Ҳар галгидек бугун ҳам саҳар туриб бобом билан ўзимга таҳорат учун сув тайёрладим. Бомдодни отам иштирокида ўқидик. Ёз эмасми, ҳали қуёш чиқмаса-да атроф аллақачон ёришган, хуш овоз билан “Ясин”ни тиловат қилаётган отам уни якунлай деб қолган эди. Шу пайт қибла тарафдаги дарвоза вазифасини бажарувчи ғовоғоч оша бир қора кўриниб тобора бизга яқинлашиб келаверди. Тиловат тугаб дуога қўл очилганда у киши ҳам юриб келаётган жойида тўхтаб, чўнқайиб ўтирганча дуомизга қўшилиб юзига фотиҳа тортди. Бир-биримизга салом бериб ота-бола ўрнимиздан қўзғалдик. Бобом эса жойидан жилмай тасбеҳини ўгириб кўзларини юмганича Яратганга ҳамд, пайғамбарга саловот айтишга ўтди.
Бу ҳар кунги ҳолатнинг такрори эди. Отам бир оз бўлса-да ишлаб баданини қиздириб олиш учун боққа кетар, мен эса супа устидаги ўрин-кўрпаларни йиғиштириб, ўтириш учун жой қилар, эринмасдан борди-келди қилиб дастурхон тўлатиб, онам берган ширчойларни келтириб қўйгач, терлаб-пишиб дастурхонга қайтган отам ювиниб, ўтиришини кутиб турар эдим. Бобом ҳам зикрини тугаллаб даврага қўшилгач нонушта бошланарди…
Бугун эса отам боққа кетмай, мен ўрин-кўрпаларни йиғмай, бобом зикрини тугаллашга улгурмай ғовоғочдан узун бўйли, қоматига жудаям ярашиб тушган костюм-шим кийган, ёши олтмишдан ошган бўлишига қарамай ўзини яхши сақлаган хушсурат киши хатлаб ўтди.
Бобомнинг ҳузурига ҳар куни ўнлаб меҳмон келишига ўрганиб қолган бўлсак-да, бунчалик эрта ташрифдан бир оз ажабландик, рости.
– Ассалому алайкум! Эшон бобо меҳмон оласизми? – деди меҳмонимиз ўктам овозда.
– Ва алайкум ассалом! Қурбон акамисиз? – деди меҳмонга жавобан бобом. Ростини айтсам бобомнинг ўзидан анча ёш, кичик ўғли қатори одамга “ака”, деб бунинг устига Сизлаб мурожаат қилгани мени яна бир бор ажаблантирди.
Отам қўлини кўксига қўйиб “Ассалому алайкум, келинг, келинг”, деганча меҳмонга пешвоз юрди.
– Адашмасам Ахадхон тўрамсиз-а? Келинг энди қучоқлашиб кўришайлик!
Меҳмон шундай деб қучоқ очди. Отам ҳам у кишининг шаштини қайтариб ўтирмади. Бобом меҳмонимиз билан бағирлашиб кўришар экан негадир икковининг ҳам кўзлари намланганлигини кўрдим…
– Қурбон ака қани дастурхонга марҳамат, – деди бобом мулозамат қилиб. Нонушта деярли суҳбатдан холи, онда-сонда мулозаматларни инобатга олмаганда осойишта ўтди.
Ширчойдан бўшаган косалар олиниб, дастурхонда фақат бир тобоқ қора кишмиш, бир чойнак аччиқ кўк чой ва иккита пиёлагина қолганда меҳмон менга таништирилди. (Гоҳида бобомнинг бу одати менга ноқулай туюлар, ҳатто ҳозир ҳам келган меҳмонни атрофдагиларга таништирмай, бунинг устига таом маҳали олинг-олингдан нарига ўтмаслигини ҳазм қилолмасдим. Бироқ бобом таом устида гаплашишни ёқтирмасди).
– Ҳамиджон, бу киши менинг бўлам, Даҳбетда ўтган кичик холамнинг кенжа ўғиллари Қурбонжон бўлади, – деди бобом менга юзланиб.
Биз бир-биримиз билан қайта ҳол-аҳвол сўрашгандай бўлдик. Кўп ўтмай дадам ишга жўнади. Мен эса хизматида қолдим.
– Қурбон ака, (бобомнинг меҳмонни яна акалаши ғашимга тега бошлади) бу ҳовуз бўйидаги соя кечгача ҳеч қаерга кетмайди. Юринг, боғни айланиб келамиз. Ўз қўли билан узиб ейилган олма таъми бошқача бўлади-да.
Меҳмон рози бўлиб улар қўзғалишди. Катта мезбон ёшига хос вазминлик билан имиллаб қадам ташлар, меҳмон эса у кишининг ёнида сукут сақлаганча, уйчан кетарди. Мўлжалдаги йўл яримлаб ҳам қолди-ки бўлалардан садо чиқмасди. Бир пайтлар боғ ўртасида қўр тўкиб ўсган, куни битиб қуриб қолгач, кесиб ташланган, эндиликда эса кундасигина қолган ёнғоққа ҳам етиб келдик. Бобом ҳар гал унга ўтириб нафас ростлар, бошқа ҳамроҳ бўлмаса менга бирор ривоят айтиб берар ёки қариндошлар тўғрисида сўраб-суриштирар эди. Ҳозир ҳам одатини тарк этмади. Меҳмон майсага чордона қурди. Мен тик оёқда қолиб уларни эътибор билан кузатдим. Меҳмонда дастлабки ўктамликдан асар ҳам қолмаган, бобомнинг ҳам хаёли паришон, бунинг устига аҳён-аҳёнда уф тортиб хўрсиниб қўяди.
Қанча вақт “нафас ростлангани”ни билмайман, бироқ оёқларим оғриб кетганидан билдимки бу ҳол анча давом этди. Хайрият-ки отам келиб қолиб, яна супага қайтдик. Ниманидир унутган экан, олиб кетгани келибди. Меҳмон отам билан катта йўлгача чиқиб оладиган бўлди. Бобом билан хайирлашар экан, энди иккови ҳам ўзини тутиб ўтирмай ростакамига йиғлаб юборишди. Уларнинг алланима деб ғўлдирашидан меҳмонимиз бобомга “рози бўлинг”, деётганини тушуна олдим холос…
Ўша куни бобом деярли кун давомида жойнамозидан қимирламади. Тушликка қайрилиб ҳам қарамади. Саволларимизга ҳам жавоб бермади. Негадир келиб кетган меҳмонни ичимда роса сўкдим. Ҳа-ҳа, айнан сўкдим. Қариндош бўлганига ҳам қараб ўтирмадим. Касофат. Бобомни нега бу куйга солиб кетди-я? Қолаверса, у ярамас қандай меҳмон-ки, тайинли суҳбат ҳам бўлмади. Иккови бир-бирига тиклаб-тиклаб нимани гаплашишди ўзи?
Бечора бобомнинг ўтиришини кўрганингизда эди. Кўзлари юмуқ, жойнамозда чўк тушиб тасбеҳ ўгирар, гоҳида кўзларини очиб бир нуқтага тикилгунча ўзидан-ўзи пичирлаб, ким биландир гаплашар, яна кўзини юмиб олар ва юмилган кўзларидан сизиб келган ёш соқолини намларди…
“Товба роса ғалати кун бўлди-ку”, деб ўйлардим. “Келган меҳмон билан бобом боғдаям гаплашмади. Олма узиш хаёлларига ҳам келмади. Нималар бўлаяпти ўзи…”
* * *
Адашмасам икки-уч кундан сўнг ўша қариндошимиз оламдан ўтгани ҳақида хабар келди. Отам оғалари билан йиғилиб қаергадир кетди. Бир кундан сўнг марҳумни қишлоғимиз мозорига келтириб ерга топширишди…
* * *
Бу ўлим оиламизда энг кўп бобомга таъсир қилди. Анча вақт очилиб гаплашмади. Мен эса ривояту-ҳикоятлардан маҳрум бўлдим. Бундан жаҳлим чиққан кезларда эса ўлганига ҳам қарамай ўша қариндошни ичимда бўралаб сўкардим…
* * *
Кечки овқатдан сўнг отам бобомнинг оёқларини уқалар экан, тасалли оҳангида: – Дада оллонинг иродаси экан. Ўлим барчамизнинг бошимизда бор. Ўтиниб сўрайман, ўзингизни бунчалик сиқманг. Саломатлигингизга путур етказиб қўясиз, – деди.
Бобом маъқул ишорасида бош ирғади.
– Ўзи нима бўлган экан? – деб сўради сўнгра.
– Инсульт бўлибди. Миясига қон қуйилган, – жавоб қилди дадам.
– Сабаби нима экан?
– Ўша куни туғилган кунлари экан. Юбилей қиламан деб ресторандан икки юз кишилик жойни буюртма қилибди. Меҳмонлар Соат 11 га айтилган экан. Соат икки бўлса-да ўн чоғли одамдан бошқа ҳеч ким келмабди. Асаби бузилганини ҳам ҳеч ким эслолмади. Кайфиятини бузмай келганларни ичкарига таклиф қилиб, хуш-хандон суҳбат қилиб ўтирибди. Тўғриси озгина ичкилик ҳам ичган экан. (Бобом афсус билан бош чайқаб, қовоғини солиб олди). Иккинчи овқат сузилганда бир шогирди кириб келибди. Устозини тик оёқда табриклаб, ўтиришга ҳам овқатга ҳам унамай, ҳой-ҳойларга ҳам қарамай чиқиб кетибди-да. Раҳматли, ўша пайти ўзини ташлаб юборибди. Тез ёрдам чақириб касалхонага олиб боришса узилиб бўлган экан…
Мен энди негадир қариндошга ачиниб, сўкканим учун афсуслана бошладим …
* * *
Яратган барча дардга даъво бўлувчи шундай неъмат ато этган-ки, бу – Вақтдир. Орадан ойлар ўтиб бобомнинг ривоятларини эшитиш яна насиб қилди. Кунларнинг бирида марҳум қариндошимиз ҳақида сўрашга жазм қилиб, бобомга савол қотдим:
– Бобо, анаву қариндошимиз бор-ку, бирдан ўлиб қолган. Ўша киши ўзи ким эди? Отамдан сўрасам, у киши ҳам тайинли жавоб бера олмади.
Бобомнинг юз ифодасидаги табассум ўрнини аллақандай хайриҳоҳ, ачиниш аралаш ғамгинлик эгаллади. Бир пас сукутга кетди-да сўнг, сўз бошлади.
– У кишини Қурбон ака дейишарди. Мендан кўп кичик. Катта даданг билан тенг. Даҳбетдаги кичик холамнинг кенжа ўғли эди. Холам бечора бизнинг қишлоққа қўйилгани учун Қурбонни ҳам шу ерга қўйдик. онасининг оёқ учидан қўйишга жой қолмаган экан. Чеккага тушди, раҳматлик. Отаси урушга кетиб қайтмади. Бир укаси бўларди, авғонда қолди. Холам раҳматли омонатини бизни уйда топширди. Унда сен ҳали туғилмаган эдинг. Шўрлик Қурбоннинг тириклигини билмай оламдан ўтиб кетди.
Бунчалик чалкаш тақдирлар. Яратган бошқа бандасига кўргулик қилмасин. Холам раҳматли эри қайтмай бева бўлиб қолган бўлсаям, даҳбетдан келмай ўша уйнинг чироғини ёқиб ўтирди. Катта ўғлидан айрилгандан кейин ҳам кўчириб келаман деб роса қистовга олдик. Унамади. Қурбон бўла мактабни яхши ўқидими Москвага ўқишга кириб кетиб, ўша ёқларда юрди. Бошида яхши эди. Ҳар олти ойда келиб-кетиб турарди. Укаси авғонга кетганда бир келди. Сўраб суриштирсак ўқишни битириб ўша ёқларда ишга қолган экан. Ўшанда қайтиб кетди-да шундан хат-хабар узилди. Холам уч йилдан кейин боламдан айрилдим деб дод солиб йиғлаганда излаштирдик. Тула деган шаҳарга бориб изини йўқотдик. КГБ деганлар “қидирманглар, у энди йўқ” деб, аллақандай қоғозларга қўл қўйдириб орқамизга қайтариб юборди.
Холамга Қурбон ўлган деб айтолмадик. Тополмадик, деб ерга қарадик. Бечора укаси авғонда солдатларнинг каттаси бўлиб беш-олти йил ишладиёв, минг ўлимдан омон чиқиб, уйга қайтаман деб турганда вос-вос бўлиб қолган ўз солдати отиб қўйди, деган хабар келди лекин жасади келмади. Холам бечора ётиб қолгандан кейин кўнмаганига ҳам қарамай шу ерга кўч-кўрони билан олиб келдик, уч ойга бориб-бормай оламдан ўтди.
Орадан қанча йиллар ўтиб катта даданг россияга савдо иши билан бориб гап топиб келди. Қурбон деган ўзбек билан танишиб қолибди. Катта олим экан. Ўзини даҳбетлик деганмиш. Бу гапни эшитгандан сўнг мазам қочди. Катта дадангга ўшани олдига олиб бор деб туриб олдим. Ленинградда экан. Ишхонасидан топдик. Худонинг қудратидан… (Бобом қалтироқ қўллари билан кўзларига қуйилиб келган ёшларини артиб бир пас жим қолди).
– Бўламиз бомба ясайдиган устахонанинг катталаридан биттаси экан. Милисаларнинг КГБ дегани шунча йиллардан бери ҳеч ким билан учрашишга рухсат бермаган. Энди бир оз бўшроқ қўйиб турган вақтига келиб биз топиб олибмиз-да. Мени кўриб роса йиғлади. Ўша куни уйига бордик. Бир рус аялга уйланган, Тимофей деган ўғлиям бор экан-у германияга кўчиб кетган дедими-ей. Хуллас чол-кампир ўзлари қаровсиз қолган экан-да.
Икки-уч кун меҳмон бўлиб қайтдик. Хат ёзишиб турдик. Мустақиллик бўлиб кетгандан кейин, Қурбон бўлани ишдан бўшатганми ё ўзи бўшаганми ҳайтовур келиб қолди. Кампири келишга кўнмапти. Ўғлиям.
Барибир олим одам ерда қолармиди?
Ўзимизникилар дарров иш берди. Бир йил ишлаб-ишламай қандайдир институтга директор бўлди. Узоққа бориб ўтирмай котибасига уйланди. Бироқ уям бизни миллатдан эмасди. Тошкент бир қадам бўлиб қолгандан кейин унинг рўзғори билан танишиб ихлосим қайтди. Ҳалиги дом деган катта уйда икки хонали уйча олиб олган. Гиламнику қўя тур, тўшагулик нарсанинг ўзи йўқ. Уй ичида ҳам шипак кийиб юради. Диванда ўтиради. Шунда ухлайди. Хуллас эрта-индин кетадиган мусофирдай яшар экан бечора. Маконига борган меҳмон ётиб қололмайди, аҳмоқгарчиликни қара-ки, ҳожатхонаси ҳам шу икки каталакнинг ичида. Камига битта лайча ит ўзлари билан бирга овқатланиб ўтиради…
Холам бечоранинг шу номаъқулчиликларни кўрмай ўлиб кетгани ҳам яхши бўлган экан!
Қариндош-уруғлар билан йиғилиб ўртага олдик. “Ҳой Қурбон, бу қанақаси, бирорта тўй маракага чиқмас экансан. Ҳеч ким билан борди-келдиси йўқ деб эшитаяпмиз. Рўзғорингни мундай эпақага келтириб ол. Ўзбекчиликка тўғри келмайди, ахир”, дедик.
– Ўртоқлар сизларга нотўғри маълумот етказибди. Ўзимга яраша борди келди қиладиганларим бор. Тўй масаласига келсак, биласизлар Тошкентда ярим кечаси ошга боришади. Уйқуни ҳаром қилиб шу бир чўқим ош учун овора бўлиш шартми? Бир кўрганда табриклаб қўйсак бўлди-да. Рўзғор масаласида иложим йўқ. Менинг кўрганим ҳам кўникканим ҳам шу, – деб бизга гап бермади.
Ўшандан кейин унинг уйига боришни йиғиштирдим. Товба, одам ҳам шунчалик ўрислашиб кетармикан-а, лоақал онасининг бошига йилда бир келмасди. Бироқ, худога шукур-ки инсофга келди. Инсофга келишиям қизиқ бўлдида ўзиям. Раҳматлининг ўзи айтиб берган эди.
Олтмишга кириб, пенсия ёшига етгач, ишни қўймоқчи бўлибди. Катталарига “шундай-шундай, пенсияга чиқаман”, деса кўнишмабди. “Ўрнингизга одам топилгунча ишлаб туринг, топилиши билан жавоб берамиз”, деб кўришибди. Лекин, Қурбон бўлаям тутган жойидан кесарди. Каттасига “гап тамом, мана ариза”, дебди-ю чиқибди, кетибди. Эртасига ишга чиқмабди, индинига туғилган куни экан. Қаердадир дастурхон тузаб меҳмонларни кутибди. Болдизи[1] билан бир ўрис улфатидан бошқа ҳеч ким келмабди. Ўшандаям давленияси ошиб балинсага тушган экан. Худо имонини бергур тўғри касалхонадан чиқиб каттасининг олдига бориб аризасини қайтариб олиб, қайтадан туғилган кун қилган, касофатчиликни қараки ҳеч нарсани билмагандай ҳамма шогирдларию ҳамкасблари қучоқ-қучоқ совға билан келган экан.
Худди ўтган сафаргудек, “Эшон бобо, меҳмон оласизми”, деб кириб келиб роса дардини дастурхон қилган эди.
– Мени худо уриб қўйибди. Кимлигимни унутиб қўйибман. Дарахт ҳар қанча ширин мева бергани билан томири сувдан узилса қуриб қолишини ҳисобга олмабман. Шу аҳволда кимман? Қайси юз билан ўзбекман дея оламан-а, – деб йиғлаб юборганди.
– Ҳалиям кеч эмас Қурбон ака. Ҳеч бўлмаса энди эсингизни йиғинг. Ўғлингизни чақириб олинг. Ёки неварангизни. Бир ҳовли солиб кўчинг анаву қафасдан. Удумларга эътиборлироқ бўлинг, – деб тасалли бердик.
– Яқинда етмиш ёшига тўламан. Ўшанда менам элга ош бераман. Айтганларингизни қиламан, шояд одамлар амалдорлигим учунмас, одамгарчилигим учун йўқлаб келишса, – деганди раҳматлик.
Охирги келишида туғилган кунидан уч кун олдин келган эди. Эсингда бўлса сенга таништирган эдим. Бечоранинг авзойи ўзгариб келганди, билдимки, ишдан бўшаган, билдимки, етмиш ёшга тайёргарлик кўраяпти…
Кўзларида ҳадик бор эди…
* * *
Арафа куни отам билан мозор бошига бордик. Оиламиз хилхонаси олдида чўкиб, отам тиловат қилди. Қабрларни қоплаб олиб қовжираб қолган хас-хашакларни тозалаган бўлдик. Мана бу отамнинг онасининг қабри, гўри нурга тўлсин илоҳим, яқинда оламдан ўтди. Ундан тепада катта бобомизнинг қабри. Қўйилганига ҳам юз йилдан ошгандир. Отамнинг битта акаси, яна учта аммасининг, бобомнинг онаси ва кичик холасининг қабри. Биз уларнинг ҳар бирининг бошига бир тупдан кўчат экдик. Шундан сўнг ортимизга қайтдик.
Мозор дарвозасидан чиқиб машинага ўтиришга чоғланаётган вақтимизда катта дадам “эҳ”, деди.
– Ҳа тинчликми ака? – деди бундан ажабланган дадам.
– Қурбон бўланинг бошига бормабмиз-ку? – дея ўз ҳатти-ҳаракатини изоҳлади катта дадам.
Гап-сўзсиз ортимизга қайтдик. Ажабо, у кишининг қабри негадир бизнинг хилхонамизда эмас, қабристоннинг бир четида – ёлғиз қабр бўлиб тушган экан. Дўмпайиб ўсган туяқоринлар қабр олдигача боришга имкон бермади. Катта дадам отамга ўтирамиз ишорасини қилиб, биринчи бўлиб ўзи чўкди-да тиловат қилди. Фотиҳа қилиб ортга қайтдик.
* * *
Уйга қайтгач, бобомнинг Қурбон бўла ҳақида айтган узуқ-юлуқ ҳикоясидан тузук-қуруқ тасаввурга эга бўлмаганимни англаб етдим. Нега одамлар у кишини ёмон кўрган? Нега ҳамма у кишини мажбурият юзасидан йўқлаган? Ўз даврининг қурбони бўлган, тирик бўла туриб яқинларидан айрилган бир бечорада нима гуноҳ? Ахир у киши ҳеч кимга ёмонлик қилмаган экан-ку!
Мен шу саволларни отамга бердим.
– Ҳеч кимга ёмонлик қилмайман деган одамдан қўрқиш керак! Негаки, кимгадир ёмонлик қилмаслик учун яна кимгадир яхшилик ҳам қилмайди.
Отамнинг жавоби шу бўлди.
_____________
[1] Болдиз – қайинсингил.