Абдуҳамид Мухторов. Думли одам (ҳикоя)

Ҳаммаси ярим тунда – мен исмини тутмай устоз деб атовчи Маҳмуд аканинг тап тортмай қилган телефон қўнғироғидан бошланди. “Э-э-э каттабовожон бормисиз, мундай бир кўринайинам демайсиз, излайвериб ичимиз куйиб, соғинчдан ичикиб ҳам кетди-ку”, деди Маҳмуд ака.

Бу соғинч “бир ҳанги ҳанграр муддат”чалигини билиб турсам ҳам катта амалдордан бундай лутфни эшитиб ширин уйқунинг белига тепганига ҳам қарамасдан қорнимни қувончга ўхшаш нимадир ялаб ўтди.

“Бу иш дегани тугайдими? Тугамайди-да.Тирик жон бор, иш бор. Бу ёқда янгангиз “шу ишингизни дастидан, энажонимни кўрмаганимгаям уч кун бўлиб кетдиии”, деб йиғламсирайди. Хўўш, биламан, ишингиз кўўп. Асабларингиз ҳам чарчаб кетган. Шунинг учун Сизни тоғларга биир айлантириб келай, деб телефон қилаяпмиз. Биз учун вақт топарсиз энди? Бу ёқда янгангизам “чақирсангиз шу шогирдингизни чақиринг бошқаси керакмас”, деб турибди…

Шу тариқа шаҳрга қуёш назар солиб улгурмай биз йўлга чиқдик. Маромига етмаган уйқу кўзларни қисиб вужуддан чиқишни истамаётгани учун чалғиш мақсадида устоздан кутаётган мезбон ҳақида сўрадим.

– Ааа, – бепарво қўл силтади Устоз. – Шу чечангиздинг иккинчи энасига иярчан[1] ўзинимас, аввалги эрининг қизи, қисқа қилиб айтганда ўгай қайннани ўгай қизи – гўёки бизга болдиз бўлган синглиси бор. Бечора “ўқийман”, деб совчиларни қайтаравериб ўтириб қолганди. Икки йил олдин шу томондан аёли аваря бўлиб ўлган бир одамдан совчи чиқиб, хуллас, ўзлари маъқуллашиб битишган. Ўтган йили ўғилли бўлди. Чол ҳали бақуват экан десак, чолмас энди қирқ бешга кирган ўзимиз билан нари-бери йигит экан. (Устоз элликга бориб-бормаган эди). Ўзи борди-келдиям йўқ унча. Бир келишган бизникига. Тузукроқ меҳмонам бўлишмаган. Бир-икки соат зўрға ўтириб кетганов. Яқинда божа қайнатага қаттиқ ўпка қилибди. Бу ёқда бу йиғлайди, денг. Бор-е, тоғлик авомларни бир кўрсак-кўрайлик, деб кетиб бораяпмизда сиз билан каттабовожон.

Менинг янаям аниқроқ суриштиргим келди.

– Нима иш қилар экан божангиз, бу ёқлар менга аслида тоға юрт.

Устоз елка қисди.

– Чорт знает касбини. Бугун ўзи чорвоққа бориб маза қилиб дам оламан деб тургандим. Манаву хоним режани бузди. Чўпонми, ўтинчими, тоштарошми бир балодир-да. Нима ишимиз бор.

Анаву Сойиб Хўжаев айтадику, “энг муҳими дўхтрда испирт бўлади”, деб. Шундайин тоғда нима зўр? Гўшт зўр, аниқса, ширбоз бўлса борми, уни устига тозасидан қуйса… Нима бўлсаям божа зиқна бўлмасин. Йўқса, қайтишда янгангизни отиб қўйишим мумкин. Кимсан катта журналист, шоир (шу жойи муболаға эди), ёзувчи, публицист бўлсам. Сизам, – устоз менга бир қараб олиб озгина ўйланиб давом этди, – мендан каммассиз. Уларга шеърлардан ўқиб, латифалар айтиб майшатни қилиб келамизда энди.

– Мен шеър ёзмайман, сизам ёзмайсиз. Кимни шеърини ўқиймиз?

– Албатта ўзимизнинг шеъримизни ўқиймиз-да, – менга қараб муғомбирлик билан кўз қисди устоз. – Эсингизда борми ўзи бирорта шеър?

Елка қисдим.

– Хотирам сизчаликмас-да. Насрни яхши кўраман.

Устоз бош чайқади.

– Шу ишингиз чаккида, ёқмасаям бир-иккита шеър ёдлаб қўявериш керак. Мана бунақа тоштарош омиларни оғзингизга қаратиб ўқиб туришга керак бўлади.

Ҳиринглашдик, янгаям қўшилди…

*          *          *

Май ойи бошланган. Борлиқ ниҳоятда гўзал. Манзилга яқинлашган сари пурвиқор тоғлар улканлаша бошлади. Кайфиятим кўтарилиб кетди. Одатда тоғ деганда кўз олдимизга ваҳший қоялару тўрт томони тошлар билан тўлиб-тошган бир маскан келади. Бироқ бу ер яшил эди, ям-яшил. Бундан вужудга роҳатбахш қувват кириб, кўнгилда фараҳбахш ҳисларни жунбушга келтириб, ширин хотиралар уйғонарди.

– Каттабовожон, ҳўв каттабовожон.

Устознинг гапидан диққатим жамланди.

– Ўгай божаникига бораман деб ўлиб кетмайлик, тағин. Машинанинг ичида юринг-ей, – деди у. – Қарасам, рулниям ўз ҳолига ташлаб, ташқарига сайрга чиқиб кетаяпсиз-ку.

– Узр Устоз, – дедим ҳижолат тортиб. – Табиат барибир руҳиятга яқинда, ростдан улоқиб кетибман.

– Сизни-ку амаллаб қайтариб келдик, лекин янгангиз ҳали-бери қайтмайди-ёв.

Устознинг шу гапидан сўнг янгани рўпарамдаги кўзгудан бирров кузатдим. Шунчалик хаёлга ғарқ бўлган-ки, ҳатто бизнинг гапимизни эшитганиям йўқ. Устоз орқасига ўгирилиб “Онаси сиз шу ердами, ўзи”, дея масхара қилди.

Жавоб бўлмади. Янга ростдан машина ичида эмасди, гўё.

*          *          *

На дарвоза, на девор бўлмаган бу қишлоқда тоғни қиялаб қурилган уйлар улкан зиналарни эслатар, бировнинг томи бошқага ҳовли вазифасини ўтар. Уйидан ташқарига чиққан жонга камида етти қўшнининг нигоҳи тушарди. Туркиядами, доғистондами шундай уйлар борлигини телевизорда кўрсатишган, яна шоир Азим Суюннинг қишлоғи Накуртда ҳам эски уйлар шу тариқа қурилганини кўрган эдим.

Салом-аликдан сўнг аёллар уй ичига йўл олиб бизни катта ёнғоқ тагидаги тош супага таклиф этишди. Бироқ Маҳмуд ака супага чиқмади, тиржайиб менга гап отган бўлди.

– Маҳмудга нима бўлди деса, ўгай божаси ёнғоқ тагига ўтқазгани учун жинлаб қолди дейсиз-да энди.

Уй эгаси қизариб кетди.

– Узр-а божа, – деди сўнгра бир менга бир унга аланглаб. – Бу ерда бир пиёла чой ичиб кейин Милтиқбойнинг ҳаётига (улар тоғда барпо қилинган боғ-роғни шундай атаркан) чиқиб кетамиз…

– Э-э-э, божа Милтиқбой бўлмаса замбаракбой бўлмайдими. Бирдан ўша ёққа кетайлик, ёнғоқни тагида ўтиргандан кўра, – деди Устоз.

Уй эгаси иккиланди.

– Қандай бўларкан? Эшитганлар меҳмонни бировникига бошлаб кетибди, демасмикан. Ҳеч бўлмаса, ўтириб фотиҳа қилиб бир пиёла чой ичайлик, кейин кетаверамиз.

– Юз йилдан бери шу бир пиёла чой. Қаерда ичганни нима фарқи бор. Ёнғоқнинг тагида корбонат ангидрид ҳидлагандан агар итузум бўлсаям кислород чиқадиган ўсимлик тагида ўтирган маъқул.

Устозни ҳазиллашаяпти деб ўйлагандим, қарасам жиддий. Ҳатто қошлариям бир оз чимирилган. Бечора мезбон бутунлай “қизарди”. Қўлини кўксига қўйиб “бўлди-бўлди, ҳозир” деганча уйига кириб кетди…

*          *          *

– Ўйлаб кўрсам, бир умр атрофимда ландавур, лапашанг, ношуд, нодон, суллоҳ кимсалар ҳамроҳ бўпти. Сиздан ташқари, албатта. Мана пешонага битган божани қаранг, –  деди у Милтиқбойникига чиқар эканмиз.

Ўгирилиб ортимга боқдим. Анча орқада қолиб кетган мезбон ўғиллари билан кўтариб чиқаётган егуликнинг юки салмоғидан имилларди. Устознинг қараб турганини кўргач, қўлини зўрға кўтариб силкиб қўйди. Мен бош ирғадим, Устоз жавобан қўл силкиди.

– Ўла, – деди кейин. – Шу матоҳларни биз келганча чиқариб қўйсанг ўлармидинг. Кўряпсизми аҳволини, шўрлик тоштарош ҳам бўлмаса керак. Ҳаа, майли. Тасалли берадиган бир нарса бор лекин. Буларни кифтини келтириб бир мақтасангиз шундай эрийди-ки, роса маза қиласиз. Сизнинг бу борада тажрибангиз анча камлигини инобатга олган ҳолда барча масъулиятни ўз зиммамга оламан. Шунча йўл босиб келганга яраша майшат кўнгилдагидек бўлсин.

*          *          *

Устознинг божаси билан жўра бўлган Милтиқбой ака ўрта бўйли, мийиғида ҳамиша кулимсираб турувчи, пешонаси кенг, қўллари қаттиқ, қорамағиз киши экан. Нақ тоғ белига солинган супага жойлашдик. Муздай эпкин баданни жунжиктирар, тошдан қаланган супа ёнида суви чоғроқ ҳовузчага қуйилиб, ундан тошиб пастга бош қўйиб кетаётган булоқ бор эди. Арчазор ўрмон билан буткул қопланган тоғ қуёшни тўсган…

Дуою фотиҳадан сўнг устоз Милтиқбой ака билан шунчалик қуюқ сўрашдики, уларни илгаридан танишми,  деб ўйлаб қолдим.

Устоз ўзи айтмоқчи “ролга кираётган” эди.

– Хўўш Милтиқбой ака, яхшилаб танишиб олинг, – деди у киши менга қув нигоҳларини тикканча. – Бу азамат йигит бизнинг энг зўр шогирдлардан бири. Каласалний ёзувчи. Ўзбекдан Достоевский чиқса шу йигитдан чиқади. Айтганча, сизлар Достоевскийни билмайсизлар. Ўзбекнинг Қодирийсига ўхшаган ўриснинг ёзувчиси бўлган, ўшани айтаяпман. Ҳали кўрасиз, шу ўтиришимиз ҳам бирорта китобига ҳикоями, қиссами, романми бўлиб кириб кетади. Милтиқбойни бутун дунё танийди ўшанда. Фақат ҳажвия бўлиб кетмаса…

Кулиб юбордим. Мириқиб кулдим. Бечора мезбонларнинг юзидаги ифода шунга мажбур қилди. Улар Устозга хавотирли боқиб туришарди. Менга қўшилиб кулаётган Устоз мезбонларга қараб “қўрқманглар, сизларни мақтаб ёзади”, демагунча улар кулгуга ҳам қўшилишмади, шу тариқа танишдик…

*          *          *

Дастурхонда устига паракланган пиёз солинган жиз пайдо бўлгач, чоғиркосалар тез-тез айлана кетди. Устоз “қизишиб” олгач, ўзини алломаю замон, деган даъво билан гап бера бошлади. Гоҳида шоирлигини писанда қилиб қўйишни ҳам унутмасди. Писандалар устма-уст бўлавергач Милтиқбой аканинг илтимосига кўра рубоий ўқиди.

– Мастона йўл олдим, майхона томон,
Кўза кўтарган чол бўлди намоён.
Дедим: Худодан қўрқмайсанми, юзсиз,
Деди: ичавер, Худо меҳрибон[2].

Милтиқбой ака кўзларини юмиб, бошини сарак-сарак қилганча ингранди.

– Бу шеър кимники ака? – деди сўнг ҳолатини ўзгартирмай.

– Албатта каминаники, – деди Устоз киприк ҳам қоқмай. – Тонг саҳар туриб ёзадиган одатим бор. Ўзи аксарият буюк шоирлар тонгда ижод қилишган божа, – дея божасига юзланиб давом этди. – Тонгда сеҳр бор. Мана шу сеҳрдан улгу олган мисраларимиз Милтиқбой акани ром қилиб қўйди. Нега анграясиз, қуймайсизми? Бизда бунақа шеърлар кўп, хотиржам бўлинг тонггача етади…

– Қуй жўра, қўй. Божангнинг бундай шеърларига шуни сепиб турмасак, оташи эритиб юборади. Қуй, – деди сирли жилмайганча Милтиқбой ака.

*          *          *

Шундан сўнг мезбонлар гўёки, бутунлай тилдан қолди. Мен эса уларнинг “очилиши” қийин бўлаётганидан ҳайрон бўлардим. Устоз эсига тушган шоирнинг шеърларини ўқир, баъзиларини ўқиб бўлиб “бу шеърга Абдулла Орипов ҳам тан берган”, деб қўярди.

Кулардим, думалагудай бўлиб кулардим. Нега-ки, ўша ўқилган шеър Абдулла Ориповники бўларди-да. Шу тариқа икки соатдан мўлроқ вақт ўтди. Устма-уст айланган қадаҳлар таъсириданми мезбонларнинг ҳам кайфиятлари кўтарилди. Бир-бирларига қараб гоҳо кўз қисишиб, гоҳо имо-ишора қилишиб устозни баттар илҳомлантириб шеър тинглашди. Ажабланарлиси, улар жиддий шеърларгаям шилқиллаб кулишар, тиззаларига шапатлар, гоҳида қоринларини чангаллаб кўрпачага думалаб ҳам қолишарди.

– Ай отойи худо, ўзи келган мийможонимдан айланай, бизлар бир сағирликда катта бўп, тов билан овдан бошқасини билмаган омилар бундай шоирни кўриб жилоғимис кеп кетаяпти-ей, жилоғимис. Буйтиб-ай одамди ҳайратларга ғарқ қилиб шеър ўқийберманг-да шойр, ўзи бир соғир бола бўсам, жилойберип томоғим жиртилип кетмасин яна.

Милтиқбой аканинг бу гапи устозни минг карра илҳомлантириб дунёдаги энг зўр эртакчига айлантириб юборди. У Чингиз Айтматов, Қўйсин Қулиев, Евгений Евтушенко ҳатто Пауло Коэло билан қилган суҳбатлари ҳақида гапира кетди. Ғирт ёлғондан иборат бу гаплардан энг зўри Коэлонинг унга қўнғироқ қилгани бўлди.

– Биласизми “Алкимёгар” романи қандай дунёга келган Милтиқбойжон, – деб савол ташлади ровийимиз. – Ярим кечаси уйга телефон бўлаяпти денг. Оббо бобой кетиб қолдими дейман, деб кўнгил ғаш тортиб трубкани кўтарсам бир эркак овози “Ҳелло сэр. Бу мистер Маҳмуднинг уйими”, дейди. Ҳайрон бўлдим. “Ҳа, ким бу”, дедим. “Оооо, мистер Маҳмуд. Мен Пауламан бразилиялик ёзувчи дўстингиз. Узр, кеч бўлганда безовта қилдим. Сиздан бир маслаҳат сўрамоқчи эдим”, деди у. “Эээ, Паула қалайсан жўра, шу сўрашниям вақтини топасанда. Отам ўлиб қолдими, деб ўйлаб юрагим ёрилаёзди”, деб койиндим. “Мистер Маҳмуд анчадан бери тузукроқ бир асар ёзолганим йўқ. Мавзу топишга ёрдам қил жўра”, деди у ялиниб…

Устознинг шавқ билан сўзлашини Милтиқбой аканинг луқмаси бўлди.

– Қайси тилда гаплашдиларингиз? У сизни қаердан танийди?

Албатта бу луқма устозга ёқмади. Улуғвор бир тарзда ўзининг норози нигоҳларини Милтиқбойга ташлаб бир муддат жим қолди. Сўнг нотаниш тилда уни жеркиб ташлади.

– Let me tell you not please[3].

Унга жавоб кутиб термулган Милтиқбой ака ҳижолат бўлгандай: – Бўлди-бўлди, узр тақсир, узр, – дейишдан бошқа чораси қолмай тинглашга чоғланди.

Лекин ровийимиз:

– Кайфим ошди, чўмиламан, – деб туриб кетди.

Ечиниб ҳовузчага тушаркан сувнинг муздайлигига чидолмай бутун тоғни бошига кўтариб бақирди. Унинг ростдан кайфи ошган эди. Чўмилиб чиқишини кутдик. Милтиқбой ака “Устозжон май ойи бизда анча совуқ бўлади. Тандир кабоб пишгунча уйга кириб ухлаб чиқинг”, деганча уни нарироқдаги уйчага эргаштириб кетиб, анча вақт ўзи ҳам кўринмай кетди.

Устознинг божаси билан ёлғиз қолиб у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик. Мен ундан тоғ табиати, какликлар, бу ерликлар алқор деб атовчи ёввойи қўйлар, тоғ мумёси ҳақида сўрадим. Суҳбатимизга Милтиқбой ака келиб қўшилганча эринмасдан худди бу мавзуда докторлик диссертацияси ёқлаган олимдай батафсил жавоб берди.

– Божаниям ухлатдик, тандирниям солиб келдик, – деди ёнимизга чўкаркан Милтиқбой ака. – Устозингиз ҳам худо берган шоир экан. Бунча шеърни қаердан билса, ўзимни шеърларим дедими?

Сир бой бериб Устозни кулгуга қўйгим келмади.

–  Ким билсин ака, мен унчаям шеъриятга қизиқмайман. Лекин Устознинг шундай истеъдоди бор.

– Истеъдод ҳам гапми, санъат денг санъат, – деди мени қуватлаб Милтиқбой ака. Бундай одамларни биз томонларда санъаткор дейди, санъаткор. Санъатига қойил қолиб ўтирибмиз. Ўзиям шеър дегани булоқ бўлиб чиқаркан у кишидан.

Негадир устознинг божаси ҳижолатомуз кулимсираб қўйди.

– Миймонжон, – гапини давом эттирди Милтиқбой ака. – Энди бизлар Алпомишдан бошқасини эшитмай, шу битта дўмбирани чалиб журган оввоммис. Овулга ўзининг оёғи билан битта тирик шоир келиб қопти, келинг шу ака минан бир ижодийми абадийми, нима дейсизлар ўзи, шунақа бир учрашув ташкил қилайлик. Нима дединг жўра?

Божа тараддудланиб менга қараб олди.

– Жим ўтир-ей Милтиқ, – деди сўнгра жўрасини жеркандай. – Бир ҳазил қилса-қилибди, шунга-шунчами?

– А биздай бир бахши баччадан пеши келган бўлса бир майдон берайлик деяппанда, – деди Милтиқбой ака масхаромуз тиржайиб.

– Чекингга тушса чегирайма деган, Милтиқ, – деди божа янада ҳижолат бўлиб. Галдиратма[4]да энди.

Шу пайт бир уйқуни пишитиб чиққан устоз баланд овозда аммо завқ-шавқ билан рус тилида шеър ўқиди:

– Весна, весна, пора любви,
Как тяжко мне твое явленье,
Какое томное волненье
В моей душе, в моей крови…
Как чуждо сердцу наслажденье…
Все, что ликует и блестит,
Наводит скуку и томленье[5]

Мезбон божанинг авзойи ўзгарди, Милтиқбой акага бўлса жон кирди.

– Ай шойржанимдан ўргилай. Ўрисчаям ёзади керак бўса, – дея ирғиб ўрнидан турди. – Отам бечара бир тирик шоирни кўриб ўлсам армоним йўқ, деб ўлиб кетди. Елкангиздан бир тавоф олай.

Милтиқбой ака қўлларини кўксига қўйганча тазим қила-қила икки хатлаб устознинг олдига борди-да, унинг елкасига пешонасини ишқалаган бўлди. Кейин эса устозни қучиб:

– Вой отажаним-ей, оёқти тирап яна экки жил кутганингисда тирик шойрдиям кўраракансиз-а. Вой отажоним, менинг қучганим сиздинг қучганингиз бўлсин-да илоё, – деб йиғламсираган овозда нағма қилди.

Ухлаб анча ўзига келган, ҳийлаларини келган жойидан давом эттирмоққа қасд қилган устоз бундан яйраб кетди.

– Отпустите мне, – деди Милтиқбойга қарата саҳнадаги актёрдай қироат билан. – Что вы говорите. Что вы делайте? Конца-концов есть здес какой нибуд думи бор улфат, думи бор эркак.

Милтиқбой ака уни янада маҳкамроқ қучиб, мулозамат қилди.

– Шойржоним бу ерда сиздан ўтган думли йўқ асли. Қани ўтиринг-чи, бир кеган жайидан…

– Дааа, – деди устоз. – Мухлислардан қочиб қаергаям борардинг. Ҳатто тоғдаям тинч қўйишмайди. Майли ўтайлик бўлмаса.

Дастурхон атрофида жамландик.

– Ўзи тос[6] айтишга қаршиман, негаки бу масиҳийлар одати. Бизнинг туркийларда йўқ бу одат. Лекин гапиргим келди, – деди устоз божаси қуйиб узатган чоғирпиёлани олиши билан.

– Бир сафар Василий Шукшин билан Олтойга борганим эсимга тушиб кетди. Жуда гўзал ўлка. Туркнинг боболари бекорга макон тутмаган у ерларни. Вася ҳам бекорга катта ёзувчи бўлмади, негаки, Олтой табиати унга улги берди. Ҳамиша ўйлайман, нега боболаримиз шундай жойларни ташлаб кетган, нега?

Устоз бир лаҳза сукут сақлади. Сўнг яна ўрисча шеър ўқиди, Олтой ҳақида. Муаллифини билмадим, мезбонлар учун ўзиники бўлақолди.

– Алтайский край!
Леса, озера, реки,
Месторожденья,
Степи, целина.

Алтайский край!
Века идут и вехи,
Под солнцем южа –
Вьюжная страна[7].

Милтиқбой ака қийқириб чапак чалиб юборди. Биз ҳам жўр бўлдик. Устознинг ўз ролини маҳорат билан ижро этишига тан бериб, чин дилдан унга хайриҳох бўла бошладим.

– Келинглар азизлар, туркнинг асл ватани ва ундан бир ками бўлмаган шу тоғу-тошлар учун қадаҳ кўтарамиз.

Газакдан кейин Милтиқбой ака “ай худойжонимдан ўргилай, бир айтгим келди”, деганча кўзларини юмиб бахшиёна оҳангда “Алпомиш”дан бир парчани устознинг отига чатиштириб айтиб юборди.

– Мўйлаби шоқолаб ҳар ёнга кетган,
Ичида чичқонлар болалаб жотқон.
Изига тушган пишак, олтойда жеткан,
Шундайн улфатдир, Маҳмуджон полвон.

– Оҳо, ҳа Милтиқбой! Бораканку думи бор улфат, яшанг, яшанг, – деб шовқинлади устоз.

Милтиқбойнинг чиндан ҳам авжи келдими, ё кайф қилиб қолдими, тағин қўлидаги тиғи ўткир пичоқни дўмбира каби “чертиб” боз дўриллади:

Оёқ кериб туришинг, жукли карвон ўтгудай,
Соврингнинг кенглигига келин-куёв жотқудай,
Терингнинг жупқалиғи Хитойнинг қоғозидай,
Кўзингнинг жолтанглаши пора олган қозидай,
Жолингнинг селкиллаши беканинг канизидай,
Эркалабгина журишинг лўлининг эрка қизидай,
Чуҳҳ-эй, отамнинг Ғироти, жесанг пошшолиқ давлати…

Даврадаги мезбону меҳмон бариси бараварига “дод” деб юборди.

– Эй, устоз, – деди Милтиқбой шовқин тиниб-тинмай, – бу гапларни Авазхон отаси Гўрўғлининг яхши кўрган оти Ғиротга қараб туриб айтган. Авазхон жангга кетаётган бўлади-да…

Қодир бахши деган бир хирмондай бахши келиб айтиб кетган эди, буларни. У бахши ҳув, Деҳқонободда ўтиради.

Энди, устозжон, саводи йўқ одамлар қуйма қулоқ бўлади. Бизгаям боволардан озроқ тийгани шу. Лекин сиздай ўрисча, ўзбекча шеър ёзолмаймиз-да, думи борликдаям ўзингиздан ўтари йўқ.

– Катта бахши билан ўтирган эканмиз-ку, гал ҳам бермабмиз устоз. Милтиқбой акани бир тинглайлик бўмаса, – дедим овози бахшиёна, оҳанги ширали бўлгани учун.

Шу гапни пойлаб тургандай Милтиқбой ака тараддудлана бошлади. Бироқ устозга гапим ёқмадими мени қўлламади.

– Ўзи бизда тузукроқ қўшиқчи қолмади, – деди менга жавобан устоз. – Қолганларинингам оғзидан олдин кети қимиллайди. Бахши деганиям бир қўшиқчи-да. Мен турганда шеър тингланг каттабовожон, шеър.

Уялиб кетдим.

Ҳамроҳимдан уялдим.

Отам “меҳмондорчиликда шеригинг учун уялишдан худо асрасин”, деб дуо қилгич эди. Тушунмасдим. Ростдан ёмон бўларкан.

Милтиқбой ака ҳижолат бўлганини сездирмасликка уриниб, гап маъқуллади.

– Вўўў, – деди устозни қўллаб. – Айтдим-ку, думи бор одам шахсан ўзлари деб. Гапниям топиб айтаркансиз-да меҳмон. Топиб айтилган гап партияга аъзо қилади, деган матал журади бизлар томонда. Тарихиям бир қизиқ бунинг. Қишлоғимизда биринчи комунист бўлган бир бово бор. Мухтор Шапсанов дегич. Шу кишини партияга ўтказамиз, деб райкомга суҳбатга чақиришибди. Бовоям умри бино бўлиб ёлғон айтган бовомас. Секретар ундан “Энангиз намоз ўқийдими”, деб сўраса. “Ҳа”, деб сопти-да. “Бўмайди”, депти секретар.

Қиззиқди кўрингки, секретарнинг онаси фолбин экан.

Буни яхши билган бово “Мени энам намоз ўқиса, сизни энангиз фолбин-ку”, дебди. Гап тарқаб кетишидан қўрққан секретар бовони партияга қабул қилган экан.

Устознинг божаси безовталана бошлади.

– Милтиқ, – деди жўрасига қараб. – Меҳмонларни очқатиб қўйдик.

Милтиқбой ака нимадир эсига тушгандай унга ялт этиб қараркан ўзига-ўзи сўзлангандай минғирлади.

– Оч бола билан тўқ бола ўйнамайди, жўра билмаса сўйламайди. Бўлди-бўлди тандирни очамиз.

Мезбонлар “ҳозир-ҳозир”, деганча узоқлашишди.

– Қалай каттабовожон, боплаяпманми? – деди устоз менга қараб. – Умир бўйи чўпонликдан бошқа иш қилмаган бу анқовлар шеърларимизга эриб тандир ҳам қилибди. Қойилмисиз?

– Божангизни билмадим лекин Милтиқбой ака чатоққа ўхшайди. Биз томонларда “дашликдан ҳазим[8] бўл”, деган гап бор. Милтиқбой ака даштликларни эслатаяпти. Содда-муғомбир бўлади улар. Алпомишдан ўқиганига қараганида китоб титган кўринади-ёв, – дедим устозни ҳушёрликка чақириб.

– Айй, шулар китоб титадима? Шулар-а, қўйсангизчи. Момолари айтган ўланларни чала-чулпа билса-билар. Шоир бўлмасак ҳам буларнинг элликтасини ўқитамиз, даштликдан бошқаси бўлсаям, – катта кетди устоз.

– Мақсадимиз меҳмонлик бўлса уларники мезбонлик. Шундоғам ўзлари чақиришган, нағма шартмас-ов, – дедим.

– Сиз, –  деди устоз жаҳллангандай. – Жангга бирга киргандан кейин орқага қочманг. Ҳеч бўлмаса акопда жиим ётиб қолганини менга қўйинг. Тандир масалан каминанинг маҳорати билан ташкиллаштирилди. Боя бир-иккита куркага ҳам кўзим тушди, Милтиқбойники бўлса керак. Кечга курка қовуртирамиз, қараб туринг.

Мен “гап йўқ”, дегандай икки қўлимни кўтардим…

Мезбонлар икки катта товоқда тандир кабоб, тўртта косада сели[9]ни келтиришди. Мазаси тенгсиз эди. Бироқ устоз беписанд тамшаниб “Бойсун, Бойсун”, деб қўйгач қўққисдан савол қотди.

– Милтиқбой иним, Сиз Бойсунда бўлганмисиз?

Қўлидаги иликни роҳатланиб кемираётган Милтиқбой ака луқмасини ютмагани учун боши билан инкор маъносида ишора қилди.

– Худонинг назари тушган жойлар. Тандир кабоби бундан минг карра мазали бўлади.

Милтиқбой ака ютиниб олгач, елка қисиб қуруққина жавоб қилди.

– Айтавур қўлимиздан келгани шу. Касимимиз[10] тандирчиямас шойржон. Энди ками бўлса, айб қилманг.

Устоз кулди.

– Эээ, содда иним. Ошпаз сифатида олдингиздан мингтаси ўтиб кетаверсин. Сиз бор маҳоратингизни ишга солганингиз шундай маълумку. Сурхоннинг табиати бебаҳо. У ерда ўсган гиёҳ гўштга ўзгача там бағишлайди. Бу ерникига ўхшамаган. Лекин бу тандир кабоб билан уларникини солиштириб бўлмайди. Аммо икковиям ўзига хос. Умуман чоғир билан аралашганда тамга йўл бўлсин. Буям бир омади гапда, Милтиқбой, кўнгилга олманг яна.

– Эй, йўғ-ей, шойржон. Нега кўнгилга оламиз, жўра тандирга ёпишмай божанг минан бизга биттадан қуй, – деди бу гапга жавобан Милтиқбой. – Тандирнинг сели билан бошқача кетади…

Танаввул тугагач ўртадан устознинг талабига кўра дастурхон олиниб, фақат кийик ўти аралашган чой қолдирилди.

– Келинглар шунчаки чой ичиб ҳангома қилайлик, бу зормандадан кўпам ҳикмат йўқ ўзи, – деди устоз. – Тақдир экан, насибамиз экан болдизнинг ортидан шу жойларга келиш. Сиз билан бирга бир дастурхон атрофида ўтириш. Юзларингиз айтиб турибди, шу тоғлардан бошқасини кўрмагансизлар. Ўзи сизларга ҳавасиям келади одамнинг. Бизга ўхшаб шаҳарда биқиқ бир ҳовличаларда эмас, кенг маконда эмин-эркин яшайсиз. Энди келишиб олайлик. Узоқ йўлни яқин, вақтни қисқа қилувчи бир нарса бор. Шуни ким айтади?

– Албатта меҳмон. Сизни тинглаймиз, – деди Милтиқбой ака.

– Унда сўранг, – деди устоз керилиб.

– Шойржонлигингизни билдик, – деди Милтиқбой. – Кўрган билганингиздан, ўтган кетгандан, ай бир қиззиқ гаплардан айтинг.

– Камина минг тўққиз юз олтмиш олтининг учинчи квартали сўғинида таваллуд топган. Демак-ки, сиздан ҳам божадан ҳам анча каттаман, – ўзини батафсил яқиндан таништира бошлади устоз. – Асли дарё ортиданмиз. Насибамиз Тошкентга сочилган экан, ўзингга шукур деб, териб юрибмиз…

Устоз ўзи ҳақида анча гапирди. Айтишича Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, Жаҳон шоирлар конгиресининг ҳамраиси, Моска давлат университетини қизил диплом билан битирган иқтидор эгаси, довруғи дунёга достон шоирлар билан жўра экан.

Унданам ўтиб тушгани мени қайтадан таништиргани бўлди. Мен бешта роман ёзган, асарларим инглиз, француз, немис, испан ва бошқа тилларга тажима қилинган, ўзбек адибларининг эрта-индин нобел мукофотини қўлга олиши мумкин бўлган ёрқин истеъдодларидан бири эканман.

– Ие, ие, – дея ўрнидан ирғиб турган Милтиқбой ака энди мени қучоқлаб олди. – Сиз Сайид Аҳмаднинг шогирдима? Телевизорда бир икки кўрганмиз. “Икки эшик орасида”, деган романиниям ўқиган чиқарман-ов.

– Каттабовожон Сизга айтсам ишонмайсиз, – деди устознинг кўзи қувончдан порлаб, – Ўткир Ҳошимов ёзган романни Саид Аҳмадники деб юрганларда булар.

“Божа” яна безовталаниб қўйди. Милтиқбой ака бўлса устозга қараб бир пас анграйиб турди-да хохолаб кулиб юборди.

– Эээ, ў романни Ўткир Ҳошимов ёзганми? Адаштирибмиз, адаштирибмиз. Бир қошиқ қонимиздан ўтинг устоз, – деди кулги аралаш.

– Узр сўраманг, бизам ҳар учраган чаласаводнинг гапини юракка яқин олаверадиган анойимасмиз, – деди устоз. – Каттабовожон китобларингиздан беринг буларга. Афтидан бизни ғирт ёлғончига чиқариб майна қилаётганга ўхшайди, – деди сўнгра.

Бу гап менгаям ёқиб тушди. Божанинг ўғилларидан бирини имлаб машинанинг калитини бериб китоб олиб чиқишни илтимос қилдим. Кўп ўтмай ҳажвиялар тўпламимдан икки дона келтиришди. Битта божага, битта Милтиқбой акага дастхат ёзиб совға қилдим. Милтиқбой ака уни варақлаб кула-кула бир иккита ҳажвиямни овоз чиқариб ўқигач, назаримда менинг ростакам ёзувчи эканлигимга ишонгандай бўлди.

Улар устоздан ҳам китоб сўрашди. Тўғри устоз туғилганидан ҳозирга қадар айтган ёлғон-яшиқларни жамласа “Манас” достонидан ҳам катта китоб бўларди лекин ҳафсала қилмаган.

– Буни қаранг, биз китоб олишни ўйлаб ҳам кўрмабмиз. Майли ҳозирча шогирднинг китобини ўқиб турасизлар энди, – деб баҳона қила қолди.

– Узр-ку меҳмон, бизлар – тов одами. Гапгамас амалга ишонамиз. Мана шогирднинг китобини кўрдик, ишонмайлик десак суратиям бор экан. Сизда нима бор? Ҳеч нарса! Шунинг учун энди хафа бўлмайсиз, сиз пастга тушасиз, ёзувчи юқорига ўтади, – деб солди Милтиқбой ака.

– Тўрт томон очиқ бўлса, бу ерда тўр билан пойга бор эканми. Майли шогирд томон тўр бўлақолсин, – деб тан бергандай бўлди устоз. Кейин эса ўзининг янги фантастик романи ҳақида гапириб беришга изн сўради. Барчамиз оғзига тикилдик.

– Янги романимни тугатай деб қолдим. Воқеъалар ўзга сайёрада содир бўлади. У ёқдагилар ҳам тузилишдан ўзимизга ўхшаган. Қўл оёғи, бармоқлари бор, ранги кўк, думиям бор.

– Шайтонларми улар – деди Милтиқбой ака гапни бўлиб.

– Нега энди шайтон бўларкан, одам, – дея гапида давом этди устоз. – Сайёраси ям-яшил. Ўсимликлари ҳам ақилли. Учар диназаврларни миниб юришади. Бўйлари етти-саккиз метр келади.

– Аҳааа, девлар экан-да бўлмасам, – яна гапни бўлди Милтиқбой ака.

– Девлармас, одамлар фақат шунақа катта бўлишади, – деди устоз норози тўнғиллаб. – Гапни бўлмай эшитиб туринг энди. Хуллас ўша ерга бизни ердан космик кемада бир солдат учиб боради.

– Ие, ие. Қандай қилиб бир ярим метрлик солдат уларнинг олдига борсин. Бўмайди, уни шовул баргига ўраб еб қўйишади-ку, – тағин орага суқилди Милтиқбой ака.

– Сабр қилсангиз билиб оласиз. Озгина кутиб туринг энди, – деб жеркинди устоз. – Ҳар нарсанинг сири-синоати бор. Масалан, сиз курка боқасизми?

– Боқаман, – деди Милтиқбой ака. – Нимайди?

– Нечта куркангиз бор?

– Иккита.

– Энг каттаси нечи кило келади?

– Билмасам, ким тортиб кўрибди уни.

– Хўп, тахминан нечи кило чиқади, – деди устоз тоқатсизланиб.

Божа билан Милтиқбой ака бир-бирларига қараб олиб ғўдранишди.

– Беш кило бордир.

– Ҳаа, яшанг, – деди устознинг қув кўзлари ўйнаб. – Шу беш килолик курка тухумдан чиққанда нечи кило бўлади?

Милтиқбой ака ўйланиб жавоб қилди:

– Кило чиқмас-ов юз грамм келсаям катта гап, ахир кафтингизга жой бўлади-ку.

Устоз жонланиб кетди.

– Отангизга раҳмат! Романимда ҳам шундай бўлади. Ерлик бир олим катта кашфиёт қилади. Яъниким, космосда учиб юрган одам қовурилган курка гўштини еса ўша сайёрадаги сиз дев деётган етти-саккиз метрли одамлардай бўлиб кетишини аниқлайди. Битта но[11]си дум ҳам ўсиб чиқиши. Лекин олимлар роса ўрганиб дум космосда ҳам бошқа сайёраларда ҳам инсонга халал бермаслигини аниқлашади. Шу тариқа сиз бир ярим метр деган солдатимиз саккиз метрли улкан думли девдай бўлиб уларнинг олдига боради. Улар ҳайрон бўлишади. “Биз ерда ўзимизга ўхшаган баҳайбат мавжудотлар яшашини билмасдик. Сен ростдан ўша ёқдан келдингми”, деб сўрашади улар. Қаҳрамонимиз “ҳа”, дейди. “Онангдан шунақа туғилганмисан ёки курка еб каттариб кетганмисан”, дейишади. Қаҳрамонимиз “йўқ бўйим ерда бир ярим метр эди. Космосда курка гўштидан қовурма еявериб шундай бўлиб кетдим”, дейди. Шунда ўзга сайёраликларнинг пошшоси “қани ҳамманг тарелкаларингга миниб Милтиқбойнинг курка катагига марш қилинглар. Бизам қовурма қилиб ейлик”, деб тургандааа…

Устоз гапини тўхтатиб Милтиқбой аканинг балоғига тикилиб қаради. Мен ҳам божа ҳам Милтиқбой ака ҳам ҳайрон бўлиб у қараган ерга термулдик.

– Милтиқбой иним, балоғингиздан дум чиқиб турганга ўхшайдими. Худди силовсинникига ўхшаркан, – деди устоз қаттиқроқ термулиб.

Гумбирлаган кулги кўтарилди.

Айниқса Милтиқбой ака мириқиб кулар, балоғидан ростдан ҳам дум кўриниб қоладигандек ҳадеб тўпиғи устини силаб, “энди роман ёзган экан деб, ишонаётгандим”, деганча қаҳ-қаҳ урарди.

Устоз кулгу аралаш:

– Бу думни ўзингиздан ўстирмай, бизгаям илинингда ука, – дегач, – Бўлди, бўлди. Каллага теппаганини қаранг. Ҳозир муҳайё қиламиз, – деганча ўрнидан қўзғалди.

*          *          *

Кечки таомга курка гўштидан қовурма бўлди. Алламаҳалгача устознинг “шеърлари”дан тинглаб ўтирдик. Тонг отгач наҳорги чойни ичиб қайтишга чоғландик. Хайрлашув олдидан Милтиқбой ака устоз билан қучоқлашиб хайрлашар экан, – Биламан, думи бор одам, деб мард улфатни айтади. Гап замирида шерга ишора бўлса керак. Лекин бу дум ўлгур фақат шерда эмасда. Ҳа майли, рости кеча учрашув бошида бир оз сиқилган эдим. Кейин эса роса маза қилдим. Бунга сиз сабабсиз меҳмон. Аслида думи бор одам менамас, сиз экансиз, – деди маъноли кулимсираб. – Ҳа яна бир гап, бир пайтлар ўқиган бўсам керак-да, ўриснинг Любов Горохова деган шоираси кеча Олтой ҳақида сиз ўқиган шеърга ўхшатиб “Алтайский край! Века идут и вехи, Под солнцем юга – Вьюжная страна”, деб ёзган. Ўйлаб кўрсам ғирт чаласавод шоира эканда. Сизникига тақлид қилганми ёки ўғрилаб олганми ким билсин. Некин бир нерса аниқ. “Под солнцем юга” эмас, “Под солнцем южа” бўлайкан. Буни сиздан билдик. See you next time, goodbye[12].

Тангри тўрт қарич тил берсаю фаросатдан қисса бундан ёмони йўқ. Шу гапдан кейин ҳам Маҳмуд аканинг “кўзи очилмади”.

– Хотира чаккимаску Милтиқбой, чаккимас, – деди унга.

Тун бўйи давом этган “чоғирбазм” асорати идрокини анча хира торттирган эди. Омонлашиб йўлга тушдик. “Шоири замон” ярим йўлгача деярли мудраб келди. Шамоллаш баҳонасида юз-қўлини чайиб олгач анча тетик тортиб янгага уларни қандай лақиллатганини гапира кетди. Гап уларга шеър ўқиб берганига келганда янга ажабланиб, “қўйинг-е, Милтиқбой ака бировларнинг шеърини билмадими?”, деб қолди.

– Қаердан билсин? Қор одамдай гапда булар, шу ерда туғилиб, шу ерда чириб кетади, – деди эри яйраб.

– Вой ўлмасам, шунча ҳангама қилиб улардан нима иш қиласан деб сўрамадингизми, – деди янга. – Сиз қаердан ҳам сўрардингиз. Сизга ҳаммани оғзингизга қаратиб гапириш бўлса бўлди.

– Нимасини сўрайман? Афти айтиб турибди-ку, исмини қара, Милтиқбой эмиш. Шунақаям исм қўядими одамга. Нима иш қилиши маълум, тоғда куркасини боқиб юрса керак, – бўш келмади у.

Янга зарда қилди.

– Ким билсин, лекин синглим менга Милтиқбой акани филология фанлари номзоди, СамДУ[13]да етти йил адабиётдан дарс берган, икки йил олдин онаси ўтгандан кейин ишини ташлаб отасининг ёнига қайтиб келган, деди. Куёв ҳам адабиёт муаллими экан. Ҳозиги замонда муаллимнинг билмагани қоптими…

Устоз бор вужуди билан янгага ўгирилди.

Кейин менга қаради.

Сўнгра тўғрига тикилиб қолди-да, тўнғиллади:

– Вой онангни эмгур тоғлиг-е-е. Боя ўрисча-инглизча гапириб ётгандия. Бошоғриқниям падарига ланат, эътибор қилмабман-а.

Янга иккимиз баралла кулиб юбордик.

Қулоқларим остида Милтиқбой аканинг бир гапи жарангларди:

“…дум ўлгур фақат шерда эмасда”…

_______________

[1]Иярчан – шева. Эргашиб келган деган маънода.
[2]Умар Ҳайём рубойиси
[3] Инглиз тилида “шошилмай эшитинг, гапиришга қўйинг”, деган маънода.
[4] Шева. Лақиллатма, чалғитма маъносида.
[5] А.С.Пушкин “Весна, весна пора любви”.
[6] Тос – аслида тост, қадаҳ сўзи.
[7] Любовь Горохова шеъри.
[8] Ҳазим – шевада эҳтиёт бўл дегани
[9] Сели – тандир кабобдан ажраб чиққан хуштаъм сув.
[10] Касимимиз – шева, касбимиз маъносида.
[11] Но – рус тилида йўқ маъносини берувчи сўз. Гоҳида акси, чатоғи деган маънода ҳам қўлланилади.
[12] Яна кўришгунча омон бўлинг. Инглизча.
[13] СамДУ – Самарқанд давлат университети