Шаҳар жамоат транспорти, хусусан, автобусдан фойдаланувчилар кўп бор шундай манзарага дуч келишади:
Эрталаблари тиқилинч, пешин маҳали одам сийрак автобусда бошланғич синф ўқувчилари ёнига яқинлашган чиптачи ундан:
— Пулинг борми? — деб сўрайди.
— Йўқ, — дейди бола.
— Унда туш. Нима, автобус санга катта холангнинг уйими?..
Автобус тўхтаб, жовдираб турган “қоракўз”ларни аро йўлда қолдириб кетворган пайтлари бўлган.
Ёки бошқа бир ҳолат.
Аксарият нафақахўрлар чиптачига пенсия гувоҳномасини кўрсатиб йўлкира учун камроқ тўламоқчи бўладилар.
— Нега юз сўм берасиз? Ман сизга тиланчиманми? Манда план бор, 300 сўм тўланг, — дейди чиптачи.
— Ман пенсионерман. Ярмини тўласам бўлмайдими?
— Бўлмайди. Пенсионерлар ҳам юз фоиз тўлайдилар. Ана, эшикдаги эълонда ёзиб қўйилган. Давай, тўланг тезроқ. Бўлмаса, тушинг автобусдан…
Бундай нохуш манзарага гувоҳ бўлиш кайфиятни бузади. Аммо ҳар ким ўзича фикр билдиради. Баъзилар индамайди, айрим кишилар суҳбатга қўшилади. Кимдир чиптачини оқласа, яна кимдир йўловчиларнинг ёнини олади. Хуллас, ҳақ-ҳуқуқлар борасидаги бундай даҳанаки тўқнашув эрталаб манзилига йўл олган ёки ўқишдан, ишдан қайтаётган йўловчиларнинг асабига тегади.
Тўғри, етти ёшдан ошганлар ва нафақахўрлар йўлкира ҳақини тўлиқ тўлашлари керак. Бусиз кунлик режани бажариб бўлмайди. Лекин уч-тўрт нафар бошланғич синф ўқувчилари берган йўлкира билан чиптачининг режаси бажарилиб қолармиди? Энг хунуги, автобус бўш бўлса-да, ёш болакайларни ярим йўлда тушириб кетишади. “Пулим йўқ”, дея зорланаётган қизалоқнинг ёнида балки ростдан ҳам пули йўқдир. Ақлини таниб-танимаган гўдакка бундай қўпол муносабатни кўриб ранжийсиз. Бу нарса боланинг кўнглини ўқишдан совутиб юбориши мумкин. Камида отаси, онаси тенги етти ёт бегона кишидан дакки еб, автобусдан тушиб қолган болакайларнинг саросимадаги нигоҳини кузатиш қанчалар оғир эканлигини жамоат транспортидан фойдаланувчилар яхши билишади.
Нафақат болалар, гоҳида катта ёшдаги кишиларда ҳам пул бўлмай қолиши мумкин. Дейлик, паришонхотирлик билан уйдан пул олмасдан чиқиши ёки бозордаги сарф-харажатларнинг ҳамён билан учма-уч келиши.
Ўзим кўп марта гувоҳи бўлганман. “Пулим йўқ. Келаси сафар тўларман…” деб айтган йўловчига чиптачининг: “Бунчалик паст кетманг”, “Пулингиз бўлмаса нима қиласиз автобусга чиқиб?” ёки “Эркакмисан ўзи?” қабилидаги кесатиқ-пичингларини кўриб уч юз сўм учун киши нафсониятига тегиш, унинг дилини оғритиш шартмикан деб ўйлаб қоласиз. Бир оғиз ширин сўз, меҳр-шафқат анқонинг уруғи эмас-ку. Айрим ҳайдовчию чиптачилар бироз бағрикенг бўлишса бўлармиди.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларида мактаб ўқувчилари учун алоҳида транспорт воситалари, махсус автобуслар ташкил қилинган. Бу автобуслар болаларни соғ-омон мактабга етиб олишларига хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, ўқувчиларнинг йўл хавфсизлигини таъминлайди ва турли бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Жамоат транспортида ойлик йўл чипталаридан фойдаланувчиларига (айниқса талабалар) айрим чиптачиларнинг ўқрайиб қарашию, ўша чипталарни тасдиқловчи гувоҳномалардан “айб” қидириб кишини “текинхўр”га чиқариб қўйишини қандай баҳолаш мумкин? Боз устига, бу ҳол жамоатчилик олдида, деярли ҳар куни такрорланиб турса. Ахир, ойлик йўл чипталари ҳам сотиб олинади-ку!
Бундан ташқари, жамоат транспортида хизмат кўрсатиш маданияти борасида ҳам айрим камчиликларни кузатиш мумкин. Кўзланган манзилга етиб олгунча айрим бетакаллуф, оғзидан боди кириб шоди чиқувчи қўпол чиптачилару, “чекилмасин” дея қоқ “пешонаси”га ёзиб қўйилганига қарамай, айрим ҳайдовчиларнинг ўша ёзувга қарата бутун автобус салонини саситиб тамаки тутатишлари нафақат асабни бузади, балки соғлиққа ҳам жиддий путур етказади.
Гоҳида метро бекатларида, айниқса, “Чилонзор” метро бекатидан айрим автобусларнинг “кўнгил узиб” кетолмай, турнақатор тизилишиб, сўнгра ким ўзарга беллашишларидан ишга, ўқишга ёки уйга етиб олгунча юракда ҳадик билан ўтирасиз. Баъзи бекатларда эса бунинг бутунлай акси: автобус кутавериб хуноб бўлиб кетасиз.
Яқинда шундай бир воқеа бўлди. Карвон бозордан Усмон Носир кўчаси бўйлаб Амир Темур хиёбонигача ҳаракатланувчи 33-автобуснинг қатновга қўйилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Янги қатнов йўловчиларга маъқул бўлди. Юртимизда ишлаб чиқарилган ҳар тарафлама ихчам ва қулай “Isuzu” микроавтобуслари ҳаракатланаётган йўналишнинг маъқул жиҳати, юқорида айтганимиздай, бекатларда “узоқ” қолиб кетмайди, йўловчиларни кўп куттирмайди. Қисқа қилиб айтганда, тезюрар. Лекин бу тезюрарлик ҳам баъзан ҳаддидан ошиб кетмоқда. Хуллас, ўтган ҳафта шу автобусга чиқдим. Транспортнинг тезлиги шу даражада ошдики, чиптачи “Фалон бекатда тушадиган борми?” дегунча навбатдаги бекатга етиб келдик. Бу тезюрарлик охир-оқибат йўл патрул хизмати ходимларининг тўхтатиши билан якунига етди. Автобус ичида ўтирар эканман, бу воқеани кузатиб туриб бир латифа эсимга тушди.
“Бир куни катта қурилишга бир гуруҳ текширувчилар келишибди. Қурилаётган иншоотни кўздан кечириб турган текширувчилардан бири қараса, бир ишчи бўш ғалтак-аравани тиним билмай югуриб-елиб у ёқдан бу ёққа судраб юрганмиш. Шунда ҳалиги текширувчи ишчини тўхтатиб сўрабди:
— Ҳа, биродар, нега бўш ғалтак-аравани бетўхтов судраб юрибсиз?
— Э-э, асти сўраманг. Ҳозир иш суръати шу қадар тезлашганки, ғалтакка ҳатто қоришма солишга ҳам вақт йўқ…”
Узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилувчи, тайёр дастёримиз — автобуслар, уларнинг ҳайдовчи ва чиптачиларини буткул ёмонотлиқ қилмоқчи эмасмиз. Фақат айрим ҳолларда, баъзи ҳайдовчиларнинг хатти-ҳаракатлари кишини ранжитади. Чиптачилар жамоат транспортларига чиқаётган йўловчига “300 сўм” деб эмас, инсон сифатида қарашса. Талабалар, ўқувчилар кўпроқ тўпланган бекатларда ҳам “бирров” тўхтаб ўтишса. Биринчи синфга қадам қўйган етти ёшли болакайни қиш-қировли кунларда, ёзнинг жазирамасида ярим йўлда ташлаб кетишмаса. Ахир айтишади-ку, “Меҳр — бир пиёла сув” деб. Чанқоқ қалбларимизга ана шу бир пиёла сувни қизғанмасак яхши бўларди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 27-сонидан олинди.