Аҳмад Лутфий асарларининг ўзбекча нашрлари ҳақида
Кейинги йилларда кўп сонли диний адабиёт намуналари ўзбек тилига ўгирила бошланди. Хусусан, “Ҳужжат ул-ислом” Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Иҳё-у улумиддин” асарининг арабчадан маҳорат билан қилинаётган таржималарини тилга олиш мумкин.
Турк тилидан амалга оширилган кўплаб диний-фалсафий, тасаввуфий асарларнинг таржималари сирасига диний характерга эга бадиий адабиёт намуналари ҳам қўшилмоқда.
Тақдим этилаётган асарлар орасида туркиялик таниқли ёзувчи ва олим Аҳмад Лутфий Қозончи асарлари салмоқли ўрин тутади.
Ушбу мақолада, мазкур муаллифнинг соф диний-тарихий замирга эга “Саодат асри қиссалари”, “Абу Бакр Сиддиқ” ва “Ҳазрати Умар” романларининг ўзбекча таржимаси хусусида сўз юритмоқчимиз. Негаки, кейинги даврда ўзбек ўқувчилари томонидан энг кўп сўралаётган китоблар орасида бу уч асар пешқадамлардандир.
Афсуски, таъкидланган асарлар мутолааси давомида китобхон ўзбек тилининг жозибаси тўла акс этган асарни ўқиш бахтига мушарраф бўлади, дейиш қийин. Мисол учун, “Абу Бакр Сиддиқ (Расулуллоҳнинг ғордаги биродари)” “Мовароуннаҳр”, 2005) китобини олайлик (Таржи- мон — Сарвар Жаҳонгиров).
Абу Бакр (р.а.)дек кишига бағишланган тарихий асарни таржима қилиб, халққа, ўқувчилар оммасига етказиб берилганлиги таҳсинга сазовор. Лекин…
Аввало, китобнинг тўла нашри чамаси ҳали-ҳануз тугатилмайди, шекилли. Негаки, китоб ноширлари биргина романни шу кунгача тўрт қисмга бўлиб босишди. Китоб 1-дан 4-га борган сари юпқариб бормоқда-ю, охири кўринмаяпти.
Таржима аслида нима учун қилинади?..
Халқни янги асар ва билим билан тезроқ бойитиш учунми ёки қандай бўлса-да, бозоргир китобни наридан бери таржима қилиб, пул ишлаш учунми?! Ахир бу китоб ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.)нинг энг яқин сафдоши ва тарихда садоқатию, собит эътиқоди билан ном қолдирган улуғ инсон ҳақида-ку!.. Наҳотки, маънавий масъулият ҳис қилинмаса?! Асарнинг 1-китобини қўлига олган ўқувчи муқованинг ўзидаёқ имло хатосига дуч келади: “Расулуллоҳ” ўрнига “росулуллоҳ” ёзилган. Яхшики, кейинги китобларда бу хато тузатилди. Лекин яна бир адабсиз янглишлик давом этган. Яъни китоб муқовасида ҳам, титул варағида ҳам асар муаллифининг номи берилмаган. Фақатгина ички саҳифа остида кичик ҳарфлар билан “Аҳмад Лутфий Қозончи “Абу Бакр Сиддиқ” “Мувароуннаҳр”, 2005”, деб кўрсатилган.
Ҳа, ажабланманг, муаллиф ва китоб номидан кейин тиниш белгилари қўйилмай, имловий хатолар билан худди шу тарзда 2-, 3- ва 4-китобда ҳам берилган.
Хўш, нега асар муаллифининг номи юқорига чиқарилмайди. Бу унинг маънавий ва муаллифлик ҳаққи-ку!
Биз ҳазрати Абу Бакр (р.а.) ҳақида яратилган, гўзал бир тарихий асарни бадиий жиҳатдан мукаммал таржимада ўқиш учун китобни сотиб олганмиз ва камоли қизиқиш билан ўқишга тутинамиз.
Бироқ дастлабки саҳифалардаёқ ғализ ифодаларга дуч келамиз. То китобнинг тўртинчисигача, аксарият ўринларда тумтароқ жумлалар, эгаю кесими, тўлдирувчию аниқловчисининг ўрни алмашиб кетган гапларни ўқиймиз. Жуда ҳам яхши кайфиятда олган китобингизни азбаройи маънавий аҳамияти учунгина авайлайсиз.
Йўқса…
Мана, 1-китоб муқаддимасидаги дастлабки парчалар:
“Иймон соҳиби бўлиш барчамизнинг энг аввалги, ниятимиз ва мақсадимиздир. Бу мақсад бизни бевосита динни чуқурроқ ўрганишга, саҳобалар ҳаёти билан танишишга рўбару қилади…”
Бир қараганда, мазмун бор, гап ҳам аниқдек. Лекин диққат этилса, туркча қурилган жумла ўзбекча сўзлар иштирокида такрорланган, холос. Ўзбек китобхони учун ўзбекча таржимада берилса бўлмасмиди? Масалан, шундай: “Барчамизнинг асос ниятимиз ва бош мақсадимиз, албатта, имонли бўлишдир. Ушбу мақсад бизларни динимизни чуқурроқ ўрганишга ва саҳобаларнинг ҳаёт йўли билан танишиб боришга ундайди…”
Худди шу саҳифадаги яна бир жумла: “Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни энг яхши таниган, бошқаларга насиб қилмаган кўпгина хотираларга эга бу қимматли инсондан ҳам, афсуски, жуда кам хотирага эгамиз…”
Хўш, бу гапдан бирор мазмун англай олдингизми?
Фикри ожизимизча, мутаржим: “Афсуски, ҳазрати пайғамбаримиз (с.а.в.)ни энг яхши билгувчи ва ул зот ҳақларида, ўзгаларга насиб қилмаган, кўплаб гўзал хотиралар соҳиби бўлмиш бу қадрли инсоннинг ўзи ҳақида жуда кам ёдномаларга эгамиз…” дея таржима қилмоқчи бўлган кўринади.
Таржима асносида нафақат тилни яхши билиш, балки ўзбек адабий тил меъёри, гап қурилиши ва, қолаверса, туркча сўзларнинг контекстдаги ўзбекча мувофиқ эквивалентларини топа билиш ҳам керак. Масалан, асарнинг 4-китоби 37-бетида: “Бу гаплардан ҳазрат Сайфуллоҳнинг кўзлари яшнаб кетди…” дейилади. Ўзбекчада кўз яшнамайди, юз яшнайди, кўз чақнайди.
Яна бир муҳим жиҳат, таржима учун танланган сўзлардан матн мазмун-моҳиятига мос сўз синонимини ишлатиш лозим бўлади. Мисол учун, ушбу асарнинг 2-китоби 8-саҳифасида шундай қисқа суҳбат келтирилган:
“— Ассалому алайкум, эй, Абу Бакр!..
— Ваалайкум ассалом, Расулуллоҳ (сав)нинг севиклилари
— Биз сенинг ҳузурингга ёрдам бериш ниятида келдик…”
“Расулуллоҳнинг севиклилари” турк тили учун уйғун, ўзбекчада эса бироз ўнғайсиз жаранглайди. Агар “севикли” ўрнига “маҳбуб” қўлланилса, мақбулроқ бўларди. Турк тилида ҳатто ота-онага ҳам “сен” дея мурожаат этилади. Аммо халқимиз учун бу одобсизлик саналади ва таржималарда ҳам бу анъанага амал қилинса, хусусан, Расулуллоҳ ва Абу Бакрдек улуғ инсонларга, албатта, “сиз” дея мурожаат қилинса, яхшироқ бўларди.
Яна бир муҳим масала шуки, баъзи истилоҳ, жой ва киши номларини қандай бўлса, шундайича ўгиравермаслик керак. Масалан, мазкур асар таржимасининг тўртала китобида ҳам “Бизанс”, “Амави хонадони”, “валий”, “Румлар”, “жузъя”, “Қорин бин Кирёнус” каби калималарга дуч келинади. Албатта, оддий ўзбек китобхони учун бу сўзлар нотаниш. “Бизанс” — турклар қадимги Византияни шундай аташади, “Умавийлар”ни эса “амави” дейишади, “валий” сўзи эса “дўст” маъносида бўлиб, асар матнида “волий” — “бошқарувчи” мазмунида келмоқдадир, “Румлар” эмас “румликлар”, “жузъя” эмас, “жизъя”, “Қорин бин Кирёнус” эмас, “Қорун ибн Кирёнус” тарзида берилиши керак.
Шу ўринда бир тил қоидасини эслатиш жоиз. Турк тилининг усмонлитурк ҳатто, ундан ҳам олдинги даврларда қолган бир хусусиятини тилшунослар алоҳида таъкидлашади. У ҳам бўлса, “туркчадаги калима олди-бердисида истеъмолга кираётган ажнабий сўзларни худди ўзидек қабул этилмаган ва уларни турк тили фонетикасига уйғунлаштирилган. Ҳатто олинаётган калималар сас жиҳатидангина ўзгаришга учраб қолмай, балки кўп ҳолларда маъно ва қўлланиш доирасида ҳам ўзгариш рўй берган…” (Проф.Др. Муҳаррем Эргин. Турк дили. Истанбул, 1992, 162).
Ўзбек тилида эса бу ҳолатга кўп ҳам дуч келинмайди. Бизда кўпроқ сўзнинг аслига таяниш кучли. Назаримизда, таржимонлар ана шу жиҳатга эътибор бермаганлар.
Яна бир қизиқ ҳолат шуки, ушбу китобларнинг дастлабки учтасида “Муқаддима”лар берилган. Аслида ҳам ёзувчи бир асарга уч муқаддима ёзганми, деган савол пайдо бўлади.
Асарда ёритилаётган воқеаларга эътиборсизлик ёки нима таржима қилинаётганини фаҳмламаслик ҳолати ҳам кузатилади. Мана, қаранг: “Жумладан келтиришимиз мумкин, ҳазрат Абу Бакр (р.а.) Мадинага келиб, саҳобалар билан учрашди. Бу гал Румлар билан рўбару келиш вақти келган эди. Улар ҳам худди шу фикрда эканликларини айтишди. Шундай қилиб, Мутенинг интиқоми олинарди…” (3-китоб, 3-4-бетлар).
Айтиш керакки, зотан Абу Бакр Мадинада эдилар ва у киши саҳобалар билан учрашиш учун Маккага борганлар. Шунинг учун ушбу жумла тахминан қуйидагича берилиши керак эди: “Жумладан, ҳазрати Абу Бакр (р.а.)ни Маккага бориб, саҳобалар ила учрашиш асносида, румликлар билан тўқнашиш вақти келганлиги ҳақида қилган муҳокамалари эди. Саҳобалар ҳам худди шу фикрда эканликларини айтишди ва шу тариқа, Мутаънинг интиқоми ҳам олинар эди…”
Фикримизча, бу қадар ғариб таржиманинг асосий сабаби — шошма-шошарлик. Асар оригинали ва таржимасини мутахассис назаридан ўтказиб олишда асло лоқайдлик ва бесабрлик қилмаслик керак.
“Ҳазрати Умар” асарининг таржимаси (“Мовароуннаҳр”, 2005) эса юқорида таъкидланган нуқсонлардан анчагина холи. Ёш таржимон Шоакмал Шоакбар ўғли ва муҳаррир Абдуғафур Искандарнинг астойдил меҳнат қилганликлари сезилиб турибди. Асар нашри юқоридагидан фарқли равишда муаллифи кўрсатилган ҳолда, чиройли дизайн билан икки китоб ҳолида ўқувчиларга тақдим этилгани ҳам кишини мамнун қилади.
“Ҳазрати Умар” китоби анча равон ўқилади, таржима асносида муносиб сўз танлашга диққат қилинган. Жумлалар баёни содда ва тушунарли. Аммо баъзи ўринларда гап қурилиши ва мазмун ифодалашда ғализлик учрайди. Мисол учун, 2-китоб 95-саҳифадаги: “Каскар серунум ерли, одамлар бой юрт эди” жумласини “Каскар ерлари серунум, одамлари бой юрт эди” ёки кўп такрорланган “амир ул-мўъминин” ибораси “амир ал-мўъминин” тарзида берилса, мувофиқ бўларди. Ёхуд 1-китоб 16-бетдаги “бойкот” сўзи ўрнига “эътироз”, “рад қилиш” мазмунидаги бошқа бирор ўзбекчага уйғунроқ сўз ишлатилса, китобхон яхшироқ тушунарди.
Эътиборсизликлар туфайли рўй берган баъзи жиддий камчиликлар ушбу китобнинг ҳам ҳуснини бузиб турибди. Масалан, 2-китобнинг 89-саҳифасида ўқиймиз: “Чунки Аллоҳ таоло “Моида, 93” деган. Мен эса Аллоҳдан тақво қиламан…”
Тўғри, зукко китобхон Қуръони каримдаги “Моида” сурасининг 93-оятини ўқиб олиши кераклигини англайди. Бироқ ҳамма бадиий асарда ҳам керакли адабиётларга ишоралар қилинаверса… унда бадиийлик моҳияти қайда қолади?!
“Мен эса Аллоҳдан тақво қиламан…” жумласи эса шарҳга муҳтож. Ушбуни “Мен Аллоҳдан қўрқиб тақво қиламан” дейилса, мазмунга уйғун бўларди. Чунки ишора қилинган оятда ҳам “Аллоҳдан қўрқиб, чиройли амаллар қилиш” ҳақида сўз боради.
Яна бир нуқсон: нашрнинг 126-141 саҳифалар оралиғидаги асар матни мазкур китобнинг аввалги, аниқроғи, 36-51-бетларининг айнан ўзидир.
Ушбу нуқсонларни техник камчилик ҳам дейлик, лекин минглаб ўқувчиларга тақдим этилаётган нашрлар учун бу каби камчиликлар лойиқ эмас!..
Маълумки, таржимачилигимиз кўп йиллик тажрибага эга ва унинг ўзига хос анъаналари ҳам маълум қадар шаклланган. Биргина мисол, Рашод Нури Гунтекиннинг машҳур “Чолиқуши” романининг Мирзакалон Исмоилий томонидан амалга оширилган ўзбекча таржимаси таржимон маҳорати туфайли ҳануз китобхонлар томонидан севиб мутолаа қилинади.
Юқорида номлари тилга олинган асарларда эса таржимон маҳорати ва тажрибаси сезилмайди, ҳатто ўзбек тилининг адабий меъёрларидан бехабарлик кўзга ташланади. Таржима қилиш учун фақат тилни билиш камлик қилади ва ҳар бир тил билувчи бадиий таржимонлик ҳуқуқига эга эмас. Бунинг учун ёзувчилик истеъдоди ва билим ҳам талаб қилинади. “Саодат асри қиссалари” ана шу талаб асосида таржима қилинганига гувоҳ бўласиз. Балки шунинг учундир, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон томонидан таржима қилинган “Саодат асри қиссалари” асарида юқорида таъкидланган кўп камчиликларни учратмайсиз. Китоб муаллифи ҳам ҳурмат билан кўрсатилган, дизайн ва таҳрир масалалари ҳам ўринли, чиройли ҳал этилган.
“Саодат асри қиссалари” асарининг аввалги икки китоби таржимасининг машаққатли ва муваффақиятли таҳрири муҳаррирга энди учинчи китобнинг таржимони сифатида ўртага чиқишга даъват қилгандек. Мазкур асарнинг учинчи китоби (“Шарқ”, 2004) ҳам равон ўқилади, китобхоннинг воқеалар ривожи сари қизиқиши орта боради. Расулуллоҳ (с. а. в.) ҳаётларига оид турфа хил тарихий воқеаларнинг гўзал тасвири ўқувчини ўша давр муҳити ва руҳиятига олиб кира олган.
Кўплаб китоб ихлосмандларининг ҳатто кўчаларда ушбу асарни берилиб ўқиётганликларининг гувоҳи бўлдик. Кўпчилик тўла қониқиш, ҳатто кўз ёш билан ўқиганликларини гапириб беришди. Бунга сабаб ҳолатлар асарнинг маънавий руҳи билан бирга таржиманинг маҳорат ила амалга оширилганлигида ҳамдир.
Шундай бўлса-да, ушбу асар таржимасининг ҳам баъзи ўринларида туркча матнга кучли тақлид сезилиб қолган. Мисол учун, 3-китобнинг 8-саҳифасидаги жумла: “Бу дафъа қирмизига тортиб кетадиган қора юзли хотин ўрнидан турди…”
Бизнингча, ушбу гапни ўзбекча қилиб: “Бу дафъа қизғиштоб бўлиб кетган қорамағиз аёл ўрнидан турди” дейилса, уйғун тушарди.
Ёки 9-бетда берилган: “Эҳтимолки, бу тошмалар ичини тўлдирган азобларнинг учлари эди” жумласи ҳам ғализ, ҳам тушунарсиз. Бунинг ўрнига: “Эҳтимол, бу тошмалар тўлиб-тошиб келаётган азоблардан нишона эди” дейилса, мазмун аниқроқ чиқарди.
Таржимадаги бу каби нуқсонлардан яна бири туркча мурожаат услубини сақлашга интилишдир.
«— Сизни нима инжитди, ё Набияллоҳ?” — деб сўрашди» (3-китоб, 13-бет).
Ахир шу саволни ўзбекчада содда, равон ва гўзал қилиб: “Нима сизни ранжитди” ёки “Ё Набияллоҳ, сизни нима ранжитди?” дейиш мумкин эмасми?..
Аммо шуни камоли қониқиш билан айтиш керакки, “Саодат асри қиссалари” Аҳмад Лутфий Қозончи асарлари ичида, айрим камчиликларига қарамай, ўзбекчага энг муваффақиятли амалга оширилган таржимадир. Ушбу нашр Аҳмад Лутфий каби бошқа турк адибларининг асарларини таржима қилаётган мутаржимлар учун ўрнак бўла олади. Замонавий турк тилидан ўгирилган яна бошқа асарлар, хусусан, “Қайнона”, “Ўгай она”, “Жинлар орасида қолган қиз”, “Алданган Айселнинг тавбаси”, “Виждон азоби”, “Гуллар сувсаганда” каби китобларнинг паст савияда таржима қилинганлиги эса алоҳида мақола мавзусидир.
Мақоладан кўзланган мақсад номлари тилга олинган асарлар таржимасини зинҳор-базинҳор камситиш эмас. Асосий ниятимиз — китобхоннинг юксак талабини қондирадиган ва, энг муҳими, дидни ўлдирмайдиган асарларни кўпроқ кўриш ва ўқиш истагидир.
Отабек ЖЎРАБОЕВ,
филология фанлари номзоди