Наргис Қосимова. Бодилар «санъати» ёхуд боди-арт ҳақида мулоҳаза

Метрода ёнимда кетаётган йигитча рўпарамизда ўтирган қизни нигоҳи билан кўрсатиб, шеригига шивирлади:

— Анавини қара, чаёни бор экан.

Шериги уни тушунмади, шекилли, бир дугонасига гап сотаётган қизга, бир ўртоғига қаради.

— “Кетворган” экан демоқчимисан?

— Йўғ-ей, билагига қара, билагига!

Мен ҳам қизиқиб, йигитча имлаган томонга нигоҳ ташладим. Рўпарамизда ўтирган қизнинг билагига думини гажак қилиб турган чаён расми солинганди. Шу пайт поезд тўхтаб, дугоналар ўрнидан туришди. Эътиборимизни тортган қизнинг ҳамроҳи вагоннинг тепа тутқичидан ушлаш учун қўлини кўтарган эди, белини салгина ёпиб турган кофтаси кўтарилиб, баданида «тўрига ёпишган ўргимчак» кўринди. Буни кўрган йигитчалар очиқчасига кулишди.

— Қара, чаённинг зўри бу ёқда экан!

— Чиқиб келаётган жойини қара…

Қизлар гап ўзлари ҳақида кетаётганини билиб, лабларини буришди-да, вагондан тушиб кетишди.

Бу воқеани кузатиб турган ёши каттароқ аёл бошини чайқаб қўйган бўлса, бошқаси «Eҳ» деганича яна қўлидаги газетага тикилди.

Афсуски, бугун айрим ёшлар орасида урф бўлаётган боди-арт (инглиз тилидан бодй арт — “тана санъати”, ўз тилимизда эса оғзига келганини гапирадиган олифта кимсаларни “боди”, “бодича” дейишади. Нима бўлганида ҳам бодилар)­нинг тарафдорлари сезиларли даражада кўпайиб бормоқда. Қизларимиз, келинчакларимизнинг “қош-кўзини попукдек, лабини ғунчадек” қилиб қўйишга ихтисослашган татуаж салонлари ҳам ёмғирдан сўнг потирлаб чиққан қўзиқориндек кўзга ташланиб бораяпти. Уларда нафақат қош ва лаб, балки тананинг исталган жойи­га нақш ҳам солинади. Бу хизматни чўнтак кўтарса бўлгани. Кўп ҳолатларда сурат тананинг очиқ жойларига игна орқали танага ранг киргизиб чизилади (татуировка).

Боди-артнинг илк кўринишлари ХХ аср бошларида пайдо бўлган. 1960 йилларга келиб, у Европада кенг тарқалади. Айнан шу йиллари боди-арт вакиллари ўз таналарини ижод материали сифатида намоён қилиб, аксарият ҳолатларда оғриқли амалларни бажаришади. Масалан, франсиялик Ж.Пан сочини ёқиш орқали бошига расм солади, австриялик Р.Швартскоглер ўз танасидан кичик-кичик бўлаклар кесиб олиб, “ярали сурат” яратиш жараёнида кўп қон йўқотиб ўша ернинг ўзида вафот этади.

1960-1970 йилларда Л.Онтани, Р.Хорст, Х.Вилке, П.Коттон, У.Лути, Ю.Клауке, Л.Кастелли, В.Трасов, П.Олешколар ялан­ғоч танани турли рангларга бўяб, “модалар фестивалини” ташкил этишади ва боди-артнинг бодипейтинг, яъни танага сурат чизиш йўналишига асос солади. Бугунги кунда боди-арт­нинг фейс-арт (юзга расм солиш), нейл-арт (тирноқларни бўяш), менди-арт (танага хина ёрдамида расм солиш), пирсинг (тананинг маълум бир қисмини тешиб, тақинчоқ тақиш), скайс (тишни бўяш), кўз имплантлари (кўзнинг оқига расм солиш), скарификатсия ёки брединг (чуқур яралар орқали танага бирор бир нақшни чизиш, тамға босиш) каби турлари мавжуд.

Албатта, боди-арт тарафдорлари, аввало, омма ичидан ажралиб туриш, ўз таналарини кўз-кўз қилиш, ўзгалар эътиборини тортишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўядилар ва бу йўлда ҳеч нарсадан қайт­майдилар. Афсуски, енгил табиатли ўсмирлар, ёшлар уларга кўр-кўрона эргашадилар ва таналарига чиздираётган расм­ларнинг туб моҳиятида маълум бир маъно-мазмун борлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Жаҳон халқлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ҳиндлар, ҳиндулар, Африка, Австралияда истиқомат қиладиган баъзи бир қабилалар дунё­қарашлари, диний эътиқодларига кўра таналарига расм чизиб, бўяшган, турли хил тақинчоқлар тақишган. Кейинчалик ўғри, фирибгар, қаллоб, қотил, фоҳишаларга қилган жиноятига қараб танасига турли хил қизиган темир билан там­ғалар босилган. Натижада ХIХ асрнинг охирига келиб ҳибсга олинган жиноятчилар ўртасида танага турли хил нақшлар (наколкалар) солиш урф бўлади ва улар қамоқхонада маълум бир мавқени эгаллашган. Жиноятчилар ўртасида мазкур одат ҳозир ҳам сақланиб қолган. Жиноятчининг билаги, қўли, бўйни, танасига чизилган турли хил татуировкаларга қараб, уларнинг нима жиноят қилганлигини осонгина аниқлаш мумкин.

Энди юқорида келтирилган воқеага назар ташлайдиган бўлсак, айрим қизларнинг танасига чизилган чаён ва ўргимчак суратлари жиноятчилик оламида ўз маъносига эга. Чаён зўравонлик, қасос олиш маъносини билдирса, ўргимчак гиёҳвандларнинг ўзига хос белгиси. Шунингдек, ўргимчак суратини ўғрилар ўз таналарига чиздиришади, у тананинг қайси жойидалигига қараб маънони англатади. Қизлар бундан бехабар бўлишса керак, акс ҳолда, ўзларига бир умр бундай тамғани босмаган бўлар эди.

Халқимиз қадимдан аёлни, айниқса, қиз болани ҳаёси, одоби, ибоси учун ҳурмат қилади, қадрлайди. Бугунги кунда унинг бу хислатларига қизларимизнинг билими, кенг дунёқараши, ўз юртига, ота-онасига, туғилиб ўсган она тупроғига бўлган меҳр-муҳаббатини қўшиш мумкин. Охирги гаплар, албатта, йигитларга ҳам тегишли. Ёшлик қилиб, ўз таналарига турли ҳашаротларнинг расмини татуаж орқали чиздирган йигит-қизлар, балки ўзларини маданиятли, замонавий инсонлар деб санашлари мумкин. Бироқ… Қош устига, лаб остига зирак тақиш, думғаза устига расм солиш, ҳар бир гапга инглиз ёки бошқа тилдаги сўзларни қўшиб, ўзини “ўта замонавий” ва “маданий” деб билиш, аслида, ғирт маданиятсизликнинг ўзидир. Муқаддас ҳадисларимизда инсон ўзига, танасига озор етказиш гуноҳ эканлиги қайд этилади, болани бадхулқ этиб тарбиялаш жамиятга етказиладиган энг катта зарарлардан бири сифатида кўрсатиб ўтилади.

Бу борада биз билан ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашган педагогика фанлари номзоди Зебо Ахророва шундай дейди:

— Афсуски, сўнгги пайтларда умуминсоний тамойиллар ва қадриятларнинг эмас, балки оммавий маданиятнинг ортидан эргашиш ҳоллари учраб турибди. Компютер технологияларининг ривожланиши инсониятнинг олға қадам ташлашига сабаб бўлиши билан бирга, эгосентризмнинг кучайишига олиб келмоқда. Айниқса, вояга етмаган ўсмирлар ва ёшларнинг ўз қобиғига ўралиб, яқинлари, жамият манфаатларидан кўра ўз манфаатларини устун қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслик учун, аввало, ота-оналар, қолаверса, кенг жамоатчилик ҳушёр бўлиши зарур. Албатта, боди-артга берилиб, танасига турли тақинчоқлар тақиб, нақшлар солдириб “ўзига хос” бўлиш осон, аммо баъзи ҳолатларда бир умр баданда тамға бўлиб қоладиган бундай суратларни йўқотиш жуда ҳам қийин. Татуировкани ўчириш натижасида баданда қоладиган яра изи, ўша қиз ёки йигитнинг қалбида ҳам доғ қолдириши аниқ.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бундайларнинг ўйламай босган ҳар бир қадами қандай салбий ҳолатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида, албатта, биринчи навбатда, ота-оналари ўсмирлик даврини ўз бошидан кечираётган фарзандларининг ҳар бир қадамини кузатишлари, дўстлари даврасидан хабардор бўлишлари, энг асосийси, фарзандлари билан очиқ гаплашиб, ўғил ёки қизларининг ҳиссий кечинмаларидан бохабар бўлган ҳолда, уларнинг ишончини қозонишлари лозим. Ёшларимизнинг оммавий маданият гирдобига тушиб қолмаслиги биз — педагоглардан ҳам ҳушёрлик талаб этади. Бунинг учун таълим муассасаларида шифокорлар, руҳшунослар, ҳуқуқшунослар, маҳалла оқсоқоллари иштирокида давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ўтказиб, ўқувчи-ёшларда танқидий фикрлашни, воқеани, келаётган ахборотни таҳлил этиш кўникмаларини шакллантириш, синфдан ташқари дарсларда, тарбиявий соатларда оммавий маданият турлари ва кўринишларини муҳокама қилиш, зарур бўлса, мазкур мавзуга бағишланган факултатив дарслар ташкил этиш лозим. Зеро, буюк педагог Абдулла Авлоний эътирофига кўра, тарбия ҳаёт ва мамот масаласи бўлиб қолмоғи лозим.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).