Сиз аёлни заифа дедингизми? Сўзингизни қайтиб олинг. Бу борада бироз ўйлаб гапиришга тўғри келади. Йўқ, мен уларни ҳимоя қилмоқчи эмасман. Чунки улар менинг ҳимоямга зор эмас. Аммо шунга қарамай, гапингизни қайтиб олишингизга тўғри келади. Нега дейсизми? Унда эшитинг!
Итдан жуда қўрқардим. Ишонасизми, аёл туфайли бу қўрқувдан батамом халос бўлдим. Воқеа бундай бўлганди. Бўлажак келинингиз билан учрашувдан қайтаётган эдик. Ка-атта бир кучук бола бизга қараб пилдираб қолди-ку! Дамим ичимга тушиб кетди. Шу пайт ёнимдаги хоним итдан қўрққан одамларни жини суймаслигини айтиб қолди. Бирдан дадилландим, ёнимиздан бепарво ўтиб кетаётган бечора итни шундай қувладимки, худди у одаму мен итдек…
Агар аёл заифа бўлганда, менга шунчалик журъат беролармиди?
Ҳарбий хизматдалигимда бир эҳтиётсизлик туфайли хизматдошимнинг оёғи лат еди. Докторга олиб бориш менинг зиммамга тушди. Боргунимизча у оҳ-воҳлари билан ҳаммамизни «қон» қилди.
Тиббий бўлимда эса аҳвол бутунлай ўзгарди. Бахтимизга шунақа ҳамшира қаршиладики, беморнинг ёдидан оёғи, бизнинг ёдимиздан бемор чиқиб кетди.
Хуллас, келгунча тинимсиз вой-войлаган хизматдошимиз уни кўриб тиржая бошлади. Ҳайрон қолдим. Нима қиларкин деган ўйда ярамаснинг лат еган оёғини жўрттага бир-икки туртиб ҳам қўйдим. Оғриққа чидолмай чинқириб юборишини кутгандим…
Чинқириш қаёқда, қаҳ-қаҳ отиб кулади, аблаҳ. Буям етмагандай ҳамширанинг «кўп гапирманг уриниб қоласиз» деган гапига ийиб, «сизнинг қўлингизда ўлишгаям розиман» деса бўладими! Палатага жойлаштириб ҳамшира чиқиб кетгач, бизга қараб, “Мана буни омад деса бўлади. Жононмисан-жонон экан”, дедию қийқириб оёғига шапатлади. Галварс. Келиб-келиб лат еган оёққа ҳам шапатлайсанми?..
Ҳаммаси бошидан бошланди. Хизматдошим оғриқни қолдиришни сўраб, худога, азиз авлиёларга яна кўзига ким кўринса ўшанга илтижо қила бошлади…
Хайриятки, ҳамшира узоққа кетмаган экан…
Агар аёл заифа бўлганда, хизматдошимизга шунча чидамлилик берармиди?
Газетадан ўқиб қолдим. Бир аёл ўғлини топтаб ташламоқчи бўлган бегемотни бир уришда нариги дунёга равона қилибди.
Агар у заифа бўлса, шундай баҳайбат махлуққа бас кела олармиди?
Хуллас, аёл – заифа эмас. Заифалар мутлоқо бошқа?
Ким дейсизми? Қўйинг нима қиласиз, гапни кўпайтириб?! Ҳали чойхонага бориб бир чуқум ош егим бор…