Қўнғироқ чалинди. Ўқувчилар истамайгина хонага кириб келишди. Бироз муддат ўтиб кириб келган ўқитувчига болаларнинг ярми салом берди, ярми ўрнидан ҳам турмади. Ўқитувчи аввал хонага, деразага ва ўқувчиларга разм солди. Ўтирди. “Хў-ў-шш. Бугун ким навбатчи? Нега доскадаги ёзув ўчирилмаган? Қани, тез биттанг чиқиб ўчир-чи.” Кимдир зўрға ўрнидан турди. Доскани артди. Ўқитувчи эснаб нималарнидир титкилади. Ручкасини пешонасига нуқиб йўқлама қилди. Ўқувчиларнинг ярми йўқ. “Ўтган дарсда қандай мавзуни ўтгандик? Қани ким жавоб беради? Ким? Ие, ҳеч ким йўқми? Эссиз, бекорга кетган вақтим. Демак, тартиб билан чақирамиз…”
Ўқувчилар навбатма-навбат ўрнидан туришди. Дарсга ҳеч ким тайёр эмасди. “Биринчидан, Абдулла Қодирий эмас, Абдулла Қаҳҳор ижодини ўтгандик. Сенлар Қодирий билан, Қаҳҳорни ажратиб олмасаларинг… Иккинчидан… тўхта… Хурсандов, кўйлагингни шимнинг ичига тиқ. Ҳой, Бекназаров, нега телефонни ўчириб қўймайсан? Сенлар… одам бўлмайсанлар.”
Мана, сизга адабиёт ўқитувчисининг болаларга муносабати. Нега дарсда кўпчилик ўқувчи йўқ? Чунки, улар адабиёт дарсидан қониқмайди. Нега болалар дарсга тайёр эмас? Чунки ўқитувчи дарсни эсда қоладиган қилиб ўтмаган.
Йўқ! Менга у адабиёт ўқитувчиси дарс ўтмаган. Фақат уни танийман. Ҳа, уни сиз ҳам танийсиз. Бир эслаб кўринг, ким экан у? Ахир, уларни унутиб бўладими? Мен ҳозир бошқа бир адабиёт ўқитувчиси ҳақида гапирмоқчиман. Сиз уни ҳам танийсиз. Ҳа, сиз уни севасиз…
Ҳар миллатнинг шон-шавкатини, ўлмас қадриятини белгилаб берадиган шундай мезон бор, бу — адабиёт. Адабиёт дунё халқларида мамлакат, миллат номидан сўзлайди. Шу ўринда мамлакатимиз раҳбарининг “Адабиёт масаласи — бу маънавият масаласидир” дея қайғурганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Одатда эндигина шеър ёза бошлаган ўспирин ёки қизалоқ уятчан бўлади. Айни шу лаҳзада бир инсоннинг, адабиёт ўқитувчисининг ёрдами керак бўлади. Истеъдод ёки талант ўз вақтида қўллаб-қувватланса, йўналиш тўғри белгилаб берилса юзага чиқади. Бу вазифани эса фақат ўқитувчигина бажаради.
Бир ижодкор дўстим айтиб берганди: “Мактабда ёзувчилар билан учрашув бўлди. Одатда бундай тадбирлар жўшқин, қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтарди. Бу учрашувда эска қатнашчиларга бирор ўқувчи савол бермади. Ёзувчиларимиз “Ўқувчилар ҳали ҳаяжонларини босиб олишмабди”, деган мулоҳазага бориб, қизиқ воқеаларни айтиб берса ҳам ҳеч нарса ўзгармади. Бир маҳал адабиёт ўқитувчиси:
— Ҳозир ўқувчиларимиз ўқийдиган асарлар босилмаяпти, — деб қолди.
Мен унинг бошқа гапини эшитмадим. У гўёки ўқувчилар савол бермаётганига яхши китоблар камлигини рўкач қилиб ўзини оқлаётгандек эди.
Аслида, адабиёт ўқитувчиси қандай бўлиши керак? Аввало, унинг ҳар бир сўзида, фикрида чуқур маъно, гўзаллик уфуриб турмоғи лозим эмасми? Ахир у болаларга орзу қилишни, савол беришни ва энг муҳими китоб ўқишни ўргатади. Орзу қилиндими — у қачонлардир амалга ошади. Савол берилдими — жавоб топилади. Болага китоб ўқи дейиш, матнни ёдлатиш билан ўқувчи китобхон бўлиб қолмайди. Биз одатда, кенг ва чуқур мушоҳада юритадиган одамларга ҳавас қиламиз. Биз ҳавас қилаётган ўша одамнинг тафаккури болалигиданоқ шаклланишига адабиёт ўқитувчиси сабаб бўлади.
* * *
Энг баланд тоғ — Ҳимолай. Энг узун тоғ тизмаси — Анд. Энг узун дарё — Нил. Энг суви кўп дарё — Амазонка. Энг катта уммон — Тинч океани. Энг узун… Энг узун тун — ялдо кечаси. Бир кечада, бир неча эртак қаҳрамонларини “мурод мақсадига” етказиш мумкин. Бир туннинг ўзида “Алпомиш”ни ўқиб тугатиш мумкин.
Тошкентдан уйга борганимда дастлаб адабиёт ўқитувчиси билан учрашдим. Суҳбатлашиб ўтирдик. Гап мавзуси яна адабиётга кўчди. Ўқитувчим менга шундай савол берди:
— Тўра Сулаймоннинг “Чаман ичинда бир гул, гул бир ён, чаман бир ён”, деб бошланадиган гўзал бир шеъри бор. Ўша шеърнинг якуни “Гўрўғли султон бир ён, Тўра Сулаймон бир ён”, сатрлари билан тугайди. Нега муаллиф Гўрўғли Султонга ишора қилган? Алпомишга эмас, Рустамга эмас, нега айнан Гўрўғлига?
Мен бу савол қаршисида тилсиз қоламан. Хаёлан жавоб излаб ўқиган китобларим оралаб кезаман.
* * *
Адабиёт дарси. Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” трагедиясини муҳокама қилаяпмиз. Хона жим-жит. Юрак уришини эшитса бўлади. Нафас олишга қўрқамиз. Бехосдан қилич овози ва шу билан бирга орқа партадаги бир қизнинг пиқ-пиқ йиғлагани эшитилади. Йиғи аста-секин бошқаларга ҳам кўчади. Болаларнинг қўлини мушт қилиб хўрсингани узоқ вақт эшитилиб туради. Нега ахир? Инсон ўз отасиниям ўлдирадими? Юрагимизда, тиниқ тафаккуримизда бу савол чуқур илдиз отади. Абдулатифни ёмон кўриб қоламиз.
— Демак, кейинги дарсда асарни қаҳрамонларга бўлиниб ўқиймиз, саҳна кўриниши тайёрлаймиз. Бу ҳам тез ёдланади, ҳам узоқ вақт хотирада қолади.
Ҳаммамиз Улуғбекни танлаймиз. Абдулатифга нафратимизнинг чегараси йўқ. Раҳмонберди муаллим назаримда хийла кенгайиб кетган хонага теран нигоҳ ташлайди.
— Абдулатиф, Аббос каби қаҳрамонлардан ҳам яхшилик ахтаринг…
Биз анграйиб қоламиз. Наҳотки, ўз отасини ўлдирган падаркуш қаҳрамонидан эзгулик ахтарсак? Муаллим нималар деяпти?
— Ўйлаб кўринг. Абдулатиф ёш бола бўлганида Улуғбек тиззасига олиб ўтирмаганмиди? Боланинг ширин эркаланишига отанинг бор қувончи эш бўлмаганмиди? Ота-боланинг шу ҳолатини кўз ўнгингизга келтирсангиз — Абдулатиф беозор болага айланади-қолади. Мен Абдулатифни оқламоқчи эмасман. Фақат салбий қаҳрамонларнинг ҳам ҳолати-ҳаракатини тушунишга ҳаракат қилинг, демоқчиман холос.
Мен Улуғбек бўламан. Бунга шеър ёзишни яхши кўришим сабаб. Орқа партада ўтириб йиғлаган Мунисанинг Феруза бўлишини жуда-жуда хоҳлайман. Муаллим дилимдагини сезгандек дейди:
— Муниса, сен — Феруза бўласан. Нурали — Али Қушчи, Ҳамид — Аббос, Усмон — Абдулатиф.
… Кейинги дарс. Ўша асрга, ўша асрни йиғлатган қора тунга кириб борамиз. Шамдонлар, фисқу фасодга тўла сарой. Ва олис келажакка нурли йўл бўлиб турган китоблар, осмон тўла юлдузлар… Ва ниҳоят мени — Улуғбекни “ўлдиришади”. Ферузанинг кўз ёшлари…
Бошқа бир дарсда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидан Отабек ва Кумушбибининг бир-бирига ёзган мактубларини ўқиймиз. Бу гал Муниса — Кумуш. Отабек — Ҳамид… Мен эса ҳеч ким.
Миртемирнинг “Сурат” достонини ёддан биламан. Бошидан охиригача айтаман. Тошлонман. Хиёнаткор Ойсулув — Муниса. У яна орқа партада ўтирар, лекин бу сафар йиғламасди…
* * *
Раҳмонберди Турсунов. Сурхондарё вилоятининг, Сариосиё туманида, тоғли Сангардакдаги 16-мактабнинг адабиёт ўқитувчиси…
Бизнинг адабиёт ўқитувчимиз…
У бизга салбий қаҳрамонларни ҳам тушунишни ўргатган устоз…
Унинг дарс ўтиш услуби бошқача эди. Юқорида айтганимдек, қанақа асар бўлмасин, аввал ўқиб, кейин қаҳрамонларга бўлиниб кетардик. Бир гал муаллимимиз “Кеча ва кундуз”нинг ёзилмаган давоми “Кундуз”ни ёзишни бизга мустақил топшириқ қилиб берди.
— Шунчаки дилингиздан кечаётган туйғуларни ёзинг, истасангиз яна қаҳрамонлар қўшинг.
Биринчи навбатда, Ўлмас билан Зебини Сибирдан қайтарамиз. Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, деганларидек Раззоқ сўфига битта ака топамиз. Исми — Умрзоқ. Қишлоқда деҳқончилик қилади. Укасини тушида кўриб излаб келиб, қишлоққа олиб кетади. Даволайди. Бу орада Мирёқуб жадидчилик ҳаракатини бошлаб юборади. Сўфи Зебини шу ерда кўради…
Ёзамиз. Мақтов, гоҳида танбеҳ эшитамиз. Яна ёзаверамиз — дафтарлар тўлиб кетаверади…
* * *
Эҳтимол, мен ҳозир айтмоқчи бўлган гап кимгадир ёқмас, кимнингдир энсасини қотирар. Албатта, бу менинг шахсий фикрим. Гапнинг индаллоси шуки, бугун қайси мактабдан шоир чиқмаётган бўлса, демак ўша мактабнинг адабиёт ўқитувчиси йўқ. Бўлсаям — дипломда адабиётчи. “Ҳозир ёшлар китоб ўқимай қўйди!”, деган гаплар тез-тез қулоққа чалиниб туради. Халқимизда бир гап бор: Бола бошдан… Демак, адабиёт ўқитувчиси қаердадир хатоликка йўл қўйган. Демак, яна сабаб — ўқитувчининг масъулиятида. Биз эртаклар, маталлар, достонлар оғушида улғайганмиз. Қаҳрамонлар макони бўлган ўша эртаклар бизни китобларга ошно тутишган. Ўша эртакларга эргашиб китоб билан, адабиёт ўқитувчиси билан кўнгилдош бўлганмиз. Демак, адабиёт дарсларида эртак, достонлардан кенг фойдаланишимиз керак. У иқтисодчими, учувчими, қурувчими, қайси касбни танлашидан қатъий назар, биринчи навбатда, китоб билан, адабиёт ўқитувчиси билан яқин бўлиши керак. Адабиёт ўқитувчиси — ҳар бир боланинг кўнглида эзгулик уйғотадиган энг биринчи инсон. Унинг камол топтирадиган касби шунинг учун ҳам масъулиятли, заҳматли ва шарафлидир. У шунинг учун ҳам адабиёт ўқитувчиси, шунинг учун — ҳаёт ўқитувчиси, орзу ўқитувчиси. Мен унутолмайдиган бир воқеа бор. Ўша воқеа бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди.
Мактабни тугатган йилим, ота-онам аниқ фанларга асосланган ўқишга боришимни хоҳлади. Орзу орзулигича қолиб кетадиган бўлди. Эрта-индин кетаман деб турганимда адабиёт ўқитувчиси бир чимдиб, кўзимни очиб қўйди:
— Олов ёқай десам ўтин тамом бўпти. Сенда қоғоз кўп. Шеърий дафтарларингни бер. Ҳа, шеъринг чиққан газеталарниям.
— Шеърларимни? Улар ўзимга керак…
—Уларнинг энди сенга кераги йўқ, — деди киноя аралаш, — сен бошқа соҳани танладинг.
Бўлди. У бошқа гапирмади. Индамай кетди. Мен жим қолавердим. Отамнинг раъйига қарши чиқиб, ўша йили ўқишга бормадим. Отам кейинги йили ҳам юмшамади, аммо мен ёзишдан, орзу қилишдан тўхтамадим. Барибир, ўзим орзу қилган журналистика факултетига ҳужжатларимни топширдим.
* * *
Йўлчи бир қадам бўлсаям юргани яхши! Мен бугун йўлдаман. Ҳар қадамда бир инсоннинг, менга орзу қилишни, савол беришни, умуман яшашни ўргатган адабиёт ўқитувчисининг нигоҳини сезаман. У она тили бўйича дарслик-қўлланма ёзгани учун эмас, устозим бўлгани учун ҳам эмас, у — оддий, ўзгача адабиёт ўқитувчиси бўлгани учун унинг олдида ўзимни қарздор сезаман. Бугун кўплаб истеъдодли йигит-қизларнинг китоблари чоп этилмоқда. Улар, энг аввало, адабиёт ўқитувчисининг шогирдларидир. Улар дўстим айтган, “ўқийдиган китоб йўқ” дейдиган ўқитувчининг шогирдларига ўхшамайди. Улар менинг устозимнинг шогирдларига жуда-жуда ўхшаб кетади.
Ўқишни тугатиб, бир курсдош дўстим билан уйга бордим. Суҳбатимиз яна адабиётга боғланди. Устозим яна ўша саволни берди: “Гўрўғли султон бир ён, Тўра Сулаймон бир ён”. Нега?
Мен ҳам, дўстим ҳам ер чизиб қолдик. Тахминлар бор, лекин аниқ тўхтам йўқ. Мен шу саволга жавоб излаб “Гўрўғли” достонига, Тўра Сулаймон ижодига қайта-қайта мурожаат қилдим. Аммо… Мен излаган — адабиёт ўқитувчиси кутган жавобни ҳали-ҳануз топганимча йўқ… Барибир топаман. Негаки мен, савол борми, демак қаердадир унинг жавоби борлигини ҳам биламан. Адабиёт ўқитувчимиз шундай деган эди…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 18-сонидан олинди.