Беш яшар жияним телевизорда кўрсатилаётган сериалнинг қаэрда тугаганлигини тушунтириш учун бошдан оёқ гапириб берганида, рости, ажабландим. Алифбени, карра жадвалини ўрганишдан аввал хорижий сериалларнинг таъсирига тушиб қолган, уларга қизиқиш билан ёндашаётган ёш ўғил-қизлар билан болалигимиз орасида тафовут бор эди. Бу каби ҳайрат авлодлар силсиласида биридан иккинчисига ўтиб келаётгандек туюлди.
Тараққиётга эш бўлиб, инсонларнинг дунёқараши, ўзига хос “математикаси” (ҳисоб-китоби) ўзгариб туриши сир эмас. Шу боис, ёшлардан нолиш балки эрамиздан аввал бошланган, дея тахмин қилишга асос бордек кўринади. Катта авлод вакиллари биздан, биз эса ёши кичиклардан болалигимиз орасида, улғайиш ёшидаги ҳаётга муносабатларимизда номувофиқлик пайдо бўлаётганлигини таъкидлаб яшаяпмиз. Бу хусусда устозим Абдусалом домланинг мулоҳазалари мени яна янги саволларга жавоб қидиришга ундади: “Инсоният тарихини рамзан бир бутун дарахтга қиёсласак бўлади. Зеро, аждодлар қолдирган мерос биз учун илдиз вазифасини ўтайди. Шу улкан маънавий бойликдан баҳра олиб, униб-ўсамиз, улғаямиз. Муҳими, комилликка эришишимиз даражаси шу хазинадан қанчалик баҳра олишимизга боғлиқ. Бу жиҳатдан ўқитувчи-мураббийлар, ота-оналар, нуроний кексаларнинг вазифаси янада масъулиятли. Улар новдаю япроқларга илдиздаги қувватни етказиб берувчи тана вазифасини бажаради. Ёш авлод камоли шунга вобаста. Шу ўринда бу вазифа қанчалик даражада адо этилаётганлиги бизга масъулият юклаб турганлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”.
ЗАНГЛАМАЙДИГАН ЗАНЖИР
Бизнинг ИЛДИЗларимиз фахрлансак арзийдиган даражада бақувват! Санайдиган бўлсак, минг уринманг бири олинса, иккинчиси қолиб кетаверади. Бироқ, юрак ютиб бир кўз олдимизга келтириб кўрайликчи, алломаларимиздан қайси бирининг сиймоси, ижоди ва фаолиятининг ҳеч қурса хаёлотимиздаги эскизини ярата оламиз. Қайси биридан ўрнак олиб, нуқсонларимизни бартараф этишга ҳаракат қилаяпмиз. Хитойликларда “Эшикнинг занжири қимирлаб тургани учун зангламайди”, деган нақл бор экан. Бу сўзнинг замирида эса доимий фаолиятга ундовчи ҳикмат яширин. Шу ўринда илм ўрганаётган, изланишдан чарчамайдиган, мутолаага мубтало бўлган ёшларимизнинг ютуқларида маънавий заҳирамиз жилоланиб туришини таъкидлаш лозим. Улар истиқлолдан сўнг бир неча йиллардан буён қатланиб ётган улкан илмий, тарихий ва маънавий меросимизни тадқиқ этишга астойдил киришганлар. Бу борада навоийшунос олима, профессор Суйима Ғаниэванинг фикрлари қуйидагича:
— Илмий меросимиз ва қадриятларимизни тиклаш давлат масаласи даражасига кўтарилганлиги зиёлиларимиз зиммасига янада масъулиятлироқ вазифаларни юклади. Ўтмишни билиш ҳозирги кунни идрок этиш, келажакка қандай умид боғлаш кераклигини ўргатади. Китоблардан, меъморий обидаларимиздан, олимларимизнинг панду насиҳатларидан биз шуни уқамиз. Бобокалонимиз Алишер Навоий салафларининг ёзганларини, улар қолдирган улкан маънавий меросни ўзида мужассамлаштира олганлиги боис, адабиётда, маданиятда, илмда ниҳоят даражада юқори мавқеда бўлдилар. Аҳамиятлиси, ўзидан кейингиларга ҳам жуда катта таъсир кўрсатди. Шарқнинг бирон шоири йўқки, 16 хил лирик жанрда ижод қилган бўлса. Назаримда, Навоий ижодида айтилмаган сўз, қаламга олинмаган масала, муаммо қолмаган.
Мақсуд Шайхзода “Шеърсиз юракка мен ачинаман”, дея бот-бот такрорлардилар. Эркин Воҳидов ёзгандики: “Навоий ижодидан фалонча ғазални ёд билмаган ёш бўлмаслиги керак бизда”. Бу мулоҳазалар шоирларнинг шоирона шуур билан айтган гапи эмас, аксинча, мумтоз адабиётдан баҳра олиб, дард билан, армон билан айтганларидир. Навоийдек, Бобурдек, Ибн Синодек, Форобийдек адиб, шоир, олимларимизнинг асарларини йил давомида ўрганиб боришимиз, тарғиб ва ташвиқ қилишимиз шарт. Мактаб дарсликларимизда мумтоз адабиётга кўпроқ соатлар ажратилганлиги қувончли ҳодиса бўлди. Канададан келиб Навоийни, Англиядан келиб Аҳмад Яссавийни ўрганишаётган бир пайтда, “Ден Валентин”ни нишонлаётганларни учратсам, ранжиб кетаман. Бобурдаги муҳаббат юз мингта Валентиннинг муҳаббатидан устун. Шундай экан, нега биз Бобурнинг муҳаббатини унутиб, аллақандай Валентинникини нишонлаймиз. Ёшларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш, ҳаракатларини рағбатлантириш керак, шундай бўлса-да Бобурни суриб ташлаб Валентинга эргашадиган ёшлар менинг рўпарамдан чиқмаса, дейман.
ҚИШ ЭШИК ҚОҚҚАНДА
Турли ёшлилар орасидаги маънавий тафовут, ёшликни беҳуда ишларга совуриш тўғрисида гап кетганда И.А.Криловнинг “Ниначи ва чумоли” тўғрисидаги масали ёдимга тушади:
… Ниначи шўх
ўйнаб, чалди соз,
Сайлларда ўтди
гўзал ёз,
Гулзорлардан
келай демади,
Қиш ғамини
сира емади…
Вақт ўтиб қиш эшик қоққанда, кексалик етиб келганида, бош деворга урилганида мулоҳаза юрита бошлашимиз беҳуда безовталикларни келтириб чиқаради, холос. Чунки, бу фурсатда вақт аллақачон ўз ҳукмини чиқариб қўйган бўлади. Шундай экан, биз ҳам фурсатдан фойдаланиб, илдиздаги заҳираларни етказиб бериш ВАЗИФАлари қанчалик даражада адо этилаётганлиги хусусида ижодкорларимизнинг мулоҳазаларига эътибор қаратдик.
Султонмурод ОЛИМ, адабиётшунос:
— Миллий мерос ва унга муносабат масаласи сиз ўйлаётгандан ҳам мураккаб ва кўпқиррали. Мирзабаҳром Солиэв деган таржимон бўлар эди. Ўзбек мумтоз адабиётидаги лирик жанрлар тараққиёти ҳақидаги докторлик диссертатсиясида келтирилган шеърий парчаларни рус тилига ўгиришда жуда қийналибди. Эски ўзбек тилини ёши улуғ кишилар яхши билади, деб ҳисоблаб, кекса қаламкашларнинг бир нечасидан ёрдам сўрабди, ҳаммаларидан «тишимиз ўтмаяпти» деган жавоб олиб, ҳафсаласи пир бўлибди. Кимдир: «Сиз билан бир хонада ўтириб ишлайдиган фалончидан ўтадигани йўқ бу масалада», — дебди. «Ахир у ҳали ўттизга ҳам кирмаган йигит бўлса, эски ўзбек тилини қаэрдан билсин?» — дебди таржимон. Синаш учун кўрсатган экан, байтлар мазмунини, улардаги нозик ифодалар маъносини шарт-шарт айтиб ташлайверибди…
Демак, мерос мерослигича тураверади. Уни ўргансанг, сеники бўлади. Ўша ёш йигит махсус ўрганган, луғат титган.
Миллий мерос бизга камида икки маънода керак.
Биринчиси. Дунё халқларининг обрўйи башарият тамаддунига қўшган ҳиссаси билан ўлчанади. Шу маънода, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз. Очиғи, бошқалар ҳар қанча ҳавас қилса ҳам арзийди. Табиий фанлар, адабиёт, санъат, маънавият, дин, давлатчилик бўйича ҳам шу қадар катта меросга эгамиз. Бу бизга фахр ва ғурур бағишлайди, бизни яна ўша даражаларга кўтарилишга ундайди.
Иккинчи. Шу меросни ўқиб, ўрганиб, бугуннинг корига яратиш керак. Бугун жаҳон майдонида бўй кўрсатиб турган халқларнинг аксарияти тараққиётини миллий мероси пойдеворига қурган. Бунга алоҳида урғу бераётганимиз бекорга эмас. Мустамлака даврида миллатни ўз илдизларидан узиб қўйиш учун кўп ҳаракатлар бўлди. Ютқизган еримиз ҳам оз эмас. Энди икки-уч ҳисса куч сарфлаб, ўзликни англашимизга тўғри келаяпти.
Бу икки масала бўйича ҳам мустақиллик йилларида жуда катта бурилиш юз берди. Бироқ ҳали қилинадиган ишлар кўп. Айтайлик, Алишер Навоий — энг буюк шоиримиз, миллатнинг маънавий пири. Умумтаълим мактабларида унинг ҳаёти ва ижодини ўрганишга ҳам энг кўп соат ажратилган. Оммавий ахборот воситаларида бу улуғ зот ҳақида сўз юритилмаган кун кам. Санъатимизнинг бирор турини унинг ижоди таъсирисиз тасаввур эта олмаймиз. Шунга қарамай, тан олайлик: Навоий ҳақида нималар билишимиз сўралса, неча варақ ёзиб беришимиз мумкин? Ёхуд ҳаммамиз Ибн Сино, Беруний, Бобур билан фахрланишимиз кераклигини биламиз, бироқ уларнинг дейлик қабри айнан қаэрда экани ҳақида ҳаммамиз ҳам аниқ маълумотга эгамизми? Уларнинг асарларини ўқиган кўпми ёки ўқимаган?
Хулоса шуки, миллатнинг ўзлик даражаси қанча юқори бўлса, унинг бошқаларга кўр-кўрона эргашиши, айниқса, ёт ғояларга берилиш даражаси шунча пасаяди.
ИЧИМДАГИ ҲАДИК
Жавобларни тинглаб, ҳовур бир оз босилса-да, саволлар залвори ортиб борарди. Улардан бирига сал қайишай десанг, иккинчисининг ситам халтаси чок-чокидан сўкилиб кетишидан чўчийсан киши. Адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуровни ҳам шу каби хавотир безовталикка солганлигини ўқиб қолдим:
“Ростдан, ҳозир Вергилийни ким ўқийди? Ким ўқийди ҳозир Хомерни? Дантени ўқиётган биронта марди майдон борми? Уларми? Фақат уларми? Навоийни ким ўқийди ҳозир?
Ичимда ўтирган аллаким менга шундай нохуш саволлар беради. Унинг саволларининг ўзида жавоб борга ўхшайди. Ҳақиқатдан ҳам, уларни ҳозир биров қидириб ўқийдими? Шуларни ўқимасам, билмасам, дунёда тирик юрганим бекор деган ўз-ўзига писанда билан қўлга оладими? Ичимда ўтирган шубҳакор шахс билан тортиша бошлайман…”
Иброҳим Ғафуров “Хамса”ни учинчи маротаба мутолаа қилиб чиққанлигини ёзибди. Нега биз шошилмаяпмиз?! Ахир, ёш ўтгандан кейин надоматда қолишимизни, ўзгалар тилидан, бошидан кечирганлар иқроридан англаб турибмизку. Мана эллик ёшдан ошиб, олтмишни қоралаётган яна бир аҳли илмнинг иқрори: “Шу пайтгача фақат Навоийни ўқийверсак ҳам бизга етар экан. Бебаҳо хазинадан қуруқ қолганлигимни ана энди англаб турибман”.
Масаланинг моҳияти ана шу ердага ўхшаяпти. Токи биз тарихий меросимизни ўқиб, ўрганиб, ўзлаштириб, ҳаётимизга татбиқ этиб борар эканмиз, узоқлашиш эмас, яқинлик ҳосил бўлаверади. Чунки уларнинг маънавий асоси, илдизи ягона нуқтада умумлашиб, уйғунликни таъминлайди. Вақт, эътибор, меҳр-муҳаббатимизни буюк мақсадлар сари йўналтира олсак, қизиқиш ва интилишларимиз мақсадлар манзилига элтадигандек. Сиз нима дейсиз, муҳтарам муштарий?!
Азиз Норқулов,
“Маърифат” мухбири