– Бу ерлар ҳали дашт. Қаранг, ғилдиракли уйчалардан бошқа ҳеч вақо йўқ, – куйиниб кетди қурилиш бошлиғи. – Республика газетасининг мухбири бўлсангиз, қандай ташлаб кетаман? Катталар эшитишса, теримга сомон тиқишади-ку!
Мен унинг безовта нигоҳига эргашиб атрофга кўз ташладим. Атрофда қум, ғишт уюмлари. Нарироқда гугурт қутисидек қатор терилган кичик-кичик оқ уйлар. У ёғи кўклам майсалари билан қопланган бий дала. Ҳозир эса уфққа туташ бу қир-адирларни қуёшнинг қизғиш нурлари сийпаламоқда.
Кўзлари катта-катта, ғўлабирдан келган бошлиқ Назарқул Шодиевнинг овози майинлашди:
– Ҳеч қурса, меникига борайик, а, нима дедингиз? Хотин ғилминдига тоза-а уста. Эртаси Тошкентга ўзим кузатаман?
Мен ўжарлик билан оёғимни тираб олдим. Охири унчалик содда ҳам бўлмаган бу одам енгилди:
– Ҳай, майли, меҳмонга йўқ деб бўмайди, – пишиллаб бўшашди Назарқул. Почаларини чанг қоплаган шимининг чўнтагидан ғижимланган дастрўмол олиб, пешонасидаги терни артди. – Ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўрмоқчи бўласиз-да, а?
– Э-э яшанг, худди шундай!
– Аслида, даштда тунашнинг ҳам гашти бор.
– Тушунган одамсиз-да, – уни қўллаб-қувватлайман. – Ичимдагини топдингиз!
– Хафа бўлиш йўғ-а?
– Асло! Мени қоровулга ишониб, баҳузур қайтаверинг.
– Сизди-и қоровулга эмас, Бердиёр акага топшираман, – Назарқул ўйланиб қолди. – Ўта-а бамаъни одам. Вилоятдаги ҳамма қурилишларда Бердиёр Бобоев деса дарров танишади. Боя сиз ҳам унинг ишини а-анча кузатдингиз?
Назарқул Шодиев айтаётган ўрта бўй, қизил юз, мўйловига оқ оралаган одамни эсладим. Ғишт тераётганида бўзчининг мокисидек аниқ, чаққон ишларкан. Қўллари ғишт тўпи билан девор ўртасида шунақанги тез бориб-келардики, нима қилаётганини илғаб ололмайсан.
– Ҳа-а, ғишт теришнинг ҳадисини олган экан, – Назарқулнинг гапини тасдиқладим.
– Шундай, “катта”. Бир ўзи тўрт-беш кишининг ишини бажаради. Уни қурилишга бежиз олиб келишмаган-да. “Мастерок”ни ўйнатиб юборади. Бугун уйчасида ёлғиз қолган. Шериги жавоб олиб кетди.
Минг бир таваллолар билан бошлиқнинг “араз”ини тарқатиб, ортидан эргашдим.
Оқшом қўна бошлаганди. Заминга март ойининг намхуш ҳавоси инган. Улкан қурилиш майдони тунги оромига ҳозирланаётгандек сокин бўлиб қолди.
Мен Жиззахдаги индустриал ҳудудда олиб борилаётган улкан ишлар ҳақида ёзмоқчи эдим. 2013 йили бошланган бу жўшқин жараён икки йилда бутун воҳа бўйлаб қулоч ёзди. Республика аҳамиятидаги қурилишларга энг моҳир усталар жалб этилди. Бердиёр ана шундайлардан эди. У билан ғишт тераётганида анча суҳбатлашдик. Тенгдошлигимиз учун гапимиз дарров қовушди…
Мен шуларни ўйлаб бошлиқнинг ортидан юрдим. Ғишт, бетон парчаларига қоқила-қоқила, гугурт қутиларидек қатор қилиб жойлаштирилган муваққат уйчаларга етиб олдик. Назарқул қурувчилар “маҳалла”сининг этагига бошлади. Нарёғи баланд-паст қир-адир. Барра майсаларнинг хушбўй ҳиди келиб турибди. Бутун борлиқ баҳор либосига бурканган. Бу ёқларда кўклам мангу қоладигандек. Аммо ундай эмас. Эрта-индин ёз қуёшида ажриқлар сарғаяди, шувоқ, янтоқ бўй кўрсатиб қолади. Қуёш тандирдек қиздириб, дашт ўзининг асрий ҳокимлигини қўлдан бермасликка уринади. Шу пайтда кўп йиллар аввал ўзим учрашган, чўлни ўзлаштираётган одамларни эслаб кетдим. Кўз ўнгимда ўн йиллар давомида табиат инжиқликлари билан курашаётган чўлқуварларнинг мардонавор қиёфалари гавдаланди.
Бердиёр замонавий панеллардан монтаж қилинган оппоқ уйчадан жилмайиб чиқиб келди. У мен билан тенгдош – қирқ беш ёшларда. Қурилишда, ғишт тераётганида кўзимга бошқача кўринганди. Ҳозир жилмайиб турган, юзи офтобда қизарган қурдошимнинг оддий қишлоқ кишисидан фарқи йўқ эди: оқ-қора катак кўйлагининг енгини шимариб олибди, бошида уриниб қолган эски дўппи.
– Келингизлар, – деди икки қўлини узатиб сўрашаркан.
– Бердиёр ака, “катта” бугун сиз билан қоладиган бўлдилар, – бошлиқ гапни чўзмай, лўнда тушунтирди. – Бир меҳмон қиласиз-да энди.
– Жоним билан. Қани, ичкарига, – Бердиёр ўзини четга олиб, очиқ чеҳра билан уйчага ишора қилди.
– Менга рухсат берасизми, йиғилиш бор эди?
Назарқул Шодиевнинг бу гапи айни муддао бўлди. Узоқ йўл, қурилиш объектидаги югур-югурлар анча тинкамни қуритганди. Бир чеккадаги мана шу уйчада ором топишни ўзим ҳам истаб турган эдим.
– Баҳузур бораверинг, мен бу кишининг суҳбатини олай, – дедим чин дилдан.
У яна алланималар деб ғўлдираганича оқ уйчаларни оралаб нари кетди. Биз Бердиёр билан қолдик.
– Қани, ичкарига, – деди у самимий жилмайиб.
Уйчага кириб, атрофга алангладим; ишчилар яшаётган бўлса ҳам хона озода, шинамгина экан. Жиҳозлари иккита каравот, жавончалар, ихчам стол, яна иккита курсидан иборат. Жажжи ошхона, душ ҳам бор.
Бердиёр бироз қараб турди-да, каравотининг ёнбошидаги пастак жавончадан тоза сочиқ олиб узатди:
– Ювиниб олинг, енгил тортасиз. Иссиқ сув бор. Мен ҳозир душга тушдим.
Раҳмат айтиб сочиқни олдим-да, ювиниш жойига кириб кетдим. Душдан чиққанимда кундузги чарчоғимдан асар ҳам қолмаганди. Чеҳрам очилиб, столнинг ёнбошидаги бўш курсига ўтирдим. Бердиёр дарров бир пиёла чой қуйиб узатди.
Шу пайт уйчамизнинг олдига зулукранг “Нексия” келиб тўхтади. Бердиёр очиқ деразадан бир қур кўз ташлаб, ташқарига чиқди. Ким биландир гаплашаётгани эшитилиб турди. Бироздан кейин қўлида иккита целлофан халта билан кириб келди.
– Ошга масаллиқ олиб келишибди, – деди беозор жилмайиб. – Ўзимда ҳам бор эди. Майли, меҳмонди иззати-да.
У дарҳол ошга уннаб кетди. Берилиб сабзи тўғраётганида уяли телефони ёш болаларнинг ўйинчоқ сурнайига ўхшаган ғалати овоз чиқариб жонланиб қолди. “Она қизим”лаб анча гаплашди. Неварасининг овозини эшитгиси келди.
– Неварани соғинибсиз-да? – дедим қизил тугмачани босиб телефонини ўчирганида.
– Соғинаман, бироқ… боролмайман, – Бердиёр бошини чайқади. – Бу – қизим, биринчи хотинимдан.
Ўртамизга бир фурсат ноқулай жимлик чўкди. Кейин қурилиш ҳақидаги гапларга алаҳсиб кетдик.
Ош еб бўлиб анча пайтгача аччиқ кўк чой ичиб ўтирдик. Биз аллақачон эски қадрдонлардек иноқлашиб олган эдик. Иккимизнинг ҳам уйқумиз келмасди. Уйчадан чиқиб, ташқарини айландик. Дашт туни ўзига хос, ажойиб эди. Шаҳарнинг шовқин-суронидан йироқдаги бу сукунатни чигирткаларнинг жон-жаҳди билан берилиб чириллашларигина бузиб турибди. Қўшни уйчалардан қурувчиларнинг баланд овозда гапиришлари, қўшилишиб кулганлари эшитилади. Шундоққина оёғимнинг остидан алланима зувиллаб ўтиб кетди. Чўчиб тушиб, сергакландим. Бердиёр кулди:
– Сиз ўйлаган нарса эмас, – деди дўстона оҳангда. – Илонлар ҳо-ов нарида. Баниодамга яқинлашмайди. Бу – типратикан. Тунда уйчаларди оралаб насибасини териб кетади.
Биз яна ичкарига кирдик.
– Боя гапим чала қолди, – деди Бердиёр ниманидир айтишга чоғланиб. – Қизимни биринчи хотинимдан, дедим сизга. Бу ғишт терувчи хотин олиб, хотин қўяверар экан-да, деб ўйламанг. Бироқ ҳаётимда катта хато қилганман, тан оламан…
Унга синовчан тикилдим. Гўё анчадан буён ўзига бир сирдош топа олмаётган, ичини куйдириб ётган аччиқ дардини кимга тўкишни билмаётган кишидай унинг юзида оғриқ, алам кўпчиб турарди.
Шундан кейин Бердиёр бошидан ўтган воқеаларни гапириб берди.
…Мен ғаллазор қирлар, узумзор боғлар билан қуршалган қишлоқда катта бўлганман. Қишлоғимизнинг номи ҳам “Узумзор”. Болалигим тупроқ кўчаларни чангитиб югуришу дала жойларда мол-қўй боқиш билан ўтган. Мактабда яхши ўқимадим. Шунинг учун ўнинчини битирдим-у, синфдош жўрам Ғайрат билан туман марказидаги қурилишга ишга бордим. Бизни ғишт терувчи устага шогирд қилиб беришди. Устамиз Пирмат амаки эллик ёшлардаги, оқ-сариқдан келган, норғул, гавдали киши эди.
Қишлоқда ўсган бақувват болалармиз. Пирмат амакининг айтганларини қилиб, ғишт, пақирда қоришма ташиб юравердик.
Ғайрат – бўйи мендан пастроқ, чорпаҳил, суяги йирик, чайир бола. Бироз ичи қоралиги, шумлиги бор эди унинг. Қурилишдаям ишнинг оғири ўзимнинг зиммамга тушди. Бунга парво қилмасдим. Жўрам-да, кулиб қўя қоламан. Завқланиб-завқланиб ишлайвераман. Менга ғишт терувчилик ёқиб қолди. Ғайратга қараб ўтирмай, иккаламизга айтилган юмушни тез-тез бажариб қўяман. Шундан кейин Пирмат амакининг олдига бориб, ғишт теришини томоша қиламан. Уста шунақанги чаққон ишлардики, хаёлимда гўё кўзини юмиб ҳам ғишт тера оларди. Бўш қолдим дегунча ёнига бораверардим. Уста буни пайқаб юрган экан. Бир куни “Ҳов бола, бу ёққа кел”, деди. Бирпасга белчасини бериб, қоришмани ёйишни, қандай қилиб ғишт теришни тушунтирди. Ҳаяжондан қўлим қалтираб ғишт тера бошладим. Бундай ҳолат ҳар куни такрорланадиган бўлди. Шундай қилиб Пирмат амакининг шогирдига айландим. Унинг ҳар битта гапи мен учун қонун эди. Ҳатто кўз қарашларидан ҳам нима демоқчилигини тушуниб оладиган бўлдим. Ўзимни ўтга-чўққа уриб бўлса ҳам ғишт теришни ўргана бошладим. Бундан ўзимни еттинчи осмонда ҳис қилардим.
Бир-икки ойда қўлим ишга келишиб қолди. Ғиштни қулф-калит қилиб теришни, равонлик олишни ўргандим. Цемент-қумли қоришма жазирама ёз кунларида тез қотиб қолади. Чаққон ишлаш, терилаётган ғиштларнинг чокларини бузмаслик керак. Хато қилсам, устанинг бақириб сўкинадиган одати бор эди. Бундан хафа бўлмасдим. Бироздан кейин Пирмат амакининг ўзи инсофга келиб, мулойимлашиб қоларди.
Ғайрат устимдан кулиб юрди. “Бошингдан “ҳалигиндақа” тўкиб юборсаям чидайсан, устанинг малайи”, дейишгача борди. Баъзида ярим ҳазил, ярим чин ёқалашиб кетардик. Бир-биримиздан аразимиз узоққа чўзилмасди. Жўрачилик шу-да, деб ўйлардим. Бироқ устамиз Ғайратни сира-сира ёқтирмади. Бу унга эътиборсизлиги, бор-йўқлиги билан иши бўлмаётганидан ҳам сезилиб турарди.
Шундай қилиб, орадан салкам бир йил ўтди. Мен яхшигина ғишт терувчи бўлиб олдим. Пишган ғиштни ушлайвериб қўлимнинг терилари шилиниб, азоб берган кунлар орқада қолди. Энди кафтларим тошдек қотган, на ғишт, на лой чаплайдиган белчанинг дастаси таъсир қиларди. Устамнинг қаватида мустақил ғишт тера бошладим. Энди Ғайрат менга ёрдамчи эди. Пирмат амаки ўзига бошқа шерик олди.
Қурилишда Пирмат амакидан ўтадиган ғишт терувчи йўқ. Бригададаги усталарнинг айтишларича, уни катта маош ваъда қилиб кў-ўп қурилишларга чақиришган. Лекин у ўрганган жойим, дарахт бир ерда кўкаради, деб унамабди. Шунинг учун ҳам обрўси баланд эди-да.
Баъзида олдимга келиб, ишимни кузатиб турадиган одати бор эди устанинг. Зиғирдек камчилик топса, қўлимдан белчани тортиб олиб, ўзи ғишт териб кетарди. Шундай пайтларда ёш боладек ишига тикилиб тураман. Пирмат амакида ўзимга нисбатан оталарча меҳр борлигини ҳам ҳис қилардим.
Вақт ўтиб, биз анча улғайдик. Энди мактабдаги ўқувчилик даврларимиз ортда қолган, муаллимларимизнинг тергашларидан озодмиз. Бироқ яхши-ёмон одамлар орасида ўз кунимизни кўришимиз керак. Инидан эндигина учирма қилинган полапондек қийналган пайтларимиз ҳам бўлди. Ғайрат бригадамиздаги йигитларга қўшилиб чекишни ўрганди. Пирмат амакининг у билан иши йўқ. Мени эса ҳамон тергашдан чарчамасди.
Орадан яна бир йил ўтди. Ўша баҳорда Ғайрат иккаламизни ҳарбий хизматга чақиришди. Туман марказидаги мудофаа ишлари бўлимига қатнай бошладик. Дўхтирлар яланғоч қилиб обдо-он текширишди. Қурилиш идорамиздан маълумотнома олиб бордик. Яна бир талай ҳужжатларни тўлдирдик.
Ҳарбий хизматга жўнаб кетишимиздан бир кун аввал устамнинг олдига хайрлашгани бордим. Ўшанда қурилиш кўзимга жуда-а чиройли кўриниб кетди. Мен бу ерда ўзимни уйдагидек ҳис қилардим. Сочилиб ётган ғишту қум уюмлари, бу ердаги ҳар бир унсур, бари-бари менинг ҳаётим эди. Юрагимдан алланарса узилиб кетаётгандек бўлди. Югургилаб Пирмат амаки ишлаётган жойга бордим. У берилиб ғишт тераётган экан, келганимни сезмади. Қўлининг чаққон ҳаракатларига тикилиб кўнглим бузилди. Менинг ҳам ғишт тергим келаётганди. Қўлларимни ғишт тераётгандек қимирлата бошлаганимни сезмай қолибман. Таниш ишчилардан бири туртганда уялиб кетдим. Унга эътибор бермасдан устамнинг олдига яқинлашиб, салом бердим. Пирмат амаки бошқача, қандайдир мулойим бўлиб қолганди.
– Вей, рости билан армияга кетяпсанми? – деди.
Қўлидаги белчасини ғиштга қўйди-да, олдимга келди. Бирдан маҳкам қучоқлаб олди:
– Сенсиз зерикиб қоламан-ку, Бердиёр болам!
У одатда “ҳов бола” деб чақирарди. Ҳозир эса оталарча меҳр билан “болам” деди, ҳатто овози титраб кетди. Мен ҳам ғалати бўлиб қолдим. Ахир, оз эмас, роппа-роса икки йилга хайрлашаётган эдик-да. Қандай қилиб устам ишлаётган жойга борганимни сезмай қолибман.
Пақирда қоришма бор эди. Белчани олиб индамай ишга киришиб кетдим. Қурилишга келмаганимга ўн кундан кўпроқ бўлганди. Шунақанги ихлос билан ғишт тердимки, бирорта чок бузилмади, бир томчи қоришма ерга тўкилмади. Ҳарбий хизматга кетаётганимни, бу ерга нима учун келганимни унутиб қўйган эдим. Қоришма тугагунча тинмадим. Шу пайтда қилаётган ишимдан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ роҳатланардим, мен ғишт теришни соғиниб қолгандим.
Қоришма тугаганда қўлимдаги белчани ўзим терган ғиштнинг устига қўйдим. Енгил тортиб, ортимга ўгирилганимда Пирмат амаки терган ғиштимга тикилиб турарди. Ҳозир бақириб беради, деб ўйладим. У одатда ўзи ишлаётган жойга ҳеч кимни йўлатмасди.
– Ғишт термаганимга анча бўлди-да, – дедим ўзимни оқлаб.
Уста секин олдимга келди. Бир текис терилган ғиштларга қаради-да, елкамга қоқди:
– Армиядан қайтганингда тўғри олдимга кел. Энди бор, соғ-омон кўришайлик, – деб дуо қилди.
Пирмат амаки менга ўғлидек меҳр қўйиб қолган экан. У бир дарахт бўлса, мен унинг меваси эдим. У бир тоғ бўлса, мен бағридан ситилиб чиққан булоқ эдим. Шу кунгача устамнинг дуолари билан юрибман. Санамойни ҳам устамдан ўрганган ғишт терувчилик касбим сабаб учратдим…
* * *
Ғайрат билан бир жойда хизмат қилишни жуда-жуда хоҳлаган эдим. Болаликдан жўрам, қишлоғимиздан йироқларда бир-биримизга суянч бўламиз, деб ўйлардим. Қарангки, бу ниятим ҳам ижобат бўлди.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин йигитларимиз ўзимизнинг юртимизда хизмат қила бошлашди. Биз ўз армиямизнинг биринчи аскарларидан эдик. Бу, айниқса, ота-оналаримизни қувонтирган эди ўшанда. Эсингизда бўлса, мустақилликдан аввал денгиздек қалқиб турган даврлар бўлди. Армияга кетиб, темир тобутда қайтиб келганлар қанча эди…
Бизни узоққа эмас, вилоятимизнинг узоқ тоғли қишлоғидаги ҳарбий қисмга олиб кетишди. Бу қишлоқнинг номи Ойдин эди.
Ойдиндаги ҳарбий қисмимиз, чамаси, саккиз-ўн гектарли катта ҳудудни эгаллаган. Қисмга кириб келаётганимизда чала кўтарилган деворга кўзим тушди. Бу деворнинг ғиштлари нотекис, пала-партиш урилганди. Уста кўрмаган нўноқ кимсанинг иши кафтдагидек кўриниб турибди.
Соқчиликда турган аскар бола тўсиқни очди. Биз ўтирган автобус тўғрига қараб юрди. Бу ер ҳарбий қисмнинг офицерлар оиласи яшайдиган ташқари ҳовлиси экан. Қуюқ дарахтзор ортида пишган ғиштдан бир текис қилиб қурилган уйлар кўринди. Ёш болаларнинг қийқириғига итларнинг акиллаши қўшилиб эшитилди. Мен армияни қурол кўтарган аскарлару ҳарбий техникалар қаторлаштириб қўйилган жой деб тасаввур қилардим. Бу ерда эса ўзимизнинг қишлоқдагидек итларнинг овозию болаларнинг қувноқ кулгулари эшитилаётганди.
Тўғридаги катта темир дарвоза ғўриллаган, ғижирлаган овозлар билан икки томонга сурилиб очилди. Автобусимиз секин ичкарига жилиб, улкан дарахтларнинг соясида тўхтади. Дарвоза беркилганда “Энди қишлоғимиздан, уйимиздан узоқдамиз, бу ерда қандай ҳаёт кутяпти?” деган гап хаёлимдан кечди. Ёнимдаги Ғайрат ҳам шундай ўйда бўлса керак, атрофга аланг-жаланг тикиларди. Аммо шундан кейин бундай ўйларга вақтимиз ҳам, имконимиз ҳам бўлмади. Асфальт йўлакда сафга тизилган онимиздан бизлар учун аскарликнинг жўшқин ҳаёти бошланганди.
Қишлоқ қуёшида тобланган, қурилишда билаги қотган йигитлар эдик. Салкам бир ойлик ёш аскар машқларидан яхши ўтдик. Ҳарбий қасамёд қабул қилганимиздан кейин ҳақиқий хизматни кўрдик. Биз ҳарбий техникаларни ўрганар эдик. Аввалига бу жуда қийин бўлса керак, деб ўйладим. Кичик командир қилиб тайинланган сержант шундай деди:
– Велосипед минганмисизлар?
– Ҳа! – деймиз бир овоздан.
– Велосипедни таъмирлаган ҳамдирсизлар?
– Худди шундай!
– Демак, бу техникаларни ҳам осон ўрганиб оласизлар.
Дарҳақиқат, ҳар куни тинмай машқ қилавериб, жуда мураккаб кўринган ишларни кўзимизни юмиб ҳам бажарадиган бўлдик.
Мен ҳарбий хизматда қийналдим деёлмайман. Фақат бошида уйни соғиниш бироз ичиктирди. Бир-икки ойда бунга ҳам ўрганиб кетдик. Тоғли Ойдин қишлоғида ёз фасли бошланди. Қисмимиз ҳудудида дарахтларга қўниб олган қушлар эрта тонгдан бор овозда чуғурлашади. Роппа-роса соат олтида туриб, бадантарбия машқларига чиқамиз. Осмон тиниқ, ҳаво тоза. Тўрт-беш чақиримга югуриш, турникда машқ бажаришга ўргандик. Мушакларимиз қотиб, бақувват йигитларга айлана бошлагандик. Шундай кунларнинг бирида қисмимиз командири подполковник Холбек Сафарбеков чақиртириб қолди. У аскарларга ортиқча гапирмас, аммо озодалик, тартиб сақланишини қаттиқ талаб қиларди. Ҳарбий қисмимизнинг ҳар бир бурчаги ёғ тушса ялагудек тоза, кийим-бошларимизга ҳам доғ тегмайди. Аскарлар ётоғидан чиқиб келганимда командир ҳовлида турарди.
– Бобоев, ортимдан юр, – деди мени кўргани ҳамон.
Гап-сўзсиз Холбек Сафарбековга эргашдим. Нима гаплигига тушунолмай ғалати бўлиб кетдим. Чунки командиримиз билан ҳали бирор марта ҳам яккама-якка гаплашмаган эдим. Биз қисм дарвозасидан ташқарига чиқдик. Офицерлар яшайдиган ҳовлидан болаларнинг қувноқ қийқириқлари, лайча кучукнинг жон-жаҳди билан чийиллаши эшитилди. Олдимиздан катта ола мушук югуриб ўтди.
Командир қисмга кираётганимизда кўрганим – бир чети қулаган деворнинг олдига бошлаб борди.
– Бобоев, қурилишда ишлаган экансан, ғишт теришни биласанми? – деб сўради қулаган деворга тикилиб.
– Худди шундай! Ғишт терувчиман, – дедим жонланиб.
– Унда айт-чи, нима учун бу девор ҳали битмасидан қулаган?
Бундай саволни кутмагандим. “Мени синаб кўрмоқчими? – деб ўйладим. – Ростини айтсам, жаҳли чиқса-чи?”
Ўйланиб турганимни кўриб командирнинг ҳафсаласи пир бўлиб қўлини силтади:
– Сен ҳам хом экансан!
Бу гап нафсониятимга тегди.
– Деворни уста термаган, чоклар нотўғри, ҳар икки ярим-уч метрга “устун” қўйиш керак эди, – дедим шошиб.
Бу гапим командирга яшиндек таъсир қилди. Бирдан чеҳраси очилди. Менга кулиб қараб:
– Шу деворни қуламайдиган қилиб кўтара оласанми? – деди.
– Худди шундай! – дадил жавоб бердим.
– Ундай бўлса, иккита ёрдамчи олиб, шу бугундан иш бошлайсан!
Бу гапни эшитиб хурсанд бўлиб кетдим. Ҳарбий хизматда ҳам ғишт терувчилигим керак бўлиб қолиши хаёлимга келмаган эди-да.
Ёрдамчилардан бирини ўзим танладим. Бу – дўстим Ғайрат эди. Аммо кейинчалик ана шу ишимдан бир умр афсусланиб юрдим… Эҳ, командирга у ҳам қурилишда ишлаганини айтиб кўндиргандим!.. Иккинчи ёрдамчи қилиб Эсонали деган фарғоналик йигитни беришди.
Биз шу куннинг ўзидаёқ бел боғлаб ишга киришдик. Букир ёғочдек қийшайиб турган деворни бузиб ташлашга тўғри келди. Девор аскарларнинг ўзлари қуйган хом ғиштдан кўтарилганди. Ғиштлар-ку бир нави, гугурт қутисидек текис бўлмаса ҳам ишга яроқли эди. Аммо умрида ғишт термаган “уста”лар ўзлари билганча қалаштириб ташлашган. Салкам ўн метрли деворни икки кунда бузиб, саранжомлаб олдик.
Эсонали, ўша фарғоналик йигит чумолидек тиним билмасдан ишлади. У фавқулодда меҳнаткаш чиқиб қолди. Гўё ўз уйида ишлаётгандек эди. Ғиштларга ёпишган лойни тозалаб, бирпасда тахлаб ташлади. Ғайрат шу ерда ҳам ўзини панага урди. Тез-тез дам олади, ишнинг енгилига ғоз бўлиб туради. Унга ортиқча гап айтишдан ўзимни тийдим. Нима бўлганда ҳам жўрам, биз эса бу ерларда мусофирмиз, бир-биримизни қўллашимиз керак, деб ўйладим.
Эсонали билан басма-басига, енг шимариб ишга киришдик. Девор мустаҳкам бўлиши керак эди. Командирнинг олдида уялиб қолмаслигимиз лозим. Ҳар икки ярим метрга таянч устунлар тердим. Чокларни устам ўргатганидек қулф-калит қилиб ихлос билан ишлайвердим. Яна тўрт азамат аскар ғишт қуйишга киришди. Ёзнинг жазирамасида ғиштлар тез қурий бошлади. Ишимиз юришиб кетди. Тез орада кўрсанг ҳавас қилгудек равон девор кўтарилди.
Санамойни шу кунларда учратдим. Уларнинг уйи биз тиклаётган деворнинг ортида экан. Тоғ томондан оқиб келаётган сой ҳарбий қисмимиз оралаб ўтарди. Бир қиз ҳар куни сув олгани чиқади. Челак кўтарган сарвқад нозанин кўзимга жуда чиройли кўринди. Унинг сувга чиқишини зориқиб кутадиган бўлдим. Қўлим ишда бўлади-ю, хаёлимда ўша қизнинг ҳимо билан бир-бир қадам ташлаб келаётганини тасаввур қиламан, тез-тез сой томонга мўралайман.
Ёз чилласи бошланиб, кунлар ниҳоятда исиб кетди. Офтоб заминни тандирдек қиздирди. Ҳар замонда тоғ томондан келаётган салқин шабада жонимизга оро киради. Шундаям тинимсиз сув ичамиз, ичган сувимиз зум ўтмай баданимиздан тер бўлиб оқади. Пақирдаги қайнатиб совитилган сувимиз тугаб қолди. Сойдан сув олиб келишга ҳеч кимнинг юраги бетламади. Бизга қайнатилмаган сувни ичишга рухсат беришмасди. Ичиш учун аскарлар ошхонасидан қайнатилган сув олиб келишади. Қисмимиз дўхтири шундай тайинлаган. Чанқаб турганимда бояги қиз челакда сув олиб ўтиб қолди. Сой томондан келаётганида ундан кўз узолмадим. Буни қиз ҳам пайқади.
– Чанқадингизми? – деди бир зумга тўхтаб.
Қизнинг ширин жилмайиши юрагимни сирқиратиб юборди. Овози чертилган чиннидек тиниқ экан. Фалакдан қаршимга фаришта учиб келгандек бўлди. У атиргулдек ёниб, ўзидан нур таратиб турарди. Тошдек қотиб қолибман. Қўлимдаги белча тушиб кетди. Белчани олиш учун девордан кўча томонга сакрадим. Қиз чўчиб менга қаради. У билан юзма-юз туриб қолдим. Қиз челагини ерга қўйди.
– Билдим, чанқагансиз. Майли, ичиб олинг, – деди челакка имо қилиб.
Сув ичадиган идишимиз девор ортида эди. Иккиланиб турганимда қайта челагига ишора қилди:
– Шундай ичаверинг.
– Майлими?
– Ҳа-да, савоб бўлади.
Қаттиқ чанқагандим, чўк тушиб челакдаги муздек сувдан симириб, тўйгунимча ичдим. Ўрнимдан турдим-у, нимагадир кўзим тиниб, бошим айланди. Сув ичиб роҳатланганимданми, бу моҳичеҳра қаршимда турганиданми, маст бўлиб қолгандек эдим. Ихтиёрим қўлдан кетиб, унга тикилиб қолдим. Эски аскар кийимидаги давангирдек йигитнинг ёш боладек мўлтираб туриши ғалати туюлган бўлса керак, қиз нигоҳини олиб қочди. Шунда у янаям чиройли бўлиб кетди.
Ҳарбийда бўлгандирсиз, шундай ҳолат сизнинг ҳам бошингиздан ўтгандир. Ойлаб аскарлар ётоғи, ошхона, ҳарбий машқлардан бошқасини билмаган ёш йигит учун бундай онлар жуда-жуда тансиқ бўлар экан-да. Бу қиз мени сеҳрлаб қўйганди.
– Исмингиз нима? – сўрадим ўзимни тутиб олиб.
– Санамой.
– Меники Бердиёр. Раҳмат сизга.
– Арзимайди.
Қиз шундай деди-ю, челагини қўлига олди. Индамай уйи томон кета бошлади. Хўрага ташна отдек ортидан тамшаниб қолдим. Девор ортидан Ғайратнинг тажанг овози эшитилганда ўзимга келдим:
– Ҳов уста, қаёқда қолдинг?
– Ҳозир бораман, – дедим девор урилмаган томонга юраётиб.
– Тилла топдингми?
– Шунақага ўхшайди.
Биз одатдаги ишимизга киришиб кетдик. Баъзан Ғайратнинг жағи очилиб қоларди. Бугун ҳам оғзига келганини гапиравериб жонга тегди. Менинг хаёлим билан кимнинг иши бор. Хаёлимдан эса ўша қиз кетмай қолганди.
Кун бўйи ишлаб чарчаган бўлсам ҳам, ўша тун узоқ вақт ухлолмадим. Сой бўйидан юриб келаётган қизнинг жилмайиб қарашлари сира кўз олдимдан кетмади.
Шу кундан Санамой билан танишиб олдик. Сойдан сув олгани чиққанида салом бериб ўтади. Менга унинг бир оғиз лутфи ҳам беадад роҳат бағишларди. Узоқдан сарвдек қоматига кўзим тушса юрагим қафасдаги қушдек безовталана бошлайди.
Ғайрат билан Эсонали буни сезмай қолишмади, албатта. Эсонали водийча тарбия кўрган, ҳушмуомала йигит. Мени “уста” деб чақиради. Санамой билан қўлини кўксига қўйиб, “Синглим, яхшимисиз?” деб саломлашадиган бўлди. Ғайрат ўзини ғалати тутарди. Санамойни олдимда кўрса қовоғини уйиб олади, қўлидаги ғишт ё лой пақирни жаҳл билан улоқтиради. Санамой у билан очилиб гаплашмасди. Шунга жаҳли чиқаётгандир, деб ўйлардим. Анча гўл эканман. Унинг ботинидан қиринди ўтаётганини сезмабман…
Ойдин қишлоғининг одамлари ориятли, очиқкўнгил. Дилидагини дангал гапиришади. Санамой ҳам бизни акаларидек билиб, ҳол-аҳвол сўрашиб кетаверарди.
Командир девор қурилишидан ҳар куни хабар олиб турди. Роппа-роса йигирма кунда деворимиз битди. У ишимиздан хурсанд эди. Бир куни елкамга қоқиб:
– Яхши уста экансан, – деди.
Бу менга катта мукофот эди. Устозим Пирмат амакининг ишончини оқлаётганимдан ўзимда йўқ хурсанд бўлдим. Ғайрат билан Эсонали командирнинг олдига келишга ҳаддилари сиғмасдан нарироқда туришди. Биламан, командир кетганидан кейин Ғайрат мени “патхалим” деб чақиб-чақиб олади. Унинг ана шундай гапларидан безиллаб қолдим. Шерикларимнинг берироқ келишларини, командир уларни ҳам рағбатлантиришини истаётгандим. Бироқ деворга тикилиб турган командир бошқа нарса ҳақида гапирди:
– Хўш, уста, куз келса ёғин-сочинли кунлар бошланади. Деворингга соябон қилиш керак. Тунука олиб берсак қоқа оласанми?
– Қоқа оламан-ку…
– Хўш-хўш, гапир, нима демоқчисан?
– Тунука бўяб турилмаса занглайди. Биз девор соябонини пишган ғиштдан терардик. Салобатли, ҳам пухта бўлади.
– Гапингда жон бор, – командир ўйланиб қолди…
Шу куни девор қурилишида ишлаган аскарларга дам беришди. Ҳар биримиз туман марказига бориб келиш учун рухсатнома олдик. Мен қишлоқда қолишни, Санамой билан учрашишни режалаб турардим. Лекин ундай бўлмади. Сержантимиз бошчилигида туман марказига жўнадик. Кинога тушдик, бозор айландик. Хуллас, ўзимиз билганча яйрадик.
Эртасига ҳарбий қисмимизга қуёш нурида олтиндек товланаётган, сап-сариқ пишган ғишт, қум, цемент олиб келишди. Ғайрат бу ишни командирга мен таклиф қилганимни биларди. Роса жиғибийрон бўлди, “патхалим”дан олиб “патхалим”га солди. Аммо ҳарбийда кўнглингга қараб ўтиришмайди. Буйруқ сўзсиз бажарилиши керак! Ғайрат билан Эсоналини ёнимга олиб яна ишга киришиб кетдим. Аслида, бу мен учун роҳат эди. Қурилиш ишларидан завқланиб, мазза қилардим.
Биз яна ишга тушдик. Ғайрат қоришма тайёрлашга бошчилик қилди. Эсоналини ишлатиб, ўзи “уста” бўлиб олди.
Мен ўзимиз ясаган ёғоч эшакка чиқиб пишган ғиштдан деворга соябон тераётгандим. Кўчада қўлида челак билан Санамой кўринди. Унга тикилиб туриб қолибман. Қоришма олиб келган Ғайратнинг товуши ўзимга келтирди.
– Яна ўша қиз келяптими?! – деди у тажанглашиб.
– Секинроқ гапир, эшитилади, – қўлим билан “жим” ишорасини қилдим.
– Ҳар куни сендайларнинг нечтаси билан гаплашади, – Ғайрат жаҳл билан ерга туфлади.
Унинг бу гапи Санамойнинг шаънига ҳақорат эди. Қоним қайнаб кетди. Майли, Ғайрат – дўстим, сўкса ҳам чидайман. Лекин мен учун дунёдаги энг суюкли қиз ҳақида номақбул гап айтган кимса – ёвуз душманим! Деворга тиралган ёғоч эшакдан шиддат билан сакраб тушдим. Кўзим қонга тўлганди. Ғазабимни босолмай қолдим. Пастда ҳар бир ҳаракатимни совуққонлик билан кузатаётган Ғайратнинг ёқасидан олдим.
– Овозингни ўчир! – дедим ўшқириб. Яна алланималар дея гуврандим.
Ғайрат қарши ҳужумга шай турган экан. У миқтидан келган бўлсаям жуда бақувват эди. Тўқмоқдек муштлари билан иккала билагимга шунақанги зарба бердики, қўлларим ўз-ўзидан ёқасини бўшатди. Иккинчи мушт елкамга тушди. Орқамга мункиб йиқилдим. Ғазабим вулқондек қайнаб-тошди. Ҳеч қандай оғриқни сезмадим. Ҳансираб ўрнимдан турдим-у, икки оёғини айри ёғочдек кериб, қўлларини белига қўйиб олган Ғайрат томонга отилдим. Унинг нафрат билан тикилган кўзларини ҳозиргача унутганим йўқ. Ҳа, ҳа, кўзлари ботинида йиғилиб ётган беадоғ нафратни менга найза қилиб санчишга шай эди. Гўл эканман, бу ҳақида кейин ҳам ўйлаб кўрмабман. Бунинг сабаби бор эканини жуда кеч билдим… Кеч билганимдан ҳозиргача афсусдаман. Бутун умр афсуслансам керак…
Эсонали ўртага тушмаганида муштлашувимиз анчага чўзилиши аниқ эди.
– Бўлди қилинглар! – у Ғайрат билан менинг ўртамга девордек туриб олди. – Ошналар ҳам ашинақа бўладими.
Мен Эсоналига қараб бироз бўшашдим. Аммо Ғайратнинг муштлашувни бас қилиш нияти йўқ эди. У Эсоналини улоқтириб ташламоқчи бўлиб елкасидан ушлаб жон-жаҳди билан тортди. Шунда Эсонали эмас, унинг ўзи уч-тўрт қадам нарига учиб тушди. Бу бир лаҳзада юз берди. Нима бўлганини пайқамай қолдим. Фақат чўпдек озғин Эсонали қўллари билан яшин тезлигида аллақандай ҳаракатлар қилганини кўрдим. Ғайрат чирпирак бўлиб учиб кетди-да, гурс этиб қулади. Оёғи қоришма ташийдиган пачоқ пақирга тегди. Пақир даранглаб юмалаб кетди. Мен саросималаниб қолдим. Бир Эсоналига, бир Ғайратга қарайман. Ғайрат қаттиқ тушганди. Ихраб-сихраб ердан бошини кўтарди. Энг оғир ишларни қилиб юрган, мўмингина “қора ишчи”мизга нима бўлди, демоқчидек бақрайиб қолди. Эсонали ўзини йўқотмади. Чаққон бориб Ғайратга қўлини узатди:
– Туринг, ошна, айб бизда, – деди қимтиниб.
Ҳозиргина буқадек бақувват Ғайратни битта қўл силташ билан чиллакдек учириб юборган Эсонали ёш боладек хижолат чекиб турарди. Ғайрат ҳам, мен ҳам нима учун муштлашганимизни унутиб қўйгандек эдик. Жўрам ранги оқариб ҳамон ерда ялпайиб ётарди. Ниҳоят ўзига келиб қимирлаб қолди. Эсоналининг дўстона чўзган қўлини силтаб, сўкиниб ўрнидан турди. Дўрдоқ лабларини алам билан қимтиб, ичиқоралик билан бир Эсоналига, бир менга ўқрайди. Эсонали ҳеч гап бўлмагандек хотиржам эди. Думалаб ётган пачоқ пақирни олиб, қоришмага кетди. Мен деворга тиралган ёғоч эшакка тирмашиб чиқдим. Ғайрат нима қилишини билмай симёғочдек бироз қаққайиб турди-да, у ҳам пишган ғишт олиб келгани кетди. Тушликкача гап-сўзсиз ишладик.
Нима бўлганини Эсонали кейинроқ айтди. У болалигидан “самбо” кураши билан шуғулланган, ёшлар ўртасида республика чемпиони ҳам бўлган экан.
Ғайрат икки-уч кун тумтайиб юрди. Кейин ҳаммаси аввалгидек бўлиб кетди.
* * *
Пурвиқор тоғлар этагига ястанган Ойдин қишлоғи хушҳаво, жуда гўзал. Баҳайбат тошлар бағридан ситилиб чиққан булоқларнинг суви кенглиги бир қулоч келадиган сой бўлиб оқади. Сой қисмимиз оралаб ўтади. Офицерлар ҳовлисидан қуйига, деҳқонларнинг далаларига бурилади. Суви қочганда кўча томондан пақирни тўлдириш қийин. Шундай пайтларда Санамой сув олгани офицерлар ҳовлисига киради. Соқчиликда турган пайтларимда у билан тез-тез кўришамиз. Ҳарбий машқлардан толиққанимизда сой бўйида ўтириб нафас ростлаймиз. Мен бошидаги дурраси енгил шабадада ҳилпираб сув олаётган Санамойни тасаввур қиламан, уни соғинаман…
Куз келди. Баъзан осмонни қора булут қоплаб, йилдиримлар ёғду сочиб қолади. Ойдинлик деҳқонлар даладаги ҳосилни шошилинч йиғиштира бошлашди. Биз навбат билан қисмимиз ошхонаси учун картошка кавлагани қишлоққа чиқамиз. Шундай пайтларда Санамойни кўриб қоламан. Юрагим ҳаприқиб кетади. Олдига борсам, мириқиб гаплашсам, висолига тўйиб тафтимни боссам дейман. Тез орада ана шундай имконият бўлди.
Кузнинг бошларида ҳали кунлар илиқ эди. Қисм бўйича навбатчимиз командир чақираётганини айтиб қолди. Командирнинг хонасига кирганимда Холбек Сафарбеков баҳайбат столида нималарнидир ёзиб ўтирарди.
– Буйруғингизга биноан оддий аскар Бобоев келди! – дедим қоида бўйича.
– Бобоев, сувоқчилик қўлингдан келадими?
Қурилишда сувоқчилик ишларига ҳам анча кўзим пишганди. Бўш қолган пайтларимда сувоқчи йигитларнинг олдига бориб, ишларига қарашиб юрганман.
– Сувоқчилик қила оламан! – дедим дадил.
Гап нимадалигини фаҳмлагандим. Ғайрат, Эсоналилар билан кўтарган деворимизни сувоқ қилиш керак эди. Бироқ ҳарбий ўқув машқлари бошланиб бу иш қолиб кетди. Мана энди командирнинг ўзи шу ҳақда гап очди. Яна Санамойни ҳар куни кўришимни ўйлаб ич-ичимдан суюндим.
– Унда ўзинг қурган деворни ёрдамчиларинг билан сувоқ қиласизлар, – деди командир.
Шу куни яна ҳарбий қисмимиздан ташқарида иш бошладик. Сиртқи деворнинг сувоғини Санамойларнинг ҳовлиси томондан бошладим. Ғайрат билан Эсонали қум, цемент, оҳакни аралаштириб қоришма тайёрлаб туришди. Сувоқ ғишт теришга қараганда анча тез битади. Мен ишни атайлаб чўзардим. Деворнинг Санамойлар ҳовлиси тарафида ишлаётганимизда у чой дамлаб келиб турди. Ҳар куни кўришиб, узоқ-узоқ суҳбатлашардик. Шу кунларда бир-биримизга ўрганиб қолдик. Ўртамизда муҳаббатнинг кўринмас иплари боғланди. Шерикларим буни пайқамасликлари мумкин эмас эди. Ғайратнинг ғашлиги келаётганини сезардим. У баъзан ғамгин бўлиб қолар, баъзида мени силтаб ташларди. Бу оддий ғашлик эмаслигини сезмабман…
Шундай қилиб, икки йил давомида Санамой билан тез-тез учрашиб турдик. Муддатли ҳарбий хизматим тугаши арафасида гапни бир жойга қўйдик: уйларига совчи юборадиган бўлдим.
Мен энди аввалги бўш-баёв Бердиёр эмасдим. Аскарлик ҳаёти жисмимни чиниқтирди, фикрим тиниқлашди, ўз йўлимни ўзим топа оладиган бўлдим. Билакларим тошдек қотган, чаққон, чўрткесар йигитга айландим.
Айни баҳорда Ғайрат билан биргалашиб қишлоғимизга қайтдик. Икки жўра бир кунда хизматга жўнаб, бир кунда уйимизга кириб бордик. Аммо Ғайрат жуда-жуда ўзгарган, мендан ўзини олиб қочарди.
Ота-она, жигарларимнинг бағри, қадрдон жўралар билан дийдорлашиш – жуда ширин дамлар эди. Бошим осмонда, қувончли кунларимда фақатгина Санамойнинг соғинчи қийнади. У пайтлари қўл телефони йўқ. Тунларим хаёлан севгилим билан дил изҳорлашиб ўтди. Уни тушларимда кўриб тонг оттирдим. Хат ёзишиб турамиз, деб келишгандик. Хатни уйларига жўнатолмасдим. Хайрлашаётганимизда почта бўлимига “Талаб қилиб олувчига” деб ёзишга келишгандик. Биринчи мактубимни Санамойнинг ўзига айтолмаган ишқий ҳиссиётларим билан тўлдирдим. Тез орада жавоб хати келди. У мен кетиб ҳарбий қисмимиз ҳувиллаб қолганини ёзибди. Бунинг маъносини тушуниб, тоғли Ойдин қишлоғига қушдек учгим келди.
Ишқнинг ҳижрони ёмон бўлар экан, ҳайҳотдек қишлоғимизга сиғмай қолдим. Бир ҳафта ўтар-ўтмас ўзим ишлаган қурилиш ташкилотига бордим. Устозим Пирмат амаки шу яқиндаги объектда ишлаётган экан. Мени кўриб қувониб кетди, ўз ўғлидек бағрига босиб сўрашди. Ҳарбийда ҳам ғишт терганимни айтганимда боши осмонга етди. “Энди сен шогирд эмассан, мен билан бирга ишлайсан”, деди. Шу куннинг эртасига бошлиқлар билан гаплашиб, ғишт терувчи қилиб бригадага ишга олдирди. Биринчи куни ғишт тераётганимда ишимни кузатиб турди. Кўнгли тўлди, чамаси:
– Балли, унутмабсан, деб мақтаб қўйди.
Тез орада ёз келиб, кунлар исиб кетди. Тоғ ҳавосига ўрганиб қолган эканман, қуёшнинг тиғида ишлаш осон бўлмади. Бироқ мени Санамойнинг соғинчи кўпроқ қийнарди. Қўлим ишда-ю, хаёлим Ойдин қишлоғида бўлади. Сой бўйида учрашган пайтларимизни қўмсайман. Ҳозироқ унинг олдига учиб борсам, тўйиб-тўйиб бағримга боссам, дейман. Бир ойни амал-тақал қилиб ўтказдим. Унга хат ёзиб, яқинда совчилар боришини хабар қилдим.
Биринчи маошимни олган куним бозордан жиянларимга кийим-кечак олиб, қўшни қишлоққа узатилган Дурдона опамникига бордим. Мени кўриб опам суюниб кетди. Елиб-югуриб дастурхон тузади. Ошга уннамоқчи бўлганида, “Опа, гап бор”, деб тўхтатдим. Дурдона опам кўзларини мўлтиратиб, хавотирга тушиб қолди:
– Нима гап, Бердиёржон? – деди кўрпачага чўк тушиб ўтираётиб.
Кулиб туравердим. Опамнинг ичи қизиб менга тикилиб қолди.
– Ҳарбийда бир қиз билан аҳдлашиб қўйганман, – дедим ерга қараб.
– Вой, Бердиёржон, ким у қиз?! – Дурдона опамнинг гап оҳанги бирдан ўзгарди.
– Санамой.
– Исми чиройли экан.
– Ўзи ҳам чиройли.
– Укагинам-а, ҳарбийда вақтни бекор ўтказмабсан-да!
– Опа, совчи юбориш керак, уйдагилар билан гаплашсангиз…
– Гаплашаман, жоним билан гаплашаман! Тоғ томонлар узоқ-ку?
– Ўзим олиб бораман.
– Вой, куёвнинг ўзи совчиликка борадими?
– Опа!
– Нима дейсан, Бердиёржон, – опам ўйланиб қолди.
– Қизнинг уйи ҳарбий қисмимизнинг қаватида. Мен жўраларим билан кўришиб тураман. Совчиларингизга Санамойнинг уйини кўрсатиб юбораман.
– Шундай демайсанми.
Уйимизга Дурдона опам билан бирга қайтдик. Отамга маошимдан қолганини олиб кириб бердим. Узоқ дуо қилди. Бу пайтда Дурдона опам онамнинг олдига кириб, гапни пишитаётган эди. Мен тезда уйдан чиқиб кетдим. Ўша пайтда биз тенги қишлоқ йигитлари жуда-а истиҳолали бўлишган. Мендан аввал уйланган жўраларим ҳам шундай қилишган.
Кеч бўлганда уйга келдим. Дурдона опам қайтиб кетибди. Онам кулиб, одатдагидан бошқачароқ қарши олди. Чеҳрасидан нур ёғилиб турарди. Шу кунги қиёфаси ҳали-ҳануз кўз олдимдан кетмаган. Биз онамиз учун доимо бола бўлиб қолаверамиз. “Ўғлим эр етиб қолибди, кечагина бағримда олиб ўтирардим-а, энди уйлантиришимиз керак экан, бола дегани қушнинг полапонидек тез учирма бўлар экан-да”, дея ўйлаган бўлса неажаб. Онажонимга, меҳрибонимга юрагимни ёргим келди. Санамойни севишимни, унинг тоғ осмонидаги укпар булутлардек майин, тошдан тошга сакраган оҳулардек гўзаллигини айтиш истагини енголмай қийналдим. Ориятдан ҳамма гапларим ботинимда қолиб кетаверди. Айб иш қилиб қўйган боладек бош эгиб турдим.
– Дурдона опанг ҳаммасини айтди, – дедилар онам. – Отанг ҳам билди. Биз рози. Майли, болам, ўша қиз кўнглингга ўтиришган бўлса, келин қиламиз. Бир-икки кун тайёрлик кўрайлик, отанг кимни қўшиб берса, бирга бориб келасизлар.
Мен яна Санамойни кўришимни ўйлаб шамдек эриб кетдим. Унинг олдида юзим ёруғ бўлаётганди. Тезда совчилар келишади, деб ишонтирган эдим-да.
Эртасига отам қарорини айтди. Совчиликка Дурдона опамнинг эри Зафар поччам билан Пирмат амаки борадиган бўлишди. Пирмат амакини кўндириш менинг зиммамга тушди.
– Отанг тўғри ўйлаган, – дедилар онам. – Узоқ йўл, эркаклар боргани маъқул.
Пирмат амаки рози бўлмаса-чи, деб чўчиган эдим. Хавотирим ўринсиз экан. Шу куннинг эртасигаёқ устамга юрагимни ёрдим. Пирмат амаки очиқкўнгиллик билан илтимосимга кўнди. “Майли, Бердиёр, тоққа бориш керак бўлса борамиз-да, сен бола шўх чиқдинг-ку, келинни ўша ёқлардан олиб келар эканмиз-да”, деди елкамга қоқиб.
Ойдин қишлоғи биздан икки юз чақиримлар йироқда эди. Шанба куни тонг отмасдан Зафар поччамнинг “Жигули”сида йўлга чиқдик. Ёзнинг чилласида жазирамага қолмасдан етиб олайлик, дедик-да.
Машинада уч соатлар чамаси йўл босдик. Қишлоққа яқинлашганимиз сари олдиндаги юксак тоғлар бостириб келаётгандек туюларди. Мовий осмонга туташган қорли чўққиларга қараб Санамойни эсладим. Хаёлимда севгилимнинг сўлим чеҳраси жонланди. Мен тоғ гўзалининг шаҳло кўзларини, кулиб-кулиб қарашларини жудаям соғинган эдим.
Вақт ўтган сайин юрагим така-пука бўла бошлади: “Санамойнинг уйидагилар йуқ деб оёқ тираб туриб олишса, нима деган одам бўламан?”
Ҳарбий қисмга етганимизда рулда ўтирган Зафар поччамга тўхташ ишорасини қилдим. Машинадан тушиб атрофга алангладим. Хаёлимда мана ҳозир пақирини кўтарган Санамой сойдан сув олгани чиқиб келадигандек туюлди. Аммо кўча бўм-бўш эди, ҳеч ким кўринмади. Ўзим, ўз қўлларим билан кўтарган равон деворга биринчи бор кўраётгандек ҳавас билан тикилдим. Ҳозир жонсиз девор ҳам мен учун қадрдон ва суйимли эди. Ахир, шу ерда ишлаётиб Санамойни топган эдим-да.
Зафар поччамга деворга туташ, яшил дарахтлар кўкка бўй чўзган ҳовлини кўрсатдим.
– Сен жўраларинг билан бўлиб тур, ўзимиз чақирамиз, – дедилар Зафар поччам машина эшигини ёпаётиб.
Мени кўриб ҳарбий қисмимизга кираверишда қоровулда турган аскарлар суюниб кетишди. Бири олиб, бири қўйиб уйда қандай кутиб олишгани, ҳозир нима иш қилаётганимни суриштира бошлашди. Уларни тушундим, уйларини қўмсашаётган эди. Менга ёпишиб олишганининг боиси шу. Хизмат даврида ўзимда ҳам шундай бўлган. Бирорта аскарга таътил берилса, қайтганидан кейин ҳаммамиз уни қўрғалаб олардик. Мен ҳам унинг таассуротларини жон қулоғим билан эшитар, гўё ўзим қишлоғимизга бориб келгандек бўлардим.
Анча гап-сўзлардан кейин бу икки аскар нима учун Ойдинга келганимни сўраб қолишди. “Сизларни соғиндим, кўриб кетай деб келдим”, деб қутулдим. Қисм навбатчисига қўнғироқ қилиб, ичкарига киритишди. Қадрдон йўлкадан тез-тез юриб кетдим. Учраган жўраларим билан қучоқлашиб кўришдик. Улар мени аскарлар ётоғигача кузатиб боришди. Ичкарига кирганимда навбатчи офицер командир сўраётганини айтди. Холбек Сафарбековнинг менга муносабати хизматимнинг охирги кунларигача яхши бўлиб қолганди. Ҳатто қисқа муддатли таътил ҳам берган. Ўзим воз кечганман. Шундоқ ҳам икки марта уйдагилар келиб кетишган эди. Командир қучоқ очиб кўришди. Унга келишимнинг сабабини очиқ айтдим.
– Бобоев, девор ураётганингда қишлоғимиз қизини ҳам юрагидан урган экансан-да, – деб кулди.
Шу куни ҳарбий қисмимиз ошхонасида меҳмон қилишди. Тушдан кейин назорат пунктига чақиртиришди. Чиққанимда Зафар поччам кулиб қарши олди. Нима гаплигини билолмай ҳаяжонланар эдим. Юрагим безовта қушдек бежо ура бошлади. Ўзимни бироз босиб, олдига бордим.
– Қайним, келинди отасини кўндириш анча-а мушкул кечди, – деди поччам салмоқлаб. – Аммо-лекин сени яхши билишаркан. “Девор урган аскар бола” деганимизда дарров эслашди. Пирмат акага яхшилаб эрийдиган бўлдинг. “Мени шогирдим”, деб тоза-а мақтовингди келтирди. Энди тўйга тайёрлик кўраверамиз.
Биз Ойдин қишлоғидан яхши хабар билан қайтдик. Шу кундан уйимизда тўй маслаҳати бошланди. Зафар поччам билан Дурдона опам кунда, кунора келиб туришди. Тўйнинг олди-бердиларини келишиш ҳам поччамга юкланди. Чамаси уч-тўрт бор Ойдинга бориб келдилар. Икки ой ичида Санамой билан тўйимиз бўлди. Мен бахтли эдим. Хурсандлигим оламга сиғмасди. Севган қизимга етишдим. Қурилишдаям ишим чакки эмас. Бир йигитга яна нима керак.
Бироқ шаршарадек қуйилиб келган қувончли кунларим бир умрлик эмас экан. Орадан ярим йил ўтиб бахтимга кўз тегди. Ғайрат еган ошимга заҳар солди. У ҳарбийдан қайтганимиздан кейин қурилишга бормаганди. Туман марказидаги суғурта ташкилотига ишга кириб олди.
Қиш ойлари эди. Биз синфдош йигитлар билан ҳафтасига бир кун гаштак қилар эдик. Галдаги ўтириш Шодмонқул деган жўрамизнинг туғилган кунига тўғри келди. Зиёфат қуюқ бўлди. Мен ароқ ичмас эдим. Шу куни жўраларга қизиқиб яхшигина “олиб” қўйибман. Тунда Ғайрат билан уйга қайтаётганимизда нимадандир гап талашиб қолдик.
– Сен ҳам тезроқ уйланиб олсанг, босилиб қоласан, – дейишимни биламан, Ғайрат бирдан тутақиб кетди. Йўлнинг ўртасида кетаётган эдик. Олдимни тўсиб, важоҳат билан туриб олди. Совуқ қиш тунининг қорли кечасида иккимиз ёлғиз эдик. У менга ғазаб билан тикилди. Кўзларидан учқун сачрагандек бўлди.
– Бир уйланган сенми! – деди ёнбошига “чирт” этказиб туфлаб.
Мени ажаблантиргани Ғайратнинг овозида беадоғ бир нафрат бор эди. Дафъатан гапининг мазмунини тушунолмадим.
– Нима демоқчисан?! – этим жимирлашиб кетди.
– Хотинингди қорнидаги бола сендан эмас! – илондек вишиллади у. – Сендан эмас, лўх! Эркаклар билан очилиб гаплашиб юришидан билмадингми?!
Ғайратнинг, яқин жўрамнинг томдан тараша тушгандек бундай дейиши бомба портлашидек таъсир қилди. Қулоғим шанғиллаб, вужудим музга айланди. Осмондаги юлдузлар баданимга санчилиб, бутун танамни тилка-пора қилаётгандек туюлди. Бўйнимга арқон солингандек, дорга тортилган одамдек бўғила бошладим. Қўлларим ўз-ўзидан мушт бўлиб тугилди. Бор кучимни тўплаб юзига туширдим. Нима деганим, қандай сўзларни айтиб сўкинганимни эслолмайман. Ғайрат ҳам қараб турмади. Жон-жаҳди билан юз-кўзим аралаш муштлай кетди. Биз ёқалашиб қорда думалашар, бир-биримизни аямасдан урардик. Ғайрат мендан анча бақувват, кучли эди. Унинг кетма-кет берган зарбалариданми, аламданми, карахт бўлиб қорда ётиб қолибман.
Бир пайт ўзимга келганимда Ғайрат йўқ эди. Совуқ қиш кечасида, қор босган йўлда ҳуш-беҳуш бўлиб чўзилиб ётибман. Итларнинг акиллашидан бошқа овоз эшитилмайди. Совуқдан этим жунжикди. Ярим тунда қишлоқ чеккасидаги йўлдан ким ҳам ўтарди. Ўрнимдан қўзғамоқчи бўлиб талпиндим. Юзимда, биқинимда санчиқ турди. Аммо юрагимдаги тошдек оғир дард олдида бу оғриқ ҳеч гап эмас эди. Қорда ўтириб олдим. Ўрнимдан туришга мажолим йўқ. Ғайратнинг гапларини эслаб ўкириб йиғлаб юбордим. Қулоғим остида “Хотинингди қорнидаги бола сендан эмас”, деган даҳшатли ҳақорат қайта-қайта жаранглайверди. Қулоқларимни беркитиб олдим. Ўша товуш миямни кемира бошлади…
Шу аҳволда қанча ўтирганимни билмайман. Ўзимга келиб, ўрнимдан турдим. Бошимни эгиб уйимиз томонга гандираклаб юриб кетдим. Мастлигим аллақачон тарқаганди. Аламдан, изтиробдан юрган йўлимда дарёдаги қайиқдек чайқаламан. Санамойнинг қилиқлари, эркаланишлари сел бошланиши олдидаги чақмоқдек лип-лип этиб хаёлимдан ўта бошлади. Бу ўйлар мени янаям кучлироқ ғазаблантирди.
Тоғли қишлоқнинг эркагу аёли очиқкўнгил, жайдари. Санамой ҳеч кимдан ўзини олиб қочмасди. Ҳамма билан ака-укаларидек сўрашиб-саломлашиб кетаверарди. Шу одати қишлоғимизга келин бўлиб келганида ҳам қолмади. Бировни ака, бошқасини ука деб юраверди. Ғайратнинг гапидан кейин булар ўша иддаонинг исботидек туюла бошлади. Юрагимга ханжар санчилганди! Бу тиғ шу пайтда юрагимнигина эмас, онгимни ҳам жароҳатлади. Санамой ҳақида ўйлаганим сари Ғайратнинг гапида жон бордек туюлаверди, унинг поклигига шубҳам ортди.
Уйга етиб келганимда ғазаб отига мингандим. Хотиним кўзимга бузуқ аёл бўлиб кўринди.
Қишлоғимизда уйлар четан девор билан ўралган. Дарвоза ўрнидаги тўсиқни суриб очдим. Узун йўлакдан олдинга томон юрдим. Санамой билан яшаётган алоҳида уйимизнинг чироғи ёниқ эди. Биламан, кеч қолсам ухламасдан кутади. Кўнглим алағда бўлди. Ғайратнинг гапига ишонмаслигим керак, деб ҳам ўйладим. Лекин бу осон эмасди. Бунга кучим етмади! Қўлларим яна ўз-ўзидан мушт бўлиб тугилди. Уйга шиддат билан отилиб кирдим. Эшик тарақлаб очилганда Санамой даҳлизга чиқди. Кўзимнинг атрофи кўкарган, бурним қонаган аҳволда эканман. Мени кўриб ранги-қути ўчиб туриб қолди. Уни оғиз очишга қўймадим. Аламимни тўкиб олмасам ёрилиб кетай деяётгандим.
– Қорнингдаги бола кимдан, қанжиқ?! – деб қутурган буқадек бўкирдим.
Санамойнинг кўзлари пирпиради-ю, гапиролмай қолди. Ўша пайтда буни айбига иқрорлик деб ўйлабман. Ўзимни тутолмасдан юзига бор кучим билан тарсаки туширдим. У чинқириб юборди-да, юзини қўллари билан тўсиб олди. Бутун вужуди кеч куз бўронида қолган баргдек қалтирарди. Яна хезланиб турганимда мадордан кетиб ерга йиқилди. Мен тепасида туриб олиб, оғзимга келган гаплар билан уни сўкар, бузуқдан олиб, бузуққа солар эдим. Санамой инграр, йиғлар, “йўқ, йўқ” дейишдан нарига ўтолмасди. Мен ит бўлиб кетгандим. Хотинимнинг ҳар битта ҳаракати, ўзини оқлайдиган бирор сўз ҳам айтмаётгани Ғайратнинг гапи ростлигига ишончимни янаям орттирди. Одам ғазаб отига минганида ақл кетади, деганлари шу экан-да. Энгашиб яна мушт ўқталаётганимда онам кириб қолди.
– Нима бўлди, нима гап?! – титраб-қақшаб бақирди менга. – Нега урасан келинди, нодон бола, оғир оёқ-ку, ахир! – дея ерда ғужанак бўлиб ётган Санамойга ёпишди.
Онамни қишлоқда “Норгул момо” деб ҳамма ҳурмат қилади. Ақлли, зукко аёл. Санамойнинг туришига ёрдамлашаётиб қўли билан ишора қилди:
– Сен чиқ бу ердан! Мени уйимга кириб ўтир. Ичиб келибсан-да!
Мен турган жойимдан қимирлай олмасдим. Шу пайт йиғлаётган Санамой тилга кириб қолди:
– Эна, энажон! Ўғлингиз бола… бола кимдан, деяпти! – у аламдан додлаб юборди. – Мен бу гапни кўтаролмайма-ан!
– Уни жўралари ичирган, сира ичмас эди менинг болам! Сен гапига эътибор қилма, келин, – онам овута бошлади.
Бироқ шу тобда бунинг иложи йўқ эди. Зилзила содир бўлган эди. Ҳаммаёқни вайрон қилиб бўлганди бу зилзила. Айтилган сўз – отилган ўқ. Мен номард Ғайратнинг гапи билан покиза уйимга олиб келган даъво дунёни остин-устун қилиб юборди, Санамойнинг юрагини овчининг ўқига учган оҳудек яралади. Ўшанда бу жароҳат ҳеч қачон битмаслигини, менинг ҳам юрагимни бир умрга қон қилиб қўйишини билмас эдим.
Ҳақиқат шу куннинг эртасига аён бўлди…
…Ўша тунда онамнинг уйига чиқиб кетдим. Отамдан бир шапалоқ едим, сўкиш эшитдим. Шундан кейин иссиқ элитиб, ухлаб қолибман.
Кун ёришганда онам уйғотди. Юрагим сиқилиб ўрнимдан турдим. Кечаги ичкиликнинг таъсирида бошим гаранг эди. Тундаги воқеаларни эслаб кўнглим ғашланди. Тунд башарам онамга ёқмади:
– Ўрнингдан туриб ювиниб кел, – деди бош чайқаб.
Бу тонг уйимизда ҳамманинг кайфияти расво эди. Алоҳида хўжалик бўлган акам билан янгам келишди. Уларни онам чақиртирибди. Бесарлигимизнинг сабабини мени олдиларига чақиришганда билдим.
– Келин кетиб қолди, – деди онам алам билан. – Энди нима қиламиз? Шарманда бўлдик!.. Қол деб Худонинг зорини қилдим, бўлмади. “Энажон, мендан рози бўлинг”, деб йиғлаб-йиғлаб кетди. Қишлоқда Норгул момонинг бўйни букилмаган эди. Энди мана бундай аҳвол… Бердиёр болам, сен ақлли йигит эдинг-ку, нима бўлди? Айт, сени ким йўлдан урди? Бу туҳмат гапларни қай гўрдан кавлаб олдинг?!
Мен шундоқ ҳам адойи тамом бўлгандим. Ғайратнинг “Бола сендан эмас” деган гапини эслаб ич-этимни кемираман. Бир сўроқ қийнайди: агар бу гап ёлғон бўлса, Ғайрат нега бундай деди?! Мақсади нима?! Қаердан олди бу бомбадек портлаган, бир лаҳзада ҳаётимни дўзахга айлантирган, бахтли кунларимга илоннинг заҳарини солган гапни?!
Йиғилганлар мендан жавоб кутишарди. Уятдан, аламдан ҳеч нарса дея олмадим. Онамнинг, жигарларимнинг кўзларига қаролмадим. Тилим танглайимга ёпишиб қолди. Ўрнимдан туриб, ўқдек отилиб уйдан чиқиб кетдим.
Ғайратнинг олдига боришим, ёқасидан олиб, ўша мағзавадек ифлос гапига жавоб беришини талаб қилишим керак эди. Қўлларим яна мушт бўлиб тугилди. Яна кечагидек вужудим ёниб, ботиним ғазаб-нафратга тўлди!
* * *
Бизнинг ҳовлимиз қишлоғимизни ёқалаб ўтадиган катта йўл бўйида, Ғайратларники бир кўча нари – ўрталиқда. Тунда ёққан оппоқ, юмшоқ қорни ғарч-ғурч босиб уларнинг уйи томонга юрдим. Қорли ернинг шаффофлик даражасига етган тиниқлигидан кўзларим жимирлашиб кетди. Менинг кўнглим эса бунинг акси эди, бугун уни кадар қоплаб олганди. Бу ғам-ғусса юки юрагимни ғижимлаётганди, мен адо бўлаётгандим. Йўл-йўлакай бозорга отланган бир-икки ҳамқишлоқлар учради. Уларга бошимни қимирлатиб, саломлашгандек ўтиб кетавердим. Ортимдан ажабланиб қараб қолишганини пайқадим. Аммо буни ўйлайдиган аҳволда эмасдим.
Ғайратнинг ҳовлиси ҳам бизникидек четан девор билан ўралган. Ҳовлига кирганимда Ғайратнинг онаси Сарви момо кутиб тургандек югургилаб уйдан чиқди.
– Бердиёржон, кел, ўғлим?! – Сарви момонинг овозида ҳадик, қўрқув бор эди.
– Ғайрат уйдами? – дедим қовоғимни уйганча ғўлдираб.
– Ғайрат жўранг саҳарлаб чиғиб кетган, чиғиб кетган, айна, – Сарви момо нимагадир йиғламсиради. – Узоққа кетдим, деди. Қайгалигини айтмади… Нима бўлди сизларга, гўдакликдан ажралмаган жўра эдинглар-ку…
Сарви момонинг қолган гапларини эшитмадим. У тундаги воқеани билишини тушундим. Ғайратнинг уйида эмаслигига эса ишонмадим. Уят ва аламдан бир сўз ҳам деёлмай ортимга ўгирилдим-да, қалин қорни ғарч-ғурч босиб тез-тез юриб кетдим. Шу топда бўшашган, соддагина Сарви момо ҳам менинг устимдан кулаётганга ўхшарди.
Қишлоқнинг қорли йўлидан тентакдек гандираклаб борардим. Гўё қишлоғимиз бўйлаб Ғайратнинг “Бола сендан эмас, бола сендан эмас”, деган овози жаранглаб эшитилаётгандек туюлди. Ҳавонинг совуқлигидан эмас, ана шу аламли ўйлардан жунжикиб уйимиз томонга шошилдим. Ётоқхонамизга кириб келганимда ҳам хонада ўша даҳшатли сўзлар жаранглаб эшитила бошлади. Икки қулоғимни беркитиб ўринга ётдим…
Тушлик пайти бўлганда онам уйғотди. Боладек тумтайиб ўтириб олдим. Бир маромда кечаётган тинч, бахтли ҳаётим тугаганди. Нафақат менинг, уйимиздагиларнинг ҳам тинчи бузилган, ҳамманинг кўнгли хуфтон эди.
Онам рўпарамга ўтириб, секин гап бошлади:
– Сарви момонг келди… – онам бироз жимиб қолди. – Туни билан улар ҳам ухлашмабди. Ўғли мастликда бор гапни айтиб берибди… У ҳам Санамойни яхши кўрган эмиш. Сенга айтган гапи ёлғон экан. Ўч оламан деб шундай қилибди. Сен аҳмоқ бола…
Онам ўкириб йиғлаб юборди. Мен сакраб ўрнимдан туриб кетдим. Бу ҳақиқат бошимга гурзи бўлиб тушди. Пешонамни деворга ургим, додлагим, ўзимни муштлаб ташлагим келди. Аммо кўнглимда ҳеч нарса ўзгармади. Ичим бўм-бўш. На суюндим, на таскин топдим. Баданимда титроқ турди. Ғайратга бўлган нафратим, ғазабим ўн, юз чандон ортди. Титраб, тиришиб қолган эдим. Онам билагимдан тортди:
– Ўтир! Ҳамма гапларни эсингдан чиқар! Сендан қўрқиб Ғайратни қочириб юборишган. Энди уни кўрмайсан. Келинди қайтариш керак. Акангди Зафар поччангга юбордим, Санамойни олиб келасизлар!
– У келмайди, – дедим секин.
– Келади! Болангди етим қилиб қўймоқчимисан?!
Онамнинг бу гаплари юрагимга отилган тошдек қаттиқ ботди. Мен Санамойнинг қайтишини истамаётгандим. Кўнглим синган чиннидек парчаларга бўлиниб кетган, Ғайратнинг бир оғиз гапи вужудимни совуқ тошга айлантириб қўйган…
Шу якшанбада Дурдона опам билан Зафар поччам бизникида ётиб қолишди. Дурдона опам гўдаклигимда кўтариб катта қилгани учун менга жуда меҳрибон эди. Кўнглимни кўтаришга уриниб анча гапларни гапирди. Зафар поччам эса “Оббо қайним-ей, нима ишлар қилиб қўйдинг, тоғ томонларга яна борарканмиз-да”, дерди нуқул.
Эртасига саҳарда опам билан поччам Ойдинга жўнаб кетишди. Душанба эди, мен қурилишга бордим. Қўлим ишда-ю, хаёлим бошқа ёқда. Пирмат амаки кузатиб турган экан, олдимга келди.
– Бердиёр, сенга нима бўлди, ҳов бола? Келин билан ораларингдан бир гап ўтдими? – синовчан тикилди у.
Устага нима деяримни билмасдан боладек каловландим. Юрагим қон эди, дардим дарё бўлиб оқаётган эди. Санамойни йўқотганимни энди-энди ҳис қилаётгандим. Ғайрат қилғиликни қилиб қочиб кетди. Мен эса ит азобига қолдим! Санамойга ҳам оғир бўлишини ўйлай бошладим. “Қайтиб келармикан?” деган сўроқ уйга қамалиб қолган қалдирғочдек миямда чарх уради. Мен-чи, мен унинг қайтишини хоҳлайманми? Гарчи туҳмат бўлса ҳам ўртага хиёнат ҳақида гап оралади. Бу гап бугун-эрта қишлоққа ёйилади. Одамларнинг оғзини ёпиб бўлмайди… Мен аросатда қолгандим. Ўйларим тагсиз, таянчсиз ломаконда эди…
Хаёл суриб қолган эканман, Пирмат амаки тирсагимга секин туртди:
– Айт, нима бўлди?
Ўзим ҳам тўлиб тургандим. Юрагимда тўпланган зардоб ёрилса-ю, ситилиб-ситилиб оқса, озгина бўлса ҳам енгил тортсам дердим. Биз ёнма-ён ғишт тераётган эдик. Атрофда устадан бўлак ҳеч ким йўқ. Ердаги тахлаб қўйилган ғиштга ўтириб олдим. Пирмат амаки қаршимга чўкди. У менга устоз, дўстим, отамдек бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам бор воқеани оқизмай-томизмай айтиб бердим. Ҳеч гапни яширмасдан, ҳаммасини айтдим. Айтиб бўлдим-у, анча енгил тортдим. Хаёлимда Пирмат амаки муаммоларимга ечим топадигандек эди. Ўша туннинг азоби, Ғайратнинг бўҳтон гаплари, эртасига ярамга туз сепилгандек қийналганларим – бари-барисини айтдим.
Пирмат амаки гапимни бўлмасдан эшитиб ўтирди. Аҳмоқлигим учун сўкади, ҳатто бир шапалоқ ураб юборади ҳам деб ўйладим. Мен бундай жазога лойиқ эдим. Уста шундай қилганида янаям енгил тортган бўлар эдим. Пирмат амаки ўйга чўмиб, бошини чайқади:
– Чатоқ бўлибди, чатоқ, – деди афсусланиб. – Бердиёр, уни икки йил аскарликда юриб синаган эдинг. Хотининг тўйдан кейин ҳар куни ёнингда бўлди. Қандай аёллигини наҳот билмадинг? Ғайрат жўранг асли тиррақироқ бола эди, сенга ҳам итлик қилибди-да!
Мен нодонни Пирмат амакининг гаплари ҳушёр торттирди. Бирдан кўзимнинг олдини қоплаган парда сурилиб, ҳақиқатни кўра бошладим. Қизиққонлик билан қилиб қўйган ишимнинг оқибатини ўйладим. Бу менинг шу ёшимгача қилган энг катта хатом эди. Бироқ ўша пайтда бунинг жабрини бир умр тортишимни ҳали билмасдим.
Иш ҳам унмади. Қурилишда кунни бир амаллаб кеч қилдим. Уйга келганимда отам билан онамдан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Кулиб қарши оладиган сарвқад Санамой ҳам йўқ! Уйимиз ҳувиллаб қолган.
Отам ҳовлида ғимирлаб юрган экан. Мени кўриб қовоқ уйганча индамасдан уйга кириб кетди. Серрайиб туриб қолдим. Биламан, уйимга кирсам, Санамойни қийнаганларим хаёлимга бўрондек ёпирилади, яна эзиламан…
Шу пайтдаги аҳволимни онам яхши тушунди. Оналар фарзандларини ҳамиша, ҳаммадан яхши тушунади. Дунёга келтирган зурриёдлари билан умрининг сўнгги дамларигача кўзга кўринмас теран томирлар билан боғланган бўлади. Онамиз борлиги учун ҳам биз ўзимизни инсон деб ҳис қиламиз. Энг оғир дамларда, ҳатто ўлим чанг солганида ҳам беихтиёр “она-а!” дея эмранамиз.
– Бердиёржон, уйингга кир, – деди онам ёнимга келиб.
Мени боладек етаклаб ичкарига олиб кирдилар. Чўян печка ёқилган бўлсаям, хона совуқдек туюлди. Ҳар бир жиҳоз Санамой бор пайтдагидек жой-жойида эди. Тўшаклар тахмонга йиғилган. Хонтахта атрофига бахмал кўрпачалар солинган. Санамойнинг шойи пардаси тутилган деразадан қоронғи туша бошлаган ҳовлимиз мунғайиб кўринади.
Онам билан хонтахта четига ўтирдик. Ҳадик, бироз ваҳима билан оғзини пойлардим. Мен кечаги, ҳатто эрталабки Бердиёр ҳам эмасдим. Пирмат амакининг гаплари ақлимни киритди. Гўё осмондаги булутлар тарқаб, қуёш чарақлаб чиққан эди. Қилиб қўйган аҳмоқлигимнинг жабрини аллақачон тортаётган эдим. “Зафар поччам билан Дурдона опам Ойдиндан қандай хабар олиб келишади?”. Ўзим сезмаган ҳолда шу ҳақда ўйлай бошлагандим. Қани энди, ҳаммаси бир лаҳзада унутилса. Ҳаётимни икки кун орқага қайтариб бўлса эди!
– Поччанг билан опанг қуданикига бориб келишди, – деди онам хонадаги совуқ жимликни бузиб. – Қуда ҳам, қайнонанг ҳам аниқ бир гап айтишмабди. Ҳарқалай, “йўқ” дейишмабди-ку. Келиннинг ўзи бўлса “Бормайман, у қишлоққа боролмайман энди”, деб йиғлаб туриб олганмиш. Дурдона опанг Санамойни кўндиришга чунон уринса ҳам фойдаси бўлмабди… Энди сабр қиламиз, болам.
* * *
Кунлар аста-секин илий бошлади. Қорлар эриб, йўл четларида яшил майсалар кўринди. Уйларнинг бўғотларида жуфт-жуфт бўлиб қалдирғочлар чирқиллаб қолишди. Ҳамма Санамойнинг “бўйни ёр бериб қолиши”ни кута бошлади. Шундай қилиб кунлар, ойлар ўтди. Баҳор келди. Дурдона опам билан Зафар поччам ҳамон бўзчининг мокисидек Ойдинга қатнашарди.
– Келин оёғини тираб туриб олган. “Бошқа овора бўлманглар, энди қайтмайман”, деди.
Улар охирги марта бориб келганларида ана шундай дейишди.
Мен Санамойдан айрилгандим. Қилғиликни қилиб қўйган Ғайрат эса қишлоққа қадам босмади. Чўлга кетиб қолибди, деган гап эшитдим. Кечагина кариллаб юрган йигит сувга тушган тошдек йўқ бўлиб қолди. Жўраларимдан ўша ёқда уйланганини эшитдим.
Қурилишда кун бўйи ғишт тераман. Ҳаммадан кўп ишлайман. Кўзимни юмиб ҳам ғишт тера оладиган бўлдим. Чоклари бехато чиқади, бир текис ёйилган қоришмага чаққон-чаққон ғишт қўйиб, қулф-калит қилиб кетавераман. Пирмат амаки ишимдан миннатдор. У менинг аҳволимни ҳаммадан яхши тушунар, ҳаётимнинг бундай томонга ўзгариб кетганига қаттиқ ачинарди. Ҳар замонда “Қўявер, ҳали ёшсан, ҳаммаси изга тушади”, деб қўяди.
Эртага нима бўлишини айтиб бўлмас экан. Ҳаммаси изга тушиб кетмади. Суддан чақирув қоғози олдим. Санамой ажрашиш тўғрисида ариза берибди.
Белгиланган куни судга бордим. Санамойни кўраман, гаплашаман деган эдим. Бу умидим ҳам пучга чиқди. Унинг номидан янгаси келди. Суднинг қарори билан икки ой муҳлат беришди. Бу муддат ўтгандан кейин эса… бизни ажратиб юборишди. Ўшанда янгаси Санамойнинг қизли бўлганини айтди. Менинг ҳали битмаган ярам яна янгиланди…
Хуллас, мен хотиним билан расман ажрашдим. Санамой нафақа ундириш учун ариза ҳам бермади…
Ҳаётимдаги бу йўқотишга чидаш осон бўлмади. Тунлари ухлолмасдан тўлғаниб чиқардим. Шундай пайтларда Ғайратни тутиб олиб бўғгим, автомат билан отиб ташлаб аламдан чиққим келарди. Бироқ бу менинг хомхаёлим эди. Энди биз юрган сўқмоқлар туташмаслиги кераклигини билардим.
Шундай кунларда онам мени иккинчи марта уйлантириш ҳаракатига тушди. Касбим бор, топиш-тутишим яхши. Тегаман деган қизлар ҳам талайгина. Қишлоқда гап ётадими, бошимдан ўтганларини ҳамма эшитган.
Бўлиб ўтган воқеалар таъсирида кўнглим карахт бўлиб қолгандек эди. Келин танлашни онамнинг ўзига қўйиб бердим. Ҳақиқий севги лаззатини инсон бир марта тотади. Санамой менинг биринчи муҳаббатим эди. Хаёлимда Ойдин қишлоғида кўрганимдек – челак кўтариб сой бўйида турган ҳолида суратга олингандек муҳрланиб қолди. Биламан, эндигиси ундай бўлмайди…
Онам келинликка Зеби деган қизни танлади. Зеби ҳамширалик билим юртини битириб, қишлоғимиздаги амбулаторияда ишлаётган эди. Бир марта учрашиб, гаплашдик. Мен унга юрагимда борини айтдим. Санамойни унутишим қийин бўлаётгани, бироқ у энди қайтмаслигини – бари-барини тўкиб солдим. Зеби жим ўтириб эшитди. “Майли, ҳаммасига розиман”, деган жавобни айтди. Шундан кейин тўйимиз бўлди.
Мана, орадан кўп йиллар ўтди. Хотинимдан нолимайман, яхши турмуш қилиб келяпмиз. Ҳозир янги қурилган қишлоқ врачлик пунктида ҳамшира бўлиб ишлайди. Тўртта фарзандимиз бор. Тўнғич ўғлимни уйлантирганман, яқинда неварали бўламан. Санамой ҳақида бир мартаям оғиз очмади. Бунга баъзан ўзим ҳам ҳайрон бўламан. У эса кўнглимга қарайди…
Ғайратни сўраяпсизми?.. Ўша воқеадан ўн йил ўтиб юзма-юз бўлганмиз. Саври момо – онаси қазо қилганда. Ғайратнинг чўлдан келганини билганим учун жанозага боришга ҳам иккиланганман.
– Ўғлим, ҳамма гаплар ўтиб кетди, энди бориб жўрангга бандалик билдир, – деди онам.
Онамнинг гапини икки қилмай, эл қатори таъзияга бордим. Ғайрат қора чопон кийиб ҳассакашлар қаторида турар эди. Менга кўзи тушиб, ерга қаради. Яқин жўралардек елкасидан олиб бандалик билдиришим лозим эди. Агар шундай қилсам, баданимга ифлос бир нарса илашиб қоладигандек туюлди. Таъзияга бориш бурчим эди, бурчимни адо этдим, аммо Ғайрат билан сўрашмадим. Раҳматли Сарви момонинг кейинги маъракаларида ҳам шундай бўлди. Синфдош жўраларимиз мени тушунишар эди, ортиқча гап қилишмади.
Шундан кейин Ғайрат билан учрашмасам керак, деб ўйлагандим. У бутунлай чўллик бўлиб кетган эди. Қишлоққа камдан-кам келар, жўраларимизга ҳам жуда-а қўшилавермасди. Бироқ бундан беш йил аввал тақдир бизни яна учраштирди…
Вақт одамларга бўйсунмайди, йиллар кўнглимизда армон бўлиб ўтаверади. Тенгдошларимиз бола-чақали, олдилари қуда-андали. Улғайганимиз сайин бир-биримизнинг қадримизга янаям кўпроқ етадиган бўлдик. Баҳор, ёз ойларида қишлоқ кишилари ишдан ортмайди. Эндиликда кўпчиликнинг ғаллачилик, боғдорчилик фермер хўжаликлари бор. Кузда-ку, даланинг иши қайнагандан қайнайди. Бизнинг сочларимизга оқ оралай бошлади. Лекин қиш ойларида аввалгидек гаштакка тўпланиб оламиз. Бу одатимизни ҳозиргача тарк этмадик.
Ўшанда қаҳратон қиш эди. Қор бўралаб ёғаётган кунда жўралар билан гаштакка йиғиладиган бўлдик. Навбат – Сафар деган синфдошимизники. Сафар – кўнгли очиқ, ҳазилкаш, қувноқ йигит. Бошимизни қовуштириб, гаштакларимизни ташкиллаштириб юрадиган ҳам шу Сафарбой.
Сафарнинг уйи қишлоқ четида – улкан ёнғоқ дарахтлари билан қуршалган катта ҳовли. Йўл ёқалаб Сафарникига кетар эдим. Бир пайт Ғайрат менга ўша даҳшатли сўзларни айтган жойга бориб қолибман. Ҳар сафар шу ердан ўтганимда ўша қора тун эсимга тушиб асабийлашаман. Ҳозир яна шундай бўлди…
Ўшанда ҳам қаҳратон қиш эди… Атроф қор билан қопланганди. Йўлнинг нариги томонидаги ғаллазор қирлардан изғирин шамол эсиб, этни жунжиктирарди… Кўз олдимда Ғайратнинг ой ёруғида чақчайган қаҳрли кўзлари намоён бўлди. Кейин у ҳаётимни остин-устун қилиб юборган “Хотинингди қорнидаги бола сендан эмас” деган ўша даҳшатли сўзларни айтди. Биз қорда юмалашиб, тевалашиб кетдик. Бир-биримизга аямасдан, жон-жаҳдимиз билан мушт туширардик… Мен ҳеч қандай оғриқни сезмасдим. Қир томондан эсаётган изғирин шамол ҳам карахт бўлиб қолган танамга заррача таъсир қилмаётганди…
Хаёл суриб борар эканман, Сафарбойникига етганимни пайқамай қолибман. Қишнинг чилласи эмасми, кун қисқа, эрта қоронғи тушди. Йўлакдан юриб, чироғи ёниқ таниш меҳмонхонага яқинлашдим. Ичкаридан жўраларимнинг гангир-гунгур ҳангамалашаётган товушлари эшитилди. Эндиги гаштакларимиз аввалгидек қийқир-қийқирлар билан ўтмасди. Биз қирқдан ўтган, анча босилиб қолган эркаклар эдик.
Меҳмонхонанинг остонасига қадам қўйганимда ичкаридан Сафарбойнинг ўзи чиқиб қолди.
– Бердиёр, жўражон, келақол, – деди шошиб. Сўнг нимагадир қоққан қозиқдек тикилиб туриб қолди.
– Уйингга киритасанми ё қайтиб кетайми?
– Э-э, нима деяпсан, – Сафар чаққон ҳаракат билан ўзини четга олди.
Мен ҳеч қандай шубҳага бормасдан меҳмонхонага кирдим. Кирдим-у, биров устимдан совуқ сув қуйиб юборгандек жунжикиб кетдим. Хонада бирови мўйловдор, бирови кўса жўраларим давра қуришган. Уларнинг кўпчилиги ширакайф. Дастурхонда очилган ароқ шишалари бор эди. Жўраларимнинг ўртасида, не кўз билан кўрайки, Ғайрат ўтирарди. Ўша-ўша миқти гавда, йўғон ёноқ суяклари туртиб чиққан юзи ҳам ўзгармагандек. Фақат тўлишибди, сочлари оппоқ оқариб кетибди. Атрофида ўтирган тенгдошларидан ана шу оппоқ сочи билан ажралиб турарди. Ғайратга тикилганимча ҳайкалдек қотиб қолибман. Менда на ҳадик, на аввалгидек нафрат бор эди. Унинг яна жўраларимга қўшилиб олганидан ижирғандим. “У бўлган жойда менга ўрин йўқ”, деган хаёлга бордим.
Даврада ўтирганлардан айримларининг бошлари эгик, бошқалари энди нима бўларкин, деган ўйда бизга тикилиб қолишди. Ҳамма нимадир юз беришини кутарди. Ғайрат ҳам маст кўзларини пирпиратиб бир муддат менга тикилиб ўтирди. Сўнгра оғир юк билан қўзғалаётган паровоздек пишиллаб ўрнидан турди. Ўтирганларнинг оёқларига қоқилиб-суқилиб тайпанглаб олдимга келди. Энди мен ҳам ҳайрат билан уни кузата бошлагандим. “Ғайрат нега адашган бўридек бу ерда пайдо бўлди? Нима керак унга? Яна муштлашамизми? Ёши ўтган сайин алами ортдими? Ахир, ўша номардлиги учун у ҳам яхшигина жабрланди. Туғилиб-ўсган қишлоғидан бадарға бўлгандек қочди. Ёр-биродарларидан, жўраларимиздан айрилди”.
Ғайратга тикилиб турарканман, ботинимдаги ғалаённи босишга уринардим. У менга яқинлашиб келди-да, қўққисдан тиз чўкиб олди.
– Бердиёр, мен итлик қилдим, кечир, – деди хириллоқ товушда. – Ўшанда айтган гапларим ёлғон! Ёлғо-он!
– Биламан, Саври момо онамга ҳаммасини айтган.
– Унда нега Санамой билан ажрашдинг?! – Ғайрат алам билан бақириб юборди.
– Кўнглим илимади.
– Мен айтган гап учунми?
– Ҳа!
– Мени кечир, жўражо-он, кечир! – у телбалардек икки қўлини олдинга чўзди. – Кечиринглар мени-и! Болангни етим қилган ҳам ме-ен! Биламан, Норгул момо, хотининг, сен ҳам… қарғагансизлар! Ҳа, қарғагансизлар! Мени қарғиш урди, Бердиёр! Фарзандсизман, болам йўқ, иккинчи хотиним ҳам туғмади. Мен итни қарғиш урди, жўражо-он!
Ғайратнинг овози титраб кетди. У жиннисифат бўлиб қолганди. Тиришиб кетган юзига мастликдан қисилган кўзларидан ёш қуйилди.
– Қарғишларингни қайтиб олинглар, – ҳиқиллади у.
– Мен бундай деб қарғаганим йўқ, онам ҳам…
Хона жимжит эди. Ҳамма жим эди. Ғайрат яна бироз шундай ўтирди-да, ўрнидан туриб, гандираклаганича эшикка йўналди. Сафар унинг ортидан чиқди…
Ўша кунги гаштагимиз совуқ ўтди. Ичкилик ҳам жўраларимнинг кўнглига чўккан кадарни кетказолмади.
Баҳорда чўл туни ажойиб бўлади. Очиқ деразадан кўринаётган фалакнинг бир парчасида юлдузлар сирли-сирли жимирлайди. Уйчамиздан чўл қўйнига тикилиб ўтирарканман, аллақандай нурли чизиқлар жилва қилиб қолди. Узоқ-узоқлардан турли жониворларнинг чийиллаган, увиллаган товушлари эшитилди. Биз ўтирган хонанинг очиқ дарчасидан рутубатли ҳаво тўлқини олиб кирган анбар ислар дилни қитиқлади. Иккимизнинг ҳам ухлагимиз келмаётганди. Гап гапга уланди, Бердиёр мени ўзига яқин олиб, дилидаги армонларини тўкиб сола бошлади.
– Ғайратнинг ўша қиш тунида аламдан айтган ёлғонлари бошимга кў-ўп тақдир ўйинларини солди, – деб ҳикоясини давом эттирди Бердиёр, – Худога шукур, ҳозир оилам тинч, бола-чақам бағримда. Онам тўқсондан ошди. Умрини узоқ қилсин, дейман доим. Шундай экан, Ғайратга ёмонлик тилайманми. Унинг бефарзандлигига ачиндим.
Яна бир гап: мен Санамойни ҳеч қачон унутганим йўқ. Шундай пайтлар бўладики, унинг сўлим чеҳраси хаёлимга қуюндек ёпирилиб келиб, кўз олдимда туриб олади. Менга араз билан боқади, нималардир деб қийнайди. Қачондир бир воқеа содир бўладигандек сесканаман.
Ана шундай воқеа ўтган йили юз берди…
Биз қураётган намунали уйлар туманимизнинг узоқ қишлоқларидан бирида эди. Қиш илиқ келган, қурилиш жадал давом этаётганди. Кун бўйи завқланиб ишладим. Ўйлаб кўринг, қишлоқ одамларига пишган ғиштдан кўркам уйлар қуриш қайси замонда бўлган эди! Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи ҳам кишига завқ бағишлайди!
Қурилишда тажрибали ғишт терувчи бўлиб қолганман. Устозим Пирмат амаки бир йил аввал қазо қилди. Отамдек азиз инсондан айрилиш жуда оғир бўлди. Ишдан таътил олиб, маъракада турдим. Ўшанда қаттиқ изтироб чекдим, ботинимдан бир нарса ўпирилиб кетгандек бўлди. Ахир, Пирмат амаки ёшлигим, қурилишга илк келган кунларимнинг, Санамойга уйланишим, яна уни бир умрга йўқотишим – бутун ҳаётимнинг гувоҳи, суянган тоғим эди…
Мамлакатимиз тараққий этгани сайин қурилиш ташкилотимиз аввалгидан анча кучайди. Янги техникалар олдик. Туманимизда бир пайтлар битта ғишт заводи ишлаган бўлса, энди тўрттага етди. Қишлоғимизнинг қиёфаси ҳам бутунлай ўзгариб кетди. Намунали уйлардан роппа-роса ўттизтасини қурганмиз. Шулардан бирини менга беришди. Бошланғич тўловини қурилиш ташкилотимиз зиммасига олди. Ҳозир бу уйда тўнғич ўғлим яшайди. Энди ишга ўзимнинг “Нексия” машинамда қатнайман. Анча аввал олганман. Жўраларим кулиб юришади: “Бердиёр, ўзинг оддий ғишт терувчи бўлсанг, “Нексия”да ишга боришинг уят эмасми? Ҳеч бўлмаса кичикроқ бошлиқ бўлиб олгин”, дейишади ҳазиллашиб. Бошлиқлар менсиз ҳам етиб-ортади. Улар мендек ғишт терувчиларни қадрлашади. Шундай экан, “Нексия”да қатнаб ғишт тераверсам нима бўлибди.
Ўша қиш оқшомида уйга етиб келганимда қоронғи тушганди. Ёшликдан бир одатим бор: қаердан келсам ҳам, аввал онамнинг олдига кираман. Отамиз ўтганидан кейин онам мискин бўлиб қолган. Қачон келади, деб йўлимни пойлайди. Баъзан отамни эслаб кўзёш ҳам қилиб олади.
Шу куни онамнинг олдига кирганимда ёнида ўтирган ёшгина келинчакка кўзим тушди. Унинг қўлида чамаси бир ярим ёшдаги бола бор эди. Келинчакнинг буғдойранг, бироз чўзинчоқ юзи, қимтилган чиройли лаблари танишдек туюлди. Анча пайт кўрмаган қариндошларданми деб ўйладим. У енгил қўзғалиб ўрнидан турди-да, деразанинг рўпарасига борди. Боласини бағрига босиб, шамдек қотиб қолди. Кўзларида қувонч, шунинг билан бирга, мен тушунолмаётган қандайдир ҳадик бор эди.
Ажабланиб онамга қарадим. Онамнинг кўзларидан ёш қуйиларди. Бу ҳолат мени янаям ҳайрон қолдирди.
– Эна, нима бўлди?! – дедим оёғимдаги қўнжи калта этикни ечаётиб.
Дарҳол олдиларига бориб, тиз чўкдим. Одамлар дийдаси қаттиқ дейдиган Норгул момо бўйнимдан қучоқлаб йиғлаб юборди.
– Бу Санамойнинг қизи, сени қизинг, – деди йиғи аралаш.
Юрагим қалқиб кетди! Ҳамон пойгакдаги деразанинг олдида боласини бағрига босиб турган келинчакка қарадим. Ичимдан бир нарса узилиб кетгандек бўлди. Шу лаҳзада яна Санамойни эсладим. Унинг аразлаган қиёфаси кўз олдимга келди. Беихтиёр келинчакнинг юз-кўзларидан Санамойга ёки ўзимга ўхшаш белгиларни излаётганимни сезмай қолибман. Онамнинг гаплари осойишта кечаётган ҳаётимга даҳшатли тўфон ёпирилгандай таъсир қилганди. Келинчакка тикилиб қолган эканман, онамнинг титроқ овозлари ўзимга келтирди:
– Бу ёққа қара, болам.
Келинчакдан нигоҳимни олиб, боладек онамга юз бурдим. Қўлларида сарғайиб кетган эски бир сурат. Ундан боқиб турган мунис чеҳра жуда таниш. Бу қиёфа мен учун дунёдаги энг азизлардан ҳам азиз эди: онамнинг ёшликдаги суратлари!
– Танидингми, менман, – деди онам. – Бу суратга тушганимда ёш бўлганман. Сен қўлимда, гўдак эдинг. Уйма-уй юрадиган суратчига отанг олдирган.
Онам нечук кўҳна суратни эслаб қолганларини, сирли ишораларни тушунолмасдан, мўйловига оқ оралаган бола бўлиб мўлтираб ўтирардим. Ҳамон дераза олдида боласини бағрига босиб турган, онам “Сенинг қизинг”, деган келинчак ҳаяжоннинг зўридан титроққа тушиб, биздан кўз уза олмасди. У тақдирини ҳал қиладиган нимадир содир бўлишини кутиб, ёлворгандек бир онамга, бир менга тикилди. Онам ўша суратни тутган кўйи унга имо қилди. Бу ҳолатни тушунолмасдан безовталана бошладим. Келинчакка қарадим-у, юрагим орқамга тортиб кетди. У суратдаги онамга, онамнинг ёшлигига эгизаклардек ўхшарди. Ҳа, у қуйиб қўйгандек онамнинг ўзи эди!
– Бу Санамойнинг қизи, сенинг қизинг!
Онамнинг такрор айтган гаплари шундоқ ҳам абгор бўлиб ўтирган мени титратиб юборди. Ҳаётимда одамни карахт қилиб қўядиган титроқни иккинчи бор ҳис қилдим. Ғайрат ўша лаънати сўзларни айтганида биринчи марта шундай бўлган. Энди эса топган давлатим, дуру жавоҳирлардан минг бора азиз хазинам – онажоним бу келинчакни менинг қизим деяётган эди. Ўша дақиқадаёқ онгу шуурим кўзимнинг олдида исботи билан турган бу ҳақиқатни тан олгандир. Кўнглим-чи?! Менинг бесар кўнглим энг оғир жазога мустаҳиқ бўлгандай озорланиб қолган эди-да. Тўқсонга кирган онам мени тушунди. Ўрнидан туриб, бирор хатти-ҳаракат қилишга ҳам ҳадди сиғмаётган келинчакнинг олдига борди.
– Бу ёққа кел, – деди буйруқ оҳангида.
Мен ўрнимдан турдим. Ўзимга бўйсунмаётган оёқларимни судраб уларга яқинлашдим. Онам бир зум иккиланиб турди-да, қуруқшаган қўллари билан келинчакнинг ёқасини оҳиста тортди. Унинг кўзларидан ёш қуйилаётганди. Забун ҳолати меникидан қолишмасди. Бўйнида худди онамникига ўхшаган, гул япроғидек ёйилган хол кўринди!
Мен адойи тамом бўлгандим. Қаршимда менинг зурриёдим, менинг фарзандим, туғилганида оталик завқини туёлмаган болам, ота меҳридан бенасиб, бегуноҳим турарди. Энди бунга шак-шубҳа қолмаганди. Унинг онамга қуйиб қўйгандек ўхшаши, бўйнидаги хол… Ичимдан бир нидо, бир фарёд вулқондек отилиб чиқиб, кўз олдимни зимистонга айлантириб қўйди. Йиғладимми, инградимми, эслолмайман. Қизим бир қўли билан боладек бўйнимга осилиб олди.
– Ота, отажон! – қулоғим остида мунгли бир товуш эшитилди. – Менинг отам бор, отамни топдим…
Қизимнинг қўлидаги боласи чинқириб йиғлади…
– Энам, она қизим! – дедим пешонасидан ўпиб. – Мени кечир…
Бошқа бир оғиз ҳам сўз айтолмадим.
Шу кеча онамнинг уйида узоқ қолиб кетдим. Қизим билан ўртамизда ота-болалик меҳри пайдо бўлди. Бу гапим сизга ғалати туюлиши мумкин. Лекин ўзингиз ўйлаб кўринг, мен уни чақалоқлигида ҳам кўрмаган бўлсам. Фалакнинг гардиши билан ўзи фарзандли бўлганида қошимга келиб турибди. Ана шу ҳолат иккимиз учун ҳам жуда-жуда сирли ва тасодифий эди. У биздан кўзини узолмас, йўқотган тилла сирғасини топган қизалоқдек тикилиб тўймасди…
Узундан-узоқ ҳикоянинг шу жойида Бердиёрнинг овози пасайди-ю, жим бўлди. Мен ҳам бу ғаройиб тақдирлар қиссасидан қаттиқ таъсирлангандим. Бердиёрнинг кўнглидан кечаётган туйғуларни ҳис қилмасликнинг иложи йўқ эди. Ёш йигитнинг беғубор илк муҳаббати бир оғиз сўз билан завол топганига ачинмай бўладими!
Дашт тунида Бердиёр иккимиз бедормиз.
– Ташқарига чиқайлик, – деди у.
Илгакдаги кийимининг чўнтагини кавлаб, битта сигарета олди.
– Чекасизми? – менга ўгирилди.
– Йўқ.
– Ҳарбийдалигимда йигитлар билан эрмак қилиб юрганман. Ҳар замонда, юрак сиқилганда тортиб қолади қурғур.
Ғилдиракли уйчадан олдинма-кейин ташқарига чиқдик. Кўкламнинг ёқимли ҳавоси бир зумда кўксимни тўлдирди. Тўйиб-тўйиб нафас олдим. Тун осмонига тикилдим. Юлдузлар ҳозир ерга тўкиладигандек туюлди.
– Баъзи-баъзида юрагимдаги аламлар шу юлдузлардек болалаб кетади, – Бердиёр ҳам осмонга тикилди. Унинг лабидаги сигарета бир чўғланиб, ўчди. – Биласизми, нима учун буларни сизга айтяпман?
Мен унинг фикрини бўлмаслик учун индамадим. Бердиёр ўз-ўзига гапираётгандек давом этди:
– Сиз қалам билан ишлайсиз. Мен ғиштдан уй тиклаганимдек, айтганларимни қолипга солишингиз мумкин. Агар шундай қилсангиз, менинг хатоларим бошқаларга ўрнак бўладими, дейман-да… Энди, ёшим улғайганда буларни теранроқ тушундим. Бошимдан ўтган ишларга, Санамойдан айрилишимга, қизимнинг отасиз ўсганига ҳам қон-қонимизга сингиб қолган феълимиз сабаб… Бу феълимиз баъзан бизни инсофли, мушоҳадали одамдан йиртқичга айлантириб қўяди. Лаҳзада қилиб қўйган хатомизнинг талхи бир умрга етади… Айтмоқчи бўлганларимни яхши тушунтиролмаяпман. Ғишт теришга устаман, гапга келганда нўноқ. Ёш эдим, адашганман, қаттиқ адашганман.
Бердиёр қоронғилик қаърига тикилиб ҳикоясини давом эттирди…
…Қизим онасининг кейинги ҳаётини айтиб берди. Дилимга озор бермаслик учун тафсилотларни ташлаб ўтгани аниқ. Узуқ-юлуқ ҳикояларидан ҳам ҳаммаси ойдек равшан эди. Санамой уйидагиларга, ҳатто онасигаям бўлиб ўтган гапларни айтмабди. Қанчалар қистовга олишсаям дардини ичига ютиб юраверган. Онаси ортига қайтаришга анча уринибди. У оёғини тираб туриб олибди. Зафар поччам билан Дурдона опам қайта-қайта боришганида ҳам шу такрорланаверган. Ниҳоят, янгаси – акасининг хотини бизни ажратиш учун судга келганида ҳақиқатни билиб борган.
Санамой оилада ёлғиз қиз эди. Сингилларининг қандайлигини акалари яхши билишарди. Янга айтиб борган гаплар уларнинг ҳам қулоқларига етган. Қайноғаларим уч ака-ука эди. Улар қаттиқ ғазабланишибди. Мени ғажиб ташлашга тайёр бўлиб йўлга отланишганида онаси тўхтатибди:
– Болаларим, ғишт қолипдан кўчди. Энди ҳеч нарса ўрнига тушмайди. Синглингларни биласизлар, айтганидан қайтмайди.
Бу пайтда Санамой қиз фарзандли бўлган. Чақалоқнинг бўйнида онамникига ўхшаган холи бор экан. Санамой унга Норгул деб исм қўйибди. Норгул – онамнинг исми. Шунинг учун ҳозир ҳам қизимнинг исмини айтолмайман. Уни “энам, она қизим” дейман.
Онам аввалги келинларига қаттиққўл эди. Санамойга эса бошқача назар билан қаради. Келинлигида қизларидек кўрган. Қизимизга онамнинг исмини беришига шу ҳам сабаб бўлгандир…
Биласиз, қорнида боласи билан ота уйига қайтиб борган қизга бизда осон эмас. Унинг ўшанда чеккан изтироблари, аччиқ тақдирига қандай бардош бергани, буларга қандай куч топгани ёлғиз Худога аён. Мен эса сочимга оқ тушиб, дунёнинг аччиқ-чучугини тушунганимда сўнггина бир пайтлар қилиб қўйган нодонликларимнинг жабрини тортаётирман.
Қизим келиб, кўп йиллардан бери йўқотган оромимни топгандек бўлдим. Юрагимнинг тубида тошдек қотган дард бироз юмшади.Қизим зимистон кўнглимга чироқ ёқди. Айниқса, ширин тили билан маст қилган жажжигина неварам тиззамда ўтирганида оламда мендан-да бахтли одам йўқ эди. Унга Шерали деб исм қўйишибди. Шерали бобоси эканлигимни билгандек менга дарров ўрганиб қолди.
Ўша тунда қизим билан неварам онамнинг олдида қолишди. Уйимга кирганимда тун яримлаганди. Хотиним Зеби ухламасдан кутаётган экан. Қовоғи солиқ. Қизимнинг келиши ёқмагани шундоққина сезилиб турибди. Уни тўғри тушундим. Қизимдан эшитган гапларни ётиғи билан айтдим. Санамойнинг аллақачон турмушга чиққани, бола-чақали эканини эшитиб, бирдан чеҳраси очилди. Унинг кечмишлари Зебини ҳам бефарқ қолдирмади, деб ўйлайман.
Қизим билан топишган кунимизнинг эртаси, саҳарда бир нарсадан хабар топгандек Зафар поччам келиб қолди. Нафақага чиққан, соқол қўйиб, қишлоғининг отахонларидан бўлиб олган эди. Уни кўриб қувониб кетдим. Ахир, Санамойларникига совчиликка борган, кетиб қолганида Дурдона опам билан Ойдинга сира оғринмай қатнаган ҳам шу поччам эди-да.
Онам поччамга бор гапни айтиб берди. Зафар поччамнинг қувонганини бир кўрсангиз эди. У худди ўзининг қизи қайтиб келгандек ҳаяжонланарди. Бу ҳолатни кўриб кўнглим бўшаб кетди. Кўзимдан оққан ёшни билинтирмай артдим. Поччам қизимни “Уйга олиб кетаман”, деб туриб олди. Онам ҳам “Майли, аммаси билан танишади, кўнгли ёзилади”, деди. Дурдона опамнинг севинишларини кўз олдимга келтириб мен ҳам рози бўлдим. Онамнинг олдида биргалашиб чой ичдик. Зеби қовоғини жуда-а очавермади-ю, ҳартугул, меҳмонларга хизмат қилиб турди. Зафар поччам “Энди турайик, Дурдона опангга “сурприз” қиламиз”, деб шоширарди. Қизим билан поччамни ўзимнинг машинамда олиб бориб қўйдим.
Биз қураётган намунали уйларда иш тезкор кетаётган эди. Куни бўйи ёш йигитлардек ғайрат билан ғишт тердим. Иш тугаган ҳамон уйга шошилдим. Қизимни, айниқса, неварам Шералини соғингандим. Бир кўрганимдаёқ жажжи неварамга шундай бир меҳр уйғондики, буни сўз билан тасвирлаб беролмайман. Унинг мунчоқ кўзлари ҳайрат билан тикилганида юрагим орзиқиб, маҳкам қучоқлаб бағримга босиб олардим.
Уйга келганим ҳамон одатдагидек онамнинг олдига кирдим. Қизим билан неварам қайтиб келишган деб ўйлагандим. Бироқ онам ёлғиз эди. Қизимни, бир кечагина ётиб қолсин, деб Дурдона опам олиб қолибди. Буни эшитиб, эндигина опаларини топган болаларим ҳам аммалариникига жўнаб кетишибди.
Уйда онам, мен, Зеби қолдик. Кеча қизим уялиб кўп ҳам гапирмаган эди. Тунда ухлолмасдан онамга бор гапни яширмай айтибди. Шу куни онам қизимнинг ҳаётини батафсил сўзлаб берди…
* * *
Хотира мактаб давримизда чизилган сурат эмаски, ёқмаган жойларини ўчирғич билан ўчириб ташласак. Умрингнинг яхши даврлари ҳам, қора кунларинг ҳам кўнгил пучмоқларида ипга тизилган маржондек сақланиб қолаверади. Ҳозир ўша воқеаларни эслаб, Санамойга қанчалар қийин бўлганини рўйи-рост ҳис қиламан.
Қорнида боласи билан ота уйига қайтган келинчак ҳақида қишлоғида турли гаплар ўрмалаб қолгани тайин. Санамойнинг бу ғийбатларни енгиб ўтиши осон кечмабди. Бола туғилганидан кейин ҳам қувониш ўрнига не азобларни кўрган экан бечорагина. Қизимиз ёшига етганида мактабга кутубхоначи бўлиб ишга кирган. Муаллимликка ўқиш учун тайёргарлик кўра бошлабди.
Қишлоқ шаҳар эмас, одамлар бир-бирларини яхши билишади. Йил ўтган сайин ҳамқишлоқларининг Санамойга ҳурмати ортади. Институтни битириб, мактабида обрўли муаллима бўлибди.
Ҳозир уни яна бир марта, узоқдан бўлсаям кўргим келади. Бу истагим амалга ошмаслигини биламан. У ўзи билан ишлайдиган Каримбой деган муаллим йигитга теккан. Каримбой аввал уйланган, хотини қора босиб ўлган экан.
Бизнинг тақдиримизда жудолик бор экан… Энди Санамой бахтли яшасин, деб дуо қиламан. У шунга муносиб. Мен эса қадрига етолмадим. Биринчи муҳаббатимни асрай олмадим…
Нодон жўрамнинг туҳмати, менинг ёшликдаги хатом туфайли йўлларимиз айро тушди. Бироқ ҳаёт жомимизга Ғайрат солган заҳар ҳали кучини йўқотмаган эди. Унинг таъсири қизгинамнинг тинчгина ўтаётган кунларини алғов-далғов қилиб юборишига ҳам бир баҳя қолибди.
* * *
Санамойни илк учратганимда Ойдин дунёдаги энг гўзал қишлоқ бўлиб кўринган кўзимга. Айниқса, баҳор пайтларида унинг кўрки янаям очилиб кетади. Тоғ ёнбағирларини қоплаган алвон лолалар бетакрор гўзаллиги билан кўзни олади. Тонгда туриб юксак чўққиларга тикилсанг, оламнинг қанчалар буюклигини ҳис қиласан. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб симирасан. Яшил майсага бурканган ўнгирларда қўй-қўзилар ўтлаб юради. Мағрур туриб олган чўпон қўлини пешонасига соябон қилиб узоқ-узоқларга нигоҳ ташлайди…
Мен бундай манзарани аскарлик пайтимда жуда кўп кўрганман. Санамойга уйланганимдан кейин ҳам Ойдинга тез-тез бориб турардик. Бизни Санамойнинг онаси қарши оларди. Қайнонамни қишлоқда “Жумагул чеча” дейишарди. У қўшни қишлоқдан келин бўлган. Шунинг учун ёши элликдан ошса ҳам ҳамон “чеча”. Қайнонам қотма, буғдойранг чеҳра, қалам билан чизилгандек юпқа лабларини қимтиб юрадиган аёл эди. Бошига “лакки” қилиб ўраган гулдор рўмоллари бўй-бастига салобат бағишлайди. Биз томонларда ёши улуғ аёллар ҳозир ҳам рўмолни ана шундай, “лакки” қилиб ўрашади. Бунда иккита катта гулдор рўмол елка аралаш бошга ташланади, яна бири қубба қилиб ўралади. Санамойга мағрурлик ҳам, чирой ҳам онасидан мерос эди. У ҳақиқий тоғ гўзали эди.
Санамой иккинчи турмушга чиққанида қизимиз онаси Жумагул чечанинг қўлида қолган экан. У Санамойни суйганига бериб оғзи куйгани учун Норгулни уй қизи қилиб ўстирибди. Мактабни битирганидан кейин уйдан чиқармай қўйган. Бўй етган қизга совчилар кела бошлабди. Жумагул чеча шу ерлик Ўктам деган йигитни куёвликка танлабди.
Ўктамнинг момоси ҳам Жумагул чечанинг ота қишлоғидан эди. Улар қизлик пайтларидан дугона бўлишган. Шунинг учун келишувлари мойдан қил суғургандек осон битибди. Ўктам билан Норгулнинг тўйлари жуда тез бўлиб ўтади. Санамой қизини ўқитиш ниятида бўлган-у, бироқ онасига қарши чиқолмаган. Жумагул чечани ҳам айблаб бўлмайди. У неварасининг бахтини ўйлаб шундай қилган.
Қизим келин бўлган уй бой-бадавлат. Ўктам оддий қишлоқ йигити. Отасининг боғдорчилик фермер хўжалигида ишлайди. Сиз Ойдин қишлоғининг олмазор боғларини кўрмагансиз. Ҳар туп дарахт юз эллик, икки юз килогача мева беради. Ўзимизнинг маҳаллий навлар ана шундай серҳосил. Қирмизи, олтинранг товланадиган олмаларнинг шираси тилни ёради.
Қизим Ўктам билан бахтли яшай бошлайди.Орадан бир йил ўтиб неварам Шерали туғилган. Ўктам эсли-ҳушли, мулоҳазали йигит. Буни у билан биринчи учрашганимиздаёқ билганман. Эрта баҳордан кеч кузгача боғда ишлайди. Қиш ойларида жўралари билан биз сингари гаштакка йиғилишар экан. Шундай ўтиришлардан бирида ширакайф жўраси атайлабми, “Хотинингди отасини билмайсанми?” деб сўраб қолади. Бу нозик гап Ўктамга қаттиқ ботган. Уйига келиб хотинига шу можарони бошлайди. Она қизим – Норгулимга бўй етганида ҳам мен ҳақимда ҳеч гап айтишмаган экан. Санамойнинг кечмишлари унинг учун сир бўлиб қолаверган. Ўктам қайта-қайта сиқувга олганидан кейин қизим момосининг олдига бориб, бор гапни тўкиб солади. Норгулнинг гаплари момосига булутсиз осмонда чақмоқ чаққандай таъсир қилади. Неварасининг ҳаётидаям қизининг тақдири қайтарилаётгандек даҳшатга тушибди.
Буларнинг барига ичимизга ўрнашиб олган шайтон сабаб. Ғайратнинг бир оғиз туҳмати билан менинг ҳаётим бузилди. Қизим бечорагаям шундай қора кун таҳдид солиб қолган экан. Жумагул момо Норгулга ҳамма воқеаларни рўйи-рост айтибди. Йиғлаб-сиқтаб, иложини қиламиз, деб овутибди. Ўғиллари билан, куёвлари Ўктам билан маслаҳатлашиб, Норгулни бизникига жўнатишга қарор қилишибди. Бу уларга ҳеч ҳам осон бўлмаган. Ахир, менинг ўзим улардан воз кечган эдим. Санамойнинг ҳаётини дўзахга айлантирган, қизим онасининг қорнидалигидаёқ ундан воз кечган гумроҳ ҳам мен эдим-да.
Қизим Норгулни бизнинг қишлоққа тоғаси Ўрол ака олиб келган. Уйимизга бирга кирибди. Уни онамга топшириб, Ойдинга қайтиб кетибди.
Ўрол ака Санамойнинг акаси. У мендан икки ёш катта. Ўша пайтларда Ўрол ака билан яхши чиқишар эдик, жўра бўлиб қолгандик десам ҳам бўлади. У бир гапириб, ўн куладиган кўнгли очиқ йигит эди.
Қизимни қишлоғига яна Ўрол ака олиб кетиши керак эди. Мен тунда шу ҳақда ўйланиб ухлолмай ётдим. Она қизимни шундайгина ортига қайтариб юбора олармидим. Санамойнинг чеккан жабру жафолари, энди қизимнинг ҳам тинч ҳаётига чанг солаётган ишларга мен айбдорман-ку. Шуларни тарозига солиб, бир қарорга келдим: “Норгулни Ойдинга ўзим олиб бораман. Нима бўлса пешонамдан кўрдим. Санамойнинг акалари ёқамдан олишар, шу ёшимда уриб-сўкишар ҳам. Фақат она қизимнинг юзи ёруғ бўлса, унинг ҳам отаси борлигини, тагли-тугли эканини эл билса бас. Бу ёшликда қилиб қўйган хатоларимнинг товонидир балки”.
Эртасига Зафар поччам билан Дурдона опам қизимни эргаштириб келиб қолишди. Норгулнинг чеҳраси очиқ, кулиб турарди. Неварамни олмоқчи бўлганимда жажжи қўлчалари билан менга талпинди.
– Ота, сизга ўрганиб қолди, энди суйкалиб безор қилиб юборади, – деди қизим жилмайиб.
Унинг очиқкўнгиллик билан айтган гапидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Қизимни, неварамни топиб олиб енгил тортгандим шу дамда.
Ҳаммамиз уйга кирдик. Онам Дурдона опамни кўриб арз қила бошлади:
– Энам бор деб тез-тез келиб турмайсан. Мен ҳам ғанимат бўлиб қолдим, болам.
– Эна-а, бир ҳафта бўлди-ку, келиб кетганимга, – жилмайди Дурдона опам.
– Йўғ-э, шундай дегин. Мен соғинаман-да. Укангди қизини яхши меҳмон қилдингма, ахир?
Дурдона опам кулиб юборди. Ҳаммамиз кулдик. Уйимизда кўпдан бери бундай кулгулар эшитилмаганди, чоғи. Ёки менга шундай туюлди. Ҳатто хотиним Зебининг чеҳраси ҳам анчагина очилиб қолди. У чаққон дастурхон солиб, қанд-қурсларни олиб келгани чиқиб кетди.
– Эна, бугун неварангиз уйига қайтади, – деди Дурдона опам. – Куёви тинмай телефон қилади, ўғлини соғинибди. Тоғаси олиб кетар эмиш.
– Қизимни ўзим олиб бораман! – дедим.
Дурдона опамнинг гапи оғзида қолди. Ҳамма ажабланиб менга қаради. Онам норозилик билан бошини чайқади. Дастурхон тузаётган хотиним Зеби чўк тушиб ўтирган кўйи юзимга тикилиб қолди. Аммо бир оғиз гапирмади. Бу сукунатни қизимнинг йиғиси бузди.
– Ота, отажоним! – деди кафти билан кўз ёшларини артиб.
Ҳамон бағримда типирчилаётган неварам онасининг овозини эшитиб чинқириб юборди. Уни Дурдона опам қўлига олди. Қизимнинг “отажоним” дея ҳаяжонланиши кўнглимни бузди; кўзимдан ёш чиқиб кетди…
Ҳаммамиз йиғилиб ўтирганда маслаҳатлашиб, гапни бир жойга қўйдик: Ойдинга мен, Зафар поччам билан Дурдона опам бирга жўнайдиган бўлдик. Шундан кейин онам менинг боришимга розилик берди. Аслида онамнинг хавотири ҳам ўринли эди.
Шу пайт қизимнинг қўлидаги уяли телефони жиринглаб қолди. У дам-бадам куёв билан хабарлашиб, уни хотиржам қилиб турар эди. Бугун кўпчилик бўлиб боришимизни айтганида у жудаям қувонди. Кўнгли очиқ йигит экан, дедим ўзимча.
Вақтни ўтказмай, Дурдона опамни олиб, “Нексия”да туман марказига жўнадим. Бозорга кириб, битта бешик, неварам, қизимга, куёвга кийим-кечаклар харид қилдик. Йўл-йўлакай қурилиш идорамизга кириб бошлиққа учрашдим. Бор гапни тушунтириб, битта юк машинаси сўрадим. Барака топгур ёш йигит бўлсаям аҳволимни тушуниб, машина берди.
Уйга келдиг-у, юк машинасига битта ғунажин, икки қўйни чиқардик. Буни бизда “энчи” дейишади. Ота турмушга чиққан қизига соғин сигир қилиб олиши учун бир мол бериши одатимизда бор.
Она қизим турфа рангларга бўялган, қўнғироқчалар илиб безатилган бешикни кўриб бирам қувондики, асти қўяверасиз.
Буларнинг бари тоғ гўзали Санамойнинг, ота меҳрисиз ўсган қизгинамнинг тўккан кўз ёшларига арзирмиди. Мен нима қилиб бўлса ҳам юрагимдаги оғир юкни енгиллатишга уринаётган эдим.
Шу куннинг ўзида онамнинг дуосини олиб, йўлга тушдик. Кетаётганимизда она қизим бувисининг юз-кўзларидан ўпиб, кўз ёши қилиб олди. Хотиним Зеби, укалари билан ҳам шундай хайрлашди. Айтиш ёдимдан кўтарилибди, қизим уйдаги болаларим билан аллақачон апоқ-чапоқ бўлиб олганди.
Ойдинга “Нексия”да анча тез етиб келдик. Қишлоққа кираверишда тўхтаб юк машинасини кутдик. Мен қорли чўққилари кекса одамнинг сочларидек оқариб турган тоғларга қараб аскарлик даврларим, Санамой билан илк учрашган кунларимни хотирладим. Тоғ гўзалининг ўша пайтдаги қиёфаси хаёлимда жонланиб энтикиблар кетдим. Булар менинг олисларда қолган, ҳис-туйғуларга тўла ёшлигим эди…
Бизни куёвим Ўктам, онаси Шодагул опа, бир уй бўлиб ўтирган қариндош-уруғлари кутиб олишди. Уларнинг орасида кичик қайноғам Ўрол акани кўриб безовталаниб қолдим. Ўрол аканинг ёши улғайган, сочлари оқариб, анча тўлишган. Фақат очиқ чеҳра билан кулишлари ўша-ўша эди. Нима қилишимни билмасдан жим туравердим. Унинг ўзи келиб қучоқ очиб кўришди. Зафар поччам билан Дурдона опам ҳам Шодагул опа билан қуда-қудағайлаб сўраша кетишди. Ўктам – куёвим, қотма, юз-кўзидан самимийлик ёғилиб турган йигит экан. У ўша лаҳзадаёқ Шералига ёпиша кетди. Неварагинам отасининг бўйнидан қучоқлаб сира қўйиб юбормасди.
Зафар поччам бош бўлиб ғунажин, қўйлар машинадан туширилди. Бешик, совғаларни Ўктамнинг уйига олиб киришди. Қудамникида бизни худди тўйдагидек кутиб олишди. Қўй сўйиб, эт осилди. Эски гина-кудратларни ҳеч ким эсламади. Айниқса, куёвим Ўктамнинг оғзи қулоғида эди. Мен уни ўз фарзандимдек тушуниб турардим. Ўктамнинг бахтига ҳам ўша майда гаплар, жўраларининг уруғ-аймоқни “кавла-кавла” қилишлари чанг солиб турган эди-да.
Шу куни қудамникида ётиб қолдик. Санамойларникидан бирортаси келади деган ўйим ҳам йўқ эмасди. Ундай бўлмади. Фақат Ўрол ака билан кўришдик.
Эртасига саҳарликка тоғликларнинг меҳмон кутиш одатига кўра оқ ош қилишди. Бу хамир ёйиб, кесиладиган угра ошимиз. Сариёғ қуйиб, косада тортилади. Нонуштадан кейин қудаларнинг, бир кун қолинглар, дейишларига қарамасдан яна йўлга тушдик.
Хаёлимда Ойдин қишлоғини бағрига олган пурвиқор тоғлар бизни хомуш кузатиб қолаётгандек эди. Машина рулини тутиб йўлга тикилар эканман, кўз олдимдан Санамойнинг сўлим қиёфаси сира кетмади. Хайр, тоғ гўзали, кўнглингга берган озорларим учун кечир, дер эдим ўзимча.
…Ўша тунда биз жуда кеч ётдик. Бердиёр билан Санамойнинг тақдирини ўйлаб уйқуга кетганимни сезмай қолибман. Қурувчилар уйчасининг деразасидан қуёш нури тушиб юз-кўзимни сийпалаганда уйғондим. Одатда бегона жойда яхши ухлолмас эдим. Бу ерда ўз уйимдагидек қаттиқ ухлаб қолибман. Бердиёрнинг ўрни бўш эди. Стол устида бир косада қаймоқ, иккита тандирдан янги узилган иссиқ нон, сочиқ билан ўралган чойнакда чой турарди. Ювиниб, нонушта қилиб олдим.
Қурилиш майдонида аллақачон иш қизиб кетган эди. Мовий коржомали уч-тўрт ишчи кўтарма краннинг патнисга ўхшаган таглигига ғишт тахлаётир. Бетон қорадиган мослама олдида белкуракка суяниб олган шериклари қоришма тайёр бўлишини кутишмоқда.
Бердиёр бинонинг иккинчи қаватида ғишт тераётган эди. Ишига берилиб кетганидан мени пайқамади. Ёнида қотмадан келган ёш йигит ҳам бор. У тикилиб турганимни кўриб, устозига нимадир деди. Бердиёр пастга қаради.
– Ўзим чиқаман, – дедим бор овозда бақириб.
Товушим техникаларнинг шовқинига сингиб кетди. Қўлим билан ишора қилдим-да, сап-сариқ ғишт уюмларини четлаб бинога кирдим. Бетон зинадан иккинчи қаватга кўтарилганимда қаршимда Бердиёр жилмайиб турарди.
– Ўзим тушаётгандим, – деди хижолат бўлиб. – Яхши ётиб турдингизми?
– Раҳмат, дўстим.
– Қурилиш эрта уйғонади. Корхона шу йилнинг ўзида ишга тушади-да.
Бердиёр ёнидаги йигитга имо қилди:
– Эркинбой – менинг шогирдим. Қўли ишга анча келишиб қолди. Мустақил ғишт теряпти. Эрта-индин ҳарбий хизматга жўнайди. Шундайми, Эркин?
– Худди шундай, уста.
– Қаранг, ҳарбийчасига жавоб қайтаришниям ўрганиб олган,– кулди Бердиёр. – Хизматдан кейин қурилишга қайтасанми, ё…
– Албатта қурилишга-да, Бердиёр амаки, – Эркин самимий жилмайди.
Мен Бердиёрнинг қурилишга келган кунлари ҳақидаги ҳикоясини эсладим.
– Ишлайверинглар, бироз шу ерда тураман, – дедим.
Бердиёр чаққон ғишт тера кетди. Мен дашт қўйнидаги улкан қурилиш майдонига кўз ташладим. Тепамиздан чирқиллашиб учиб ўтган бир жуфт қуш хаёлимни бўлди. Осмон тиниқ эди. Узоқ-узоқларда чўққисидаги қорли чизиқлар оқариб кўринаётган тоғлар. Бердиёр ҳам беихтиёр ўша томонга нигоҳ ташлади. Балки шу дамда илк муҳаббати – тоғ гўзалини эслаб қолгандир.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 12-сон