Ғулом Қодирович анча кеч уйғонди. Боши лўқиллаб оғрир, томоғи қуруқшаб қотиб қолганди. У оғзида аччиқ таъмни сезди. Ўрнидан турмоқчи бўлган эди, боши айланиб кетди ва гарданини яна ёстиққа қўйишга мажбур бўлди. Томоғи, кўкракларида сим-сим оғриқ бор эди. Ютинди, шунда ичи куйиб, кучли чанқоқ ҳиссини туйди. Бир оз муддатдан сўнг гавдасини зўрға кўтариб, ёғоч кароватга оёғини осилтириб ўтираркан, кўзи тиниб кетди. Танаси худди онадан янги туғилган қўзичоқникидай “дир-дир” титрарди. Унинг кўзи ўриндиғи тагида – пойгакда турган катта тоғорага тушди. “Демак, тунда қайт қилибман-да” дея ўйлади. Тумба устида эса минерал сув, совитилган кўк чой турарди. У қўллари қалтираб, сувни олди ва охирига қадар сипқорди. Танасига ҳузурбахш бир ором югурди…
Ғулом Қодирович одатда деярли ароқ ичмасди. Жуда “нозик” давраларда обрўли одамларнинг юзидан ўтолмай бир-икки қўл ичган киши бўлиб, ҳўплаб қўярди, холос. Аммо кеча ниҳоятда хурсанд бўлганидан… Уйга қандай келганини эслолмади у.
Хонага кенг кўйлаклари ҳалпиллаб, ўзи ҳарсиллаб хотини кирди. Ёшлигида қандай сарвқомат қиз эди у. Не-не йигитлар изидан юрарди. Бироқ Ғулом чаққонлик қилди. Бир кечада уни алдаб-авраб, поездда шаҳарга олиб қочди.
– Вой, дадаси, тузукмисиз? Кеча ҳаммани қўрқитдингиз-ку?
– Нима бўлди? – қовоғини уйиб, тўнғиллади Ғулом Қодирович.
– Кўп ичибсиз. Укангиз ва шофёрингиз зўрға қўлтиғингиздан кўтариб, уйга олиб киришди. Кейин роса ҳўнграб йиғладингиз. Қайт қилгандан сўнггина ухлаб қолдингиз. Шундай қаттиқ хуррак отдингизки, биз ҳаммамиз қўрқиб, бошингизда ўтириб чиқдик. Укангизнинг айтишича, анави қишлоқдаги синфдош ошнангиз Эшмат шолойим бор-ку, ўша ичирибди сизни.
– Кўп вайсайверма! – хотинини жеркиди Ғулом Қодирович. – Шундоғам бошим ёрилиб кетай деяпти. Нима, Эшмат менинг оғзимдан қуйибдими?
Кеча Ғулом Қодирович катта ўғлини уйлантирди. Тўй азим шаҳарнинг манаман деган ресторанларидан бирида бўлиб ўтди.
Бу кунни Ғулом Қодирович қанча йиллар орзиқиб кутганди. Тушларига кириб чиқарди бу тўй. Қийналганларида, иши юришмай қолган пайтлари ўзига сабр-тоқат, қаноат, ирода тилар ва шу тўй хаёли маёқ каби уни олдинга чорлар, мақсад сари собитлик билан олға интиларди. Бугун унинг ҳамма нарсаси бор: мансаби, мол-дунёси, иззат-ҳурмати.
Тўйга айтиладиганларни ўзи рўйхат қилиб чиқди. Туғилиб ўсган қишлоғидан ҳам анча одам келди. Дастурхон мўл-кўл бўлди. Эл суйган ҳофизлару қўшиқчилар хизматда туришди. Ҳаммаси чиройли, бадастир, кўнгилдагидай, меҳмонларнинг ҳам, мезбонларнинг ҳам димоғи чоғ. Базм охирлаб қолган эди. Нозик меҳмонларга хизмат қилиб турган тўйбошилардан бири – болаликдан қалин синфдош ошнаси Эшмат ёнига келди.
– Ғулом, – деди у болаликдагидай бемулозамат. – Асосий меҳмонлар кетиб бўлди. Келин-куёвнинг жўралари ва бир-икки қариндошлар қолишди, холос. Шу мусиқа тугагач, келин-куёвларга ҳам рухсат берамиз. Мен эрталабдан буён туз тотганим йўқ. Сиз ҳам, қараб турибман, ўтирмадингиз. Юринг, чеккароққа ўтиб, тамадди қилайлик.
– Айни муддао, – деди Ғулом Қодирович дўстининг елкасига қўлини ташларкан ва ҳақиқатда очиққанлигини, оёқда туравериб толиққанини ҳис қилди.
Икки оғайни меҳмонлардан бўшаган столлардан бирига бориб ўрнашишди.Эшмат хизматчи қиз келтириб қўйган қадаҳчаларни четга суриб қўйди-да, стол устида турган иккита чой пиёлани олиб, уларни ароқ билан чайқаб, тозалаган бўлди. Кейин пиёлаларни тўлдириб ароқ қуйди. Бирини Ғулом Қодировичга узатиб, иккинчисини ўзи қўлига олди.
– Энди мен бир сўз айтсам, ошна, – деди Эшмат салмоқлаб. У тумандаги ташкилотлардан бирида раҳбар эди. Мажлисларда гапиравериб пишиб кетганидан ҳар бир гапи маърузага ўхшарди. – Биз сиз билан фахрланамиз. Биз, деганим, ҳамқишлоқларингиз, тумандошларингиз, синфдошларингиз. Келинг, ҳақиқатнинг кўзига тик қарайлик. Сиз оддий одамнинг фарзандисиз. Отангиз бечора, камолингизни кўролмай, эрта қазо қилиб кетди. Онангиз сизни ёлғиз ўзи гилам тўқиб, мол боқиб ўқитди. Қийналиб ўқидингиз. Талабалик даврингизни битта камзул-шимда ўтказганингизни биламан. Лекин сиз сабр-тоқат, чидам билан барча қийинчиликларни енгиб ўтдингиз. Катта шаҳарда қолиб, катта одам бўлдингиз. Биз ўқиган мактабдан, қишлоғимиздан чиққан сиздай нуфузли, катта ҳурмат-эътиборга эга одамлар бармоқ билан санарли.
Бугун сиз тўнғич фарзандингизнинг бошини иккита қилдингиз. Ажойиб тўй бўлди. Тўйнинг таърифи эрта-индин эл оғзида достон бўлади. Келинни ҳам шу ердан танлабсиз. Мен бунинг замирида ҳам сизнинг узоқни кўзлаётганингизни, донолигингизни кўраяпман. Илоҳим, ёшлар бахтли бўлишсин. Бу келин-куёвлардан дунёга келадиган набираларингиз сиздан-да ўтадиган обрўли одамлар бўлишсин. Мартабангиз ҳамиша зиёда бўлиб, биз сизга суяниб юрайлик. Ёшимиз тўқсонга етганида ҳам мана шундай тўйларда тилак билдириб туриш насиб этсин. Чин юракдан сизни, оилангизни табриклайман. Келин муборак бўлсин!
Эшмат пиёлани уриштирди-да, бир зарб билан охиригача сипқорди. Сўнгра:
– Мендай ичинг. Бахтингиз доимо мана шу пиёладаги оқ шаробдай тўлиқ ва бутун бўлсин! – дея қўшиб қўйди.
Ғулом Қодирович ошнаси қадаҳ сўзи айтмаса-да, ичмоқчи эди. Чунки бугун ниҳоятда хурсанд бўлди, бироз ҳаяжонда эди. У ҳам тик турганча пиёлани бир кўтаришда тўнкарди.
Эшмат аҳён-аҳёнда қишлоққа борганида сира ароқ ичмайдиган, тегманозик ошнасининг лим пиёлани охирига қадар ютганини кўриб, ҳайратланди ва шумлиги тутиб, пиёлаларни яна тўлдирди.
– Энди буниси мажбурий эмас, – қувлик билан кулди Эшмат. – Ҳар ким ҳолига қараб ичсин.
– Нега энди? – деди Ғулом Қодирович кескин. – Мен бугун ичмоқчиман. Сиз ҳам ичасиз!
Иккинчи қадаҳ ҳам худди олдингисидай жуда мулойим ва осон кетди.
– Энди мен сизга ўттиз йиллик бир сиримни, аламимни айтаман, жўра. Сиз менинг қиёматли дўстимсиз, биродаримсиз. Агар бу сирни бугун очмасам, ёрилиб кетаман. Нега мен бу азим шаҳарда қолдим?
Ғулом Қодировичнинг тили ғўлдираб деганлари гарчи ичимлик таъсир қилиб, бошини қиздираётган бўлса-да, Эшматни ҳушёр торттирди ва у дўстини тинглай бошлади.
…Дорилфунун бекатидан қорача юзини сепкил босган, узун бўйли, озғин, қора шим, оқ кўйлак кийган ёш йигит автобусга чиқди. Йигитнинг оёқлари жуссасига номутаносиб, узунроқ эди. Унинг кайфияти чоғ, худди ўқишга киргандек хурсанд. Бунинг боиси, у бир неча кун навбат кутишлардан сўнг, ниҳоят бугун дорилфунун қабул комиссиясига ҳужжатларини топширганди.
Автобус тирбанд эди. Навбатдаги бекатдан уч-тўрт спорт кийимидаги ўсмир йигитча орқа эшикдан чиқишди. Улар одамларни суриб, сурилиб, тиқилинчда олдинга қараб ўта бошлашди ва бирдан бояги дароз йигитнинг ёнида туриб қолишди. Автобус навбатдаги бекатда тўхтади ва салон бироз бўшади. Йигитчалар ҳам бир-бирини туртишиб, автобусдан шошиб тушишди.
Дароз йигит автобусдаги тирбандлик бироз камайгач, тепадаги тутқичдан қўлларини олиб, шимининг чўнтакларини пайпаслаб кўрди ва орқа чўнтаги бўм-бўш эканини сезди. Бирдан ранглари оқарди ва ҳали бекатдан жилмаган автобусдан шошиб тушди. Шу топда шаҳарга жўнатаётганида онаси айтган гапни эслади: “Болам, катта шаҳарда ҳар хил одамлар бор. Ҳужжатларингга эҳтиёт бўл. Пулингни йўқотсанг, майли, аммо ҳужжатларингни йўқотма. Уларни йўқотиб қўйсанг, кейин сени ўқишга қабул қилишмайди”.
Йигит автобусдан тушасолиб, жон ҳолатда атрофга олазарак қаради ва сал нарида ўзаро чақчақлашиб кетаётган бояги болаларга кўзи тушди. Боя дорилфунун қабул комиссияси ҳужжатларини қабул қилгач, паспортини ва ҳарбийга чақирув қоғозини қайтариб берган, у бу ҳужжатларни қоғозга ўраб, шимининг орқа чўнтагига солиб қўйганди.
– Ҳой болалар, тўхтанглар! – ҳаллослаб югурди йигит. – Илтимос, паспортимни беринглар!
Спорт кийимидаги йигитчалар орқага ўгирилиб, бир-бирига имо-ишора қилиб тўхташди.
– Илтимос, ҳужжатларимни беринглар! – Йигит ҳансирарди.
– Қанақа ҳужжат? Э, нима деяпсан?
– Паспортим, военкоматнинг қоғози… Силар олдиларинг. Орқа чўнтагимда турувди.
– Сан нима, бизни ўғри деяпсанми? Тошингни тер…
Дароз узун ва озғин қўллари билан ўзига яқинроқ турган йигитчалардан бирининг ёқасидан тутди.
– Паспортимни берларинг!..
– Э, қўйвор ёқамни! Нега қараб турибсанлар?! – Дарознинг қўлидан ёқасини чиқаролмай типирчилаётган бола шерикларига кўз қисиб, имо қилди.
Шу пайт йигитнинг чап қовоғи ва кўзи аралаш бир мушт тушди. Иккинчи мушт бурнига тегди. Бир зумда йигит муштлар ва тепкилар “ёмғири” остида қолди.
– Ҳой, нима қилаяпсанлар? Тўхтанглар. Ҳозир милиса чақираман!
Йўлдан ўтаётган оқ-сариқ юзли, тўладан келган, сочларига оқ оралаган зиёлинамо одамни кўриб, болалар бирдан ҳар тарафга қараб қочишди.
Нотаниш одам йигитни ўрнидан турғазиб, уст-бошини қоқди. Боя муштлашув пайти кимдир отиб юборган ва сал нарида йўлак четида сочилиб ётган ҳужжатларини олиб, унинг қўлига тутқазди.
– Шулар сеникими? Ўқишга келдингми? Хафа бўлма, ўғлим. Ҳали бир катта одам бўлиб кетганингда эслаб, кулиб юрасан. Ҳаммамиз шундай бошлаганмиз. Дадилроқ бўл. Анави ерда водопровод бор. Юз-қўлингни ювиб, бурнингни артиб ол. Бўшашма. Яхши одамларнинг фарзандига ўхшайсан. Бу ердан қандай кетишни биласанми? Пулинг борми?
Шу топда йигитнинг калласига бирон гап кирмас, бутун танаси оғриқ ва аламдан ловиллаб ёнарди. Бироз ўзига келгач, у йўл четидаги ошхона ҳовлисига кириб, юз-қўлини ювди, бурнининг қонини тозалади. Беихтиёр бутун умри бири икки бўлмасдан азоб-уқубатда ўтган марҳум отасини эслади: “Ўғлим, бу ҳаётда бўри бўлиб яшашинг керак. Бўлмаса, бошқалар сени еб қўйишади” дея кўп такрорларди раҳматлик. Ўзини ожиз ва нотавон сезиб хўрлиги келди. Ичидан келаётган ўкириқни тўхтатолмасдан, ҳўнграб йиғларкан, ўзича қасам ичди: “Агар ўлмасам, ўқишни битириб, шу шаҳарда қоламан ва “катта одам” бўлиб, бу зўравон шаҳарни оёғим остида тиз чўктираман!”.
Ғулом Қодирович бутун умри давомида ёшлигида содир бўлган шу воқеадан сабоқ олиб, хулоса чиқариб яшади. Ўша кунни ҳар эслаганида орияти қўзир, алами келарди. Шу алам, уят ҳисси уни улғайтирди. Шу туфайли жон-жаҳди билан ўқиб, изланиб, умр йўлларида дуч келган барча қийинчиликларни қадам-бақадам, чидам билан енгиб ўтди. Яхши мутахассис, ажойиб инсон бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топди. Эл билмасдан айтмайди: “Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи”.
Ғулом Қодировичнинг хаёлларини яна хотинининг овози бузди:
– Туринг, дадаси. Ювиниб, кийиниб олинг. Ҳадемай, “Келин салом” бошланади. Сизнинг ҳам келинингизга атаганингиз бордир. Қудаларнинг олдида одамни шарманда қилманг, тағин.
Ғулом Қодирович дадил, шитоб билан ўрнидан турди: “Нима деяпсан, хотин. Биз ҳали бу қадим кентни забт этамиз. Уларга кўрсатиб қўямиз кимлигимизни!” У кўнглидан ўтган бу гапларни аёлига очиқ айтмаган бўлса-да, ўттиз йиллик алами бироз босилгандай бўлди.
2013 йил.