Ўтаётган ҳар сония замонни ўз измига солишга уринмоқда. Олимлар гўё замон ва макон бирлиги орасида ўз иқтидорини синаётгандек. Компютер, интернет, мобил телефон каби алоқа воситалари эса фан-техника тараққиётининг оммабоп маҳсули сифатида турмуш тарзимиздан мустаҳкам ўрин олган.
ХХ асрнинг ўрталарига келиб оталаримиз «Техника — инсоннинг дўсти», дея қувонишган эди. Бугун ана шу «дўст» ҳатто оралиқ масофаларни писанд этмай зумда энг яқин кўмакчимизга айланганини, ишимизни қўлимиздан олганини, ҳатто бизни муҳофаза қилаётганини тараққиёт имконияти, деб қабул қилишга кўникиб қолдик. Фарзандларимизнинг тақдирини ҳозирдан ўйламаслик анчайин ташвиш келтириши мумкин.
Бугун кўча-кўйда бошини сарак-сарак қилиб бораётган йигит-қизларни ҳар қадамда учратасиз. Рўпарангизга келади-ю, сизни кўрмайди. Гапирсангиз, эшитмайди. Чунки уларнинг бутун ўй-хаёли қулоғига ўрнатилган жимитдеккина карнайчалардан тараладиган суронли мусиқа-ю олақуроқ қўшиқларда… Балки, бу бир ўткинчи қизиқиш, шунга шунча ваҳимами, дегувчилар ҳам топилар. Кошки эди бу — бир ёки икки йилнинг муаммоси бўлса.
Ана шундай ҳаёт тарзини ихтиёр этган айрим ёшлар овқат йемаса, йемайди, аммо қўл телефонининг қарзини тўлашга маблағ топади. Сиз бу ёқдан насиҳат қилаверасиз, у бошини лиқиллатаверади. Алоқа тизимидаги турли компанияларнинг бири олиб, бири қўйиб реклама қилаётган “арзонлаштирилган” тунги мулоқотларига нима дейсиз? Кечаси билан арзон мулоқот соатларидан фойдаланиб чиққан одамнинг эртанги машғулотида барака бўладими? Жисмонан толиққан вужуд, мусиқа таъсирида тентираган руҳ талафоти эртага қимматга тушмасмикан?
«Боланг одобсиз бўлса, тарбиялаб ол, компанияларни нега айблайсан», дерсиз. Аммо бахтга қарши, бу фақат менинг муаммоим эмас. Ҳозир ҳар ўн боланинг саккизтаси замонавий техниканинг бу каби имкониятларидан «унумли» фойдаланади. Уяли телефонларнинг саломатликка таъсири тўғрисида мутахассислар иштирокида такрор-такрор телекўрсатувлар эфирга узатилди. Тўғри, ҳозирча натижа йўқ. Аммо фарзандларимиз ўз камчиликларини англаб йетгунича турли шакл ва кўринишларда биз, ота-оналар ҳам насиҳатларимизни канда қилмай давом эттиришимиз керак.
18 ёшга тўлмаган йигит-қизларга қўл телефони сотишни ҳам, бу воситалардан мустақил фойдаланишни ҳам тақиқлаш керакдир, балки. Хуллас, мобил телефонларнинг қулоқ орқали мияга берадиган салбий таъсири, уйқусизлик оқибатида келиб чиқадиган касалликлар, яна биз эътиборсиз бўладиган бошқа жиҳатлари ҳақида соҳа ходимлари оммавий ахборот воситалари орқали ўз маслаҳатлари билан тез-тез чиқишлар қилишса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Биз жигарбандларимиз бошқалар яратган ихтиро ва кашфиётларнинг истеъмолчиси эмас, балки жаҳон сивилизатсиясига муносиб улуш қўша оладиган даражада заковатли авлодлар бўлиб етишишини истаймиз. Бугун юртимизда ёш авлод камолоти йўлида қилинаётган барча саъй-ҳаракатлар, олиб борилаётган кенг кўламли амалий ишлардан кўзланган мақсад ҳам аслида шу. Шундай экан, фарзандларимизнинг ботинидаги иқтидорларини юзага чиқаришдан чалғитаётган бу омиллардан ўринли фойдаланишларини уларга ўз вақтида англатмоғимиз лозим.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).