“Қизил диплом” нима беради?

– Мактабни неча баҳо билан битиргансиз? Олий ўқув юртини-чи?

Дабдурустдан берилган ушбу саволларга жавоб бериш, бир қараганда, жуда осондай туюлади. Оғиз тўлдириб: “Қизил диплом олганман”, дегувчилар кўп. Ким билсин, баъзилар оғир хўрсиниб ёшликдаги армонини “янгилаб” олгандир. Аъло баҳоларга ўқиганига қарамай, қандайдир сабабларга кўра имтиёзли диплом ололмай қолганлар бор-да.

Биз оғзаки нутқда “қизил диплом” ёки “қизил аттестат” деб атайдиган маълумотимиз тўғрисидаги ҳужжат келгуси ҳаётимизда қандай ўрин тутади? Нега кўпчилик унга эга бўлишни хоҳлайди? Ҳатто сотиб олмоқчи бўлади?

Ўқув юртини аъло даражали шаҳодатнома (ёки имтиёзли диплом) билан тугаллаганга нима етсин. Аммо бунинг учун даъвогар арзирли киши бўлиши керак-ку! Аксарият ҳолларда юқори синф(курс)да бунга ҳаракат қилиб қолишади. Ҳаёт қонуни шундайки, маълум кишининг билимлари барча соҳада бир хил даражада, мукаммал бўлавермайди. Жумладан, фанларни ўзлаштиришда ҳам. Унинг билимига қўйилган баҳо нисбий эканлиги аниқ. Чунки ҳамма “вундеркинд” эмас. Шу боис ўқув юртини имтиёзли тарзда битирганларнинг барчаси ҳам ўз ўрнини топиб кетавермайди. “Ҳаётда дипломнинг “қизил” ёки бошқа рангдалиги деярли ҳеч қандай рол ўйнамайди” деганга ўхшаш фикрлар ҳам мавжуд. У ҳолда ҳужжатнинг имтиёзлилиги қаэрда қолади?

Имтиёзлари борки, ўқувчи ёки талаба уни қўлга киритишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, ён-атрофдагилар эътирофи. Чунки имтиёзли ҳужжат эгаларига, одатда, “бошқача” муносабатда бўлишади: нимасидир борки, “қизил аттестат” олган. Асосийси, ўқиш учун бошқа жойга ҳужжат топшираётганда бу инобатга олинади.

Энг ачинарлиси, бу борада турли кўзбўямачиликлар ҳам бўлиб туради.

Биринчи суҳбатдош:

-Ўғлимнинг ўқитувчиси телефон қилди. Боламнинг ўқиши тугаётганлигини айтиб, бир келиб кетсангиз, яхши бўларди, деди. Дарров тушундим. Имтиёзли диплом олишга даъвогар бўлган ўқувчиларнинг ота-оналарини чақиртираётган экан. Ўғлимга бир ҳафтадан кейин боришимни ўқитувчисига етказиб қўйишини айтдим. “Бормайсиз, – деди у. – Биламан нима мақсадда чақиришаётганини. Мен пул билан “қизил аттестат” олмоқчи эмасман”. Ғалати бўлиб кетдим.

Фарзандимни тушунса бўлади. Одам устозига маълум маънода эътиқод қўйиши керак. Ўқувчи беҳад ҳурмат қилган ўқитувчиси (айниқса, синф раҳбари) унга аъло даражали шаҳодатнома олиш учун пул керак, деб турса, ёш қалб эгаси қандай аҳволга тушишини тасаввур қила оласизми?

Иккинчи суҳбатдош:

– Олий ўқув юртини битираётган пайтимизда кўпчилик имтиёзли диплом олиш илинжида давлат имтиҳонларига ҳам астойдил тайёрлана бошлади. Бир курсдошим жуда яхши ўқирди. Ҳамма фандан баҳолари аъло. Лекин дастлаб унга имтиёзли диплом берилмади. Ҳайрон бўлдик. Ректоратга бориб аниқлаштириши кераклигини маслаҳат бердик. У ердагилар факултет декани ўринбосарига мурожаат қилишни айтишди. Рўйхат беришда адашишган экан. Курсдошим магистратурада ҳам ўқимоқчи эди. Бунда дипломнинг имтиёзлилиги аҳамиятга эга экан. Анча елиб-югуришлардан кейин зўрға тўғриланди. Ниҳоят, диплом “қизил”га айланди.

Бу каби ҳолатлар ҳаётда учраб туради. Буни инкор эта олмаймиз. Лекин кўпчилик имтиёзли ҳужжат олишга нега бу даражада ўч? Шу туфайли киши фақат “қизил”ни кўзлайдиган бўлиб қолади. Оппоқ орзулар ҳам секин-аста “қизиллашиб” бораверади. Ўқувчи, талабанинг баҳо учун ўқиши, аъло даражали шаҳодатнома, имтиёзли диплом олиш мақсадида ҳуда-беҳудага баҳо талашавериши яхшими? Бундайлар жамоатчилигим ҳам ҳисобга олинади деб, турли ташкилотларга аъзо бўлиб оладилар. Дарс ҳисобига турли тадбирларда қатнашадилар. Вақтларининг кўп қисмини ана шундай жамоатчилик ишлари билан ҳам ўтказиб юборадилар. Шундай бўлгач, унинг ўзлаштириши “имтиёзли”га баҳоланиши адолатданми? “Қизил аттестат” ёки ” қизил диплом” олиш учунгина ўқиш қандай наф бериши мумкин?

– Юқори синф ўқувчиларининг кўпчилиги аъло даражали шаҳодатнома олиш учун ҳаракат қилаётганини яхши биламан. Мен раҳбарлик қилаётган синфда ҳам бунга даъвогарлар кўп. Мактабни аъло даражали шаҳодатнома билан тугаллаган яхши. Албатта, бунда ўқувчининг баҳо кўрсаткичлари билан бирга хул­қи, жамоатчилиги ҳам ҳисобга олинади. Шунчаки номи учун шаҳодатномасининг имтиёзли, ўзлари айтмоқчи, “қизил” бўлишини истовчи ўқувчиларга бунинг тўғри эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Ундан кўра, асосий эътиборни фан олимпиадаларига қаратишларини айтаман. Чунки фан олимпиадалари ғолиблари учун олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилиниш имтиёзи бор, – дейди ўқитувчи М. Валиэва.

Собиқ курсдошимнинг мана бу сўзлари бизни ўша пайтдаёқ ўйлатиб қўйган эди: “Фалончи нега қизил диплом олди, дегандан кўра, нега унга имтиёзли диплом берилмади, дегани яхшироқ эмасми? Аслида, ҳақиқий баҳони ҳаётнинг ўзи беради. Ўқишдаги қатор-қатор “беш”лар ҳар доим ҳам кишининг билим даражасини белгилаб бермайди. Ҳаётда ҳам унга “беш” келтиравермайди”.

Махзуна Камолованинг бу ҳақдаги фикр­лари бошқачароқ экан:

– Мен ўқувчи, талабанинг аъло даражали шаҳодатнома ёки имтиёзли диплом олиш учун ҳаракат қилишини қўллаб-қувватлайман. Мақтанчоқликка йўйманг-у, ўзим мактабни ҳам, университетни ҳам битиришда шундай ҳужжат олганман. Бунинг учун яхши ўқишга, фанларни ўз вақтида ўзлаштириб боришга ҳаракат қилганман. Шу билан бирга, давлат имтиҳонларига қаттиқ тайёргарлик кўрганимни, қўшимча маълумот олиш учун кутубхонадан бери келмаганимни яхши эслайман. Натижаси ёмон бўлмади. Ҳам имтиёзли ҳужжатга эга бўлдим, ҳам билимим ошди.

– Бакалавриат босқичини тугаллаганим ҳақидаги ҳужжатнинг топширилиш санаси мен учун унутилмас кунлардан бири бўлган. Негаки, у тўрт йиллик ўқиш мобайнида қайсидир фанлардан у даражада қийналмай, бошқасидан тиришиб, баъзиларидан ўқитувчилар билан ҳатто тортишиб олган баҳоларимнинг самараси эди, – дейди ЎзМУ журналистика факултети 2-курс магистранти Мухтабар Қурбонова. – Ўшанда “имтиёзли” ёзуви ҳаётимда кўп ишларни ҳал қилиш имконияти бўлиб туюларди. Тўғри, магистратура йўналишида давлат гранти асосида ўқишимда унинг ҳам аҳамияти катта. Менга имтиёзли дипломнинг психологик жиҳатдан таъсири ҳам сезилди. У ота-онамнинг хурсандлиги билан бирга яқинларим олдида юзим ёруғ бўлишига ҳам сабабчи бўлди, назаримда. Бу менга кўтаринки руҳ бағишлаб, маълум маънода келажакдаги орзуларимнинг ушалишига ҳам умид уйғотди.

Шу ўринда имтиёзли дипломга эга бўлишни истовчи талабаларни икки гуруҳга ажратган бўлардим. Биринчи гуруҳга мансуб талабалар фақат илм олишни истайдилар ва бунинг учун астойдил ҳаракат қиладилар. Улар ноҳақлик, қи­йинчиликларга фақат изланишлари орқали ечим топадилар. Иккинчи гуруҳдаги талабалар эса имтиёзни шараф деб биладилар ва фақат унинг номи учунгина ҳаракат қиладилар.

Биз келтирмоқчи бўлган мисоллар шулар. Умуман, ҳужжатнинг қандай рангда эканлиги (лекин, барибир, “қизил” бошқача бўлса керак-да) у қадар муҳим эмас. Энг муҳими – орзуларимиз рўёбга чиқсин.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН