Инсоннинг ким бўлиб етишиши онгу шуурини шакллантирган муҳит, кўрган кечирганлари ва бошқа кўникмаларга ниҳоятда боғлиқ. Айниқса, эндигина ақлини таниётган гўдакнинг онгини эртаклар, ҳар хил ҳикоялар билан бир қаторда турли ўйинчоқлар ҳам бойитиб боради. Улар боланинг маънан етук бўлишида катта аҳамият касб этади.
Уйда жияним бир қўғирчоғини кўрсатиб: «Опажон, мана шу ўйинчоғимдан қўрқаман» деб қолди. Ҳақиқатан ҳам, у шу даражада қўрқинчли эдики, ҳатто кўриб мен ҳам чўчиб кетдим. Жиянимнинг қўғирчоғи ёш болалар севиб ўйнайдиган, алла айтиб ухлатадиган ўйинчоқ эмас, кўзлари бўялган, юзлари алламбало рангда, ғарбга монанд ҳаёсиз кийимдаги «махлуқ» эди.
Ўйланиб қолдим. «Наҳотки, ёш болаларнинг овунчоғи, келажаги учун нафи тегадиган ўйинчоқ шу даражада қўрқинчли бўлса?!..»
Ҳақиқатан ҳам ҳозир ўйинчоқларнинг ҳам ҳар хиллари чиқиб кетган. Айниқса, автомат ўйинчоқларнинг. Ахир, улар совуқ қурол намунаси-ку. Хориж нима ишлаб чиқарса олиб келиб сотавериш керакми? Бу овунчоқни ўзимизнинг фарзандларимиз, авлодларимиз ўйнайди-ку, ахир!
Хаёлимни ана шундай фикрлар банд этиб юрган кезларда бозорда онасига «Ўйинчоқ олиб беринг» деб хархаша қилаётган бола эътиборимни тортди. Кузатдим. Анча норозиликдан сўнг онаси ўйинчоқ сотиб олиб берди. Табиийки, унинг қандай ўйинчоқ экани мени қизиқтирди. Қарасам, «Ўргимчак одам» мултфилми қаҳрамони экан. Яқинроқ бориб онасидан «Нима учун айнан шу ўйинчоқни олиб бердингиз?» деб сўрадим. У аёл мустаҳкамроғи, тузукроғи шу эканини, уни фарзанди узоқроқ муддат ўйнашини айтди. Баъзи ўйинчоқлар қўлингга олишинг билан сочилиб кетишини, тез бузилишини айтиб нолиди. Бошқа бир онанинг фикрини сўраганимда, у қўрқинчли ўйинчоқлар ҳақида фақат салбий фикр билдирди. Ўйинчоқларнинг, хусусан, қўғирчоқларнинг бирортаси болаларнинг ёшига мос эмаслигини, кийимлари ярим-яланғоч, кўринишлари ҳам миллийлигимизга мос келмаслигини таъкидлади. Бугун шундай қўғирчоғу ўйинчоқларни ўйнаб улғайган болажонларнинг тарбияси бузилмаслигига ким кафил бўла олади? Тўғри, замон ўзгараяпти, онг ўзгараяпти. Аммо буларнинг ҳаммаси миллий ўзлигимиз замирида тараққий этса қандай яхши?
Шу ўринда ажойиб ўзбек халқ эртаги «Зумрад ва Қиммат» асосида яратилган мултфилмни эслаб кўрайлик. Уни неча марта кўрсак ҳам зерикмаймиз, яна кўргимиз келаверади. Чунки қўғирчоқларнинг кўринишлари жуда самимий ва содда. Демак, миллий қўғирчоқлар болаларимиз учун афзал, менимча. Чунки болажонлар у орқали дунёни англайди, фикр-мулоҳаза юритади.
Мавзу доирасида мутахассисларнинг фикри билан ҳам қизиқиб кўрдик. Уларнинг айтишича, ўйинчоқларни, аввало, боланинг ёшига қараб танлаш керак экан. Эндигина тишлари чиқаётган болалар учун юмшоқ, резинали, 3-4 ёшлилар учун эртак қаҳрамонлари акс этган ўйинчоқлар, масалан, Оппоғой, Зумрад, Тулпор кабилардан олиб бериш лозим. Сабаби, шу ёшда боланинг онги шаклланаётган бўлади. 5-6 ёшда эса санашни, кичик сонларни қўшиш, айириш амалларини ўргатадиган ҳар хил «ўқитувчи ўйинчоқ»лар олиб берилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Бола дунёси жуда беғубор ва гўзал. Боланинг ана шу гўзаллик дунёсини янада бойитишида у ўйнайдиган ўйинчоқлар ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Шунинг учун уларга ўйинчоқлар танлашда бепарво бўлмайлик.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).