Чекиш ҳақида ёзган танқидий мақолаларим бирин кетин республика матбуотида эълон қилиндию, анча мунча шов-шувга сабаб бўлди. Чекмайдиган аёллар фақатгина қишлоқларда учраши ҳақидаги мақолада айтилган гаплар муҳаррирга ёқиб тушди. У мени ажойиб мақола ёзганим билан табриклар экан: “Хоҳласангиз бизга ишга келинг, таҳририятимизга сиздай моҳиятни тез илғайдиган ижодкорлар керак”, дея мени ишга ҳам таклиф қилди. Омадни қаранг, гарчанд талаба бўлсам-да, таҳририятга ярим кунлик ишга ҳам ўтиб олдим.
Тез орада баҳор келдию бир оз бўлсада ҳордиқ чиқариш учун қишлоқга ғизилладим. Оёғимда қўқонда тикилган, сифати эмас кўриниши италяникидан асло қолишмайдиган, тумшуғи ғишт каби тўрт бурчак туфли, эгнимда эса энамнинг табири билан айтганда, бодиларга (шевада олифта маъносини беради) хос либос. Ҳовлимизга етиб келишим билан биринчи бўлиб қарши олган энам бўлди.
– Вой, энанг айлансин ўзингми, бунча озиб кетдинг, – дея қулоғимга майин эшитилаётган қишлоқ шевасида алқай-алқай қучоғига олди.
– Бу талаба дегани қуруқ сув билан ҳово ейдими, нима бало уриб бунча озиб кетдинг, ке чиқ буёққа, – Чорпояга таклиф қилди у киши. Нон-чой, ҳол–аҳвол сўрашувдан кейин гап ёзган мақолаларимга келиб тўхтаган эди ҳамки, энам танқидни бошлаб қолди.
– Менга қара ўғлим қип-қизил ёлғончи бўпсанми дейман.
Энамнинг бирданига ҳужумга ўтганига ҳайрон бўлиб:
– И эна, нега ундай дейсиз, – дедим ўсмоқчилаб. Энамнинг қоши чимирилди.
– Нега ундай дейсизмиш. Аканг ёзганингни ўқиб берди. Шаҳарлик қизлар чекади, қишлоқдагилар чекмайди дебсан, шуми тўғри гапинг?
Энди мен қизишдим.
– Бунинг нимаси нотўғри, қишлоқда ҳеч қайси аёлнинг сигарет чекканини билмайман, ё сиз биласизми?
– Биламан, – энам овозини бир поғона баланд кўтарди, – биламан, қишлоғингни хотинлари сигарет чеколмайди, некин нос ҳам чекишга кирмайдими?
– Киради!
– Ундай бўлса улар ҳам кашанда экан, нега дейсанми, нос чекади.
Энамнинг бу гапларидан сўнг ўйнаб ўтирган шари ёрилиб қолган бола ҳолига тушдим. Энам эса ёлғончи эканлигимни исботлаганидан хурсанд бўлди. Энамнинг бу тариқа мот қилишини сира кутмагандим.
– Йўғ-е-е…
– Нима йўғ-е-е, мани битта ўзингни уйингни мисол қилиб кўр,– астойдил куйиб-пишиб тушинтира бошлади энам, – опанг чекади, анаву эрдан қайтган аммангку носнинг уйини куйдиради, ҳа энди уни тушинса бўлади, аламидан чекади. Менику қўявер. Ҳамманинг оғзи тупроқ билан тўлса меники нос билан тўлади…
Бу гапларни эшитиб минг-минг муштарийлар олдида ғирт ёлғон сўзлаганимдан виждоним қийналиб кетди. Шаҳарга қайтсам ўша мақоламга раддия ёзиб, хатойимни тузатишни кўнглимга тугдим. Энамдан эса кашандаликнинг шарқона турига қачон ўрганганлигини сўрадим.
– Эна.
– Ҳа болам.
– Нос чекишни қандай ўргангансиз?
– Бобонг ўргатган.
– Ие қанақасига?
– Ҳали чилт янги келинчак пайтим тишим оғриб қолди, ана шунда бобонг қишлоқнинг нарги бошида турадиган мол докторнинг олдига олиб борди.
Шу ерда, – Товба нега мол докторга олиб борди, – дея энамнинг гапини бўлдим.
Гапини бўлганим учун хушламай бир қарадию эшитсанг биласан дегандай давом этди: – Қишлоқда одам докторни қаердан топасан. Ўшанда бобонг, – Молга қарайдими, одамгами, серавно доктор, давлат ўқитиб устига оқ халат кийдириб қўйган, қолаверса, тиш молдаям одамдаям бор, юр кеттик, – деб оборди.
Бобонг тўғри айтган экан мол доктор бўлсаям, одамнинг ҳам касалини биларкан. Тишларимга қароб-қараб дори ёзиб берди. Ўзида йўқ экан, шаҳардан олиб келинглар деди. Бундон бобонгнинг ачиғи чиқди, – Шаҳарга борадиган бўлсам сенинг олдинга келиб нима қилдим, битта тишни даволаёлмаяпсан суфе сенга, – деб докторга бақириб берди.
Бечора доктор, – Шермат ака мендан бекорга хафа бўлаяпсиз, мен мол докторман, – деб ўзини оқламоқчи бўлди.
Бобонг баттар тутади, – Нима молда тиш йўқми, гапни опқочма сен ўзи билмас экансан, битта хотиннинг тиши бўлса ўзимам даволаб оламан, – деб докторга жаҳл қилиб мени етаклаб уйга обкеб қўйди.
Энам ҳикоясини тўхтатиб бир пас жим қолди. Менда бесабирлик устунлик қилиб, – Кейинчи, – дея у кишини давом этишга ундадим. Энам гапни қисқароқ қилди, – Ўша пайти ма буни чек деб нос берди. Чеккандим тишим қўйиб қолди, ана шундан бери чекишга ўрганиб қолдим.
– Бобом индамадими, гапни аниқлаштириш учун яна луқма ташладим.
– Урганиб қолганимни билиб, яна чексанг қўйиб юбораман, – деб қўрқитти. Қўйиб юборишидан қўрқиб ўн йил яшириб чекдим. Охири буниям билиб қолди, бир икки бақир-чақир қилдию кўникиб кетти. Ўша пайтларда бобонгнинг носидан ўзига билдирмай ўғрилаб чекардим, энди дангал бўлишиб чекамиз.
Энамга кашандалиги учун дакки бериб турганимда, дарвоза томондан шарпа саси эшитилди. Ўгирилиб қарадим, бобом экан.
– Ҳой чол, қаёққа йўқолдингиз мана бу мени еб қўйди, нега нос чекасан деб.
Бобом мен билан кўришар экан, ҳазиломуз ўзини оқлаган бўлди.
– Мамадиёрни кампири билан яраштириб қўйдим.
Аёл зоти азалдан гап деса ўзини томдан ташлайди. Бу яраштириб қўйиш энамнинг эътиборини тортди.
– Ҳа айтгандай, ўзи нима бўлган экан?
– Кампири билан носга талашиб уришиб қопти, – кулганича сўзини давом этдирди бобом, –Ўзинг биласан, носнинг хумори ёмон бўлади…
– Ҳе ёмон бўлмай ўлсин, яна носми, – бобомнинг гапини зарда билан бўлди энам. – Кадингизди олинг сабилнинг хумори тутди…