Жаҳонгир Исмоилов. Оралиқдаги масофа

Инсоннинг қачон, қаерда, қандай шароитда дунёга келиши ҳамда қачон ва қандай ҳолатда ҳаётдан кўз юмиши — тақдири азал. Умрни эса оралиқдаги масофага менгзаш мумкин. Бу масофани албатта ҳар ким ўзича босиб ўтади ва у қандай кечганига қараб инсонга баҳо берилади. Умр (“оралиқдаги масофа”) ана шундай бебаҳо неъмат, Яратганнинг бандасига беназир инъоми. Уни нурли изларга йўғириш ҳам, ўкинч-изтироб ёки ҳеч вақосиз бўшлиққа айлантириш ҳам ҳар бир инсоннинг ўз қўлида.

Ёши қирқни қоралаб қолган йигит қора курсида ўтирибди. У укасининг тўйида ҳаддан ташқари кўп ичган. Давра тар­қалгач, дастурхонни йиғиштираётган қариндошлари билан ўртада гапи қочган.

Можарога нуроний онаси, жон-жигар укаси аралашган ва томонларни муросага келтиришга уринганлар. Ароқ олдин шер қилади, деганларидек у баттар жаҳлга минган. Ниҳоят, ғазаби хуруж қилиб, мастлигини юзига солган укаси кўксига кутилмаганда пичоқ санчган. Қонга беланган, ҳаёти учун хавфли жароҳат олган жон-жигари касалхонага етмаёқ, жон берган. Не-не яхши ниятда, қанчалик йиғиниб қилинган тўй азага айланган…

 

Суд залидаги айбланувчи ҳам, жабрланувчилар ҳам бир умр яхши-ёмон кунларда елкадош бўлган, бир дас­турхондан туз тотиб яшаган кишилар. Қотилнинг боши хам. Назарини ердан узолмайди. Ўзига қаҳр-ғазаб, нафрат, надомат билан қадалган кўзларга қарашга юраги бетламайди.

— Пешонамда шу кўргилик бор экан, мени кечиринг, — деди узоқ муддатга ҳукм қилинган кимса ҳам ачингани, ҳам куйганидан юзларини ёш юваётган, мусибатга ботган онаизорига.

Хом сут эмган банда шу йўсин ўзининг тубанлигини оқлашга, қандайдир тасалли топишга уринди.

Аслида ҳам қотиллик азалдан унинг пешонасига битилганмиди? Бир қориндан талашиб тушган инисининг умрига зомин бўлиши қисматида бормиди? Жигаркуш деган тавқи-лаънатнинг манглайига муҳрланиши ҳам тақдирнинг ҳукми эдими? Йўқ! Бу бадмаст кимса укасининг маъракасида мезбонлик одобини сақлаши, хатти-ҳаракатининг оқибатини мушоҳада этолмайдиган даражада ичмаслиги, нафсини тийиши мумкин эди. Ахир, ҳеч ким ароқни бировнинг оғзига ётқизиб, мажбурлаб қуймайди-ку. Ёки ўртада келишмовчилик чиққанида Раҳмоннинг измига кириб, жаҳлини жиловлаганида ҳам шубҳасиз мудҳиш қотиллик юз бермаган бўларди. Афсуски, у “чирсиллаб турган учқунни ўчириш”ни эмас, тобора “аланга олдириш”ни танлади. Оқибатда қавм-қариндошларнинг эл олдида боши эгилди.

Яқинда яна бир воқеага гувоҳ бўлдим. Эндигина харид қилинган, ҳали давлат рақами ҳам олинмаган “Ласетти” тезлиги катталиги боис ўтиш жойида пиёдага йўл бериш учун тўхтаган “Жигули”ни урди. Орқада машиналар қаторлашди. “Жигули”нинг эгаси қалтираб-қақшаб машинадан тушди. “Ласетти” рулидаги нари борса йигирма ёшлардаги йигитчага: “Секинроқ ҳайдасанг, кўзингга қарасанг бўлмайдими”, дея дашном бериб, қўл телефони орқали йўл назорати ходимларига хабар қилишга тутинди. “Қўйинг, келишайлик”, деди йигитча жабрланувчига. “Жигули” эгасининг: “Буни тузатишга камида бир ярим миллион сўм керак”, деганига жавобан “Ласетти”лик йигитча машинасидан шунча пулни олиб, унга тутқазди.

Тасаввур қилинг: бордию ҳаракатланиш жараёни бир дақиқа олдинга сурилганида “Жигули” ўтиб кетган, юқори тезликдаги “Ласетти” пиёдани уриб юборган бўларди. Ёки йигитча муайян оралиқ масофани сақлаганда, умуман авария юз бермаслиги мумкин эди.

— Машинани меҳнат қилиб олмаган-да, кўзига қараб ҳайдамайди. Ҳозиргина орқадан келаётиб фараларини тинимсиз ўчириб-ёқиб, мени қувиб ўтганди. Бундайлар албатта бир касофат орттиради, — деди воқеа гувоҳларидан бири.

— Муштдай бола ҳалол ишлаб, эллик миллионга машина олармиди? — Бир ярим миллионни узатаётганида кузатдим. Заррача ачинмади-я, — деди кимдир бош чайқаб.

Чиндан ҳам йигитчанинг ортида мўмайгина даромад топаётган, “сояи давлатимизда яйраб юрсин”, қабилида фикрлайдиган ота-она тургани ҳеч қандай изоҳсиз равшан эди. “Навқирон ёшни шундай енгил-елпи, ҳавойи тарзда бошлаган фарзанд келгусида мудҳишроқ ҳодисаларни келтириб чиқармаслиги, ҳатто ўз умрига зомин бўлмаслиги ёки маишат гирдобига тушиб, нашавандга айланмаслигига ким кафолат беради? Ахир, ўзгалар ҳаётини заҳарлаш эвазига чўнтак қаппайтираётган гиёҳвандфурушларга ана шундай пулдор, ота-оналари талтайтириб қўйган “харидор-мижоз”лар керак-ку! Улар бундай эркатойларни гирдобга тортиш, қўлдан чиқариб юбормаслик учун турли ҳийла-найрангларни қўллаши сир эмас.

Фарзанди тарбиясида тузатилмас хатога йўл қўйган, охир-оқибат афсус-надоматдан ёқа йиртаётган ота-оналар орамизда йўқми? Ёки бунинг акси ўлароқ, фарзандининг илм олиши, меҳнатда чиниқиши, енгил-елпи давраларга қадам қўймаслиги йўлида қайғураётган, эртани ўйлаб фаҳм-фаросат билан иш тутаётган ота-оналар камми? Бундай тарбиядан бутун жамият манфаатдор. Бой-бадавлат ота-оналари ҳарчанд шароит яратиб бермасин, уни суиистеъмол қилмайдиган, одоб чегарасидан чиқмайдиган, бор имкониятдан камолотга эришиш йўлида фойдаланаётган ёшлар ҳам истаганча топилади.

Инсон орзу-истаклари рўёбга чиқиши муайян даражада уни қуршаб турган муҳитга, теварак-атрофдагиларнинг муносабатига ҳам боғлиқ. Лекин ўзимизга боғлиқ ҳақиқат ҳам бор: “оралиқ масофа” — умр қандай кечишини асосан ҳар бир шахснинг дунёқараши, ўз олдига қандай мақсад қўйиши ва унга эришиш йўлидаги ғайрат-шижоати белгилайди. Узоқни ўйлаган ҳалол раҳбар қўлидан иш келадиган, фидойи, интилувчан, меҳнатдан қочмайдиган кишини қўллаб-қувватлайди. Аксинча яшашга одатланган кимса эса бир куни албатта эл назаридан қолади. Бир кишини биламан. Хушмуомала, камтарин эди. Бошқалардан ёрдамини аямасди. Йиллар ўтган сари мансаб пиллапояларидан юқорилаб, ниҳоят катта ишлаб чиқариш корхонаси амалдори бўлди. Берилган кенг имкониятлардан фойдаланиб қўшимча ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Хориждан дастгоҳлар келтириб ўрнатишига эришди. Одамлар ишонч билдириб маҳаллий кенгаш депутатлигига ҳам сайланди. Лекин кейинчалик ўзини сўзда фидойи, ташаббускор қилиб кўрсатгани ҳолда бошқаларни менсимайдиган, одамларни кимлигига қараб қабул қиладиган одат чиқарди. Ҳовли-ҳашамга зўр берди. Тўрт-беш лаганбардор билан савлат тўкиб юрадиган бўлди. Кўз ўнгимда у бутунлай бошқа кимсага айланди. Одамнинг кимлигини билмоқчи бўлсанг, амал ёки бойлик бер, деган нақл бежиз айтилмаганига ишонч ҳосил қилдим. Кўп ўтмай қинғирлик йўлига киргани, жуда катта миқдорда мулкни ўзлаштиргани, жамоасидаги бир неча кишини жиноятга бошлагани учун узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Унинг “оёғи узангида”лик пайтида кўпчилик ҳурмат қиладиган фермер дўстимдан бир гап эшитгандим.

Амалдор қабулига кирган фермернинг саломлашиш учун узатган қўлини зўрға олиб, “сен”сираб гапирибди.

— Кечирасиз, ёшингиз неччида?—деб сўрабди амалдорнинг бундай муомаласи нафсониятига қаттиқ теккан дўстим.

Кутилмаган саволдан таажжубланган амалдор истар-истамас ёшини айтибди.

— Мендан саккиз ёш кичик экансиз. Акангиз қаториман, “сен”сираманг, — дебди фермер дўстим эътирозли оҳангда.

— Мен акамни, ҳатто отамниям “сен”сирайман. Одатим шунақа. Хафа бўлма, полвон, — дебди амалдор масхараомуз кулиб.

— Унда гап йўқ. Одамгарчиликдан бутунлай чиқиб кетган экансиз, — дебди дўстим ҳам заҳарханда жилмайиб.

Ишончим комилки, у билдирилган катта ишончни қадрлаганида, қонун барча учун баробарлигини вақтида англаб етганида таназзулга юз тутмасди. Кўриниб турибдики, ҳаётда қандай йўлдан бориш — “оралиқ масофа”дан қай йўсинда ўтиш унинг ўзига боғлиқ эди.

Замондошларимиз орасида умрнинг ҳар лаҳзасидан самарали фойдаланадиган, эзгу ния­т­ларни дилига тугиб, саховатпешалик, одамларга яхшилик қилиш билан ўтказувчи инсонлар кўп. Улар турли соҳаларда кечаётган ислоҳот, яратувчилик жараён­ларининг олд сафларида боришмоқда. Аммо, афсуски, бебаҳо умрни одамлар орасини бузиш, «оёғингиз узангида»лигида соянгизга салом бериб, ёнингизда тулкидай ялтоқланадиган, пана-пастқамда фисқу-фасодгўй нусхалар билан оғиз-бурун ўпишадиган, заволингизни кутадиган тоифалар ҳам бор. Кунларини шу тахлит кечириш ўрнига улар қалби пок инсонлар сингари умрларини ҳалолликка, яхши амалларга сарфлаганларида ишончим комилки, кўпроқ ижобий самарага эришган бўлардилар.

Бир донишманд кишининг куйиниб айтган гаплари эсимга тушади:

— Бугун сиз бир касбнинг бошида турибсиз. Тиним билманг, ёниқ қалб билан ишланг. Ҳар кунингиз самарали ўтсин. Одамлар сиздан рози бўлсин. Бир кун келиб “Эҳ, аттанг! Фалон ишни ўша вақтда қилсам бўларди-ку”, деб, афсусланиб пешанангизга шапатиламанг. Унда кеч бўлади. Қандай ишлаётганингизни кўриб-билиб, шунга яраша баҳоингизни берадиганлар бор.

Сирасини айтганда, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз фаолиятига шу нуқтаи назардан ёндашган тақдирда, шубҳасиз, кўзлаган марраларга тезроқ етиб, янада салмоқли натижаларни қўлга киритардик.

Ахир, биз бугун номларини эъзозлаётган боболаримиз шунчаки яшаганларида, нуқул ҳузур-ҳаловатларини ўйлаганларида катта-катта кашфиётлар юзага чиқармиди? Бой маънавий меросимизни жаҳонга кўз-кўз қилиб турган дурдона асарлар, нафис санъат намуналари, ноёб архитектура ёдгорликлари яратилармиди? Спорт соҳасидаги юксак натижалар қўлга киритилармиди? Ёшларимиз халқаро олимпиадаларда нуфузли ўринларни эгаллармиди?! Эришилган муваффақиятлар, қозонилган ғалабалар замирида қанчалик заҳматлар ётганини бир тасаввур этинг! Кўнгил мулкига айланган маънавий-маърифий, бадиий асарлар яратилгунча қанчалик қимматли вақт, кўз нури, ақл-идрок, билим ва маблағ сарфланишини ўйлаб кўрганмисиз?! Ўзгача йўл тутилганида, бугун биз ифтихор этаётган маънавий бойликлар яратилармиди?! Миллатини эмас, ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаганида Ҳазрат Навоий даҳоси абадият касб этармиди? Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ойбек сингари адиблар ўзларидан ўлмас, бетакрор адабий мерос қолдирармиди? Асарлари севиб ўқилаётган замондош адиблар ижод дардида заҳмат чекмаганларида, эл-юртнинг шу қадар юксак эъзозига мушарраф бўлишармиди?!

Узоққа бориб ўтирмайлик. Бухорои шарифда ке­йинги йилларда юз берган ва ўзимиз гувоҳ бўлган ўзгаришларни бир кўз олдингизга келтиринг. Тамомила янгича, замонавий кўриниш олган йўллар, таъмирланган ёдгорликлар, Юртбошимиз ташаббуси ва раҳнамолигида бунёд этил­ган Маданий марказ… Бу ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Улар замирида юртимизнинг янада гуллаб-яшнаши, ободлиги йўлида ҳар қандай қийинчилик, муаммоларни енгиб ўтиш каби олижаноб фазилатлар мужассамлигини ким англамайди, дейсиз!

“Ҳар ким экканини ўради”, деган пурмаъно ҳикмат бор. “Оралиқдаги масофа” мазмунини теран тушунган, эртасини ўйлаган, киши ортидан нурли излар қолаётганига имон келтириб, кўнгли тўқ яшайди. Замондошлари, келажак авлод кўзига тик, ёруғ юз билан қарай олади.

Истиқлолимизнинг қутлуғ 20 йиллиги тобора яқинлашмоқда. “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Юртбошимиз қарори энг азиз байрамга ҳозирлик тадбирларига янада кўтаринки руҳ бағишлади. Қарорда таъкидланганидек, тарихан қисқа даврда жаҳон харитасида янги, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, бугун тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган мустақил, суверен Ўзбекистон давлатининг пайдо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг тарихий ғалабасидир. Бу эътироф замирида, таъбир жоиз бўлса, “оралиқдаги масофа”ни яратиш, ортидан яхши ном қолдириш, эл-юрт маъмурчилиги, Ватанимизнинг бундан-да гуллаб-яшнаши йўлида фидойилик кўрсатиб яшаётган минглаб замондошларимиз жасорати ўз аксини топган.

Оллоҳ берган ризқни қадрламас ким,
Ношукурлик бўлса турмуш, аъмоли.
Афсус, надоматда ёнади бир кун,
Бир куни тутади унинг уволи.
Умр ҳам ризқ эрур,
Бош-охири бор,
Уни қадрлаган етар камолга.
Вақтингни беҳуда ўтказма зинҳор,
Ғафлат босиб бир кун қолма уволга.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 18-сонидан олинди.