Қосим Омонжўлов (1911-1955)

Оқин Қосим Омонжўлов (Қасым Аманжолов) Қарағанда вилоятининг Қарқарали туманида дунёга келди. Шоирнинг “Абдулла”, “Оқиннинг ўлими” номли эпик достонлари халқорасида шуҳрат қозониб, шеърият майдонига ўзига хос овозли, ёрқин истеъдод кириб келганини исботлади.
Қосимнинг номи қозоқ шеъриятини янги назмий оҳанглар, шакллар билан бойитиб, бадиий кашфиётлар ярата олган шоир сифатида мангу қолди.

* * *

Ошиқ эдим, нетайин,
Бу кун сен олис-йироқ.
Қандоқ чора этайин,
Қийин бўлди кўришмоқ.

Нетай, орзум кулмади,
Армон бу кун висолинг.
Орзум рўёб бўлмади,
Нигун эрур иқболим.

Қайда юрсанг омон бўл,
Сенга толе тилайман.
Юрагимда ахдим шул,
Мен ўзгани суймайман.

Хафа қилган бўлсам гар,
Мени афв этгин сен.
Ўпкалама, ранжима,
Гуноҳимдан ўтгин сен.

Ошиқ эдим, нетайин,
Мени англар қалб борми?
Майли, қисмат этайин
Мен ғамнию озорни.

Ёлғизгина умидим:
Хотирдан бари ўчса;
Сўнг бор қалбим илисин,
Сўнгги бора бер бўса.

УСТИМДА СУР ШИНЕЛИМ

Устимда сур шинелим.
Оқсоқланиб келаман.
Ажал комидан омон
Чиқмоқ қийин, биламан.

Устимда сур шинелим,
Оқсоқланиб келаман.
Қирқ йил қирғин бўлса ҳам,
Ажал етса, ўламан.

Устимда сур шинелим,
Оқсоқланиб келаман.
Ўша-ўша Қосимман,
Тилда қўшиқ-ўланим.

Устимда сур шинелим,
Оқсоқланиб келаман.
Дўст унутса ўлмайман,
Эл унутса ўламан.

ҚИЗҒАЛДОҚ

Ўртанган бир уй ўрнида,
Ўсган ёлғиз қизғалдоқ,
Учраб қолдинг сен йўлимда,
Тўхтаб ўтдим мен озроқ.

Вайрона ва кул заминда
Елда алвон ҳилпираб,
Қандоқ қилиб ўсдинг бунда?
Қандоқ сир бу, қандоқ гап?

Ё оққан қон томчисан бир,
Айбсиз мурғак юракдан?..
Ёки сенсан — ёш бир умр.
Эскисинй кузатган?…

СЕНИНГ ОЛМА БОҒИНГДА

Сенинг олма боғингга
Чивиқ санчиб кетгандим,
Толеим — ардоғимга
Шуни белги этгандим.

Қайтдим мен жанг майдондан,
Зафарлардан чеҳрам ол:
Ўша чивиқ новдадан
Ўсибди бир навниҳол.

Чорлар у ишва билан
Айни ширин висолдай;
Эдинг бу чоғ ўзинг ҳам
Худди ўша ниҳолдай.

О, ёғар кўкдан ёғду,
Теварак — жаннат мисол!
Бир сўз айтгим келар-у,
Айтолмайин тилим лол!

ТУҚҚАН ЕР

Тоққа чиққин, қарагин кенг далага;
Хурсандликдан ўхшаб худди болага —
У четидан бу четига югурсанг,
Юрагингнинг хумори бир қонар-а?

Туққан ерим менинг учун олтин, зар,
Туққан ерим менга илҳом, руҳ берар.
Тупроғингда тебранмай тинч ётардим,
Оқин бўлмай, бир тош бўлсам мен агар!

Сен азалдан поён билмас ер эдинг,
Зарра ҳисси борга улуғ шеър эдинг.
Сенда ўсдим, ўлар бўлсам сенда гар, —
Армоним йўқ бу дунёда дер эдим.

Мен ҳам сендек дуркун эдим, кенг эдим,
Саховатда мен ҳам сенга тенг эдим.
Сен аямай бердинг менга борингни,
Беражакман бор меҳримни мен, дедим.

Юрагимда бутун мудом чин аҳдим,
Сен — қувончим, сен — таскиним, сен — бахтим!
Қучоғингда топар дилим фароғат,
Сен бешигим, сенсан менинг зар тахтим!

Мирпўлат Мирзо таржималари