Қишлоққа, синглимникига боришим керак. Машина излаб бекатга чиқдим. Эски “Жигули” турибди. Ҳайдовчини танидим. Нарзилла деган йигит. Озғин юз, калта мўйлов қўйган. Ёши,чамаси, қирқ бешларда. Юзига тарам-тарам чизиқлар тушган. Тажанг феълиданми… Уч-тўрт бор машинасига ўтирганман. Бир қарасанг, рулни сиқимлаганича, мум тишлагандай индамайди. Бир қарасанг, очилиб-сочилиб гаплашади. Ғалати йигит. Лекин кўнгли тоза. Йўл ҳақигаям талашмайди. Берганингни олиб, раҳмат айтиб кетаверади.
Нарзилла мени таниб, машинадан чиқди.
– Келинг ака, – деди. – Қишлоққами?
– Бўшмисиз?
– Ҳа-да! – У кабинага ўтириб, ёнидаги эшикни очди. – Анчадан бери қоққан қозиқдек турибман. Мижоз йўқ.
Мен машинага ўтирдим. Нарзилла машинани ўт олдирди. Билак томирлари бўртиб турган қўлини рулга уриб қўйди:
– Кетдик-да!
“Жигули” жойидан қўзғалди. Пешонасига тушган бир тутам “ўжар” соч, йўлга тикилган чақмоқдек кўзлар, эгнидаги енги калта қизил катак кўйлак чапанича кўриниш бериб турса-да, машинани қонун-қоидаси билан ҳайдайди. Биз маҳаллани кесиб ўтадиган тор кўчага бурилдик. Йўлнинг чап тарафида мункайган қария секин-аста кетиб борарди. Озғин. Бўйни букчайган. У жуда секин, босайми-босмайми, деб ҳимо билан юрарди. Етай деганимизда Нарзилла машина сигналини бир босди. Чол чўчиб қаради. “Жигули” тор кўчадан секин борарди. Чолнинг совуқ, нурсиз кўк кўзлари биз томонга тикилди. Мен уни танидим. Бу, Бозорвой ака. Шу маҳалланинг қарияси. Кўпчилик ундан ўзини олиб қочади. “Ғийбатчи”, “тили билан юради”, “қариб қуюлмаган”, деган ёрлиқлари бор. “Қариганда шу кўйга тушмасин-да, одам”, деб қўйдим ўзимча.
– Ҳе, онангни…, ҳалиям ўша-ўша юриш-а! – Нарзилла ёмон сўкинди.
Мен унинг бундай сўкинганини эшитмагандим. Индамай, унга қарадим. “Қаричиликдир, айниб қолгандир, деймиз бундай пайтда. Кекса одамни сўкиш…”. Нарзилла хаёлимдан ўтган гапни пайқагандек:
– Ака, узр, сўкиниб юбордим, – деди. – Локин, бу иплосни кўрсам портлаб кетаман.
Унинг овози титраб чиқди. Чуқур-чуқур нафас олди. Қизил катак кўйлагининг чўнтагидан битта сигарет чиқарди.
– Чексам майлими?
– Бемалол.
Сигаретини тутатиб, кабина ойнасини очди. Босиб-босиб тамаки тортди.
– Ака, бу мараз бир аёлнинг ҳаётини бузган! Мени ишдан кетказди, номимни булғади.. Умримда бировнинг хотинига кўз қисган йигитмасман. Тепамда Худо турибди. Бу!.. Мана шу қилди ҳаммасини!
Биз туман марказидан чиқа бошлагандик. Кабина ойнасидан енгил шабада кирди. Нарзиллани ўз ҳолига қўйдим. Сигарет тутунини очиқ ойна томонга пуфлаб, йўлга тикилганича борарди. Кўча тарафига терак экилган уйлар бошланди. Бироз юргач, дала йўлига чиқдик. Икки томон туткўчат. Ортида, ғўзаси белга уриб қолган пахта далалари. Зовур кўпригидан ўтдик. Тепага кўтарилганимизда Нарзилла яна тилга кирди. Йигирма йиллар аввал бошидан ўтган воқеани сўзлай бошлади.
* * *
– У пайтда йигирма бешда эдим, – деди ўз-ўзидан мамнун бўлиб. – Ўйлайсизки, мен ҳар доим шўпир бўлганманми?.. Йўқ. Савдо соҳасига ўқиганман. Дипломим бор. Аввал ёрдамчи, кейин сотувчи бўлдим. Бизники аралаш моллар дўкони эди. Ҳалол ишладим. Ишонмайсиз-а? Бўрини оғзи есаям, емасаям қонда, а? Аммо-лекин ҳамма бирдекмас, ака. Отам, ҳалол бўл, Худо баракангни беради, деб насиҳат қилардилар. Ишга кирганимнинг учинчи йилида завмагимиз Ҳожиакбар ака идорага ишга ўтди. Ўрнига мени қолдирди. Уям инсофли одам эди. Тарозидан урмасдик. Қолган ушоғиям харажатларга етиб-ортарди. Планни доим ошириб бажарганмиз. Ойлик, шунга қараб яхши чиқарди. Дўкон ўзимга қолди. Қаттиқ ҳаракат қилдим. Эплаб кетдим.
Идорада ёмон гап эшитмадим. Ҳисоботни Нозима деган ҳисобчига топширардим. Нозима билан ёшимиз тенг. Бир-биримизни исмимиз билан чақирамиз. Ҳар келганимда битта плитка шоколадми, тансиқ чойми олиб келаман. Худога шукур, кўнглим ўзимга тўғри. Бизда, аёл билан дўстмиз, десанг бошқача тушунишади. У ҳақида ёмон хаёлга бормаганман. Ақлли, ширинсўз эди. Хотиним ҳам шундай бўлсайди, деган ўй келган хаёлимга. Аммо-лекин бу бир ҳавас-да, яхши маънода. Унинг икки фарзанди бор. Эри ишчи эди. Боя айтдим-ку, кўнглимда зиғирчаям эгрилик йўқ мани. Уйланганман. Хотинимни яхши кўраман. Ўғилчамиз эмаклаб қолди. Ташвиш йўғиди, ака. Ўша ярамас кўп кўрди ҳаммасини. Бозорвой идорамизда бўлим бошлиғи эди.
Нарзилланинг шундан кейинги ҳикояси бехосдан келган даҳшатли зилзиладек ақлу ҳушимни олди. Одамга ёмонлик қилиш осон экан-да? Ё тавба! Бир оғиз гап-а?! Лекин, уни ботиниб айтишга қора юрак керак. Кўмирдек қоп-қора юрак!
– Бир куни идорага келсам, Нозима ўрнида йўқ, – йўлга тикилганича давом этди Нарзилла.– Хонадаги қизлар ғалати қарашди. Кейинроқ келарман, деб ташқарига чиқдим. Лоток-ариқдан сакраб ўтаётгандим. Елкамга бировнинг қўли келиб тушди. Кучсиз қўл ургандек, чимчилагандек бўлди. Орқамга ўгирилиб, даҳшатдан ҳайкалдек қотиб қолдим! Тиззам қалтиради, томоғим қақради. Юрагим орқага тортиб, каловландим. Оқ нуқталари бор белбурма қизил кўйлакли аёл ҳиссиз кўзлари билан тикилиб турарди. Лаби шишиб, дўрдайиб қолган. Кўзларининг атрофи, қовоқлари кўкарган. Ёноқларидаги қонталаш жароҳатлар уни роса дўппослашганидан далолат бериб турарди. Худо урсин агар, шу пайтда бу ёқимсиз башарани танимадим. Илкис хаёлимга ичиб юрадиганларданми, деган ўй келди. Шу пайт аёлнинг кўзларида бир маъно пайдо бўлди. Бу қараш таниш, жуда таниш, қадрдон эди! Беғам, жайдари юрагим қалқиб кетди! Танидим. Бу Нозима эди! У таъна, ғазаб билан қараб турарди.
– Нарзилла! Эркакмисиз?! – деди у ўзиникига ўзшамаган ғалати овозда.
“Эркакмисиз?!”. Бу, мен умрим бўйи эшитган ҳақоратлар, сўкишлар ичида энг аччиғи! Йигитлик ғуруримни чилпарчин қилиб ерга урадиган сўз эди. Беихтиёр титрадим, қақшадим. Қўлларим ўз-ўзидан мушт бўлиб тугилди.
– Нози-ма?! – дедим тишимни ғижирлатиб.
Ўзимнинг овозимни таниёлмай қолдим. Қаттиқ қимтилган лабларимдан илонникига ўхшаш вишиллаган овоз чиқди… Тушунтириб беролмайман… “Эркакмисиз?!” деган ҳақоратли сўз мени қайнаб турган сувдек кўпиртириб юборганди. Иккинчи томондан, Нозиманинг аянчли кўриниши, аҳволи юрагимни ларзага келтирди. Бу ўша, мен билган Нозимами?! Уни ким бу аҳволга солди?
– Нима гап? – деёлдим анграйганча.
– Нима гаплигини Бозорвой акадан сўранг! Нималар дегандингиз унга?!
Нозима икки қўлини юзига босиб увиллаб йиғлаб юборди. Мен ҳамон нима гаплигига тушунолмай афтодаҳол турардим. Нимадир, қандайдир ниҳоятда ёмон воқеа юз берганди. Унга илтижоли тикилдим:
– Тушунтириб гапиринг, Нозима?!
– Кимга, нима дегансиз мен ҳақимда?
– Ҳеч кимга, ҳеч нима…, – довдираб қолдим.
– Унда… Бозорвой ака нега…
Нозима ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади. Мен унга ачиниб кетдим. Юрагимда ваҳима пайдо бўлди.
– Нима, Бозорвой ака? – дедим хунобим ошиб.
– Эримга… бизни ўйнашлар, дебди!
Мен Нозима чеккан жабрнинг моҳиятини тушуна бошладим. Бунинг сабабчиси Бозорвой ака. Яна ўша! Идорамизда нечта одамни зир титратган бу ярамас.
Мен ёш бўлсам ҳам мана шуларни мушоҳада қила олардим. Ака, орадан шунча йиллар ўтди ҳамки, ўша кунни эсласам баданимга титроқ киради.
У жим бўлди. Мен бу йигитнинг ҳикоясига ичу ташим билан шўнғиб кетгандим. Воқеа нима билан тугашига шу даражада қизиқардимки, Нарзилланинг тақдири менинг ҳам тақдиримга айланди гўё. У эса, қайта жунбушга келган ҳиссиётларини босиб олмоқчидек бироз тин олди. “Шўрлик Нозима! Шу кунлар пешонасига ёзилганми? – хаёл сураётгандек пичирлади у. – Эри бир оғиз гапга ишондими? Ўйнашмиш! Ахир, Нозимадек покиза аёл ҳақида бундай хаёлга боришнинг ўзи гуноҳ-ку?! Ёлғонга ишонтириш шунчалар осонми? Ғирт ёлғон, туҳмат-ку бу?!”
– Мен Нозимани овутиш учун сўз тополмасдим, – овозини баландлатиб давом этди Нарзилла.– Нима ҳам дердим? Ҳаммасини тўғрилайман, дейми? Лекин, қандай қилиб? Эри бу туҳматга ишонгани аниқ. Бўлмаса, хотинини шу аҳволга солиб дўппослармиди? Балки…тушунтира оларман… Барибир, кўнглида шубҳа-гумон бор. Ажрашиб кетишса-я?! Йўқ. У эри билан ажрашмаслиги керак! Ўртада икки бола бор. Уволи тутмайдими, анави ифлосни! Нимани ўйлади? Нега бундай қилди? Нима қасди бор менда? Ўзимга айтмайдими?!
Миям қотиб қолганди. Нозимани шу ерда қолдирдим-да, қайтиб идорага кирдим. Кўзимга ҳеч нарса кўринмасди. Йўлакда учраган танишларгаям қарамадим. Менга Бозорвой керак эди. Ярамас, шиллиққурт!
Шу аҳволда хона эшигига қўл юбордим. У тўрдаги стол ортида безрайиб ўтирарди. Эшикни очганимда кўк кўзларини менга қадаб олди. Ичимдаги гапни ўқиб олмоқчидек киприк қоқмай тикилди. Мен ёш эдим. Нимагадир, бироз бўшашдим.
– Ҳа, – деди у буни пайқаб, – ўйнашингни ҳимоя қилгани келдингми?
Мен нима дейишимни билолмай қолдим. Ботиний ғазаб, аламимни ташимга чиқаролмай қийналдим. Нозимани, ўзимни қандай қилиб оқлаб олишим мумкин? Буни билмасдим. Йўл тополмай қийналдим. Кучли бир бомба портлаган-у, қулоқларим битган. Қулоқларимгина эмас, миям ҳам қотиб қолганди. Нима қилишим, нима дейишим кераклигини билмасдим. Ақлдан ғазаб устун келганда шундай бўлади. Бу ярамаснинг қилмиши ҳеч бир қолипга сиғмасди. Кўзимдан олов чиқса-ю, уни ёндириб-куйдириб жизғанагини чиқарса!
– Илонга ўхшаб ўқрайма, – деди.
Мен қаршимда энг ёвуз душманимни кўра бошлагандим:
– Сен илонсан! – дедим ичкарига бир қадам босиб.
У ўрнидан сапчиб турди:
– Йўқол! – деди эшикни кўрсатиб.
– Йўқоламан!
Эшикни зарб билан уриб чиқиб кетдим. Лекин олдинда мени катта шармандалик кутарди. Ўйлаб кўринг: бировнинг хотинига, эрлик аёлга кўз олайтиришдан ортиқ шармандалик, тубанлик бўладими?! Бундай гуноҳга қўл ургандан кўра энг баланд тоғдан қулаб парча-парча бўлганинг яхши эмасми?! Ўзганинг жуфти ҳалолига қиё боққандан кўра ўзингни кўпириб ётган денгизга отиб, нафс оловини ўчирганинг, сув остидаги тубсизлик сендек номардга қабр бўлгани минг бора афзал-ку?!
Ташқарида қий-чув овозлар эшитилди. Чиққанимда, не кўз билан кўрайки, Нозимани эри сочидан ушлаб урарди! Бир йигит билан бир қиз қичқирганча уларни ажратишга уринишмоқда. Менда гўё қанот пайдо бўлди. Ўзимни ўша томонга отдим:
– Тўхта! Ёлғон ҳаммаси! – дедим ғазабдан ваҳшийга айланиб кетган йигитга.
У Нозимани қўйиб юбориб, мен томонга ўгирилди:
– Ҳали сенми, хотиним билан ўйнашадиган эррайим?! – деб ўкирганича отилди.
Юзимга зарб билан тушган муштдан кўз олдимда чақмоқ чақнади! Кўзимни юмиб олдим. Очганимда, қонга тўлган ваҳший нигоҳ ғажиб ташлагудек нафрат билан тикилиб турарди. Болаликда муштлашиб катта бўлганмиз. Мен ҳам ўз-ўзидан унга ташландим. Қандай калла туширганимни билмай қолдим. У қўрғошинли қўғирчоқдек қалқиб кетди. Лекин, йиқилмади. Бир-биримизни ёқамиздан олиб ерга думаладик. Унинг алами кучли эди. Жон-жаҳди билан мушт туширарди. Мен ғофил ҳам ундан қолишмадим. Юз-кўзимиз қонга беланди! Кўйлакларимиз пора-пора бўлди! Атрофда йиғилган издиҳом томошабин эди. Бир-икки йигит бизни ажратишга уринарди.
Кимдир хабар қилибди, милиция машинаси етиб келди. Иккаламизниям олиб кетишди. Пиёнисталарни териб юрадиган машинанинг темир қутисида ўтириб, анча ўзимни босиб олдим. Нозиманинг эри шу ердаям бир-икки ташланди. Формадаги йигитлар ажратиб қўйишди.
Ички ишлар бўлимида обдон суриштиришди. Идорамизга ҳам кириб чиқишган экан. Мен бор гапни айтдим. Лекин Нозима билан ўртамизда ҳеч гап йўқлигига одамларни ишонтириб бўлмасди. Ярамас Бозорвойнинг ғийбатлари устун келди. Жиноят иши очишмади. Арз қилувчи йўқ эди-да. Нозиманинг эри мум тишлагандек жим бўлиб олди. Уни қўйиб юборишди. Менга ўн беш сутка беришди.
Кўча супуриб, ул-бул ишларни қилиб юравердим. Дилгирлигим анча босилгандек эди. Фақат бечора Нозимани ўйлаб сиқиламан. “Нима бўлди экан? – деган ўй тегирмон тошидек эзади. – Эри ҳақиқатни тушундими? Аҳмоққа ўхшамайди. Сўраб-суриштиргандир, ахир!”. Бегуноҳ аёлнинг калтакдан шишиб кетган юзи кўз олдимга келса, инграб юбораман…
Орадан уч кун ўтди. Олдимга Ҳожиакбар ака келди. Ўша, ўзимнинг устозим! Энди у идорамизда раис ўринбосари эди. Кўриниши хотиржам. Қарашларидан ғазаб ҳам, таъна ҳам сезмадим.
– Шу иш бўлмаган-а? – деди тикилиб туриб.
– Йўқ, – дедим бошимни чайқаб.
– Менга қара, – деди Ҳожиакбар ака. – Сенга ишонаман.
Унга тикилиб қолдим. Кўзимга фариштадек кўринди. “Ишонаман”, деди-я! Бу, мен алам-изтироблар ичида яшаган сўнгги кунларда эшитган биринчи илиқ сўз эди! Ҳақиқат юзага чиққандек энтикдим. Ичим тўлиб кетди. Икки кафтимни юзимга босиб, унсиз йиғлаб юбордим. Елкам силкиниб-силкиниб тушарди. Кўзларимдан тинмай ёш оқади. Бунинг яна бир сабаби бор. Сизга айтмабман. Мени қамашганининг эртасига хотиним уйига кетиб қолганди. Буни овқат олиб келган онам айтдилар. Ҳатто онамнинг ҳам менга ишониб-ишонмаётгани сезилиб турарди… Ўзингиз ўйлаб кўринг: бутун дунё менга қарши. Нима қилишим керак? Нозимани, ўзимни қандай оқлаб олай? Туҳмат тошни ёради, дейишган-ку. Бу туҳмат осуда кунларимни мумдек эритиб юборди. Ана шу қоронғиликда бир шуъла кўринди. Бу Ҳожиакбар аканинг “ишонаман”, деган сўзи эди!
– Бозорвойнинг ҳисоботларидан Нозима бир неча марта камчилик топганди, – деди устоз. – Мана, оқибати. У орқадан пичоқ урадиганлардан. Сен ҳам жабрландинг.
Ҳожиакбар аканинг оғир-босиқ оҳангда айтган гаплари мени титратиб юборди. Бу Бозорвойнинг ўчи экан-да?! Вой, аблаҳ-ей! Гап буёқда экан-ку?! Шуни айтсанг, сўксанг, ишдан бўшатиб юборсанг бўлмасмиди?! Бир покиза аёлнинг номини булғадинг. Уйини буздинг! Мен-чи, мен?! Ахир мениям хотиним кетиб қолди-ку! Номим хотинбозга чиқди!
– Дўкондан хавотир олма, – деди Ҳожиакбар ака.– Ёрдамчинг эплаяпти. Ўзим қараб турибман.
Шу пайтда мени бир сўроқ қийнарди: Нозимага нима бўлди? Унинг бошига тушган ғавғоларда қай бир маънода ўзимни айбдор ҳисоблардим. Айбсиз айбдор эдим мен! Унинг алам билан “Эркакмисиз?!”, дегани қулоғим остида совуқ жаранглаб турарди. Наҳотки, у ҳамма гапни мендан чиққан деб ўйлади? Тўғри, шундай йигитлар бор. Бирорта аёл яхши муомала қилса, мени ёқтириб қолди, дея лоф уради. Мен ундай номардлардан эмасман-ку? Юрагимни тирнаётган бу сўроққа ҳам Ҳожиакбар аканинг ўзи жавоб берди:
– Нозима, сен кимгадир… ўшанақа гап қилгансан, деб ўйлаган экан. Бунақа гап чиқмади. Ҳаммаси ойдинлашди. Нозиманинг эри ишхонага келиб турарди. Унга Бозорвой шипшитган экан ўша гапни.
Илон экан бу Бозорвой! Унинг заҳари ўткир эди. Шунча одамни қақшатди. “Сув балоси, ўт балоси, туҳмат балосидан асрасин”, дея дуо қилардилар бувим. Бу гапнинг маъносига ўшанда тушундим…
* * *
Машина дала йўлидан ўртача тезликда борарди. Нарзилла йўлга тикилади. Ўтган гапларни эслаб, бир ёнди-да, секин ўчди гўё. Янаям ким билсин. Сиртдан сокиндир у. Инсон бундай зарбани унутоладими? Ҳамон юраги эзилаётгандир? Ахир, мен, Нозима билан Нарзиллага бутунлай бегона бир одам, қанчалар таъсирландим! Ўзимдаги уларнинг кейинги тақдирларини билиш истагини енголмадим:
– Сиз ишдан бўшаб кетдингиз. Шундайми?
– Ҳа.
– Нозима-чи?
– Нозимани Ҳожиакбар ака ишда олиб қолди. Лекин, эри билан ажрашди.
– Эри ҳақиқатни билмабдими?
– Ҳаммасини тушунгандир балки… Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Гап-сўз ўрмалаб кетганди. Қайта ярашмади… Кўнгли бўлмагандир… Аслида, унгаям жабр бўлди. Мен хотиним билан ярашиб кетдим. Унинг оиласи пароканда бўлди. Икки бола сарсон…
– Кейинчалик Нозима билан гаплашдингизми?
– Йўқ. Кўчада кўриб қолсам берироқдан ўтиб кетаман. Шуниси маъқул. Ҳозир Бозорвойнинг ўрнида ишлаяпти. Шундай деб эшитдим.
– У-чи? – беихтиёр савол бердим.
– Унга нима? Бундайларни жин ҳам урмайди. Пенсияга чиққан. Ҳалиям ўша-ўша юриш… Кўрдингиз-ку…
* * *
Машина жилдираб сув оқаётган ариқ бўйидаги оддий қишлоқ уйида тўхтади. Ҳовли дарвозаси очиқ эди.
– Етиб келдик,– деди Нарзилла. Сигнални бир босиб қўйди.
Кўчадан ҳовлидаги кишмиш узумлар осилиб турган сўри кўринди. Сўри остидаги супадан бошига оқ рўмол ташлаган аёл турди. Мени таниб, рўмолини тўғирлай-тўғирлай дарвоза томонга югурди.
– Ака! – деди синглим елкамдан қучиб. – Отам ўрнига отам!
Унинг кўзидан меҳр ёшлари оқарди. Шу пайт дарвозадан девдек йигит билан бўй етган нозиккина қиз бирин-кетин чиқиб келишди. Улар ҳам “тоғажон”лаб елкамга осилишди.
Мен меҳр оғушида қолгандим. Машинанинг қисқа сигналидан ўзимга келдим. Нарзилла қайтиб кетаётганди.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 8-сон