоқ-узоқларга кетгим келади. (Қаранг, қанчалик худбинман-а). Эҳ, бунча чигал бўлмаса бу дунёнинг ишлари?! Яхши кўрган одаминг қаршингда ўтирса, журъат қилиб ақалли қўлини ушлолмасанг. Чунки жамиятнинг ҳамма ахлоқ қонунлари бунга қарши. Кўнгил-чи? Э, кўнгил қурсин.

Ҳаётимдан нолимайман. Иншоолло, бундан кейин ҳам ёмон бўлмас. Бироқ ҳар бир кишининг маънавий жиҳатдан бир яқини, сирдоши бўлгани маъқул. Сиз менинг кўз қарашимданоқ нима демоқчи эканлигимни дарров тушунасиз. Кўнглингдагини, нимани истаётганингни айтмасингдан тушунган одамнинг садағаси кетсанг арзийди. Баъзан энг яқин деб билган дўстларинг, оиланг ҳам сени тушунмаганда сиқилиб кетасан, киши. Афсуски, сизга етишишнинг ҳамма йўллари мен учун берк. Гоҳида ўзимнинг хаёлларимдан даҳшатга тушиб кетаман.

Олдин қўлингизга бир ҳазил шеър тутқазганимда “Ҳозир бу усул урфдан қолган” дегандингиз кулиб. Не қилай, ушбу гапларни кўзингизга тик қараб айтишга журъатим етмаса.

Фақат кулманг, ўз кўнглига қарши боролмаётган мендай ожиз одамнинг устидан кулмаслигингизни илтимос қиламан.
199…йил 8 январь “.

“Мени кечаги қилмишим учун кечиринг. Наҳот, бутун умр излаб топганим – сизни бир онда йўқотиб қўйсам. Сиз чиқиб кетгач, карахт аҳволда ўтириб қолдим. Миям ишламас, чакка томирларим лўқиллаб урар, юрагим ўз қафасидан чиқиб кетгудай типирчиларди. Йиллар давомида сизда уйғотган ишончимдан наҳот бир дақиқада маҳрум бўлдим?

Сизнинг телефондаги “хайр” деган сўзингизни эшитиб юрагим орқага тортиб кетди. Нега энди “хайр”. Наҳот, энди ҳаммаси тугади?!
 
Мана ўшандан буён икки кун ўтди. Сизнинг беозор жилмайиб туришларингиз сира кўз ўнгимдан кетмаяпти. Маънили-маънисиз гапларимга зукколик билан топиб айтган жавобларингиз менга завқ бағишларди: – “Сиз мени адои тамом қилдингиз?” “– Ҳеч бало қилгани йўқ, мана дуппа-дуруст ўтирибсиз-ку!”

Сизнинг ҳуркак нигоҳларингиз хаёлимга муҳрланиб қолган. Худди оҳу мисол чўчиб қочишларингиз қонларимни гупиртириб юборди. Ўзимни тутолмай қолдим.

 Мени кечира оласизми? Нима қилай, кўнглим сизни истаса. Айтинг, мен нима қилай? Икки ўт орасида қолдим… Бундан буёғига нима бўлишини худо билади…
199…йил 29 март “.

* * *

Муҳаммад ён дафтарига турли вақтларда ёзиб қўйган бу сатрларни ёлғиз қолган пайтлари ўқиб, ўзи билан ўзи овунади, юраги ором топади. Меҳринисо… У бу қиз ҳақида ўйлаганида, нафақат ўйлаганида, балки исмини эшитган заҳотиёқ юраги орзиқиб кетади. Унинг олдида худди ўн саккиз яшар йигитдек ўзини босолмай, ҳаяжонланади. Ўзидаги бу ҳолатга йигит ҳайрон. “Нима бўлаяпти ўзи?” Тўғри, бир пайтлар у Ойсулувни китоблар таъсирида болалик қизиқиши билан куйиб-ёниб яхши кўрган, бироқ йиллар ўтиб оқ-қорани таниганида, бир неча фарзандга ота бўлганида яна севиб қоламан, деб сира ўйламаганди. У мухбирлик қилиб юрган йилларида хотини, бола-чақасини ташлаб, ёш қизга уйланиб кетган эркаклар, обрўли одамлар ҳақида одоб-аҳлоқ мавзуида қатор мақолалар ёзган, уларни бевафоликда, худбинликда, меҳр-оқибатсизликда айблаган. Энди эса ўзининг бошида бу ташвиш. Ҳозир газета ва журналларда чиқаётган одоб-ахлоқ мавзуидаги мақолаларни ўқиб қолса, энсаси қотади. Ёш-ёш қизлар, турмуш нималигини билмаган йигитчалар отаси тенги одамларга ақл ўргатиб, сафсата сотадилар. Турмуш шундай мураккабки, бошингга тушмагунча билмас экансан.

Институт лабораториясида ишлайдиган бу қизни Муҳаммад ҳар куни кўрар, иш юзасидан оз-моз гаплашиб туришарди. Қиз ниҳоятда одобли, ўзини жуда яхши тутар ва доимо ҳаммага яхши муомила қиларди. Бир куни у билан кўпроқ суҳбатлашиб қолди. Қиз очиққина экан. Унинг кўнглига келган фикрни ҳеч тортинмасдан эркин айтиши ва тўғрисўзлиги Муҳаммадга ёқди.
 
Шундай кўҳлик ва кўзга яқин, ақлли қизнинг шу ёшга қадар (у Муҳаммаддан уч ёш кичик эди) турмушга чиқмаётганлиги ажаблантирарди. Эшитишича, унга жуда кўп йигитлар совчи қўйишган ва ҳозир ҳам эшикларидан совчиларнинг қадами узилмасмиш. “Ажабо, – деб ўйлади Муҳаммад, – йигитларнинг бозори чаққон бизнинг кунларимизда ноз-фироққа бало бор эканми?”

Бир гал ишдан қайтишаётганда секингина сўради:

–Нега турмушга чиқмаяпсиз, Меҳринисо?

Қиз кулди: – Сиз ҳам минглаб одамлар берган саволни бераяпсиз?

Муҳаммад ноқулай вазиятда қолди. Қизнинг жавоби унга “Сиз ҳам бошқалардан фарқ қилмас экансиз” дегандай эшитилди.

–Кечирасиз…

–Меҳринисо маъюс тортди. Кейин секин гапира бошлади:

–Билмадим, ғалати феълим бор менинг. Мана, ҳозир сиз билан суҳбатлашиб боряпмиз. Истаган мавзунгизда, ҳоҳлаганча гаплашишим мумкин. Бироқ сиз мабодо “Сизга уйланмоқчиман” десангиз, бирдан ёмон кўриб қоламан. Кўп йигитлар билан танишиб кўрдим. Ҳеч қайси ёқмади.

–Айбсиз дўст қидирган дўстсиз қолади, деган гап ҳам бор.

–Биламан, дунёда яхши йигитлар кўп. Аммо яхши кўрмаган одам билан бир кун яшашни ҳам тасаввур қилолмайман. Ундан кўра шундай юраверганим маъқул эмасми? Ўзинг хон – кўланканг майдон. Бировга оғирлигим тушмаса. Ёлғизликка ўрганиб қолдим, шекилли.

Қизнинг бирдан суҳбатга киришиб кетиши, эркин гапириши Муҳаммадни дадиллантирди.

–Дунёда кўнгилдан ташқари масъулият деган нарсалар ҳам бор. Ахир, ҳар бир қиз она бўлишни истайди-ку. Ҳатто қушлар ҳам жуфтига талпинади. Ҳаёт шуниси билан гўзал, ширин-да.

–Гапларингиз тўғри. Ёшим ўтиб бормоқда. Мен тенгилар аллақачон бир неча фарзандли бўлишди. Энди мени бўйдоқ йигит олмаслигини ҳам биламан…

–Севганмисиз?

–Ҳа, талабалигимда бир йигитни ёқтириб қолганман. Билмадим, севгимиди у?

–У-чи?

–Йигитми? У мутлақо мени танимасди. Ҳозир ҳам танимайди.

–Қизиқ-ку?!

–Сиз йигитларга осон. Бировни ёқтирсангиз, кўнгил изҳор қилиш имконияти бор.

–Агар, хўп десангиз, бир дўстим бор, таништириб қўяман.

–Нима бўлган унга? – Қиз ажабланди.

–Турмуши бузилган.

–Бировнинг тавсияси билан танишишни ёқтирмайман. Сунъийга ўхшайди. Тасодифан учрашиб қолсанг бошқа гап.

–Унда тасодифан учраштириб қўяман, – кулди Муҳаммад.

–Яқинда бир дугонамнинг тавсиясига кўра биттаси билан танишдим. Яхши йигит. Кўринишлари ҳам, оиласи ҳам, касби ҳам дуруст. Аммо тегмадим.

–Нега? – Муҳаммад таажжубини яширолмади.

–Ўзимни кўзим қиймади. – Кулди Меҳринисо. – Ахир йигирма етти йилдан буён ўзимни гард юқтирмай асраб юрсам-у, у киши бирдан эгалик қилиб олсалар.

–Унда сизни мажбурлаб эрга бериш керак экан. Мен сизнинг отангиз бўлганимда қўл-оёғингизни боғлардим-у қопга солиб, даштгами, тоққами, биронтасига бериб юборардим, – ҳазиллашди йигит.

– Онам ҳам шундай дейди. Ўзинг топсанг топ, бўлмаса шартта биронтасига “хўп” девораман, шунча йил кўнглингга қараганимиз етар, дейдилар. Ўзи яна бир кун кўринмасам, ҳовлига сиғмай қоладилар. Менга ўрганиб қолган, бечора.

– Кузатиб қўйсам майлими? – Муҳаммад журъатсизлик билан қизга қаради.

–Катта йўлдан муюлишгача майли. Нарёғига мумкин эмас. – Меҳринисо маъноли жилмайди. Кейин қўшиб қўйди: – Қўшнилар кўриб қолса, гап кўпаяди.

–Муюлишга етгач, қиз секинлади.

–Хўп, сизга раҳмат. Яхши дам олинг.

– Суҳбат учун сизга-да раҳмат. Яхши тушлар кўриб чиқинг.

Ўша куни Муҳаммаднинг алламаҳалгача уйқуси келмай ётди. Меҳринисо ҳақида ўйлади. “Қандай ақлли, чиройли қиз-а? Гапларини айтмайсиз-ми? Ҳар бир гапи кишига завқ бағишлайди. Бир қиз бўлса шунчалик бўлар-да”.

Эртасига иш тугаши олдидан лабораторияга кирди. Меҳринисо ёлғиз ўтирган экан.

– Шунча ишлаганимиз етар энди. Юринг, кетдик.

Меҳринисо йигитга қараб жилмайиб қўйди.

–Майли, сиз тушаверинг, мен ҳозир.

Меҳринисо бир пасда чиқиб келди. Ундан хушбўй атир ҳиди анқир, сал-пал бўянишга ҳам улгурибди. Кинотеатрнинг олдидан ўтаётганда Муҳаммад қизнинг эътиборини афишаларга тортди.

–Кинога тушмаймизми?

–Йигитнинг томдан тараша тушгандай дабдурустдан берган бу саволига қиз ажабланиб, унга ялт этиб қаради.
 
–Йўқ, уйда хавотир олишади.

Муҳаммад ўзининг нотўғри гап қилганлигини сезди:

–Иш кўплигидан кино-пинога тушишга ҳам қўл тегмайди. Шундай қилиб умр ўтаверарканда-а?!

Йигит йўлни хиёбон ичидан бошлади. Қуюқ дарахтлар тагига қўйилган ўриндиқларда ошиқ-маъшуқлар бир-бирининг пинжига тиқилиб ўтиришарди.

–Шуларни кўрсам негадир ғашим келади, – деди Меҳринисо. – Муҳаббат – муқаддас туйғу. Уни кўчада намойиш қилиш менга ғалати туюлади.

Суҳбат асносида улар катта кўча муюлишига бориб қолишганини сезишмади.

Шу тариқа ҳар кун ишдан бирга қайтишадиган бўлишди. Бирон ҳафтадан сўнг Муҳаммад яна кинога таклиф қилди. Қиз бу гал йигитнинг раъйини қайтаргиси келмади.

Муҳаммад ётоқхонада ёлғиз зерикади. Шу сабаб ҳар ҳафта бирон нарса ўйлаб топади. Гоҳ музейга боришади, гоҳ театрга, ҳеч бўлмаганда рассомлар кўргазмасига таклиф қилади. Кунлар ўтган сайин Муҳаммад қизга ўрганиб қолаётганини, бирон кун кўрмаса қўмсаётганини сезди. Узоқ кечалар уни ўйлар, қизиқ-қизиқ гапларини эслаб, кулиб қўярди. Меҳринисо ҳам негадир Муҳаммаднинг кўнглига қарар, йигитни ранжитгиси келмасди.

Касалхонага тушишдан сал олдин хиёбонда сайр қилиб юришганида йигитнинг тоқати тоқ бўлиб, қизнинг қўлларидан ушлаб ўзига тортди. Меҳринисо ток ургандек сесканиб, чўчиб тушди. Қизнинг ҳуркаклиги йигитни жўштирди. Уни маҳкам бағрига босиб, нам, ҳароратли лабларидан ўпди. Қиз маюс тортиб қолди. Йигитнинг қучоғидан сирғаниб чиқаркан “Бўлди, кетинг, энди менга гапирманг” деди.

–Мени сизни севиб қолдим, Меҳринисо!

–Қўйинг, сизнинг мақсадингиз шул экан. Бу ёлғон гапларингизни бошқа қизларга айтинг. Сиз ҳали мени мутлақо билмайсиз-ку. Бизнинг алғов-далғов, бевафо замонда оддий, тўғри, ҳалол одам бўлиб яшашнинг ўзи катта бахт. Мен шундай ўйлайман.

–Сиз учун ҳамма нарсага тайёрман. Майли, мени нима, ким деб атасангиз, ўзингиз биласиз. Сизни кўриб, ақлли гапларингизни эшитиб турсам бўлди.

–Йўқ, энди мени кутманг ҳам, борманг ҳам, хайр. – Қиз тез юриб ундан узоқлашди.

Муҳаммад тун бўйи ўзи билан ўзи олишиб чиқди. Орадан ўтган бир ҳафтада у энди Меҳринисосиз яшай олмаслигини аниқ ҳис қилди. Қизни сўроқлаб борди. Қиз хомуш “келинг” деди, холос.

–Меҳринисо, мен сизсиз ўтган етти кунда жуда кўп нарсаларни ўйладим. Энг аввало, қўполлигим учун мени кечиринг.

–Сиздан хафа эмасман. Ўзимдан ўтди. Мен сизга имкон яратиб бердим.

Муҳаммад бу жавобни кутмаган эди. Севиниб кетди.

– Меҳринисо, мен сизга совчи юбораман.

– Жинни-пинни бўлганмисиз? Болаларингизнинг уволига қолайин-ми?
– Сизнинг ишқингиз мени жинни қилди. Болалар ҳам улғайишгач, ошиқ отасини тушунар.

–Эсингизни еб қўйибсиз. Бир яхши гапга, бир ёмон гапга фаришталар омин деркан. Гапингизни қайтариб олинг.

–Қарорим қатъий. Эртага онангизга айтинг, уйда бўп турсин.

–Бекорларни айтибсиз, мен сизга тегмайман.

–Қани тегмаганингизни кўрайин-чи?

Муҳаммад эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетди.

* * *

Дам олиш куни Муҳаммад куёвлардей ясанди. Ўзи яхши кўрадиган оқ кўйлагини, йўл-йўл қора камзул-шимини кийди. Таксига ўтириб, эски шаҳарга жўнади.

Меҳринисо онаси билан турадиган пастқам, эски типдаги пахса ҳовли дарвозасини қоққанида қуёш тиккага келганди. Муҳаммаднинг юраги “дук”иллаб ура бошлади.

–Ҳозир, – ичкаридан аёл кишининг овози ва “шип”иллаган қадам товуши эштилди.

Муҳаммад Меҳринисони кўп бор кузатиб келган бўлса-да, ҳар сафар муюлишдан қайтарди. Дарвозанинг эшиги очилиб, қорачадан келган озғин кампирнинг юзи кўринди.

– Саломалайкум…

– Ваалайкум, келинг ўғлим…

– Меҳринисоларнинг уйи шуми?

– Шу, ўғлим, – Кампир тараддудланди, – келинг.

Муҳаммад ҳовлига кирди. “Келаверинг” дея кампир зипиллаб уйга кириб кетди. Муҳаммад ҳовлига кўз югуртирди. Торгина ҳовли. Уй олдида бир туп ўрик. Ҳовли чиннидай қилиб супириб-сидирилган.

–Меҳринисо бозорга чиқувди. Ҳозир кеп қолади. Қани, уйга кирингчи, ўғлим. – Кампир ичкаридан чиқиб таклиф қилди.

Тор даҳлиз ва икки хонадан иборат уйнинг пойгакдагисига ўтиришди. Уй ичларингиз тинчми?

–Ўзингиз яхшимисиз? Қаричилик билан эсон-омон ўтирибсизми?

–Худога шукур, болам.

Уй ичи қадимги иморатларга ўхшатиб қурилган. Деворда кўрпа-ёстиқ йиғадиган тахмон, токча ўрни қолдирилган. Ўртада хонтахта. Шоҳи, беқасам кўрпачалар. Нимагадир Муҳаммаднинг эсига “Ўтган кунлар” фильмидаги Кумушбибининг уйи тушди. “Кумушбибидан қаери кам” дея ўйлади. Деворда Меҳринисонинг онаси билан тушган катта сурати осиғлиқ. Суратда қизнинг ёшроқ пайти, шекилли, нигоҳлари оловдай. “Ҳозир эса ўйчанроқ”.

Кампир дастурхон ёзиб, нон, қанд-қурс, майиз қўйди. Чой дамлаб келди.

–Олиб ўтиринг, ўғлим.

Чой қуйиб, йигитга узатаркан “Сизни танимайроқ турибман” деди.

– Мен Меҳринисо билан бирга ишлайман. Отим Муҳаммад.

–Ҳа-а, шундай денг… – Кампир маъноли қаради.

–Энди, момо, айбга буюрмайсиз, бир юмуш билан келувдим. – Муҳаммад дув қизариб гап бошлади.

Кампир қулоғини динг қилди: “Ишқилиб яхшиликка бўлсин-да”.

–Қизингизга совчи бўлиб келдим… – Шундай деди-ю, дастурхон попугини ўйнай бошлади.

– Кимдан, айланай?

–Нима десам экан, – каловланди Муҳаммад. – Меҳринисо билан бирга ишлаймиз. У дабдурустдан хаёлига келган фикрдан хурсанд бўлиб кетди.

– Бир дўстим бор…

Кампир елка учирди. – Нима уйланмаганми?

–Уйланга-а-н-н, – тутилиб дудуқланди йигит.

–Ажрашганми?

–Йў-ў-қ, оиласи қишлоқда туради.

–Болалари борми?

–Бор.

–Нечта?

–Тўртта, икки ўғил, икки қиз.

–Э-э, болам, унда нега?…

–Қизингизни яхши кўрармиш…

Кампир бир зум жим бўлиб қолди. Кейин аста бошини кўтарди.

–Бегуноҳ болаларнинг уволига қоламиз. Ҳа, қиз ўлгир, ҳали шунақа денг. Унга айттим-а, тег, тег, биронтасига тег деб. Бу не шармандалик. Оилали одам уйланаман, деб ўтирса-я. – Кампир жаврай кетди.

–Момажон, қизингиз кўнмаяпти. Унга тушунтиринг, шаҳардан уй оламиз… – Йигит беихтиёр лабини тишлаб қолди.

–Овозингизни ел учирсин, ўғлим. Кўринишингиздан эсли-ҳушли йигитга ўхшайсиз. Қизим кўнганда ҳам мен розимасман. Тўрт боланинг уволидан қўрқинг-а!

–Унда нима қиламиз моможон. Менга ёрдам беринг. Сизни бошимга кўтарай, моможон!

–Э, бечора йигит, бу мушкул савдо. Ҳали келсин, мендан кўради, жувонмарг. Қанча-қанча бўйдоқ, не-не суқсурдай йигитлардан совчи келганида кўнмай, энди тўрт болали одамнинг бошини айлантириб юрибдими, ўлгир.

–Моможон, илтимос, ўтиниб сўрайман, қизингизни кўндиринг. Бўлмаса дўстим адои тамом бўлади. – Йигит астойдил ялвора бошлади.

–Ҳа, ўғлим-а, – Кампир “уф” тортди, – кошки менинг қурбим етса-я. Етмиш йилки, бу дунёнинг ишларига тушунмайман.

Йигит сувга тушган мушукдек шалвираб-судралиб ташқарига чиқди.

* * *

Касалхонадаги ҳар бир кун азоб билан ўтарди. Муҳаммад анча соғайиб қолган бўлсада, сиқилар, вақт ўтиши қийин эди. У тонг саҳарда, ҳали беморлар уйқудан турмасдан тоза ҳавода шифохонанинг кенг ҳовлисини бир айланиб чиқар, бирон чеккароқдаги ўриндиқда ўтириб дўхтирлар ва ҳамшираларнинг ишга келишини кузатарди. Сўнг кун бўйи узала тушиб, шифтга тикилиб ётарди. Кечки овқатдан кейин салқинда яна бир ҳовлини кезар, шу билан тонгга қадар хонадан чиқмасди. У деярли ҳеч ким билан гаплашмас, ҳеч кимга қўшилмасди. Бошқа беморлар кўриниши зиёлинома, рангида қон йўқ бу йигитга ётсираб қарашар, у дўхтирлар ва ҳамшираларнинг алоҳида эътиборида турганини сезишарди. Муҳаммад уларнинг ёнидан ўтаётганда ўзи ҳақидаги шивир-шивир гапларни эшитарди. Бири “олиммиш”, “катта домулла эмиш” деса, бошқа бири “ёзувчи экан, китоблари чиққанмиш” дерди. Учинчиси эса бошини сарак-сарак қилиб ҳаммасидан ошиб тушарди:

–Ишқилиб, оддий одаммас, рангини қара, умрида қуёш кўрганга ўхшамайди. Кўп ўқиса керак-да.

Муҳаммад бу гапларни эшитиб мийиғида кулиб қўярди. “Олиммиш, ёзувчимиш. Ора йўлда қолган одам, десалар тўғрироқ бўлармиди? Бир ҳисобдан шуларга маза: қорни тўйса ғам йўқ. Қайсидир бир китобда ўқиганди. Аслида ҳаётнинг таъмини, завқини оддий одамлар кўпроқ тотаркан”. Касалхонага тушгандан буён бу фикр унинг миясидан кетмайди. Инсон учун соғлом бўлишнинг ўзи энг олий бахт экан. Шундай тунларни ўтказдики, мириқиб, қониб ухлаш орзуси эди. Қўлига қошиқ тутолмаган, ҳожат учун ўрнидан туролмаган пайтлари кўзига ёш олди: “Эй, худо, бу не кўргилик?!” Ҳолбуки, ер юзида минглаб майиб-мажруҳлар, ўрнидан қўзғалолмайдиган хасталар бор. Ҳар куни турли фалокат ва касалликлардан қанча одам ўлиб кетяпти. Шундай экан, ота-онанг, дўсту душманларинг, бола-чақанг олдида соғ-саломат юришнинг ўзи катта давлат, худонинг сенга инояти. Шон-шуҳрат изидан қувиш, мансаб, мол-дунё, обрў талашишлар бу дунёнинг ўткинчи ҳою-ҳавасларидир, деб ўйлайди. Муҳаммад мухбир сифатида шикоят хатлар сабаб вилоятнинг шаҳар, қишлоқларини кезганида бир қарич ер учун бир-бирига қўл кўтарган оға-иниларни, ошнасининг жуфти ҳалолига, ҳатто ўз синглисига кўз олайтирган бедаволарни, пул учун ҳар қандай ифлос ишга қўл урадиган қабиҳ кимсаларни, танфурушларни, “ўз қўрғоним обод бўлса бўлди, дунёга ўт кетмайдими” қабилида иш тутадиган манфаатпараст, худбинларни кўрди. Шунча ёмон одамларни кўтариб айланаётган ернинг ўз ўқидан чиқиб кетмаганлигига шукур қиласан баъзан. Оллоҳнинг тоқатига, сабр-бардошига балли-е!

Муҳаммад кечки салқинда айланиб юриб, касалхона ҳовлисидан ташқарига чиқди. Шифохона шаҳар чеккасида жойлашган бўлиб, шундоқ биқинида лўлилар маҳалласи бошланиб кетарди. Пастқам уйлар, тор кўчалар… Касалхона деворига туташ уй олдида бир йигит билан жувон таппи қўйишаяпти экан. Муҳаммад беихтиёр уларни кузатиб қолди. Йигит қўлида белкурак, гунг уюмига сув сепиб ивитади-да, катта тунука тоғорага солади. Кейин жун босган, бақувват йирик оёқлари билан тоғора устига чиқиб, гунг шилтасини тепа бошлайди. У липасини тиззасигача тириб олган. Кўйлагининг олд тугмалари ечилиб кетган. Қуёш тиғида унинг ёлли, чўяндай қоп-қора кўкраклари, билаклари ялтирайди. Лўли йигит тоғорадаги гунгни обдон қотиргач, ёнидаги 10-11 ёшлардаги ялангоёқ, ялангбош болага имлайди. Бола тоғора қулоғига илмак симни илдиради-да “тақ”иллатиб судраб кетади. Сал нарида текис жойда турган толхивичдай озғин, қотма жувон бола олиб борган тоғорани ерга ағдараяпти. Жувон узун кўйлак кийиб, пешонабоғ танғиган, оёғида калиш. Улар ишга шунчалик берилиб кетганларидан атрофга қиё боқишмасди.

Муҳаммад лўлиларни анча кузатиб турди. “Бизда бунақасини лаган таппи дейишади” дея хаёлидан ўтказди. Унинг негадир ботаётган қуёш нурида жиққа терга ботиб ишлаётган ярим яланғоч мана бу йигитга, унинг хотинига ҳаваси келди. Ўзини ва Меҳринисони бу бахтиёр жуфт ўрнига қўйиб кўрди. Меҳринисони таппи қўяётган ҳолда тасаввур қилдию, мийиғида жилмайди. “Нон ёпишни билмайди-ю, таппи қўярмиди?”. У ўқишни битириб, мактабда иш бошлаган йили Ойсулув билан кичикроқ бир ошхона солиш учун ғишт қўйишган. Муҳаммад кечқурун лой тайёрлаб, устини шиббалаб қўярди. Саҳармардонда туриб ишлашарди. Ойсулув лойни думалоқлаб, ғўлангир тайёрлар, Муҳаммад ғўлангирларни қолипга солиб, муштларди. То дарсга боргунча юз-юз йигирмата ғишт қуйишарди. Кейин ювиниб, тараниб ишга кетар, кун бўйи ўзини қушдек енгил ҳис қилиб юрарди. Ўшанда у ҳақиқий жисмоний меҳнат завқини туйган. Айниқса, кўпроқ ишлаб толиққан кунлари оёқлари, бутун бадани чаннаб, тўшакда ётолмас, унинг олов қучоғидан Ойсулув зўрға қочиб қутиларди. Наҳотки, ўша кунлар қайтмас бўлиб кетган бўлса… У беш-олти йилдирки, ўшанақа меҳнат завқини туймайди. Эртаю кеч қоғозга тикилгани тикилган.

Муҳаммад лўлиларга яна бир қараб олдию, орқасига қайтди.
 
 * * *

Хонасига кириб, ўрнига чўзилган эди ҳамки, йўлакда бир неча қадам товуши эштилди. Эшик зарб билан очилиб, ҳамшира кўринди. Муҳаммад бошини кўтарди.

–Ёнингизга одам қўймоқчимиз, – деди ҳамшира ташвишли қиёфада. Кейин қўшиб қўйди. – Бошқа ҳамма хоналар банд экан.

Муҳаммад ётган торгина хонага икки каравот қўйилган бўлиб, бири у касалхонага тушгандан буён бўш эди. Бир йигитни кўтариб олиб келишиб, эҳтиётлик билан каравотга ўтказишди. Йигитнинг уст-бошини алмаштиришга ҳам улгуришмаган, у нуқул инграрди. Муҳаммад йигитга қарадию, қотиб қолди. Салдан кейин ўзига келиб:

–Холбозорми? – деди зўрға.

Ҳамшира унга ўгирилди.

–Танишингизми?

–Унга нима бўлибди? – Саволга савол билан жавоб берди Муҳаммад.

–Авария. Машинасини уриб олибди.

–Аҳволи қандай?

–Билмадим. Ҳозир врачлар келишсин-чи…

Йигит ўқчий бошлади. Ҳамшира тоғора келтириб, унинг бошини ушлаб турди. У сув қусди. Сув қип-қизил эди.

–Ичим куйиб кетяпти, сув… – У ҳансираб зўрға гапирди.

–Ҳамшира унга сув тутди. Йигит ҳўплади-да, Муҳаммад томонга бир қараб қўйди, кейин бошини ёстиққа ташлаб, яна инграй бошлади.

Ҳамро Муродов ва яна икки оқ халатли киши кирди. Улар беморни кўришгач, Ҳамро Муродов ҳамширага тайинлади:

–Тезда барча анализларини олдириб, операцияга тайёрланг.

Ҳамшира худди бошлиғининг буйруғини тинглаётган аскардай тик қотиб:
–Хўп бўлади! – деди.

Сал фурсат ўтмай Холбозорни олиб кетишди.

Муҳаммад бу йигит билан чўлда бирга ишлаганди. Холбозор туман комсомол қўмитасида котиб эди. Яқинда Муҳаммад унинг туман ижроий қўмитасига бўлим мудири вазифасига ўтганлигини эшитганди. Холбозор кенг феъл, ташкилотчи, энг муҳими, одамлар кўнглига йўл топа оладиган хушмуомала, ўсадиган кадрлардан эди. Муҳаммад у билан жуда қалин дўст бўлмаса-да, ҳар ҳолда бир-бирларининг иззат-ҳурматини жойига қўйишарди.

Муҳаммадни эрта тонгда аёл кишининг овози уйғотди. Кимдир айтиб йиғларди.

–Вой-й, бечора болам-м-м, мени кимларга ташлаб кетдинг-а, болам-м…
Муҳаммад ётган бўлимнинг ёнидаги кўримсизгина уйча – ўликхона эди. Бу ерда аҳён-аҳёнда мана шундай йиғи овози эшитилиб қолар, лекин бу гал аёл чинқириб, астойдил додлардики, юраги эзилиб кетди. “Ким бўлдийкин, бечора?” У дарҳол кийиниб, ташқарига чиқди. Ўликхона томон юраркан ҳамширага дуч кеп қолди.

Ҳамшира Муҳаммаднинг нигоҳидаги саволни уқди.

–Кечаги йигит…, – изтироб билан деди у.

–Нима-а? Нега энди?!

–Операциядан чиқмади.

Бу хабарни эшитиб, йигитнинг ранги оқариб кетди, юрагида жимирлаган оғриқ сезди. “Нега энди?! Нега у ўлиши керак? Кимлар яшамаяпти бу дунёда? Жуда ажойиб йигит эди-ку! Ҳали у катта одам, элига фидоий инсон бўларми-ди? Нима гуноҳи бор эди бечоранинг. Эй, худо, нега сўрамай-нетмай оласан-а?”

Муҳаммад дарахт соясидаги ўриндиққа беҳол чўкди. Холбозор отасининг ёлғиз ўғли эди. Муҳаммад уларнинг уйида икки-уч бор бўлган, бир-биридан ширин уч фарзанди борлигини билар, қорачадан келган хушрўйгина, истараси иссиқ хотинини, шофёр отасини танирди. Оғир-босиқ, доимо эътибор билан кийиниб юрадиган, юмшоқ табиатли бу йигит унда жуда яхши таассурот қолдирганди.

У кун бўйи касалхона ҳовлисида айланиб юрди. Ичкарига киргиси келмас, бирон жойда ўтира олмасди. Кечагина бор одам бугун йўқ, ўйларди у, хаёт эса гуё ҳеч нарса бўлмагандай ўз измида давом этаяпти. Демак, ҳамма, жумладан, мен ҳам кутилмаган пайтда ўлиб кетишим мумкин экан-да. Бу қанақа адолатсизлик?

Кечга яқин хонасига кирди. Уззукун оёқда юриб, толиққан бўлишига қарамасдан ухлолмасди. Кўзини юмди дегунча Холбозор кўринар, ёнидаги каравот ғижирлагандай туюлиб, шошиб ўрнидан туриб чироқни ёқар, каравот эса бўм-бўш бўлар, полопонини йўқотган қушдай типирчилаётган онанинг қиёфаси сира хаёлидан кетмасди.
 
Бир пайт кўзи илинибди, шекилли, хонага қандайдир шарпа кирганини сезиб, даст ўрнидан турди. Не кўз билан кўрсинки, қаршисидаги ўриндиқда оппоқ узун кўйлак, оқ қалпоқ кийган кимса ўтирарди. Муҳаммад қўрқувдан бутун вужуди дағиллаб:

– К-и-и-м-с-и-и-з-з? – дейолди зўрға.

Кимса бошини кўтарди. Муҳаммадни даҳшат қоплади. Деразадан тушиб турган кўча чироғининг ғира-шира ёруғида кўрди: ўтирган Холбозор эди…
У жуда секин гапирди. Овози олис-олислардан келгандай туюлди:

– Кеча мен сизни таниган эдим. Бироқ сиз билан гаплашгани мажолим бўлмади.

Муҳаммад қилт этмас, ҳатто нафас олмас, бақрайиб қотиб қолганди.

–Қўрқманг, – деди у, – мен ҳозир кетаман. – Сўнг ўзига ўзи сўзлаётгандай гапира бошлади:

– Сизлар мени сувдай тоза, виждонли одам деб ўйлайсизлар. Аммо мен бир дўстимга хиёнат қилганман. Бу гуноҳни умр бўйи елкамда кўтариб келдим ва сир сақладим. У (дўстининг исмини айтди) мендан ҳеч ҳам шубҳаланмаган. Шунинг жазосини олдим…

У овозсиз секин юриб, ташқарига чиқиб кетди. Муҳаммад ҳатто эшикнинг очилиб-ёпилганини ҳам кўрди.

Орадан қанча вақт ўтганини билмайди. Муҳаммад барибир ухлолмаслигини сезиб, ташқарига чиқди. Эшикнинг олдидаги ўриндиқда ҳамшира ёлғиз ўтирарди. У йигитни кўриб:

–Ҳа, Муҳаммад ака, нега ухламай юрибсиз? – деди.

–Уйқум келмаяпти. Кўзимни юмдим, кечаги йигит кўринади.

–Унда менинг хонамга кириб ётақолинг.

–Ўзингиз-чи?

–Мен барибир ухлолмайман. Ухлагани қўйишмайди.

–Йўғе, ҳечқиси йўқ, ўзимнинг хонамда ётавераман.
 
У қизнинг ёнига бориб ўтирди. Хаёлини чалғитиш учун ҳамшира билан гурунглашгиси келди.

– Ойжамол, сиздан бир нарса сўрасам, майлими?

– Майли, агар қўлимдан келса…

– Сиз нега ҳамиша хомуш, ўйчан юрасиз?

Қиз шўх кулди. – Ўзингизчи? Кун бўйи нималарнидир ўйлаб ётасиз. Хонангизга шунча кираман, бир оғиз гап отмайсизам…

–Менми? – Муҳаммад бироз қизариб давом этди. – Ҳаётни, одамларни, сизни ўйлайман,– деди қизнинг кўнглини кўтаргиси келиб.

–Мени? Ҳечам-да. Қайси куни келган чиройли қизни ўйласангиз керак-да,– шарақлаб кулди у.

–Ҳа, майли, менинг саволимга жавоб берингчи?

–Ўйчанлигим боисими? – жиддийлашди Ойжамол. – Ёш бўлсам-да, кўп азобларни бошимдан ўтказдим. Майли, сизга айтиб берсам айтиб бера қолай… – У бир муддат жим бўлиб қолди. Кейин секин, паст овозда сўзлай бошлади.

–Ҳамшира бўлиш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Ўнинчини битиргач, отам эрга бериб юборди. Турмуш ўртоғим онам томондан узоқ қариндош бўлиб, аввалига яхши яшадик. Икки фарзанд кўрдик. У киши яхшигина пул топарди. Шаҳардан кооператив уй олиб, кўчиб келдик. Қишлоқда ҳам уй-жойимиз, мол-ҳолимиз бор эди. Бироқ эрим қишлоқда яшашни истамади.

Бир байрамда болаларим билан қишлоққа бориб, ота-онамни кўриб, қайтиб келсам, эрим уйда бегона аёл билан ўтирибди. Индамадим. Икки боламни ўйлаб, дардим ичимда юравердим. Хаёлим жойида эмаслиги сабаб бўлдими, бир куни тўсатдан зинадан йиқилиб тушдим. Тўрт ой тўшакка михланиб, қимирламай ётдим. Эрим мени ташлаб, ўша аёл билан кетиб қолди. Бирон марта касалхонага келиб, ҳолимдан хабар олмади. Дўхтир Ҳамро Муродов бўлмаганида мен ҳаёт билан видолашардим. Ўзим ҳам ўлимимга рози бўлгандим. Аммо мана шу одам (унга миннатдорчилигимни қандай изҳор этишни билмайман) мени ҳаётга қайтарди. Бор маҳоратини ишга солиб, мени омон сақлаб қолди. Аста-секин тузала бошладим. Касалхонадан чиқаётганимда Ҳамро ака менга “Энди қизим, бизда ишлайсиз” дедилар. Бу одамнинг гапини қайтаролмадим. Қишлоққа қайтиб боришга юзим чидамади. Аввал хоналарни ювиб, супириб юрдим. Кейин тиббиёт билим юртининг кечки бўлимига ўқишга кирдим. Мана икки йилдирки, ҳамшираман. Ҳамро аканинг менга қилган яхшилигини бошқа одамларга – касалларимга қайтаролсам, ўзимни бахтиёр ҳис қилардим. Фарзандларим улғайишаяпти. Энди уларни ўйлаш ҳам керак.

– Бир кам дунё, дейдилар, – Ойжамолга таскин берди Муҳаммад. – Ҳар кимнинг бошида бир ташвиш, бир армон. Энг муҳими, соғ-саломатсиз, болаларингиз ёнингизда. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ.

–Ҳай, майли, ўтган кун ўтаверсин-чи. – Ойжамол ўрнидан турди. –Кеч бўп қолди. Энди кириб дам олинг. Мен бир касалларимдан хабар олай.

 Муҳаммаднинг алламаҳалга қадар уйқуси келмай ётди. Тонгга яқин кўзи илинибди.

* * *

У тушида момосини кўрибди. Момоси оппоқ кийимда, оқ рўмол ўраб олганмиш. Унинг бошини силаб “Ҳа, ўғлим, нега кўп безовта бўлаяпсан?” дермиш.

Муҳаммад раҳматли момосини яхши кўрарди. У тўнғич ўғил бўлгани учун момоси ва бувасининг қўлида ўсган. Момоси бошқалардан яшириб, ширин-ширин қандлар, новвотлар берарди. Раҳматли жуда покиза, саранжом-сариштали, уқувли аёл эди. Уй ичининг бутун рўзғор юмушларини батартиб юритарди. Муҳаммадни, укаларини чақалоқлигидан келинига ишонмасдан ўзи парвариш қиларди.

Муҳаммад ўқишга кирган йили таътилга келганида момоси унга юрагини очиб қолди.

–Энанг етим қиз. Ҳеч кими йўқ бечоранинг. Бировларнинг қўлида ўсгани учунми рўзғор ишларига уқувсизроқ. Билмадим, мен ўлсам ҳолларинг нима кечади. Шунинг учун сенга тагли-тугли оиладан келин қилсам, деб орзу қилардим. Сен бўлсанг сўрамай-нетмай бир қиз билан хат ёзишиб юрганмишсан.

–Кимдан эшитдингиз?

–Қишлоқда гап ётармиди? Ҳамма гапираяпти. Қайси куни бир баҳона билан уйларига бориб, қизни кўриб келдим. Сал озғинроқ демаса, ёмон қизга ўхшамайди. Кўзим очиқлигида сени уйлантириб, рўзғорингни кўрсам дегандим.

–Э-э, мен ҳали уйланмайман, – сапчиб тушди Муҳаммад.

–Нега уйланмайсан?

–Ҳеч бўлмаса ўқишим битсин.

– Сенинг ўқишинг битгунича бўй қиз қараб ўтирадими? Биронтасига бериб юборади-да.

–Э, берса бериб юборар, – жаҳли чиқди Муҳаммаднинг.

– Нима, бир бечоранинг қизини ёмонотлиқ қилиб ташлаб кетаверасанми?! Уйланмаганингни кўрай-чи?

Муҳаммад Тошкентга қайтгач, бирон ҳафтадан сўнг ҳамқишлоқ болалардан эшитди: Муҳаммад билан Ойсулувни нон ушатиб, унаштириб қўйишибди. (Момоси айтганини қилибди). Уйдагиларга жаҳл қилиб олти ой қишлоққа бормаганди ўшанда. Энди эса ўша кунларни эсларкан, “Мабодо момом шу ишни қилмаганида тақдирим бутунлай бошқача бўлиб кетиши мумкин эди” деб ўйлайди. Чунки курсдош қизлар ичида чиройлию ақллилари кўп эди. “О, Ойсулув, тўрт фарзандимиз, бахтиёр кечган кунларимиз ҳаққи-ҳурмати биз мушфиқ моможонимиздан миннатдор бўлишимиз керак!”

Момоси сўнгги марта касалхонага тушганида Муҳаммад чўлда ишларди. Дам олиш куни момосини кўргани борди. Момоси кўзига ёш олиб:

–Дўхтирлар “Набирангизга айтинг, сизни яхши курортларга олиб борсин, тузалиб кетасиз”, дейишаяпти, – деди.
 
 Муҳаммаднинг ҳам негадир кўнгли тўлиқди. Овози зўрға чиқди.

–Майли, момо, албатта, олиб бораман. Ҳозир қиш, совқотиб қоласиз. Баҳор келсин.

Бу ҳафта телефон симлари шум хабар элтди: “Момонгиз…”

Муҳаммад машинадан тушиб уйлари олдида тўпланиб турган оломонни кўрдию, ҳўнграб йиғлаб юборди:

–Моможон!!! Мо-о-мо-жо-о-н-н!

У ўша куни тўйиб-тўйиб йиғлади. Улғайиб, йигит бўлганидан буён ҳеч маҳал бундай йиғламаганди. Ўзини босишга қанча уринмасин, кўнгли тўлиб, кўзидан ёш оқиб кела бошлади.
 
Мана орадан йиллар ўтиб кетди. “Эй, ўғил, сен бирон марта момонгнинг қабрини зиёрат қилдингми?” Кўнглига келган бу саволдан Муҳаммад чўчиб тушди. Осмонга қўлларини чўзиб, кўзида ёш билан илтижо қила бошлади.

–Эй, парвардигори олам, мени кечир, гуноҳкор бандангнинг узрини қабул қил. Касалхонадан чиққач, биринчи қиладиган ишим зиёрат бўлсин. Моможон, мени, бебош ўғлингизни кечиринг. Мен сизни ҳам, бувамни ҳам ҳамон яхши кўраман. Сизлар менинг қалбимдасиз.

Моможон! Сиздан кейин бувам узоқ яшамадилар. Касалланиб, кўп азоб чекди. Бир йилдан сўнг – ўша сиз қазо қилган кун – қутлуғ рамазоннинг (мен буни аниқ эслайман) учинчи жума оқшомида ҳаёт билан видолашдилар. Кўҳна дунёнинг сир-синоатига ҳамон ақлим етмайди, моможон! Ўша кун, ўша соат… Наҳот бир-бирингизни шунча яхши кўрардингизлар…

Шу пайт эшик очилиб, хонага Ҳамро Муродов ва ҳамшира кирди. Дўхтир Муҳаммаднинг ранг-рўйига ва ҳолатига қараб, тез юриб унинг олдига борди. Пешонасига қўлини қўйди.

–Нима бўлди сизга?!

–Ҳеч нарса, ўзим…

Дўхтир унинг қон босимини, юрак уришини текшириб кўргач, деди:

–Сиз қаттиқ қўрқибсиз. Кечаги воқеа таъсир қилибди, чоғи. Сизга муддатидан олдин жавоб бераман. Руҳий ҳолатингиз шуни тақозо этаяпти. – У ҳамширага бурилди. – Бу кишининг барча ҳужжатларини эртагача тайёрланг. Хоналарни қараб чиқинг, имкон бўлса бугун бошқа жойда тунасин. – Кейин зўрма-зўраки илжайиб “Э, сизни қаранг-у, жуда таъсирчан одам экансиз-ку?! Майли, яхши дам олинг. Қолган гапларни эртага гаплашамиз” деди ва хонадан жадал чиқиб кетди.

* * *

Муҳаммад барвақт ўрнидан туриб, яхшилаб ювинди, соқолини олди. Уйга кетаётганлиги учунми кайфияти хуш, ўзини қушдай енгил ҳис қиларди. Ўрнини тартибга келтиргач, ҳар кунги одатини бугун ҳам канда қилгиси келмади. Ҳовлини бир айланиб чиқди. Кеча ёмғир ёққанми ё шудринг тушганми йўлаклар нам эди. Йўлаклар четидаги ариқчаларда хазонлар ёқимли шитирлайди. Муҳаммад кузни яхши кўради. Ўйчан ва тўкин-сочин фасл бу! Кишини маҳзун хаёлларга толдиради. Лекин бу тонг унинг маҳзун ўйлар суришга тобу тоқати йўқ эди. У қишлоқдаги мўъжазгина уйини, болаларини, ота-онасини, дўстларини, ишини соғинди. Ҳазилми, ўттиз кун бир жойда қамалиб ётиш. Қўйингки, ҳаммани, ҳаётни соғинди. Бугун унинг кўзига ҳамма нарса – хиёбондаги мана бу гуллару дарахтлардан тортиб, дарвоза ёнидаги курсида ўтирган анаву қоровул чолгача бошқача кўринар, ўзини дунёга қайта келгандек, узоқ йиллик уйқудан уйғонгандек ҳис этар, атрофга, одамларга меҳр билан боқарди. “Ҳаёт ширин, – деб ўйлади у, – яшаш барибир яхши!”.

Хонасига қайтса, ҳамшира кийимларини келтириб қўйибди. У уст-бошини алмаштирди. “Қизи тушмагур, дазмоллашга ҳам улгурибди, – хаёлидан ўтказди у. – Ажойиб қиз экан. Худди ўз акасига қарагандай парвариш қилди, бечора. Бирор марта малол келганини сездирмади. Тўғриси, гоҳо хотининг атрофингда шунчалик парвона бўлмайди-ёв. Шуларнинг олгани ҳалол-е!”
Шу пайт эшикда Ойжамол кўринди.

–Мен сизни хайр-хушни насия қилиб кетиб қолдингиз, деб ўйлабман, – кулди қиз.

Муҳаммаднинг унга меҳри ийиб кетди.

–Сизга қандай миннатдорчилик билдирсам экан…

–Нима учун?

–Ҳамма-ҳаммаси учун Ойжамол. Ахир, сизнинг мана бу шифобахш қўлларингиз бўлмаганда эди,– Йигит яқинлашиб қизнинг қўлларидан ушлади, – мен бунчалик тез тузалмасдим. – У эгилиб қизнинг дори ҳиди анқиб турган қўлларидан ўпди. Ойжамол қип-қизариб кетди.

–Нима қиляпсиз, Муҳаммад ака? – У қўлларини секин тортди.

–Сизнинг қадрингизга етмаган йигит кўр бўлади. – Муҳаммад қизнинг шаънига икки оғиз илиқ сўз айтгиси, унинг кўнглини кўтаргиси келди. – Сиз мулойим, меҳрибон, оқила, чиройли аёлсиз. Сизга жуда катта раҳмат, синглим!

Бу мақтовлардан Ойжамолнинг икки бети ловиллаб, ерга қаради.

–Қўйинг, Муҳаммад ака, ошириб юбордингиз. Сиз ўзингиз жуда бошқачасиз…

У бошини кўтарди. Юзига табассум ёйилди. – Хўп, майли, яхши боринг, янгамларга салом айтинг, – дедию зипиллаб чиқиб кетди.

У Ойжамолнинг орқасидан маҳзун тикилиб қолди. “Яхши қиз. Бир йигитнинг бахти”. Кейин нарсаларини йиғиштирди. Кетиш олдидан Ҳамро Муродовнинг хонасига кирди.

Ҳамро Муродов нималарнидир ёзиб ўтирарди. Эшик очилганини сезиб, бошини кўтарди.

–Э, келинг Муҳаммаджон, – унинг чеҳраси очилди. – Мана ҳужжатларингиз ҳам тахт бўлди. Тошкентга боргач, поликлиникага бир кўриниб қўярсиз. – У қоғозларни йигитга узатди. – Қани келинг, бундай ўтиринг-чи, аҳволингиз тузукми энди?

–Жуда яхшиман. Раҳмат сизга, Ҳамро ака!

–Қайсидир китобда ўқигандим, ўттиз ёшлар атрофида йигит кишининг бошига бир мушкулот тушаркан, фалокатми, ё бир ғам-ташвиш… Агар у мана шу “синов”дан эсон-омон ўтса, кейин иши юришиб кетаркан, узоқ яшаркан. Мана, сиз ҳам бир синовдан ўтдингиз. Энди кўзингизга қараб юринг, ука. Инсон дунёга бир марта келади. Шундай экан, ҳаётнинг маъносига етиб, яхши-ёмонни фарқлаб, турмушдан завқ олиб яшаш керак.

– Сиздан беҳад миннатдорман, Ҳамро ака. Илойим, мендек дардмандлар бахтига ҳамиша омон бўлинг.

Ҳамро Муродовнинг кўзлари йилтиллади. Ўрнидан туриб, Муҳаммадга қўлини узатди.

– Қаршига тушганингизда келиб туринг. Соғлиқда кўришайлик.

Йигит дўхтирнинг қўлини қисиб:

–Албатта, Ҳамро ака, сизни унутиб бўларканми? – деди.

Муҳаммад касалхона ҳовлисидан ташқарига чиқаркан, негадир кўнгли ҳувиллаб қолганини сезди. Орқасига бир қараб олди. Сал ўтмай у сершовқин шаҳар кўчаларида шошиб бораётган одамлар оқимига қўшилиб кетди.

* * *

Туроб тракторчи ўғлим эсон-омон соғайиб чиқса, жонлиғ сўйиб қон чиқараман, деган ниятда Муҳаммад касалхонага тушган куни бир этлироқ тўқлини сурувдан ажратиб ем бера бошлаганди. Ўғлининг ўз оёғи билан уйга кириб келганини кўриб, суюниб кетди, хотинига боқиб ётган тўқлини ушлашни буюрди. Қўйни сўйиб, тўла-тўкис қозонга солдиргач, кичик ўғлига қўни-қўшниларни, қариндош-уруғларни айттирди. Уйи узоқроғини тракторига миниб ўзи айтиб келди. Ҳатми Қуръон ўқиш учун қўшни қишлоқдан мулла Хушвақтни, Муҳаммаднинг илтимосига кўра дала шийпони қоровули Ҳасан бувани олиб келишди.

Ҳатми Қуръон ўқилиб, дастурхондаги таомлар ейилгач, мулла бува дуога қўл очди. Бирпас эшитилар-эшитилмас пичирлаб турдида, овозини чиқариб деди:

–Омин, хайр-садақаларини ўзи даргоҳида қабул қилсин! Шу йигитни, ҳаммамизни парвардигор паноҳида асрасин!

Ҳамма мулла Хушвақтга қўшилиб, қўлларини юзига тортди. Муҳаммад ўрнидан туриб, мулланинг олдига пул қўйди. Ҳасан буванинг елкасига онаси бўғчадан олиб берган кўк тўнни ёпди.

Одамлар ўринларидан қўзғалишгач, Муҳаммад Ҳасан бувани кузатиб ташқарига чиқди.

–Раҳмат, бува, – деди йигит чолнинг қуриқшиган, озғин қўлларини кафтига оларкан, – ўша тун сиз бўлмаганингизда…

–Э, болам, менинг қўлимдан нима келарди. Худонинг ўзи раҳм қилган-да.

–Барибир, ўла-ўлгунимча сиздан миннатдорман.

–Мени иззат қилсанг, сени худо иззатласин. Умрингдан барака топ, болам.

Чолни эшагига миндириб жўнатгач, Муҳаммад отасига “Энди момом ва бувамнинг мозорларини бир зиёрат қилсак, раҳматлиларнинг руҳлари шод бўларди-да” деди. Ота ўғлига ажабсиниб қаради, кейин чўнтак соатига кўз югуртиргач, “ҳали борсак бўларкан” деди.

 Ота-бола тракторнинг тор кабинасига сиқилишиб, қишлоқдан беш-олти чақирим наридаги тепаликда жойлашган қабристон томон жўнадилар.

Тракторни сойликда қолдириб, тепаликка яёв чиқиб боришди. Мозорларни оралаб ўтишаркан, Муҳаммад билдики, отаси келмаганида, момо-бувасининг гўрларини тополмаскан. “Э худо, бу не кўргиликки, ўғил ўз момоси, бобоси қабрини билмаса? Ахир, отангни ҳам бу дунёга боғлаб қўйган эмас-ку! Болаларинг эрта бир кун сўраб қолса нима дердинг?! ”

Ёз охирлаб, куз фасли бошланаётган бўлсада, мозорлар усти юпқа кўк ўтлар билан қопланган, майсалар майин шабадада оҳиста силкиниб турарди. Қўйиндида дабдабали қабрлар йўқ. Ҳафсала қилган кишиларгина қариндошлари, яқин кишилари мозорини панжара ё сим тўр билан ўраб, оқ мармарга отларини ёздириб қўйишган. Аксарият қабрларда эса ҳеч бир ёзув ё панжара йўқ эди. Дўппайиб турган гўрларни оралаб, эҳтиётлик билан қадам ташлаб бораркан, Муҳаммад ўйларди: “Мана шу дўнгликлар тагида одамлар бор. Бир вақтлар улар ҳам сендек тирик бўлишган. Бугун эса дунё ғавғоларига бефарқ, балки устларимиздан кулиб, яйраб, озод ётишибди. Биз эса қуллармиз. Нафс қули, ишқ қули, шуҳрат қули…” У ўликларга-да ҳасад, ҳам ҳавас қилаётганини сезиб, юзларини чимчилади. “Жинни бўляпман, шекилли”.

Ота қабристоннинг кун чиқиш тарафидаги кўримсизгина икки гўр ёнида тўхтади.

–Мана, белги қўйганман, – У гўр тепасидаги ялпоқ-ясси тошларга ишора қилди.

 Муғаммад ёғингарчиликлар туфайли сал чўккан мозорларга қараркан беихтиёр чўккалади. Отаси ҳам ўғлининг ёнидан тиззаси билан ўтириб, фотиҳа сурасини ўқиди. Муҳаммад отасига қўшилиб, панжаларини юзига сирпаркан, ичидан, қалбининг тубидан бир ҳайқириқ отилиб келарди: “Моможон, буважон! Гуноҳкор ўғлингизни кечиринг. Мен ўткинчи дунё ҳою-ҳаваслари билан овора бўлиб сизларнинг ҳолингиздан хабар ололмабман…” У ўрнидан туриб мозор устидаги ўтларни юла бошлади.

Ота ўғлининг кайфиятини тушунди, шекилли, унинг елкасига қўлини қўйди.
–Қўявер, бугун юлганинг билан эртага яна ўсиб чиқади. Устага панжара “заказ” қилганман. Шуни биргалашиб ўрнатишимиз керак.

–Мен шаҳардан мармартошга ёздириб келаман.

Муҳаммад қаддини ростлаб атрофга қаради. Қабрларнинг ёнида тўққиз-ўн қадамча жой бўш эди. “Шу ерни банд қилиб қўйиш керак экан”. У калласига келган бу фикрни отасига айтмоқчи бўлиб бурилди ва бирдан бу гапнинг замиридаги маънони англаб, яна юзини чимчилай бошлади. “Менга нима бўлаяпти, ўзи? Одамзод қанчалик худбин-а?!”

–Юр, қайтамиз энди, кун ҳам кеч бўп қолди.

Муҳаммад оғир қадамлар ташлаб отасининг изидан эргашди…

1991 йил, Қарши.
1992 йили Қаршидаги “Насаф” нашриётида китоб ҳолида чоп этилган.