Абдуҳамид Мухторов. Атайлаб йиқитишди (ҳажвия)

Мана, мактабни ҳам битирдик. Сўнги қўнғироқ чалиб, у билан хайрлашдик. Битириш имтиҳонларидан қоқиниб-суриниб “йигит баҳоси” билан ўтдик. Хўш, энди нима қиламиз? Яшанг, жуда тўғри топдингиз. Ўта оласизми, дейсизми? Шу ҳам гап бўлдию! Эътиборингиз учун менинг билимим “ғовлаб” кетган, адабиётни қалпоқ қилиб юбораман. Бу менга дадамдан юққан ва ўзгаришсиз қолган. Дадам адабиётга жуда ўч, ҳеч уйқуси келмаса китоб ўқийди. Қарабсизки, орадан беш минут ўтар-ўтмас… Тугатиб қўядими, дейсизми? Йўғ-е, худо сақласин, ухлаб қолади. Ажойиб-а? Шунинг учун дадамнинг адабиётга ихлоси жуда баланд. “Ўғлим, китоб бор жойда уйқу дорига ҳожат йўқ, уни қадрла”, дейди дадам. Дадам жуда кўп шеърлар ўқиган, ҳатто биттасини ёд ҳам олган. Мана ўша шеър:

Бўталоғим яйрайди,
Янтоқ берсам чайнайди.
Ям-яшил ўтлоқларда,
Шаталоқ отиб ўйнайди.

Роман ҳам ўқиганми деяпсизми? Эҳ-ҳе, бир йўла иккита роман ўқиган! Биринчи романни 4 йилда ўқиган, иккинчи романни эса, тўрт йил ўқиб тажрибаси ошиб қолгани учун бор-йўғи икки йилда ўқиб чиққан. Қойилман дейсизми? Ҳа, албатта, бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди! Кейинги вақтда ўқиган шеърлари ва романлари таъсирида дадамнинг ўзи ҳам шеър ёзиб қўяяпти. Шеърларида ғиж–ғиж маъно ётади. Келинг, ўзингиз бир ўқинг.

Ҳўкиз билан одам сузишса,
Кучуклар ҳам давлат тузишса,
Товуқлар ҳам биздек кулишса,
Юрак ёрилиб ўлишинг аниқ.

Ҳайвонлар ҳам бизга гапирса,
Туя эмас, товуқ тупурса,
Тошбақалар чопиб югурса,
Юрак ёрилиб ўлишинг аниқ.

Мен башорат қиламан халқим,
Ҳеч бундайин бўлмайди замон,
Шундай бўлса қачонки ҳамон,
Инфаркт бўласан, қолмайсан омон.

Бизнинг туямиз ҳам бор. Дадам бу шеърни менга туянинг олдида ўқиб берганди. Шеърнинг таъсириданми ё ундаги маъноданми, туямиз дадамга раҳмат айтаман деб тупуриб юборса бўладими. Қаранг, ҳатто бу шеър туяга ҳам ҳаяжон бера олдия.

Шеъри газетада чиққанми дейсизми? Йўқ, шеъриятдан бехабар нодонлар буни шеър эмас, аҳмоқона гаплар дейди. Лекин биз унга парво қилмаймиз, барча буюк одамларни ўз замонасида қадрига етмайди. Тўғрими? Яшанг! Хуллас, адабиёт жиҳатидан ота томонидан етишган одаммиз. Сездим, дейсизми? Яшанг! Тарихдан қалайсиз дейсизми! Тарих мен учун “капейка”. Тарих бўйича катта энамдан ўрнак олсангиз арзийди. Масалан, Эшмат неча йил бурун ўлди, Тошмат қачон уйланди, Ҳалимани кимнинг ити тишлаб олди. Хуллас, қишлоғимиз ғийбатини, йўғ-е, тарихини сув қилиб юборган! Лекин баъзи ҳасадчилар катта энамни кўриша олмайди, ғийбатчи дейишади. Энамнинг тарихчи эканлигидан бехабар-да. Мана қаранг, уруғимизда тарихчи ҳам бор экан. Бундан ўйланмасак ҳам бўлади. Темур ким дейсизми? У машҳур вазир бўлган. “Куч вазирликда” деган шиори ҳам бор. Тарихдан “жуда кучли” экансиз, дейсизми? Ҳа, энди баҳоли қудрат биламиз. Мен жуда зийрак боламан-да. Ҳозир чет тилидан қалайсиз, демоқчисиз?! Лағмон қилиб юбораман. Мана, масалан, сиз билан Европа тилидан бири билан саломлашаман. “Бунжу”, топингчи, бу қайси тил саломи? Француз дейсизми, қойил! Демак, француз тилини ҳам билар эканман! Омад тилайман, дейсизми? Раҳмат-раҳмат, ўқишга ўтиб кетсам, битта “оқ шайтон” мендан. Бошни-бошга қўйиб бир ўтиришамиз. Хайр…

Ие, ассалому алайкум, эсон-омон юрибсизми? Бола-чақа чопиб юрибдими? Раҳмат, раҳмат, яхши-яхши. Ўтдингизми дейсизми? Йўқ, улар мени кўролмади, атайлаб йиқитишди. Фалокат босиб ўтиб кетсам, кўп домлалар “инфарк” бўлишини билди. Тест деган нарсани ўйлаб топишибди. Қийин экан, тиш ўтмади. Билгандим, дейсизми? Авлиё экансиз. Энди нима бўлади? Қолганига худо пошшо энди, уйланаман. Бош омон бўлса, келаси йил…