Наргиза Аҳмедова. Машина юваётган аёл

http://n.ziyouz.com/images/avtorain.jpg

Ҳамроҳларим билан тоғдан — дам олишдан қайтаётгандик. Ёмғир ёғиб ўтгани сабабли йўллар лой эди. Шаҳарга кираверишда қў­лига латта ва челак тутган қизларни кўриб, ҳайдовчи машинасини тўхтатди-да, бизга юзланди: — Шу аҳволда шаҳарга кириб бориш ноқулай. Ярим соатда машинани ювдириб олай, — деб чуғурлашаётган қизлар билан савдолаша бошлади.

Қанчага келишишди, билмадим, икки қиз йўл четидаги ариқчадан челакда сув олиб келишди ва латтани ҳўллаб, ишга киришиб кетишди. Машинанинг печкаси ўчирилгач, ўтирганларнинг эти жунжика бошлади. Мен эса палтомга ўраниб олдим. Машина юваётган қизлар тез-тез ҳаракат қилар, сувнинг, ҳавонинг совуғи уларнинг қўлларини, юзларини кўкартириб юборган эди. Ахийри, чидолмадим, пастга тушдим-да, қизларнинг бирига:

— Дугонажон, сизга мос бошқа иш топилмадими? Ахир бўлажак онасиз-ку, — дедим. Менинг гапимдан энсаси қотган қиз: — Бошга тушганини кўз кўради, менинг ғамимни емай қўяқолинг, — деди бепарволарча.

… Машина йўлга чиққанда орқа ўриндиқда ўтирган кексароқ аёл сўзлай бошлади:

— Ёшлигимизда онамиз бўш қолдик дегунча ё кашта, ё дўппи тикишга ўргатарди. Ҳозир-чи? Қаранг, машина ювиш қизларнинг ишими? Бугун совуқ сувга қўлини тиқиб, касаллик орттирган қиз эртага соғлом болани дунёга келтиради, деб ким кафолат беради? Шу қизларга маҳалласида ёки ён-атрофида иш йўқ деб ўйлайсизми? Бор. Фақат қўли дарров пул кўришга ўрганган уларнинг. Соғ­ликларини эса ўйлашмайди.

Унинг гапини ёнидаги аёл давом эттирди: — Давлатимиз ёшларнинг ҳунар ўрганишлари учун катта имкониятлар яратиб қўйган пайтда бундайларни кўриб ачиниб кетасан. Тўғри, машинани ҳам кимдир ювиши керак. Лекин бу қизларнинг ишимас-да. Қиз болада оналикнинг белгилари ўн ёшидан бошланади дейишади. Демак, қиз бола шу ёшдан ўзини авайлаб-асраши, соғлом турмушга тайёрлаши керак…

Ҳали бу воқеани унутолмай юрганимда яна бир ҳолатга дуч келдим. Биз ўтирган “Дамас” бензин қуйиш учун ёнилғи шохобчасига бурилди. Дарров икки қиз югуриб келишди. Бири пул санаб олди, бири машина бакига бензин қуя бошлади. Машинанинг ойнаси очиқ бўлгани учун бензиннинг ҳиди салонга ўтириб қолди. Орқароқда ўтирган аёл кетма-кет ўқчий бошлади. Ҳайдовчи эса: — Бензин қуяётган қизларга “жин” ҳам ургани йўқ, сизлар эса ҳидига чидай олмаяпсизлар-а? — деб кулди. Суҳбатга яна бир аёл қўшилди: — Бу қизлар ҳозирча ҳеч нарсани билишмайди, бу ишнинг азобини кейин тортишади. Аёлнинг нафақат кўнгли, балки танаси ҳам гулдай нозик. Шунинг учун бундай жойларда миллатимиз келажагини ўйлаб иш тутиш керак…

Бу гапни машина салонидагилар ҳам маъқуллади, лекин “хизматдаги” қизлар бу гаплардан бехабар эдилар. Юқоридаги воқеалардан шунчалик таъсирландимки, йўл-йўлакай шифохонага кириб, шифокорларнинг бу борадаги фикрлари билан ҳам қизиқдим.

Терапевт Холида Арслонова: — Қиз болами ё турмуш қурган аёлми биринчи галда совуқдан, ёмон ҳидлардан ва бемаза таомлардан ўзини сақлаши керак. Мана шу уч омил унинг она бўлишида боласининг соғ­лом ёки носоғломлигини белгилайди. Қадимда оналаримиз нимча, камзул кийиб, кўкракларини, томоқларини, шамол ва совуқдан бекитиб, бошларини эса рўмол ўраб эҳтиёт қилишган. Ёқимсиз ҳидларни йўлатмаслик учун эса чаккаларидан рай­ҳон шохчаларини туширишмаган. Ахир, қиз бола ўзини жуда авайлаши зарур. Бўлажак она соғлом авлоднинг пойдеворини қўйиши учун ўзи соғлом бўлиши керак.

Ҳа, мустақиллик аёл қаддини тик қил­ди. Соғлом она, соғлом фарзанд тарбияси учун кўплаб қарор ва фармонлар эълон қилинди. Жойларда хотин-қизларнинг соғлигини мустаҳкамлаш баробарида уларнинг маънавий-маърифий онгини ошириш учун қатор ишлар қилинмоқда. Афсуски, мана шундай саъй-ҳаракатлардан бехабар қиз-жувонлар ҳаётида юқоридагидек ҳодисалар ҳам учраб турибди.

Яқинда раҳбар аёллардан бири билан суҳбатлашиб қолдим. Гап орасида унга юқоридаги воқеаларни айтиб бердим. У мулоҳазаларимни тинглагач, шундай деди:

— Ҳозир ҳунар ўрганаман деганга ҳамма имкониятлар мавжуд. Жойларда қанчадан-қанча ўқув курслари бор. Тикувчилик, сартарошлик ва ҳоказо. Сизга бир воқеани айтиб берай. Маҳаллаларимиздан бирида яшовчи оиладан мактуб олдик. Хатда биздан ёрдам сўралган экан. Сов­ға-саломлар олиб, уйига бордик. Суриштирсак, оилада уч қиз бўлиб, биронтасининг ҳунари йўқ экан. Ҳатто биттаси сиз айтгандек, машина ювишга чиқиб, ўпкасини шамоллатибди. Касалхонада ҳам ётиб чиқибди. Қизларни ўқув курсларига жойлаштиришга ёрдам қилдик. Орадан 3 ой ўтиб, бири сартарош, бири тикувчи, бири эса торт пиширишни ўрганди. Ҳозир ҳаммаси ишлайди. Оилага келадиган даромад ҳам кўпайди. Энг кераклиси, ўзларига маъқул бўлган ишни топишди.

Мен бу гаплардан хурсанд бўлдим ва машина юваётган, бензин қуяётган ёки баъзи ҳолларда мардикорчиликка чиқаётган қизлар ҳам мана шундай яхши инсонларга дуч келишини астойдил истадим.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).